Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Айдар-Арнасой кўллар тизимининг биологик ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 10-сон, 148-модда)
Айдар-Арнасой кўллар тизимининг балиқ ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш ва самарали бошқаришни ташкил этиш, биологик хилма-хилликни сақлаш, балиқчиликни ривожлантириш, шунингдек табиий сув ҳавзаларида балиқларни кўпайтириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга комплекс ёндашиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳокимликларининг Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида «Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси» давлат унитар корхонасини (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳудудида жойлашган Айдар-Арнасой кўллар тизимини белгиланган тартибда Дирекцияга балиқчилик тармоғини ривожлантириш учун доимий равишда танҳо фойдаланишга берсинлар.
3. Қуйидагилар Дирекциянинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:
сув ҳавзасида келгусида балиқларни кўпайтириш мақсадида балиқ чавоқлари етиштириш учун Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳудудида балиқ парваришлаш ва инкубация цехларини ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини таъминлаш;
сув ҳавзалари ҳолатининг гидробиологик ва гидрокимёвий таҳлилини ташкил этиш;
Айдар-Арнасой кўллар тизимида балиқ етиштиришнинг замонавий технология ва усулларини кенг жорий этиш;
Айдар-Арнасой кўллар тизими участкаларини балиқ овлаш хўжаликларига бериш бўйича очиқ танловлар ўтказишни ташкил этиш;
Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳудудида туризмни, ҳаваскорлик ва спорт балиқ овини ривожлантириш;
овлаш ҳажмларини кўпайтириш, экспортбоп ва рақобатбардошли балиқ маҳсулотлари етиштириш бўйича технологик жараёнларни босқичма-босқич шакллантириш;
балиқ овлаш хўжаликлари томонидан ижара шартномаси шартларига риоя этилиши мониторингини олиб бориш.
4. Белгилансинки:
Дирекциянинг устав фонди Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг ўз маблағлари ҳисобига шакллантирилади;
Жиззах вилоятининг Арнасой тумани Дирекциянинг жойлашиш манзили ҳисобланади;
Дирекциянинг фаолиятидан тушган даромадлар ва қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа манбалар унинг фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади.
Дирекцияга Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор раҳбарлик қилади.
5. Қуйидагилар:
«Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси» давлат унитар корхонасининг бошқарув ходимлари чекланган сони 13 нафардан иборат бўлган бошқарув тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Айдар-Арнасой кўллар тизими участкаларини балиқ овлаш хўжаликлари тасарруфига бериш ҳамда саноат балиқ овлашини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низом 2-иловага мувофиқ;
Айдар-Арнасой кўллар тизимининг биологик ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар комплекси (кейинги ўринларда Чора-тадбирлар комплекси деб аталади) 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. «Ипотека-банк» АТИБга Айдар-Арнасой кўллар тизимида балиқ парваришлаш ва инкубация цехларини ташкил этиш ҳамда фаолиятини амалга оширишни таъминлаш, балиқ етиштиришнинг замонавий технология ва услулларини жорий этиш, экспортбоп ва рақобатбардошли балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича технологик жараёнларни босқичма-босқич шакллантириш учун Дирекцияга бир йиллик имтиёзли давр билан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан юқори бўлмаган ставка бўйича уч йил муддатга кредит ажратиш тавсия этилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Табиатни муҳофаза қилиш республика жамғармаси ҳамда Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш республика давлат инспекцияси ҳисобидан молиялаштириладиган 2017 йилги Тадбирлар дастурига мазкур қарорга 3-иловада белгиланган тадбирларни икки ҳафта муддатда киритсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси бир ой муддатда:
Дирекция уставининг тасдиқланишини ва давлат рўйхатидан ўтказилишини;
Дирекциянинг устав фонди шакллантирилишини;
Дирекциянинг ижро этувчи аппаратини тасдиқланган тузилма ва штатлар жадвалига мувофиқ юқори малакали мутахассислар билан тўлдирилишини таъминласин.
9. Белгилансинки, Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳудудида балиқ овлаш хўжалигини юритиш учун Вазирлар Маҳкамасининг «Балиқчилик тармоғида монополиядан чиқариш ва хусусийлаштиришни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2003 йил 13 августдаги 350-сон қарорининг амал қилиши татбиқ этилмайди.
10. Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси «Ергеодезкадастр» давлат қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда, Дирекция буюртманомаларига биноан, Айдар-Арнасой кўллар тизими қирғоқ бўйларида балиқ парваришлаш ва инкубация цехлари қуриш, шунингдек озуқа базасини ривожлантириш учун ер участкалари берилишини таъминласинлар.
11. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни уч ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Т. Мирзаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 7 март,
124-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 мартдаги 124-сон қарорига
1-ИЛОВА
«Айдар-Арнасой кўллари тизими дирекцияси» давлат унитар корхонасининг
бошқарув тузилмаси
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 мартдаги 124-сон қарорига
2-ИЛОВА
Айдар-Арнасой кўллар тизими участкаларини балиқ овлаш хўжаликлари тасарруфига бериш ҳамда саноат балиқ овлашини амалга ошириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Айдар-Арнасой кўллар тизими (кейинги ўринларда сув ҳавзаси деб аталади) участкаларини балиқ овлаш хўжаликлари тасарруфига бериш ҳамда мазкур сув ҳавзасида балиқ овлашни амалга ошириш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланади:
балиқларни кўпайтириш — балиқ маҳсулдорлигини ошириш учун сунъий сув ҳавзаларида етиштирилган майда балиқ чавоқларини сув ҳавзасига қўйиб юбориш;
бу йилги балиқ — жорий йилнинг куз давригача (бир ёз яшаган) етиштирилган балиқ;
бир йиллик балиқ — қишдан чиқиб биринчи ўсиш даври якунланган балиқ;
