САЙТ ЯНГИЛИКЛАРИ

 

2012 йил 28 мартдан 5 апрелгача қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати ҳамда уларга қисқача изоҳлар


(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 14-сон (514) 2012 йил 9 апрель)

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 мартдаги 89-сонли «Умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголли маҳсулотлар сотиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори

Алкоголли маҳсулотларни сотиш бўйича талаблар белгиланган бўлиб, уларга мувофиқ:

умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголли маҳсулотлар фақат алкоголли маҳсулотларни сотиш ҳуқуқи учун рухсат гувоҳномалари асосида сотилади;

умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголли маҳсулотларни сотиш ҳуқуқи учун ойига энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баравари миқдорида йиғим ундирилади, тушган маблағлар кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланган тартибда тақсимланади.

Шунингдек, Умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголли маҳсулотларни сотиш ҳуқуқи учун рухсат гувоҳномаси бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Низомга мувофиқ, рухсат гувоҳномаси бериш (амал қилиш муддатини 10 кунгача тўхтатиб туриш, шунингдек амал қилиш муддатини тўхтатиш, уни бекор қилиш юзасидан суд тартиботини бошлаш) тўғрисидаги қарор Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги алкоголли маҳсулотларни чакана сотиш ҳуқуқи учун рухсат гувоҳномалари бериш бўйича махсус комиссиялар томонидан қабул қилинади.

Умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголли маҳсулотларни сотиш ҳуқуқи учун ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баравари миқдорида йиғим ундирилади, тушган маблағлар кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда тақсимланади.

2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 29 мартдаги 91-сонли «Тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори

Республика тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек уларнинг фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш мақсадида:

2012 - 2015 йилларда кечиктириб бўлмайдиган ва шошилинч тиббий ёрдам хизматларининг моддий-техника базасини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш дастури;

2012 - 2015 йилларда онкология хизматининг моддий-техника базасини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш дастури;

Халқаро молиявий институтларнинг грантлари ва имтиёзли кредитлари ҳисобига 2012 - 2015 йилларда республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларини юқори технологияли анжомлар билан жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш) дастури;

Силга қарши муассасаларни қайта жиҳозлаш учун сотиб олинадиган юқори технологияли анжомлар рўйхати маъқулланди.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 30 мартдаги 93-сонли «2012 йил учун қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш дастури тўғрисида»ги қарори

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида назарда тутилган қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш мақсадида 2011 йил учун қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш дастури тасдиқланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига Дастурнинг бажарилиб борилиши мониторингини белгиланган тартибда таъминлаш ва ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб бориш топширилган.

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 апрелдаги 94-сонли «Мавжуд ва қурилаётган автоёнилғи қуйиш шохобчаларини шаҳарсозлик нормалари ҳамда улардан фойдаланиш хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини инвентаризациядан ўтказиш тўғрисида»ги қарори

Автоёнилғи қуйиш шохобчаларини қуриш ва улардан фойдаланиш ҳолатини ўрганиш ва улардан хавфсиз фойдаланишни таъминлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш бўйича Республика ишчи комиссияси таркиби тасдиқланди.

Республика ишчи комиссиясининг асосий вазифалар этиб қуйидагилар белгиланди:

республика ҳудуди кесимида автоёнилғи қуйиш шохобчаларини хатловдан ўтказишни ташкиллаштириш;

ҳудудий ишчи гуруҳларнинг автоёнилғи қуйиш шохобчаларини сифатли хатловдан ўтказиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

автоёнилғи қуйиш шохобчаларининг хатлови натижаларини умумлаштириш ва танқидий таҳлил қилиш;

автоёнилғи қуйиш шохобчаларини қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

автоёнилғи қуйиш шохобчаларидан хавфсиз фойдаланишни таъминлаш бўйича таклифларни тайёрлаш ва уларни ҳудудларнинг транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожланишини инобатга олган холда оптимал жойлашиш схемаларини ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент ш. Ҳокимиятлари томонидан бериладиган ёнилғи қуйиш шохобчаларини қуриш ва улардан фойдаланиш рухсатномаларини кўриб чиқиш ва беришдаги талабларни қайта кўриб чиқиш ва уларни кучайтириш.

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 2 апрелдаги 95-сонли «Фарғона гарнизонининг ҳарбий шаҳарчалари инфратузилмасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори

2012 - 2015 йилларда Фарғона гарнизонининг ҳарбий шаҳарчалари инфратузилмасини ривожлантириш ва такомиллаштириш дастури тасдиқланди.

