Ўзбекистон Республикасининг қонуни
Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 й., 5-6-сон, 59-модда; 2002 й., 4-5-сон, 74-модда; 2003 й., 5-сон, 67-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 51-сон, 374-модда; 2006 й., 41-сон, 405-модда; 2008 й., 14-15-сон, 90-модда; 2010 й., 40-41-сон, 343-модда; 2013 й., 41-сон, 543-модда; 2014 й., 4-сон, 45-модда; 2016 й., 17-сон, 173-модда; 2017 й., 24-сон, 487-модда, 37-сон, 978-модда)
1-модда. Ушбу Қонунда қўлланиладиган асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
истеъмолчи — фойда чиқариб олиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда шахсий истеъмол ёки бошқа мақсадларда товар сотиб олувчи, иш, хизматга буюртма берувчи ёхуд шу ниятда бўлган фуқаро (жисмоний шахс);
ишлаб чиқарувчи — истеъмолчига реализация қилиш учун товар ишлаб чиқарадиган корхона, ташкилот, муассаса ёки якка тартибда фаолият кўрсатувчи тадбиркор;
ижрочи — маиший хизмат, уй-жой-коммунал, таъмирлаш-қурилиш, транспорт хизмати ва хизмат кўрсатишнинг бошқа соҳаларида шартнома бўйича истеъмолчи учун ишлар бажарадиган ёки хизматлар кўрсатадиган корхона, ташкилот, муассаса ёки якка тартибда фаолият кўрсатувчи тадбиркор;
сотувчи — олди-сотди шартномаси бўйича истеъмолчига товар реализация қиладиган корхона, ташкилот, муассаса ёки якка тартибда фаолият кўрсатувчи тадбиркор;
(1-модданинг иккинчи, учинчи, тўртинчи ва бешинчи хатбошилари Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 5 апрелдаги 364-I-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 4-5-сон, 74-модда)
шартнома — товарни олиш-сотишни амалга оширишда, ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишда сифат, миқдор, муддат, нарх ва бошқа шартлар тўғрисида истеъмолчи билан сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) ўртасидаги оғзаки ёки ёзма келишув;
товар — ишлаб чиқарувчи фаолиятининг истеъмолчига шартнома бўйича сотиш учун мўлжаллаган маҳсули, шу жумладан, импорт маҳсулоти;
Олдинги таҳрирга қаранг.
норматив ҳужжатлар — стандартлар, уларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатлар (шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, давлат фармакопеяси ҳамда фармакопея мақолалари ва бошқалар), техник шартлар, техник тавсифлар, рецептура ва товар (иш, хизмат) сифатига ва хавфсизлигига нисбатан белгиланган талабларни ўз ичига олувчи бошқа ҳужжатлар;
(1-модданинг саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 13 июндаги ЎРҚ-436-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 24-сон, 487-модда)
товар (иш, хизмат)нинг хавфсизлиги — товарни истеъмол қилиш, ундан фойдаланиш, уни сақлаш, ташиш ёки утилизация қилишнинг, шунингдек, иш ёки хизмат натижаларидан фойдаланишнинг одатдаги шароитларида истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига ва атроф-муҳитга зарар етказилиши эҳтимоли билан боғлиқ хавф хатарнинг йўқлиги;
мувофиқлик сертификати — сертификатланган маҳсулотнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжат;
товар (иш, хизмат)нинг нуқсони — товар (иш, хизмат)нинг норматив ҳужжатларнинг мажбурий талабларига, шартнома шартларига ёхуд товар (иш, хизмат)нинг сифатига одатда қўйиладиган талабларга номувофиқлиги;
товар (иш, хизмат)нинг жиддий нуқсони — товар (иш, хизмат)дан белгиланган мақсадда фойдаланиб бўлмайдиган қилиб қўядиган ёхуд бартараф этиш учун кўп меҳнат ва вақт сарфлаш талаб қиладиган камчилик;
кафолат муддати — товардан (хизматдан) фойдаланишнинг (онлар ҳисобидаги) норматив муддати ёки товар (хизмат)нинг муайян вазифани (неча соатда, нечта иш жараёнида, қанча километр масофани босиб ўтиб ва ҳ.к.) бажариш вақти тарзида белгиланган муддати бўлиб, бу муддат ичида ишлаб чиқарувчи (ижрочи), башарти товарни ишлатиш (хизматдан фойдаланиш) қоидаларига риоя этилган бўлса, товарнинг (хизматнинг) сифатига нисбатан норматив ҳужжатларда назарда тутилган талаблар бажарилишини кафолатлайди ва таъминлайди;
хизмат муддати — товардан фойдаланишнинг белгиланган муддати бўлиб, у тамом бўлгач, товарнинг техник ҳолатидан қатьи назар, ундан фойдаланиш тўхтатилиши лозим;
яроқлилик (сақлаш) муддати — муайян давр бўлиб, бу даврда товар фойдаланишга яроқли бўлади ва у тамом бўлгач, товар одамлар ҳаёти ҳамда соғлиғи учун хавф туғдириши мумкин;
касса чеки — товарнинг сотиб олинганлигини ёки иш (хизмат)нинг ҳақи тўланганлигини тасдиқлайдиган, товар (иш, хизмат)нинг баҳоси, ҳақ тўланган сана ва касса аппаратининг номери кўрсатилган ҳужжат;
товар чеки — товарнинг сотиб олинганлигини ёки иш (хизмат)нинг ҳақи тўланганлигини тасдиқловчи, товар (иш, хизмат)нинг баҳоси, ҳақ тўланган сана ҳамда сотувчининг номи ва жойлашган манзили ҳақидаги маълумот кўрсатилган ҳужжат.
Олдинги таҳрирга қаранг.
товарни (ишни, хизматни) истеъмолчидан қайтариб олиш — агар товар (иш, хизмат) истеъмолчи мулкига айланган ёки унга таклиф этилган бўлса, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) томонидан амалга ошириладиган, товарнинг (ишнинг, хизматнинг) хавфсизлиги талабларига мос бўлмаган товарни (ишни, хизматни) қайтариб олишга қаратилган ҳар қандай чора;
товарни (ишни, хизматни) муомаладан чиқариш — ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) томонидан амалга ошириладиган, товарнинг (ишнинг, хизматнинг) хавфсизлиги талабларига мос бўлмаган товарга (ишга, хизматга) офертани тугатиш ва бунга йўл қўймасликка қаратилган ҳар қандай чора;
(1-модда Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 10 октябрдаги ЎРҚ-59-сонли Қонунига мувофиқ ўн саккизинчи ва ўн тўққизинчи хатбошилар билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2006 й., 41-сон, 405-модда)
2-модда. Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонундан ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Қорақалпоғистон Республикасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Қорақалпоғистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.
