Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 11-сон, 156-модда)
Академик лицейларда ўқув жараёни сифати ва самарадорлигини тубдан ошириш, академик лицейларда умумтаълим мактабларининг энг қобилиятли битирувчиларини жамлаш, умумтаълим мактаблари битирувчиларининг танланган касблар ва мутахассисликларни эгаллаб олишга бўлган эҳтиёжини қондириш учун шарт-шароитларни янада кенгайтириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маданият вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг республикада фаолият кўрсатаётган академик лицейлар сонини оптималлаштиришни, академик лицейларда ўқув жараёни сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари амалга оширилишини назарда тутувчи, жумладан:
моддий-техник ва ўқув-педагогик базаси нисбатан паст даражали 1-иловага мувофиқ тўртта академик лицейни тугатиш, тугатилаётган академик лицейларнинг 1-босқичларига ўқувчиларни қабул қилишни 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб тўхтатиш;
фаолияти кўрсаткичлари энг паст бўлган 2-иловага мувофиқ 54 та академик лицейни босқичма-босқич касб-ҳунар коллежларига айлантириш;
касб-ҳунар коллежларига айлантирилаётган академик лицейларнинг 2 ва 3-босқичлари ўқувчилари контингентини касб-ҳунар коллежларига айлантирилаётган академик лицейларнинг биноларида амалдаги ўқув дастурлари ва ўқитиш шартлари бўйича белгиланган тартибда ўқитишни тугаллаш;
3-иловага мувофиқ ўқув жараёни самарадорлигини янада ошириш ва академик лицейлар битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши кўрсаткичларини ошириш чора-тадбирлари дастури ҳақидаги таклифи қабул қилинсин.
2. Олдин баён қилинганлар билан биргаликда қуйидагилар академик лицейларнинг муҳим вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:
умумтаълим мактабларининг энг истеъдодли ўқувчиларини танлаш, уларнинг интеллектуал қобилиятларини янада ривожлантириш ва ўқишни олий таълим муассасаларида давом эттиришга мақсадли чуқур тайёрлаш;
ўқувчиларнинг ижодий салоҳияти намоён бўлиши ва фаоллашишига кўмаклашувчи, индивидуал истеъдодларни ва ҳар бир ўқувчининг қобилиятлари ҳамда хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда билимларни эгаллаб олиш жараёнида мустақил фаолият кўникмаларини шакллантирувчи ва ривожлантирувчи таълим муҳитини яратиш;
илғор маҳаллий ва хорижий таълим муассасаларининг тажрибасини ҳисобга олган ҳолда таълим жараёнини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш ва унинг мазмунини доимий равишда янгилаб бориш.
3. Белгилаб қўйилсинки:
касб-ҳунар коллежларига айлантирилаётган академик лицейларнинг 2 ва 3-босқичлари ўқувчилари таълим якунлангач яқинда жойлашган таълим йўналиши ўхшаш бўлган академик лицейларда якуний давлат аттестациясини топширадилар ва давлат намунасидаги академик лицей битирувчиси дипломини оладилар;
академик лицейларда ўқув гуруҳлари таркиби 26 нафар ўқувчидан ортиқ бўлмаган тарзда шакллантирилади;
чуқурлаштирилиб ўрганиладиган фанлар (таълим йўналишлари) бўйича академик лицейларда амалий, лаборатория ва семинар машғулотлари гуруҳларни икки кичик гуруҳга бўлиш йўли билан ташкил этиладиган кичик гуруҳларда ўтказилади;
академик лицейларда ходимларни педагогик фаолиятга жалб этиш олий маълумотли ва камида 5 йил узлуксиз педагогик иш стажига эга бўлган шахслар орасидан танлов асосида амалга оширилади;
академик лицейлар директорларининг бўш лавозимларини эгаллашга танловда иштирок этиш учун номзодлар бўйича таклифлар Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимининг бошқарув органлари раҳбар кадрларини танлаш, тайинлаш ва аттестациядан ўтказиш бўйича республика комиссиясига академик лицейлар бириктирилган олий таълим муассасалари ректорлари томонидан киритилади;
2017/2018 ўқув йилидан бошлаб академик лицейлар ўқувчиларини умумтаълим фанлари бўйича дарсликлар билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Республика мақсадли китоб жамғармасининг маблағлари ҳисобига ижара асосида амалга оширилади, умумтаълим фанлари бўйича дарсликлар билан таъминлаш бюджет маблағлари ҳисобига бепул асосда амалга ошириладиган кам таъминланган оилалардан бўлган ўқувчилар бундан мустасно;
академик лицейларнинг битирувчиларига 4-иловага мувофиқ рўйхат бўйича махсус чуқурлаштирилган тайёргарликни талаб этмайдиган алоҳида мутахассисликлар берилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази манфаатдор вазирликлар ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда:
