Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан Туркманистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ўртасида
Битим
Сув хўжалиги масалалари бўйича ҳамкорлик тўғрисида
2017 йил 6 март, Ашхобод
(Ўзбекистон Республикаси учун 2017 йил 6 мартдан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ва Туркманистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ўртасидаги сув хўжалиги масалалари бўйича ҳамкорлик тўғрисида 1996 йил 16 январдаги Битим, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати ўртасида чегарабўйи вилоятлари ҳудудида жойлашган хўжалик объектларида хизмат қилувчи шахслар томонидан ўзбек-туркман чегарасини кесиб ўтишлари тўғрисида 2004 йил 19 ноябрдаги Битим ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати ўртасида Томонларнинг чегарабўйи ҳудудларида жойлашган хўжалик объектларидан фойдаланиш ва уларда таъмирлаш-тиклаш ишларини ўтказиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида 2008 йил 10 мартдаги Битим қоидаларига, шунингдек Томонлар давлатлари иштирокчи ҳисобланган бошқа халқаро шартномаларга асосланган ҳолда,
халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларини ҳисобга олган ҳолда ва ўзаро ҳурмат принциплари асосида давлатлараро манбаларнинг сув ресурсларидан адолатли ва оқилона фойдаланиш заруриятини тасдиқлаб,
трансчегаравий (давлатлараро) сув оқимларидан фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик масалаларида ягона позицияни ишлаб чиқишга интилишларни ҳисобга олган ҳолда,
сув ресурсларининг интеграциялаштирилган ҳолда бошқариш ва Орол денгизи ҳавзасининг экологик ҳолатини яхшилаш асослари сифатида илмий-техникавий ва ахборот салоҳиятларини кенгайтириш муҳимлигини таъкидлаган ҳолда,
иқлим ўзгариши ва бошқа омиллар таъсирида сувга бўлган эҳтиёжлар ўсаётган ва сув ресурслари камайиб бораётган вазиятда сувни тежаш, сув ресурсларини самарали бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича келишилган ва мақсадга йўналтирилган тадбирлар Амударё ҳавзасида сув хавфсизлигини таъминлаш учун асос бўлиб хизмат қилишини тан олган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар ўз ваколатлари доирасида трансчегаравий сув ресурсларини барқарор бошқариш, Амударё ҳавзасида сув таъминотини яхшилаш бўйича биргаликда ҳаракат қилиш мақсадида ҳамкорликни ривожлантирадилар, шунингдек Томонлар давлатлари иштирокчи ҳисобланган халқаро шартномаларни самарали амалга оширишни таъминлаш бўйича чоралар кўрадилар.
2-модда
Томонлар Амударё сув ресурсларини биргаликда бошқариш, улардан оқилона фойдаланиш ва уларни ҳисобга олиш масалаларида яқиндан ҳамкорликни амалга оширадилар. Ушбу мақсадларда Томонлар:
а) Давлатлараро мувофиқлаштириш сув хўжалиги комиссиясининг (ДМСК) баён қарорларига мувофиқ сув ресурсларини тақсимлашни таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўрадилар;
б) сув тақчил йилларида Амударёнинг қуйи оқимида сувнинг ўткир танқислигига йўл қўймаслик учун паритет асосида ўрта оқимидан сув олинишини чеклайдилар;
в) Амударёнинг қуйи оқими сув ресурсларини бошқаришни биргаликда кўриб чиқадилар ва амалга оширадилар;
г) Амударёнинг, шу жумладан Туямуюн сув омборининг сув ресурсларидан фойдаланишнинг самарадорлигини ошириш учун дарёнинг қуйи оқимидаги суғориладиган ерларни ювиш ишларини бажариш бўйича келишилган чоралар кўрадилар;
д) Амударёнинг ўрта ва қуйи оқимлари сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш ва Томонлар давлатларининг суғориладиган ерларида сув таъминотини кўпайтиришга қаратилган келишилган чора-тадбирларни амалга оширадилар;
е) экологик талабларни ҳисобга олган ҳолда коллектор-дренаж сувларидан фойдаланиш масалаларини комплекс равишда ҳал қиладилар.
3-модда
Томонлар ўз ваколатлари доирасида сув хўжалиги объектларида хизмат кўрсатувчи ходимлар, автотранспорт, механизмлар, ускуна ва махсус техникаларни ўзбек-туркман чегарасидан ўтказиш, келишилган рўйхатлар асосида эҳтиёт қисмларни олиб кириш ва олиб чиқиш масалалари бўйича, шунингдек сув хўжалиги объектларида авария ҳолатлари, шу жумладан тунги вақтда юзага келганда, хизмат кўрсатувчи ходимларга ва авария ҳолатларини бартараф қилиш учун зарур бўлган автотранспорт, механизмлар ва махсус техникаларни Давлат чегарасидан тезкор равишда ўтишига кўмаклашадилар.