Қонун ҳужжатлари ушбу Қонунда белгиланган истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини чеклаб қўйиши, уларни ҳимоя қилишнинг кафолатларини камайтириши мумкин эмас.
3-модда. Халқаро шартномалар ва битимлар
Агар Ўзбекистон Республикаси иштирок этган халқаро шартнома ёки битимда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома ёки битим қоидалари қўлланилади.
4-модда. Истеъмолчиларнинг асосий ҳуқуқлари
Истеъмолчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
товар (иш, хизмат) ҳақида, шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш;
товар (иш, хизмат)ни эркин танлаш ва унинг тегишли даражада сифатли бўлиши;
товар (иш, хизмат)нинг хавфсиз бўлиши;
ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфли нуқсони бўлган товар (иш, хизмат), шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг тўлиқ ҳажмда қопланиши;
бузилган ҳуқуқлари ёки қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб судга, бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат этиш;
истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмаларини тузиш.
Истеъмолчиларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлар тоифасига киритилган айрим гуруҳлари учун қонун ҳужжатлари билан савдо, маиший хизмат ва хизмат кўрсатишнинг бошқа турлари бўйича имтиёзлар ва афзалликлар белгиланиши мумкин.
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1991 йил 27 майдаги ПФ-212-сонли «Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерларни ижтимоий ҳимоялаш юзасидан қўшимча тадбирлар тўғрисида»ги, 1992 йил 5 февралдаги ПФ-330-сонли «Республика олий ва ўрта махсус ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари таркибига, илмий ходимлари ҳамда таълим-ёрдамчи ходимларига қўшимча имтиёзлар бериш тўғрисида»ги, 2002 йил 30 майдаги ПФ-3079-сонли «Ядро полигонларида ва бошқа ядровий-радиация объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги ва 2003 йил 27 мартдаги ПФ-3227-сонли «2003 йилнинг 1 апрелидан бошлаб уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича бериладиган имтиёзлар ўрнига компенсация пул тўловларини жорий этиш тўғрисида»ги Фармонлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 20 мартдаги 153-сонли «Ижтимоий аҳамиятли касалликлар рўйхатини тасдиқлаш ва бундай касалликларга дучор бўлган шахсларга имтиёзлар белгилаш тўғрисида»ги қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 5 февралдаги 31-сонли «Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг турғун даволаш-профилактика муассасаларида овқатланишни ташкил этиш ва унинг учун ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 31 майдаги 188-сонли «Ядро полигонларида ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 22 июлдаги 204-сонли «Шахсларнинг айрим тоифаларини имтиёзли асосда дори воситалари билан таъминлаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори.
5-модда. Ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи), савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари тўғрисидаги маълумот
Ишлаб чиқарувчи ўз корхонасининг номи ва жойлашган (юридик) манзили ҳақида истеъмолчини хабардор қилиши шарт. Бундай маълумот ишлаб чиқариш маркаси ёки товар белгисида кўрсатилган бўлиши ёхуд бошқа усулда тақдим этилиши лозим.
Сотувчи (ижрочи) ўз ташкилотининг фирма номи, унинг жойлашган (юридик) манзили ва иш тартибини истеъмолчиларга маълум қилиши шарт. Бундай маълумот лавҳада акс эттирилиши лозим.
Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган маълумот савдо ва хизмат кўрсатиш муваққат бинолар, ярмаркалар, кўчма дўкончалар орқали амалга оширилган ёки савдо ва хизмат кўрсатиш сотувчи (ижрочи)нинг доимий жойлашган манзилидан ташқарида амалга оширилган бошқа ҳолларда ҳам истеъмолчилар эътиборига етказилиши керак.
Сотувчи (ижрочи) истеъмолчига товарлар савдоси, маиший ва бошқа турдаги хизмат кўрсатишнинг қоидалари тўғрисида тўлиқ маълумот бериши шарт.
6-модда. Товар (иш, хизмат)лар тўғрисидаги маълумот
Ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт.
Товар (иш, хизмат) ҳақидаги маълумотда қуйидагилар кўрсатилиши шарт:
товар (иш, хизмат) мажбурий талабларига мувофиқ келиши шарт бўлган норматив ҳужжатнинг номи;
товар (иш, хизмат)нинг асосий истеъмол хусусиятлари, шу жумладан, ўзига хос хусусиятлари рўйхати;
Олдинги таҳрирга қаранг.
баҳоси (тарифи) ва сотиб олиш шартлари;
(6-модда иккинчи қисмининг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 10 октябрдаги ЎРҚ-59-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2006 й., 41-сон, 405-модда)
айрим турдаги товарларнинг ишлаб чиқарилган санаси;
ишлаб чиқарувчи (ижрочи)нинг кафиллик мажбуриятлари;
товардан самарали ва хавфсиз фойдаланиш қоидалари ҳамда шартлари;
товарнинг хизмат (яроқлилик) муддати ва ушбу муддат тугаганидан кейин истеъмолчи нима ишлар қилиши зарурлиги, шунингдек бундай ишларни бажармаслик натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатлар тўғрисидаги маълумотлар;
ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг номи ва мулкчилик шакли, рўйхатга олиш ва лицензия гувоҳномасининг номери;
ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ҳамда улар истеъмолчидан даъво қабул қилишга ваколат берган, шунингдек, таъмирлашларини бажарадиган ва техникавий хизмат кўрсатадиган корхоналарнинг манзиллари;
товарларни сақлаш, хавфсиз утилизация қилиш усуллари ҳамда қоидалари.
Олдинги таҳрирга қаранг.
театр-концерт тадбирлари ўтказилаётганда фонограммадан фойдаланиш тўғрисидаги ахборот.
(6-модда иккинчи қисмининг ўн иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 5 апрелдаги 364-II-сонли Қонунига мувофиқ киритилган — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 4-5-сон, 74-модда)
Сертификатланиши шарт бўлган товар ҳақида истеъмолчига унинг сертификатланганлиги тўғрисида маълумот тақдим этилиши лозим.
Товар (иш, хизмат) ҳақидаги зарур ахборотнинг йўқлиги бундай товар (иш, хизмат)ни реализация қилиш маълумот берилгунга қадар тегишли давлат бошқаруви органининг кўрсатмаси бўйича тўхтатиб турилишига сабаб бўлади.
