Хўжалик судлари томонидан 2011-2012 йиллар ва 2013 йилнинг биринчи ярми давомида энергия таъминоти ва коммунал хизматлар кўрсатиш шартномаларидан келиб чиқадиган низоларни даъво тартибида кўришга оид суд амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан
МАЪЛУМОТНОМА
Олий хўжалик судининг 2013 йил иккинчи ярим йиллик иш режасига асосан 2011-2012 йиллар ва 2013 йилнинг биринчи ярми давомида энергия таъминоти ва коммунал хизматлар кўрсатиш шартномаларидан келиб чиқадиган низоларни даъво тартибида кўришга оид суд амалиёти хўжалик судлари томонидан тақдим қилинган (723 та) хўжалик ишлари ва умумлаштиришлар асосида ўрганиб чиқилди.
Мазкур тоифадаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади), Ўзбекистон Республикасининг «Электр энергетикаси тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 10 январдаги 8-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси истеъмолчиларига газ етказиб бериш қоидалари», Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 1 ноябрдаги 511-сон қарори билан тасдиқланган «Электр энергияси истеъмолчилари ва ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар тартиби тўғрисида»ги Низом, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 22 августдаги 245-сон қарори билан тасдиқланган «Иссиқлик энергиясидан фойдаланиш қоидалари» ва «Электр энергиясидан фойдаланиш Қоидалари» (бундан буён матнда Қоида деб юритилади), Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 26 майдаги 132-сонли қарори билан тасдиқланган «Табиий газ истеъмолчилари ва газ билан таъминловчи ташкилотлар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар тартиби тўғрисида» ги Низом, 2005 йил 11 январда 1440-сон билан рўйхатга олинган, «Ўздавэнергоназорат» инспекцияси буйруғи билан тасдиқланган «Истеъмолчиларга электр энергиясини етказиб бериш тартиби тўғрисида»ги Низом асосида ҳал этилмоқда.
Ишлар асосан етказиб берилган электр энергияси, табиий газ, иссиқлик энергияси, ичимлик суви ва кўрсатилган сувоқова хизматлари учун қарзларни ундириш тўғрисидаги даъво аризалари асосида кўриб чиқилган.
1. Агар даъво юридик шахснинг ўзига эмас, балки унинг алоҳида бўлинмасига нисбатан тақдим этилган бўлса, у ҳолда юридик шахснинг ўзини ишда иштирок этишга жалб этиш суд томонидан ХПКнинг 38-моддасига мувофиқ ҳал этилади.
«Тошиссиққуввати» ишлаб чиқариш бирлашмаси унитар корхонаси (бундан буён матнда «Таъминотчи» деб юритилади) ва Ўзбекистон тижорат Халқ банкининг Чилонзор филиали (бундан буён матнда «Истеъмолчи» деб юритилади) ўртасида иссиқ сув кўринишида иссиқлик энергиясини етказиб бериш бўйича шартнома тузилган ва унга кўра Таъминотчи Истеъмолчига иссиқ сув кўринишида иссиқлик энергиясини етказиб бериш, Истеъмолчи эса иссиқлик энергияси учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олган.
Шартномага асосан таъминотчи томонидан истеъмолчига иссиқлик энергияси етказиб берилган. Бироқ, Истеъмолчи томонидан мажбуриятлар бажарилмаганлиги сабабли, унда 1 570 851 сўмлик қарз вужудга келган.
Шу боис, таъминотчи хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, истеъмолчи ҳисобидан 1 570 851 сўм асосий қарз ҳамда 463 103 сўм пеня ундиришни сўраган.
Биринчи инстанцияси судининг ажрими билан ХПК 86-моддасининг 1-бандига асосан иш юритиш тугатилган.
Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.
Биринчи инстанцияси судининг ажримида ХПК 23-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан хўжалик судига иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар, юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тарзда олган фуқаролар ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга доир ишлар тааллуқлилиги белгиланганлиги, Ўзбекистон тижорат Халқ банкининг Чилонзор филиали юридик шахс мақомига эга эмаслиги ва шу сабабли хўжалик судида даъвогар ва (ёки) жавобгар сифатида иштирок эта олмаслиги асос қилиб кўрсатилган.
Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги «Биринчи инстанция судида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши тўғрисида»ги 162-сон қарори 9-бандининг иккинчи хатбошисида агар даъво юридик шахснинг ўзига эмас, балки унинг алоҳида бўлинмасига нисбатан тақдим этилган бўлса, у ҳолда юридик шахснинг ўзини ишда иштирок этишга жалб қилиш суд томонидан ХПКнинг 38-моддасига мувофиқ ҳал этилиши тўғрисида тушунтириш берилган.
Шу боис, мазкур ҳолатда суд иш юритишни тугатмасдан ХПКнинг 38-моддасига асосан жавобгарни Ўзбекистон Республикаси тижорат Халқ банки билан алмаштириб, ишни мазмунан кўриб чиқиши лозим эди.
2. Юридик шахсга нисбатан унинг алоҳида бўлинмаси фаолиятидан келиб чиқадиган даъволар алоҳида бўлинма жойлашган ерда тақдим этилади.
Паркент тумани «Сувоқова» ишлаб чиқариш шўъба корхонаси (бундан буён матнда «Таъминотчи» деб юритилади) ва «Тошкент электр тармоқлари» ОАЖнинг Паркент туман электр таъминоти корхонаси (бундан буён матнда «Абонент» деб юритилади) ўртасида шартнома тузилган ва унга кўра Таъминотчи Абонентга маиший хўжалик ва технологик ишлаб чиқариш эхтиёжи учун ичимлик сувини етказиб бериш ҳамда оқова сувларни қабул қилиб олиш, Абонент эса истеъмол қилинган ичимлик суви ва оқова сувлар учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олган.
Ушбу шартномага асосан Таъминотчи ичимлик сувини етказиб берган ҳамда оқова сувларни қабул қилиб олган. Бироқ Абонент томонидан мажбуриятлар тегишли равишда бажарилмаганлиги сабабли 768 578 сўм қарз вужудга келган.
Абонент «Тошкент электр тармоқлари» ОАЖнинг бўлинмаси ҳисобланганлиги ва юридик шахс мақомига эга бўлмаганлиги сабабли, Таъминотчи «Тошкент электр тармоқлари» ОАЖ жойлашган ердаги хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, ОАЖ ҳисобидан 768 578 сўм қарз ҳамда 384 289 сўм пеня ундириб беришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ажрими билан ХПКнинг 88-моддасига асосан даъво кўрмасдан қолдирилган.
Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.
Биринчи инстанция судининг ажримида ХПКнинг 88-моддасида даъвогар низони судгача ҳал қилиш тартибига риоя этмаган бўлса, яъни даъво аризасининг нусхасини тарафларга юбормаган бўлса, аммо суд даъво аризасини иш юритувига қабул қилган бўлса, даъво аризаси кўрмасдан қолдирилиши белгиланганлиги, мазкур ҳолатда Таъминотчи томонидан даъво аризаси ОАЖга юборилмаганлиги асос қилиб кўрсатилган.
Суд процессуал ҳуқуқ нормаларини қўллашда хатога йўл қўйган.
Биринчидан, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга даъво аризасининг нусхалари юборилганлигини тасдиқловчи далиллар тақдим этилмаганда даъво аризаси ХПК 118-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига асосан қайтарилади. Агар даъво аризаси бундай хато билан иш юритишга қабул қилинган бўлса, ушбу ҳолат даъво аризасини кўрмасдан қолдиришга асос бўла олмайди.
Иккинчидан, ХПК 27-моддасининг иккинчи қисмига биноан юридик шахсга нисбатан унинг алоҳида бўлинмаси фаолиятидан келиб чиқадиган даъволар алоҳида бўлинма жойлашган ерда тақдим этилади.
ХПК 33-моддаси иккинчи қисмининг 1-бандига кўра, агар иш судловга тегишлилик қоидасини бузиб қабул қилинганлиги шу судда ишни кўриш вақтида маълум бўлса, хўжалик суди ишни бошқа хўжалик судига ўтказади.
