САЙТ ЯНГИЛИКЛАРИ

 

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузаси


2015 йилда иқтисодиётимизда туб таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, модернизация ва диверсификация жараёнларини изчил давом эттириш ҳисобидан хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очиб бериш – устувор вазифамиздир
 
Ҳурматли мажлис иштирокчилари! 
 
Вазирлар Маҳкамасининг бугунги кенгайтирилган мажлиси кун тартибига қўйилган асосий масала – бу Ўзбекистоннинг ўтган 2014 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунларини муҳокама этиш ва мамлакатимизнинг 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурининг энг муҳим устувор йўналишларини тасдиқлаб олишдан иборат. 
 
Ўтган йил якунларини сарҳисоб қилар эканмиз, биринчи навбатда, иқтисодиётимиз ва унинг етакчи тармоқларини ривожлантириш борасида барқарор юқори ўсиш суръатларига эришганимизни таъкидлаш жоиз. 
 
Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 8,1 фоиз, саноат ишлаб чиқариш ҳажми 8,3 фоизга, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши 6,9 фоиз, капитал қурилиш 10,9 фоиз, чакана савдо айланмаси ҳажми 14,3 фоизга ошди. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг қарийб 70 фоизини юқори қўшимча қийматга эга бўлган тайёр товарлар ташкил этди. 
 
Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 2014 йилда 9,4 фоиз, шу жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8,7 фоиз, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 10 фоизга ўсди. Инфляция даражаси йил якунлари бўйича 6,1 фоизни ташкил этди. Бу прогноз кўрсаткичларига нисбатан сезиларли даражада пастдир. 
 
Ўтган йили солиқ юки 20,5 фоиздан 20 фоизга, даромад солиғи ставкаси эса 9 фоиздан 8 фоизга камайтирилган бўлса-да, давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,2 фоиз профицит билан бажарилди. 
 
Банк тизимидаги ислоҳотлар иқтисодиётимизнинг барқарор ўсиш суръатларини таъминлашда энг муҳим омил бўлди. Бунинг натижасида тижорат банкларининг жами капитали 25 фоизга ошди. Банк тизимининг мустаҳкамланиши 2014 йилда Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасини 12 фоиздан 10 фоизга, тижорат банкларининг кредитлар бўйича фоиз ставкасини ҳам шунга мос равишда камайтириш учун зарур имкониятлар туғдирди. 
 
Банклар томонидан фақат ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва технологик янгилаш дастурларини молиялаштиришга йўналтирилган кредитлар ҳажми 2013 йилга нисбатан 1,2 баробар, айланма маблағларни тўлдириш учун ажратилган кредитлар эса 1,3 мартадан зиёд ошди. 
 
Сўнгги йиллар давомида «Мудис», «Стандарт энд Пурс» ва «Фитч рейтингс» каби етакчи рейтинг агентликлари Ўзбекистон банк тизими фаолиятини «барқарор» деб баҳоламоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, агар 2011 йилда мамлакатимизнинг 13 та тижорат банки юқори рейтинг баҳоларига сазовор бўлган бўлса, бугунги кунда республикамизнинг барча 26 та банки ана шундай баҳога лойиқ кўрилди.
 
Ўтган 2014 йилда 500 дан зиёд янги корхона, биринчи навбатда, кичик бизнес субъектлари экспорт фаолиятига жалб этилди. Ташқи савдо балансидаги ижобий сальдо 180 миллион долларни ташкил қилди, мамлакатимизнинг олтин-валюта захиралари 1 миллиард 600 миллион долларга кўпайди. 
 
Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузурида махсус ташкил этилган Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг роли бу борада тобора ошиб бормоқда. 
 
2014 йилда мазкур Жамғарма томонидан 2 минг 400 та тадбиркорлик субъектига ўз товар ва хизматларини ташқи бозорларга чиқариш бўйича ҳуқуқий, молиявий ва ташкилий хизматлар кўрсатилди. Жамғарма кўмагида тадбиркорлик субъектлари томонидан 1 миллиард 250 миллион доллар миқдоридаги экспорт шартномалари тузилди. Мазкур шартномалар асосида ўтган йили қиймати 840 миллион доллардан зиёд товарлар экспорт қилинди. 
 
Жамғарма томонидан тадбиркорларга ташқи бозорларни ўрганиш ва чет эллик шерикларни топиш, халқаро тендер савдоларида иштирок этиш, шунингдек, экспорт шартномаларини тузиш, халқаро сертификатлар, рухсат беришга оид ҳужжатларни олиш ва божхона расмийлаштируви бўйича фаол ёрдам берилмоқда. 
 
Шу борада ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожи учун янада қулай шароитлар яратишга қаратилган чора-тадбирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш зарурлигини барчамиз албатта яхши тушунамиз. 
 
Мулкни рўйхатга олиш, ер участкалари ажратиш, айрим фаолият турлари билан шуғулланиш учун лицензия олиш, қурилишга рухсат бериш ва электр таъминоти тармоқларига уланишда «ягона дарча» тамойилини амалиётга жорий этиш тобора кенгайиб бормоқда. 
 
Кичик бизнес субъектлари томонидан статистик ва солиқ ҳисоботларини тақдим этиш механизмларисезиларли даражада соддалаштирилди. Бугунги кунда тадбиркорлик субъектларининг 98 фоизи солиқ ва статистика ҳисоботлари топширишни, божхона декларацияларини расмийлаштиришни эски усулдаги қоғоз тўлдириш йўли билан эмас, балки бевосита – электрон шаклда амалга оширмоқда. 
 
Саноатнинг енгил, озиқ-овқат ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби кўп меҳнат талаб қиладиган тармоқларида ишчиларнинг энг кўп сони илгариги 100 кишидан 200 кишигача оширилгани кичик бизнесни рағбатлантириш борасидаги чора-тадбирлар тизимидаги муҳим қарор бўлди. 
 
2014 йилда тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига 9 триллион сўмдан ортиқ ёки 2013 йилга нисбатан 1,3 баробар кўп, шу жумладан, 2 триллион сўмга яқин миқдордагимикрокредитлар ажратилди. Бу ўтган йилга қараганда 39 фоиз кўпдир. Сўнгги беш йилда кичик бизнесни кредитлаш ҳажми қарийб 5 баробар кўпайди. 
 
Хусусий тадбиркорларнинг хомашё ресурсларидан фойдаланиш имконияти, биринчи навбатда, бундай маҳсулотларни биржа ва ярмарка савдоларида сотиш ҳажмини кўпайтириш ҳисобидан сезиларли равишда кенгайтирилди. Масалан, 2014 йилда улар томонидан Республика товар-хомашё биржасида қарийб 3триллион сўмлик ёки 2013 йилга нисбатан 1,6 баробар кўп хомашё ва материаллар сотиб олинди. Шу билан бирга, хусусий тадбиркорлар биржа савдолари орқали ўзлари ишлаб чиқарган 1 триллион 500 миллиард сўмлик маҳсулотни сотди, бу кўрсаткич 2013 йилга қараганда 1,7 баробар кўпдир. 
 
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида ўтган йили, фермер ва деҳқон хўжаликларини ҳисобга олмаганда, 20 мингдан зиёд янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилди, уларнинг умумий сони эса 195 мингдан зиёдни ташкил этди. Бу 2000 йилга нисбатан 2 баробар кўпдир. 
 
Ялпи ички маҳсулотни шакллантиришда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасининг улуши 2000 йилдан буён 31 фоиздан 56 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда 12,9 фоиздан 31,1 фоизга ўсди.
 
2014 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида 480 мингдан ортиқ янги иш ўрни ташкил этилди. Бу яратилган жами иш ўринларининг ярми демакдир. Бугунги кунда иқтисодиётнинг ушбу соҳасида иш билан банд бўлган аҳолининг 76,5 фоиздан зиёди меҳнат қилмоқда. 2000 йилда бу кўрсаткич 49,7 фоизга тенг эди. Иқтисодиёт соҳасида изчил амалга ошираётган ана шундай чора-тадбирларимиз ўзининг юксак самарасини бермоқда. 
 
Жаҳон банки томонидан эълон қилинган, харид қобилияти бўйича ҳисобланадиган ялпи ички маҳсулот ҳажмига қараб аниқланадиган иқтисодий ривожланиш борасидаги янгиланган рейтингда Ўзбекистон дунёнинг 190 та давлати орасида 2010 йилдаги 72-ўриндан 66-ўринга кўтарилди. 
 
Мамлакатимиз 2014 йилда бизнесни юритиш шароити бўйича рейтингда 8 поғонага, солиққа тортиш борасида эса 61 поғона юқорига кўтарилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг баҳосига кўра, Ўзбекистон сўнгги йилда бизнес юритишни енгиллаштириш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар бўйича етакчи ўнта мамлакат қаторидан жой олди. 
 
