Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Республика аҳолиси ва бюджет ташкилотларига кўмир маҳсулотлари етказиб бериш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 1-сон, 15-модда)
Республика аҳолиси ва бюджет ташкилотларини сифатли кўмир ва кўмир брикетлари билан узлуксиз таъминлаш, кўмир маҳсулотларини етказиб берувчи ва тақсимловчи ташкилотлар масъулиятини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Кўмир ва кўмир брикетларига (кейинги ўринларда кўмир маҳсулотлари деб аталади) бўлган эҳтиёжни аниқлаш, уларни бюджет ташкилотлари ҳамда аҳолига етказиб бериш ва сотиш Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 2 июлдаги 177-сон қарори билан тасдиқланган Бюджет ташкилотлари томонидан бюджет маблағлари ҳисобига харид қилинадиган кўмир ва кўмир брикетларини сотиш, етказиб бериш, ташиш, қабул қилиш ва сақлаш тартиби тўғрисидаги Низомда ҳамда Республика аҳолисини кўмир маҳсулотлари билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги Низомда назарда тутилган тартибда амалга оширилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
республика ҳудудлари бўйича 2016-2017 йилларнинг куз-қиш даврида аҳоли ва бюджет ташкилотларини кўмир маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича йиғма режа ва тадбирлар режаси 1 ва 2-иловаларга* мувофиқ;
«Ўзбеккўмир» акциядорлик жамиятининг 2017 йилда қуриладиган ва реконструкция қилинадиган ҳудудий дистрибьюторлик марказлари филиалларининг рўйхати 3-иловага* мувофиқ;
«Ўзбеккўмир» акциядорлик жамиятининг 2017 йилда кўмир брикетлари ишлаб чиқариш бўйича асбоб-ускуналар билан жиҳозланадиган ҳудудий дистрибьюторлик марказлари рўйхати 4-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
3. Республика аҳолиси ва бюджет ташкилотларини кўмир маҳсулотлари билан таъминлаш тадбирларини мувофиқлаштириш ва амалга ошириш учун 5-иловага* мувофиқ таркибда ишчи гуруҳ ташкил этилсин.
4. Қуйидагилар республика аҳолиси ва бюджет ташкилотларини кўмир маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
куз-қиш даврида аҳоли ва бюджет ташкилотларига кўмир маҳсулотларининг ушбу қарор билан тасдиқланган ҳажмларда ўз вақтида ва тўлиқ етказиб берилишини таъминлаш;
кўмир маҳсулотларини етказиб беришнинг барча босқичларида уларнинг сақланишини таъминлаш;
бюджет ташкилотлари учун кўмир маҳсулотларига нарх белгилаш даражаси, шунингдек аҳолига сотиладиган кўмирнинг чакана нархига риоя этилиши юзасидан самарали назоратни ташкил қилиш;
«Ўзбеккўмир» акциядорлик жамиятининг ҳудудий дистрибьюторлик марказларини қуриш ва жиҳозлаш тадбирларини ўз вақтида амалга ошириш.
5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
«Ўзбеккўмир» акциядорлик жамияти кўмирни ҳудудий дистрибьюторлик марказлари манзилига юклаб жўнатишни таъминлайди ҳамда юклаб жўнатилаётган кўмирнинг сифати ва ҳажмлари учун жавоб беради;
«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти кўмирни «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамиятининг «Кўмирйиғиш» станциясидан «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг тегишли станцияларигача ташишни таъминлайди ҳамда вагонларнинг ўз вақтида берилиши ва кўмирнинг етказилиши учун жавоб беради;
ички ишлар органлари кўмир маҳсулотлари ишлаб чиқарилгандан бошлаб аҳолига ва бюджет ташкилотларига тақсимлангунига қадар муҳофаза қилинишини таъминлаш тадбирларини амалга оширади;
ҳар бир маҳаллада фуқаролар йиғинлари раислари ички ишлар органлари ва давлат солиқ инспекциялари билан биргаликда кўмир маҳсулотларининг аҳолига белгиланган тартибда тақсимланиши ва сотилишини таъминлайди;
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан ҳар йили тасдиқланадиган кўмир ресурслари ва уларни тақсимлаш баланси доирасида етказиб бериладиган кўмир маҳсулотлари «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг ҳарбийлаштирилган қўриқлаш нарядлари билан муҳофаза этилиши ва ҳамроҳлик қилиниши керак бўлган юклар рўйхатига киритилади;
«Ўзбеккўмир» акциядорлик жамияти ва унинг ҳудудий дистрибьюторлик марказлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари кўмир маҳсулотлари захиралари шакллантирилиши, уларнинг манзилли тақсимланиши ҳамда аҳоли ва бюджет ташкилотларига узлуксиз етказиб берилиши учун шахсан жавоб берадилар.