3. Низони судгача ҳал қилиш тартиби қонунда ёки шартномада назарда тутилмаган бўлса, ишни ХПК 88-моддасининг 5-банди асосида кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди.
«Тошкент электр тармоқлари» ОАЖ Зафар ТЭТК манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Нурмухаммад Гулом» фермер хўжалигидан 16 515 196 сўм асосий қарз, 2 327 556,2 сўм пеня ва шартномада кўрсатилган миқдорга нисбатан ортиқча электр энергияси истеъмол қилингани учун 5 943 545 сўм жарима ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ажрими билан даъво аризаси ХПК 88-моддасининг 5-бандига асосан кўрмасдан қолдирилган.
Суд даъвони кўрмасдан қолдиришда Ўзбекистон Республикаси «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддасининг талабига, яъни «ўзига талабнома билдирилган хўжалик юритувчи субъект талабномани олган кундан бошлаб бир ой муддат ичида унга жавоб қайтариши шартлиги, талабнома тўлиқ ёки қисман тан олинган тақдирда хўжалик юритувчи субъект арз қилувчига ўзи тан олган суммани ихтиёрий равишда ўтказиши» ҳақидаги талабга риоя этилмаганлиги холатини асос қилиб олган.
ХПК 88-моддасининг 5-бандига биноан даъвогар низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этмаган, бу эса шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса, даъво кўрмасдан қолдирилади.
Бироқ, тарафлар ўртасида тузилган шартномада низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартиби белгиланмаган.
4. Фойдаланилган электр энергияси учун ҳисоб-китоб бўйича қарзни ундириш учун истеъмолчининг банкдаги ҳисоб рақамига тўлов талабномаси қўйилмаган бўлса, даъво ХПК 88-моддаси 4-бандига асосан кўрмасдан қолдирилади.
«Навоий ҳудудий электр тармоқлари» ОАЖ хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар «Латифбобо» фермер хўжалигидан 12 032 991 сўм етказиб берилган электр энергияси хақини ундиришни сўраган.
Иш хужжатларидан кўринишича, «Навоий ҳудудий электр тармоқлари»(Таъминотчи) ОАЖ ва «Латифбобо» фермер хўжалиги (Истеъмолчи) ўртасида электр энергияси етказиб бериш тўғрисида шартнома тузилган. Шартномага кўра, даъвогар томонидан Истеъмолчига электр энергияси етказиб берилган. Бироқ Истеъмолчи томонидан шартнома шартлари лозим даражада бажарилмасдан, етказиб берилган энергия учун хақ тўлаш ўз вақтида амалга оширилмаган. Натижада Истеъмолчининг даъвогар олдида 12 032 991 сўм дебитор қарзи вужудга келган.
Тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 3.12-бандига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 22 августдаги 245-сон қарори билан тасдиқланган «Электр энергиясидан фойдаланиш Қоидалари»нинг 72-бандига кўра истеъмолчи томонидан фойдаланилган электр энергияси учун ҳисоб-китоб бўйича ўзаро ҳисоб-китобларни солиштириш далолатномасини имзолаш рад этилган тақдирда, қарзни ундириш тузилган электр таъминоти шартномасига мувофиқ шартномавий ҳажмдан келиб чиққан ҳолда истеъмолчининг банкдаги ҳисоб рақамига тўлов талабномаси қўйиш йўли билан амалга оширилади.
Таъминотчи томонидан мазкур тартибга риоя қилинмаган ва қарздорликни ундириш учун истеъмолчининг банкдаги ҳисоб рақамига тўлов талабномаси қўйилмаган.
ХПК 88-моддаси 4-бандига кўра қонун хужжатлари ёки шартномага мувофиқ қарз банк ёки бошқа кредит муассасаси орқали ундириб олиниши шарт бўлишига қарамай даъвогар жавобгардан қарзини ундириб олиш учун банк ёки бошқа кредит муассасасига мурожаат этмаган бўлса, хўжалик суди даъвони кўрмасдан қолдиради.