Жадал ва мутаносиб иқтисодий ўсиш, чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ва иқтисодиётни диверсификация қилишда фаол ва аниқ йўналтирилган инвестиция сиёсатиюритиш энг муҳим омил ҳисобланади. 
 
2014 йилда иқтисодиётимизга жалб қилинган инвестициялар ҳажми 10,9 фоизга ўсди ва АҚШ доллари ҳисобида 14 миллиард 600 миллион долларни ташкил этди. Бунда жами капитал қўйилмаларнинг 21,2 фоиздан ортиғи ёки 3 миллиард доллардан зиёдини хорижий инвестиция ва кредитлар ташкил қилди. Уларнинг тўртдан уч қисми тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир. 
 
Инвестиция дастурини амалга оширишда корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобидан йўналтирилган тўғридан-тўғри хусусий инвестицияларнинг йилдан-йилга фаол иштирок этаётгани барчамизга алоҳида мамнуният бағишлайди. Биргина ўтган йилда бундай инвестициялар ҳажми 10,3 фоизга ўсиб, 4 миллиард 300 миллион долларни ёки жами инвестициялар ҳажмининг қарийб 30 фоизини ташкил этди. 
 
Ўтган йили тижорат банкларининг инвестициявий фаолияти ҳам кенгайди. Улар томонидан 1 миллиард 700 миллион доллар ёки 2013 йилга нисбатан 20 фоиз кўп инвестициялар йўналтирилди. 
 
Жами инвестицияларнинг 73 фоиздан ортиғи ишлаб чиқариш соҳасига ва қарийб 40 фоизи машина ва ускуналар харид қилишга сарфланди. 
 
Ўзбекистонда амалга оширилаётган инвестиция сиёсатининг ўзига хос хусусияти маҳаллий хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлашни таъминлайдиган, юқори технологияларга асосланган янги ишлаб чиқаришларни ташкил этишга қаратилган инвестиция лойиҳаларига устувор аҳамият берилаётганида намоён бўлмоқда. 
 
2014 йилда иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқларида замонавий юқори технологияларга асосланган ускуналар билан жиҳозланган, умумий қиймати 4 миллиард 200 миллион долларга тенг бўлган 154 та йирик объект фойдаланишга топширилди.
 
Уларнинг қаторида йилига 60 мингта автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган «Хоразм автомобиль ишлаб чиқариш бирлашмаси» масъулияти чекланган жамияти базасида «Дамас» ва «Орландо» русумидаги енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш», «Жиззах вилоятида 760 минг тонна портландцемент ёки 350 минг тонна оқ цемент ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш», «80 минг тонна рух концентратини қайта ишлаш бўйича рух заводини реконструкция қилиш», «Мис эритиш заводида янги сульфат кислота цехини қуриш», электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятини 50 мегаваттга ошириш мақсадида «Сирдарё иссиқлик электр станциясини тўлиқ миқёсда модернизация қилиш», Қорақалпоғистон Республикасидаги «Манғит» масъулияти чекланган жамияти базасида йилига 5 минг тонна маҳсулот чиқариш қувватига эга бўлган ип-калава йигирув корхонаси ташкил этиш» ва бошқа объектларни тилга олиш мумкин. 
 
Ўтган йилда йилига 25 миллиард куб метр газни узатиш имконини берадиган Марказий Осиё – Хитой газ қувурининг 1 минг 830 километр узунликдаги учинчи тармоғи ишга туширилди. 
 
Инвесторларга кенг солиқ имтиёзлари ва преференциялар берилган «Ангрен» махсус индустриал зонаси, «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси, «Жиззах» махсус индустриал зонасининг ташкил этилгани юқори технологияларга асосланган корхоналарни ривожлантириш имконини кенгайтирди. Ушбу зоналар учун зарур ташқи муҳандислик ва транспорт инфратузилмаси тўлиқ республикамиз маблағлари ҳисобидан барпо этилмоқда. 
  
Йўл-транспорт инфратузилмасини тараққий эттириш саноатни жадал ривожлантириш ва унинг салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда. 2014 йилда умумий фойдаланиш учун мўлжалланган 540 километр автомобиль йўлини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари якунланди. 116 километрдан иборат икки полосали йўл кенгайтирилиб, тўрт полосали қилиб қайта қурилди, бу эса ўз навбатида ушбу йўлларда қатновни 3 баробар ошириш имконини берди. 
  
Ўтган йили темир йўллар қуриш, реконструкция қилиш ва электрлаштириш, юк ва йўловчи ташийдиган темир йўл транспортини қайта тиклаш ва модернизация қилиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида 630 миллион доллардан зиёд маблағ ўзлаштирилди. 
 
Бу маблағнинг ярмидан кўпи Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўл линиясини барпо этиш лойиҳасини жадал суръатларда давом эттиришга йўналтирилди. Шу билан бирга, 240 километрлик темир йўл қайта тикланди, ўзимизда 650 та юк ва 20 та йўловчи ташиш вагонлари ишлаб чиқарилди, Қарши темир йўл вокзали реконструкция қилинди. Тошкент – Самарқанд ва Самарқанд – Тошкент йўналиши бўйича қатнайдиган «Афросиёб» тезюрар поездида 2014 йилда 180 мингдан зиёд йўловчи ўз манзилига етказилди. 
 
Авиация транспортида юк ташиш ҳажми 126 миллион 300 минг тонна-километрни ташкил қилди ёки 2013 йилга нисбатан 8,5 фоизга ошди. 2014 йилда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси дунёдаги 270 дан ортиқ авиакомпанияни ўзида бирлаштирган Халқаро ҳаво транспорти ассоциациясининг (IATA) тенг ҳуқуқли аъзоси бўлди.
 
Навоий шаҳри аэропорти негизида ташкил қилинган халқаро логистика маркази Европа, Ҳиндистон, Хитой ва Жануби-Шарқий Осиёга авиация орқали юк ташишни амалга оширишга хизмат қилмоқда. Ушбу марказ фойдаланишга топширилганидан буён ўтган вақт мобайнида 200 минг тоннадан зиёд юк ташилди. 
 
Қадрли дўстлар! 
 
Қишлоқ хўжалигида эришилган ютуқлар ҳақида гапирганда, шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, бу соҳада биз қўлга киритган улкан марралар, аввало, фермерларимиз, қишлоқ хўжалиги мутахассислари ва қишлоқ тараққиёти билан боғлиқ тармоқларда меҳнат қилаётган юз минглаб юртдошларимизнинг фидокорона меҳнати, билим ва тажрибасининг самарасидир. 
 
2014 йилда қишлоқ меҳнаткашлари қандай оғир синовларга дуч келганини ҳаммамиз яхши биламиз. Совуқ кунлар одатдагидан кўпроқ бўлди. Бу, айниқса, баҳор ойларида янада кўпроқ сезилди. Ёздаги сув танқислиги, вегетация давридаги кучли шамол ва бўронлар, кузнинг анча эрта ва салқин келгани соҳа меҳнаткашлари учун кўплаб жиддий муаммоларни туғдирди. 
 
Ана шундай қийинчиликларга қарамасдан, деҳқон ва фермерларимизнинг мардонавор меҳнати, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ҳисобидан 3 миллион 400 минг тоннадан зиёд пахта, мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги тарихида биринчи марта 8 миллион 50 минг тонналик юксак ғалла хирмони бунёд этилди. 
 
Фурсатдан фойдаланиб, ушбу юксак минбардан туриб, пахтакор ва ғаллакорларимизга, барча-барча қишлоқ меҳнаткашларига қаҳрамонлик намунаси бўлган, машаққатли ва шарафли меҳнати учун ўз номимдан, бутун халқимиз номидан яна бир бор чуқур миннатдорлик изҳор этишни ҳам қарз, ҳам фарз, деб биламан.
 
Маълумки, биз қишлоқ хўжалигини ислоҳ этишда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини тубдан яхшилашга алоҳида эътибор бермоқдамиз. Бу вазифа энг муҳим устувор йўналишлардан бири бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Чунки, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришнинг самарадорлиги, мамлакатимизнинг иқтисодий ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, нафақат қишлоқ меҳнаткашлари, балки бутун Ўзбекистонимиз аҳолисининг моддий фаровонлигини ошириш бебаҳо бойлигимиз бўлган еримизнинг унумдорлиги, унинг сифатини мунтазам яхшилаб бориш билан узвий боғлиқдир. 
 
