Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ДИПЛОМАТИК ВА УЛАРГА ТЕНГЛАШТИРИЛГАН БОШҚА ЧЕТ ЭЛ ВАКОЛАТХОНАЛАРНИНГ ФАОЛИЯТ КЎРСАТИШИ УЧУН ЗАРУР ШАРТ-ШАРОИТЛАР ЯРАТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикасининг ташқи алоқалари инфраструктурасини яратишда ўзаро мулкий муносабатларни тартибга солиш, хорижий давлатлар ваколатхоналари фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ масалаларни пухта ҳал қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Дипломатик сервис хизмати дипломатик ва уларга тенглаштирилган бошқа чет эл ваколатхоналарига хизмат кўрсатиш бўйича ягона буюртмачи қилиб белгилансин. Унга Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик ваколатхоналарга хизмат кўрсатувчи ташкилот ва корхоналарнинг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш вазифаси юклатилсин.
2. Дипломатик ва уларга тенглаштирилган бошқа чет эл ваколатхоналарига хизмат ва уй-жой биноларини ижарага бериш ҳамда ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги Вақтинчалик низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги ва Давлат мулки қўмитасига хорижий давлатларда мамлакатнинг дипломатик ва бошқа ваколатхоналарини очишда Ўзбекистон Республикасининг мулкий манфаатларини ифодалаш ваколати берилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:
Молия вазирлиги, Давлат мулки қўмитаси, Давлат қурилиш ишлари қўмитаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда мутахассислар гуруҳини бозор иқтисодиёти ривожланган мамлакатларда қўзғалмас мулклар билан аъмолларни амалга ошириш қўзғалмас мулк ва хизматлар нархини шакллантириш тартибини, ўрганиш учун юборсин ҳамда 1993 йилнинг 1 июлигача Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда дипломатик ва уларга тенглаштирилган бошқа чет эл ваколатхоналари ходимларига тиббий хизмат кўрсатиш бўйича хўжалик ҳисобидаги, ихтисослаштирилган поликлиника ва стационар очиш масаласини тиббий суғурта тизимини қўлланган ҳолда бир ой муддат ичида ишлаб чиқсин;
«Ўзбексавдо» уюшмаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда дипломатик ва уларга тенглаштирилган бошқа чет эл ваколатхоналарига озиқ-овқат ва саноат молларини валютага сотадиган ихтисослаштирилган магазин очиш масаласини бир ой муддат ичида ҳал этсин.
5. «Ўзшартномасавдо», «Ўзбексавдо» уюшмаси ва Ўзбекбирлашув дипломатик ваколатхоналар эҳтиёжлари учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Дипломатик сервис хизмати талабномалари бўйича зарур асбоб-ускуналар ва товарлар ажратишни биринчи навбатда таъминласинлар.
6. Молия вазирлиги, Давлат солиқ бош бошқармаси Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда дипломатик ва уларга тенглаштирилган чет эл ваколатхоналарига уй-жой биноларини ижарага берадиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари даромадидан солиқлар олиш тартибини икки ҳафта муддат ичида ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар.
7. Ички ишлар вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда хусусий уй-жой секторида яшайдиган дипломатик ва уларга тенглаштирилган бошқа чет эл ваколатхоналари ходимларини рўйхатдан ўтказиш тартибини, шунингдек, автотранспортни расмийлаштириш тартибини бир ой муддат ичида ишлаб чиқсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Дипломатик сервис хизмати Республика валюта жамғармасига чет эл валютасида тушадиган тушумлардан солиқ тўлашдан 1993-1994 йилларда озод қилинсин. Дипломатик сервис хизмати валюта тушумларини элчихона биноларини сақлаш харажатларини ўзаро тўлаш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимлар бўйича ўзаро ҳисоб-китобларни ташкил этишга ҳамда Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш шарт-шароитларини такомиллаштиришга йўналтирсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси 1993-1994 йилларда Дипломатик сервис хизматини кейинчалик дипломатик ваколатхоналарга сотиш учун ташиб келтириладиган юк ва товарларнинг барча турларини божхона божларидан озод қилсин.
10. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари ўртоқ К. Н. Тўлаганов зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларига киритилаётган илова қилинаётган ўзгаришлар тасдиқлансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1993 йил 25 май,
247-сон
Вазирлар Маҳкамасининг
1993 йил 25 майдаги 247-сон
қарори билан
ТАСДИҚЛАНГАН
Дипломатик ва уларга тенглаштирилган бошқа чет эл ваколатхоналарига хизмат ва уй-жой биноларини ижарага бериш ҳамда ҳисобга олиш тартиби тўғрисида
ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Хизмат биноларига Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан янги очилаётган дипломатик ва уларга тенглаштирилган бошқа чет эл ваколатхоналарини (бундан кейин матнда дипваколатхоналар деб аталади) жойлаштириш учун ажратилган бинолар киради.
2. Уй-жой биноларига Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан дипваколатхоналар бошлиқлари ва ходимларининг яшаши учун ажратилган, шунингдек, ана шу мақсадлар учун алоҳида шахслардан ижарага олинган уй ва квартиралар киради.
3. Дипваколатхоналар ва уларнинг ходимларини жойлаштириш учун ажратиладиган хизмат ва уй-жой бинолари Дипломатик сервис хизмати (бундан кейин матнда Дипсервис хизмати деб аталади), шунингдек, маҳаллий ҳокимият органлари томонидан ҳисобга олинади.
4. Дипваколатхоналар ва уларнинг ходимларини жойлаштириш учун ажратилган биноларни ижарага бериш ҳуқуқи Дипсервис хизматига берилади.
Дипсервис хизмати дипваколатхоналар ва уларнинг ходимлари томонидан алоҳида шахслардан биноларни ижарага олишда воситачилик қилади.
II. Биноларни ижарага бериш тартиби
5. Дипваколатхоналар зарур бинонинг фойдаланиш мақсадини, майдонини, хоналар сонини, жойлашган ўрнини ва шарт-шароитларини кўрсатган ҳолда Дипсервис хизматига талабнома беришади.
Дипсервис хизмати мазкур талабнома асосида ижарага бериш учун биноларнинг мавжуд вариантларини танлайди ва тақдим этади.
Томонлар ўртасида ижара юзасидан келишувга эришилган тақдирда Дипсервис хизмати шаҳар ҳокимлигини бундан хабардор қилади.
6. Доимий бино ажратилгунгача дипваколатхоналар Дипсервис хизмати томонидан маъмурий биноларга ва меҳмонхоналарга жойлаштирилиши мумкин.
III. Ижара шартномаси
7. Ижара шартномаси Дипсервис хизмати билан дипваколатхона ўртасидаги муносабатларни тартибга солиб турувчи асосий ҳужжат ҳисобланади.
8. Биноларни ижарага олиш шартномасида қуйидагилар кўзда тутилган бўлиши керак:
ижарага берилаётган бинонинг таркиби, майдони ва қиймати;
ижара ҳақининг, шунингдек, бошқа тўловларнинг миқдори;
ижара муддатлари;
томонларнинг хоналарни, бинони таъмирлаш ва ундан жорий фойдаланиш мажбуриятларини тақсимлаш;
ижара ҳақини ва бошқа тўловларни тўлаш муддатлари;
дипваколатхона томонидан коммунал хизматлар ҳақини тўлаш ҳамда хоналардан, бинодан ва ёндош ҳудудлардан фойдаланиш шартлари;
ижарага олинган хоналар ва бинога етказилган зарар бўйича ижарачининг жавобгарлиги;
томонларнинг шартнома шартларини бажармаганлиги учун санкциялар;
бошқа зарур шарт-шароитлар.
Ижара шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.