Мазкур холатда Таъминотчи қарздорликни ундириш учун Истеъмолчининг банкдаги ҳисоб рақамига тўлов талабномаси қўйиши лозим бўлсада, мазкур тартибга риоя қилмаган. Шунга кўра, суднинг ажрими билан даъво кўрмасдан қолдирилган.
5. ФКнинг 184-моддасига биноан, башарти, қонунларда бошқача кўрсатилмаган бўлса, мол-мулк янги мулкдорга ўтганида, универсал ҳуқуқий ворислик тартибида собиқ мулкдорнинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳам унга ўтади.
«Тошиссиққуввати» ишлаб чиқариш бирлашмаси унитар корхонаси (Таъминотчи) ва АТ «Ўзсаноатқурилиш» банки (Истеъмолчи) ўртасида иссиқ сув кўринишида иссиқлик энергиясини етказиб бериш бўйича шартнома тузилган ва ўнга кўра Таъминотчи Истеъмолчининг Тошкент шаҳар, Чилонзор-18 мавзе, 18 уйда жойлашган маъмурий биносига иссиқ сув кўринишида иссиқлик энергиясини етказиб бериш, истеъмолчи эса иссиқлик энергияси учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олган.
Ушбу шартномага асосан Таъминотчи томонидан иссиқлик энергияси етказиб берилган. Бироқ, Истеъмолчи томонидан мажбуриятлар тегишли равишда бажарилмаганлиги сабабли 750 940 сўм қарз вужудга келган. Шу боис Таъминотчи хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Истеъмолчи ҳисобидан 750 940 сўм асосий қарз ҳамда 366 458 сўм пеня ундириб беришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво талабларини қаноатлантириш рад қилинган.
Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.
Иш ҳужжатларига кўра, Истеъмолчининг таъминотчи олдидаги қарздорлиги 2011 йилнинг 1 июнидан 15 июлгача бўлган давр учун вужудга келган. 2011 йил 15 июль куни Истеъмолчи ва «Қутлуғ савдо» МЧЖ (Харидор) ўртасида олди-сотди шартномаси тузилган ва унга кўра Тошкент шаҳар, Чилонзор-18 мавзе, 18 уйда жойлашган банкка тегишли бўлган маъмурий бино МЧЖга сотилган.
Ушбу олди-сотди шартномасининг 11-бандига кўра, сотувчи (Истеъмолчи)нинг кўрсатилган коммунал хизматлар учун қарздорлиги йўқлиги харидорга маълум эканлиги, агарда шартнома тузилгунга қадар коммунал хизматлар учун қарздорлик маълум бўлган ҳолатда харидор ФКнинг 184-моддасига асосан қарздорликни тўлаб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олиши белгиланган.
ФК 184-моддасининг иккинчи қисмига кўра, башарти, қонунларда бошқача кўрсатилмаган бўлса, мол-мулк янги мулкдорга ўтганида, универсал ҳуқуқий ворислик тартибида собиқ мулкдорнинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳам унга ўтади.
6. Ҳисобот даврида электр таъминоти шартномасида кўрсатилган миқдорга нисбатан 5 фоиздан кўп электр энергияси истеъмол қилинганда, ҳисоб-китоб даври учун электр таъминоти шартномасида кўрсатилгандан ортиқ истеъмол қилинган жами ҳажм учун белгиланган тарифнинг 50 фоизи миқдорида ҳудудий электр тармоқлари корхонаси фойдасига жарима тўланади.
«Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси» ОАЖ (Таъминотчи) ва «Гордорстройремонт» ОАЖ (Истеъмолчи) ўртасида электр энергияси етказиб бериш ва ундан фойдаланиш учун шартнома тузилган ва ўнга кўра Таъминотчи туташтирилган тармоқ орқали Истеъмолчига йил давомида 2 680 000 кВт.с миқдор (ҳажм)да электр энергияси бериб туриш, Истеъмолчи эса қабул қилинган энергия ҳақини тўлаш мажбуриятини олган.
