Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикасида Давлат экологик экспертизаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2001 й., 22-24-сон, 160-модда; 2005 й., 14-сон, 103-модда; 2009 й., 24-сон, 269-модда; 2012 й., 44-сон, 507-модда; 2014 й., 10-сон, 105-модда)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жамиятнинг сиёсий, иқтисодий ва маънавий соҳаларида ислоҳотларни эркинлаштириш ва чуқурлаштириш, мамлакат хавфсизлигини таъминлаш бўйича Дастурларни амалга ошириш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида» 2000 йил 2 июндаги ПФ-2612-сон Фармони бажарилишини таъминлашга доир ҳаракатлар дастурига мувофиқ, шунингдек «Экологик экспертиза тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини рўёбга чиқариш ҳамда экологик хавфсизликни таъминлаш юзасидан норматив-ҳуқуқий базани ривожлантириш чора-тадбирларини амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикасида давлат экологик экспертизаси тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ;
Давлат экологик экспертизаси амалга ошириладиган фаолият турлари рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Т.Х. Холтоев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў. СУЛТОНОВ
Тошкент ш.,
2001 йил 31 декабрь,
491-сон
Вазирлар Маҳкамасининг
2001 йил 31 декабрдаги 491-сон
қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида давлат экологик экспертизаси тўғрисида
низом
1. Давлат экологик экспертизаси бу ихтисослаштирилган эксперт бўлинмалари Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси органлари томонидан амалга ошириладиган экологик экспертиза туридир. Қуйидагиларни:
прогноз қилинаётган, мўлжалланаётган ёки амалга оширилаётган хўжалик ва бошқа хил фаолиятнинг экологик талабларга мувофиқлигини;
атроф муҳитнинг ҳолатига ва фуқаролар соғлиғига зарарли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ёки зарарли таъсир кўрсатаётган мўлжалланаётган ва амалга оширилаётган хўжалик ҳамда бошқа хил фаолиятнинг экологик хавфлилик даражасини;
атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича назарда тутилаётган тадбирларнинг етарлилиги ва асослилигини аниқлаш экологик экспертизанинг мақсади ҳисобланади.
2. Қуйидагилар Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг давлат экологик экспертизаси органлари ҳисобланади:
Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг давлат экологик экспертизаси бош бошқармаси (кейинги ўринларда «Бошдавэкоэкспертиза» бошқармаси деб юритилади);
Қорақалпоғистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг давлат экологик экспертизаси;
вилоятлар ва Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмиталарининг давлат экологик экспертизаси.
Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг давлат экологик экспертизаси органлари давлат экологик экспертизасининг ягона тизимини ташкил этади, уларга «Бошдавэкоэкспертиза» бошқармаси методик раҳбарлик қилади.
3. «Бошдавэкоэкспертиза» бошқармаси қуйидаги объектлар бўйича давлат экологик экспертизасини амалга оширади:
лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатлари, атроф муҳитнинг ҳолатига ва фуқароларнинг соғлигига салбий таъсир кўрсатувчи ишлаб турган корхоналар ва бошқа объектлар, махсус ҳуқуқий режимли объектлар (I ва II тоифага тегишли бўлган фаолият турлари бўйича);
кейинчалик уларга алоҳида муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар, фавқулодда экологик вазият ҳамда экологик офат зоналари мақомини бериш мақсадида ҳудудларни комплекс текшириш материаллари;
техника, технология, материаллар, моддалар, маҳсулотларнинг янги турларини яратишга доир ҳужжатлар;
давлат дастурларининг, концепцияларининг, ишлаб чиқариш кучларини, иқтисодий ва ижтимоий соҳа тармоқларини жойлаштириш ҳамда ривожлантириш схемаларининг лойиҳалари;
аҳоли сони 50 минг кишидан ортиқ бўлиши режалаштирилаётган объектлар учун шаҳарсозлик ҳужжатлари;
табиий ресурслардан фойдаланиш билан боғлиқ хўжалик ва бошқа хил фаолиятни тартибга солувчи норматив-техник ва йўриқнома-услубий ҳужжатлар (техник регламентлар ёки стандартлар, экологик нормативлар, қоидалар, йўриқномалар) лойиҳалари.
(3-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 мартдаги 45-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 10-сон, 105-модда)
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат экологик экспертизаси қуйидаги объектлар бўйича давлат экологик экспертизасини амалга оширадилар:
лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатлари, атроф муҳитнинг ҳолатига ва фуқароларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатувчи ишлаб турган корхоналар ва бошқа объектлар, махсус ҳуқуқий режимли объектлар (III ва IV тоифага тегишли бўлган фаолият турлари бўйича);
аҳоли сони 50 минг киши ва ундан кам бўлган объектлар учун шаҳарсозлик ҳужжатлари.
Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг давлат экологик экспертизаси органлари, кўриб чиқилаётган объектнинг ўзига хослиги ва мураккаблигига қараб, давлат экологик экспертизаси учун шартнома асосида битта ёки бир гуруҳ малакали мутахассислар ва олимларни, зарурият бўлганда хорижий экспертларни жалб этиши мумкин, уларнинг хулосалари тавсия тусига эга бўлади.
Қурилишнинг барча турлари учун ер участкалари ажратиш материалларининг экологик экспертизаси лойиҳа олди ва лойиҳа ҳужжатлари объектлари таркибида ўтказилади.
4. Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг давлат экологик экспертизаси органлари ўзларига юкланган вазифаларга мувофиқ:
а) экспертизадан ўтказилиши шартлиги «Экологик экспертиза тўғрисида», «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларида ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган объектларни давлат экологик экспертизасидан ўтказади;
б) объектларни атроф муҳитга таъсирини баҳолаш бўйича тақдим этилган материаллар, экологик нормативлар, лойиҳалар ва бошқа ҳужжатлар асосида ўрганади, таҳлил этади, давлат экологик экспертизасини ўтказади;
в) буюртмачини (унинг сўрови бўйича) экологик экспертизанинг бориши ва унинг натижалари тўғрисида кўриб чиқиш муддати тамом бўлгандан кейин 3 кун мобайнида хабардор қилади;
г) давлат экологик экспертизаси хулосасини беради.
5. Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг давлат экологик экспертизаси органлари қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:
вазирликлар, идоралар, ташкилотлар ва буюртмачилардан давлат экологик экспертизасини ўтказиш учун зарур бўлган маълумотлар, маълумотномалар, ахборот материаллари ва бошқа материалларни олиш;
давлат экологик экспертизасига тақдим этилган табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг норматив ҳужжатлари талабларига жавоб бермайдиган материалларни рад этиш;
экологик экспертизага тақдим этилган материалларнинг ишончлилигини жойнинг ўзига бориб аниқлаш;
қонун ҳужжатларига мувофиқ фаолиятнинг бошқа турларини амалга ошириш.
6. Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг давлат экологик экспертизаси органлари, шунингдек экспертлар, қонун ҳужжатларига мувофиқ, экспертиза ўз вақтида, комплекс, холис ва сифатли ўтказилишини ва белгиланган тартибда хулоса берилишини таъминлаш учун жавоб берадилар.
7. Давлат экологик экспертизаси экспертининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари «Экологик экспертиза тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларига, мазкур Низомга мувофиқ белгиланади.
8. Буюртмачи атроф муҳитга таъсирни баҳолаш ўтказилиши ташкил этилиши, давлат экологик экспертизасига тақдим этиладиган атроф муҳитга таъсирни баҳолаш материалларининг тўлиқлиги, ишончлилиги ва сифати учун жавоб беради.
9. Давлат экологик экспертизаси буюртмачисининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари «Экологик экспертиза тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
10. Давлат экологик экспертизасига буюртмачи томонидан қуйидагилар тақдим этилади:
а) лойиҳалаштирилаётган объектлар бўйича (лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатлари; шаҳарсозлик ҳужжатларининг барча турлари; махсус режимли объектлар) атроф муҳитга таъсирни баҳолаш материаллари, у қуйидаги босқичлардан иборат бўлади:
мўлжалланаётган ёки прогнозлаштирилаётган хўжалик ва бошқа хил фаолият ҳақидаги ният пайдо бўлиши босқичида бажариладиган атроф муҳитга таъсир тўғрисидаги ариза лойиҳаси, объектни маблағ билан таъминлаш бошлангунгача;
атроф муҳитга таъсир тўғрисидаги ариза лойиҳаси давлат экологик экспертизасидан ўтказилиши натижалари бўйича қўшимча қидирувларни, натурадаги текширишларни, махсус таҳлилларни, моделли экспериментларни бажариш ва далиллар билан асосланган табиатни муҳофаза қилиш тадбирлари ишлаб чиқилиши зарурлиги аниқланган тақдирда бажариладиган атроф муҳитга таъсир тўғрисидаги ариза. Атроф муҳитга таъсир тўғрисидаги ариза давлат экологик экспертизаси объектининг техник-иқтисодий асослари тасдиқлангунгача тақдим этилади. Атроф муҳитга таъсир тўғрисидаги аризани ишлаб чиқиш зарурияти атроф муҳитга таъсир тўғрисидаги ариза лойиҳасини кўриб чиқиш натижалари бўйича Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг давлат экологик экспертизаси органи томонидан белгиланади;
объект фойдаланишга қабул қилиб олингунгача бажариладиган ва лойиҳаланаётган объектларнинг атроф муҳитга таъсирини баҳолаш тартибининг якунловчи босқичи ҳисобланган экологик оқибатлар тўғрисидаги ариза;
б) ишлаб турган объектлар бўйича (атроф табиий муҳитнинг ҳолатига ва фуқароларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатувчи ишлаб турган корхоналар ва бошқа объектлар) экологик нормативлар лойиҳалари, объект атроф муҳитга ва фуқаролар соғлиғига таъсир кўрсатиши аниқланган тақдирда ишлаб чиқилган атроф муҳитга таъсир тўғрисидаги ариза. Буюртмачи қўшимча равишда экологик аудит материалларини тақдим этиши мумкин;
в) қолган объектлар бўйича:
давлат дастурларининг, концепцияларининг, ишлаб чиқариш кучларини, иқтисодий ва ижтимоий соҳа тармоқларини жойлаштириш ҳамда ривожлантириш схемаларининг лойиҳалари;
табиий ресурслардан фойдаланиш билан боғлиқ хўжалик ва бошқа хил фаолиятни тартибга солувчи норматив-техник ва йўриқнома-услубий ҳужжатлар (техник регламентлар ёки стандартлар, экологик нормативлар, қоидалар, йўриқномалар) лойиҳалари;
(10-банднинг «в» кичик банди учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 мартдаги 45-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 10-сон, 105-модда)
техника, технология, материаллар, моддалар, маҳсулотларнинг янги турларини яратишга доир ҳужжатлар;
кейинчалик уларга алоҳида муҳофаза қилинадиган зоналар ва фавқулодда экологик вазият ва экологик офат зоналари мақомини бериш мақсадида ҳудудларни комплекс текшириш материаллари ишлаб чиқилган ҳужжатлар тақдим этилади.
IV тоифага тегишли фаолият турлари учун фақат атроф муҳитга таъсир тўғрисидаги ариза лойиҳаси бажарилади.
