А | Б | В | Г | Д | Е | Ё | Ж | З | И | К | Л | М | Н | О | П | Р | С | Т | У | Ф | Х | Ц | Ч | Ш | Щ | Ы | Э | Ю | Я | Ў | Қ | Ғ | Ҳ | #
A | B | C | D | E | F | G | H | I | J | K | L | M | N | O | P | Q | R | S | T | U | V | W | X | Y | Z | #

ЎзР Конституцияси ва бир қатор бошқа қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган судлов ишларини юритиш принципларидан бири.

“Ҳамма судларда ишлар очиқ кўрилади, - дейилади ЎзР Конституцияси 113-моддасининг биринчи қисмида. - Ишларни ёпиқ мажлисда тинглашга қонунда белгиланган ҳоллардагина йўл қўйилади”.

Ушбу принципнинг моҳияти у ёки бу суд иши бўйича процесс иштирокчиси бўлмаган барча фуқароларга унинг муҳокамасида ҳозир бўлиш имконияти таъминланишидан иборат. Бу одил судловнинг демократизмини таъминлашга кўмаклашади. Фуқароларга фуқаролик ёки жиноят иши муҳокамаси ўтказилаётган жойда ҳозир бўлиш имкониятининг берилиши одил судлов устидан жамоатчилик назоратининг бир шакли ҳисобланади, судни интизомга солади, юзага келадиган масалаларни ҳам шаклан, ҳам моҳиятан ҳал қилишга масъулиятлироқ муносабатда бўлишга ундайди.

Шу билан бирга, бу умумий қоидадан истисноларга йўл қўйилади. Мас., жиноят иши бўйича очиқ суд мажлиси бўлиб ўтаётган залга педагогик мулоҳазалардан келиб чиқиб, 16 ёшга тўлмаган шахслар киритилмайди. Шунингдек суд залида тартибни сақлаб туриш учун зарур бўлган ҳолларда раислик қилувчи айрим шахсларнинг суднинг очиқ мажлисида қатнашишини тақиқлаб қўйишга ҳақлидир.

Қонунлар суднинг ёпиқ мажлисларини ўтказиш қоидаларини ҳам белгилаб қўяди. Бундай мажлислар давлат сирларини қўриқлаш манфаатларини кўзлаб ҳамда жинсий жиноятлар тўғрисидаги ишлар кўриладиган ҳолларда ўтказилади.

Бундан ташқари, 18 ёшга тўлмаган шахсларнинг жиноятлари тўғрисидаги ишларни, шунингдек фуқароларнинг шахсий ҳаётига оид маълумотларни ёки уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган маълумотларни ошкор қилмаслик мақсадида ишда иштирок этувчи шахсларнинг, уларнинг оила аъзолари ёки яқин қариндошларининг хавфсизлигини таъминлаш тақозо этган ҳолларда бошқа ишларни ҳам суд томонидан ажрим чиқариб, ёпиқ суд мажлисида кўришга йўл қўйилади.

Шахсий ёзишма ва шахсий телеграф хабарномалари очиқ суд мажлисида фақат бу хат ва хабарларни жўнатган ҳамда олган шахсларнинг розилиги билан ошкор қилиниши мумкин. Акс ҳолда, улар ёпиқ суд мажлисида ўқиб эшиттирилади ва текширилади.

Ишни ёпиқ мажлисида кўриш барча процессуал қоидаларга риоя қилган ҳолда ўтказилади. Қабул қилинган суд ҳукмлари, ажримлари ва қарорлари барча ҳолларда ошкора эълон қилинади.

Конституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

Ушбу нашр давлат-ҳуқуқий атамаларининг энциклопедик луғатидир. У Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан бойитилган энг замонавий Конституциявий сўз бойлигини ўз ичига олади. Луғатда, шунингдек ўтган йилларда қўлланилиб келинган конституциявий-ҳуқуқий атамалар ҳам ўз аксини топди. Юридик ҳужжатларга кирган атамалар билан бир қаторда конституциявий ҳуқуқ фани ва унга туташ фанларнинг аксари қоидалари ҳамда сиёсатшунослик, жамиятшунослик ва бошқа фанларнинг ҳуқуқда қўлланиладиган атамаларига изоҳлар берилди.

Луғат турли даражадаги депутатлар, марказий ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари девонларининг ходимлари ҳамда ҳуқуқшунослик, сиёсатшунослик, фалсафа ва бошқа ижтимоий соҳалар бўйича ўқув юртларининг талабалари, аспирантлари ва ўқитувчилари ҳамда давлат ва ҳуқуқ муаммолари билан қизиқувчи кенг китобхонлар учун мўлжалланган.

Муаллифлар жамоаси:

Мустафоев Бўритош - Биринчи даражали Давлат Адлия маслаҳатчиси

Халилов Эркин Хамдамович - юридик фанлар доктори, профессор

Абдусаломов Мирзоулуғбек Элчиевич - юридик фанлар номзоди

Бозоров Узоқ - юридик фанлар номзоди

Файзиев Мириной Мирзаахмедович - профессор

Одилқориев Ходжимурод Тўхтамуродович - профессор

Хусанов Озод Тиллабович - профессор

Тўлаганов Абдужаббор - профессор

Мамадалиев Шавкат Олмасбаевич - фалсафа фанлари доктори

Тультеев Ильёс Тавасович - доцент

Муҳамедов Ўткирбек Ҳазратқулович - доцент

Авезов Ҳабибулла Қутлимуродович, сиёсатшунос.

Конституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат. Масъул муҳаррир ва муаллифлар жамоасининг раҳбари Б. Мустафоев - Тошкент: «Ўзбекистон нашриёти», 2006 йил. - 584 бет.

ISВN   978-9943-332-00-3    ББК 67,400(5У) я2

724-2006

© Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, 2006