7-модда. Товар (иш, хизмат) ҳақида нотўғри маълумот берилган тақдирда истеъмолчининг ҳуқуқлари
Агар товар (иш, хизмат) ҳақида нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилганлиги:
зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товар (иш, хизмат) сотиб олинишига сабаб бўлса, истеъмолчи шартномани бекор қилишга ва ўзига етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақлидир;
сотиб олинган товар (иш, хизмат)дан кўзланган мақсадда фойдалана олмасликка сабаб бўлса, истеъмолчи тегишли маълумот оқилона қисқа (кўпи билан уч кунлик) муддатда берилишини талаб қилишга ҳақлидир. Агар маълумот айтилган муддатда берилмаса, истеъмолчи шартномани бекор қилиб, зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақлидир;
истеъмолчининг ҳаётига, соғлиғига ёхуд мол-мулкига зарар етказилишига сабаб бўлса, у ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) олдига қонун ҳужжатларида назарда тутилган талабларни қўйишга ҳақлидир.
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 985-моддаси.
Истеъмолчининг товар (иш, хизмат) ҳақидаги нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот туфайли етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблари сотиб олинган товар (иш, хизмат)нинг хоссалари ва жиҳатлари ҳақида истеъмолчи махсус билимга эга эмас деган тахминга асосланиб қараб чиқилади.
Нотўғри реклама оқибатида сотиб олинган товар (иш, хизмат) туфайли истеъмолчига етказилган зарар ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.
8-модда. Истеъмолчининг савдо ва бошқа хизмат кўрсатиш турлари соҳасида шартнома тузиш ҳамда сотиб олинаётган товар (иш, хизмат) сифатини текшириш ҳуқуқи
Истеъмолчи шартнома тузиш йўли билан товарни (иш хизмат)ни эркин сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлиб, бу шартномага кўра сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) истеъмолчига муайян миқдордаги ва мақбул сифатли товарни мулк қилиб топшириш (иш бажариш, хизмат кўрсатиш) мажбуриятини, истеъмолчи эса, шартлашилган пулни тўлаш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар.
Нархнома билан қўйилган товарлар ҳамда товар (иш, хизматлар) ҳақида келувчилар эътиборига ҳавола этиладиган маълумот тегишли шартномани тузиш учун таклиф деб ҳисобланади.
Томонлар ўртасида шартнома нарсаси, миқдор, нарх ва бошқа муҳим шартлар тўғрисида келишувга эришилса, истеъмолчи билан ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ўртасида шартнома тузилган ҳисобланади.
Тузилган заҳоти бажариладиган шартнома, қоида тариқасида, оғзаки шаклда тузилади, қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган ҳоллар бундан мустасно. Тузилган вақтдан бошқа пайтда (олдиндан бериладиган буюртмалар бўйича, жўнатма савдода ва бошқа ҳолларда) бажариладиган шартнома ёзма шаклда тузилади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 108-моддаси.
Истеъмолчи сотиб олинган товар (иш, хизмат) сифатини, бутлигини, вазни ва нархини текшириш ҳуқуқига эга, сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) эса, назорат-ўлчов асбобларини, нархга доир ҳужжатларни тақдим этиши, товарни ишлатиб кўрсатиши, ундан хавфсиз ва тўғри фойдаланишни ўргатиши, зарурат бўлса, товарни экспертизага юбориши шарт.
9-модда. Олди-сотди шартномаларининг айрим турлари тўғрисидаги қоидалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
Олди-сотди шартномаларининг айрим турлари тўғрисидаги қоидалар, шунингдек, айрим турдаги товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тасдиқланади.
(9-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 5 апрелдаги 364-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 4-5-сон, 74-модда)
10-модда. Товар (иш, хизмат)лар учун ҳақ тўлаш шакли ҳамда тартиби
Товар (иш, хизмат)лар учун ҳақ тўлаш шакли ҳамда тартиби истеъмолчи билан сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) ўртасидаги келишувга биноан белгиланади. Товарларни кредитга сотиш Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тасдиқланадиган товарларни кредитга сотиш қоидалари билан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Министрлар Советининг 1987 йил 12 июндаги 245-сон қарори билан тасдиқланган «Давлат ва кооператив савдо магазинларидан фуқароларга узоқ муддат фойдаланишга мўлжалланган товарларни кредитга сотиш тартиби тўғрисида»ги йўриқнома.
Олди-сотди амалга оширилганда истеъмолчига касса ёки товар чеки берилади. Товарни касса ёки товар чекини бермасдан сотиш тақиқланади.
11-модда. Ишлаб чиқарувчи (ижрочи)нинг кафиллик мажбуриятлари
Узоқ муддат фойдаланиладиган барча турдаги товарлар ва хизматларга ишлаб чиқарувчи (ижрочи) кафолат муддати белгилаши лозим. Кафолат муддати товар истеъмолчига сотилган ёки хизмат кўрсатилган кундан бошлаб ҳисобланади. Агар товар сотилган кунни аниқлашнинг имкони бўлмаса, бу муддат товар ишлаб чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланади.
Ишлаб чиқарувчи (ижрочи) кафолат муддати мобайнида товар (хизмат)нинг, шу жумладан, бутловчи буюмларнинг нормал ишлашини (қўлланилишини, улардан фойдаланилишини) таъминлаши шарт.
Бутловчи буюмларнинг кафолат муддати, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, асосий буюмнинг кафолат муддатидан кам бўлмаслиги лозим.
Кафолат муддати товар (хизмат)нинг паспортида ёки товарни сотиш ёхуд хизмат кўрсатиш пайтида товар билан биргаликда истеъмолчига бериладиган бошқа ҳужжатда кўрсатилади.
Ишлаб чиқарувчи товардан кафолат муддати ва хизмат муддати мобайнида фойдаланиш имкониятини таъминлаши, товарнинг таъмирланишини ва унга техник хизмат кўрсатилишини ташкил этиши, товарни ишлаб чиқариш муддати мобайнида ҳамда у ишлаб чиқаришдан олиб ташланганидан кейин товарнинг хизмат муддати мобайнида, бундай муддат бўлмаган тақдирда эса, товар ишлаб чиқаришдан олиб ташланган пайтдан эътиборан ўн йил мобайнида етарли ҳажмда ва турда эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариши ҳамда савдо ва таъмирлаш ташкилотларига етказиб бериши шарт.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Дори воситалари ва тиббий буюмларда, озиқ-овқат ва маиший кимё товарларида уларнинг ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддати ҳамда уларни сақлаш шартлари кўрсатилган бўлиши лозим. Сотувчиларга ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ёки яроқлилик муддати ўтган товарларни қабул қилиш ҳамда реализация қилиш ман этилади.