Ўтган даврда бу борада кўрилган чоралар натижасида 1 миллион 700 минг гектар суғориладиган ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланди. Бу жами экин экиладиган майдонларнинг ярмидан зиёди демакдир. Ана шундай ишлар туфайли сизот сувлари энг оғир даражада, яъни, 2 метргача юзада жойлашган ерлар қарийб 500 минг гектарга ёки учдан бирига камайди, кучли ва ўртача шўрланган ерлар эса 100 минг гектарга ёки 12 фоизга қисқарди.Мелиорация тадбирлари амалга оширилган экин майдонларида пахта ҳосилдорлиги гектарига ўртача 2-3 центнер, бошоқли дон экинлари бўйича эса 3-4 центнерга ошгани бу борада эришган энг муҳим натижамиздир. 
 
Агарки бу рақамларни гектарларга кўпайтирадиган бўлсак, амалга оширган ишларимизнинг самараси янада яққол намоён бўлади. 
 
Қишлоқ хўжалигини таркибий ўзгартириш ҳақида сўз юритганда, аввало, пахта экиладиган ерларни оптималлаштириш ва бошоқли дон экинлари, сабзавотчилик, боғдорчилик, узумчилик учун ажратилган майдонларни кенгайтириш ҳисобидан экин майдонлари таркибида ўзгаришларамалга оширилганини қайд этиш жоиз. 
 
Масалан, Андижон, Косонсой, Чортоқ, Ўрта Чирчиқ, Ўзбекистон ва Бувайда туманларида пахта экин майдонлари қисман қисқартирилди, Асака, Янгийўл ва Жомбой туманларида пахта экишдан бутунлай воз кечилди. Шу асосда пахтадан бўшаган 30 минг гектардан ортиқ суғориладиган ерда дон экинлари, сабзавот, картошка етиштириш йўлга қўйилди, боғ ва узумзорлар барпо этилди.Натижада 2012-2014 йилларда пахта етиштириш ҳажми сақланган ҳолда, сабзавот етиштириш 16,3 фоиз, полиз экинлари 16,6 ва мева етиштириш қарийб 21 фоизга ўсди. 
 
Янги боғ ва узумзорлар барпо этиш борасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. 
 
2010-2014 йиллар давомида қарийб 50 минг гектар майдонда янги боғлар, жумладан, 14 минг гектардан ортиқ майдонда интенсив боғлар, 23 минг гектарда узумзорлар яратилди. Интенсив боғлар ташкил этиш учун Польша, Сербия ва бошқа мамлакатлардан 6 миллиондан зиёд кўчат олиб келинди. 
 
Бундай боғларнинг кўплаб афзалликларга эга экани бугунги кунда амалда намоён бўлмоқда. Мисол учун, оддий мевали дарахт экилганидан бошлаб дастлабки ҳосилини бергунига қадар одатда 4-5 йил ўтади. Интенсив боғдорчиликда эса дарахт иккинчи-учинчи йилдаёқ ҳосилга киради. 2011 йилда яратилган боғларнинг ҳар гектаридан 2014 йилнинг ўзида ўртача 300 центнердан ҳосил олингани ва ҳосилдорлик йил сайин кўпайиб бораётгани буни тасдиқлайди. 
 
Замонавий агротехнологияларни жорий этиш ва фермерларни юқори унум билан ишлайдиган қишлоқ хўжалиги техникаси билан таъминлаш ҳисобидан қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида интенсив усулларга ўтиш ушбу соҳани барқарор ва самарали ривожлантиришда энг муҳим йўналиш ҳисобланади.
 
Шу мақсадда қишлоқ хўжалиги машинасозлиги тизими бутунлай қайта ташкил этилди, «Ўзагросаноатмашхолдинг» компанияси тузилди, соҳа корхоналари оптималлаштирилиб, улар қишлоқ хўжалигида талаб этилаётган аниқ турдаги техника ва механизация воситалари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилди. 
 
Тошкент трактор заводининг оптималлаштирилган ишлаб чиқариш майдонларида янги корхона – «Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи» масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди. Бу ерда тракторлар, тиркама ва пахта териш машиналарининг янги моделлари ишлаб чиқарилмоқда. 
 
Ҳурматли мажлис қатнашчилари! 
 
Барчамизга аёнки, хизмат кўрсатиш соҳаси иқтисодиётимизни барқарор ривожлантиришнинг энг муҳим манбаи ва омили ҳисобланади. Жаҳон тажрибаси бугун айнан ушбу соҳа ялпи ички маҳсулотни шакллантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, одамларнинг фаровонлигини оширишда етакчи ўрин тутишини кўрсатмоқда. 
 
2014 йилда бозор хизматлари кўрсатиш ҳажми 15,7 фоизга ўсди, уларнинг ялпи ички маҳсулот таркибидаги улуши эса 53 фоиздан 54 фоизга ошди. Бугунги кунда иқтисодиётда банд бўлган аҳолининг 50 фоиздан ортиғи ушбу тармоқда меҳнат қилмоқда. Ҳар йили яратилаётган янги иш ўринларининг, авваламбор, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун ташкил этилаётган иш ўринларининг учдан бир қисмидан кўпроғи айнан мазкур соҳа ҳиссасига тўғри келмоқда. 
  
Бу борада хизматлар таркиби ҳам тубдан ўзгариб бораётганини таъкидлаш жоиз. Мобиль алоқа, юқори тезликда ишлайдиган интернет, кабелли телевизион алоқа, масофавий банк хизматлари, қишлоқ хўжалиги техникаси, автомобиллар ва технологик ускуналарни таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш каби замонавий юқори технологиялар асосидаги хизмат турлари аҳоли ўртасида тобора оммалашиб бормоқда. 
 
Сўнгги беш йилда анъанавий маиший ва коммунал хизматлар улуши 16 фоиздан 9,5 фоизга тушди, юқори технологиялар асосидаги хизматлар улуши эса 21,2 фоизга қадар кўтарилди. 
 
Юқори технологияларга асосланган хизматлар орасида кейинги йилларда алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари бошқа соҳаларга нисбатан жадал ривожланаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ушбу хизматлар ҳажми сўнгги беш йилда 3,3 баробар, ўтган йили эса 24,5 фоизга ўсди. 
 
Иқтисодиётимиз ва жамиятимиз ҳаётида ахборот-коммуникация технологияларининг алоҳида ва муҳим ўрин тутишини ҳисобга олиб, 2013 йилда 2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури қабул қилинди. Ушбу дастур доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар 2014 йилда мамлакатимизда барча автомат телефон станцияларини рақамли тизимга ўтказишни якунлаш учун замин яратди. Бу эса халқаро ахборот тармоқларидан фойдаланиш тезлигини сезиларли даражада ошириш имконини берди. 
 
Аҳоли, жумладан, мамлакатимизнинг олис ҳудудларида яшаётган аҳолининг ахборот-коммуникация технологиялари хизматларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, 2014 йилда юртимизда, хусусан, Қўнғирот, Бойсун, Узун, Мўйноқ каби олис туманларда 2 минг километрдан зиёд оптик толали алоқа тармоқлари барпо этилди. 
 
Мамлакатимизда интернетдан фойдаланувчилар сони йил сайин кўпайиб бормоқда. Бугунги кунда улар 10 миллион 200 минг кишидан ошди ёки мамлакатимиз аҳолисининг учдан бир қисмини ташкил этмоқда. Республикамизда интернетнинг ўтказувчанлик даражаси 4 баробар оширилди, интернетга уланиш тезлиги эса 1,5 марта ортди. Шу билан бирга, ундан фойдаланиш нархи 2013 йилга нисбатан 11,6 фоизга камайди. 
 
Ўтган йили 500 дан ортиқ янги базавий мобиль алоқа станциялари ўрнатилиши ҳисобидан алоқанинг ушбу замонавий, юқори технологияларга асосланган тизими абонентлари сони қарийб 20 миллион кишини ташкил этди, уларга кўрсатилаётган хизматлар ҳажми қарийб 26 фоизга кўпайди. 
 
Айни пайтда қишлоқ жойларда хизматлар соҳаси ҳали-бери етарлича ривожланмаганини ҳам айтиш жоиз. Қишлоқда аҳоли жон бошига тўғри келадиган хизматлар кўрсатиш ҳажми шаҳардагидан ҳали-ҳамон сезиларли даражада ортда қолмоқда. Айни пайтда қишлоқ жойларда алоқа хизмати, банк-молия ва коммунал хизматлар соҳасини ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлигини ҳам унутмаслик даркор. 
 
Қадрли дўстлар! 
 
Иқтисодиётимизнинг жадал ва мутаносиб ривожланиб бораётгани аҳоли ҳаёт даражаси ва сифатини изчил ошириш учун мустаҳкам замин яратмоқда. Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсия ва стипендиялар ҳажми ўтган йили 23,2 фоизга ошди. Аҳолининг жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар эса 10,2 фоизга кўпайди. 
 
