Ўзбекистон Республикаси ҳамда Қозоғистон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, аҳоли бандлигига кўмаклашиш, туризм ва атроф муҳитни муҳофаза қилишда, шунингдек, ўзаро қизиқиш уйғотаётган бошқа йўналишларда ҳудудлараро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва ривожлантириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасида 2017 йил 23 мартда Остона шаҳрида имзоланган ҳудудлараро ҳамкорлик тўғрисидаги Битим тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси мазкур халқаро шартнома кучга кириши учун зарур бўлган ички давлат тартиб-таомилларини бажаргани ҳақида Қозоғистон томонига тегишли билдиришнома йўлласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ушбу халқаро шартнома кучга киргандан кейин белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятлари бажарилиши устидан назоратни таъминласинлар.
4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов зиммасига юклансин.