саноат балиқ овлаши — балиқ овлаш хўжаликлари тасарруфига берилган сув ҳавзалари участкаларидаги ҳайвонот олами объектларидан тижорат мақсадида балиқ овлашда фойдаланиш;
балиқ овлаш хўжалиги — саноат балиқ овлашини амалга оширадиган юридик шахс;
талабгор — очиқ танловда иштирок этиш учун ариза берган балиқ овлаш хўжалиги.
3. Сув ҳавзаси участкалари балиқ овлаш хўжаликларига саноат балиқ овлашини амалга ошириш учун камида 10 йил муддатга, очиқ танлов (кейинги ўринларда танлов деб аталади) натижалари бўйича берилади.
4. Мазкур Низом билан тартиби аниқланган сув ҳавзаси участкаси учун белгиланган тартибда танлов ғолиби бўлган балиқ овлаш хўжалиги, сув ҳавзаси учун ижара шартномасини (кейинги ўринларда шартнома деб аталади) тузган сув ҳавзаси участкасида саноат балиқ овлаши билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлади.
2-боб. Танловни ўтказиш ва унинг натижаларини расмийлаштириш тартиби
5. Сув ҳавзаси участкасини бериш балиқ овлаш хўжаликларининг танлов таклифларини кўриб чиқиш бўйича танлов комиссиясининг (кейинги ўринларда комиссия деб аталади) қарорлари асосида амалга оширилади.
6. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш «Айдар-Арнасой кўллар тизимининг дирекцияси» давлат унитар корхонаси (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) томонидан таъминланади.
7. Танловни ўтказиш қуйидаги босқичлардан иборат бўлади:
балиқ овлаш хўжаликларига бериладиган сув ҳавзаси участкаларини аниқлаш ва танлов ўтказиш учун улар ҳақидаги зарур маълумотларни шакллантириш;
танлов ҳақидаги хабарномани оммавий ахборот воситалари, Давлат хизматлари ягона интерактив порталида ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг (кейинги ўринларда ДСҚ деб аталади) расмий веб-сайтида эълон қилиш;
танловда иштирок этиш бўйича номзодлардан аризаларни тегишли илова қилинган ҳужжатлари билан бирга муҳрланган конвертда қабул қилиш;
талабгорлардан келиб тушган ҳужжатларни ўрганиш ва баҳолаш йўли билан танловни ўтказиш ҳамда ғолибни аниқлаш;
танлов ғолибини эълон қилиш;
танлов натижаларини расмийлаштириш.
8. Балиқ овлаш хўжаликларига бериладиган сув ҳавзаси участкалари Дирекция томонидан аниқланади.
Дирекция балиқ овлаш хўжаликларига бериладиган сув ҳавзаси участкаларини аниқлагандан сўнг, Ўзбекистон Республикаси «Ергеодезкадастр» давлат қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда, улар ҳақида қуйидагилардан иборат бўлган маълумотларни шакллантиради:
сув ҳавзаси участкаси (контури)нинг рақами;
сув ҳавзаси участкасининг жойлашган координатлари;
сув ҳавзаси участкасининг майдони;
сув ҳавзаси участкасининг харита-схемаси.
Сув ҳавзаси участкасининг ўртача балиқ маҳсулдорлиги ҳақидаги маълумотлар Дирекция томонидан тақдим этилади.
9. Балиқ овлаш хўжаликларининг танлов таклифларини кўриб чиқиш балиқ овлаш хўжаликларининг танлов таклифларини кўриб чиқиш бўйича танлов комиссияси томонидан амалга оширилади.
Танлов Жиззах ва Навоий вилоятлари давлат солиқ бошқармаларида ўтказилади.
Комиссияга ДСҚ раисининг ўринбосари раҳбарлик қилади.
Жиззах ва Навоий вилоятларининг давлат солиқ бошқармалари бошлиқлари комиссия раисининг ўринбосарлари ҳисобланади.
Комиссия таркибига шунингдек Табиатни муҳофаза қилиш ҳудудий қўмита раислари, Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари бошлиқлари, Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари бошлиқлари, молия бошқармалари бошлиқларининг ўринбосарлари, ички ишлар бошқармалари бошлиғининг ўринбосарлари, Овчилар ва балиқ овлаш спорти бирлашмасининг Жиззах ва Навоий вилоятлари бўлинмаси раҳбарлари ҳамда комиссия котиби ҳисобланадиган Дирекция директори киритилади.
10. Дирекция комиссиянинг ишчи органи ҳисобланади.
11. Балиқ овлаш хўжаликларига бериладиган сув ҳавзаси участкалари ҳақидаги тегишли маълумотлар шакллантирилгандан кейин, Дирекция комиссия раиси билан келишилган ҳолда танловни ўтказиш санасини белгилайди.
12. Дирекция танлов ўтказилишининг тахминий санасидан камида 30-кун олдин оммавий ахборот воситаларида, Давлат хизматлари ягона интерактив порталида ва ДСҚнинг расмий веб-сайтида танлов ўтказилиши ҳақидаги хабарни эълон қилади, унда қуйидагилар кўрсатилади:
а) Дирекциянинг жойлашган манзили (почта манзили), алоқа телефонлари, телефакс рақамлари ва электрон почта манзили;
б) сув ҳавзаси участкаларининг рўйхати, уларнинг номлари, жойлашган ўрни, майдони ва сув ҳавзасининг ўртача балиқ маҳсулдорлиги (танловни ўтказиш пайтидаги) ва шартноманинг амал қилиш муддати;
в) танловда иштирок этиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати;
г) номзодларнинг танлов таклифлари жойланган конвертларни очиш санаси, вақти ва жойи (танловни ўтказиш санаси);
д) танловни ўтказиш тартиби тўғрисидаги, шу жумладан танловда иштирок этиш шартлари тўғрисидаги маълумотлар;
е) танловда иштирок этишга берилган аризани кўриб чиқиш учун тўлов миқдори ва уни тўлаш учун банк реквизитлари;
ж) аризаларни қабул қилишнинг охирги муддати (санаси ва вақти кўрсатилган ҳолда).
13. Танловда иштирок этиш учун талабгор ёки унинг вакили шахсан ёхуд почта орқали буюртма хат билан буюртманомани (кейинги ўринларда буюртманома деб аталади) икки нусхада, кўриб чиқиш учун тўловнинг тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатини, шунингдек қуйидаги ҳужжатларни Дирекцияга тақдим этади:
танловда иштирок этиш учун талабгорнинг тўлиқ номи ва жойлашган манзили (почта манзили) кўрсатилган ариза;
балиқ овлашни амалга ошириш бўйича бизнес-режа;
балиқ овлашни амалга ошириш бўйича бизнес-режанинг молиялаштириш манбалари (талабгорнинг ўз маблағлари ҳисобига, кредитлар ва ҳоказо) билан таъминланганлиги ҳақидаги маълумотлар;
балиқ овлаш ва табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга ошириш учун моддий-техника воситаларининг (русуми кўрсатилган қайиқлар, моторлар, овлаш қуроллари, автотранспорт воситалари, балиқ ва балиқ маҳсулотларини сақлаш учун совутиш ускуналари ва ҳоказо) мавжудлиги ҳақидаги маълумотлар.
Талабгорлардан ушбу бандда кўзда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилишга йўл қўйилмайди.
Мазкур банднинг иккинчи — бешинчи хатбошиларда назарда тутилган барча ҳужжатлар талабгорлар томонидан муҳрланган (имзо билан тасдиқланган) конвертларда тақдим этилади. Тақдим этилган ҳужжатларнинг барча варақлари номзоднинг имзоси билан тасдиқланган бўлиши керак.
