САЙТ ЯНГИЛИКЛАРИ

 

2012 йил 27 февралдан 9 мартгача қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати ҳамда уларга қисқача изоҳлар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 27 февралдаги ПҚ–1717-сон «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастури тўғрисида»ги қарори

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 13 декабрдаги Ф–3760-сон фармойиши билан тузилган Республика комиссияси томонидан манфаатдор вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, жамоат ҳамда ноҳукумат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари билан биргаликда ишлаб чиқилган «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастури тасдиқланди.

Қуйидагилар «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастурини амалга оширишнинг энг муҳим йўналишлари этиб белгиланди:

бугунги кун талабларини ҳисобга олган ҳолда қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, амалдаги қонун ҳужжатларига оила институтини ривожлантириш ва такомиллаштиришга қаратилган зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, янги қонунлар, қоида ва нормаларни ишлаб чиқиш, бу масалага жамиятимиз эътиборини янада кучайтириш;

ёш оилаларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, уларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш, моддий ва маънавий жиҳатдан кенг қўллаб-қувватлаш, шу жумладан қулай ва шинам уй-жой билан таъминлаш, зарур имтиёз ва афзалликлар бериш;

жамиятимиз ва кундалик ҳаётимизда маҳалла институтининг ролини янада кучайтириш ва мақомини ошириш, Мустаҳкам оила йили мақсад ва вазифаларини ҳаётга татбиқ этишда маҳалла ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари аҳамиятини, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда шакллантиришда уларнинг таъсирини кучайтириш, ёш оилаларга зарур кўмак ва ёрдам бериш;

оила, биринчи навбатда, эҳтиёжманд оилаларнинг муаммоларини ҳал этишда давлат ва жамият томонидан ғамхўрликни янада кучайтириш, уларга моддий ёрдам кўрсатиш ва фарзандларни тарбиялашда ижтимоий қўллаб-қувватлаш, муносиб ижтимоий-маиший шароитлар яратиш, бунда оилани мустаҳкамлашда асосий юкни ўз елкасига олган аёлларга алоҳида эътибор қаратиш;

«Соғлом она — соғлом фарзанд» тамойилига мувофиқ оила саломатлигини, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш;

жамиятимизнинг маънавий негизларини янада ривожлантириш, азалий миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва мустаҳкамлаш, жамиятимизда юксак маънавий муҳитни кенг қарор топтириш, миллий менталитетимизга мутлақо ёт бўлган ва кучайиб бораётган турли хил зарарли таъсирларга қарши туришда оиланинг ўрни ва аҳамиятини ошириш;

жисмонан соғлом, маънавий етук ва ҳар томонлама ривожланган баркамол авлодни тарбиялашда оиланинг ролини кучайтириш ва шу мақсадда оила институтининг таълим ҳамда тарбия муассасалари билан ўзаро амалий ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг яқин ва самарали ҳамкорлигини таъминлаш.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 29 февралдаги ПҚ–1718-сон «Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори

2011 йилнинг 18 октябрь куни Санкт-Петербург шаҳрида МДҲ ҳукуматлари бошлиқлари Кенгаши мажлисида имзоланган 1992 йил 8 февралдаги гидрометеорология соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги Битимга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги Протокол тасдиқланди.

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 6 мартдаги ПҚ–1722-сон «Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Венгрия Республикаси Ҳукумати ўртасида 2011 йилнинг 7 ноябрь куни Тошкент шаҳрида имзоланган иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги Битим тасдиқланди.

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 9 мартдаги ПҚ–1723-сон «Халқаро шартномани бекор қилиш тўғрисида»ги қарори

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Украина Ҳукумати ўртасида юкларни ташиш бўйича Украина-Ўзбекистон қўшма авиакомпаниясини ташкил этиш тўғрисида 1996 йил 5 декабрь куни Тошкент шаҳрида имзоланган Битим бекор қилинди.

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 мартдаги 60-сон «Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизмати тўғрисидаги Намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори

Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизмати тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди. Ушбу Намунавий низом билан идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизматининг асосий вазифалари, идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизматини ташкил этиш ва идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизматини ходимлар билан таъминлаш тартиби, идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизмати ходимларининг ҳуқуқлари, вазифалари ва жавобгарлиги, жисмоний куч ишлатиш, махсус воситалар ва ўқ отадиган қуролни қўллаш, ижтимоий-маиший таъминот ҳамда молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш тартиби белгиланган.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 6 мартдаги 62-сон «Осиё тараққиёт банки иштирокида «Қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш гуруҳини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳузурида «Лойиҳа салоҳиятини ривожлантириш ва уни бошқаришни қўллаб-қувватлаш» компоненти бўйича Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган, бошқарув ходимлари сони 6 нафар бўлган Осиё тараққиёт банки иштирокида «Қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш гуруҳи ташкил этилди.

Шунингдек, Осиё тараққиёт банки иштирокида «Қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини ривожлантириш» лойиҳасини амалга оширишда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган бўлиб, унга мувофиқ давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг лойиҳани амалга оширишдаги мажбуриятлари ҳамда ҳисоботларни тақдим этиш тартиби ва муддатлари белгилаб қўйилди.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 6 мартдаги 63-сон «Ўзбекистон Республикасида биометрик паспорт тизими доирасида идоралараро ўзаро ҳамкорлик тўғрисида»ги қарори

Ўзбекистон Республикасида биометрик паспорт тизими доирасида йиғим пунктлари (ички ишлар органларининг кириш-чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш таркибий тузилмалари, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик бошқармаси, Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги консуллик муассасалари) томонидан амалга ошириладиган процедурала (хатти-ҳаракатлар) рўйхати тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикасида биометрик паспорт тизими доирасида вазирлик ва идоралар биометрик паспорт тизими билан ҳамкорлик қилувчи ички идоравий аппарат-дастурий чора-тадбирларни тўхтовсиз ишлашини таъминлаш ҳамда уларни ўз вақтида ривожлантириш ва такомиллаштириш учун жавобгарлиги белгилаб қўйилди.

