А | Б | В | Г | Д | Е | Ё | Ж | З | И | К | Л | М | Н | О | П | Р | С | Т | У | Ф | Х | Ц | Ч | Ш | Щ | Ы | Э | Ю | Я | Ў | Қ | Ғ | Ҳ | #
A | B | C | D | E | F | G | H | I | J | K | L | M | N | O | P | Q | R | S | T | U | V | W | X | Y | Z | #

сайловчининг бирин-кетин амалга оширадиган ҳаракатлари мажмуи: овоз бериш биносида участка сайлов комиссияси аъзосидан сайлов бюллетенини олиш; сайлов бюллетенини тўлдириш; сайлов бюллетенини сайлов қутисига ташлаш.

Расмий жиҳатдан олганда, овоз бериш ҳодисаси сайлов бюллетени сайлов қутисига ташланганидагина содир бўлади. Бироқ, қонун ҳужжатлари, баъзан, овоз бериш ҳодисасини участка сайлов комиссиясида сайлов бюллетени олиниши билан ҳам боғлайди.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири (2003 йил) парламент сайловида овоз беришнинг қуйидагича тартибини белгилайди.

Овоз бериш махсус ажратилган биноларда ўтказилиб, бу биноларда яширин овоз бериш учун етарли миқдорда кабиналар ёки хоналар тайёрланган бўлиши, сайлов бюллетенлари бериш учун жой ажратилган ва сайлов қутилари қўйилган бўлиши лозим. Сайлов қутилари уларнинг ёнига овоз берувчилар албатта яширин овоз бериш кабиналари ёки хоналаридан ўтиб борадиган қилиб жойлаштирилади. Овоз бериш биносида бошқа ҳеч қандай сиёсий тадбир ўтказилишига рухсат этилмайди. Бинони жиҳозлаш ва унда зарур тартибни сақлаб туриш масъулияти участка сайлов комиссияси зиммасида бўлади.

Овоз бериш сайлов куни соат 6 дан соат 20 гача ўтказилади. Овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида участка сайлов комиссияси сайловга камида ўн кун қолганида сайловчиларни хабардор қилади. ЎзР нинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийлар ва дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, шунингдек олис ва бориш қийин бўлган ерлардаги фуқаролар турган жойларда тузилган сайлов участкаларида, агар рўйхатга киритилган барча сайловчилар овоз бериб бўлган бўлса, участка сайлов комиссияси исталган вақтда овоз бериш тугаганлигини эълон қилиши мумкин.

Сайлов куни овоз бериш биноси участка сайлов комиссияси аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлгандагина очилади. Сайлов комиссиясининг раиси комиссия аъзолари ҳозирлигида сайлов қутисини муҳрлайди, сайлов бюллетенлари ва сайловчиларнинг рўйхатларини комиссия аъзолари ўртасида тақсимлайди ҳамда сайлов бошланганлигини эълон қилади. Сайлов бюллетенларининг умумий сони алоҳида ҳужжат билан расмийлаштирилади.

Овоз бериш биносига келгач, сайловчи участка сайлов комиссиясининг аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади ҳамда сайловчилар рўйхатига имзо қўяди. Шундан кейин унга сайлов бюллетени берилади.

Сайлов бюллетени овоз берувчи томонидан яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасида тўлдирилади. Сайлов бюллетенини тўлдириш вақтида овоз берувчидан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади. Сайлов бюллетенини мустақил равишда тўлдириш имконига эга бўлмаган сайловчи ўз хоҳишига кўра, сайлов комиссияси таркибига кирадиган шахслардан, кузатувчилардан ва номзодларнинг ишончли вакилларидан бошқа бирон кишини кабина ёки хонага таклиф қилишга ҳақли.

Сайловда сайловчи ўзи қарши овоз бераётган депутатликка номзодларнинг сайлов бюллетенидаги фамилиясини ўчиради.

Овоз берувчи тўлдирилган сайлов бюллетенини сайлов қутисига ташлайди.

Бузиб қўйилган сайлов бюллетени сайловчининг илтимосига кўра янгиси билан алмаштирилиши мумкин. Бузиб қўйилган сайлов бюллетенлари ҳисобга олиниши, бекор қилиниши ва алоҳида сақланиши лозим.

Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи яшаш жойидаги участка сайлов комиссиясидан сайлов варақасини талаб қилиб олиши, бир қарорга келгач, тўлдирилган сайлов варақасини конвертга солиб, уни ёпиқ ҳолда участка комиссиясида қолдириши мумкин. Сайловчи сайлов варақасини олганлиги ҳақида сайловчилар рўйхатига имзо қўяди. Сайлов варақасининг шакли, сайлов варақаларини тайёрлаш тартиби, уларни сайлов участкаларига етказиб бериш муддатлари Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.

Айрим сайловчилар саломатлигининг яхши эмаслиги ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган ҳолларда, уларнинг илтимосига биноан, участка сайлов комиссияси комиссия аъзоларига овоз беришни ана шу сайловчилар турган жойда ташкил этишни топширади.

Конституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

Ушбу нашр давлат-ҳуқуқий атамаларининг энциклопедик луғатидир. У Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан бойитилган энг замонавий Конституциявий сўз бойлигини ўз ичига олади. Луғатда, шунингдек ўтган йилларда қўлланилиб келинган конституциявий-ҳуқуқий атамалар ҳам ўз аксини топди. Юридик ҳужжатларга кирган атамалар билан бир қаторда конституциявий ҳуқуқ фани ва унга туташ фанларнинг аксари қоидалари ҳамда сиёсатшунослик, жамиятшунослик ва бошқа фанларнинг ҳуқуқда қўлланиладиган атамаларига изоҳлар берилди.

Луғат турли даражадаги депутатлар, марказий ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари девонларининг ходимлари ҳамда ҳуқуқшунослик, сиёсатшунослик, фалсафа ва бошқа ижтимоий соҳалар бўйича ўқув юртларининг талабалари, аспирантлари ва ўқитувчилари ҳамда давлат ва ҳуқуқ муаммолари билан қизиқувчи кенг китобхонлар учун мўлжалланган.

Муаллифлар жамоаси:

Мустафоев Бўритош - Биринчи даражали Давлат Адлия маслаҳатчиси

Халилов Эркин Хамдамович - юридик фанлар доктори, профессор

Абдусаломов Мирзоулуғбек Элчиевич - юридик фанлар номзоди

Бозоров Узоқ - юридик фанлар номзоди

Файзиев Мириной Мирзаахмедович - профессор

Одилқориев Ходжимурод Тўхтамуродович - профессор

Хусанов Озод Тиллабович - профессор

Тўлаганов Абдужаббор - профессор

Мамадалиев Шавкат Олмасбаевич - фалсафа фанлари доктори

Тультеев Ильёс Тавасович - доцент

Муҳамедов Ўткирбек Ҳазратқулович - доцент

Авезов Ҳабибулла Қутлимуродович, сиёсатшунос.

Конституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат. Масъул муҳаррир ва муаллифлар жамоасининг раҳбари Б. Мустафоев - Тошкент: «Ўзбекистон нашриёти», 2006 йил. - 584 бет.

ISВN   978-9943-332-00-3    ББК 67,400(5У) я2

724-2006

© Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, 2006