11. Атроф муҳитга таъсирни баҳолаш босқичлари қуйидаги асосий масалалардан иборат бўлиши керак (ишларнинг тури ва хусусиятига қараб):
а) атроф муҳитга таъсир тўғрисидаги ариза лойиҳаси:
мўлжалланаётган фаолиятни амалга ошириш бошлангунгача атроф муҳитнинг ҳолати, ҳудудда аҳолининг жойлашганлиги, ерларни ўзлаштириш, атроф муҳит хусусиятлари таҳлили;
мавжуд рекреация зоналари, аҳоли пунктлари, ирригация, мелиорация объектлари, қишлоқ хўжалиги экин майдонлари, электр узатиш линиялари, транспорт, сув қувури, газ қувури коммуникациялари ва жой тўғрисидаги бошқа маълумотлар кўрсатилган ҳолда вазиятли режа;
назарда тутилаётган (мўлжалланаётган) асосий ва ёрдамчи объектлар, фойдаланиладиган техника, технология, табиий ресурслар, материаллар, хом ашё, ёнилғи, уларнинг атроф муҳитга таъсири таҳлили, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг экологик хавфлилиги;
кутилаётган чиқариладиган, оқизиладиган ифлослантирувчи моддалар, чиқиндилар, уларнинг атроф муҳитга салбий таъсири ва уларни зарарсизлантириш усуллари;
чиқиндиларни омборга жойлаш, сақлаш ва фойдали тарзда ишлатиш;
фан, техника ютуқларини ва илғор тажрибани ҳисобга олган ҳолда табиатни муҳофаза қилиш нуқтаи назаридан мўлжалланаётган ёки амалга оширилаётган фаолият ва технологик ечимлар муқобилларининг таҳлили;
салбий экологик оқибатларни истисно этувчи ва экспертиза объектининг атроф муҳитга таъсирини пасайтирувчи ташкилий, техник, технологик ечимлар ва чора-тадбирлар;
аварияли вазиятлар таҳлили (эҳтимоллиликни баҳолаган ҳолда ва уларнинг салбий оқибатлари олдини олиш сценарийси бўйича);
экспертиза объектини рўёбга чиқариш натижасида атроф муҳит ва экологик оқибатлар ўзгариши прогнози;
б) атроф муҳитга таъсир тўғрисида ариза:
муҳандислик-геология қидирувлари, моделли тадқиқотлар ва бошқа зарур тадқиқотлар натижалари бўйича ажратилган майдоннинг экологик муаммоларини баҳолаш;
майдоннинг аниқланган муаммоларига татбиқан технологиянинг экологик таҳлили;
жамоатчилик фикрини эшитиш натижалари (зарурият бўлганда);
экспертиза объекти рўёбга чиқарилишининг салбий оқибатлари олдини олувчи табиатни муҳофаза қилиш чора-тадбирларининг далиллар билан асосланган тадқиқотлари;
в) экологик оқибатлар тўғрисидаги ариза:
атроф муҳитга таъсир тўғрисидаги ариза лойиҳасининг, атроф муҳитга таъсир тўғрисидаги аризанинг, шунингдек жамоатчилик фикрини эшитишда киритилган таклифларни кўриб чиқиш натижалари бўйича Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси органларининг лойиҳа қарорларига ва қабул қилинган бошқа чора-тадбирларга тузатиш киритиш;
экспертиза объекти фаолиятини тартибга солувчи экологик нормативлар;
объектдан фойдаланиш экология тадбирлари билан биргаликда олиб борилиши бўйича ишларни ташкил этишга ва чора-тадбирларни бажаришга қўйиладиган талаблар;
хўжалик фаолиятини амалга ошириш имконияти тўғрисидаги асосий хулосалар.
IV тоифага тегишли бўлган фаолият турлари учун давлат экологик экспертизасига буюртмачи томонидан атроф муҳитга таъсир тўғрисидаги ариза лойиҳаси тақдим этилади, унда қуйидаги маълумотлар бўлади:
ҳудуддан фойдаланиш турлари кўрсатилган ҳолда объектни жойлаштириш режаси;
ишлаб чиқариш технологияси тавсифи;
канализация мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар ва оқова сувларни оқизишга нисбатан қўйиладиган талаблар;
ифлослантирувчи моддаларни чиқариб ташлаш миқдори ва таркиби;
чиқиндиларни омборга жойлаштириш миқдори ва шартлари;
табиатни муҳофаза қилиш чора-тадбирлари.
12. Давлат экологик экспертизаси томонидан тақдим этилган ҳужжатлар таркиби ёки мазмунининг мазкур Низом талабларига ёки бошқа норматив ҳужжатлар талабларига номувофиқлиги аниқланган тақдирда, буюртмачига бундан буён кўриб чиқиш рад этилиши сабаблари маълум қилинган ҳолда хулоса берилади.
13. Давлат экологик экспертизасини ўтказиш чоғида экологик аудит ва жамоатчилик экологик экспертизаси материалларидан фойдаланилиши мумкин.
14. Атроф муҳитга таъсирни баҳолаш материалларини кўриб чиқиш материаллари бўйича Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг давлат экологик экспертизаси органи томонидан давлат экологик экспертизаси хулосаси тузилади, унда экспертиза объекти, технологик жараёнлар, ишларни ташкил этиш ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича назарда тутилган чора-тадбирлар, объектнинг фаолияти (рўёбга чиқарилиши) билан боғлиқ бўлган эҳтимол тутилган салбий экологик оқибатлар тўғрисидаги зарур ахборот ва экспертиза объектини рўёбга чиқаришга йўл қўйилиши (ижобий хулоса) ёки йўл қўйилмаслиги (салбий хулоса) тўғрисидаги хулосалар бўлади.
Хулоса расмий бланкада расмийлаштирилади, Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раисининг ўринбосари ёки давлат экологик экспертизасини ўтказган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш тегишли қўмитаси раиси томонидан имзоланади.
15. Фаолият турлари учун давлат экологик экспертизасини ўтказиш муддати:
I ва II тоифалар, шунингдек:
кейинчалик уларга алоҳида муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар, фавқулодда экологик вазият ҳамда экологик офат зоналари мақомини бериш мақсадида ҳудудларни комплекс текшириш материаллари;
техника, технология, материаллар, моддалар, маҳсулотларнинг янги турларини яратишга доир ҳужжатлар;
давлат дастурларининг, концепцияларининг, ишлаб чиқариш кучларини, иқтисодий ва ижтимоий соҳа тармоқларини жойлаштириш ҳамда ривожлантириш схемаларининг лойиҳалари;
шаҳарсозлик ҳужжатлари;
табиий ресурслардан фойдаланиш билан боғлиқ хўжалик ва бошқа хил фаолиятни тартибга солувчи норматив-техник ва йўриқнома-услубий ҳужжатлар (техник регламентлар ёки стандартлар, экологик нормативлар, қоидалар, йўриқномалар) лойиҳалари 30 кунгача;
(15-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 мартдаги 45-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 10-сон, 105-модда)
III тоифа 20 кун;
IV тоифа экспертиза учун ҳақ тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжати мавжуд бўлган тақдирда давлат экологик экспертизасини ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб 10 кун.
