Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Сайт янгиликлари

2012 йил 13 апрелдан 20 апрелгача қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати ҳамда уларга қисқача изоҳлар


(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 16-сон (516) 2012 йил 23 апрель)

1. Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-325-сон «Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 477-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги Қонуни

Фуқаролик кодексининг 477-моддасига ўзгартириш киритилди, унга мувофиқ энергия таъминоти шартномаси бўйича мажбуриятлар бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган ҳолларда, энергия билан таъминловчи ташкилот шу туфайли етказилган зарарнинг, абонент эса етказилган ҳақиқий зарарнинг ўрнини қоплаши шарт

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 13 апрелдаги ПФ-4436-сонли «Ангрен» махсус индустриал зонасини барпо этиш тўғрисида»ги Фармони

Тошкент вилоятида фаолият юритиш муддати 30 йилни ташкил этадиган ва бу муддат кейинчалик узайтирилиши мумкин бўлган «Ангрен» махсус индустриал зонаси барпо этилди.

«Ангрен» махсус индустриал зонаси қатнашчилари, киритилган инвестицияларнинг ҳажмига қараб 3 йилдан 7 йилгача муддатга:

юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, уларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини тўлашдан, кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, шунингдек Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан;

республикада ишлаб чиқарилмайдиган, лойиҳаларни амалга ошириш доирасида «Ангрен» МИЗ ҳудудига Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган ускуналар, бутловчи буюмлар ва материаллар бож тўловлари (божхона йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод қилинди.

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 18 апрелдаги ПФ-4438-сонли «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги Фармони

9 май умумхалқ байрами - Хотира ва қадрлаш куни ўтказилиши, шунингдек 1941 - 1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 67 йиллиги нишонланиши муносабати билан ҳамда уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 400 000 (тўрт юз минг) сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти белгиланди.

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 апрелдаги 109-сонли «Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспортида йўловчилар, багаж ва юк багаж ташиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори

Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспортида йўловчилар, багаж ва юк багаж ташиш қоидалари тасдиқланди.

Мазкур Қоидалар ички темир йўл йўналишларида темир йўл транспортида йўловчилар, қўл юки, багаж ва юк багажини ташиш бўйича хизматлар кўрсатилишида ташувчи ва йўловчи, юк жўнатувчи ва юк қабул қилувчи ўртасида юзага келувчи муносабатларни тартибга солинди.

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 апрелдаги 110-сонли «Тараққиёт учун озиқ-овқат» дастури доирасида республика қишлоқ аҳоли пунктларининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш ҳамда Шредер номидаги боғдорчилик ва узумчилик илмий-тадқиқот институтининг Қорақалпоғистон филиали лабораториясини жиҳозлаш лойиҳаларини молиялаштириш тўғрисида»ги қарори

Қишлоқ аҳоли пунктларининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш, қишлоқ хўжалиги илмий муассасаларини замонавий лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш ҳамда Америка Қўшма Штатлари Ҳукумати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида тузилган «Тараққиёт учун озиқ-овқат» дастури бўйича қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бериш тўғрисидаги Битим доирасида Ўзбекистон Республикасига берилган грантдан самарали фойдаланиш мақсадида «Тараққиёт учун озиқ-овқат» дастури доирасидаги грант маблағлар ҳисобига 2012 йилда молиялаштириладиган лойиҳалар рўйхати тасдиқланди.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 17 апрелдаги 111-сонли «Оилаларнинг ижтимоий-маиший шароитларини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори

Маҳаллий маиший техника ишлаб чиқаришнинг ишлаб турган қувватларини кенгайтиришга, оилаларга узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни истеъмол кредити сифатида беришга ва жамоа бўлиб фойдаланиладиган кирхоналар ташкил этиш йўли билан хотин-қизлар меҳнатининг ижтимоий-маиший шароитларини яхшилашга йўналтирилган чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш мақсадида 2012 - 2014 йилларда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан электр-маиший техника ишлаб чиқаришнинг прогноз параметрлари ва 2012 йилда қурилаётган якка тартибдаги уй-жой қурилиши мавзеларида жамоа бўлиб фойдаланиладиган кирхоналар ташкил этишнинг мақсадли параметрлари тасдиқланди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан ишлаб чиқилган 2012 - 2014 йилларда электр-маиший техника товарлари сотиб олиш учун аҳолига ажратиладиган истеъмол кредитларининг прогноз параметрлари маьқулланди.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 17 апрелдаги 113-сонли «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга қўшимча киритиш ҳақида»ги қарори

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга қўшимча киритилган бўлиб, унга мувофиқ Ҳарбий хизматчилар турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун пул компенсациясини олиш мақсадида командирга (бошлиққа) рапорт бераётганида, турар жойни ижарага олганлик (ижара) шартномасининг нотариал тасдиқланган нусхасини ҳам тақдим этиши лозим.

8. Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2012 йил 28 мартдаги 82-сонли «Шифокор рецептисиз сотиладиган дори воситаларининг рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғи (рўйхат рақами 2353, 2012 йил 18 апрель)

Шифокор рецептисиз сотиладиган дори воситаларининг рўйхати тасдиқланди. Ушбу рўйхатда умумий сони 1344 дона дори воситаларининг савдо номи ва шакллари келтирилган.

9. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бош директорининг 2012 йил 20 мартдаги 6-ю-сонли «Юқори частотали қурилмаларнинг рухсат берувчи ҳужжатларини расмийлаштириш, қурилмаларни рўйхатга олиш ва уларнинг техник параметрларини ўлчашни ўтказиш тартиби тўғрисида йўриқномага ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 1751-1, 2012 йил 18 апрель)

Тадбиркорлик фаолияти эркинлигини чекловчи бюрократик тўсиқларни бартараф этишни давом эттириш мақсадида Юқори частотали қурилмаларнинг рухсат берувчи ҳужжатларини расмийлаштириш, қурилмаларни рўйхатга олиш ва уларнинг техник параметрларини ўлчашни ўтказиш тартиби тўғрисида йўриқномага ўзгартиришлар киритилган бўлиб, уларга мувофиқ бундан буён юқори частотали қурилмаларни сотишга рухсат талаб қилинмайди.‎

10. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Молия вазирлигининг 2012 йил 11 апрелдаги 18, 37-сонли «Давлат ва ҳўжалик бошқаруви органлари бошқарув, хизмат кўрсатувчи ва техник ходимларининг миқдорини ўзаро нисбат нормативларини аниқлаш методикасига ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги қарори (рўйхат рақами 1288-1, 2012 йил 19 апрель)

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари бошқарув, хизмат кўрсатувчи ва техник ходимларнинг миқдорини ўзаро нисбат нормативларини аниқлаш методикасига ўзгартириш киритилган бўлиб, унга мувофиқ, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида «бинолар фарроши» лавозими 800 кв. метр тозаланадиган майдонга 1 киши шарти билан киритилади.