6. «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти, истисно тариқасида, «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамиятига 2017 йил 1 мартгача аҳоли эҳтиёжлари учун кўмир маҳсулотларини ташишга амалдаги прейскурант ставкаларининг 50 фоизи миқдорида чегирма берсин.
7. Ушбу қарор эълон қилинган санадан бошлаб 2017 йил 1 мартгача аҳолига сотиладиган кўмирга бир тоннаси учун 126400 сўм миқдорида чакана нарх белгилансин.
8. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда:
бюджет ташкилотлари учун кўмир маҳсулотларига нарх белгилаш даражаси юзасидан қатъий назорат ўрнатсин ҳамда уларнинг нархи асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш ва унга барҳам бериш чора-тадбирларини кўрсин;
аҳолига сотиладиган кўмирнинг чакана нархларига риоя этилиши юзасидан қатъий назорат ўрнатсин ҳамда белгиланган тартиб бузилганлиги учун айбдорларга нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалий чора-тадбирлар кўрсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳар йили бюджет маблағлари харажатлари прогнозини шакллантиришда бюджет ташкилотлари сметаларида кўмир маҳсулотларини сотиб олишни кейинги йил 1 октябргача бир маромда молиялаштиришни назарда тутсин.
10. Белгилансинки, Вазирлар Маҳкамасининг «Кўмирнинг улгуржи-сотиш нархига махсус устама миқдорини ўзгартириш тўғрисида» 2015 йил 31 мартдаги 75-сон қарори билан белгиланган кўмир тармоғи корхоналари томонидан сотиладиган кўмирнинг улгуржи-сотиш нархига қўшимча махсус устама солиқ солинадиган базага киритилмайди.
11. «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамияти кўмирнинг улгуржи-сотиш нархига махсус устама солиқ солинадиган базадан чиқарилиши ҳисобига бўшайдиган маблағларнинг инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга, кредитларни тўлашга ва кон юзасини очиш билан боғлиқ қўшимча ишларни бажаришга йўналтирилишини таъминласин.
12. «Олмалиқ КМК» акциядорлик жамияти 4-иловада назарда тутилган муддатларда «Олмалиқ КМК» акциядорлик жамиятининг устав фондидаги акцияларнинг давлат улуши бўйича дивидендлар ҳисобига 1 суткада 30 тонна кўмир брикетлари ишлаб чиқарувчи 70 та қурилма тайёрланишини ва «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамиятига берилишини таъминласин.
13. «Навоий КМК» давлат корхонаси 4-иловада назарда тутилган муддатларда ўз маблағлари ҳисобига 1 суткада 150 тонна кўмир брикетлари ишлаб чиқарувчи 14 та қурилма тайёрланишини ва «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамиятига берилишини таъминласин.
14. Халқ банкининг Жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағлари ҳисобидан бериладиган қарз ресурслари ҳисобига «Ўзсаноатқурилишбанк» акциядорлик-тижорат банкининг 3 йил муддатга, шу жумладан имтиёзли даври 6 ой, йиллик ставкаси 7,5 фоиз, шу жумладан қайта молиялаштирадиган банкнинг маржаси миқдори йилига 0,5 фоиз бўлган кредити 2017 йилда «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамиятининг ҳудудий дистрибьюторлик марказлари кўмир омборхоналарини қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлашни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.
15. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари:
аҳолига кўмир маҳсулотларининг ойлар бўйича етказиб берилиши жадваллари бажарилиши юзасидан доимий мониторинг олиб борилишини;
«Ўзбеккўмир» акциядорлик жамиятининг буюртманомалари бўйича 3-иловага мувофиқ ҳудудий дистрибьюторлик марказларининг филиалларини қуриш ва реконструкция қилиш учун ер участкалари берилишини таъминласинлар.
16. «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамиятига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан белгиланган тартибда белгиланган пудрат ташкилотларига ҳудудий дистрибьюторлик марказлари филиалларини қуриш ва реконструкция қилишни лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан бир пайтда амалга оширишга 2017 йил 1 июлгача истисно тариқасида рухсат этилсин.
17. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилишининг эксперт кузатувини таъминласин ҳамда қурилиш-монтаж ишларини бажариш сифати юзасидан давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.
18. Вазирлар Маҳкамасининг «Республикада кўмир брикетлари ишлаб чиқариш ва сотишни комплекс ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2015 йил 2 июлдаги 177-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2015 й.. 7-сон, 53-модда) 6-иловага* мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
* 1 — 6-иловалар рус тилидаги матнда берилган.
19. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.И. Ибрагимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2016 йил 30 декабрь,
422-сон