Дирекция талабгорлар тақдим этган таклифларнинг сақланишини ва ошкор этилмаслигини таъминлаш ҳамда талабгорларга тенг шароитлар яратилиши учун жавоб беради.
14. Балиқ овлашни амалга ошириш бўйича Дирекцияга тақдим этиладиган бизнес-режада қуйидаги асосий қоидалар акс эттирилган бўлиши лозим:
иқтисодий самарадорлик ҳисоб-китоблари, шунингдек балиқ овлаш хўжалигини юритишдаги энг самарали техникавий, ташкилий ва иқтисодий ечимлар;
тахмин қилинган инвестицияларнинг ҳажми ва тури, молиялаштириш манбалари ҳамда кредитлар жалб этиладиган тақдирда тахмин қилинган гаров таъминоти;
ташкил этиладиган иш ўринлари сони;
талабгор ходимлар штатининг тажрибали балиқчилар, ихтиологлар, бошқа мутахассис ва экспертлар билан тўлдирилганлиги.
15. Буюртманомани кўриб чиқиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг учдан бир баравари миқдорида тўлов ундирилади.
Ушбу маблағлар Дирекциянинг банк ҳисоб-рақамига келиб тушади ва танловни тайёрлаш ва ўтказиш учун ишлатилади.
Буюртманомани кўриб чиқиш учун тўланган тўловлар қайтарилмайди, мазкур Низомда назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.
16. Дирекция танлов ўтказилиши ҳақида эълон берилган кундан бошлаб ўттиз кун давомида талабгорларнинг танловда иштирок этишлари тўғрисидаги буюртманомаларини қабул қилади.
Дирекциянинг ваколатли ходими буюртманоманинг иккинчи нусхасига буюртманомани ва унга илова қилинган муҳрланган конверт қабул қилинган сана ва вақтини кўрсатиб белги қўяди ва талабгорга ёки унинг вакилига топширади ёхуд почта орқали юборади.
17. Барча ҳужжатлар рўйхатга олиш китобида топширувчи ва қабул қилувчи шахсларнинг имзолари қўйилган, қабул қилиш санаси ва вақти қайд этилган ҳолда қабул қилинади. Рўйхатга олиш китоби тикилган, рақамланган ва Дирекциянинг гербли муҳри билан тасдиқланган бўлиши лозим.
Талабгорларнинг танлов таклифлари жойланган конвертлар белгиланган муддатгача очилмайди ва Дирекция сейфида сақланади.
18. Танловда иштирок этиш учун буюртманомаларни қабул қилиш танловнинг ўтказилиши тўғрисида эълон берилган санадан бошланади ва буюртманомаларни қабул қилишнинг охирги кунида соат 18:00да тугайди.
Почта орқали юборилган буюртманомаларнинг келиб тушган санаси уларнинг комиссиянинг ишчи органи томонидан олинган санаси ҳисобланади, олинган буюртманома унинг келиб тушган кунида қайд этилиши шарт.
19. Қабул қилишнинг белгиланган муддатидан кейин келиб тушган буюртманомалар рўйхатдан ўтказилмай талабгорга қайтариб берилади.
Буюртманомаларни қабул қилишнинг бошқа асосларга кўра рад этилишига йўл қўйилмайди.
20. Танлов ўтказишнинг белгиланган санасигача, талабгор комиссиянинг ишчи органини ёзма равишда хабардор этиш йўли билан ўзининг буюртманомасини ва танлов таклифларини қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Комиссиянинг ишчи органи ушбу хабарномани келиб тушган кунида қайд этиши шарт.
21. Мазкур Низомнинг 19 ва 20-бандларида назарда тутилган ҳолатларда буюртманомани кўриб чиқиш учун тўланган тўловлар талабгорга уч банк куни мобайнида қайтариб берилади.
22. Буюртманомаларни қабул қилиш якунлангандан кейин ишчи орган комиссия мажлисини ўтказиш бўйича тайёргарлик ишларини ташкил этади.
Комиссия раиси танловни ўтказиш куни комиссия мажлисини чақиради.
23. Комиссия ўз фаолиятини шахсан иштирок этиш тартибида ташкил этади.
Комиссиянинг қарорлари мажлис аъзоларининг камида тўртдан уч қисми иштирок этган тақдирда қонуний ҳисобланади.
24. Сув ҳавзаси участкаларини бериш (ёки берилишини рад этиш) масаласи белгиланган кун ва соатда комиссия мажлисида танлов таклифлари конвертларини очиш орқали амалга оширилади.
Талабгорлар ёки уларнинг вакиллари танлов таклифлари конвертлари очилишида иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Комиссия томонидан танлов таклифлари конвертлари очилганда танлов таклифларининг расмийлаштирилиши, тақдим этиш тартиботлари бўйича талабларга риоя қилинганлиги, мазкур Низомнинг 14-бандида кўрсатилган ҳужжатларнинг мавжудлиги текширилади.
25. Танлов таклифларини кўриб чиқиш ва танлов ғолибини аниқлаш қуйидагиларни баҳолаш натижаларига кўра амалга оширилади:
балиқ овлашни амалга ошириш бўйича бизнес-режа;
талабгорнинг балиқ овлаш ва табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга ошириш учун мавжуд моддий-техника воситалари (русуми кўрсатилган қайиқлар, моторлар, овлаш қуроллари, автотранспорт воситалари, балиқ ва балиқ маҳсулотларини сақлаш учун совутиш ускуналари ва ҳоказо) ва уларнинг ҳолати;
талабгорнинг балиқ овлашни амалга ошириш бўйича бизнес-режаси, ўз маблағлари ва кредитлар ҳисобига молиялаштириш билан таъминланганлиги;
талабгорнинг табиатни муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирлари комплекси.
26. Танлов ғолиби конвертлар очилган куни комиссиянинг очиқ мажлисида аниқланади.
Энг мақбул танлов таклифларини тақдим этган талабгор танловнинг ғолиби деб эътироф этилади.
Комиссия қарори иштирок этган аъзолар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Овозлар тенг бўлган ҳолатда комиссия раиси ҳал қилувчи овоз ҳуқуқига эга бўлади.
27. Қуйидаги ҳолатларда танлов ўтказилмаган деб ҳисобланади:
танлов ўтказилиши ҳақидаги хабарномада кўрсатилган конвертларнинг очилиш санасигача бирорта ҳам буюртманома келиб тушмаган бўлса;
тақдим этилган танлов таклифларидан бирортаси ҳам танлов шартларига мос келмаса.
Ишчи орган буюртманома тақдим этган талабгорларни ёки уларнинг ваколатли вакилларини бу ҳақда хабардор қилади.
28. Танлов амалга ошмаган деб эътироф этилган тақдирда комиссия мазкур Низомда белгиланган тартибда танловни қайта ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади ёки ягона талабгорни танлов ғолиби деб эътироф этиб, унга мақбул таклифларни тақдим этиш шарти билан ва сув ҳавзаси участкасини бериш мақсадга мувофиқлиги ҳақида қарор қабул қилади.
29. Комиссия танлов таклифларининг конвертлари очилган куни танлов натижаларини баён шаклида расмийлаштиради.
Баёнда қуйидагилар кўрсатилади:
комиссия таркиби;
танлов иштирокчилари бўлган талабгорлар ва уларнинг таклифлари ҳақидаги маълумотлар;