Аҳоли даромадлари таркибида тадбиркорлик фаолиятидан олинаётган даромадлар улуши тобораортиб бормоқда. Мустақиллик йилларида бу борадаги кўрсаткич 10,6 фоиздан 52 фоизга ўсди. Бу Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидаги энг юқори кўрсаткичлардан биридир. 
 
Бу ҳақда сўз юритганда, собиқ иттифоқ ҳудудидаги бошқа мамлакатлардан фарқли равишда, Ўзбекистонда даромадлар даражаси бўйича аҳолининг кескин табақаланиш ҳолати мавжуд эмаслигини алоҳида таъкидлаш лозим. Энг кўп ва энг кам даромад оладиган аҳоли ўртасидаги фарқ 2000 йилдаги 53,3 баробардан бугунги кунда 7,8 баробарга тушди. Бу ўринда жамиятда ижтимоий барқарорликнинг мезони ҳисобланган бу кўрсаткич халқаро меъёрларга кўра, 10 баробар қилиб белгиланганини айтиб ўтиш лозим.
 
Жаҳон тажрибасида жамиятда ижтимоий табақаланиш ва хавфсизлик даражасини баҳолашнинг яна бир мезони – Жини индексидан кенг фойдаланилади. Мисол учун, Ўзбекистонда мустақиллик йилларида Жини индекси кўрсаткичи 0,40 дан 0,296 га пасайди. Бу натижа, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тавсияларига биноан 0,35-0,37 миқдорида белгиланган халқаро стандартлар нуқтаи назаридан қараганда, аҳолимизнинг ижтимоий фаровонлиги муттасил ўсиб бораётганидан далолат беради. 
 
Одамларнинг даромадлари ортиши билан оилаларнинг моддий аҳволи ҳам сифат жиҳатдан ўзгариб бормоқда. Тадқиқотларга қараганда, бугунги кунда юртимиздаги оилаларнинг 94 фоизи холодильниклар, 84 фоизи турли ошхона электр жиҳозларига, 63 фоизи кир ювиш машиналари, ярмидан кўпи компьютер, чангютгич, микротўлқинли печларга эга, учдан бир қисми эса кондиционерлардан фойдаланмоқда. 
 
Мустақиллик йилларида аҳолининг телевизорлар билан, айниқса, мутлақо янги авлод телевизорлари – плазма экранли рангли телевизорлар билан таъминланиши 1,6 баробар, енгил автомобиллар билан таъминланиши 3,5 марта ошгани ҳам оилаларимизнинг фаровонлиги юксалиб бораётганининг яққол тасдиғидир. Бугунги кунда деярли ҳар икки оиладан бири шахсий транспорт воситасига эга ва бу машиналар айнан юртимизда ишлаб чиқарилгани барчамизга мамнуният ва ғурур бағишлайди. 
 
Қисқа вақт ичида ҳаётимизга, деярли ҳар бир оилага энг замонавий мобиль телефонларнинг бир неча янги авлоди, ноутбуклар, тюнерлар, DVD приставкалари, сунъий йўлдош орқали фаолият кўрсатадиган ва кабелли телевидение, духовкали электр печлар, музлатгич камералар, сув иситиш бойлерлари ва бошқа мутлақо янги, юқори технологиялар асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кириб келди. Бугун биз бу нарсаларга унчалик эътибор ҳам бермаймиз ва уларни одатдаги буюмлар сифатида қабул қиламиз. Ҳолбуки, йигирма йил аввал бундай ашёлар ҳақида ҳеч нарса билмасдик, ҳозирги кунда эса уларсиз ҳаётимизни тасаввур ҳам қилолмаймиз. Энг муҳими, ушбу маҳсулотларнинг аксариятини мамлакатимиз корхоналарида ўзимиз ишлаб чиқаряпмиз. 
 
Фуқароларимизнинг уй-жой шароитлари ҳам тубдан яхшиланиб бормоқда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида уй-жойлар қуриш суръати ва кўлами йил сайин кенгаймоқда. Мустақиллик йилларида уй-жой фондининг умумий майдони 1,9 баробар ошди. 
 
Аҳоли сони кўпайиб бораётганига қарамасдан, одамларни уй-жой билан таъминлашда жон бошига тўғри келадиган уй-жой майдонини 12,4 квадрат метрдан 15,4 квадрат метрга оширишга эришилди. Уй-жой фондининг деярли барчаси хусусий мулк сифатида аҳоли тасарруфида эканини айтиш лозим. Ваҳоланки, кўплаб ривожланган давлатларда оилаларнинг ярмидан кўпи ижарага олинган хонадон ва уйларда яшайди. 
 
Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибда уй-жойлар қуриш бўйича мақсадли давлат дастурининг амалга оширилиши алоҳида эътиборга лойиқдир. Ушбу дастур доирасида 2014 йилда 11 мингта янги турар жойлар барпо этилди. 
 
Бугунги кунда шаҳарлар, айниқса, қишлоқларда барпо этилган, шифтлари баланд, хоналари шинам ва ёруғ янги уйлар пишиқ ғиштдан қурилган бўлиб, уларни бунёд этишда замонавий қурилиш ва том ёпиш материалларидан фойдаланилмоқда, улар зарур хўжалик биноларига эга. Бундай қишлоқ уйлари сифати ва шароитининг қулайлиги билан ҳеч бир жиҳатдан шаҳардаги уй-жойлардан асло қолишмайди.
 
Шаҳарларимизни комплекс қуриш бўйича қабул қилинган дастурларнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида Тошкент, Фарғона, Қўқон, Марғилон, Наманган, Урганч, Қарши, Термиз, Самарқанд ва бошқа кўплаб шаҳарларимиз қиёфаси тубдан ўзгариб бормоқда. 
 
Буюк Британиянинг нуфузли «Экономист» журналининг берган баҳосига кўра, Ўзбекистон пойтахти – Тошкент шаҳри ободлиги ва яшаш учун қулайлиги жиҳатидан дунё рейтингида 140 шаҳар орасида 58-ўринни эгаллади ва жаҳон таснифида яшаш учун энг қулай бўлган йирик шаҳарлар қаторига киритилди. 
 
2014 йилда ижтимоий соҳада ҳам чуқур сифат ўзгаришлари рўй берди. Бу соҳанинг барқарор фаолиятини таъминлаш ва ривожлантиришга давлат бюджети жами харажатларининг қарийб 60 фоизи йўналтирилмоқда. 
 
Таълим соҳасида ўқув муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилди. Ўтган йили ҳаммаси бўлиб 540 дан зиёд объект, шу жумладан, 380 та мактаб, 160 дан ортиқ касб-ҳунар коллежи ва академик лицей тубдан янгиланди. Мазкур мақсадлар учун қарийб 550 миллиард сўм сарфланди. Ушбу маблағларнинг 120 миллиард сўмдан ортиғи таълим муассасаларини ўқув, лаборатория ва ишлаб чиқариш ускуналари, компьютер ва мультимедиа воситалари билан таъминлаш учун ажратилди. 
 
2011-2016 йилларда олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини модернизация қилиш дастури доирасида 19 та олий таълим муассасасида қурилиш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича қиймати 230 миллиард сўмлик ишлар бажарилди. Андижон давлат университети, Бухоро муҳандислик-технология институти, Ўзбекистон Миллий университетида янги ўқув бинолари барпо этилди. 
 
2014 йилда бир қатор янги институт ва факультетлар, ўқув-илмий марказлар очилди. Тошкент тиббиёт академиясининг стоматология факультети ва ҳудудлардаги тиббиёт олий ўқув юртлари негизида Андижон, Бухоро, Самарқанд ва Нукус шаҳарларида филиалларига эга бўлган Тошкент давлат стоматология институти ташкил этилди. 
 
Тошкент давлат шарқшунослик институтида хитойшунослик факультети очилди, шунингдек, ушбу институт қошида Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари маркази ташкил қилинди. 
 
Жанубий кореялик шериклар билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида Инха университети ташкил этилди.Мазкур олий ўқув юртида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида, биринчи навбатда, дастурий таъминот маҳсулотлари ишлаб чиқариш, ахборот тизимлари ва компьютер тармоқларини бошқариш бўйича халқаро стандартлар даражасида юқори малакали мутахассислар тайёрланади. 
 
Ўтган йили олий таълим муассасаларига қабул қилишнинг такомиллаштирилган тизими жорий этилди, яъни тест синовларига информатика бўйича саволлар киритилди, мутахассисликка оид фанлар бўйича баҳолаш баллари оширилди. Бу эса олий ўқув юртларига танлаган касбини ҳисобга олган ҳолда, энг яхши тайёргарлик кўрган абитуриентларни саралаб олиш имконини беради. 
 