(11-модданинг олтинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 13 июндаги ЎРҚ-436-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 24-сон, 487-модда)
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 403 ва 404-моддалари.
12-модда. Истеъмолчининг товар (иш, хизмат) хавфсиз бўлишига талаб қўйиш ҳуқуқи
Истеъмолчи ўзи сотиб олган товар (иш, хизмат) санитария-гигиена, шу жумладан, радиология, эпидемияга қарши талабларга ва амалдаги бошқа нормалар ҳамда қоидаларга риоя этган ҳолда ишлаб чиқарилган ёки бажарилган бўлишига ва унинг ҳаёти, соғлиғи, атроф-муҳит учун хавфсиз бўлишига, шунингдек, унинг мол-мулкига зарар етказмаслигига кафолат берилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Товар (иш, хизмат)нинг истеъмолчилар ҳаёти, соғлиғи, мол-мулки ва атроф-муҳит учун хавфсиз бўлишига доир талаблар қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Товарлар хавфсизлигини тасдиқлаш уларни сертификатлаштириш йўли билан ёки сертификатларни тан олиш ёхуд республикадан ташқарида товар ишлаб чиқарувчига товар учун берилган бошқа мувофиқлик гувоҳномалари орқали амалга оширилади. Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 6 июлдаги 318-сонли қарори билан тасдиқланган «Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиби тўғрисида»ги низом ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 28 апрелдаги 122-сонли қарори билан тасдиқланган Мажбурий тартибда сертификатланадиган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқариладиган ва унга олиб кириладиган маҳсулотлар турлари рўйхати.
Ишлаб чиқарувчи (ижрочи) товар (иш, хизмат)нинг хизмат муддати ёки яроқлилик муддати мобайнида, агар бундай муддат белгиланмаган бўлса, товар истеъмолчига сотилган (иш бажарилган) дан эътиборан ўн йил мобайнида унинг хавфсиз бўлишини таъминлаши шарт.
Истеъмолчиларнинг ҳаёти, соғлиғи, мол-мулки ҳамда атроф-муҳит учун хавф туғдирувчи товар ишлаб чиқарганлик (иш бажарганлик, хизмат кўрсатганлик) учун қонун ҳужжатларига мувофиқ:
ишлаб чиқарувчи (ижрочи);
норматив ҳужжатларни тасдиқлаган орган;
мувофиқлик сертификати берган орган;
Олдинги таҳрирга қаранг.
соғлиқни сақлаш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ветеринария хизмати органлари ёки хавфли товар (иш, хизмат)ни ишлаб чиқариш ёхуд реализация қилишга рухсат берган бошқа органлар жавобгар бўлади.
(12-модда тўртинчи қисмининг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 14 сентябрдаги ЎРҚ-446-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 37-сон, 978-модда)
Товар (иш, хизмат)нинг хавфсиз бўлиши таъминланмаганлиги оқибатида истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар ушбу Қонуннинг 20-моддасига мувофиқ қопланиши лозим.
Агар товар (иш, хизмат)дан хавфсиз фойдаланиш ёки уни шу тарзда ташиш ва сақлаш учун махсус қоидаларга риоя этиш зарур бўлса, ишлаб чиқарувчи (ижрочи) бундай қоидаларни ишлаб чиқиши, сотувчи (ижрочи) эса, уларни истеъмолчилар эътиборига етказиши шарт.
Агар товардан фойдаланиш, уни сақлаш, ташиш ёки утилизация қилиш, иш (хизмат) натижалари истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи, мол-мулкига ёки атроф-муҳитга зарар етказаётганлиги ёхуд зарар етказиши мумкинлиги аниқланса, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) зарар келтирувчи сабаблар бартараф этилгунга қадар уларни ишлаб чиқаришни (бажаришни, уни реализация қилишни) дарҳол тўхтатиши, муомаладан чиқариш ва истеъмолчилардан қайтариб олиш чораларини кўриши шарт.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Зарар етказилишининг сабабларини бартараф этиш мумкин бўлмаган тақдирда, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) бундай товарни ишлаб чиқаришдан олиб ташлаши, ишни бажариш ва хизмат кўрсатишни тугатиши шарт, бунда даволашга, озиқ-овқатга мўлжалланган товарлар ва маиший кимё товарлари сотувчи ёки ишлаб чиқарувчи томонидан утилизация қилиниши шарт. Бу мажбуриятлар сотувчи ёки ишлаб чиқарувчи (ижрочи) томонидан бажарилмаган тақдирда, товарни ишлаб чиқаришдан олиб ташлаш, ишни бажариш ва хизмат кўрсатишни тўхтатиш, уларни муомаладан чиқариш ва истеъмолчилардан қайтариб олиш товарнинг (ишнинг, хизматнинг) хавфсиз бўлиши ва сифати устидан назоратни амалга оширувчи давлат бошқаруви органлари кўрсатмасига биноан амалга оширилади.
(12-модданинг саккизинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 10 октябрдаги ЎРҚ-59-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2006 й., 41-сон, 405-модда)
Истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига ҳамда атроф-муҳит учун хавфли бўлган товарларнинг партияларини муомаладан чиқариш, ишларни бажаришни ва хизматлар кўрсатишни тақиқлаб қўйиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги 200-сон қарори билан тасдиқланган «Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида»ги Низом.
Товарни қайтариб олиш, ишни бажаришни ва хизмат кўрсатишни тақиқлаб қўйиш муносабати билан истеъмолчига етказилган зарар ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.
Агар ишлаб чиқарувчи (сотувчи) хавфли хоссаларга эга бўлган товарни қайтариб олиш юзасидан барча зарур чораларни кўрган бўлса, у истеъмолчи мазкур товардан фойдаланишни давом эттиравериши туфайли етказилган зарар учун жавобгарликдан озод қилинади.
13-модда. Истеъмолчига нуқсонли товар сотилганда унинг ҳуқуқлари
Нуқсонли товар сотилганда истеъмолчи, агар бу ҳол шартнома тузиш пайтида айтиб ўтилмаган бўлса, ўз хоҳишига қараб қуйидагилардан бирини талаб қилишга ҳақли:
товарни айни шундай маркали (моделли, артикулли) мақбул сифатли товарга алмаштириб бериш;
товарни бошқа маркали (моделли, артикулли) шундай товарга алмаштириб, унинг харид нархини тегишинча қайта ҳисоб-китоб қилиш;
товарнинг нуқсонларини бепул бартараф этиш ёки истеъмолчининг ёхуд учинчи шахснинг нуқсонларни бартараф этишга қилган харажатларини қоплаш;
харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтириш;
шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплаш.