сув ҳавзаси участкасининг (контурининг) жойлашуви, майдони ва рақами, сув ҳавзасининг ўртача балиқ маҳсулдорлиги (танловни ўтказиш пайтидаги);
танлов ғолиби;
овоз бериш натижалари ва комиссия аъзоларининг қарори.
Баён комиссиянинг барча аъзолари, танлов ғолиби ёки унинг вакили томонидан имзоланади ва комиссиянинг раиси томонидан тасдиқланади.
30. Комиссия танлов натижалари бўйича қарорини қабул қилишда талабларнинг ягона бўлишини ва холисликни таъминлаши лозим.
31. Танлов натижаларига кўра сув ҳавзаси участкасининг берилиши рад этилган талабгорлар, комиссия қарори юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
32. Ишчи орган танлов комиссиясининг танлов якунлари тўғрисидаги қарори натижаларидан қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида танлов иштирокчиларини хабардор қилиши шарт.
Ишчи орган танлов ғолиби аниқланган куни ғолибга тегишли хабарнома юбориб шартнома тузишни таклиф қилади.
Шартномада қонунчиликда назарда тутилган шартлардан ташқари қуйидагилар ҳам кўрсатилади:
сув ҳавзаси участкасининг (контурининг) жойлашуви, майдони ва рақами;
шартномани тузган шахснинг балиқ ресурсларини ва сув ҳавзасини сақлаш бўйича тадбирларни ўтказиши, шунингдек овланадиган балиқнинг мунтазам ҳисобини юритиш бўйича мажбуриятлари.
Шартномага унинг ажралмас қисми бўлган қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
сув ҳавзаси участкасининг харита-схемаси;
талабгорнинг табиатни муҳофаза қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлари режаси, мажбуриятлари доирасида тўлиқ амалга оширилиши белгиланган шартнома.
33. Танлов якунлари оммавий ахборот воситаларида, Давлат хизматлари ягона интерактив порталига ва ДСҚнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
34. Танлов ғолиби бўлган балиқ овлаш хўжалиги томонидан шартнома мажбуриятлари бажарилиши мониторинги Дирекция томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
35. Шартнома муддати тугаганда унинг амал қилиши тўхтайди. Янги муддатга шартнома тузиш мазкур Низомда назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
36. Шартнома муддатини олдиндан тугатиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Дирекция, табиатни муҳофаза қилиш органларининг тақдимномасига биноан, балиқ овлаш хўжалиги томонидан ҳайвонот оламини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишга оид қонунчилик бир маротаба қўпол ёки мунтазам (йил давомида икки ва ундан ортиқ марта) бузилганда, шунингдек қонунчиликда ва шартномада назарда тутилган бошқа ҳолатларда шартномани муддатидан олдин тугатишга ҳақли.
Ҳайвонот оламини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишга оид қонунчиликни бир маротаба қўпол бузиш ҳайвонот оламини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишга оид қонунчилик талабларининг ҳайвонот олами объектларига етказилган зарар ҳисобланади.
37. Шартнома шартлари бузилганда томонлар қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб беради.
3-боб. Комиссиянинг, табиатни муҳофаза қилиш органларининг ва Дирекциянинг ваколатлари
38. Комиссия:
ўз фаолияти регламентини мустақил ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
танлов таклифларини тақдим этиш муддатларини узайтириш тўғрисида ёки танловни ўтказиш санасини танловнинг ўтказилиши ҳақидаги эълонда белгиланган муддатдан кўпи билан бир ойга кўчириш тўғрисида қарорни қабул қилади, танловда иштирок этиш учун буюртманомаларни тақдим этган барча талабгорларни (улар мавжуд бўлганда) ёзма хабардор қилади;
мазкур Низомнинг 27-бандида назарда тутилган ҳолатларда танлов амалга ошмаган деб ҳисоблайди;
ягона талабгор буюртманомасини кўриб чиқади, унинг томонидан мақбул таклифлар тақдим этилган тақдирда уни танловнинг ғолиби деб эътироф этади;
зарур ҳолатларда, комиссия ишига экологлар, биологлар, ихтиологлар, бошқа мутахассис ва экспертларни жалб қилади;
танловни ўтказиш жараёнини назорат қилади;
мазкур Низом ва бошқа қонунчилик ҳужжатларининг талаблари бузилганда тил бириктириш ҳолатлари ва танловни ўтказиш тартиботини бузадиган бошқа ҳолатлар аниқланганда танлов ўтказилишини тўхтатади.
39. Табиатни муҳофаза қилиш органлари Дирекция билан биргаликда, белгиланган тартибда қуйидагиларни амалга оширади:
балиқ овлаш хўжаликлари томонидан табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигига риоя қилиш;
табиатни муҳофаза қилиш қонунчилиги бажарилишини таъминлаш мақсадида назорат тадбирларини ўтказиш соҳасида маълумотлар алмашиш.
40. Дирекция:
балиқ овлаш хўжаликларига сув ҳавзаси участкаларининг ижарага берилиши бўйича очиқ танлов ўтказилишини ташкил этади;
табиатни муҳофаза қилиш органлари билан биргаликда сув ҳавзасининг балиқ ресурсларини муҳофаза қилиш ва қайта тиклашга доир тадбирларни ўтказади;
сув ҳавзасида балиқ етиштиришнинг замонавий технологияларини ва усулларини жорий қилади;
сув ҳавзаларининг гидробиологик ва гидрокимёвий ҳолатини ўрганади ва сув ҳавзалари ҳудудида ҳаваскорлик ва балиқ овлаш спортини ҳамда экотуризмни ривожлантиришга доир мақсадли тадбирлар ўтказилишини ташкил этади;
балиқ овлаш хўжаликлари томонидан шартнома шартларига риоя қилиниши мониторингини юритади;
сув ҳавзасида балиқ ресурслари овланиши ҳолати ҳақида йиллик маълумотларни умумлаштиради ва табиатни муҳофаза қилиш органларига тақдим этади;
сув ҳавзасининг вақтинча берилмаган участкаларида балиқ ресурсларини қонунчиликда белгиланган тартибда овлаш ҳуқуқига эга.
4-боб. Балиқ овлаш хўжаликларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
41. Балиқ овлаш хўжалиги қуйидаги ҳуқуқларга эга:
сув ҳавзасида берилган участкадан тузилган шартномага мувофиқ фойдаланиш;
ўз ихтиёрига кўра белгиланган тартибда овланган балиқларни сотиш;
сувни муҳофаза қилиш чегарасидан ташқарида балиқ озуқаси ва асосий фаолият билан боғлиқ бўлган бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш, шунингдек балиқ ва балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича ёрдамчи хўжаликлар ташкил этиш.
Балиқ овлаш хўжаликлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
42. Балиқ овлаш хўжаликлари қуйидагиларга мажбур:
балиқ ресурсларидан фойдаланишда табиатни муҳофаза қилиш қонунчилиги талабларига риоя қилиш;