Дастурда назарда тутилган инфратузилма объектларининг қурилиш-монтаж ишлари бўйича қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги - буюртмачи этиб;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг «Ҳарбийлойиҳа» лойиҳалаш институти» давлат корхонаси - бош лойиҳалаш ташкилоти этиб;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Ҳарбий-қурилиш бошқармаси - бош пудратчи ташкилот этиб белгиланди.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 3 апрелдаги 96-сонли «2012/2013 ўқув йили учун Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетига қабул тўғрисида»ги қарори

Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетига 2012/2013 ўқув йили учун ўқувчилар қабул қилиш квотаси тўлов-контракт асосида 175 нафар этиб белгиланди, шу жумладан:

«Машинасозлик технологияси» мутахассислиги бўйича - 100 нафар;

«Энергетика» мутахассислиги бўйича - 25 нафар;

«Саноат-фуқаролик қурилиши » мутахассислиги бўйича - 25 нафар;

«Ахборот технологияси ва саноатда АБТ» мутахассислиги бўйича -

25 нафар.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 4 апрелдаги 98-сонли «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси - ахборот ресурс маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2012 йил 20 мартдаги ПҚ-1729-сон қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори

Қуйидагилар:

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси - ахборот ресурс марказининг ходимларнинг чекланган сони 136 нафар, шу жумладан бошқарув ходимлари 10 нафар бўлган янгиланган тузилмаси;

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси - ахборот ресурс маркази тўғрисидаги низом;

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси - ахборот ресурс маркази ҳузуридаги Республика методик кенгаши тўғрисидаги низом;

Ахборот-кутубхона муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

«Маърифат маркази» биносидан фойдаланиш ва бинога туташ ҳудудга хизмат кўрсатиш бўйича ихтисослаштирилган дирекция» давлат муассасаси директорига:

«Маърифат маркази» биносидан фойдаланиш ва бинога туташ ҳудудга хизмат кўрсатиш бўйича ихтисослаштирилган дирекция»нинг мураккаб муҳандислик-технология, сервер ва компьютер асбоб-ускуналаридан фойдаланишни ва уларни бошқаришни таъминловчи айрим раҳбарлари ва мутахассисларига 2012 йилнинг 1 апрелидан бошлаб лавозим маошларининг 100 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда ҳар ойлик устама белгилаш;

ходимларнинг тасдиқланган сони доирасида дирекциянинг амалдаги тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди.

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 4 апрелдаги 99-сонли «Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида юз берган табиий офат оқибатларини бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида содир бўлган табиий офат оқибатларини бартараф этиш юзасидан қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида, табиий офат натижасида бузилган 234 та уй-жой эгаларига имтиёзли нархларда қурилиш материалларини харид қилиши учун Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан Жиззах вилояти ҳокимлигига 2 092,0 млн сўм маблағ ажратсин.

9. «Физиотерапевтик бўлинмалар (кабинетлар) ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида» Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 2012 йил 29 февралдаги 10-Б-сонли буйруғи. (рўйхат рақами 2348, 2012 йил 31 март)

Физиотерапевтик бўлинмалар (кабинетлар) ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари тасдиқланган бўлиб, унда хавфсизликнинг умумий талаблари, ташкилотларда иш жараёнларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари, асбоб-ускуналарга қўйиладиган хавфсизлик талаблари, асбоб-ускуналарни таъмирлашда хавфсизлик талаблари, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди.

10. «Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишда уларга электрон рақамли имзо калитларини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бош директорининг 2012 йил 5 мартдаги 5-ю-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2349, 2012 йил 5 апрель)

Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишда уларга электрон рақамли имзо калитларини бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган бўлиб, унга мувофиқ тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олишда уларга бир вақтнинг ўзида электрон рақамли имзо калитларини бериш тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олувчи орган томонидан амалга оширилади.

11. Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2012 йил 2 мартдаги 5-сонли «Хўжалик юритувчи субъект устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олиш устидан назорат қилиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 2350, 2012 йил 5 апрель)

Хўжалик юритувчи субъект устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олиш устидан назорат қилиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Ушбу Низомга мувофиқ устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олиш бўйича битимлар, агар бу битимларни тузиш пайтида тегишли битимда иштирок этаётган шахслар активларининг жами баланс қиймати ёки охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олган жами тушуми энг кам иш ҳақининг юз минг баравари миқдоридан ортиқ бўлса ёхуд битим иштирокчиларидан бири устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект бўлса, монополияга қарши органнинг олдиндан розилиги бўлган тақдирда тузилади.

12. Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2012 йил 28 мартдаги 6-сонли «Товар бозорида хўжалик юритувчи субъектлар бирлашмаларини ташкил этиш, хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олиш устидан назорат қилиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 2351, 2012 йил 5 апрель)

Товар бозорида хўжалик юритувчи субъектлар бирлашмаларини ташкил этиш, хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олиш устидан назорат қилиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланган бўлиб, унга мувофиқ агар тегишли битимда иштирок этаётган шахслар активларининг жами баланс қиймати энг кам иш ҳақининг юз минг баравари миқдоридан ортиқ бўлса ёки уларнинг қўшиб юборилган ёки қўшиб олинган йилдан олдинги охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган жами тушуми энг кам иш ҳақининг юз минг баравари миқдоридан ортиқ бўлса ёхуд улардан бири товар бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект бўлса, хўжалик юритувчи субъектларни товар бозорида қўшиб юбориш ва қўшиб олиш учун монополияга қарши органнинг олдиндан розилиги олиниши зарур.

«« Қайтиш