бир ой муддатда академик лицейлар битирувчиларига мутахассисликлар бериш тартибини, шунингдек, академик лицейлар битирувчиларига мутахассисликлар бериш тўғрисидаги давлат намунасидаги сертификат намунасини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
икки ой муддатда академик лицейларга ўқитувчиларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни, шунингдек, академик лицейлар ўқувчиларини дарсликлар билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
уч ой муддатда тўпланган ижобий тажрибани ҳисобга олган ҳолда академик лицейларнинг ўқув режалари ва дастурларини танқидий қайта ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда тасдиқласин, бунда ўқитишнинг 3-босқичидан бошлаб чуқурлаштирилиб ўрганиладиган фанлар бўйича ўқитиш соатлари сонини кўпайтирган ҳолда қайта тақсимлашни назарда тутсин;
ўқувчилар контингентини қайта тақсимлашни, уларни юқори малакали ўқитувчи кадрлар билан таъминлашни, кадрлар тайёрлаш йўналишларига мувофиқ зарур ўқув-лаборатория ускуналари, компьютер техникаси, ўқув-норматив ҳужжатлар, ўқув ва методик адабиётлар билан жиҳозлашни ҳисобга олган ҳолда ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг қайта ташкил этилаётган муассасаларида ўқув-тарбия жараёни сифатли ташкил этилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган манфаатдор вазирликлар ва идоралар таълим-тарбия жараёни сифатини оширишда, шунингдек, академик лицейларнинг ўқитувчилар таркиби малакасини оширишда бириктирилган академик лицейларга тизимли асосда ҳар томонлама методик ва амалий ёрдам кўрсатилишини таъминласинлар.
6. Олий таълим муассасалари раҳбариятига олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари (пуллик-контракт асосида ўқитиш учун тушумлар бундан мустасно) ҳисобига бириктирилган академик лицейлар учун ўқув-лаборатория ускунаси, сарфлаш материаллари, компьютер техникаси ва бошқа ташкилий техника, дарсликлар ва ўқув қўлланмалари сотиб олиш ҳуқуқи берилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда академик лицейларни айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларига бириктириш ҳамда таълимнинг узлуксизлиги ва узвийлиги тамойилларига риоя қилган ҳолда иқтидорли ўқувчилар билан иш олиб бориш доирасида улар ўртасида ўзаро амалий ҳамкорлик механизмини назарда тутувчи Низомни уч ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Ўзбекистон Республикасининг ҳар йилги Инвестиция дастури лойиҳасини ва қурилишларнинг манзилли рўйхатларини шакллантиришда академик лицейлар негизида ташкил этиладиган касб-ҳунар коллежлари учун янги ўқув устахоналари қуришга маблағлар ажратилишини назарда тутсинлар.
9. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан ҳар йили шакллантириладиган прогноз квоталарни ҳисобга олган, шу жумладан, дарсликлар чакана тармоқ орқали эркин сотилишини назарда тутган ҳолда зарур тиражда ва номларда сифатли замонавий дарсликлар ишлаб чиқилиши ва босиб чиқарилиши самарали ташкил этилишини таъминласинлар.
10. Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг олий таълим муассасаларининг академик лицейларга ўқитувчилик фаолиятига меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шартларида жалб этиладиган профессор-ўқитувчилар таркиби меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш миқдорларини олий таълим муассасалари талабалари билан ўқув машғулотлари олиб борилганлиги учун меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорларига тенглаштириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини шакллантиришда унинг параметрларида ушбу қарорни бажариш билан боғлиқ харажатларни қоплашга «Маориф» тармоғи бўйича ажратиладиган маблағлар доирасида зарур маблағлар ажратилишини назарда тутсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:
қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқувчи ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ушбу қарор қоидаларига мувофиқлаштирилишини таъминласин.
13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н. Юнусходжаев зиммаларига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 14 март,
ПҚ-2829-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги ПҚ-2829-сон қарорига
1-ИЛОВА
2017/2018 ўқув йилидан бошлаб тугатилаётган моддий-техника ва ўқув-педагогик базаси нисбатан паст даражали академик лицейлар
РЎЙХАТИ

