САЙТ ЯНГИЛИКЛАРИ

 

2012 йил 1 февралдан 7 февралгача қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати ҳамда уларга қисқача изоҳлар


(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 6-сон (506) 2012 йил 13 февраль)

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 февралдаги 26-сон «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» 2011 йил 7 сентябрдаги ЎРҚ–292-сон Қонуни)»ги қарори

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига қонунчиликни ўзаро мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, лицензия олиш учун юридик шахслар учун — юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг ва жисмоний шахслар учун — якка тартибдаги тадбиркор давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхалари нотариал тасдиқланмасдан тақдим этилади.

2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 2 февралдаги 27-сон «Республикада термитларга қарши курашиш ишларини жадаллаштириш ва уларнинг зарарини бартараф қилиш тўғрисида»ги қарори

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида термитларга қарши курашиш хизматини кўрсатувчи Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институти ҳузурида ва унинг муассислигида хўжалик ҳисобида фаолият юритувчи «Республика термитларга қарши курашиш маркази» давлат унитар корхонаси ташкил этилди.

Ушбу Марказнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институти ёки бошқа ташкилотлар томонидан яратилган термитларга қарши заҳарли ем-хўраклар ва курашиш воситаларини ишлаб чиқариш;

термитларга қарши курашиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институти билан ҳамкорликда услубий қўлланмалар, тавсиялар ва йўриқномалар ишлаб чиқиш;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар дезинфекция станциялари ва Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ўсимликларни ҳимоя қилиш марказлари билан биргаликда термитлар тарқалган объектларни аниқлаш ҳамда аҳоли ўртасида термитларга қарши курашиш бўйича тушунтириш ишларини амалга ошириш;

термитларга қарши заҳарли ем-хўраклар ва курашиш воситаларини шартнома асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар дезинфекция станциялари ва Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ўсимликларни ҳимоя қилиш марказларига буюртмага асосан етказиб беришни таъминлаш;

термитларнинг табиий ўчоқлари бўлган ва қурилиши хавфли деб белгиланган ҳудудларнинг аниқ рўйхатини тузиш ҳамда ушбу ҳудудларда термитлар бартараф этилганлиги бўйича хулосалар бериш.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 3 февралдаги 29-сон «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ҳаво кемалари паркини янгилаш ва унификациялашнинг инвестиция лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори

Жорий йилда «Боинг-767-300ER» самолётларини ўз вақтида етказиб беришни ташкилий-ҳуқуқий масалалари белгиланган бўлиб, уларга мувофиқ жорий йилнинг февраль ойида икки дона «Боинг-767-300ER» самолётлари ва унга эҳтиёт двигателини етказиб бериш режалаштирилмоқда.

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 3 февралдаги 30-сон «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Таълим муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасини Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси этиб қайта ташкил этиш тўғрисида» 2011 йил 21 ноябрдаги ПҚ–1645-сон қарори)»ги қарори

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига «Таълим муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси» номланишини унинг расмий номланишига мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди.

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 7 февралдаги 31-сон «Қурилиши ва реконструкция қилиниши Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати даражасида тасдиқланиши лозим бўлган объектларнинг манзилли рўйхатларини тасдиқлаш бўйича Ҳукумат комиссияси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори

Қурилиши ва реконструкция қилиниши Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати даражасида тасдиқланиши лозим бўлган объектларнинг манзилли рўйхатларини тасдиқлаш бўйича Ҳукумат комиссияси тўғрисидаги низом тасдиқланган бўлиб, унга мувофиқ комиссиянинг вазифалари, ҳуқуқлари, фаолиятини ташкил этиш, ишчи органи ва котиби, комиссия мажлисига материалларни тайёрлаш тартиби, комиссия томонидан қарорлар қабул қилиниши ва уларнинг бажарилишини ташкил этиш ҳамда ҳукумат комиссияси томонидан қурилишларнинг манзилли рўйхатларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби белгиланган

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 7 февралдаги 32-сон «Ҳисоб-китоб (смета) қиймати ошириб юборилган объектлар бўйича хулосалар тайёрлаш ва уларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори

Ҳисоб-китоб (смета) қиймати ошириб юборилган объектлар бўйича хулосалар тайёрлаш ва уларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган бўлиб, унга мувофиқ Лойиҳага ўзгартиришлар киритиш бўйича материалларни тақдим этиш ҳамда Таклифларни кўриб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш тартиблари белгиланган.

