Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ 2003 ЙИЛГИ АСОСИЙ МАКРОИҚТИСОДИЙ КЎРСАТКИЧЛАРИ ПРОГНОЗИ ВА ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ПАРАМЕТРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2002 й., 24-сон, 200-модда; 2003 й., 13-сон, 104-модда, 15-16-сон, 132-модда 24-сон, 241-модда; 2005 й., 52-сон, 386-модда; 2009 й., 10-11-сон, 115-модда)
[Кўчирма]
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг «Ўзбекистон Республикасининг 2003 йилги Давлат бюджети тўғрисида» 2002 йил 12 декабрдаги 431-II-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
2003 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар 1-иловага* мувофиқ;
Ўзбекистон Республикасининг 2003 йилги Давлат бюджети асосий параметрлари 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
*1, 2 -иловалар берилмайди.
2. 2003 йилги Давлат бюджети тақчиллигининг чекланган миқдори ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан 2,0 фоиз миқдорида белгилансин.
Белгилаб қўйилсинки, давлат бюджети тақчиллигини маблағ билан таъминлаш фақат қадрсизланмайдиган манбалар, шу жумладан давлат мулкини хусусийлаштиришдан олинадиган даромадлар, хориждан маблағ жалб қилиш ҳамда 2003 йил 1 январдаги ҳолатига кўра давлат мақсадли фондларининг бўш қолдиқлари ҳисобига амалга оширилади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 декабрдаги 567-сон қарори билан ўз кучини йўқотган — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 24-сон, 241-модда)
4. 2003 йилда:
барча солиқ солинадиган айланмалар бўйича қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20 фоиз миқдорида;
пудрат қурилиш ташкилотлари томонидан қўшилган қиймат солиғи тўлашнинг амалдаги тартиби;
«ЎзДЭУавто» акциядорлик жамиятининг дилерлари расмий мақомига эга бўлмаган жисмоний ва юридик шахслардан «ЎзДЭУавто» акциядорлик жамиятида ишлаб чиқарилган олиб чиқиб кетиладиган автомобиллар учун йиғим ставкаси двигатель ҳажмининг 1 куб сантиметри ҳисобига 3,0 АҚШ доллари миқдоридаги ставка бўйича;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг:
«Жисмоний шахслар айрим тоифалари даромадларига имтиёзли солиқ солиш тўғрисида» 1997 йил 24 декабрдаги 562-сон қарорининг;
«Даврий матбуотни тарқатувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2000 йил 13 апрелдаги 143-сон қарорининг амал қилиши сақлаб қолинсин.
Вазирлар Маҳкамасининг «Бозорни истеъмол товарлари билан тўлдиришни рағбатлантириш ҳамда ишлаб чиқарувчилар ва савдо ташкилотларининг ўзаро муносабатларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2002 йил 13 ноябрдаги 390-сон қарори қоидаларининг сўзсиз бажарилиши назарда тутилсин.
5. Белгилансинки:
экспорт қилувчи корхоналарда тўланган қўшилган қиймат солиғини қоплаш ҳуқуқи фақат республика ҳудудидан товарлар олиб чиқиб кетиш ҳамда уларнинг ҳисоб рақамларига экспортдан валюта тушуми тушганлиги факти тасдиқлангандан кейин пайдо бўлади;
мулкчилик шаклларидан ҳамда идоравий мансублигидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг барча корхоналари, ташкилотлари ва муассасалари ҳар йили 1 январдаги ҳолатига кўра асосий фондларни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан тасдиқланган тартибда қайта баҳолайдилар.
6. Белгилаб қўйилсинки, 2003 йил 1 январдан бошлаб умумий овқатланиш соҳасидаги фаолият фақат юридик шахс шаклида ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари томонидан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Ушбу тартиб умумий овқатланиш соҳасида уй шароитларида ёки давлат ҳокимияти органларининг қарори билан махсус ажратилган жойларда ўтириш жойлари ташкил қилмасдан доналаб сотиладиган овқатларнинг айрим турларини тайёрлаш ва сотиш бўйича хизматлар кўрсатишга татбиқ этилмайди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари умумий овқатланиш соҳасида юридик шахс бўлган ҳолда ушбу фаолият билан шуғулланиш истагини билдирган якка тартибдаги тадбиркорларни 2003 йил 1 мартгача қайта рўйхатдан ўтказишни таъминласинлар.
Умумий овқатланиш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи, 2003 йил 1 январгача белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган якка тартибдаги тадбиркорлар 2003 йил январь-февраль ойлари учун фаолиятнинг кўрсатилган туридан олинган даромадлардан белгиланган солиқларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан 2002 йилда улар учун белгиланган ставкалар бўйича тўлайдилар.