Т/р

Тугатилаётган академик лицейлар номи

Ташкил этилган йили

Ўқувчилар контингенти

1.

Андижон тиббиёт институти ҳузуридаги 2-сон академик лицей

2006 йил

547

2.

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ҳузуридаги 2-сон академик лицей

2006 йил

173

3.

Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти ҳузуридаги 2-сон академик лицей

2006 йил

300

4.

Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти ҳузуридаги академик лицей

1999 йил

307

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги ПҚ-2829-сон қарорига
2-ИЛОВА
Босқичма-босқич касб-ҳунар коллежларига айлантириладиган академик лицейлар
сони

Т/р

Ҳудудлар

Касб-ҳунар коллежларига айлантириладиган академик лицейлар сони

Шу жумладан ўқув йиллари бўйича

2017/2018

2018/2019

2019/2020

1.

Қорақалпоғистон Республикаси

5

1

2

2

2.

Андижон вилояти

6

2

2

2

3.

Бухоро вилояти

4

2

1

1

4.

Жиззах вилояти

2

1

0

1

5.

Қашқадарё вилояти

4

1

1

2

6.

Наманган вилояти

5

1

2

2

7.

Самарқанд вилояти

3

1

1

1

8.

Сирдарё вилояти

2

1

1

0

9.

Сурхондарё вилояти

4

1

1

2

10.

Тошкент вилояти

5

2

2

1

11.

Фарғона вилояти

7

3

2

2

12.

Хоразм вилояти

3

1

1

1

13.

Тошкент шаҳри

4

1

2

1

Жами

54

18

18

18

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги ПҚ-2829-сон қарорига
3-ИЛОВА
Ўқув жараёни самарадорлигини янада ошириш ва академик лицейлар битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши кўрсаткичини ошириш
ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ДАСТУРИ

Т/р

Тадбирнинг номи

Бажариш муддатлари

Масъул ижрочи

1.

Академик лицейларга бириктирилган олий таълим муассасаларида иш тартиби тўғрисидаги Низомни тайёрлаш ва белгиланган тартибда тасдиқлаш. Низом қуйидагилар бўйича олий таълим муассасаларининг функцияларини қайта кўриб чиқиш ва кучайтиришни назарда тутади:

академик лицейлар ўқувчилари ва ўқитувчиларининг бириктирилган олий таълим муассасаларининг моддий ва ахборот ресурсларидан кенг фойдаланишини таъминлаш (аниқ механизми);

олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилар таркибини академик лицейларда ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишга кенг жалб этиш;

академик лицейлардаги ўқув жараёнини илмий-методик олиб бориш;

ҳар бир академик лицейда ўқувчиларнинг ижодий салоҳиятини намоён қилиш ва фаоллаштиришга кўмаклашувчи, ҳар бир ўқувчининг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда билимлар олиш бўйича мустақил фаолият кўникмасини шакллантирувчи ва ривожлантирувчи таълим сифатини тубдан яхшилашни, илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини, электрон таълим ресурсларини ва мультимедиа ўқитиш тизимларини кенг жорий этишни назарда тутувчи таълим муҳитини яратиш;

академик лицейлар ўқитувчиларини олий таълим муассасаларининг кафедраларига ва тажрибали ўқитувчиларига бириктириш йўли билан улар устидан патронажни ташкил этиш;

олий таълим муассасалари Кенгашлари мажлисларида ўқувчиларнинг ўзлаштириши масалаларини танқидий таҳлил қилиш ва академик лицейларда таълим жараёнини такомиллаштириш.

2017 йил апрель

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар, Ўрта махсус,
касб-ҳунар таълими маркази, олий таълим муассасалари

2.

Ўқув жараёнини ташкил этишда олий таълим муассасаларининг академик лицейларга кўмаклашиши самарадорлиги мониторингини олиб бориш ва баҳолаш мезонлари тартибини қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқиш ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг буйруғи билан тасдиқлаш, бунда:

бириктирилган олий таълим муассасалари моддий ва ахборот ресурсларининг академик лицейлар таълим жараёнига жалб этилганлиги даражаси;

олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилар таркибининг академик лицейларнинг ўқув жараёнида иштироки даражаси;

академик лицейлар ўқитувчиларининг сифат таркибини такомиллаштириш;

таълим жараёнининг сифатини ошириш;

ўқувчиларнинг жорий ўзлаштириши ҳамда пировард натижалари (олимпиадалар, танловларда қатнашиш натижалари, битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши кўрсаткичи ва шу кабилар).

