Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Сайт янгиликлари

2012 йил 19 апрелдан 27 апрелгача қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати ҳамда уларга қисқача изоҳлар


1. Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 24 апрелдаги ЎРҚ-326-сонли «Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Тамакига қарши курашиш бўйича Ҳадли конвенциясига (Женева, 2003 йил 21 май) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида»ги Қонуни

Ўзбекистон Республикаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Тамакига қарши курашиш бўйича Ҳадли конвенциясига (Женева, 2003 йил 21 май) қўшилди.

2. Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 26 апрелдаги ЎРҚ-327-сонли «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонуни

«Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Ушбу Қонун билан оилавий корхонани ташкил этиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби, оилавий корхонанинг ҳамда унинг иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари , оилавий корхонанинг фаолияти, оилавий корхонада меҳнат. оилавий корхона иштирокчилари ва ёлланма ходимларининг ижтимоий муҳофазаси ҳамда оилавий корхона фаолияти эркинлигининг кафолатлари белгиланди.

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 26 апрелдаги ПҚ-1745-сонли «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарори

Оммавий ахборот воситаларининг таҳририятлари, нашриётлар, полиграфия ташкилотлари, телерадиоэшиттириш компаниялари учун ягона солиқ тўлови ставкалари солиқ солинадиган базага нисбатан 5% миқдорида белгиланди. Шунингдек, юридик шахсни ташкил этмасдан газеталар, журналлар ва китоб маҳсулотлари билан чакана савдо билан шуғулланувчи жисмоний шахслар учун қатъий белгиланган солиқ ставкалари (энг кам иш ҳақига нисбатан каррали миқдорда) Тошкент шаҳрида 5,0, Нукус шаҳри ва вилоят бўйсунувидаги шаҳарларда 3,0, бошқа аҳоли пунктларида 2,0 миқдорда белгиланди.

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 19 апрелдаги 115-сонли «Саноат тармоқлари корхоналарининг маънавий эскирган ва ейилган асбоб-ускуналарини жадал янгилашга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори

Вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқилган 2012 — 2014 йилларда ва кейинги йилларда саноат тармоқларининг йирик корхоналарининг маънавий эскирган ва ейилган асбоб-ускуналарини замонавий, жаҳон даражасида синаб кўрилган асбоб-ускуналар билан алмаштирган ҳолда уларни фойдаланишдан чиқариш ва янгилашнинг мақсадли параметрлари маъқулланди.

Ўтказилган техник аудит натижасида аниқланган ҳисобдан чиқариладиган ейилган ва маънавий эскирган технологик асбоб-ускуналар ва жиҳозлар мажбурий тартибда қора ва рангли металлар парчалари шаклида фақат «Ўзметкомбинат» очиқ акциядорлик жамияти ва «Тошкент рангли металл парчалари ва чиқиндиларини қайта ишлаш заводи» очиқ акциядорлик жамияти бўлинмаларига шартномавий нарх бўйича сотилади, тушган маблағлар замонавий асбоб-ускуналар сотиб олишга мақсадли йўналтирилиши белгиланди.

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 20 апрелдаги 117-сонли «Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ишбилармонлик муҳитининг ҳолати ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш даражаси индикаторларини ҳар чоракда баҳолаш тизимини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори

Эркинлаштиришни давом эттириш ва эркин бозор иқтисодиёти йўлидан боришни янада жадаллаштириш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш динамикасини тизимли таҳлил қилиш ҳамда ишбилармонлик муҳити даражасини баҳолаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ишбилармонлик муҳитининг ҳолати ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш даражаси индикаторларини ҳар чоракда баҳолашнинг тизими 2012 йил 1 июлдан бошлаб жорий этилмоқда.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 25 апрелдаги 119-сонли «Гербли гувоҳномалар шаклларини ва уларни берганлик учун герб йиғими миқдорини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори

Туғилганлик, никоҳ тузилганлиги, никоҳдан ажралганлик ва ўлим ҳақидаги гербли гувоҳномаларнинг янги шакллари тасдиқланди. Улар 2012 йил 1 июлдан жорий этилади.

Қуйидагилар белгиланди:

гербли гувоҳномалар бланкалари қатъий ҳисобда турувчи ҳужжатлар ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ягона намунада тасдиқланадиган тегишли ҳимояланганлик даражасига эга бўлган махсус қоғозда тайёрланади;

гербли гувоҳномалар бланкаларини тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг буюртманомалари асосида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги «Давлат белгиси» давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан амалга оширилади.

Гербли гувоҳномаларни 2013 йил 1 январгача амалдаги бланкаларда расмийлаштириш ва беришга рухсат этилди.

Янги гербли гувоҳномалар берганлик учун (ўлим ҳақидаги гербли гувоҳнома бундан мустасно) герб йиғимининг миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида белгиланди.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 25 апрелдаги 120-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Вазирлар Маҳкамасининг «Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида сув таъминотини яхшилаш лойиҳаларини амалга ошириш учун жалб қилинган хорижий кредит ва қарз маблағларига ўз вақтида хизмат кўрсатишни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2012 йил 7 мартдаги 66-сон қарори)»ги қарори

Вазирлар Маҳкамасининг «Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида сув таъминотини яхшилаш лойиҳаларини амалга ошириш учун жалб қилинган хорижий кредит ва қарз маблағларига ўз вақтида хизмат кўрсатишни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2012 йил 7 мартдаги 66-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисобланди.