Агар нуқсонлар:
товарнинг кафолат муддати ёхуд яроқлилик муддати мобайнида;
кафолат муддати ва яроқлилик муддати белгиланмаган товарлар бўйича олти ой мобайнида;
кўчмас мулк истеъмолчига ўтказилган кундан эътиборан икки йил мобайнида, агар шартномада бундан узоқроқ муддат назарда тутилмаган бўлса;
мавсумий товарлар учун Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланган муддат мобайнида аниқланган бўлса, истеъмолчи мазкур ҳуқуқларини рўёбга чиқариши мумкин.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 200З йил 13 февралдаги 75-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларининг 33-банди.
Истеъмолчи ўзига сотилган тўпламлар, гарнитурлар, комплектлар ва комплексларнинг мустақил таркибий қисми бўлган ва мустақил нархга эга бўлган буюмларда нуқсонлар борлигини аниқлаган тақдирда, бутун тўплам, гарнитур, комплект ва комплексга нисбатан ҳам, уларнинг нуқсонлари бор мустақил таркибий қисмларига нисбатан ҳам ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган талабларни қўйишга ҳақлидир.
Ушбу модданинг биринчи қисмида баён этилган талабларни истеъмолчи сотувчига қўяди.
Истеъмолчининг талаблари у касса ёки товар чекини, кафолат муддати белгиланган товарлар бўйича эса, тегишлича расмийлаштирилган техник паспорт ёки унинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжатга тақдим этган тақдирда кўриб чиқилади.
Истеъмолчининг техник паспортни йўқотиб қўйган тақдирда, уни қайта тиклаш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Товарда аниқланган нуқсонлар ишлаб чиқарувчи томонидан бартараф этилади. Ишлаб чиқарувчи билан сотувчининг ўзаро муносабатлари шартнома билан тартибга солинади.
14-модда. Нуқсонли товарни алмаштириб бериш тартиби
Олдинги таҳрирга қаранг.
Истеъмолчи товарнинг ишлаб чиқарилишига, тузилишига, таркибига доир камчиликларни ёки бошқа нуқсонларни аниқлаган тақдирда сотувчи (ишлаб чиқарувчи) уни айни шундай маркали (моделли, артикулли) товарга етти кунлик муддатда, товар сифатини сотувчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан қўшимча равишда текшириш зарур бўлганида эса, истеъмолчи талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида алмаштириб бериши шарт.
(14-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 10 октябрдаги ЎРҚ-59-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2006 й., 41-сон, 405-модда)
Айни шундай маркали (моделли, артикулли) товар бўлмаган тақдирда, истеъмолчининг алмаштириб бериш хусусидаги талаби даъво қилинган пайтдан эътиборан бир ой ичида қондирилиши керак. Чўл ва олис жойларда, товарлар вақти-вақти билан олиб бориладиган жойларда истеъмолчининг бундай талаби ушбу жойларга навбатдаги товар етказиб бериш учун кетадиган муддат ичида, лекин икки ойдан кечиктирмай қондирилиши лозим.
Ана шу муддатларнинг ўтказиб юборилган ҳар бир куни учун сотувчи (ишлаб чиқарувчи) истеъмолчига алмаштирилган товарни бериш билан бир вақтда товар баҳосининг бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) тўлайди.
Истеъмолчининг розилиги билан сотувчи нуқсонли товарни бошқа маркали (моделли, артикулли) шундай товарга алмаштириб бериб, харид нархини тегишинча қайта ҳисоб-китоб қилиши шарт.
15-модда. Товар нуқсонларини бепул бартараф этиш тартиби
Товарда кафолат муддатида топилган нуқсонларни сотувчи истеъмолчи тегишли талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида, ишлаб чиқарувчи эса, ўн кун ичида бепул бартараф этиши лозим.
Истеъмолчи кафолат муддати тугаганидан кейин товарнинг нуқсонларини бепул бартараф этиш тўғрисида ишлаб чиқарувчига талаб қўйишга ҳақли. Бундай талаб, башарти товарда ишлаб чиқарувчининг айби билан йўл қўйилган жиддий нуқсонлар аниқланган бўлса, белгиланган хизмат муддати мобайнида, агар хизмат муддати белгиланмаган бўлса, ўн йил мобайнида қўйилиши мумкин.
Узоқ муддат давомида фойдаланиладиган товарни таъмирлашга кетадиган вақтда фойдаланиб туриш учун истеъмолчининг талабига биноан нуқсонли товар қайтариб берилганидан кейин уч кун ичида унга айни шундай маркали (моделли, артикулли) товар бериб турилади (сотувчининг ҳисобидан унинг ўзи ёки вакили элтиб беради). Бунинг учун ишлаб чиқарувчи сотувчи билан биргаликда шартнома асосида товарларнинг алмашув фондини назарда тутишлари шарт. Мазкур талаблар татбиқ этилмайдиган узоқ муддат давомида фойдаланиладиган товарлар рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати белгилайди.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларининг 2-иловаси.
Товардаги нуқсонларни бартараф этиш хусусида талаб қўйилган тақдирда, ундан фойдаланишнинг кафолат муддати истеъмолчининг товардан фойдалана олмаган даврга тенг муддатга узайтирилади. Мазкур муддат истеъмолчи нуқсонларни бартараф этиш талаби билан мурожаат этган кундан эътиборан ҳисоблана бошлайди.
Сотувчи (ишлаб чиқарувчи) истеъмолчининг таъмирлашга кетадиган вақтда фойдаланиш учун шундай товарни бериб туриш ҳақидаги талабини бажариш кечиктирилган ҳар бир кун учун, шунингдек, нуқсонларни бартараф этишнинг шартномадан келиб чиқадиган муддатларидан ортиқ кечиктирилган ҳар бир кун учун товар нархининг бир фоизи миқдорида истеъмолчига неустойка (пеня) тўлайди.
16-модда. Истеъмолчининг нуқсонли товарнинг харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтиришни ёки шартномани бекор қилишни талаб қилиш ҳуқуқи
Агар сотувчи (ишлаб чиқарувчи) истеъмолчининг товарни алмаштириб бериш ёки ундаги нуқсонларни бартараф этиш ҳақидаги талабларини бажармаган бўлса, истеъмолчи товарнинг харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтиришни ёки шартномани бекор қилиб етказилган зиён ва маънавий зарарни ушбу Қонуннинг 20 ва 22-моддаларига мувофиқ қоплашни талаб қилишга ҳақли.