шартнома шартларини, шу жумладан танловда иштирок этиш учун буюртманомани бериш пайтида тақдим этилган табиатни муҳофаза қилиш комплекс чора-тадбирлари режасини бажариш;
шартномага илова қилинган сув ҳавзаси участкасининг паспортида кўрсатилган сув ҳавзаси участкалари доирасида балиқ овлашни амалга ошириш;
берилган сув ҳавзаси участкасини учинчи шахсларга фойдаланишга бермаслик;
фойдаланувчини аниқлайдиган овлаш қуролларини тамғалаш;
сув ҳавзасининг қирғоқ участкаларини белгиланган тартибда санитария ҳолатида сақлаш;
ҳар йили балиқларни кўпайтиришни, балиқ овланадиган сувлар мелиорациясини, келгусида овланадиган майда балиқларни, шунингдек балиқ ресурслари сақланишини таъминлаш чораларини амалга ошириш;
ҳар куни овланган балиқларни мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ белгиланган намунадаги балиқларни овлаш дафтарида қайд этиш;
табиатни муҳофаза қилиш давлат инспекторларига, уларнинг талабига биноан шартнома ва балиқларни овлаш дафтарини тақдим этиш, овлаш қуролларини ва овланган балиқларни, ишлаб чиқариш хоналарини, сузиш воситаларини ва қабул қилиш пунктларини белгиланган тартибда кўздан кечиришни амалга оширишга тўсқинлик қилмаслик;
ҳар ойда Дирекцияга овланган балиқлар тўғрисида (турлари бўйича), балиқ овланадиган сувлар мелиорацияси, овланадиган майда балиқларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги маълумотни ва сув ҳавзаси участкасида балиқларни кўпайтириш натижалари ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш;
балиқларни сузиш воситасидан қирғоққа фақат махсус жиҳозланган жойда, балиқ овлаш хўжалиги жойлашган манзилда туширишни амалга ошириш;
балиқ овлаш хўжалигидан балиқни олиб чиқишни товар-транспорт юкхатлари бўйича амалга ошириш;
сузиш воситаларини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш ва балиқни овлашда хавфсизлик техникасига риоя қилиш;
балиқчиларнинг шахсини ва ушбу хўжаликдаги лавозимини тасдиқлайдиган гувоҳномалар билан таъминлаш;
зарур сув ҳавзасида балиқ овлаш фаолиятининг қонунийлигини тасдиқлайдиган барча керакли ҳужжатларга (шартномалар, балиқни овлаш дафтарлари, сузиш воситаларининг ҳужжатлари ва ҳоказоларга) эга бўлиш.
Балиқ овлаш хўжалиги қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
5-боб. Ижара ҳақини ҳисоблаш тартиби
43. «Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси» ДУК:
танлов ғолиблари бўлган балиқ овлаш хўжаликлари билан жорий йил учун ижара ҳақининг миқдорини белгилаган ҳолда шартнома тузади;
ҳар йилнинг 15 февраль санасигача ижара ҳақининг миқдорини аниқлаб шартноманинг ижара ҳақи миқдори назарда тутилган бандига ўзгартиришлар киритади.
44. Ижарага берилган сув ҳавзаси участкалари бўйича ижара ҳақи миқдорини ҳисоблаш учун қуйидаги маълумотлар талаб этилади:
а) ижарага берилган сув ҳавзаси участкасининг умумий майдони (гектар ҳисобида);
б) ижарачи томонидан ўтган йилда бир гектар сув ҳавзасидан тутилган (сотилган) балиқнинг ўртача миқдори;
в) ваколатли ташкилотлар (Давлат статистика органлари, Давлат монополияга қарши курашиш органлари ва бошқалар) маълумотларига мувофиқ минтақанинг истеъмол бозорида балиқнинг ўтган йилдаги ўртача нархи аниқланади.
45. Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда ижара ҳақи қуйидаги формула бўйича аниқланади:
Иҳ = Ҳ1 х Нў х Му х Ис :100, бунда:
Иҳ — ижара ҳақи;
Ҳ1 — бир гектарнинг ўртача маҳсулдорлиги;
Ўн — балиқнинг ўртача йиллик нархи;
Му — сув ҳавзаси участкасининг умумий майдони;
Ис — ижара ҳақи миқдорини ҳисоблаш ставкаси, фоизларда (2-илова).
46. Агар ўтган йилда маҳсулдорлик ижарага берилган сув ҳавзаси участкасининг ҳар гектаридан 4,2 килограмм овланган балиқдан кам бўлса, ижара ҳақини ҳисоблашда 4,2 килограмм миқдоридаги ҳисоблаш кўрсаткичи қўлланади.
47. Агар жорий йил учун ҳисобланган ижара ҳақининг суммаси ўтган йил учун ушбу Низомдаги тартибда ҳисобланган ижара суммасининг 1,05 коэффициентга кўпайтирилган миқдоридан кам бўлса, у ҳолда ижара ҳақи ўтган йилги ижара суммасини 5 фоизга кўпайтириб аниқланади.
6-боб. Ижара ҳақини ундириш тартиби
48. Балиқ овлаш хўжаликлари томонидан ижара ҳақи икки қисмга бўлиб йил давомида тўланади. Ижара ҳақининг бир қисми (йиллик ижара ҳақининг камида 40 фоизи) 1 апрелгача тўланади, қолган қисми 1 октябргача тўланади.
49. Ижарага берилган сув ҳавзаси участкаси учун ижара ҳақи биринчи йилда жорий йилда фаолият юритилган ойлар сонига мос миқдорда, тенг улушларда ва қуйидаги формула бўйича ҳисобланади:
Иҳ=Йиҳ/12х х Тм, бунда:
Иҳ — ижара ҳақи;
Йиҳ — йиллик ижара ҳақи;
Тм — жорий йил давомида фаолият юритилган ойлар сони.
50. Балиқ овлаш хўжаликлари ижара ҳақини 100% миқдорда Дирекциянинг банкдаги ҳисоб-рақамига ўтказади.
51. Ижарачилар томонидан ижара ҳақининг ўз вақтида тўлаб борилиши Дирекция томонидан назорат қилинади.
7-боб. Сув ҳавзасида балиқ ресурсларини қайта тиклашга доир тадбирларни ўтказиш
52. Сув ҳавзасида балиқ ресурсларини қайта тиклашни таъминлаш учун Дирекция:
аква маҳсулотларни ривожлантириш, шунингдек овланадиган балиқлар захирасини аниқлаш бўйича янги технологияларни ишлаб чиқади ва илмий-тадқиқот ишларини амалга оширади;
сув ҳавзасида балиқларни қафас усулида етиштириш технологияларини татбиқ қилиш ишларини ташкил этади;
Айдар-Арнасой кўллар тизими қирғоғида, кейинчалик сув ҳавзасида балиқларни кўпайтириш учун балиқ чавоқлари етиштиради, инкубация цехларини, балиқ парваришхоналарини, балиқ озуқаси ишлаб чиқариш заводларини, шунингдек қайта ишлаш цехларини, балиқ ва балиқ маҳсулотларини сақлаш учун совутиш ускуналарини барпо этади.
53. Сув ҳавзаларининг балиқ кўпайтириш меъёри сув ҳавзасининг бир гектарига камида 50 та балиқ чавоқлари — шу йилги ёки бир йиллик балиқлар даражасида белгиланади.
54. Сув ҳавзаларида балиқ кўпайтириш тадбирлари табиатни муҳофаза қилиш органлари, қишлоқ ва сув хўжалиги, давлат солиқ хизмати органлари, Дирекция ва балиқ овлаш хўжаликларининг вакиллари иштирокида ўтказилади ва бу ҳақда тегишли далолатнома тузилади.
8-боб. Якунловчи қоида
55. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.
Айдар-Арнасой кўллар тизими участкаларини балиқ овлаш хўжаликлари тасарруфига бериш ҳамда саноат балиқ овлашини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА

БАЛИҚ ОВЛАШ ДАФТАРИ

__________________________________________________________________________

(балиқ овлаш хўжалигининг номи)

БАЛИҚ ОВЛАШ ҲУДУДИ ____________________________________________________________

(вилоят, туман, сув ҳавзаси номи, сув ҳавзаси участкаси)

___________________________________________________________________________________________

20___ йил

__________________________________________________ балиқ овлаш ҳудудидаги балиқчилик хўжалиги _____-сон бригадасининг 20___ йил учун дафтари


кг

Кун, ой

Ов учун масъул шахс Ф.И.О.

Овлаш воситаси

Сазан

Судак

Жарих

Лаққа балиқ

Оқ дўнгпешана

Оқ амур

Илонбоши балиқ

Карас

Леш балиғи

Плотва

Шемая

Чўртан балиқ

Чехонь

Бошқа турлари

Ҳаммаси

Юкхати № ва жўнатиш санаси

Қабул қилувчининг Ф.И.О. ва давлат автотранспорти №
















Айдар-Арнасой кўллар тизими участкаларини балиқ овлаш хўжаликлари тасарруфига бериш ҳамда саноат балиқ овлашини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Ижара тўловини ҳисоблашда қўлланиладиган ставкалар миқдори

Маҳсулдорлик, га/кг

Ижара тўловини ҳисоблаш ставкаси, фоиз

15 гача

10

15-20 гача

9

20-25 гача

8

25-30 гача

7

30-35 гача

6

35-40 гача

5

40 ва ундан юқори

4

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 мартдаги 124-сон қарорига
3-ИЛОВА
Айдар-Арнасой кўллар тизимининг биологик ресурсларини ривожлантириш ва улардан оқилона фойдаланиш
чора-тадбирлари комплекси

Т/р

Тадбирларнинг номи

Бажариш муддатлари

Масъул бажарувчилар

Молиялаштириш манбалари

Кутилаётган натижалар

I. «Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси» давлат унитар корхонасини ташкил этиш бўйича ташкилий тадбирлар

1.

«Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси» ДУК (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) уставини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда тасдиқлаш.

2017 йил март

Давлат солиқ қўмитаси

«Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси» ДУК фаолиятини ташкил этиш.

2.

Дирекцияни зарур маъмурий ва ишлаб чиқариш хоналари билан таъминлаш.

2017 йил март

Жиззах вилояти ҳокимлиги,

Давлат рақобат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси

Давлат солиқ қўмитаси

Дирекцияга юкланган вазифаларнинг тўлиқ бажарилишини таъминлаш учун зарур шароитлар яратиш.

3.

Дирекцияни зарур ускуналар ва анжомлар (мебель, компьютер, автотранспорт ва бошқалар) билан жиҳозлаш.

2017-2018 йиллар

Давлат солиқ қўмитаси,

Дирекция

Давлат солиқ қўмитаси

Дирекция фаолияти самарадорлигини ошириш.

4.

Айдар-Арнасой кўллар тизими (кейинги ўринларда ААКТ деб аталади) ҳавзасига туташ ҳудудларни (Қли, Оқбулоқ дарёлари ирмоқлари ва МЧКни) ўрганиб чиқиш ва уларнинг тўлиқ тизимли инкубация цехлари, балиқ парваришхоналари ҳамда балиқ ўстириш учун сунъий сув ҳавзалари ташкил этишга яроқлилигини аниқлаш.

Ўрганиш натижаларига кўра Дирекцияга ерларни ажратиш бўйича тегишли келишилган таклиф киритиш.

