Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Сайт янгиликлари

2012 йил 9 январдан 13 январгача қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати ҳамда уларга қисқача изоҳлар


(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2-сон (502) 2012 йил 16 январь)

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 январдаги 4-сон «Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг техникавий кўмаклашиш маблағларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори

Германия халқаро ҳамкорлик жамияти билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи гуруҳ ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига қуйидагилар юкланди:

Мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг ишчи органи функцияларини бажариш ҳамда ГИЦ иштирокида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан лойиҳаларнинг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши мониторингини юритиш;

ҳамкорлик масалалари бўйича ГИЦ билан музокаралар ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Германия Федератив Республикаси Ҳукумати ўртасида 1993 йил 28 апрелда тузилган Илмий тадқиқотлар ва мутахассислар жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги Битимнинг 7-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ваколатли органининг Илмий тадқиқотлар ва техникавий ҳамкорлик мутахассислари жамғармасини бошқариш билан боғлиқ функцияларини бажариш.

2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 январдаги 5-сон « 2012 йилга давлат статистика ишлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори

2012 йилга давлат статистика ишлар дастури тасдиқланган бўлиб, унга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ва бошқа вазирлик ва идоралар томонидан 2012 йилда амалга ошириладиган статистика ишлари белгилаб қуйилган.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 11 январдаги 6-сон «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қарори

Меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича ягона тариф сеткасидан фойдаланадиган хўжалик ҳисобидаги корхоналар ва ташкилотларга уларнинг молиявий имкониятларидан ва хўжалик фаолияти натижаларидан келиб чиққан ҳолда, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашни ташкил этиш учун асос сифатида Ягона тариф сеткасининг оширилган тариф коэффициентларини белгилаш ҳуқуқи берилди.

Шунингдек, қонунчиликни ўзаро мувофиқлаштириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилди.

4. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2011 йил 14 декабрдаги 2011-40-сонли «Кассир-операциячининг назорат-касса дафтари шаклини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори (рўйхат рақами 2309, 2012 йил 9 январь)

Кассир-операциячининг назорат-касса дафтари шакли тасдиқланди. Кассир-операциячининг назорат-касса дафтари фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналаридан фойдаланиб, аҳоли билан нақд пулли ҳисоб-китоб қилувчи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан мажбурий тартибда тўлдирилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитасининг 2011 йил 12 декабрдаги 79, 2011-37-сонли «Ишлаб чиқариладиган табиий газга акциз солиғини тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 2310, 2012 йил 9 январь)

Ишлаб чиқариладиган табиий газга акциз солиғини тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Қуйидаги табиий газга акциз солиғи солинади:

ички бозорда пировард истеъмолчига реализация қилинадиган;

экспортга етказиб бериладиган;

газ ва нефть қазиб олувчи, газни қайта ишловчи ва утилизация қилувчи ташкилотлар, шунингдек газ билан таъминловчи ташкилот томонидан ўз эҳтиёжи учун фойдаланиладиган;

газ билан таъминловчи ташкилотга газ ва нефть қазиб олувчи, газни қайта ишловчи ва утилизация қилувчи ташкилотлар учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган энг юқори декларация қилинадиган нархдан ошадиган нарх бўйича реализация қилинадиган.

Табиий газга акциз солиғи тўловчилар қуйидагилардир:

а) газ билан таъминловчи ташкилот — ўзи сотиб олган ва ички бозорда пировард истеъмолчиларга ҳамда экспортга, автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станцияларига реализация қиладиган ҳажмлар бўйича, шунингдек ўз эҳтиёжлари учун фойдаланадиган ҳажмлари бўйича;

б) табиий газни қазиб олишни, қайта ишлашни ва утилизация қилишни амалга оширувчи ташкилотлар томонидан қуйидаги ҳажмлар бўйича:

газ билан таъминловчи ташкилотга газ ва нефть қазиб олувчи, газни қайта ишловчи ва утилизация қилувчи ташкилотлар учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган энг юқори декларация қилинадиган нархдан ошадиган нарх бўйича реализация қилинадиган ҳажмлар бўйича;

табиий газ ҳажмини газ билан таъминловчи ташкилотга реализация қилмаган ҳолда ички бозорда пировард истеъмолчиларга ва экспортга реализация қилиш ҳажмлари бўйича;

ўз эҳтиёжлари учун фойдаланадиган ҳажмлари бўйича.

6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг 2011 йил 26 декабрдаги 518, 37, 81-ҚҚ-сонли «Ўқув машғулотларини ўтказганлик учун меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори (рўйхат рақами 2311, 2012 йил 9 январь)

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 3 ноябрдаги ПФ–4377-сон «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва ижтимоий нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ энг кам иш ҳақи миқдори ўзгарганлиги сабабли Ўқув машғулотларини ўтказганлик учун меҳнатга соатбай ҳақ тўлашнинг янги миқдорлари тасдиқланди.

7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлигининг 2011 йил 12 декабрдаги 80, 2011-34, 14-сонли «Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб қилувчи корхоналар учун солиқ имтиёзларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 2312, 2012 йил 11 январь)

Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб қилувчи корхоналар учун солиқ имтиёзларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган бўлиб, унга биноан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ, тармоққа мансублик тасниф кўрсаткичига (ХХТУТ коди) тааллуқли бўлган маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этувчи корхоналар қуйидагиларни тўлашдан озод этилади:

юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини;

мол-мулк солиғини;

ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини;

ягона солиқ тўловини;

Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмаларни.

8. «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси бошлиғининг 2011 йил 30 ноябрдаги 268-сонли «Юк кўтаргич (минора)ларни ўрнатиш ва улардан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғи (рўйхат рақами 2313, 2012 йил 12 январь)

Юк кўтаргич (минора)ларни ўрнатиш ва улардан фойдаланишда хавфсизлик қоидалари тасдиқланган бўлиб, унда хавфсизликнинг умумий талаблари, ташкилотларда иш жараёнларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари, асбоб-ускуналарга қўйиладиган хавфсизлик талаблари, асбоб-ускуналарни таъмирлашда хавфсизлик талаблари, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган.

9. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлигининг 2011 йил 7 декабрдаги 2011-38, 77-сонли «Ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрлари жорий этилишини ҳисобга олган ҳолда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида» қарори (рўйхат рақами 2200-1, 2012 йил 12 январь)

Қонунчиликни ўзаро мувофиқлаштириш мақсадида Ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрлари жорий этилишини ҳисобга олган ҳолда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартишлар ва қўшимча киритилди.

10. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитасининг 2011 йил 9 декабрдаги 01/09-18/13-сонли «Якка тартибда уй-жой қуриш (деҳқон хўжалигини юритиш) учун ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини реализация қилиш бўйича очиқ аукцион савдоларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори (рўйхат рақами 2314, 2012 йил 13 январь)

Якка тартибда уй-жой қуриш (деҳқон хўжалигини юритиш) учун ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини реализация қилиш бўйича очиқ аукцион савдоларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси томонидан тасдиқланган «Фуқароларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш учун ер участкаларини аукционларда реализация қилиш тўғрисида»ги Вақтинчалик низом (рўйхат рақами 119, 1995 йил 26 январь) ўз кучини йўқотган деб ҳисобланди.