17-модда. Истеъмолчига нуқсонли товар сотилган тақдирда у билан ҳисоб-китоб қилиш
Нуқсонли товар айни шундай маркали (моделли, артикулли) товарга алмаштириб берилган вақтда товарнинг нархи ўзгарган бўлса, қайта ҳисоб-китоб қилинмайди.
Нуқсонли товар бошқа маркали (моделли, артикулли) товарга алмаштириб берилаётганда, агар алмаштирилиши керак бўлган товар нархи унинг ўрнига берилаётган товар нархидан паст бўлса, истеъмолчи нархлардаги фарқни қўшимча равишда тўлаши лозим, алмаштирилиши керак бўлган товар нархи унинг ўрнига берилаётган товар нархидан юқори бўлса, истеъмолчига нархлардаги фарқ қайтарилади. Бундай ҳисоб-китоб чоғида алмаштирилиши керак бўлган товар нархи ошган тақдирда, унинг талаб қўйилган пайтдаги нархи, нархи пасайган тақдирда эса, харид қилинган пайтдаги нархи қўлланилади.
Шартнома бекор қилинаётганда товар нархи ошган бўлса, истеъмолчи билан ҳисоб-китоб товарнинг тегишли талаб қўйилган пайтдаги қийматига қараб, нархи пасайган тақдирда эса, харид қилинган пайтдаги қийматига қараб амалга оширилади.
Товар истеъмолчиларга кредитга сотилган бўлса, шартнома бекор қилинган тақдирда, пул суммаси товар қайтарилаётган пайтга қадар узилган кредит миқдорида қайтариб берилади, шунингдек, кредит берганлик ҳақи тўланади.
Ҳажми катта ёки вазни беш килограммдан зиёд товарни таъмирлаш, нархини тушириш, алмаштириш учун элтиш ва истеъмолчига қайтариб келтириб бериш сотувчининг (ишлаб чиқарувчининг) кучи билан ва унинг ҳисобидан амалга оширилади. Ушбу мажбурият бажарилмаган тақдирда товарни элтиш ва қайтариб олиб келиш истеъмолчи томонидан амалга оширилиши мумкин Бунда истеъмолчининг товарни элтиш ва қайтариб олиб кетиш билан боғлиқ харажатларини сотувчи (ишлаб чиқарувчи) қоплаши шарт.
18-модда. Истеъмолчининг мақбул сифатли товарни алмаштириб олиш ҳуқуқи
Истеъмолчи мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан ўн кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли.
Алмаштириб олиш тартиби ва алмаштириб берилмайдиган товарлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати тасдиқлайдиган қоидалар билан белгиланади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларининг 1-иловаси.
19-модда. Ишни бажариш, хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартнома шартлари бузилган тақдирда истеъмолчининг ҳуқуқлари
Ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шарт.
Ишни бажариш (хизмат кўрсатиш) муддати иш бажарилиши (хизмат кўрсатилиши) лозим бўлган санага (даврга), шунингдек, ижрочи ишни бажаришга (хизмат кўрсатишга) киришиши лозим бўлган санага (даврга) қараб белгиланиши мумкин. Агар иш бажариш хизмат кўрсатиш шартноманинг амал қилиш муддати давомида қисмларга бўлиб-бўлиб адо этиладиган бўлса (вақтли матбуотни етказиб бериш, техник хизмат кўрсатиш ва бошқалар), ишлар бажариш (хизматлар кўрсатиш)нинг босқичма-босқич муддатлари (даврлари) назарда тутилиши керак.
Агар ижрочи шартномани ижро этишга ўз вақтида киришмаса ёки шартноманинг белгиланган муддатда бажарилмаслиги аён бўлиб қолса, истеъмолчи ишни бажариш, хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартномадан воз кечишга ва етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли.
Агар ижрочи шартнома шартларини иш (хизмат)ни ёмонлаштирган даражада жиддий бузган бўлса, ёхуд ишда (хизматда) бошқа жиддий нуқсонларга йўл қўйган бўлса, истеъмолчи ўз хоҳишига кўра нуқсонлар бепул бартараф этилишини, бажарилган иш (кўрсатилган хизмат) баҳоси нуқсонларга мутаносиб равишда камайтирилишини, худди шундай сифатли шу хилдаги материалдан бошқа буюм бепул тайёрлаб берилишини ёхуд ишнинг такроран бажарилишини ёинки шартнома бекор қилиниб, кўрилган зарар тўлиқ қопланишини талаб қилишга ҳақли.
Истеъмолчи ушбу модданинг тўртинчи қисмида кўрсатилган ҳуқуқларни:
ишни (хизматни) қабул қилиб олиш вақтида ёки унинг бажарилиши жараёнида нуқсонлар аниқланган тақдирда;
кафолат муддати давомида, кафолат муддати бўлмаган тақдирда эса, иш (хизмат) қабул қилиб олинган кундан эътиборан олти ой давомида;
импорт ёки бошқа кўчмас мулкда нуқсонлар аниқланган кундан эътиборан икки йил давомида рўёбга чиқариши мумкин.
Иш бажариш (хизмат кўрсатиш) жараёнида аниқланган нуқсонларни бартараф этиш муддатлари шартномада белгилаб қўйилади. Бажарилган иш (кўрсатилган хизмат)даги нуқсонлар, агар шартномада бирмунча қисқароқ муддат белгиланмаган бўлса, истеъмолчи талаб қилган кундан эътиборан йигирма кун ичида ижрочи томонидан бартараф этилиши керак. Нуқсонлар белгиланган муддатда бартараф этилмаган, шунингдек, иш бажаришни (хизмат кўрсатишни) бошлаш ва тугаллаш кечиктирилган тақдирда, ижрочи истеъмолчи ҳар бир кечиктирилган кун, соат (агар муддат соатларда белгиланган бўлса) учун иш (хизмат) қийматининг ёки буюртма қийматини (агар унинг қиймати алоҳида белгиланмаган бўлса) бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) тўлайди.
Истеъмолчи ундириб олган неустойка (пеня) суммаси иш бажариш (хизмат кўрсатиш)нинг алоҳида тури баҳосидан ёки буюртманинг умумий баҳосидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.
Бажарилган ишдаги нуқсонларни бартараф этиш кечиктирилганлиги учун ижрочи тўлаган неустойка (пеня) қопланиши лозим бўлган зарар ҳисобига кирмайди.
Ижрочининг мажбуриятни умуман ёки лозим даражада бажарилмаганлик учун неустойка (пеня) тўлаши ва зарарни қоплаши уни мажбуриятни асл ҳолида бажаришдан озод этмайди.
