А | Б | В | Г | Д | Е | Ё | Ж | З | И | К | Л | М | Н | О | П | Р | С | Т | У | Ф | Х | Ц | Ч | Ш | Щ | Ы | Э | Ю | Я | Ў | Қ | Ғ | Ҳ | #
A | B | C | D | E | F | G | H | I | J | K | L | M | N | O | P | Q | R | S | T | U | V | W | X | Y | Z | #

ҳозирги пайтдаги кўплаб хориж мамлакатлари парламентларининг палаталаридан (юқори палата) бирининг номланиши (масалан, АҚШ Конгресси сенати, Бразилия Конгресси сенати ва ҳоказо).

Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 12 декабрида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги конституциявий қонуни қабул қилиниб, унда ЎзР Сенатининг мақоми, сенат фаолиятини ташкил этиш, Қонунчилик палатаси ҳамда бошқа давлат органлари билан ўзаро ҳамкорликка доир муносабатларни тартибга солиш белгилаб қўйилди.

ЎзР Конституциясининг 77-моддасига мувофиқ, ЎзР Олий Мажлисининг Сенати ҳудудий вакиллик палатаси бўлиб, Сенат аъзолари (сенаторлардан) дан иборат.

ЎзР Олий Мажлисининг С. аъзолари Қорақалпоғистони Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар органидан яширин овоз бериш йўли билан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда - олти кишидан сайланади. ЎзР Олий Мажлиси С. нинг ўн олти нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан танлаб олиниб, ЎзР Президенти томонидан тайинланади.

ЎзР Конституциясининг 80-моддасига мувофиқ, ЎзР Олий Мажлисининг С. мутлоқ ваколатларига:

1) ЎзР Олий Мажлисининг Сенати Раиси ва унинг ўринбосарларини, қўмиталарининг раисларини ва уларнинг ўринбосарларини сайлаш;

2) ЎзР Президентининг тақдимига биноан ЎзР Конституциявий судини сайлаш;

3) ЎзР Президентининг тақдимига биноан ЎзР Олий судини сайлаш;

4) ЎзР Президентининг тақдимига биноан ЎзР Олий хўжалик судини сайлаш;

5) ЎзР Президентининг тақдимига биноан ЎзР Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раисини тайинлаш ҳамда уни лавозимидан озод этиш;

6) ЎзР Президентининг ЎзР Бош прокурори ва унинг ўринбосарларини тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш;

7) ЎзР Президентининг ЎзР Миллий хавфсизлик хизмати раисини тайинлаш ва уни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш;

8) ЎзР Президентининг тақдимига биноан ЎзР нинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа вакилларини тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш;

9) ЎзР Президентининг тақдимига баноан ЎзР Марказий банки бошқарувининг раисини тайинлаш ва уни лавозимидан озод этиш;

10) ЎзР Президентининг тақдимига биноан амнистия тўғрисидаги ҳужжатларини қабул қилиш;

11) ЎзР Бош прокурорининг тақдимига биноан ЎзР Олий Мажлисининг С. аъзосини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги масалаларни ҳал этиш;

12) ЎзР Бош прокурорининг, ЎзР Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг, ЎзР Марказий банки бошқаруви раисининг ҳисоботларини эшитиш;

13) ўз фаолиятини ташкил этиш ва палатанинг ички тартиб қоидалари билан боғлиқ масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиш;

14) сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаёт соҳасидаги у ёки бу масалалар юзасидан, шунингдек давлат ички ва ташқи сиёсати масалалари юзасидан қарорлар қабул қилиш киради.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги ЎзР нинг 2003 йил 29 август қонунига биноан, С. фаолиятини ташкил этишнинг асосий принциплари, С. фаолияти масалаларни биргаликда ва эркин муҳокама қилишга, ошкораликка, жамоатчилик фикрини ҳисобга олишга асосланади. С. иши вақти-вақти билан ялпи мажлисларга ва С. қўмиталарининг (комиссияларининг) мажлисларига чақириладиган сенаторларнинг фаолиятига асосланади.

С. фаолиятининг ташкилий шакли унинг заруратига қараб, лекин йилига камида уч марта ўтказиладиган мажлисларидир.

Конституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

Ушбу нашр давлат-ҳуқуқий атамаларининг энциклопедик луғатидир. У Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан бойитилган энг замонавий Конституциявий сўз бойлигини ўз ичига олади. Луғатда, шунингдек ўтган йилларда қўлланилиб келинган конституциявий-ҳуқуқий атамалар ҳам ўз аксини топди. Юридик ҳужжатларга кирган атамалар билан бир қаторда конституциявий ҳуқуқ фани ва унга туташ фанларнинг аксари қоидалари ҳамда сиёсатшунослик, жамиятшунослик ва бошқа фанларнинг ҳуқуқда қўлланиладиган атамаларига изоҳлар берилди.

Луғат турли даражадаги депутатлар, марказий ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари девонларининг ходимлари ҳамда ҳуқуқшунослик, сиёсатшунослик, фалсафа ва бошқа ижтимоий соҳалар бўйича ўқув юртларининг талабалари, аспирантлари ва ўқитувчилари ҳамда давлат ва ҳуқуқ муаммолари билан қизиқувчи кенг китобхонлар учун мўлжалланган.

Муаллифлар жамоаси:

Мустафоев Бўритош - Биринчи даражали Давлат Адлия маслаҳатчиси

Халилов Эркин Хамдамович - юридик фанлар доктори, профессор

Абдусаломов Мирзоулуғбек Элчиевич - юридик фанлар номзоди

Бозоров Узоқ - юридик фанлар номзоди

Файзиев Мириной Мирзаахмедович - профессор

Одилқориев Ходжимурод Тўхтамуродович - профессор

Хусанов Озод Тиллабович - профессор

Тўлаганов Абдужаббор - профессор

Мамадалиев Шавкат Олмасбаевич - фалсафа фанлари доктори

Тультеев Ильёс Тавасович - доцент

Муҳамедов Ўткирбек Ҳазратқулович - доцент

Авезов Ҳабибулла Қутлимуродович, сиёсатшунос.

Конституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат. Масъул муҳаррир ва муаллифлар жамоасининг раҳбари Б. Мустафоев - Тошкент: «Ўзбекистон нашриёти», 2006 йил. - 584 бет.

ISВN   978-9943-332-00-3    ББК 67,400(5У) я2

724-2006

© Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, 2006