САЙТ ЯНГИЛИКЛАРИ

 

2012 йил 5 апрелдан 13 апрелгача қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати ҳамда уларга қисқача изоҳлар


(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 15-сон (515) 2012 йил 16 апрель)

1. Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 10 апрелдаги ЎРҚ-321-сонли «Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонуни

«Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати қонунчиликни ўзаро мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

2. Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 10 апрелдаги ЎРҚ-322-сонли «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни

Қонунчиликни ўзаро мувофиқлаштириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, Солиқ кодекси ҳамда «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги ва «Жамоат фондлари тўғрисида»ги қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

3. Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 11 апрелдаги ЎРҚ-323-сонли «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонуни

«Суғурта фаолияти тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган бўлиб, уларга мувофиқ, жумладан, суғурталовчи суғурта ҳодисаси рўй беришининг сабаблари ва ҳолатларини, шунингдек суғурта товони (суғурта пули) миқдорини белгилаш учун зарур бўлган тегишли ахборот ва ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан, судлар, тиббиёт, сейсмология, ветеринария, гидрометеорология ташкилотлари ҳамда бошқа ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраш ва олишга ҳақли.

4. Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-324-сонли «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонуни

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига порнографик ва зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш учун жавобгарликни белгиловчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 апрелдаги ПФ-4434-сонли «Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони

Хорижий инвесторнинг пул шаклидаги улуши 5 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган янгидан ташкил этилаётган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб 10 йил мобайнида солиқ қонунчилигида ўзгаришлар юз берган ҳолларда, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи (товарлар, ишлар, хизматларни реализация қилиш айланмаси), мол-мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ягона ижтимоий тўлов, ягона солиқ тўлови, шунингдек, Республика йўл жамғармасига ҳамда Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашнинг мазкур корхоналар давлат рўйхатидан ўтиш санасида амал қилган меъёрлари ва қоидаларини қўллашга ҳақлидирлар.

Шунингдек, қиймати 50 миллион АҚШ долларидан ошадиган ва хорижий инвесторнинг улуши камида 50 фоиз бўлган инвестиция лойиҳалари доирасида, ишлаб чиқариш майдонидан ташқаридаги зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш бюджет маблағлари ҳамда бошқа ички молиялаштириш манбалари ҳисобидан амалга ошириш тартиби белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2005 йил 11 апрелдаги ПФ-3594-сон Фармони билан белгиланган солиқ имтиёзлари 2012 йилнинг II чорагидан бошлаб:

иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида фаолият юритаётган;

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти истисно этилган ҳолда, республиканинг барча минтақаларида жойлаштириладиган хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналарга татбиқ этилди.

Вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари, тижорат банклари томонидан хорижий инвесторлар ҳамда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг фаолияти билан боғлиқ қўшимча талаблар ва чекловлар ўрнатилиши қатъиян тақиқланди ва бу ҳол қонунга хилоф деб ҳисобланди.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги 101-сонли «Ўзбекистон Республикасида архив ишини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори

Ўзбекистон Республикасининг «Архив иши тўғрисида»ги Қонуни талабларини амалга ошириш мақсадида:

Архив ҳужжатларини жамлаш, давлат ҳисобига олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом;

Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди Давлат каталоги тўғрисида низом;

Архивларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби тўғрисида низом;

Архивлар ва идоравий архивлар томонидан хизматлар кўрсатиш тартиби тўғрисида низом;

Архивлар мутахассисларини Ўзбекистон Республикаси корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари ҳужжатларини тартибга келтиришга компетентлиги юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида низом;

Архив ҳужжатларини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиш ва архив ҳужжатларини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга архив ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди таркибига киритилган ўз архив фондларининг ҳажми ва таркиби ҳақидаги маълумотларни белгиланган муддатларда ва шаклларда тегишли архивларга мунтазам равишда тақдим этилишини таъминлаш топширилди.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 9 апрелдаги 103-сонли «2012 йилда умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларни ва хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини таъмирлаш дастури тўғрисида»ги қарори

2012 йилда маҳаллий ва хўжаликлараро қишлоқ аҳамиятга эга бўлган умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларини мукаммал ва ўртача таъмирлаш дастури;

2102 йилда халқаро ва давлат аҳамиятига эга бўлган умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларини мукаммал ва ўртача таъмирлаш дастури тасдиқланди.

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 апрелдаги 105-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг нотариат фаолиятини ташкил этишга доир айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қарори

Нотариат институти такомиллаштирилиши муносабати билан, шунингдек янги ташкил этилган нотариал идораларни юқори малакали кадрлар билан тўлдириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматимнинг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилган бўлиб, уларга мувофиқ стажёрлар ва архивариуслар сони ҳар бир лавозим бўйича республикадаги нотариуслар умумий сонининг 25 фоизидан ошмаслиги керак.

9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 11 апрелдаги 106-сонли «Ҳосилдорлиги паст бўлган ерларда давлат эҳтиёжлари учун пахта хом ашёси етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори

Ҳосилдорлиги паст бўлган ерларда давлат эҳтиёжлари учун пахта хом ашёси етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган бўлиб, унга мувофиқ, туман комиссияси томонидан ғўза экилган майдонлар ҳосилдорлиги паст ерлар деб қабул қилинган хўжалик раҳбари (бошқарувчиси), комиссия хулосасидан кўчирма олгандан сўнг 10 кун мобайнида туман молия бўлимига молиявий қўллаб-қувватлаш олиш учун хўжаликни ҳосилдорлиги паст бўлган ерларда пахта хом ашёси етиштирувчи хўжаликлар рўйхатига киритиш ҳақида ариза тақдим этади.

10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 11 апрелдаги 107-сонли «Давлат божхона хизмати органларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори

Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 30 июлдаги 374-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг бюджетдан ташқари махсус жамғармаси божхона йиғимлари ва кўрсатилган хизматлар учун тўловлар шаклидаги тушумларнинг 40 фоизини ажратиш ҳисобига шакллантириладиган тартиб белгиланди.

11. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2012 йил 9 апрелдаги 83-мҳ-сонли «Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида услубий кўрсатмаларни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 2352, 2012 йил 9 апрель)

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида услубий кўрсатмалар тасдиқланди.

Мазкур Услубий кўрсатмалар билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келиши ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш тартиби, ҳамда аниқ мисолларни кўрсатган холда уларнинг матнига бўлган аниқ талаблар ўрнатилди.

12. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг 2012 йил 19 мартдаги 01-02/15-4-сонли «Божхона қийматини тўғрилаш БҚТ-1 ва БҚТ-2 шаклларини тўлдириш бўйича йўриқномага ўзгартириш киритиш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 920-3, 2012 йил 13 апрель)

Қонунчилик ўзаро мувофиқлаштириш мақсадида Божхона қийматини тўғрилаш БҚТ-1 ва БҚТ-2 шаклларини тўлдириш бўйича йўриқномага ўзгартириш киритилди.

13. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2012 йил 2 мартдаги 26-сонли «Ўзбекистон Республикаси бюджет таснифини қўллаш бўйича йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 2146-1, 2012 йил 13 апрель)

Қонунчиликни ўзаро мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси бюджет таснифини қўллаш бўйича йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

«« Қайтиш