2017 йил март

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги,

Давлат солиқ қўмитаси,

Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари, «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси ҳудудий бўлимлари,

Дирекция

Лойиҳани молиялаштириш доирасида

Сув ҳавзаларини ҳар йили баҳорда ва кузда балиқ кўпайтириш учун йилига 17,5 млн та балиқ чавоқлари етиштирадиган инкубация цехлари ташкил этиш.

Минтақада 15 та янги иш ўрни, тегишли инфратузилма ва бошқаларни ташкил этиш.

Юқори сифатли балиқ (оқ дўнгпешана, оқамур, олачипор, зоғарабалиқ, судак, лаққа ва бошқалар) турлари ўстиришни кўпайтиришга кўмаклашиш.

5.

Дирекцияга тўлиқ тизимли инкубация цехлари, балиқ парваришхоналари ҳамда балиқ ўстириш ҳавзалари ташкил этиш учун ер участкасини ажратиш.

2017 йил март

Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари, «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси ҳудудий бўлимлари

II. Айдар-Арнасой кўллар тизимида балиқчилик соҳасини ривожлантириш бўйича тадбирлар

6.

Айдар-Арнасой кўллар тизими қирғоғида тўлиқ тизимли балиқ етиштириш парваришхоналари, инкубация цехлари ҳамда балиқ ўстириш ҳавзалари қуриш, шу жумладан:

2017 йилда — 2 млн. та;

2018 йилда — 7 млн. та;

2019 йилда — 12 млн. та;

2020 йилда — 17,5 млн. та.

2017-2020 йиллар

Давлат солиқ қўмитаси,

Дирекция,

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси,

«Ипотека-банк» АТИБ,

балиқчилик хўжаликлари

Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси — 2,9 млрд. сўм (шу жумладан (1,4 млрд.сўм — 2017 йилда;

1,5 млрд.сўм — 2018 йилда),

«Ипотека-банк» АТИБ

кредитлари — 2019 йилда 3 млрд.сўм

Айдар-Арнасой кўллар тизимида балиқ кўпайтириш учун балиқ чавоқларини етиштириш.

Транспорт харажатларини ҳамда балиқ чавоқларини ташишда нобуд бўлишини камайтириш.

7.

Балиқ ўстириш ҳавзалари барпо этиш, шу жумладан:

2017 йилда — 50 гектар;

2018 йилда — 100 гектар;

2019 йилда –300 гектар.

2017-2019 йиллар

Давлат солиқ қўмитаси,

Дирекция

8.

Илмий-тажриба станциясида юқори сифатли балиқ турларини етиштириш бўйича ёпиқ тизимли сув таъминоти қурилмаси (ЁТСТҚ) ташкил этишга ҳамда кўллар тизимида балиқ кўпайтириш учун балиқ чавоқлари (шартномавий нархларда ўртача вазни 2 грамм бўлган 2 млн.та) сотиб олишга маблағлар ажратиш.

2017 йил

май — июль

Қишлоқ ва сув вазирлиги ҳузуридаги Балиқчиликни ривожлантириш бўйича илмий-тажриба станцияси,

Дирекция

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси —

0,5 млрд.сўм,

шундан:

ЁТСТҚга 0,3 млрд.сўм,

балиқ чавоқлари сотиб олишга — 0,2 млрд.сўм

Қафас усулида балиқ етиштириш учун янги балиқ турларини иқлимлаштириш.

Айдар-Арнасой кўллар тизимида юқори сифатли балиқ чавоқлари ҳисобига балиқ захирасини кўпайтириш.

9.

Дирекцияни ҳамда Қишлоқ ва сув вазирлиги ҳузуридаги Балиқчиликни ривожлантириш бўйича илмий-тажриба станциясининг моддий-техника базасини яхшилаш мақсадида 4 та «Isuzu» русумли юк автомобилларини имтиёзли асосда ажратиш.

2017-2018 йиллар

Самарқанд автомобиль заводи

«Ипотека-банк» АТИБ

Кредитлари —

0,5 млрд.сўм

Балиқ чавоқларини ташишни тезлаштириш ҳамда хўжалик ҳудудидаги ташишларни таъминлаш.

10.

Айдар-Арнасой кўллар тизимида 1 гектарга камида 50 та балиқ чавоқлари билан балиқ кўпайтириш ҳисобига балиқ маҳсулдорлигини ошириш.

Сув ҳавзаларида балиқ овлашнинг прогноз кўрсаткичларига эришиш, шу жумладан:

2017 йилда — 10 000 тн;

2018 йилда — 12 000 тн;

2019 йилда — 16 000 тн;

2020 йилда — 22 000 тн;

2021 йилда — 30 000 тн.

2017 йилдан бошлаб ҳар йили -

март-апрель,

октябрь-ноябрь

Давлат солиқ қўмитаси,

Дирекция,

балиқчилик хўжаликлари

Дирекция, балиқчилик хўжаликлари

Сув ҳавзаларида балиқ маҳсулдорлигини ошириш ва балиқ турлари (оқ дўнгпешана,оқамур, олачипор, зоғарабалиқ, судак, лаққа ва бошқалар) овланишини кўпайтириш.

Айдар-Арнасой кўллар тизимида ҳар йили камида 17,5 млн. та балиқ чавоқлари билан балиқ кўпайтириш.

11.

Айдар-Арнасой кўллар тизимида қафас усулида балиқ етиштиришни ташкил этишга қафас мосламаларини жойлаштириш, шу жумладан:

2018 йилда — 150 та;

2019 йилда — 350 та;

2020 йилда — 500 та.

2018 — 2020 йиллар

Давлат солиқ қўмитаси,

Дирекция,

Ўзбекистон Фанлар академияси Ўсимлик ва ҳайвонот олами генофонди институти,

балиқчилик хўжаликлари

жами 8,4 млрд.сўм:

«Ипотека-банк» АТИБ

кредитлари —
5 млрд.сўм, (улардан

1 млрд.сўм —

2018 йилда; 1,8 млрд.сўм -

2019 йилда;

2,2 млрд.сўм -

2020 йилда);

Дирекциянинг

ўз маблағлари

(3,4 млрд.сўм), балиқчилик хўжаликларининг ўз маблағлари

Айдар-Арнасой кўллар тизимида балиқ етиштиришни кўпайтириш.

Айдар-Арнасой кўллар тизимида табиий балиқларнинг ортиқча овланишини камайтириш.

12.

Айдар-Арнасой кўллар тизими қирғоғида жойлашган суғориладиган ва лалмикор ер майдонларидан, озуқа экинлари (буғдой, жавдари, арпа ва бошқалар) етиштиришни ташкил этиш мақсадида Дирекцияга 500 га ер ажратиш.