Истеъмолчидан қабул қилиб олинган ашё (материал) йўқолган, ишдан чиққан, унга путур етган тақдирда ёки истеъмолчининг материалидан фойдаланиб бажарилган ишда жиддий нуқсонлар бўлса ё у бузиб бажарилган тақдирда ижрочи истеъмолчига айнан ўхшаш сифатли ашёни қайтариши (ўзининг айнан ўхшаш сифатли материалидан иш бажариши ёки хизмат кўрсатиши), бунинг имконияти бўлмаган тақдирда эса, ашёнинг (материалнинг) талаб қўйилган пайтдаги қийматини икки баравар қилиб тўлаши шарт.
Ижрочи томонидан ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатиш учун қабул қилиб олинаётган ашё (материал) қиймати шартнома тузиш пайтида томонларнинг келишувига мувофиқ белгиланади.
Ишда (хизматда) жиддий нуқсонлар мавжуд бўлганида ёки шартнома талаблари жиддий бузилганида, шунингдек, ашё (материал) йўқолган, ишдан чиққан, унга путур етган тақдирда истеъмолчи билан ҳисоб-китоб ишнинг (хизматнинг) ёки материалнинг шартномани бекор қилиш пайтидан ошган нархини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.
Сифатсиз бажарилган иш (кўрсатилган хизмат) туфайли истеъмолчига етказилган зарар учун ижрочи ушбу Қонуннинг 20, 22, 27, 29-моддаларига мувофиқ жавобгар бўлади.
Ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатиш тўғрисида тузилган шартномалар бўйича истеъмолчилар билан ижрочи ўртасидаги муносабатларнинг ўз моҳиятига кўра ушбу моддага мос келмайдиган хусусиятлари, шунингдек, шартномаларнинг умуман ёки лозим даражада ижро этилмаганлиги туфайли келиб чиқадиган оқибатлар бундай шартномаларнинг алоҳида турлари тўғрисида қонун ҳужжатларида белгилаб қўйиладиган қоидалар билан аниқланади.
20-модда. Товар (иш, хизмат)нинг нуқсонлари туфайли етказилган зарар учун мулкий жавобгарлик
Товар (иш, хизмат)нинг тузилишига, ишлаб чиқарилишига, таркибига боғлиқ бўлган ва бошқа нуқсонлари, шунингдек истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкининг хавфсизлигини таъмин эта олмайдиган материаллар, ускуналар, асбоб-анжомлар, мосламалар ёки бошқа воситалар қўлланилиши оқибатида истеъмолчининг ҳаётига, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) томонидан қопланиши лозим.
Сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) билан шартнома муносабатларига киришган-киришмаганидан қатъи назар, ҳар қандай истеъмолчи товар (иш, хизмат)нинг нуқсони туфайли етказилган зарар қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар, агар у норматив ҳужжатларда назарда тутилган товарнинг хизмат (яроқлилик) муддати мобайнида, бундай муддат белгиланмаган тақдирда эса, товар ишлаб чиқарилган (иш, хизмат қабул қилинган) пайтдан эътиборан ўн йил мобайнида юзага келган бўлса, қопланиши лозим.
Сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) зарар бартараф қилиб бўлмайдиган куч ёки фойдаланиш, сақлаш ёхуд ташишнинг белгиланган қоидалари истеъмолчи томонидан бузилиши туфайли етказилганлигини исботласа, у жавобгарликдан озод қилинади.
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1017 — 1020-моддалари.
21-модда. Шартноманинг истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган шартлари ҳақиқий эмаслиги
Шартноманинг истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган ва қонун ҳужжатларига зид бўлган талаблари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Агар уларни қўлланиши натижасида истеъмолчига зарар етказилган бўлса, бу зарар ишлаб чиқарувчи (сотувчи, ижрочи) томонидан қопланиши лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.
(21-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 9 апрелдаги ЎРҚ-147-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 14-15-сон, 90-модда)
22-модда. Маънавий зарар учун ҳақ тўлаш
Истеъмолчининг ҳуқуқлари бузилиши туфайли унга етказилган маънавий зарар учун уни етказган шахс, башарти у айбдор бўлса, ҳақ тўлаши лозим. Маънавий зарар учун тўланадиган ҳақ миқдорини суд белгилайди.
Маънавий зарар учун ҳақ тўлаш мулкий зиён ва истеъмолчи кўрган зарарнинг ўрни қопланишидан қатъи назар, амалга оширилади.
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1021 — 1022-моддалари.
23-модда. Истеъмолчилар ҳуқуқларининг давлат томонидан ҳимоя қилинишини таъминлаш
Давлат истеъмолчиларнинг товар (иш, хизмат) сотиб олиши ва ундан фойдаланиш чоғидаги ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди.
Истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари давлат томонидан ҳимоя қилинишини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, судлар таъминлайдилар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қуйидагилар истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун махсус ваколат берилган давлат органларидир: Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси; Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги (бундан буён матнда «Ўзстандарт» агентлиги деб юритилади); Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги; Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси; Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси; истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини ўз ваколатлари доирасида назорат қилувчи бошқа давлат бошқаруви органлари.
(23-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 14 сентябрдаги ЎРҚ-446-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 37-сон, 978-модда)
24-модда. Маҳаллий ҳокимият органлари томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши
Истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши учун маҳаллий ҳокимият органлари:
истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бажарилишини ташкил этадилар;
истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ваколати берилган давлат органлари ва истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлик қиладилар;
истеъмолчиларнинг шикоятлари, аризалари ва таклифларини кўриб чиқадилар;
истеъмолчиларнинг (истеъмолчилар номуайян доирасининг) ҳуқуқларини ҳимоя қилиб судларга мурожаат этадилар;
ўз ҳуқуқлари доирасида бошқа ваколатларни ҳам амалга оширадилар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
25-модда. Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари
(25-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 20 январдаги ЎРҚ-365-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 4-сон, 45-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида:
(25-модданинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 20 январдаги ЎРҚ-365-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 4-сон, 45-модда)
истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширадилар;
истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг қўлланилиши масалалари юзасидан расмий тушунтиришлар берадилар;
истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш аломатлари аниқланган тақдирда, ишлаб чиқарувчидан (ижрочидан, сотувчидан) зарур ҳужжатлар, тушунтиришларни ва бошқа ахборотни сўраб оладилар;
истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини бузаётган камчиликларни бартараф этиш тўғрисида ишлаб чиқарувчига (ижрочига, сотувчига) кўрсатма юборадилар;
истеъмолчиларнинг (истеъмолчилар номуайян доирасининг) ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, судга мурожаат этишга ҳақлидирлар;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширадилар.