7. 2003 йил 1 январдан бошлаб:
сотилмаган тайёр маҳсулотнинг нормативдан ортиқ қолдиқлари учун тўлов;
ифлослантирувчи моддаларни табиий муҳитга чиқариб ташлаганлик, оқизганлик ҳамда чиқиндиларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлаштирганлик учун тўлов бекор қилинсин.
8. 2003 йил 1 январдан бошлаб:
божхона тўловлари ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар бўйича ҳисобланадиган пеня миқдори бюджетга тўловлар бўйича ҳисобланадиган пеня сингари, тўлов муддати ўтган ҳар бир кун учун 0,07 фоизли ставка бўйича белгилансин.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 декабрдаги 567-сон қарори таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 24-сон, 241-модда)
9. Маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органларининг тегишли бюджетларга тушумларнинг тўлиқ тушиши, тасдиқланган харажатларни ўз вақтида маблағ билан таъминланиши учун жавобгарлиги ва манфаатдорлигини ошириш мақсадида:
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;
экология солиғи;
юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар даромадларидан олинадиган белгиланган солиқ;
юридик ва жисмоний шахсларнинг тадбиркорлик фаолияти айрим турларини амалга оширишдан оладиган даромадларидан олинадиган белгиланган солиқ;
республикада ишлаб чиқариладиган пиво, ўсимлик ёғи, кир совун ва атир совунга акциз солиғи бўйича тушумлар тўлиқ миқдорда маҳаллий бюджетлар даромадларига ўтказилсин.
10. 2003 йил учун:
Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари даромадлари ва харажатлари ҳажмлари, республика бюджетидан дотацияларнинг чекланган миқдорлари 21-иловага* мувофиқ;
умумдавлат солиқлари тушумларидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига ажратмалар нормативлари 22-иловага* мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари айланма касса нақд пул маблағининг йўл қўйиладиган энг кам миқдорлари 23-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
*21—23-иловалар берилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тегишли бюджетларга дотациялар ажратишда уларнинг миқдорларини ҳудудлар бўйича барча ундириладиган солиқлар ва тўловларнинг тўлиқ тушишидан, шунингдек бюджетларнинг биринчи навбатдаги харажатларининг (устамалари билан иш ҳақи, нафақалар, стипендиялар ва уларга тенглаштирилган тўловларнинг) маблағ билан сўзсиз таъминланиши зарурлигидан келиб чиққан ҳолда аниқлаштириш ҳуқуқи берилсин.
11. 2003 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Кафолат жамғармаси миқдори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармалари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бюджетлари миқдорлари 24-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
*24-илова берилмайди.
12. 2003 йилда Ҳукуматнинг хориждан маблағ жалб қилиш чекланган ҳажми, шу жумладан уларга кафолатланган кредитлар кейинги йилларда уларга хизмат кўрсатиш ва уларни қайтаришнинг 2003 йилги даражасидан ошмайдиган миқдорларда чеклаб қўйилсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозининг бажарилиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ижроси таҳлили натижалари бўйича ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига:
ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунларини баҳолаш ҳақида ва иқтисодий ислоҳотларнинг бориши тўғрисида ахборот;
зарурат бўлганда, Давлат бюджетининг асосий параметрларига тузатишлар бўйича таклифлар киритсинлар.
15. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг:
асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ўзгариши ва харажатларнинг мақбуллаштирилиши муносабати билан 2002 йилги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг асосий параметрларини даромадлар бўйича 1842,2 млрд сўм, харажатлар бўйича 1927,4 млрд сўм миқдорида ҳамда тақчиллик бўйича 85,2 млрд сўм ёки (ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1,1%) миқдорида ёки Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланган Давлат бюджети тақчиллигининг чекланган миқдори доирасида аниқлаштириш ҳақидаги;
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан келишувга кўра 2003 йил январь ойида 2002 йил учун барча даражалардаги бюджетлар билан якуний айланмалар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларни тартибга солишга доир операцияларни 2002 йилги Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботда ўтказилган операцияларни акс эттирган ҳолда ўтказиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.
16. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 25-иловага мувофиқ қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 26-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилсин.
17. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда мазкур қарорнинг қабул қилиниши муносабати билан амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига икки ҳафта муддатда таклифлар киритсин.
Вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари илгари чиқарилган норматив ҳужжатларини бир ҳафта муддатда мазкур қарорга мувофиқлаштирсинлар.
18. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2002 йил 30 декабрь,
455-сон
Вазирлар Маҳкамасининг
2002 йил 30 декабрдаги 455-сон
қарорига
25-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 1 январдан бошлаб ўз кучини йўқотган қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Муддатли хизмат ҳарбий хизматчиларига ва уларнинг оила аъзоларига қўшимча имтиёзлар бериш тўғрисида» 1994 йил 3 октябрдаги 496-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1994 й., 10-сон, 47-модда)нинг 2-банди.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси адвокатлик бирлашмаларида адвокатлик фаолияти билан шуғулланувчи шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 1996 йил 15 июлдаги 250-сон қарори.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ижтимоий суғуртага бадаллар миқдорлари тўғрисида» 1999 йил 30 июлдаги 372-сон қарорининг 1-банди.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг 2000 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети тўғрисида» 1999 йил 31 декабрдаги 554-сон қарорининг 25-банди ва қарорга 21-илова.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2000 йил 2 октябрдаги 375-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2000 й., 10-сон, 63-модда)га илованинг 4-банди.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида» 2001 йил 6 апрелдаги 162-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2001 й., 4-сон, 21-модда)га 3-илованинг 28-банди иккинчи хатбоши.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Гастроль-концерт фаолияти соҳасида солиқ солишни ва аудио-видео кассеталарни тарқатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2001 йил 29 июндаги 285-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2001 й., 6-сон, 36-модда) 3-бандининг учинчи хатбоши ва ушбу қарорга 3-илова.
8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг 2002 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида» 2001 йил 31 декабрдаги 490-сон қарорининг 6, 14-бандлари, 12-бандининг олтинчи хатбоши ва мазкур қарорга 3, 6—10, 12—18-иловалар.
9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Савдо ва умумий овқатланиш соҳасида солиққа тортиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармонини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида» 2002 йил 13 июндаги 208-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2002 й., 6-сон, 31-модда)нинг 1-банди ва ушбу қарорга 1—4-иловалар.
10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг 2002 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида» 2001 йил 31 декабрдаги 490-сон қарорига ўзгартиришлар киритиш ҳақида» 2002 йил 17 июндаги 215-сон қарори 1-бандининг учинчи ва тўртинчи хатбоши ҳамда мазкур қарорга 1-илова.
11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Савдо ва умумий овқатланиш корхоналарига солиқ солиш тартиби тўғрисида» 12 июль 2002 йил 249-сон қарори билан тасдиқланган Савдо ва умумий овқатланиш корхоналарининг ялпи тушумидан (товар айланмаси ҳажмидан) олинадиган ягона солиқни ҳисоблаб чиқиш ва тўлаш тартиби тўғрисида Низомга 1-илова.
12. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2002 йил 5 ноябрдаги 379-сон қарорига илованинг 1-банди ва 2-банднинг «в» кичик банди.
13. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимига ўтган микрофирмалар ва кичик корхоналарга солиқ солиш тартиби тўғрисида» 15.04.1998 йил 159-сон қарори билан тасдиқланган Микрофирмалар ва кичик корхоналар учун солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимини қўллаш Тартибининг V бўлим 4-банди.
Вазирлар Маҳкамасининг
2002 йил 30 декабрдаги 455-сон
қарорига
26-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 2003 йил 1 январдан бошлаб киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
РЎЙХАТИ
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 21 августдаги 361-сон қарори билан ўз кучини йўқотган — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 15-16-сон, 132-модда)
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 27 декабрдаги ПҚ-244-сон қарори билан ўз кучини йўқотган — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 52-сон, 386-модда)
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 11 мартдаги 63-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 10-11-сон, 115-модда)
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Бюджет ташкилотларини маблағ билан таъминлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 1999 йил 3 сентябрдаги 414-сон қарорининг 4-бандида «2 йил муддатга» сўзлари «2005 йил 1 январгача» сўзлари билан алмаштирилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Соғлом авлод» давлат дастури тўғрисида» 2000 йил 15 февралдаги 46-сон қарорига 1-илованинг «Тадбирлар номи» устунида 54-бандда «дарсликлар тўплами билан бепул таъминлаш» сўзлари «ўқув йили тамом бўлгандан кейин мактаб кутубхона фондига қайтариладиган дарсликлар тўплами билан бепул таъминлаш» сўзлари билан алмаштирилсин.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 27 декабрдаги ПҚ-244-сон қарори билан ўз кучини йўқотган — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 52-сон, 386-модда)
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Бозорни истеъмол товарлари билан тўлдиришни рағбатлантириш ҳамда ишлаб чиқарувчилар ва савдо ташкилотларининг ўзаро муносабатларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2002 йил 13 ноябрдаги 390-сон қарори 1-бандининг олтинчи хатбошига «ва заргарлик буюмларидан» сўзларидан кейин «кир совун ва атир совун, шунингдек бензин» сўзлари қўшилсин.