2017 -2018 йилларда

Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари, Давлат солиқ қўмитаси,

Дирекция

Юқори оқсилли озуқалар ишлаб чиқариш учун қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришни таъминлаш.

III. Балиқ хўжалигини ривожлантириш соҳасида инфратузилмани ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни ташкил этиш

13.

Ишлаб чиқариш цехлари барпо этиш:

қафас мосламаларига металлконструкциялар;

қафас мосламаларига тўр материаллари тикиш;

қафас мосламаларига сув юзида турадиган пластмасса қурилмалар, пластмасса пўкаклар ва бошқалар;

полиамид асосидаги тўр-анжом материаллари;

грануллаланган омухта емлар.

2018 йилдан бошлаб

Давлат солиқ қўмитаси,

Дирекция

Дирекциянинг

ўз маблағлари, «Ипотека-банк» АТИБ

кредитлари

Чет эллардан анжомлар импортини камайтириш ҳамда ички истеъмол бозори талабларини қондириш учун маҳаллий хом ашёни қайта ишлаш ҳисобига қафас мосламалари, тўр-анжом материаллари ва бошқаларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган махсус ишлаб чиқариш цехлари барпо этиш.

14.

Балиқ овлаш хўжаликлари ва Дирекция учун, республикада ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилгунга қадар марказлашган тартибда келтирилиши лозим бўлган жиҳозлар (қайиқ, қайиқ моторлари, балиқни қайта ишлаш жиҳозлари) ва материаллар (балиқ овлаш тўрлари, балиқ уни, премикслар) рўйхатини тайёрлаш.

Дирекция томонидан зарур ускуналар ва материаллар келтиришни ташкил этиш.

2017 йил октябрь

2017-2018 йиллар

Давлат солиқ қўмитаси,

Дирекция,

Иқтисодиёт вазирлиги,

Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги,

«Ипотека-банк» АТИБ

Ўзбекистон Республикасига ускуналарни марказлашган тартибда келтириш балиқчилик ва балиқ овлаш хўжаликлари таъминотини яхшилайди.

15.

Дирекция негизида қуйидаги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш:

экспортга мўлжалланган балиқларни чуқур қайта ишлаш ҳамда ярим тайёр балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш,
шу жумладан маҳсулотни ўта тез музлатиш ва бир йўла сақлаш бўйича;

катерлар, қайиқ ва балиқ овлаш жиҳозларини таъмирлаш бўйича;

балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ва истеъмолчиларига хизмат кўрсатиш бўйича.

2018-2020 йиллар

Давлат солиқ қўмитаси,

Дирекция,

«Ипотека-банк» АТИБ

Дирекциянинг

ўз маблағлари, «Ипотека-банк» АТИБ

кредитлари

Балиқни қайта ишлаш ҳамда қуритилган ва дудланган балиқларни экспорт қилиш. Экспортдан олинган маблағлар ҳисобига ярим тайёр балиқ маҳсулотлари, балиқ уни, балиқ консерваларини ишлаб чиқариш учун ускуналарни келтириш, ўрнатиш ва уларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш.

16.

Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳудудини қўриқлаш бўйича ҳамда ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектларидан ноқонуний фойдаланишга қарши курашиш бўйича биргаликдаги чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

2017 йил апрель

Давлат солиқ қўмитаси,

Дирекция,

Ички ?шлар вазирлиги,

Табиатни муҳофаза қилиш давлат

қўмитаси

Биологик ресурсларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича белгиланган меъёрлар ва қоидаларга риоя қилиниши устидан назоратни кучайтириш.

Табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигидаги бузилишлар сонини камайтириш.

17.

Айдар-Арнасой кўллар тизимида туризм соҳасини ривожлантириш Дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

2017-2020 йиллар

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари,

Дирекция

Қирғоқ инфратузилмасини ривожлантириш ва қўшимча иш ўринлари ташкил этиш.

IV. Айдар-Арнасой кўллар тизими сув сатҳини сақлаш

18.

Сирдарё сув ҳавзасида сув хўжалиги вазияти ўзгариш динамикасини ҳисобга олган ҳолда Айдар-Арнасой кўллар тизимига келиб тушадиган сув оқимининг миқдор ва сифат кўрсаткичларини ўрганиш.

Ҳар йили январь, июль

«Ўзгидромет»,

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги

Ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида

Айдар-Арнасой кўллар тизимига сув берувчи ирмоқлардаги сув ҳажмини ва сифатини баҳолаш, сув миқдорини прогноз қилиш.

19.

Айдар-Арнасой кўллар тизимида барқарор сув сатҳини, сувнинг шўрланиши режимини таъминлаш чораларини кўриш.

Ҳар йили

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги,

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси

Ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида

Сув таъминоти барқарорлигига эришиш, ААКТ минтақасида экологик вазиятни сақлаш ва яхшилаш, биологик ресурсларни ривожлантиришга эришиш.

20.

Биологик ресурсларни ривожлантириш учун Айдар-Арнасой кўллар тизимининг мақбул сув-туз режимини таъминлаш:

Айдар-Арнасой кўллар тизимидан сув чиқарувчи коллекторлар орқали минераллашган сувларни чиқариш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш;

молиялаштириш манбаларини аниқлаш.

2017 йил май

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги,
Молия вазирлиги,

Иқтисодиёт вазирлиги,

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси

Ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида

ААКТдан минераллашган сувларни чиқариш лойиҳасини ва аниқ асосланган ҳисоб-китобларни тайёрлаш.

Оёғитма ва Қорақир кўллари орқали Айдаркўл кўлидан Медами пастлигига 280 км узунликдаги, ўтказувчанлик қуввати 90 м3/с бўлган сув чиқариш коллекторини қуриш.

ААКТнинг биологик ресурсларини сақлаш ва қайта тиклаш учун сувнинг минералларга мақбул даражада тўйиниши учун чучук сув келишини таъминлаш.

Жами харажатлар:

— 15,3 млрд. Сўм

улардан:

«Ипотека-банк» АТИБ кредитлари

— 8,5 млрд. сўм

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси маблағлари

— 3,4 млрд. сўм

Дирекция маблағлари

— 3,4 млрд. сўм

Изоҳлар:
1. Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан ажратилган маблағларни қайтариш 2021 йилдан бошлаб келишиб тасдиқланган жадвал асосида амалга оширилади.
2. Жадвал Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раислари томонидан тасдиқланади.