2017 йил апрель

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар, Ўрта махсус,
касб-ҳунар таълими маркази, олий таълим муассасалари

3.

Академик лицейлар ўқитувчиларининг профессионал ва педагогик маҳоратини ошириш ва уларнинг фаолиятини рағбатлантириш чора-тадбирлари комплексини ишлаб чиқиш ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг буйруғи билан тасдиқлаш, бунда:

таълим жараёнида ахборот-коммуникация технологияларини, хорижий тилларни қўллаш асослари бўйича тренинг ва семинарлар ўтказиш;

олий таълим муассасаларининг етакчи профессор-ўқитувчилар таркиби томонидан маҳорат дарслари ўтказилиши;

академик лицейларнинг ўқитувчиларига амалий илмий-методик ёрдам бериш;

юқори натижаларга эришган ўқитувчиларни рағбатлантириш тизимини ишлаб чиқиш.

Комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш — 2017 йил май

Амалга ошириш 2017 — 2021 йиллар

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар, Ўрта махсус,
касб-ҳунар таълими маркази, олий таълим муассасалари

4.

Академик лицейларда таълимнинг маънавий-ахлоқий мазмунини такомиллаштиришга ва ўқувчи ёшлар орасида олиб бориладиган тарбиявий тадбирларнинг натижаларини оширишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг буйруғи билан тасдиқлаш.

Комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш — 2017 май

Амалга ошириш 2017 — 2021 йиллар

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус,
касб-ҳунар таълими маркази
, манфаатдор вазирлик ва идоралар, «Камолот» ЁИҲ, Республика Маънавият тарғибот маркази, Республика Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази

5.

Ҳудудларни ва иқтисодиёт тармоқларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг истиқболли устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда 54 та академик лицейни босқичма-босқич касб-ҳунар коллежларига айлантириш бўйича таклифлар киритиш:

2017/2018 ўқув йилида 18 та академик лицей;

2018/2019 ўқув йилида 18 та академик лицей;

2019/2020 ўқув йилида 18 та академик лицей.

Ҳар йили 10 мартгача

Меҳнат вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар, Ўрта махсус,
касб-ҳунар таълими маркази,
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари

6.

Академик лицейларни олий таълим муассасалари ўртасида қайта тақсимлаш ва академик лицейларни номлашни (рақамлашни) ҳар йили уларнинг бир қисмини касб-ҳунар коллежига айлантиргандан кейин мувофиқ ҳолатга келтириш.

Ҳар йили 1 сентябргача

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус,
касб-ҳунар таълими маркази

7.

Тугатилаётган 4 та академик лицейнинг бинолари, иншоотлари ва ер участкаларидан кейинчалик ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими эҳтиёжлари учун фойдаланиш юзасидан таклифлар киритиш.

Ҳар йили 1 августгача

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, манфаатдор вазирлик ва идоралар, Андижон, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги ПҚ-2829-сон қарорига
4-ИЛОВА
Академик лицейлар битирувчиларига бериладиган айрим мутахассисликлар
РЎЙХАТИ

Таълим йўналиши

Мутахассисликлар номи

Аниқ фанлар

1. Маълумотлар базаси оператори

2. Электрон ҳужжатларни қайта ишлаш, рақамлаш ва сақлаш бўйича мутахассис

3. Хорижий матн билан ишловчи машинистка

4. Техник-дастурчи

5. Техник-тизимли маъмур

6. Рухсатномалар бюроси инспектори

Табиий фанлар

1. Лаборант (йўналишлар бўйича)

2. Офис-менежер

3. Техник-кимёгар

4. Дезинфектор

5. Рухсатномалар бюроси инспектори

6. Иш юритувчи котиба

Ижтимоий-гуманитар фанлар

1. Архивариус

2. Иш юритувчи

3. Офис-менежер

4. Кутубхоначи (ўрта малакали)

5. Навбатчи маъмур

6. Рухсатномалар бюроси инспектори

7. Котиба

8. Иш юритувчи котиба

Хорижий тиллар

1. Турагент (туризм бўйича мутахассис)