Соғлиқни сақлаш соҳасида қишлоқ врачлик пунктларининг фаолияти тубдан қайта кўриб чиқилди. Бундай тиббиёт масканларининг сонини янада оптималлаштириш, замонавий диагностика ва тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш, малакали кадрлар билан таъминлаш ва уларнинг меҳнатини рағбатлантиришни кучайтириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди. Оптималлаштириш натижасида камқувватли ва самарасиз фаолият кўрсатаётган 243 та қишлоқ врачлик пункти тугатилди. 
 
Тажриба тариқасида Бўстонлиқ, Ўзбекистон, Шаҳрисабз, Хива ва Жомбой туманларида патронаж тиббиёт ҳамширасининг ўз функционал вазифаларини нечоғлиқ тўлиқ бажариши ва фаолиятининг якуний натижаларидан келиб чиққан ҳолда, унинг иш самарадорлигини рейтинг асосида баҳолаш тизими жорий этилди. Бу йил ушбу тажрибани мамлакатимизнинг яна 18 та туманида қўллаш мўлжалланмоқда. 
 
Хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлодни тарбиялаш масаласи давлатимиз ва жамиятимизнинг энг муҳим устувор вазифаси бўлиб қолмоқда. Бу борада скрининг марказлари, вилоят кўптармоқли болалар шифохоналари, шунингдек, ихтисослаштирилган педиатрия тиббиёт муассасаларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар ва зарур жиҳозлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Оналар ва болалар тизимли асосда тиббий текширувдан ўтказилмоқда. 
 
Фақат 2014 йилда 6 миллион 500 минг нафар мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, мактаб, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ўқувчилари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Бу эса касалликларни барвақт аниқлаш ва уларни самарали даволаш имконини бермоқда. 
 
Ана шундай амалий ишларимиз натижасида сўнгги ўн йилда ривожланишида туғма нуқсонлари бўлган болалар сони 1,3 баробар камайди. 6-15 ёшли болалар орасида ўткир юқумли касалликлар билан оғриш 34,4 фоизга, пневмонияга чалиниш 49,7 фоизга, бронхит билан хасталаниш 32,8 ва сколиоз билан касалланиш 32,7 фоизга камайди. 
 
2014 йилда 133 та тиббиёт муассасаси янгитдан қурилди ва реконструкция қилинди.Гулистон шаҳридаги вилоят онкология диспансери, Тошкент шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий маркази, Андижон шаҳридаги кўптармоқли вилоят тиббиёт маркази, Нукус шаҳридаги Республика силга қарши кураш диспансери ва бошқалар шулар жумласига киради. Ушбу мақсадлар учун бюджетдан 400 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ва қарийб 30 миллион долларлик хорижий кредит ва грант маблағлари йўналтирилди. 
 
Корея Республикаси билан яқин ҳамкорликда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ҳудудида ягона бўлган, энг юқори технологиялар асосидаги тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозланадиган кўптармоқли замонавий болалар тиббиёт маркази қурилиши бошланганидан хабарингиз бор, албатта.
 
Жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиш аҳолимиз, аввало, ёш авлодимизнинг соғлиғини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутишини инобатга олиб, бу соҳага алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Бу борада спорт иншоотларини ҳар томонлама ривожлантириш ва уларни замонавий инвентарлар билан жиҳозлаш учун барча зарур шароитлар яратилмоқда. 
 
2014 йил мобайнида фақат Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг маблағлари ҳисобидан 18 та намунавий спорт объекти ва 73 та мактаб спорт зали барпо этилди, 24 та объектда қарийб 100 миллиард сўмлик реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилганини қайд этиш лозим. 
 
Бугунги кунда Ўзбекистонда 2 миллионга яқин фарзандларимиз, шу жумладан, 840 мингдан ортиқ қиз болалар спортнинг 30 дан зиёд тури билан мунтазам шуғулланмоқда. 
 
Нуфузли халқаро мусобақаларда мамлакатимиз спортчилари эришаётган ғалабалар тобора кўпайиб бормоқда.2014 йилда спортчиларимиз 849 та медални қўлга киритди, уларнинг 266 таси олтин медаллардир. 
 
Бу ҳақда гапирганда, ўтган йилнинг кузида Жанубий Кореяда бўлиб ўтган, 45 давлатдан 13 минг спортчи қатнашган XVII Осиё ўйинларида спортчиларимиз 61 та, жумладан, 12 та олтин медални қўлга киритиб, Ўзбекистон терма жамоаси энг кучли ўнта мамлакат қаторидан жой олганини мамнуният билан таъкидлашни истардим. Спортчиларимиз ана шундай ютуқлари билан Ватанимиз шуҳратини дунёга тараннум этишга муносиб ҳисса қўшдилар ва уларнинг қўлга киритган марралари билан ҳар қанча фахрлансак арзийди, албатта. 
 
Аҳоли бандлигини таъминлаш, аввало, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича зарур шароитлар яратиш ижтимоий сиёсатимизнинг энг муҳим устувор йўналиши бўлиб қолади. 
 
Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва янгилаш, транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни тараққий эттиришни қўллаб-қувватлаш дастурларини амалга ошириш натижасида 2014 йилда мамлакатимизда 1 миллионга яқин иш ўрни ташкил этилди. Уларнинг 60 фоизи қишлоқ жойларда яратилгани айниқса эътиборлидир. 
 
Ўтган йилда мамлакатимиз таълим муассасаларининг 600 мингдан зиёд битирувчиси иш билан таъминланди. Шуниси қувонарлики, ёшларимизнинг аксарият катта қисми ўз келажагини кичик бизнесда кўрмоқда. 
 
Ўзингиз ўйланг, бир йилнинг ўзида шунча ёшларимизни, ўзимизнинг фарзандларимизни ҳаётда ўз ўрнини топиши учун шароит яратиб, қўллаб-қувватлаганимиз – бу бизнинг энг катта ютуғимиз эмасми? 
 
Биз ўтган даврда амалга оширган ишларимизга баҳо берар эканмиз, “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган савол асосида уларнинг моҳияти ва аҳамиятини ўзимизга чуқур тасаввур этамиз. Айни вақтида “Эртага ким бўлишимиз, қандай янги, юксак марраларни эгаллашимиз керак?” деган савол устида ўйлашимиз, нафақат ўйлашимиз, балки амалий ишларимиз билан бунга жавоб беришимиз лозим. 
 
Бу борада, иш берувчилар ва ўқувчиларни кенг жалб этган ҳолда, меҳнат ярмаркалари, бизнес ғоялар танловлари ўтказилаётгани ҳамда уларнинг ғолибларига ўз хусусий ишини бошлаш имконини берадиган имтиёзли кредитлар ажратилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўз бизнесини йўлга қўйишга қарор қилган коллеж битирувчиларига қарийб 200 миллиард сўмлик имтиёзли микрокредитлар ажратилди. Бу 2013 йилга нисбатан 1,4 баробар кўпдир. 
 
Ҳурматли мажлис иштирокчилари! 
 
Бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида шиддат билан содир бўлаётган жараёнлар ва биринчи навбатда, қарама-қаршиликларнинг кучайиб бораётгани, жаҳон бозорларидаги вазиятнинг тез ўзгараётгани, ҳали-бери давом этаётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози ва унинг оқибатлари, дунёнинг кўплаб давлатларида инвестиция фаоллигининг сусайиши ва ўсиш суръатларининг пасайиши мамлакатимиз иқтисодиётига ҳам ўзининг салбий таъсирини ўтказмасдан қолмайди, албатта. 
 
Шундан келиб чиқиб, 2015 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ўсиш суръати 108 фоиз даражасида бўлиши кўзда тутилмоқда. Бу борада саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг 8,3 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 6 фоизга кўпайиши белгиланмоқда.
 
Биз ўз олдимизга истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни 11,7 фоизга, шу жумладан, озиқ-овқат маҳсулотларини 11 фоиз ва ноозиқ-овқат товарларини 12,1 фоизга кўпайтириш, ушбу маҳсулотларни чакана савдо тармоғи орқали сотишни 14,2 фоизга ошириш вазифасини қўймоқдамиз. 
 
Жорий йилда хизмат кўрсатиш соҳасини янада жадал суръатлар билан ривожлантириш мўлжалланмоқда. Хизматлар кўрсатиш ҳажмини 15,6 фоизга ошириш ва унинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 54,5 фоизга етказиш назарда тутилмоқда. 
 
Айни пайтда инфляция даражаси 5,5 – 6,5 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Бу 2014 йилга қарагандасезиларли даражада пастдир. 
 