9. Биноларни ижарага топшириш ижарачига уларни ўз мулки қилиб олиш ҳуқуқини бермайди.
IV. Ижара ҳақи
10. Ижара ҳақи бўйича харажатларни ҳукуматлараро битимлар асосида қоплаш:
тўловларни ўзаро ҳисобга олиш йўли билан;
биргаликда бадалсиз амалга оширилади.
11. Хизмат ва уй-жой бинолари учун ижара ҳақи миқдори шартнома асосида белгиланади.
12. Ижара ҳақи ставкасини Дипсервис хизмати Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда белгилайди.
Ижара ҳақининг базавий ставкаси қарор топган жаҳон рақобат нархлари ҳамда Ўзбекистон Республикасида ўзининг ваколатхонасини очган мамлакат пойтахтидаги қўзғалмас мулкнинг бозор қийматига тузатиш коэффициенти асосида белгиланади.
Дипваколатхоналар, I, II ва III зоналарда жойлаштирилганда ижара ҳақи тегишли равишда 30, 20 ва 10 фоизга кўпаяди.
Тўловлар эркин алмаштириладиган исталган валютада амалга оширилади.
V. Биноларни топшириш ва қабул қилиб олиш тартиби
13. Бинони тузилган шартнома бўйича топшириш ва қабул қилиб олиш томонларнинг ваколатли вакиллари иштирокида, икки томонлама далолатнома тузган ҳолда амалга оширилади. Далолатномада қуйидагилар кўрсатилади:
далолатномани тузиш жойи ва санаси;
қатнашчиларга томонларнинг манфаатларини ифодалаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларнинг номи ва реквизитлари;
биноларни топшириш ва қабул қилиб олишга асос бўладиган ижара шартномаларининг номери ва имзоланган санаси;
берилаётган биноларнинг техникавий ҳолати;
аниқланган носозликларни бартараф этиш муддатлари ва тартиби;
вакилларнинг томонлар муҳри билан тасдиқланган имзолари.
14. Топшириш ва қабул қилиб олиш далолатномаси икки нусхада, ҳар қайси томон учун биттадан тузилади.
Вазирлар Маҳкамасининг
1993 йил 25 майдаги 247-сон
қарори билан
ТАСДИҚЛАНГАН
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларига киритиладиган
ЎЗГАРИШЛАР
1. Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг «Дипломатик ва бошқа чет эл ваколатхоналарига хизмат кўрсатишни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 1988 йил 13 сентябрдаги 325-сон қароридан 11-банднинг иккинчи хатбоши, 12-банд, 17-банднинг ўнинчи хатбоши чиқариб ташлансин.
2. Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг «Ўзбекистон ССРда чет эл фирмалари, банклари ва ташкилотларининг ваколатхоналарини очиш ҳамда уларнинг фаолияти тўғрисида» 1989 йил 28 декабрдаги 442-сон қарорининг 4-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«4. Дипломатик ва уларга тенглаштирилган бошқа чет эл ваколатхоналарига хизмат кўрсатиш Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Дипломатик сервис хизмати томонидан амалга оширилади. Мулкчиликнинг турли шаклларидаги корхоналарга Дипломатик сервис хизмати билан келишган ҳолда чет эл фирмаларига, ваколатхоналарига, банкларга ва халқаро ташкилотларга шартномалар асосида хизмат кўрсатишга рухсат этилсин.».
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тошкент шаҳрида чет эл дипломатик ваколатхоналар учун бинолар қуриш ва ажратиш, уларнинг фаолиятини зарур шарт-шароитлар билан таъминлаш тўғрисида» 1992 йил 11 январдаги фармойишининг 3-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Дипломатик сервис хизмати дипломатик ва уларга тенглаштирилган бошқа чет эл ваколатхоналари учун мўлжалланган объектлар ҳамда уй-жойларни қуриш ва қайта барпо этиш бўйича буюртмачи этиб белгилансин.».