Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Сайт янгиликлари

Lex.uz - миллий тизимнинг янги имкониятлари


Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан “Lex.uz” — қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий тизимининг янги имкониятлари” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги қарори билан тасдиқланган, “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида”ги низомда вазирликнинг вазифалари қаторида, Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасининг юритилишини ташкил қилиш, юридик ва жисмоний шахсларнинг ундан белгиланган тартибда фойдаланишини таъминлаш кўрсатиб ўтилган.

Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг биринчи ўринбосари Е.Каньязов, Lex.Uz тизимининг яратилишидан бугунги кунга қадар уни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар хусусида батафсил сўз юритди.

Таъкидланганидек, Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 5 августдаги “Қонун ҳужжатларини туркумлашни такомиллаштириш ва ҳуқуқий ахборотларни тарқатишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (ҚҲММБ) ташкил этилиб ундан интернет тармоғининг “LEX.UZ” сайти орқали фойдаланиш имкониятлари жорий этилди.

Lex.Uz миллий тизимининг асосий мақсади, юридик ва жисмоний шахсларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан кенг фойдаланишини таъминлаш орқали аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳуқуқий ахборотлар билан таъминлаш ишларини такомиллаштириш ҳисобланади.

Унда ўзбек ва рус тилларида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 1990 йилдан ҳозирги кунга қадар республикамизда қабул қилинган қонунлар, кодекслар, Олий Мажлиси палаталари қарорлари, Президент фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, фармойишлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлари, Конституциявий суд, Олий суд ва Олий хўжалик суди қарорлари хамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари мавжуд. 

Мазкур миллий тизимда бугунги кунда 25 мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар жойлаштирилган. Ҳозирда тизимга маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий тусдаги қарорларини киритиш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Эътиборлиси, Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 31 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасидан кенг фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ,  2010 йил 1 январдан бошлаб барчанинг Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасидан бепул фойдаланишижорий этилди. Бу эса, Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий тизимининг янги босқичини бошлаб берди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, миллий тизим интернет тармоғи орқали норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан бепул фойдаланиш имконини берувчи мамлакатимиздаги ягона ахборот-ҳуқуқий тизим ҳисобланади.

Журналистларнинг саволларига соҳа ходимлари “Lex.Uz” сайтида сўнги йилларда амалга оширилган янгиланишлар ҳақида батафсил жавоб беришди. Мамлакатимизда ундан фойдаланувчилари сонини янада ошириш, зарур қулайликлар яратиш мақсадида, 2012 йил 1 январдан сайтнинг янги дизайни ва оммабоп интернет браузерлари орқали фойдаланиш имконияти яратилганлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, сўнги йилларда уяли алоқа воситалари орқали интернет хизматидан фойдаланишнинг оммалашиб бораётганлиги ҳисобга олиниб, “Lex.uz”нинг интернет мобиль версияси яратилди. Энди фойдаланувчилар исталган вақтда уяли алоқа воситалари билан интернет орқали норматив-ҳуқуқий ва бошқа хужжатлар билан танишиш имкониятига эгалар.

Матбуот анжуманида Қонун ҳужжатлари маълумотлар миллий базасидан ҳуқуқий муносабатлар ривожланишнинг ҳозирги жараёнида барча давлат ва хўжалик бошқарув органлари, ўқув юртлари ва нодавлат ташкилотлари кенг фойдаланишларини таъминлашга қаратилган ишлар ҳақида ҳам иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олдилар.

Муаллиф: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ахборот хизмати