САЙТ ЯНГИЛИКЛАРИ

 

ПРЕСС-РЕЛИЗ


Аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва саводхонлигини оширишда ҳуқуқий ахборотлардан эркин фойдаланишни ташкил этиш фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг муҳим омилларидан бири саналади.


Ану шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳамда Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси ҳамкорлигида “Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасининг янги имкониятлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаcида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришнинг айрим масалалари” мавзусида анжуман ташкил этилди.


Тадбирда суд-ҳуқуқ соҳасида ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш, аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш даражасини ошириш мавзусига оид бир қатор масалалар атрофлича муҳокама этилди. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг биринчи ўринбосари М.Икрамов, “Lex.Uz тизимининг яратилишидан бугунги кунга қадар уни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар хусусида батафсил сўз юритди.

 

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини яратиш ва сақлашни ташкил қилиш, юридик ва жисмоний шахсларнинг ундан белгиланган тартибда фойдаланишини таъминлаш Адлия вазирлиги фаолиятининг асосий йўналишларидан бири саналади.

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 31 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасидан кенг фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, юридик ва жисмоний шахсларнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларидан кенг фойдаланишини таъминлаш, шунингдек ахборот-коммуникация технологияларининг замонавий воситаларидан фойдаланган ҳолда ҳуқуқий ахборотларни аҳолига етказиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида, 2010 йил 1 январдан бошлаб барчанинг Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси “LexUz” дан бепул фойдаланиши жорий этилди.

 

Ўтган йиллар мобайнида мазкур ахборот тизимини такомиллаштириш ва аҳолига қулай тарзда ишлашини ташкил этишга қаратилган бир қатор ишлар амалга оширилди. Анжуман доирасида қонун ҳужжатлари маълумотлари Миллий базаси LexUz тизимининг янги кўринишдаги ишлашга қулай кўринишининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

 

Тақдимот жараёнида “LexUZ” тизимининг янги дизайни ва имкониятлари, ҳамда жорий йилда мазкур тизимда амалга оширилган кенг кўламли янгиланишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

 

Таъкидланганидек, LexUz тизимида ўзбек ва рус тилларида 1990 йилдан ҳозирги кунга қадар қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари, кодекслари, Фармонлар, қарорлар, фармойишлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлари, Конституциявий суд, Олий суд ва Олий хўжалик суди қарорлари, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ҳамда техник тусдаги бошқа ҳужжатлар мавжуд.

 

Янги тизимнинг қулай жиҳатлари энг аввало, излаш тизимининг тубдан қайта ишланганлиги, унга янги кўринишда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳужжатлари, халқаро шартномалар, техник тусдаги ҳужжатлар, суд амалиёти ҳужжатларини излаш шакллари жорий қилинганлигининг аҳамиятлидир.
Ҳужжат тури, қабул қилган ташкилот ва йиллар кесимида тезкор излаш имконияти яратилди ҳамда кўп кўрилган ҳужжатлар рўйхати, ҳужжатлар тўплами киритилди.

 

Мазкур сайтга бугунги кунда қарийб 28 мингга яқин ҳуқуқий ҳужжатлар жойлаштирилган бўлиб ҳар куни унга 6000 мингдан зиёд фойдаланувчи ташриф буюрмоқда.

 

Анжуманда Миллий базанинг келгусидаги режалари, таълим даргоҳларида ундан фойдаланиш қоидалари, кўп мурожаат қилинадиган ҳужжатлар рўйхати, ҳамда маълумотларни тегишли мутахассисларнинг шарҳлари асосида янада бойитиш борасида белгиланган вазифалар юзасидан бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.

 

17.12.2013

«« Қайтиш