2. Хорижий матн билан ишловчи машинистка

3. Офис-менежер

4. Иш юритувчи

5. Навбатчи маъмур

6. Рухсатномалар бюроси инспектори

7. Котиба

8. Иш юритувчи котиба

Маданият ва санъат

1. Оркестр артисти

2. Хор артисти

3. Аккомпаниатор

4. Духовой оркестр артисти

5. Халқ чолғу асбоблари оркестри артисти

6. Симфоник оркестр артисти

7. Вокал-инструментал ансамбль артисти

Изоҳ: Академик лицейлар битирувчиларига бериладиган айрим мутахассисликлар рўйхатига Меҳнат вазирлиги билан келишган ҳолда Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим маркази томонидан тузатиш киритилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига
ШАРҲ

Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб таълим-тарбия тизимини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, фарзандларимизнинг жаҳон андозаларига мос шароитларда замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашлари, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук инсонлар бўлиб вояга етишларини таъминлаш, уларнинг қобилият ва истеъдоди, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, ёшларимиз қалбида она юртга садоқат ва фидойилик туйғуларини камол топтириш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг мақсад ва вазифалари ҳаётга изчил жорий этилиши натижасида юртимизда 1 минг 500 дан зиёд ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари барпо этилди.

Мамлакатимиздаги 1411 та касб-ҳунар коллежларида ёшларимиз бир нечта ихтисослик бўйича замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаб келмоқда.

Шунингдек, олий таълим муассасалари қошида 144 та академик лицей ташкил этилган бўлиб, уларда аниқ, табиий, ижтимоий-гуманитар фанлар, хорижий тиллар ҳамда маданият ва санъат йўналишлари бўйича, янги педагогик ва информацион технологиялар асосида замонавий ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозланган кабинетларда ёш авлодга пухта билим берилмоқда. Ушбу масканларни ҳар йили ўртача 35 минг нафар йигит-қиз битириб чиқмоқда.

Академик лицейларнинг фаолиятини улар жойлашган ҳудуднинг демографик, иқтисодий ва бошқа омилларини ҳамда битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш натижалари нуқтаи назаридан олиб борилган таҳлиллар бу соҳадаги ишларнинг қониқарли эмаслигини кўрсатмоқда. Ҳозирги пайтга келиб академик лицейлар сонини оптималлаштириш, улардаги таълим сифатини ошириш ва мазмунини янгилаш, уларни битириб чиқаётган ёшларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичларини тубдан яхшилаш бўйича қатор чора-тадбирларни амалга ошириш зарурати пайдо бўлмоқда.

Мазкур соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор академик лицейларда ўқув жараёнининг сифати ва самарадорлигини ошириш, бу масканларда таълим бериш учун умумтаълим мактабларининг энг қобилиятли битирувчиларини саралаб олиш, ёшларнинг ўзлари танлаган касб ва мутахассисликларни эгаллашга бўлган орзу-интилишларига эришмоғи учун янада кенг шароитлар яратиш каби аниқ мақсадларга йўналтирилган бўлиб, унда қуйидаги аниқ вазифаларни амалга ошириш кўзда тутилган:

бугунги кунда моддий-техник ва ўқув-методик базаси замонавий талабларга жавоб бермайдиган 4 та академик лицей фаолияти тугатилади ҳамда олий таълим муассасаларидан узоқда жойлашган, таълим сифати ва битирувчиларининг институт ва университетларга ўқишга кириш кўрсаткичлари паст бўлган 54 та академик лицей босқичма-босқич касб-ҳунар коллежларига айлантирилади;

инвестиция дастури лойиҳаси ва қурилишларнинг манзилли рўйхатларини шакллантиришда академик лицейлар негизида ташкил этиладиган касб-ҳунар коллежлари учун янги ўқув устахоналари қуриш учун маблағлар ажратишга алоҳида эътибор қаратилади;

касб-ҳунар коллежларига айлантирилаётган академик лицейларнинг 2 ва 3-босқич ўқувчилари ўқишни тугатгач, яқин ҳудудда жойлашган, таълим йўналиши ўхшаш бўлган академик лицейларда якуний давлат аттестациясини топширади ва давлат намунасидаги академик лицей битирувчиси дипломини олади;

олий таълим муассасаларининг юқори малакали профессор-ўқитувчиларини академик лицейларда дарс беришга кенгроқ жалб қилиш мақсадида академик лицейлардаги ўқитувчилик фаолиятига соатбай ҳақ тўлаш миқдори олий таълим муассасаларида меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорига тенглаштирилади;

таълимнинг узлуксизлик ва узвийлик тамойилларига риоя қилган ҳолда иқтидорли ўқувчилар билан иш олиб бориш доирасида айрим фанлар чуқур ўқитиладиган ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаблари билан академик лицейлар ўртасида ўзаро таъсирчан ҳамкорлик механизми йўлга қўйилади.