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 7 мартдаги 64-сон «Саноатда ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ва маҳсулот таннархини пасайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори

Хўжалик бирлашмалари ва корхоналарнинг Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан келишилган 2012 йилда хўжалик бирлашмалари ва йирик саноат корхоналарида ишлаб чиқариш таннархини объектма-объект ўртача 11,2 фоизга қисқартиришнинг йиғма параметрлари бўйича таклифлари маъқулланди.

Шунингдек, технологик жараёнларни оқилона ташкил этиш, хом ашё, материаллар ва энергия ресурслари харажатлари сарфи меъёрлари тасдиқланган норматив-техник ҳужжатлар доирасида ўзгариши, қувватлардан фойдаланиш даражасини кўпайтириш ва меҳнат унумдорлигини ўстириш, фойдаланиш харажатларини ва қўшимча харажатларни қисқартириш, харид қилинадиган хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмлар қийматини камайтириш, бир йил учун ходимлар сонини мақбуллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш ҳисобига таннархни пасайтириш натижасида маҳаллийлаштириш даражасининг 2012 йилда пасайиши Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 21 июлдаги 154-сон қарори билан тасдиқланган Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш Дастурини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомнинг бузилиши деб ҳисобланмаслиги белгилаб қўйилди.

9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитасининг 2012 йил 8 февралдаги 18, 2012-10-сонли «Солиқ маслаҳатчиси малака сертификатини олиш учун малака имтиҳонларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 1749-2, 2012 йил 6 март)

Солиқ маслаҳатчиси малака сертификатини олиш учун малака имтиҳонларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритилган бўлиб, унга мувофиқ солиқ маслаҳатчисининг малака сертификатини олишга даъвогар Молия вазирлигига бошқа ҳужжатлар қаторида паспорт ёки уни ўрнини босувчи ҳужжат нусхасини илова қилган ҳолда малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш тўғрисида аризани тақдим этади.

10. Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2012 йил 14 февралдаги 4-сон «Табиий монополиялар субъектлари томонидан асосий воситаларни сотиб олиш ёки бериш бўйича битимларни амалга ошириш устидан назорат қилиш тартиби тўғрисида йўриқномага ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 913-4, 2012 йил 6 март)

Табиий монополиялар субъектлари томонидан асосий воситаларни сотиб олиш ёки бериш бўйича битимларни амалга ошириш устидан назорат қилиш тартиби тўғрисида йўриқномага ўзгартиришлар киритилган бўлиб, унга мувофиқ табиий монополия субъектлари Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига (ҳудудий органга) ахборотни тақдим этмаганлик ёки ўз вақтида тақдим этмаганлик, нотўғри ёки ёлғон маълумотлар тақдим этганлик учун Ўзбекистон Республикасининг «Рақобат тўғрисида»ги Қонунининг 27 ва 28-моддаларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

11. Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2012 йил 14 февралдаги 3-сон «Стратегик ва монопол маҳсулотлар, хом ашё ва материалларни биржа ва кимошди савдоларига қўйилишини назорат ва мониторинг қилиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги қарорга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарори (рўйхат рақами 2125-1, 2012 йил 6 март)

Қонунчиликни ўзаро мувофиқлаштириш мақсадида «Стратегик ва монопол маҳсулотлар, хом ашё ва материалларни биржа ва кимошди савдоларига қўйилишини назорат ва мониторинг қилиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги қарорга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

12. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Фанлар академиясининг 2012 йил 3 февралдаги 1, 15, 42, 1, 3/2-сонли «Фундаментал ва амалий тадқиқотлар илмий-техника дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 1705-2, 2012 йил 6 март)

Фундаментал ва амалий тадқиқотлар илмий-техника дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимча киритилган бўлиб, унга мувофиқ илмий лойиҳаларга ажратиладиган бюджет маблағи миқдорининг 95 фоизи тадқиқот даври мобайнида, илмий лойиҳани амалга оширишда меҳнат сарфи ва моддий харажатларни қоплаш учун ажратилади.

13. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитасининг 2012 йил 24 февралдаги 22, 2012-13-сонли «Бозорлар ва савдо комплексларининг маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатиладиган хизматлар қийматининг минимал миқдорларини белгилаш тўғрисида»ги қарори (рўйхат рақами 2336, 2012 йил 6 март)

Бозорлар ва савдо комплексларининг маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатиладиган хизматлар қийматининг минимал миқдорлари белгиланди.

14. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитасининг 2012 йил 8 февралдаги 17, 2012-4-сонли «Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан чакана савдо корхоналари, хизмат кўрсатиш соҳасидаги микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 2134-2, 2012 йил 9 март)

Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан чакана савдо корхоналари, хизмат кўрсатиш соҳасидаги микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган бўлиб, уларга мувофиқ агар солиқ тўловчининг асосий фаолият тури автомобиль транспортида юк ташиш хизматлари кўрсатиш бўлса, унда ЯСТнинг энг кам миқдори автомобиль транспортида юк ташишни амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган қатъий белгиланган солиқ ставкасидан келиб чиқиб, ҳар бир автотранспорт воситасини ҳисобга олган ҳолда аниқланади.

«« Қайтиш