2015 йилда кўзда тутилаётган капитал қўйилмалар ҳажми АҚШ доллари ҳисобида 15 миллиард 960 миллиондолларни ёки 2014 йилга нисбатан 110,1 фоизни ташкил этади. Унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши эса 23,1 фоизга етади. 
 
Ушбу маблағларнинг 74,5 фоизга яқини ишлаб чиқариш объектлари қурилишига, 43,1 фоизи асбоб-ускуналар сотиб олишга йўналтирилади. Чет эл инвестициялари ҳажми 3,5 миллиард доллардан ошиб, уларнинг умумий капитал қўйилмалар ҳажмидаги улуши 22,1 фоизни ташкил этади. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар улуши эса 11,2 фоизга кўпаяди. 
 
Юқори иқтисодий ўсиш суръатлари ҳар томонлама чуқур ва пухта ўйланган изчил солиқ ва пул-кредит сиёсатини амалга ошириш орқали таъминланади. Ушбу сиёсат, авваламбор, иқтисодиётда солиқ юкини камайтириш, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида унинг рағбатлантирувчи ролини кучайтиришга қаратилади. 
 
Биринчи навбатда амалга ошириладиган вазифалар қаторига даромад солиғи ставкасини 7,5 фоизга камайтириш киради. Шу билан бирга, қурилиш соҳасида фаолият юритаётган корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси, саноат корхоналарида бўлганидек, 6 фоиздан 5 фоизга туширилади. 
 
2010 йилда қабул қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ демократик ва бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш, давлат ва ижтимоий институтлар ҳамда суд тизимини ислоҳ этиш борасидаги вазифаларни изчил амалга ошириш энг устувор йўналиш бўлиб қолаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. 
 
Барчамиз яхши англаб олишимиз зарурки, ишлаб чиқаришни диверсификация қилмасдан туриб, ташқи бозорларга чиқиш ва маҳсулотларимизни сотиш борасидаги экспорт дастурини амалга ошириш, валюта даромадлари тушумини таъминлаш, юқори технологияларга асосланган янги ишлаб чиқаришни ва иш ўринларини ташкил этиш, пировард натижада ўз олдимизга қўйган юксак мақсадларимизга эришиш ҳақида сўз юритиш мумкин эмас. 
 
Биринчи навбатда, жаҳон бозорида тенг рақобатлаша оладиган ва кейинги босқичда иқтисодий ўсишнинг, иқтисодиётни янада модернизация ва диверсификация қилишнинг локомотивига айланиши мумкин бўлган тармоқ ва корхоналарни жадал ривожлантириш ҳамда аниқ йўналтирилган ҳолда қўллаб-қувватлашни таъминлаш зарур. 
 
Маълумки, Ўзбекистон жаҳон бозорида хомашё ресурсларининг, масалан, пахта ва бошқа турдаги хомашёларнинг нархи кескин тушиб кетган ҳолатларни кўп маротаба бошидан кечирган. 
 
Шу билан бирга, тўқимачилик ва енгил саноатнинг бошқа тармоқларида ана шу пахта хомашёсини янада чуқур қайта ишлашни таъминлаш, бўялган ип-калава, трикотаж полотноси ва матолар каби тайёр маҳсулотларни хорижий мамлакатларга экспорт қилиш, кейинчалик, замонавий технология ва дизайнни фаол ўзлаштириш асосида, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришда улкан самарага эриша оламиз. 
 
Мамлакатимизда ишга солинмаган яна кўплаб резерв ва имкониятлар мавжудлигига биргина шу мисол асосида ишонч ҳосил қилиш мумкин. 
 
Бу ўринда гап, аввало, дастлабки хомашёни ва ярим тайёр маҳсулотларни янада чуқур қайта ишлаш технологияларини жорий этиш, бунинг учун нефть-газ, нефть-кимё ва кимё, енгил саноат ва электротехника тармоқларида янги комплекс ва корхоналар ташкил этиш, шунингдек, жаҳон ва минтақа бозорларида, ички бозоримизда харидоргир бўлган тайёр тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат, фармацевтика саноати, электроника ва маиший электр техника маҳсулотлари, маиший кимё товарлари, қурилиш ва пардозлаш материаллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳақида бормоқда. 
 
Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда тегишли вазирлик ва идоралар, уюшмалар, компаниялар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари иштирокида 2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин ва қабул қилсин. 
 
Иккинчидан. Хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш мақсадида бу соҳага тўлиқ эркинлик бериш, бу йўлда ғов бўлиб турган барча тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш энг муҳим устувор вазифадир. Барқарор иқтисодий ўсиш ва мамлакатимизнинг келажак истиқболи, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифати кўп жиҳатдан айни мана шу энг устувор вазифанинг қандай ҳал этилишига боғлиқ. 
 
Таъкидлаш жоизки, мустақиллик йилларида хусусий мулк ва инвестициялар дахлсизлигини таъминлашнинг ишончли ҳуқуқий-меъёрий асосларини яратиш ва уларнинг ҳимояси учун кўп иш қилинди. Мулкдорларга зарур шароит ва кафолатлар бериш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилди. 
 
Қишлоқ хўжалиги, қурилиш, савдо, хизмат кўрсатиш соҳаси сингари тармоқлар, уй-жой фонди тўлиқ хусусий мулк эгалари тасарруфига ўтказилди. Истеъмол товарлари ишлаб чиқарадиган, озиқ-овқат, тикувчилик маҳсулотлари, тўқимачилик, чарм-пойабзал, мебель ва фармацевтика саноати тармоқларида давлатнинг улуши анчага камайтирилди.
 
Ҳурматли дўстлар! 
 
Бугун ҳеч кимга сир эмаски, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорлик фаолиятининг амалиёти хусусий мулкнинг давлат мулкига нисбатан ҳар томонлама устунлигини кўрсатмоқда. 
 
Хусусий корхоналарда сидқидилдан меҳнат қилишга ундайдиган омиллар ва шахсий манфаатдорлик даражаси ва энг асосийси, ўзининг ишлаб чиқариш ва молиявий фаолиятининг якуний натижаси учун масъулият ҳисси бутунлай бошқача экани барчамизга яхши маълум. 
 
Хусусий секторда маблағлардан самарали фойдаланилмоқда. Бу соҳада юқори сифатли маҳсулотлар тайёрлаш, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ва меҳнат унумдорлигини оширишни таъминлашга бўлган қизиқиш ва интилиш анча кучли бўлиб, ишлаб чиқариш туфайли имкон қадар кўп даромад олиш каби пировард молиявий натижаларга эришилаётганини таъкидлаш жоиз. Буларнинг барчаси бозор иқтисодиёти шароитида фаолият юритаётган хусусий корхоналарнинг асосий мақсадидир. 
 
Минг афсуски, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлида ҳали-ҳануз турли маъмурий ғов ва тўсиқлар сақланиб қолмоқда, мансабдорлар томонидан уларнинг қонуний манфаат ва ҳуқуқлари бузилаётгани билан боғлиқ кўплаб мисолларни келтириш мумкин. 
 
Шу сабабдан биз хусусий мулк муносабатлари борасидаги қарашларимизни мутлақо ўзгартириш масалаларини қайта кўриб чиқишимиз зарур. Шу асосда мустаҳкам ҳуқуқий базани хусусий мулк манфаатларига мослаштиришимиз, мулк ҳуқуқининг кучли юридик норма ва кафолатлари тизимини шакллантиришимиз, давлатимизнинг иқтисодий ва ижтимоий таянчига айланадиган хусусий мулкдорларнинг кенг қатламини яратишимиз керак. 
 
Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш йўлидаги ғов ва тўсиқларни олиб ташлашга қаратилган чора-тадбирлар қаторида, авваламбор, хусусий тадбиркорлар учун хомашё ресурсларидан фойдаланиш механизмини тубдан қайта кўриб чиқиш, уни янада соддалаштириш, очиқ ва ошкора бўлишини таъминлаш зарур. Бунинг учун эса ресурсларни очиқ биржа ва ярмарка савдоларида сотиш ҳажмини кенгайтириш лозим. 
 
Етакчи халқаро молия институтлари томонидан мунтазам чоп этиладиган, биринчи навбатда, Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” деб номланган маърузасида эълон қилинаётган бизнинг бизнес юритиш бўйича кўрсаткичларимизни тизимли асосда чуқур ўрганиш, мавжуд камчилик ва нуқсонларни бартараф этишга доир аниқ чора ва таклифлар ишлаб чиқиш, аввало, Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ва бошқа манфаатдор идораларнинг муҳим вазифасига айланиши керак.
 
