Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари ходимларининг лавозим маошларига узоқ муддат ишлаганлиги учун ҳар ойлик устама тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 10-сон, 147-модда)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат бошқаруви ҳудудий органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва ходимларини моддий рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 9 январдаги ПҚ-2722-сон қарорини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари ходимларининг лавозим маошларига узоқ муддат ишлаганлиги учун ҳар ойлик устама тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу қарорни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширсин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Бюджетдан маблағ билан таъминланадиган ташкилотларда хизмат енгил автотранспортдан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида» 1999 йил 2 апрелдаги 154-сон қарорига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С.Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 7 марта,
123-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 мартдаги 123-сон қарорига
1-ИЛОВА
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари ходимларининг лавозим маошларига узоқ муддат ишлаганлиги учун ҳар ойлик устама тўлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат бошқаруви ҳудудий органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва ходимларини моддий рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 9 январдаги ПҚ-2722-сон қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари ходимларининг лавозим маошларига узоқ муддат ишлаганлиги учун ҳар ойлик устама (кейинги ўринларда устама деб аталади) тўлаш тартибини белгилайди.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари бошқарув аппаратининг бошқарув ходимларига устамалар тўлаш умумий иш стажига боғлиқ равишда қуйидаги миқдорларда тўланади:

Умумий иш стажи

Лавозим маошларига
фоизларда устама

4 йилдан 7 йилгача

5%

7 йилдан 10 йилгача

10%

10 йилдан 15 йилгача

15%

15 йилдан 20 йилгача

20%

20 йилдан 25 йилгача

25%

25 йилдан ортиқ

30%

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари бошқарув аппаратида бошқарув ходимларининг устама олиш ҳуқуқини берувчи умумий иш стажига:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари бошқарув аппаратидаги иш даври;
Ўзбекистон Республикаси Президенти аппаратидаги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ижро этувчи аппаратидаги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари аппаратидаги, шу жумладан депутат сифатидаги, шунингдек бошқа давлат органларидаги иш даври;
ходим ҳақиқатда ишламаган бўлса ҳам, лекин қонун ҳужжатларига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари аппаратидаги ёки ушбу банднинг учинчи хатбошида кўрсатилган органлардаги иш жойи (лавозими) сақланган вақт киритилади.
4. Ушбу Низомнинг 2-бандида кўрсатилган миқдорларда устамага бўлган ҳуқуқ бошқарув ходимларида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларининг бошқарув аппаратида ишнинг 49-ойидан бошлаб, ушбу Низомнинг 3-банди учинчи ва тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган даврлар ҳисобга олинган ҳолда юзага келади.
5. Меҳнат стажини аниқлаш учун меҳнат дафтарчаси асосий ҳужжат ҳисобланади.
Меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар билан белгиланмаган иш стажи Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари ҳамда ушбу Низомнинг 3-банди тўртинчи хатбошида кўрсатилган органлар раҳбарлари томонидан имзоланган маълумотномалар билан тасдиқланиши мумкин.
6. Устама ойлик тариф ставкасидан ёки бошқарув ходимининг лавозим маошидан келиб чиқиб ҳисобланади.
7. Устама ушбу ойда ишланган давр, шу жумладан таътиллар даври ва вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даврлари, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ ходимнинг иш ҳақи тўлиқ ёки қисман сақланиб қоладиган давр учун тўланади.
8. Ходимда календарь ой мобайнида устама олиш ёки унинг миқдорини ўзгартириш ҳуқуқи юзага келганда ушбу устамани биринчи марта ҳисоблаш ушбу устамани олиш ҳуқуқи юзага келган ойдан кейинги ойдан бошлаб ҳисобланади.
9. Устама ўртача иш ҳақига киритилади, ундан пенсиялар, таътил кунлари, ишдан бўшатиш нафақаси, ходимнинг соғлиғига меҳнатда майиб бўлиши ёхуд у ўз меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши сабабли етказилган зарарни тўлаш, шунингдек ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқишнинг бошқа ҳолларида ундан чиқариб ташланади.
10. Учқудуқ, Зарафшон ва Нуробод шаҳарлари ҳокимликларида ушбу Низомнинг 1-бандида назарда тутилган устамалардан ташқари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Қизилқумнодирметаллолтин» концерни ва Олмалиқ кон-металлургия комбинати корхоналарини юқори малакали мутахассислар ва ишчилар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 1994 йил 10 декабрдаги 594-сон қарорининг 4-бандига мувофиқ белгиланган бюджет соҳаси ходимлари учун узоқ муддат ишлаганлиги учун ойлик устама тўлаш сақланиб қолади.
11. Устамалар тўғри ҳисобланиши учун жавобгарлик бухгалтерияга, устама олиш ҳуқуқини берувчи иш стажини аниқлашнинг тўғрилиги учун жавобгарлик эса — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларининг бошқарув аппарати ташкилий-назорат гуруҳига юкланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 мартдаги 123-сон қарорига
2-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Бюджетдан маблағ билан таъминланадиган ташкилотларда хизмат енгил автотранспортдан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида» 1999 йил 2 апрелдаги 154-сон қарорига киритилаётган
ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 2-банднинг учинчи хатбошидаги «уларнинг ўринбосарлари, вилоятга бўйсунувчи шаҳарлар ҳамда туманлар ҳокимлари» сўзлари «шаҳарлар ва туманлари ҳокимлари, уларнинг биринчи ўринбосарлари ва ўринбосарлари,» сўзлари билан алмаштирилсин.
2. 2-иловада:
а) 1-бандга қуйидаги мазмундаги хатбошилар қўшилсин:
«Бунда йўл босиш йиллик лимити:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисига, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига, шаҳарлар ва туманлар ҳокимларига шахсан бириктирилган автотранспорт учун 54020 км (ойига — 4911 км) белгиланади;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг, шаҳарлар ва туманлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарларига ва ўринбосарларига шахсан бириктирилган автотранспорт учун 36036 км (ойига — 3276 км) белгиланади»;
б) 2-банднинг биринчи хатбошига «ҳокимликларга» сўзидан кейин «(шаҳар ва туман ҳокимликлари бундан мустасно)» сўзлари қўшилсин.