Объектнинг мураккаблигига қараб экспертиза ўтказиш муддати Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси томонидан узайтирилиши мумкин, бироқ I ва II тоифага тегишли фаолият турлари учун 2 ойдан ортиққа ва қолган тоифаларга тегишли фаолият турлари учун 1 ойдан ортиққа узайтирилмайди.
16. «Бошдавэкоэкспертиза» бошқармасининг хулосаси буюртмачига ва экспертиза объекти у томонидан назорат қилинадиган ҳудудда жойлашган табиатни муҳофаза қилиш бўйича тегишли қўмитага бир нусхадан юборилади, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмиталарининг давлат экологик экспертизалари томонидан тайёрланган давлат экологик экспертизаси хулосаси эса буюртмачига ва назорат учун қўмиталарнинг тегишли инспекцияларига бир нусхадан юборилади.
17. Давлат экологик экспертизасининг салбий хулосасини олган буюртмачи хулосадаги мавжуд таклифга мувофиқ лойиҳанинг маромига етказилишини таъминлайди ва материалларни давлат экологик экспертизасига такроран тақдим этади, ёхуд мўлжалланаётган ёки амалга оширилаётган хўжалик ва бошқа хил фаолиятдан воз кечади.
18. Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси давлат экологик экспертизаси органларининг ижобий хулосаси банк ва бошқа кредит ташкилотлари томонидан маблағ билан таъминлаш бошланиши ҳамда давлат экологик экспертизаси объекти рўёбга чиқарилган тақдирда юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган ҳужжат ҳисобланади.
19. Агар давлат экологик экспертизаси хулосаси берилган объект бундай хулоса берилган пайтдан бошлаб уч йил мобайнида амалга оширилмаса, Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси давлат экологик экспертизаси органларининг ижобий хулосаси юридик кучга эга бўлмайди. Ушбу ҳолда давлат экологик экспертизаси хулосаси илгари бундай хулосани берган Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси органи томонидан қайта кўриб чиқилиши керак.
20. Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг экологик экспертиза органлари давлат экологик экспертизасига тақдим этилган материалларнинг сақланишини ҳамда давлат, ҳарбий хизмат ва тижорат сирини ташкил этувчи маълумотлар ошкор этилмаслигини таъминлайдилар. Улар бўйича экологик экспертиза ўтказилган барча ҳужжатларнинг бир нусхаси давлат экологик экспертизасини ўтказган Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси органида сақланади.
21. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар давлат экологик экспертизалари билан буюртмачи ўртасидаги келишмовчиликлар келишмовчиликлар баённомаси билан расмийлаштирилади ва хулосани берган давлат экологик экспертизаси вакили ва экспертиза буюртмачиси иштирокида «Бошдавэкоэкспертиза» бошқармаси томонидан кўриб чиқилади.
Буюртмачи билан «Бошдавэкоэкспертиза» бошқармаси ўртасидаги келишмовчиликлар томонларнинг вакиллари ҳозир бўлган ҳолда Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан кўриб чиқилади, келишмовчиликларни кўриб чиқиш муддати келишмовчиликлар баённомаси ва бошқа зарур материаллар тушган кундан бошлаб 45 календарь кундан ошмаслиги керак.
Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг давлат экологик экспертизаси органлари билан экспертиза буюртмачилари ўртасидаги келишмовчиликлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси хўжалик судларида кўриб чиқилиши мумкин.
22. Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг давлат экологик экспертизаси органлари фаолияти давлат экологик экспертизасини ўтказиш билан боғлиқ харажатларга ҳақ тўлашдан тушган маблағлар, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шартнома бўйича бажарилган бошқа ишлар учун тўланган ҳақ ҳисобига маблағ билан таъминланади.
23. Лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатлари, атроф табиий муҳитнинг ҳолатига ва фуқароларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатувчи ишлаб турган корхоналар ва бошқа объектлар, махсус ҳуқуқий режимли объектлар давлат экологик экспертизасидан ўтказилганлиги учун ҳақ тўлаш миқдори Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси органлари томонидан фаолият турлари бўйича уларнинг тоифаларига мувофиқ:
I тоифага — энг кам ойлик иш ҳақининг 25 баравари;
II тоифага — энг кам ойлик иш ҳақининг 15 баравари;
III тоифага — энг кам ойлик иш ҳақининг 7,5 баравари;
IV тоифага — энг кам ойлик иш ҳақининг 0,5 баравари миқдорида белгиланади.
(23-банднинг иккинчи — бешинчи хатбошилари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 44-сон, 507-модда)
Табиий ресурслардан фойдаланиш билан боғлиқ хўжалик ва бошқа хил фаолиятни тартибга солувчи норматив-техник ва йўриқнома-услубий ҳужжатлар лойиҳаларини давлат экологик экспертизасидан ўтказиш бажарилганлиги учун тегишли тоифа объекти давлат экологик экспертизасидан ўтказилганлиги учун тўланган ҳақнинг 30 фоизи миқдорида белгиланади.
Агар давлат экологик экспертизаси учун битта буюртмачи томонидан тақдим этилган ҳужжат комплекс ҳисобланса ва ҳар хил тоифадаги бир нечта объектлардан иборат бўлса, давлат экологик экспертизасидан ўтказганлик учун тўлов улардан биридан, тегишли юқори тоифага тегишлисидан ундириб олинади.
Давлат экологик экспертизасидан ўтказилиши керак бўлган объектларнинг барча турлари қурилиши учун ер участкалари ажратиш материаллари атроф муҳитга таъсир тўғрисидаги ариза лойиҳаси таркибида кўриб чиқилади ва кўриб чиққанлик учун алоҳида ҳақ ундирилмайди.
Ишлаб чиқариш кучларини, иқтисодиёт тармоқларини жойлаштириш ва ривожлантириш концепциялари, схемалари лойиҳалари, 50 мингдан ортиқ киши истиқомат қилиши лойиҳалаштирилаётган объектлар учун шаҳарсозлик ҳужжатлари, кейинчалик уларга алоҳида муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар, фавқулодда экологик вазият ва экологик офат зоналари мақомини бериш мақсадида ҳудудларни комплекс ўрганиш материаллари давлат экологик экспертизасидан ўтказилганлиги учун ҳақ энг кам ойлик иш ҳақининг 70 баравари миқдорида белгиланади.