4-модда
1. Томонлар тошган сувларни ўтказиб юбориш ва сув тошқинлари билан курашишда, шунингдек бошқа табиий офатлар ва фавқулодда вазиятлардан огоҳлантириш, уларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этишда мувофиқлаштирилган тадбирларни амалга ошириш ҳамда техникавий, ахборот ва бошқа тарзда кўмак беришга келишиб олдилар.
2. Томонлар трансчегаравий таъсирга сабаб бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай кескин вазият ҳақида зудлик билан бир-бирларини хабардор қиладилар.
5-модда
1. Томонлар сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни самарали бошқариш, гидротехник иншоотлар хавфсизлигини таъминлаш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш соҳаларидаги қўшма тадқиқотлар ва ишланмалар ўтказишда ҳамкорлик қиладилар. Ушбу мақсадларда Томонлар, хусусан, қуйидагиларга қаратилган илмий-тадқиқот ва инновацион дастурларни жадаллаштирадилар:
а) сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сувни тежаш технологияларини, илғор суғориш услублари ҳамда сув қуйиш, сув ҳисоби ва сув ўлчовини юритиш техникалари бўйича чора-тадбирларни янада ривожлантириш;
б) гидротехник иншоотлар техник ҳолатини яхшилаш ва ишончлилигини оширишни таъминлайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш;
в) суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш ва коллектор-дренаж сувларидан такроран фойдаланиш;
г) Оролбўйи ҳудудида ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш ва сув хўжалиги фаолиятидаги экотизим талабларини ҳисобга олиш бўйича аниқ тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.
2. Томонлар қўшма илмий-тадқиқот дастурлари натижаларини кўриб чиқадилар ва ижобий натижаларни ҳаётга татбиқ қилиш бўйича кучларини сафарбар этадилар.
3. Томонлар сув хўжалиги масалалари бўйича кўшма лойиҳаларни аниқлаш, илгари суриш ва амалга оширишда, шунингдек уларни ҳаётга тадбиқ қилиш учун молиявий маблағларни жалб қилишда ўз фаолиятларини мувофиқлаштирадилар ва ўзаро қўллаб-қувватлайдилар.
6-модда
1. Томонлар ўз ваколатлари доирасида қуйидагилар билан алмашишни амалга оширадилар:
а) коллектор-дренаж сувларидан фойдаланиш бўйича маълумотлар;
б) сувни тежаш технологиялари, илғор суғориш методлари ва суғориш техникаси, сувни ҳисобга олиш ва сувни ўлчаш, шунингдек коллектор-дренаж сувларидан такроран фойдаланиш соҳасида тўпланган тажрибалар;
в) сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасида илғор технологияларни қўллаш тажрибаси;
г) трансчегаравий таъсирни олдини олиш, чеклаш ва қисқартириш бўйича қўлланилаётган ва режалаштирилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ахборот.
2. Ахборот билан алмашиш икки томонлама асосда, шунингдек ДМСК органлари орқали амалга оширилади.
7-модда
1. Томонлар Оролни қутқариш халқаро фонди ва унинг ташкилотлари фаолиятини мустаҳкамлашга, шунингдек Орол денгизи ҳавзаси мамлакатларига ёрдам кўрсатиш бўйича муайян ҳаракатлар Дастурини самарали амалга оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштирадилар ва қўшма чора-тадбирларни амалга оширадилар.
2. Томонлар ДМСК доирасида ишлар мувофиқлаштирувини кучайтириш учун миллий ва минтақавий даражада барча тегишли чоралар кўрадилар.
8-модда
Томонлар сув хўжалиги кадрлари малакасини ошириш курслари, семинарлар, стажировка ва бошқа таълим дастурларини ташкил этиш учун барча тегишли чоралар кўрадилар.
9-модда
Томонларнинг ўзаро розилигига кўра мазкур Битимга алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ва унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
10-модда
Мазкур Битим қоидаларини қўллаш ва талқин қилиш юзасидан барча келишмовчиликлар Томонлар ўртасида маслаҳатлашув ва музокаралар йўли билан ҳал қилинади.
11-модда
Мазкур Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва Томонлардан бири унинг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида бошқа Томоннинг ёзма хабарномасини олган санадан икки ой ўтгунига қадар амалда бўлади.
Ашхобод шаҳрида 2017 йил 6 мартда ҳар бири ўзбек, туркман ва рус тилларида бўлган икки асл нусхада тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир. Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда ихтилофлар вужудга келган тақдирда, Томонлар рус тилидаги матнга асосланадилар.
(имзолар)