(25-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 10 октябрдаги ЎРҚ-59-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2006 й., 41-сон, 405-модда)
26-модда. Товарлар (ишлар, хизматлар) хавфсиз бўлишини ва уларнинг сифатини назорат қилувчи давлат бошқаруви органларининг ваколатлари
Олдинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Товар (иш, хизмат)лар хавфсиз бўлишини ва уларнинг сифатини таъминлаш мақсадида «Ўзстандарт», Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда товар (иш, хизмат)лар хавфсиз бўлиши ва сифати устидан назоратни амалга оширувчи бошқа давлат бошқарув органлари ўз ваколатлари доирасида:
(26-модда биринчи қисмининг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 14 сентябрдаги ЎРҚ-446-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 37-сон, 978-модда)
товар (иш, хизмат)лар хавфсиз бўлишига ва уларнинг сифатига доир мажбурий талабларни белгилайдилар ҳамда бу талабларга риоя этилиши устидан назоратни амалга оширадилар;
товар (иш, хизмат)лар хавфсиз бўлишига ва уларнинг сифатига доир талаблар бузилишини бартараф этиш, паст сифатли товарларни ишлаб чиқаришдан олиб ташлаш, чиқариш ва реализация қилишни тўхтатиш (ишлар бажарилишини, хизматлар кўрсатилишини тўхтатиш), уларни истеъмолчилардан қайтариб олиш тўғрисида ишлаб чиқарувчиларга (ижрочиларга, сотувчиларга) кўрсатмалар йўллайдилар, шунингдек, бу ҳақда истеъмолчиларни хабардор қиладилар;
ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)лар товарлар (ишлар, хизматлар) хавфсиз бўлиши ва уларнинг сифатига доир талабларни бузганлари тақдирда уларнинг устидан судларда даъво қўзғатадилар.
Товар (иш, хизмат)лар хавфсиз бўлиши ва уларнинг сифати устидан назоратни амалга оширувчи давлат бошқаруви органлари фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати мувофиқлаштириб боради.
27-модда. Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
Ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун жавобгар бўлади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ишлаб чиқарувчининг (ижрочининг, сотувчининг) мансабдор шахслари, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилиши шарт эканлиги қонун ҳужжатларида белгиланган товарларни ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ҳолда реализация қилиш ва сотиш учун қабул қилганлик, яроқлилик муддати ўтган товарларни реализация қилиш ва сотиш учун қабул қилганлик, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилишларини бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмаларни бажаришдан бўйин товлаганлик, ўз вақтида ёки лозим даражада бажармаганлик, шунингдек истеъмолчиларга товарлар (ишлар, хизматлар) тўғрисида ахборот тақдим этмаганлик ёки била туриб нотўғри маълумотлар тақдим этганлик, товарларни (ишларни, хизматларни) мажбурий сертификатлаштириш қоидаларини бузганлик, норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган товар (иш, хизмат) туфайли истеъмолчиларга зарар етказганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилади.
Маъмурий жазо чораси қўлланилганлиги ишлаб чиқарувчиларни (ижрочиларни, сотувчиларни) йўл қўйилган қоидабузарликларни бартараф қилиш мажбуриятидан озод этмайди.
(27-модданинг иккинчи — бешинчи қисмлари Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сонли Қонунига асосан иккинчи ва учинчи қисмлар билан алмаштирилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 41-сон, 543-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(27-модданинг тўртинчи ва бешинчи қисмлари Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонунига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
Товар (иш, хизмат)лар хавфсиз бўлиши ҳақидаги талабларга жавоб бермайдиган товар (иш, хизмат)лар туфайли истеъмолчиларга зарар етказилса, товарлар (ишлар, хизматлар) хавфсиз бўлиши ва уларнинг сифати устидан назоратни амалга оширувчи давлат бошқаруви органларининг мансабдор шахслари қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 12 августдаги 410-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида стандартлар ва ўлчов воситалари устидан давлат назорати тўғрисидаги низом.
Олдинги таҳрирга қаранг.
271-модда. Давлат бошқаруви органининг кўрсатмаси устидан шикоят қилиш
Ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) давлат бошқаруви органининг кўрсатмаси устидан бевосита судга ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёхуд мансабдор шахсга шикоят қилишга ҳақли.
Давлат бошқаруви органининг кўрсатмаси устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёхуд мансабдор шахсга шикоят қилиниши судга шикоят қилиш ҳуқуқини истисно этмайди.
Давлат бошқаруви органининг кўрсатмаси устидан судга шикоят қилиниши унинг ижро этилишини суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунига қадар тўхтатиб туради, бундан фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига бошқа ҳақиқий хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ бўлган кўрсатмалар мустасно.
(271-модда Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонунига асосан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
28-модда. Молиявий хизматлар соҳасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
Молиявий хизматлар кўрсатадиган ижрочи ўзининг тугатилиши ёки банкрот бўлиши эҳтимолини назарда тутган ҳолда истеъмолчининг талабларини қондириш мақсадида ўз жавобгарлигини суғурта қилдириши шарт.
Молиявий хизматлар ижрочиси истеъмолчига етказилган зарар учун ўзининг жавобгарлиги тўғрисида суғурта шартномаси борлиги ҳақида истеъмолчига ахборот бериши шарт.
29-модда. Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш
Истеъмолчининг ҳуқуқлари бузилган тақдирда, у судга мурожаат қилишга ҳақлидир. Даъволар, агар қонунларда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, жавобгар, истеъмолчи жойлашган ердаги ёки зарар етказилган жойдаги судга тақдим этилади.
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 145, 146 ва 147-моддалари.
Истеъмолчилар ўз ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ даъволар бўйича, шунингдек, товар (иш, хизмат)лар хавфсиз бўлиши уларнинг сифати устидан назоратни амалга оширувчи давлат органлари, истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмалари истеъмолчининг (истеъмолчилар номуайян доирасининг) манфаатларини кўзлаб қўзғатиладиган даъволар бўйича давлат божи тўлашдан озод қилинадилар.
30-модда. Истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмалари
Истеъмолчилар ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ихтиёрий равишда истеъмолчилар бирлашмаларини тузишлари мумкин.
Истеъмолчиларнинг бирлашмалари ўз фаолиятини қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширувчи жамоат бирлашмаларидир.
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 ноябрдаги 414-сонли «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1996 йил 26 апрель,
221-I-сон