(23-банднинг тўққизинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 5 июлдаги 152-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 24-сон, 269-модда)
Техника, технологиялар, материаллар, моддалар, маҳсулотларнинг янги турларини яратишга доир ҳужжатлар лойиҳаларининг давлат экологик экспертизасидан ўтказилганлиги учун ҳақ энг кам ойлик иш ҳақининг 30 баравари миқдорида белгиланади.
(23-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 5 июлдаги 152-сонли қарорига асосан ўнинчи хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 24-сон, 269-модда)
50 минг киши ва ундан кам аҳоли истиқомат қилиши лойиҳалаштирилаётган объектлар учун шаҳарсозлик ҳужжатларини давлат экологик экспертизасидан ўтказганлик учун ҳақ энг кам ойлик иш ҳақининг 25 баравари миқдорида белгиланади.
Ижтимоий соҳани ривожлантириш давлат дастурлари, концепциялари ва схемалари лойиҳалари давлат экологик экспертизасидан ўтказилганлиги учун ҳақ тўланмайди.
24. Давлат экологик экспертизасини ўтказишни ташкил этиш мазкур Низомга илова қилинган схема бўйича амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасида давлат экологик
экспертиза тўғрисидаги
Низомга
ИЛОВА
Давлат экологик экспертизаси (ДЭЭ) ўтказилишини ташкил этиш
схемаси

Т/р

Давлат экологик экспертизаси объектлари‎

Давлат экологик экспертизасига тақдим этиладиган материаллар

Давлат экологик экспертизасини ўтказувчи орган

Давлат экологик экспертизаси ўтказилганлиги учун ҳақ тўлаш тартиби

1‎ Ижтимоий соҳани, шунингдек давлат томонидан муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни бошқариш режаларини ривожлантириш давлат дастурлари, концепциялари ва схемалари лойиҳалари Ишлаб чиқилган ҳужжатлар «Бошдавэкоэкспертиза» бошқармаси‎ Мазкур тоифадаги лойиҳалар бўйича ДЭЭ бепул ўтказилади‎
2‎ Ишлаб чиқариш кучлари, иқтисодиёт тармоқларини жойлаштириш ва ривожлантириш концепциялари, схемалари лойиҳалари Ишлаб чиқилган ҳужжатлар «Бошдавэкоэкспертиза» бошқармаси Энг кам ойлик иш ҳақининг 70 баравари миқдорида‎
3 Барча турдаги қурилиш учун ер участкалари ажратиш материаллари Атроф муҳитга таъсир тўғрисидаги ариза лойиҳаси таркибида кўриб чиқиладиган ишлаб чиқилган ҳужжатлар (АТТА) Уларнинг тоифаларига мувофиқ «Бошдавэкоэкспертиза» бошқармаси ёки ДЭЭ минтақавий органлари‎ Ер участкаси ажратиш материаллари кўриб чиқилганлиги учун алоҳида ҳақ ундирилмайди‎
4‎ Фаолият турлари бўйича лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатлари:
I тоифа Атроф муҳитга таъсирни баҳолаш (АТБ) «Бошдавэкоэкспертиза» бошқармаси Энг кам ойлик иш ҳақининг 25 баравари миқдорида
II тоифа‎ АТБ ‎ «Бошдавэкоэкспертиза» бошқармаси‎ Энг кам ойлик иш ҳақининг 15 баравари миқдорида‎
III тоифа‎ АТБ ДЭЭ минтақавий органлари‎ Энг кам ойлик иш ҳақининг 7,5 баравари миқдорида‎
IV тоифа‎ АТТА лойиҳаси ДЭЭ минтақавий органлари‎ Энг кам ойлик иш ҳақининг 0,5 баравари миқдорида‎
5‎ Табиий ресурслардан фойдаланиш билан боғлиқ хўжалик ва бошқа хил фаолиятни тартибга солувчи норматив-техник ва йўриқнома-методик ҳужжатларнинг лойиҳалари Ишлаб чиқилган ҳужжатлар‎ «Бошдавэкоэкспертиза» бошқармаси Тегишли тоифа объекти давлат экологик экспертизасидан ўтказилиши ҳақининг 30 фоизи миқдорида
6‎ Техника, технология, материаллар, моддалар, маҳсулотларнинг янги турларини яратишга доир ҳужжатлар Ишлаб чиқилган ҳужжатлар‎ «Бошдавэкоэкспертиза» бошқармаси‎ Энг кам ойлик иш ҳақининг 30 баравари миқдорида
7‎ Атроф табиий муҳитга ва фуқароларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатувчи ишлаб турган корхоналар ва бошқа объектлар:
I тоифа‎ Экологик нормативлар лойиҳалари; АТТА (объектнинг атроф муҳитга ва фуқаролар соғлиғига таъсир ўтказиши факти аниқланган ҳолларда) «Бошдавэкоэкспертиза» бошқармаси‎ Энг кам ойлик иш ҳақининг 25 баравари миқдорида
II тоифа‎ Экологик нормативлар лойиҳалари; АТТА (объектнинг атроф муҳитга ва фуқаролар соғлиғига таъсир ўтказиши факти аниқланган ҳолларда) «Бошдавэкоэкспертиза» бошқармаси Энг кам ойлик иш ҳақининг 15 баравари миқдорида
III тоифа‎ Экологик нормативлар лойиҳалари; АТТА (Объектнинг атроф муҳитга ва фуқаролар соғлиғига таъсир ўтказиши факти аниқланган ҳолларда) ДЭЭ минтақавий органлари Энг кам ойлик иш ҳақининг 7,5 баравари миқдорида
IV тоифа‎ Экологик нормативлар лойиҳалари; АТТА (Объектнинг атроф муҳитга ва фуқаролар соғлиғига таъсир ўтказиши факти аниқланган ҳолларда) ДЭЭ минтақавий органлари‎ Энг кам ойлик иш ҳақининг 0,5 баравари миқдорида
8‎ Ҳудудларни кейинчалик уларга муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар, фавқулодда экологик вазият ва экологик офат зоналари мақомини бериш мақсадида комплекс текшириш материаллари Ишлаб чиқилган ҳужжатлар «Бошдавэкоэкспертиза» бошқармаси‎ Энг кам ойлик иш ҳақининг 70 баравари миқдорида