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 26 апрелдаги 122-сонли «Тиббиёт муассасаларини юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун Япония Ҳукуматининг грантини ўз вақтида ва самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори

Япониянинг Ўзбекистон Республикасидаги Элчихонасининг 2012 йил 7 февралдаги нотасига мувофиқ Японияда ишлаб чиқарилган юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналарни етказиб бериш учун Япония Ҳукумати томонидан Ўзбекистон Республикасига бериладиган мақсадли грантнинг аниқлаштирилган миқдори Япониядаги молиявий вазият туфайли илгари режалаштирилган 300 млн Япония йени (3,9 млн АҚШ долларига тенг) ўрнига 250 млн Япония йенини (3,0 млн АҚШ долларига тенг) ташкил этди.

2012 йил 20 мартда Японияда ишлаб чиқарилган юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналарни етказиб бериш учун мақсадли грант бериш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Япония Ҳукумати ўртасида Айирбошлаш ноталари имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги билан биргаликда имзоланган Айирбошлаш ноталари қоидаларини зарур тарзда ижро этиш бўйича зарур тадбирларни амалга ошириш топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Япония Ҳукуматининг гранти маблағлари ҳисобига ҳисоб-китоблар бўйича операцияни амалга оширувчи хизмат кўрсатувчи банк этиб белгиланди.

9. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2012 йил 14 апрелдаги 11/1-сонли «Тижорат банкларида корпоратив бошқарув тўғрисидаги низомга қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 943-2, 2012 йил 20 апрель)

Тижорат банкларида корпоратив бошқарув тўғрисидаги низомга қўшимчалар киритилган бўлиб уларга мувофиқ, банк Бошқаруви таркибига раис, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер ва банкнинг юридик хизмати раҳбари киради.

10. Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазирининг 2012 йил 21 мартдаги 270-сонли «Ўзбекистон Республикасида спорт турлари реестри тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 2354, 2012 йил 25 апрель)

Ўзбекистон Республикасида спорт турлари реестри тўғрисидаги низом тасдиқланган бўлиб унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида ривожланаётган спорт турлари ва спортнинг таркибий қисмлари рўйхати ва уларни Ўзбекистон Республикаси спорт турлари реестрига киритиш тартиби белгиланди.

11. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Олий судининг 2012 йил 12 апрелдаги 8, 12, 50-сонли «Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, шунингдек уларга тенглаштирилган ташкилотлар ходимларига нисбатан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чораларини қўллаш ҳақидаги йўриқномага ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги қарори (рўйхат рақами 2338-1, 2012 йил 26 апрель)

Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, шунингдек уларга тенглаштирилган ташкилотлар ходимларига нисбатан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чораларини қўллаш ҳақидаги йўриқномага ўзгартириш киритилган бўлиб, унга мувофиқ давлат стандарти нормаларига мувофиқ бўлмаган кўзгусимон ёки туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойналар «CMD», «D», «UN» ва «X» серияли давлат рўйхатидан ўтказиш рақам белгилари бўлган транспорт воситаларини тўхтатишга асос ҳисобланмайди.

12. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2012 йил 30 мартдаги 2012/17-сонли «Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан депозитарийларда рўйхатга олинган акцияларга доир битимлар тўғрисидаги ахборотни Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 2355, 2012 йил 26 апрель)

Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан депозитарийларда рўйхатга олинган акцияларга доир битимлар тўғрисидаги ахборотни Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган бўлиб, унга мувофиқ акцияларга доир битимларни рўйхатга олувчи депозитарийлар битимлар тўғрисидаги ахборотни ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг биринчи иш кунидан кечиктирмай Марказий депозитарий томонидан қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда ишлаб чиқиладиган маълумотлар формати шифрланган электрон ҳужжат кўринишида Марказий депозитарийга тақдим этади.

13. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Молия вазирлигининг 2012 йил 15 мартдаги 15, 29-сонли «Ногиронлар ва кексаларни бепул санатория-курорт йўлланмалари билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 2356, 2012 йил 27 апрель)

Ногиронлар ва кексаларни бепул санатория-курорт йўлланмалари билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги йўриқнома тасдиқланган бўлиб, унга мувофиқ санатория-курортда даволанишга муҳтож ишламайдиган ногиронлар, пенсионерлар ва ёлғиз кексаларни кексалар ва ногиронлар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийлар учун бепул санатория-курорт йўлланмалари билан таъминлаш тартибини белгилайди.

Ушбу Йўриқномага мувофиқ йўлланмалардан фойдаланувчи ногиронлар ва кексалар тоифасига қуйидаги шахслар киради:

Иккинчи жаҳон уруши ногиронлари ва қатнашчилари ҳамда уларга тенглаштирилган шахслар, шунингдек 1-гуруҳ уруш ногиронини кузатиб борувчи шахс;

фронт ортидаги фидокорона меҳнати ва бенуқсон ҳарбий хизматлари учун собиқ ССР Иттифоқининг орден ва медаллари билан тақдирланган, Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги меҳнат фронти қатнашчилари;

ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оилалари;

республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчи шахслар;

Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахслар, шунингдек, Чернобиль ҳалокати сабабли ногирон бўлиб қолган шахслар;

ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган шахслар;

I ва II-гуруҳ ногиронлари, кўзи ожиз I-гуруҳ ногиронини кузатиб борувчи шахс;

ишламайдиган ёлғиз кексалар;

ишламайдиган ёшга доир пенсионерлар.