Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Тошкент метрополитенида пенсионерларни бепул ташиш тўғрисида
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 10-сон, 149-модда)
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тўғрисида» 2017 йил 23 январдаги 31-сон қарорига мувофиқ, шунингдек кексаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳар бири тўғрисида ғамхўрлик ва эътиборни кучайтириш, кексаларнинг ҳаёт фаолияти ва дам олиш тизимини сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш, улар учун шаҳар йўловчи ташиш транспортидан фойдаланишда қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Тошкент шаҳри ҳокимлигининг ва «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти «Тошкент метрополитени» унитар корхонасининг пенсионерларни Тошкент метрополитенида 2017 йил 15 мартдан бошлаб соат 10:00 дан 16:00 гача бепул ташиш, кейинчалик олинмай қоладиган даромадларни ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Кундузи Тошкент метрополитенидан бепул фойдаланадиган пенсионерлар сонини ҳисобга олиш ва «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти «Тошкент метрополитени» унитар корхонасининг олинмай қоладиган даромадларни қоплаш тартиби тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 17 сентябрдаги 273-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2012 й., 9-сон, 69-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чекланган тарифлар бўйича аҳолига хизматлар кўрсатиш муносабати билан шаҳарда йўловчиларни мунтазам ташиш билан банд бўлган ташувчилар кўрадиган зарарларни молиялаштириш ва қоплаш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 4-бандида:
қуйидаги мазмундаги саккизинчи хатбоши қўшилсин:
Тошкент метрополитенида кундузи соат 10:00 дан 16:00 гача бўлган кундузги даврда пенсионерларни бепул ташишда олинмай қоладиган даромадларни қоплаш;
саккизинчи хатбоши тўққизинчи хатбоши деб ҳисоблансин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 9 март,
128-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 мартдаги 128-сон қарорига
ИЛОВА
Кундузи Тошкент метрополитенидан бепул фойдаланадиган пенсионерлар сонини ҳисобга олиш ва «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти «Тошкент метрополитени» унитар корхонасининг олинмай қоладиган даромадларини қоплаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1. Ушбу Низом «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти «Тошкент метрополитени» унитар корхонаси томонидан соат 10:00 дан 16:00 гача бўлган даврда бепул ташилган пенсионерлар сонини ҳисобга олиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низом метрополитен хизматларидан фойдаланувчи пенсионерларга татбиқ этилади.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
метрополитен — электропоездларда йўловчилар ташиш учун ер ости ва ер усти қурилмалари тизими;
пенсионер — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан берилган пенсия гувоҳномасига эга бўлган йўловчи;
бир марталик махсус бепул жетон — пенсионерга соат 10:00 дан 16:00 гача бўлган даврда метрополитенда бир марта юриш ҳуқуқини берадиган, қатъий ҳисобда турадиган ҳужжат.
4. Метрополитенда соат 10:00 дан 16:00 гача бўлган даврда ташилган пенсионерлар сони реализация қилинган бир марталик махсус бепул жетонлар миқдори бўйича аниқланади.
5. Пенсионер метрополитенда бир марта бепул юриш учун битта жетон олиш учун бир марталик махсус бепул жетонни реализация қиладиган метрополитен кассаси операторига пенсия гувоҳномасини кўрсатади, бунда бир марталик махсус бепул жетон фақат шахсан пенсионернинг ўзига берилади.
6. Метрополитен ҳар қайси станциясининг кириш жойида соат 10:00 дан 16:00 гача бўлган даврда бепул юриш учун бир марталик махсус бепул жетонларни қабул қилиш бўйича битта махсус турникет ажратилади.
7. Пенсионер олинган бир марталик махсус бепул жетон билан махсус турникет ёнига боради ва унга бир марталик махсус бепул жетонни ташлайди.
8. Махсус ажратилган турникетда бир марталик махсус бепул жетонлар жамланади ва кун якунида метрополитен станциясининг катта оператори (комиссия раиси), метрополитенлар ҳаракатини ҳисобга олиш секторининг катта оператори ва операторидан иборат таркибдаги комиссия томонидан махсус турникетдаги бир марталик махсус бепул жетонлар чиқариб олинади.
9. Махсус турникетдан бир марталик махсус бепул жетонларни чиқариб олиш натижалари бўйича ҳар куни метрополитенда соат 10:00 дан 16:00 гача бўлган даврда бир марта бепул юриш учун пенсионерларга бир марталик махсус бепул жетонлар реализация қилинганлиги тўғрисида тегишли далолатнома тузилади ва имзоланади.
10. Ой якунлари бўйича реализация қилинган бир марталик махсус бепул жетонлар тўғрисида ойлик ҳисобот тузилади, кейинчалик у пенсионерларни соат 10:00 дан 16:00 гача бўлган даврда пенсионерларни ташишдан олинмай қоладиган даромадларни қоплаш учун Тошкент шаҳри ҳокимлигининг Молия бош бошқармасига тақдим этилади.
11. Тошкент шаҳри ҳокимлигининг Молия бош бошқармаси Тошкент шаҳар Назорат-тафтиш бошқармаси билан биргаликда — реализация қилинган бир марталик махсус бепул жетонлар тўғрисидаги ҳисоботнинг ишончлилигини тасдиқлайди ва кейинчалик пенсионерларни соат 10:00 дан 16:00 гача бўлган даврда бир марталик махсус бепул жетонлар бўйича ташишдан «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти «Тошкент метрополитени» унитар корхонасининг олинмай қоладиган даромадларини ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 17 сентябрдаги 273-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2012 й., 9-сон, 69-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чекланган тарифлар бўйича аҳолига хизматлар кўрсатиш муносабати билан шаҳарда йўловчиларни мунтазам ташиш билан банд бўлган ташувчилар кўрадиган зарарларни молиялаштириш ва қоплаш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига юборади.
12. Метрополитенда пенсионерларни соат 10:00 дан 16:00 гача бўлган даврда бепул ташиш ва уларнинг сонини ҳисобга олиш, шунингдек «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти «Тошкент метрополитени» унитар корхонасининг олинмай қоладиган даромадларини қоплаш ушбу Низомга иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
Кундузи Тошкент метрополитенидан бепул фойдаланадиган пенсионерлар сонини ҳисобга олиш ва «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти «Тошкент метрополитени» унитар корхонасининг олинмай қоладиган даромадларини қоплаш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Метрополитенда пенсионерларни соат 10:00 дан 16:00 гача бўлган даврда бепул ташиш, уларнинг сонини ҳисобга олиш ва «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти «Тошкент метрополитени» унитар корхонасининг олинмай қоладиган даромадларини қоплаш
СХЕМАСИ