9‎ Шаҳарсозлик ҳужжатлари:
50 мингдан ортиқ киши истиқомат қилиши лойиҳалаштирилаётган объектлар учун‎ АТБ «Бошдавэкоэкспертиза» бошқармаси‎ Энг кам ойлик иш ҳақининг 70 баравари миқдорида
50 минг киши ва ундан кам аҳоли истиқомат қилиши лойиҳалаштирилаётган объектлар учун АТБ ДЭЭ минтақавий органлари‎ Энг кам ойлик иш ҳақининг 25 баравари миқдорида
10‎ Фаолият турлари бўйича махсус ҳуқуқий режимли объектлар:
I тоифа АТБ «Бошдавэкоэкспертиза» бошқармаси Энг кам ойлик иш ҳақининг 25 баравари миқдорида
II тоифа АТБ «Бошдавэкоэкспертиза» бошқармаси Энг кам ойлик иш ҳақининг 15 баравари миқдорида
III тоифа АТБ ДЭЭ минтақавий органлари Энг кам ойлик иш ҳақининг 7,5 баравари миқдорида
IV тоифа АТТА лойиҳаси ДЭЭ минтақавий органлари Энг кам ойлик иш ҳақининг 0,5 баравари миқдорида
(илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 44-сон, 507-модда)
Изоҳ:
Агар бир буюртмачи томонидан давлат экологик экспертизасига тақдим этилган ҳужжат комплекс тартибда тайёрланган ва турли тоифадаги бир нечта объектдан иборат бўлса, давлат экологик экспертизаси учун ҳақ, фақат уларнинг олий тоифага мувофиқ келувчи биттаси учун ундирилади.
Объектнинг мураккаблигига қараб экспертизани ўтказиш муддати Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг раиси томонидан, I ва II тоифаларга тегишли фаолият турлари учун узоғи билан 2 ойдан ортиқ бўлмаган муддатга ҳамда қолган тоифалар учун 1 ой муддатга узайтирилиши мумкин.
Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг ДЭЭ органлари буюртмачини (унинг сўровига кўра) экологик экспертизанинг бориши ва унинг натижалари тўғрисида ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати тугаганидан кейин 3 кун мобайнида хабардор қилади.
Вазирлар Маҳкамасининг
2001 йил 31 декабрдаги 491-сон
қарорига
2-ИЛОВА
Давлат экологик экспертизаси амалга ошириладиган фаолият турлари
рўйхати
Атроф муҳитга таъсир кўрсатишнинг I тоифасига кирадиган (ўта хавфли) фаолият турлари
1. Автомагистраллар, метро, темир йўллар, тез юриладиган катта йўллар, республика аҳамиятига эга бўлган юк терминаллари.
2. Аэропортлар.
3. I тоифадаги нефть ва нефть маҳсулотлари базалари.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 5 июндаги 152-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 24-сон, 269-модда)
4. 200 млн куб метрдан ортиқ ҳажмли сув омборлари.
5. Йиллик иш унуми 1 млн тонна рудадан ортиқ бўлган кон-бойитиш фабрикалари.
6. Шаҳар маиший чиқинди полигонлари (аҳолиси 200 минг кишидан ортиқ бўлган шаҳарлар учун).
7. 30 МВт дан ортиқ қувватга эга бўлган гидроэлекторстанциялар.
8. Йилига 2 млн куб метр ва ундан кўп руда ва кимёвий хом ашё қазиб чиқариш, қазиб чиқаришда вужудга келган карьерларни рекультивация қилиш.
9. Ёқилғи ресурслари (нефть, газ, кўмир ва шу кабилар)ни қазиб чиқариш.
10. Қора ва рангли металлургия заводлари.
11. Тери ошлаш корхоналари.
12. Суткалик иш унуми 280 минг куб метрдан ортиқ бўлган канализация тозалаш иншоотлари.
13. Республика ва давлатлараро аҳамиятга эга бўлган электр узатиш линиялари.
(14-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 5 июндаги 152-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 24-сон, 269-модда)
15. Машинасозлик (авиасозлик, автомобиль, трактор, мотор ишлаб чиқариш ва шу кабилар) саноати.
16. Заҳарли чиқиндиларни, шунингдек шлам (кўмир кукуни)ни тўплаш ёки кўмиб ташлаш жойлари.
17. Ахлат ёқиш заводлари.
18. Республика аҳамиятига эга бўлган нефть ва газ қувурлари.
19. Нефть ва газни қайта ишлаш заводлари.
20. Тўғонлар;
(20-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 5 июндаги 152-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 24-сон, 269-модда)
21. Ер ости газ омборлари.
22. Ер остида ишқор билан ювиш полигонлари.
23. Қуж ҳолида ишқор билан ювиш технологиясидан фойдаланадиган корхоналар.
24. Хавфлилиги I ва II классга мансуб чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналари.
(25-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 5 июндаги 152-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 24-сон, 269-модда)
26. Аккумуляторлар, гальваник батареялар ва элементлар ишлаб чиқариш.
27. Асбест ва асбестли буюмлар ишлаб чиқариш.
28. Портловчи моддалар ишлаб чиқариш.
29. Халқаро битимлар билан тартибга солиб бориладиган таркибида заҳарли моддалар бўлган асбоб-ускуналар ёки қурилмалар ишлаб чиқариш.
30. Радиоактив моддалар (изотоплар) ишлаб чиқариш, ишлатиш ва сақлаш.
31. Резина ва резинотехник буюмлар ишлаб чиқариш.
32. Заҳарли аралашмали ойна ишлаб чиқариш.
33. Тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш.
34. Цемент ишлаб чиқариш.
35. Заҳарли чиқиндихоналарни рекультивация қилиш.