Тадбиркорлик субъектлари ва хусусий мулк эгалари учун ҳуқуқ ва кафолатларни қонуний ҳимоя қилиш нормаларини кучайтириш даркор. Бу борада хусусий мулкдорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда суд органлари ролини ошириш, давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг тадбиркорлик субъектларининг хўжалик ва молиявий фаолиятига ноқонуний аралашуви учун жавобгарлигини кучайтириш биринчи даражали аҳамиятга эга бўлиши лозим. 
 
Шуни тан олишимиз керакки, хусусий мулкни ривожлантириш учун унинг очиқлик даражасини ва бу соҳанинг мамлакат иқтисодиётидаги ҳиссасини аниқлаш борасидаги баҳолаш мезонлари ҳалигача ишлаб чиқилмаган. Иқтисодиёт вазирлиги, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Марказий банк, Давлат статистика қўмитаси ва бошқа иқтисодий идоралар бу масала билан жиддий шуғулланиши зарур. 
 
Ишончим комилки, бу вазифаларнинг амалга оширилиши, ўз навбатида, хусусий бизнесни ривожлантириш, жамиятимиздаги барқарорликнинг мустаҳкам асоси ҳисобланган мулкдорларнинг ўрта синфини шакллантиришда ва мустаҳкамлашда рағбатлантирувчи янги омил ва имкониятлар яратади. 
 
Учинчидан. Иқтисодиётимизда давлатнинг иштироки қай даражада эканини танқидий баҳолаш, уни стратегик ҳамда иқтисодий асосланган даражага қадар қисқартириш зарурлигини алоҳида таъкидлашни ўринли деб биламан. 
 
Иқтисодиёт тармоқларида давлат улушининг мавжудлиги ва самарадорлигини, бошқача айтганда, “иқтисодиётда давлат иштироки”ни ҳар томонлама танқидий таҳлил қилиш ва шу асосда иқтисодиёт тармоқларида хусусий сектор иштирокини сезиларли даражада кенгайтириш бўйича вазифаларимизни белгилаб олиш вақти келди. 
 
Биринчи навбатда, аввало, зарар кўриб ишлаётган, паст рентабелли ва иқтисодий ночор, маҳсулотларига талаб йўқлиги сабабли тўла қувват билан фаолият кўрсатмаётган давлат корхоналарини профессионал хорижий инвесторларга уларни қайта тиклаш ва ушбу корхоналар негизида янги, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш мажбурияти билан “ноль” қийматида сотиш зарур. 
 
Бу ўринда сўз иқтисодиётнинг реал тармоқларидаги техник ва технологик янгилаш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турларини кенгайтириш ва уларнинг рақобатдошлигини ошириш талаб этиладиган корхоналардаги давлат активлари ҳақида бормоқда. Вазирлар Маҳкамаси томонидан ушбу тоифага кирадиган тармоқлар, бирлашма ва корхоналарнинг рўйхати тасдиқланиши лозим. 
 
Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси давлат улуши мавжуд бўлган барча корхона ва объектларни яна бир марта танқидий нуқтаи назардан қайта инвентаризация қилиши, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўтган йили қабул қилинган «Давлат мулки объектларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига сотиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига қандай объектлар киритилмаганини аниқлаши ва реал иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида давлат иштирокини тубдан қисқартиришни назарда тутган ҳолда, 2015-2016 йилларда давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича янги дастурни Вазирлар Маҳкамасига киритиши зарур. 
 
Тўртинчидан. Корпоратив бошқарув тизимидаги принцип ва ёндашувларни тубдан ўзгартириш, ишлаб чиқариш, ташқи иқтисодий ва инвестиция жараёнларига замонавий халқаро корпоратив менежмент стандартларини жорий этиш жиддий эътиборни талаб қилади. 
 
Энг аввало, корпоратив ёки акциядорлик бирлашмаларимизнинг фаолияти самарадорлигини танқидий баҳолаш, уларни хорижий давлатлардаги ана шундай корхоналар билан таққослаб кўриш зарур. Чунки, бугунги кунда иқтисодий ривожланган мамлакатларда, айниқса, саноат соҳасида мулкчиликнинг бундай шакли муҳим ўрин тутади. 
 
Мамлакатимизда ҳам мулкчиликнинг мазкур шакли тобора катта аҳамиятга эга бўлиб бормоқда. Мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижасида айни пайтда республикамизда 1 минг 100 дан ортиқ акциядорлик жамияти ташкил этилди ва фаолият юритмоқда. Уларнинг умумий устав капитали 11 триллион 700 миллиард сўмдан ортиқ бўлиб, сўнгги ўн йилда 5,3 баробар ўсди. 
 
Бугун шуни тан олиш зарурки, акциялаштириш жараёнини ривожлантириш кўламининг ўсиб бораётгани корпоратив бошқарув ва акциядорлик жамиятлари фаолиятидан тушадиган даромадларни тақсимлаш тизими ҳамда хусусийлаштириш жараёнининг бошқа бир қатор йўналишларида ҳал этилмаган кўплаб муаммолар мавжудлигини яққол кўрсатмоқда. 
 
Бу, айниқса, акциялар пакетларига давлат эгалик қилаётган акциядорлик жамиятларига тааллуқлидир. Бундай жамиятларда акциядорлар, айниқса, миноритарийлар кам ҳажмдаги акцияларга эгалиги ва акциялар пакетларининг тарқоқлиги туфайли бошқарув ва қарор қабул қилиш жараёнидан амалда четда қолмоқда. 
 
Бунинг натижасида ишлаб чиқариш устидан бошқарувни илгаригидек директорлик корпуси амалга оширмоқда. Кўп ҳолларда директорлик корпуси, шуни таъкидлашимиз керакки, ўз фаолиятида ҳали-бери эски тизим қолипидан чиқолмаслиги, ишни замон талаб қиладиган усулда ташкил қилишдан узоқ бўлиши кўзга ташланади. Бундай ҳолат бошқарувчи кадрларнинг юқоридан буйруқ кутиб ўтиришига, сусткашлиги ва ташаббус кўрсатмаслигига сабаб бўлмоқда. 
 
Бугун мамлакатимизда шундай амалий тажриба тўпландики, унга кўра, Ўзбекистон шароитида юртимиз сармоядорлари билан бир қаторда чет эллик инвесторлар акцияларга эга бўлган мулкчилик шакли энг мақбул бўлиб, ҳар жиҳатдан ўзини оқламоқда. 
 
Ҳозирги кунда юртимизда 90 дан ортиқ давлатнинг хорижий инвесторлари иштирокида ташкил этилган 4 мингдан зиёд корхона муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. Мамлакатимизда фаолият юритаётган ушбу компаниялар Ўзбекистонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам яхши маълум. 
 
Ўзбекистон ҳудудида тўлиқ чет эл капитали ва корпоратив бошқарувнинг хорижий усулларига асосланган корхоналар муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. 
 
Мазкур хорижий компаниялар тажрибаларини чуқур ўрганишимиз ва уларнинг таҳлили асосида корхоналаримиз учун корпоратив бошқарувнинг намунавий тузилмаларини яратишимиз, реал иқтисодиётнинг барча тармоқ ва соҳаларидаги акциядорлик жамиятларининг бошқарув тизимини айни шу асосда ислоҳ қилган ҳолда, уларни амалиётга фаол жорий қилишимиз зарур. 
 
Аллақачон ўз умрини ўтаб бўлган, бошқарувнинг совет даврига хос эски ва яроқсиз режали-тақсимот тизими ва лавозимлар номенклатурасидан қатъий воз кечишимиз, бозор иқтисодиёти талабларига жавоб берадиган тижорат директори, молия директори, мижозлар билан ишлаш ва харидлар бўйича лойиҳа менежери ва бошқа янги лавозимларни халқаро амалиётга мос равишда, уларнинг мансаб мажбурияти ва вазифаларини аниқ белгилаган ҳолда, кенг жорий этишимиз лозим. 
 
Иқтисодиёт вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги барча манфаатдор тузилмалар иштирокида асосий лавозим ва касбларнинг янги классификаторини ишлаб чиқиши керак. Айнан ана шундай классификатор бугунги янги авлод профессионал кадрларини тайёрлашнинг асосий мезонига айланиши даркор. 
 
Бешинчидан. Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш ва тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш иқтисодий ўсиш ва иқтисодиётни таркибий жиҳатдан ўзгартиришнингэнг муҳим манбаи ва омилидир.
 
Бугунги кунда дунёда рўй бераётган воқеалар мавжуд маҳаллий хомашё базаси асосида импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мамлакатимизнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлай олишини яққол кўрсатиб турибди. 
 
