Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 15-сон, 248-модда)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ташқи савдо соҳасини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 13 апрелдаги ПФ-5012-сонли Фармонини ижро этиш ҳамда ташқи савдо фаолияти соҳасида ягона давлат сиёсати юритилишини таъминлаш, республиканинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш ва маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқиш бўйича ишларни ташкиллаштириш самарадорлигини ошириш мақсадида:
1. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг экспорт салоҳияти, машинасозлик, автомобиль ва электротехника саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари Комплекси таркибига киради.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигининг ташкилий тузилмаси 1-иловага* мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги марказий аппаратининг бошқарув ходимлари чекланган сони 71 нафардан иборат тузилмаси 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1, 2-иловалар рус тилидаги матнда берилган.
Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазирига, зарур ҳолларда, ходимларнинг белгиланган штат сони доирасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги марказий аппарати тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
3. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ваколатли вакилларини лавозимларга тайинлаш ва озод этиш Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири томонидан, тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги бир ой муддатда, ўз зиммасига юклатилган вазифалар ва фаолият йўналишларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги марказий аппарати ходимларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд органлари ва нотариал идоралар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг тариф сеткасини жорий этиш тўғрисида» 1996 йил 12 апрелдаги қарорининг 3-иловаси билан тасдиқланган Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари жорий этилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги марказий аппарати ходимларининг штат жадвалини белгиланган тартибда тасдиқласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигига асосланган ҳисоб-китоблар бўйича Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигининг марказий аппаратини зарур анжомлар, ташкилий техника билан жиҳозлаш ва зарур миқдорда хизмат автотранспорти воситаларини харид қилиш учун маблағлар, шунингдек, хизмат автотранспорти воситалари таъминоти учун тегишли лимитлар ажратсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ташқи савдо вазирлигини белгиланган тартибда телефон алоқаси, жумладан, ҳукумат алоқаси билан таъминласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги Тошкент шаҳри, Истиқлол кўчаси, 51а-уйга жойлаштирилсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси В. Голышев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 13 апрель,
ПҚ-2887-сон