36. Республика аҳамиятига эга бўлган заҳарли кимёвий моддалар омборхоналари.
37. 300 МВт ёки ундан ортиқ иссиқлик қувватига эга бўлган иссиқлик электр станциялари ва бошқа ёндириш қурилмалари, шунингдек ядро реакторларига эга бўлган иншоотлар.
(38-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 5 июндаги 152-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 24-сон, 269-модда)
39. Фармацевтика заводлари ва фабрикалари (тайёр доривор воситаларни қадоқлаш корхоналари бундан мустасно).
(39-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 5 июндаги 152-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 24-сон, 269-модда)
40. Кимё комплекслари ва заводлари.
Атроф муҳитга таъсир кўрсатишнинг II тоифасига кирадиган (ўртача даражада хавфли) фаолият турлари
1. Вилоят аҳамиятига эга бўлган автомобиль йўллари.
2. Аэродромлар.
3. II тоифадаги нефть ва нефть маҳсулотлари базалари.
4. Нефть ва газ қудуқлари қазиш.
5. Вилоят аҳамиятга эга бўлган ер ости сувларини олиш иншоотлари.
6. Республика ва вилоятлараро аҳамиятга эга бўлган сув ўтказгичлар.
7. Ҳажми 200 млн куб метргача бўлган сув омборлари.
8. Қуввати 30 МВт ва ундан кам бўлган гидроэлектрстанциялар.
9. Шаҳар маиший чиқинди полигонлари (100 мингдан 200 минг кишигача истиқомат қиладиган аҳоли пунктлари учун).
10. Йиллик иш унуми 1 млн тоннагача бўлган кон-бойитиш фабрикалари.
11. Темир йўл деполари.
12. Йилига 2 млн куб метргача рудани ва кондан олинадиган кимёвий хом ашёни қазиб чиқариш ҳамда қазиб чиқаришда вужудга келган карьерларни рекультивация қилиш.
13. Йилига 30 минг куб метрдан ортиқ умумий тарқалган фойдали қазилмаларни қазиб чиқариш ва қайта ишлаш.
14. Идоравий аҳамиятга эга бўлган темир йўллар.
15. Суткалик иш унуми 50 мингдан 280 минг куб метргача бўлган канализация тозалаш иншоотлари.
16. Озиқ-овқат маҳсулотлари ва биологик қўшимчалар ишлаб чиқариш комплекслари.
17. Биотехнологиялардан фойдаланувчи, шу жумладан пиллани қайта ишловчи корхоналар.
18. Вилоят аҳамиятга эга бўлган электр узатиш линиялари.
19. Луб саноати.
20. Сув ўтказиш қуввати секундига 50 куб метрдан ортиқ бўлган магистрал каналлар, дарёлар ва лойиҳа бўйича ҳисобланган қуввати секундига 20 куб метрдан ортиқ бўлган коллекторлар.
21. Мебель комбинатлари ва фабрикалари.
22. Ун тортиш комбинатлари.
23. Чиқиндиларни қайта ишлаш заводлари.
24. Вилоят аҳамиятга эга бўлган нефть ва газ қувурлари.
25. 100 гектардан ортиқ янги ерларни ўзлаштириш.
26. Дамбалар.
27. Алкоголли ичимликлар ишлаб чиқарувчи корхоналар.
28. Чармни бўяш ва локлаш корхоналари.
29. Йилига 300 тоннадан ортиқ газмол ва қоғозни лок билан кимёвий тўйинтириш корхоналари.
30. Хавфлилиги III классга мансуб чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналари.
31. Қурилиш индустрияси корхоналари, асбест ва цемент ишлаб чиқаришлар бунга кирмайди.
32. Қоғоз ва картон ишлаб чиқариш.
33. Ёғоч-қипиқ ва ёғоч-тола плиталар ишлаб чиқариш.
34. Шиша тола ишлаб чиқариш.
35. Инерт газлар ишлаб чиқариш.
36. Пардоз-андоз препаратлари ишлаб чиқариш.
37. Бўёқлар, шу жумладан лок-бўёқ ишлаб чиқариш корхоналари.
38. Полимер буюмлар ва синтетик материаллар, шу жумладан ювиш ва тозалаш моддалари ишлаб чиқариш.
39. Электротехника асбоб-ускуналари ишлаб чиқариш.
40. Бўяш ва оқартириш цехлари бўлган йигирув ва тўқув фабрикалари.
41. Паррандачилик фабрикалари.
42. Фойдали қазилмаларни қидириб топиш ва разведка қилиш.
43. Радиотехника ва электрон саноати.
44. Эскидан суғориб келинган 1000 гектардан кўпроқ ерларни реконструкция қилиш ва мелиоратив ҳолатини яхшилаш.
45. Вилоят аҳамиятга эга бўлган заҳарли кимёвий моддалар, шу жумладан ўғитлар омборхоналари.
46. Иссиқлик қуввати 100 МВтдан 300 МВтгача бўлган иссиқлик электр станциялари ва бошқа ёндириш қурилмалари.
47. Пахтани қайта ишлаш саноати.
(1—48-бандлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 5 июндаги 152-сонли қарорига асосан 1—47-бандлар билан алмаштирилган — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 24-сон, 269-модда)
Атроф муҳитга таъсир кўрсатувчи III тоифага мансуб (паст даражада хавфли) фаолият турлари
1. Маҳаллий аҳамиятга эга бўлган автомобиль йўллари.
2. Автопарклар.
3. Автомобилга ёнилғи ва газ қуйиш станциялари.
4. III тоифадаги нефть ва нефть маҳсулотлари базалари.
5. Вилоят аҳамиятига эга бўлган ер ости сувлари чиқариш иншоотлари.
6. Вилоят ва туман аҳамиятига эга бўлган сув ўтказгичлар.
7. Шаҳарча аҳамиятига эга бўлган газ қувурлари.
8. Йилига 30 минг куб метрдан кам умумий тарқалган фойдали қазилмаларни қазиб чиқариш ва қайта ишлаш.
9. Чорвачилик комплекслари.
10. Ҳайвонотчилик хўжаликлари.
11. Суткалик иш унуми 50 минг куб метрдан кам бўлган канализация тозалаш иншоотлари.