Кўрсатиб ўтилган Низомнинг амал қилиши қуриш (реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш) қуйидагилар ҳисобига амалга ошириладиган ижтимоий ва фуқаро объектларига татбиқ этилади:

марказлаштирилган манбалар;

бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари;

давлат корхоналари маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати кафолати остидаги хорижий кредитлар ҳамда халқаро ва хорижий молия институтлари томонидан бериладиган хорижий грантлар.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 7 февралдаги 33-сон «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий муассасаси фаолиятининг тузилмасини қисқартириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори

Мазкур қарор билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий муассасаси фаолиятининг тузилмасини қисқартириш ва такомиллаштириш назарда тутилган бўлиб, унга мувофиқ Фанлар академиясининг айрим илмий муассасалари тугатилган ва қайта ташкил этилган.

8. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2011 йил 30 декабрдаги 88-сонли «Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ғазна ижроси бухгалтерия ҳисобининг ягона счётлар режасини тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруқнинг баъзи бандларининг амал қилишини тўхтатиш тўғрисида»ги буйруғи (рўйхат рақами 2101-1, 2012 йил 3 февраль)

Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2010 йил 2 апрелдаги 26-сон «Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ғазна ижроси бухгалтерия ҳисобининг ягона счётлар режасини тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғи (рўйхат рақами 2101, 2010 йил 26 апрель) 1 ва 2-бандларининг амал қилиши 2014 йил 1 январгача бўлган муддатга тўхтатилди.

9. Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазирининг 2011 йил 23 декабрдаги 1166-сонли «Ўзбекистон Республикаси ягона спорт таснифи тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 2323, 2012 йил 6 февраль)

Ўзбекистон Республикаси ягона спорт таснифи тўғрисидаги низом тасдиқланган бўлиб, унга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг спорт таснифлари ва уларни бериш тартиби белгиланган.

Ушбу Низомга мувофиқ, спортчиларга қуйидаги республика спорт унвонлари ва тоифалари берилади:

а) республика спорт унвонлари:

«Халқаро тоифадаги Ўзбекистон спорт устаси» ёки «Халқаро гроссмейстер»;

«Ўзбекистон спорт устаси» ёки «Ўзбекистон гроссмейстери»;

б) республика спорт тоифалари:

«Спорт усталигига номзод» ёки «Ўзбекистон гроссмейстерига номзод»;

I тоифа;

II тоифа;

III тоифа;

I ўсмирлар тоифаси;

II ўсмирлар тоифаси;

III ўсмирлар тоифаси.

10. Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазирининг 2011 йил 23 декабрдаги 1165-сонли «Спорт ҳакамлари ва спорт ҳаками тоифалари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 2324, 2012 йил 6 февраль)

Спорт ҳакамлари ва спорт ҳаками тоифалари тўғрисидаги низом тасдиқланган бўлиб, унга мувофиқ спорт ҳакамлари ва спорт ҳаками тоифаларини ҳамда уларни бериш тартиби белгиланган.

Спорт турлари бўйича ҳакамларга қуйидаги тоифалар берилади:

«Халқаро тоифали спорт бўйича ҳакам»;

«Миллий тоифали спорт бўйича ҳакам»;

«Олий тоифали спорт бўйича ҳакам»;

«I тоифали спорт бўйича ҳакам»;

«Спорт бўйича ҳакам».

11. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2012 йил 5 январдаги 3-сонли «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни бошқариш режаларини ишлаб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 2325, 2012 йил 6 февраль)

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни бошқариш режаларини ишлаб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқланган бўлиб, унга мувофиқ муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни бошқариш режалари табиий объектлар ва мажмуаларни муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича барча ташкилий, табиатни муҳофаза қилиш йўналишидаги, техникавий ва бошқа тадбирлардан иборат.

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни бошқариш режалари тасарруфида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар бўлган давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан тасдиқланади. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни бошқариш режаларининг лойиҳалари давлат экология экспертизасидан ўтказилиши керак.

«« Қайтиш