Маҳаллийлаштириш дастурларини амалга ошириш борасида тўплаган тажрибамиз бизнинг ташқи омилларга боғлиқлигимизни камайтириш, ички талабни шакллантириш ва бозорларимизни зарур истеъмол товарлари ҳамда бутловчи маҳсулотлар билан тўлдириш, ташкил этилган ишлаб чиқариш қувватларининг тўлиқ фаолият кўрсатишини таъминлаш, валюта ресурсларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича муҳим роль ўйнашини амалда тасдиқламоқда. 
 
Саноат ишлаб чиқаришида маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ҳажмининг жадал ўсиб бораётгани бунинг амалий тасдиғидир. 2005 йилда маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар 9,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2014 йилда бу кўрсаткич қарийб 20 фоизга етди. 
 
Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига барча манфаатдор вазирлик, идора, уюшма ва компанияларни кенг жалб этган ҳолда, 2015-2019 йилларга мўлжалланган тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материалларни маҳаллийлаштириш ва ишлаб чиқариш бўйича дастур тайёрлаш вазифаси топширилади.
 
Олтинчидан. Ривожланган инфратузилмани ташкил этмасдан, биринчи навбатда, ахборот-коммуникация тизими, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация қурилишини тараққий эттирмасдан туриб, иқтисодиётимизни таркибий жиҳатдан ўзгартиришга эришиш мумкин эмас. 
 
Шу нуқтаи назардан биз Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини 2013-2020 йилларда комплекс ривожлантириш дастурини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратишимиз даркор. Интернет тармоғидан фойдаланишнинг техник имкониятларини янада ошириш, кенг полосали оптик тармоқларни кенгайтириш ва оптик толали алоқа тармоқларини қуриш ишларини давом эттириш, барча ҳудудларни, шу жумладан, узоқ ва чекка ҳудудларни рақамли телевидениега ўтказиш ишларини охирига етказиш зарур. 
 
Вазирлар Маҳкамаси ушбу дастур ижросини қатъий назоратга олиши ҳамда вазирлик ва идоралар, пудратчи ташкилотлар томонидан 2015 йилга белгиланган вазифаларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаши даркор. 
 
Ўзбекистон миллий автомагистрали таркибига кирадиган автомобиль йўллари участкаларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг стратегик аҳамиятини инобатга олган ҳолда, «Ўзавтойўл» давлат акциядорлик компанияси, Республика йўл жамғармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига автомобиль йўллари қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, йўллар бўйидаги инфратузилмаларни ривожлантириш юзасидан 2015 йил учун белгиланган вазифаларни сўзсиз бажариш бўйича амалий чоралар кўриш вазифаси топширилади. 
 
Темир йўл коммуникацияларини ривожлантириш борасида ҳам муҳим вазифалар олдимизда турибди. Йўловчи ва юкларни ишончли ҳамда узлуксиз ташишни таъминлаш мақсадида 2015 йилда 260 километр темир йўлларни қайта тиклаш кўзда тутилмоқда. Соҳада 13 та инвестиция лойиҳасини амалга оширишмўлжалланмоқда. 124,1 километрлик Ангрен – Поп электрлаштирилган янги темир йўлининг қурилиши, 140 километрлик Мароқанд-Қарши ва 325 километрлик Қарши-Термиз темир йўл участкаларини электрлаштириш, икки томонлама қатновга эга бўлган Жиззах-Янгиер электрлаштирилган темир йўл тармоғиқурилишининг иккинчи босқичини амалга ошириш каби лойиҳалар шулар жумласидандир. 
 
«Ўзбекистон темир йўллари» давлат акциядорлик темирйўл компанияси Иқтисодиёт вазирлиги, Тошкент ва Наманган вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда Ангрен – Поп темир йўлининг ўз вақтида ва сифатли қурилиши устидан алоҳида назорат ўрнатсин. 
Ҳурматли мажлис қатнашчилари! 
 
Кўриб турганингиздек, олдимизда ўта муҳим ва долзарб вазифалар турибди. Уларни фақат ўз кучимиз ва имкониятларимизга таянган ҳолда ҳал қилмасак, четдан биров келиб ҳал қилиб бермайди. Энг муҳими, шу борада эскича қолип ва ёндашувлардан бутунлай воз кечишимиз керак. Бугунги замоннинг талаби шуки, энди эскича ишлаб, эскича яшаб бўлмайди. 
 
Бундай кайфият билан юрган одамларни, авваламбор, раҳбарларни ҳаётнинг ўзи қабул қилмайди. Бугунги кунда катта умид, орзу-мақсадлар билан, Ватаним тараққиётига ҳисса қўшаман, деб белини маҳкам боғлаб майдонга чиқаётган, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, азму шижоатли ёшларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки бурчимизга айланиши керак. 
 
Ишончим комилки, биз иқтисодиётимизда туб таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, модернизация ва диверсификация жараёнларини изчил давом эттириш, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очиб бериш ҳисобидан ўз олдимизга қўйган марраларга албатта эришамиз. 
 
Қадрли дўстлар! 
 
Аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини муттасил ошириш билан боғлиқ масалалардоимо эътиборимиз марказида бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. 
 
Таълим-тарбия ва тиббиёт муассасаларини янада ривожлантириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва бугунги кун талаблари асосида жиҳозлаш даражасини ошириш, ижтимоий инфратузилма объектларини жадал ривожлантириш, аҳолини сифатли ичимлик суви ва замонавий санитария тозалаш тизимлари билан таъминлаш биз учун устувор йўналиш ҳисобланади. 
 
Ушбу мақсадлар учун давлат бюджети жами харажатларининг қарийб 60 фоизи йўналтирилади. Бу ўтган йилга нисбатан 4 триллион 100 миллион сўм ёки 22,5 фоиз кўп демакдир. Жумладан, таълим ва илм-фан соҳасини ривожлантиришга 34,3 фоиз, соғлиқни сақлаш тизимига 14,2 фоиз маблағ сарфланади. 
 
Жорий йилда кекса авлод вакилларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга, муҳтарам фахрийларимиз ҳаётига дахлдор муаммоларни ҳал этишга алоҳида аҳамият қаратилади.
 
2015 йилга мамлакатимизда Кексаларни эъзозлаш йили, деб ном берганимиз замирида ҳам моҳият эътибори билан ана шундай эзгу мақсадлар мужассам экани, ўйлайманки, барчамизга яхши маълум.
 
Ҳукуматимиз тайёрлаётган дастурда кекса авлод вакиллари, аввало, 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга кўрсатиладиган тиббий ва ижтимоий хизмат даражаси ва сифатини ошириш, муҳтожларни ёрдамчи ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш, туманлар ва маҳаллаларда қарияларимиз учун мулоқот марказлари, уларнинг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда, турли клублар ташкил этиш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун шароитлар яратиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўзда тутилиши лозим. 
 
Мухтасар айтганда, бугунги тинч ва обод ҳаётимизни барпо этишга беқиёс хизматлари сингган, хонадонларимизнинг файзи бўлган мўътабар кексаларимизнинг фаровон ва муносиб умр кечиришлари учун кенг кўламли чора-тадбирларни амалга ошириш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки инсоний бурчимиз, деб қабул қилишимиз даркор. 
 
Шу борада маҳаллалар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кексалар ва ногиронларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатадиган тузилмаларини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратиш лозим. 
 
Бунда турли муассаса ва хизматлар, биринчи навбатда, пенсия, ижтимоий таъминот ва тиббий хизмат кўрсатиш муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш ва зарур даражада назорат қилиш масалалари назарда тутилиши керак. 
 
Азиз ватандошлар! 
 
Биз мамлакатимизни ислоҳ этиш ва янгилаш борасидаги ишларимизни давом эттириш ва янада чуқурлаштириш, иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини изчил юксалтириб бориш бўйича 2015 йилда ва ундан кейинги йилларда ўз олдимизга юксак, айни вақтда аниқ мақсад ва вазифаларни қўймоқдамиз. 
 
Ишончим комилки, уларнинг барчаси муқаддас ва саховатли заминимизда яшаётган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар қайси инсоннинг манфаатларига тўла жавоб берадиган, чуқур ҳаётий асосга, амалга оширишнинг реал имкониятларига эга бўлган вазифалардир. 
 
Ана шундай мақсад-муддаоларимизнинг рўёбга чиқиши, мамлакатимизда тинчлик-осойишталик ва тотувлик муҳитининг барқарор бўлиши барчамизга, ҳар биримизнинг ўз жойимизда бизга ишониб топширилган вазифани қай даражада масъулият билан адо этишимизга боғлиқ эканини унутмаслигимизни истардим. 
 
Мана шу эзгу мақсад йўлида барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад ёр бўлишини тилайман. 
 
Манба: UzA 
«« Қайтиш

 

© Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази