САЙТ ЯНГИЛИКЛАРИ

 

2012 йил 10 февралдан 16 февралгача қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати ҳамда уларга қисқача изоҳлар


(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 7-сон (507) 2012 йил 20 февраль)

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 февралдаги 36-сонли «2012 йил пудрат қурилиш ишлари дастури тўғрисида»ги қарори

2012 йил пудрат қурилиш ишлари дастурининг асосий кўрсаткичлари маъқулланди.

Шунингдек, қуйидаги объектлар бўйича қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш бўйича 2012 йил пудрат қурилиш ишлари дастурлари тасдиқланди:

«Қишлоқ қурилиш банк» ОАТБ имтиёзли ипотека кредитларини жалб қилган ҳолда «тайёр ҳолда топшириш» шартлари асосида намунавий лойиҳалар бўйича қишлоқ жойларда якка тартибдаги уй-жойлар ҳамда якка тартибдаги уй-жой қишлоқ массивларида ташқи коммуникациялар;

болалар спорти ва мактаблар учун спорт заллари;

сузиш бассейнлари;

мусиқа ва санъат болалар мактаблари;

таълим ва соғлиқни сақлаш;

олий таълим муассасалари;

суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатни яхшилаш;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари;

йирик ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш.

2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 февралдаги 37-сонли «Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича «тайёр ҳолда топшириш» шартлари асосида якка тартибда уй-жой қуриш учун пудрат ташкилотларини аниқлаш юзасидан танлов савдолари ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори

Тасдиқланган Низомга мувофиқ қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича «тайёр ҳолда топшириш» шартлари асосида якка тартибда уй-жой қуриш учун пудрат ташкилотларини танлаш юзасидан танлов савдолари ташкил этиш ва ўтказиш тартиби белгиланган.

Ушбу Низом талаблари, молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуриш дастурларини амалга ошириш доирасида пудрат ташкилотларини танлашда мажбурий ҳисобланади.

Мазкур Низомга мувофиқ танлов савдолари фақат танлов савдолари предмети тегишли ҳужжатлар (кредит шартномаси, қарз битими, қурилишларнинг манзилли рўйхати ва бошқалар) билан тасдиқланган молиявий ресурслар билан таъминланган тақдирдагина ўтказилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банки Бошқаруви ва Адлия вазирлигининг 2012 йил 2 февралдаги 10, 2012-6, 2/4, 1-сонли «Аҳоли билан пул ҳисоб-китобларни амалга оширишда назорат-касса машиналарини мажбурий қўллаш тартиби тўғрисидаги низом ва унга ўзгартириш ва қўшимчаларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарори (рўйхат рақами 124-5, 2012 йил 13 февраль)

Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилди:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банки ва Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланган «Аҳоли билан пул ҳисоб-китобларни амалга оширишда назорат-касса машиналарини мажбурий қўллаш тартиби тўғрисида»ги низом (рўйхат рақами 124, 1995 йил 15 февраль);

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банки ва Адлия вазирлиги томонидан 1997 йил 25 ноябрда 15-02-06/250, 97-99 ва 10009/767-Д-сон билан тасдиқланган «Аҳоли билан пул ҳисоб-китобларни амалга оширишда назорат-касса машиналарини мажбурий қўллаш тартиби тўғрисида»ги низомга ўзгартиришлар (рўйхат рақами 124-1, 1997 йил 28 ноябрь);

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан 1999 йил 12 январда ЭГ/15-02-06-55-сон, Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банки ва Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 13 январда 18/5-289, 97-в ва 124-2-сон билан тасдиқланган «Аҳоли билан пул ҳисоб-китобларни амалга оширишда назорат-касса машиналарини мажбурий қўллаш тартиби тўғрисида»ги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар (рўйхат рақами 124-2, 1999 йил 22 январь);

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банки Бошқаруви ва Адлия вазирлигининг 2009 йил 13 ноябрдаги 107, 2009-34, 29/20 ва 11-сон «Аҳоли билан пул ҳисоб-китобларни амалга оширишда назорат-касса машиналарини мажбурий қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга қўшимча киритиш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 124-3, 2009 йил 30 ноябрь);

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банки Бошқаруви ва Адлия вазирлигининг 2010 йил 22 октябрдаги 87, 2010-39, 32/2 ва 17-сон «Аҳоли билан пул ҳисоб-китобларни амалга оширишда назорат-касса машиналарини мажбурий қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 124-4, 2010 йил 2 ноябрь).

4. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлигининг 2012 йил 30 январдаги 2012-5, 6-сонли «Ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрлари жорий этилишини ҳисобга олган ҳолда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 2200-2, 2012 йил 13 февраль)

Қўшимча ҳисобланган тўловлар суммасини бюджет ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ўртасида тақсимлаш нормативлари янги таҳрирда баён этилган бўлиб, унга мувофиқ қўшимча ҳисобланган тўловлар давлат бюджети ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ўртасида умумий тушумларга нисбатан фоизларда тегишлича 22,8 ва 77,2 миқдорида тақсимланади.

5. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2012 йил 14 февралдаги 39-мҳ-сонли «Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғи (рўйхат рақами 2326, 2012 йил 14 февраль)

Қонунчиликни туркумлаштирилган ҳисобини юритишни максимал даражада енгиллаштиришни назарда тутувчи Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш қоидалари тасдиқланди.

Мазкур Қоидаларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси қонунчилик тармоқларининг Умумҳуқуқий классификатори асосида барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кодлар бериш ҳамда қонун ҳужжатларини ҳисобга олиш ва туркумлаш картотекасини юритиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан марказлаштирилган тартибда амалга оширилади.

Давлат бошқаруви органларида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бевосита тегишли соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг туркумлаштирилган ҳисоби юритилади.

Шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида туркумлаштирилган ҳисоби юритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг соҳалари белгиланган.

6. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2012 йил 24 январдаги 2012-3-сонли «Кассир-операциячининг назорат-касса дафтари шаклини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорга ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 2309-1, 2012 йил 16 февраль)

Кассир-операциячининг назорат-касса дафтарини тўлдириш тартиби ўрнатилган бўлиб, унга мувофиқ, кассир-операциячининг назорат-касса дафтари — иш куни (смена) давомида фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машинаси хотирасига киритилган ва банк кассаларига топширилган ҳамда иш куни охирига нақд пул тушумининг қолдиғи тўғрисидаги маълумотлар ёзиб қўйиладиган махсус дафтардир.

Кассир-операциячининг назорат-касса дафтари фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналаридан фойдаланиб, аҳоли билан нақд пулли ҳисоб-китоб қилувчи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан мажбурий тартибда тўлдирилади.

Кассир-операциячининг назорат-касса дафтари хўжалик юритувчи субъектларда солиқ текширувларини ўтказиш жараёнида текширувни ўтказаётган мансабдор шахсларга тақдим этилиши лозим.

7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2012 йил 20 январдаги 4, 2012-1-сонли «Республика ички истеъмолчиларига реализация қилинадиган пахта толасига қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 2327, 2012 йил 16 февраль)

Республика ички истеъмолчиларига реализация қилинадиган пахта толасига қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган бўлиб, унга кўра Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 29 августдаги ПҚ–456-сон «Пахта толасини сотиш ва унинг учун ҳисоб-китоб қилиш механизмини тартибга солиш тўғрисида»ги қарорининг 1-бандига мувофиқ пахта толасини қайта ишловчи республика корхоналарига пахта толасини реализация қилиш Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг ташқи савдо компаниялари ва Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси орқали эркин айирбошланадиган валютада амалга оширилади.

Республиканинг алоҳида ижтимоий аҳамиятга эга тармоқларидаги корхоналарга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра пахта толаси «Пахтасаноат» ҳудудий акциядорлик бирлашмалари билан тўғридан-тўғри тузиладиган шартномалар асосида реализация қилиниши мумкин.

Пахта толасини республика ички истеъмолчиларига ТИАИСВ компаниялари ва ЎзРТХБ орқали реализация қилиш ва пахта толаси учун ҳисоб-китоблар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 29 августдаги ПҚ–456-сон «Пахта толасини сотиш ва унинг учун ҳисоб-китоб қилиш механизмини тартибга солиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ амалга оширилади.

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2012 йил 3 февралдаги 12, 2012-7-сонли «Чакана савдо тармоғида сотиладиган олтиндан ишланган заргарлик буюмларига акциз солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 2328, 2012 йил 16 февраль)

Чакана савдо тармоғида сотиладиган олтиндан ишланган заргарлик буюмларига акциз солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Мазкур Низом қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чакана савдо тармоғида олтиндан ишланган заргарлик буюмларини сотишни (кейинги ўринларда чакана савдо деб юритилади), шу жумладан давлат даромадига ўтказилган олтиндан ишланган заргарлик буюмларини сотишни амалга оширувчи юридик шахсларга татбиқ этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 30 декабрдаги ПҚ–1675-сон «Ўзбекистон Республикасининг 2012 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 2012 йил 1 январдан бошлаб чакана савдо тармоғида олтиндан ишланган заргарлик буюмларини сотишни амалга оширувчи юридик шахслар ушбу Низомда назарда тутилган тартибда акциз солиғи тўлайди.

Заргарлик буюмларига акциз солиғи солиш объекти бўлиб заргарлик буюмлари чакана савдоси ҳисобланади.

Солиқ солинадиган база заргарлик буюмининг оғирлиги ҳисобланади.

9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2012 йил 2 февралдаги 11, 2012-8-сонли «Солиқ тўловчиларга ноль даражали ставкани қўллаш натижасида ҳосил бўлган қўшилган қиймат солиғининг ортиқча суммасини қайтариш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорга (рўйхат рақами 1807, 2008 йил 16 май) расмий шарҳ бериш тўғрисида»ги қарори

Солиқ тўловчиларга ноль даражали ставкани қўллаш натижасида ҳосил бўлган қўшилган қиймат солиғининг ортиқча суммасини қайтариш тўғрисидаги низомга расмий шарҳ берилган бўлиб, унга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 23-моддасида кўрсатиб ўтилган солиқлардан қарзи бўлмаган корхонага қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтариш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги корхонанинг банк ҳисоб рақамига ўтказиш йўли билан амалга оширади. Давлат солиқ хизмати органлари, Молия вазирлиги ҚҚСнинг ортиқча суммасини қайтаришга рад жавобини бериш тўғрисида, жумладан, солиқ тўловчининг солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича солиқ қарздорлиги мавжуд бўлган ҳолатда, қарор қабул қилишга ҳақли.

«« Қайтиш