Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг
Қарори
Судга келишдан бош тортган шахсларни мажбурий келтириш бўйича суд топшириқларини ижро этиш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 12-бандига ўзгартиш киритиш ҳақида
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 1-сон, 23-модда)
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2017 йил 5 январда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 1654-1]
«Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Ички ишлар вазирлигининг 2007 йил 12 январдаги 2/1, 2-сон қарори (рўйхат рақами 1654, 2007 йил 15 январь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 3-сон, 30-модда) билан тасдиқланган Судга келишдан бош тортган шахсларни мажбурий келтириш бўйича суд топшириқларини ижро этиш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 12-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«12. Қонуний талабларга қаршилик кўрсатилганда ёки ашаддий бўйсунмаслик ҳолатларида ички ишлар органлари ходимлари «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ жисмоний куч, махсус восита ва ўқотар қуролни қўллаш ҳуқуқига эга. Мазкур ҳолда баённома тузилади ва унда ҳуқуқбузарликнинг хусусияти, вақти ва жойи ҳамда шахсга нисбатан қўлланилган чоралар кўрсатилади. Баённома қонунда назарда тутилган чоралар қўлланилганлиги тўғрисидаги билдирги билан бирга ички ишлар органи бўлим бошлиғига тақдим этилади. Бу ҳақда ажрими бўйича мажбурий келтириш амалга оширилган судья хабардор қилинади.
Жисмоний куч ишлатилганлиги ва махсус воситалар қўлланилганлиги натижасида жисмоний ёхуд юридик шахсларнинг ҳаётига, соғлиғига ёки мол-мулкига зарар етказилган ҳар бир ҳолат ҳақида, шунингдек ўқотар қурол қўлланилган барча ҳоллар тўғрисида прокурорга дарҳол хабар берилади».
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан келишилган.
3. Мазкур қарор 2017 йил 17 мартдан кучга киради.
Адлия вазири М. ИКРАМОВ
Тошкент ш.,
2016 йил 28 декабрь,
6-сон
Ички ишлар вазири А. АХМЕДБАЕВ
Тошкент ш.,
2016 йил 28 декабрь,
43-сон
Келишилган:
Олий суд раиси Ш. ГАЗИЕВ
2016 йил 20 декабрь