Академик лицейларда таълим сифатини ошириш, таълим жараёнига илғор педагогик усуллар, ахборот-коммуникация технологиялари, электрон таълим ресурслари ва мультимедиа тақдимотларини кенг татбиқ қилиш ва бунинг учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида:

ўқув гуруҳлари таркиби 26 нафар ўқувчидан ортиқ бўлмаган тарзда шакллантирилади;

чуқурлаштириб ўқитиладиган фанлар (таълим йўналишлари) бўйича амалий, лаборатория ва семинар машғулотлари гуруҳларга бўлинган тарзда, яъни иккита кичик гуруҳда ўтказилиши йўлга қўйилади;

педагоглар таркиби олий маълумотли ва камида 5 йиллик узлуксиз педагогик иш стажига эга бўлган малакали ўқитувчилар орасидан танлов асосида шакллантирилади.

Яна бир муҳим янгилик шундан иборатки, академик лицейлар директорлиги учун номзодлар академик лицейлар бириктирилган олий таълим муассасалари ректорлари томонидан тавсия этилиши белгиланмоқда.

2017/2018 ўқув йилидан бошлаб академик лицейлар ўқувчиларини умумтаълим фанлари бўйича дарсликлар билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Республика мақсадли китоб жамғармасининг маблағлари ҳисобидан ижара тизими асосида амалга оширилади. Кам таъминланган оилалар фарзандлари умумтаълим фанлари бўйича дарсликлар билан бюджет маблағлари ҳисобидан бепул таъминланади.

Яна бир муҳим жиҳати шундаки, қарорда академик лицейлар битирувчиларига аниқ мутахассисликлар бўйича билим ва кўникмалар бериш кўзда тутилган бўлиб, таълим жараёни якунига етганидан сўнг уларга давлат намунасидаги сертификат берилади.

Қарорда таълим жараёни сифатини ошириш ва академик лицейлар битирувчиларининг олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттириши учун алоҳида чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Унда:

академик лицей ўқувчиларининг бириктирилган олий таълим муассасалари ахборот-ресурс марказлари ва бошқа моддий-техник базасидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш;

ҳар бир академик лицейда ўқувчиларнинг индивидуал қобилиятидан келиб чиқиб, илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари, электрон таълим ресурслари, ўқувчиларнинг ижодий ва мустақил изланишларига йўналтирилган дастурларни ишлаб чиқиш;

олий таълим муассасаларининг тажрибали профессор-ўқитувчиларини академик лицейларнинг педагог кадрларига патронаж сифатида бириктириш;

олий таълим муассасалари фаолиятига баҳо беришда улар томонидан таълим самарадорлигини ошириш бўйича академик лицейлар билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратиш назарда тутилган. Бу борада семинар-тренинглар ташкил этиш, таълим жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш, хорижий тилларни ўзлаштириш, тажрибали профессор-ўқитувчилар иштирокида доимий маҳорат дарсларини ўтказиш, академик лицей ўқитувчиларига илмий-услубий ёрдам кўрсатиш бўйича олиб борилаётган ишларни баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш каби масалалар қамраб олинган.

Бундан ташқари, қарорда академик лицейлар негизида босқичма-босқич ташкил этилаётган касб-ҳунар коллежлари учун зарур устахоналарни барпо этиш ва жиҳозлаш, шунингдек, соатбай асосида академик лицейларда фаолият кўрсатувчи профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маошини ошириш учун Давлат бюджетидан зарур маблағлар ажратилиши кўзда тутилган.

Бир сўз билан айтганда, қарорда кўзда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида академик лицейларда ўқитиш сифати ва самарадорлигини янада ошириш, иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва мақсадли таълимга йўналтириш, фарзандларимизнинг танланган мутахассисликларни пухта эгаллашлари учун зарур шароитларни яратишга кенг имкониятлар очилади.