12. Гилам фабрикалари.
13. Алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқариш ва қадоқлаш.
14. Хом ғишт ишлаб чиқариш ва уларни ер усти хумдонларида пишириш.
15. Терига ишлов бериш.
16. Ҳар секундда 50 куб метрдан кам сув ўтказадиган магистрал каналлар ва ҳар секундда лойиҳа бўйича ҳисобланган қуввати 20 куб метрдан кам бўлган коллекторлар.
17. Гўшт саноати (сўйиш ва қайта ишлаш).
18. Корхона ва ташкилотларнинг нефть омборхоналари.
19. 100 гектаргача янги ерларни ўзлаштириш.
20. Аҳолиси 100 минг кишидан кам бўлган аҳоли пунктлари учун маиший чиқиндилар полигонлари.
21. Жунни қайта ишлаш корхоналари.
22. Хавфлилик даражаси IV классга мансуб чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналари.
23. Пахта толасини қайта ишлаш корхоналари.
24. Сутни қайта ишлаш корхоналари.
25. Йиллик иш унуми 300 тоннадан кам бўлган газмол ва қоғозни лок билан кимёвий тўйинтириш корхоналари.
26. Қурилишда фойдаланиладиган пардозлаш материаллари ишлаб чиқариш.
27. Пойабзал ишлаб чиқариш.
28. Омихта ем ишлаб чиқариш.
29. Совун ишлаб чиқариш.
30. Шишадан таркибида заҳарли моддалар бўлмаган буюмлар ишлаб чиқариш.
31. Чинни буюмлар ишлаб чиқариш.
32. Бўяш ва оқартириш цехлари бўлмаган йигирув ва тўқув фабрикалари.
33. Паррандачилик фермалари.
34. Тайёр доривор воситаларни қадоқлаш корхоналари.
35. 100 гектардан 1000 гектаргача майдонда суғориладиган ерларни реконструкция қилиш ва мелиоратив жиҳатдан яхшилаш.
36. Двигатель ва машиналарни таъмирлаш, шунингдек уларни бўяш.
37. Майдони 30 гектардан ортиқ бўлган балиқ урчитиш ҳавзалари ва балиқни қайта ишлаш.
38. 50 тадан ортиқ савдо ўрнига эга бўлган бозорлар.
39. Электр асбоб-ускуналарини йиғиш ва таъмирлаш, металлга ишлов бериш.
40. Чўчқачилик фермалари.
41. Сел сувини тўплаш омборлари.
42. Туман аҳамиятига эга бўлган заҳарли кимёвий моддалар, шу жумладан ўғитлар омборлари.
43. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг махсус объектлари.
44. Босмахоналар.
45. 100 мегаваттдан кам қувватга эга бўлган иссиқлик электр станциялари ва бошқа ёндириш қурилмалари.
46. Трамвай-троллейбус депоси.
47. Пахта тайёрлаш пунктлари.
48. Хлораторлар.
49. Нон комбинатлари.
50. Кимёвий тозалаш корхоналари.
51. 50 тоннадан ортиқ сиғимли совутгич қурилмалари.
52. Кальций карбиди ишлаб чиқариш цехлари.
53. Чой қадоқлаш фабрикалари.
(1—62-бандлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 5 июндаги 152-сонли қарорига асосан 1—53-бандлар билан алмаштирилган — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 24-сон, 269-модда)
Атроф муҳитга таъсир кўрсатишнинг IV тоифасига мансуб (маҳаллий таъсир кўрсатиш) фаолият турлари
1. Автосервис пунктлари.
2. Умумий равишда фойдаланиладиган ҳаммом ва сауналар.
3. Ички хўжалик аҳамиятига эга бўлган сувўтказгичлар ва сув хўжалиги тармоқлари.
4. Ветеринария шифохоналари.
5. Резино-техника буюмларини тиклаш, вулканизация ва автомобилларни жузъий таъмирлаш.
6. Майдони 30 гектаргача бўлган балиқ урчитиш ҳавзалари, балиқни қайта ишлаш бунга кирмайди.
7. Корхоналар ва ташкилотларга қарашли ҳамда умумий равишда фойдаланиладиган гаражлар ва автомобиль тўхташ жойлари.
8. Қабристонлар.
9. Дон омборлари.
10. Гилам тўқиш цехлари.
11. Тикиш ишлаб чиқариши.
12. Мебель ишлаб чиқариш ва таъмирлаш.
13. Пахта титиш корхоналари.
14. Кичик тегирмонлар.
15. Автомобилларни ювиш.
16. Тошга ишлов бериш.
17. Буғ қозони ва тозалаш иншоотларига эга бўлмаган рекреация ва уй-жой-хўжалик объектлари, шунингдек ижтимоий-маданий-маиший объектлар.
18. Хўжалик ичидаги ерларни ўзлаштириш.
19. Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш майдончалари.
20. Заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш.
21. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва консервалаш.
22. Умумий овқатланиш корхоналари.
23. Пиллани қабул қилиб олиш ва сақлаш пунктлари.
24. 50 тадан кам савдо ўрнига эга бўлган бозорлар.
25. Эскидан суғориб келинган 100 гектардан кам ерни реконструкция қилиш ва мелиоратив жиҳатдан яхшилаш.
26. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш омборлари.
27. Хўжаликлар ичида сув хўжалиги тизимларини қуриш.
28. Теплица ва парниклар, шахсий ёрдамчи хўжаликлардан ташқари.
29. Новвойхоналар, нон-булка ва макарон маҳсулотлари ишлаб чиқариш.
30. Оҳак ишлаб чиқариш цехлари.
31. Қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш.
32. Қорамол, йилқи ва қўй фермалари.
(1—30-бандлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 5 июндаги 152-сонли қарорига асосан 1—32-бандлар билан алмаштирилган — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 24-сон, 269-модда)
Изоҳ:
Ушбу рўйхатга киритилмаган фаолият турлари давлат экология экспертизасидан ўтказилмайди.
Комплекслар таркибига кирувчи асосий иншоотлар тоифаси янада юқори тоифага киритилган иншоот бўйича белгиланади.