Ушбу шартномага асосан Таъминотчи томонидан электр энергияси етказиб берилган. Бироқ, Истеъмолчи томонидан мажбуриятлар тегишли равишда бажарилмаганлиги сабабли 210 283 698 сўм қарз вужудга келган.
Шунингдек, Истеъмолчи томонидан шартномада кўрсатилган миқдорга нисбатан 5 фоиздан ортиқ электр энергияси истеъмол қилинган ва шу боис таъминотчи томонидан 847 362 сўм миқдорда жарима ҳисобланган.
Истеъмолчи томонидан истеъмол қилинган электр энергияси учун ўз вақтида тўловни амалга оширилмаганлиги сабабли, Таъминотчи хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Истеъмолчи ҳисобидан 210 283 698 сўм асосий қарз ҳамда 847 362 сўм жаримани ундиришни сўраган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 22 августдаги 245-сонли қарори билан тасдиқланган «Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари»нинг 59-бандига кўра, электр таъминоти шартномаларида (маиший истеъмолчилардан ташқари) ҳисобот даврида электр таъминоти шартномасида кўрсатилган миқдорга нисбатан 5 фоиздан кўп электр энергияси истеъмол қилинганда, ҳисоб-китоб даври учун электр таъминоти шартномасида кўрсатилгандан ортиқ истеъмол қилинган жами ҳажм учун белгиланган тарифнинг 50 фоизи миқдорида ҳудудий электр тармоқлари корхонаси фойдасига жарималар тўланиши кўзда тутилади.
Тарафлар ўртасида тузилган электр энергияси етказиб бериш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги шартноманинг 6.4-бандида Истеъмолчи ҳисобот даврида шартномада кўрсатилган миқдорга нисбатан 5 фоиздан кўп электр энергияси истеъмол қилинганда, ҳисоб-китоб даврида шартномада кўрсатилгандан ортиқ истеъмол қилинган жами ҳажм учун белгиланган тарифнинг 50 фоизи миқдорида Таъминотчи фойдасига жарима тўланиши белгиланган.
Шу боис биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан асосли равишда даъво тўлиқ қаноатлантирилган.
7. «Давлат бюджетининг ғазна ижроси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 7-моддасининг бешинчи хатбошисига кўра бюджет маблағлари олувчининг товар етказиб берувчи (иш бажарувчи, хизмат кўрсатувчи) билан тузилган шартномаси, шунингдек буюртмачининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан капитал қурилиш учун тузилган шартномаси рўйхатдан ўтказилиши шарт.
«Сувоқова» ишлаб чиқариш давлат корхонаси хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, 5-сон болалар поликлиникасидан 4 468 295,44 сўм ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво талаблари қисман қаноатлантирилган.
«Давлат бюджетининг ғазна ижроси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (бундан буён матнда «Қонун» деб юритилади)нинг 6-моддасига кўра давлат бюджетининг ғазна ижроси қонун ҳужжатларида белгилаб қўйиладиган махсус ваколатли молия органи ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманлар, шаҳарлардаги ҳудудий бўлинмалари (бундан буён матнда «Ғазначилик» деб юритилади) томонидан амалга оширилади. Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ маблағларни суднинг қарорига биноан ўтказиш, дотациялар ва ссудаларни ўтказиш ягона ғазна ҳисобварағидан ёки Ғазначиликнинг бошқа банк ҳисобварақларидан Давлат бюджетида маблағлар назарда тутилган юридик ва жисмоний шахсларнинг банк ҳисобварақларига Ғазначилик томонидан ўтказилади.
Қонун 7-моддасининг бешинчи қисмига кўра бюджет маблағлари олувчининг товар етказиб берувчи (иш бажарувчи, хизмат кўрсатувчи) билан тузилган шартномасини, шунингдек буюртмачининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан капитал қурилиш учун тузилган шартномасини мажбурий рўйхатдан ўтказиш Ғазначиликнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Аммо, биринчи инстанция суди томонидан мазкур Қонун талабларидан келиб чиқиб, шартноманинг Ғазначиликдан рўйхатдан ўтган ёки ўтмаганлигига аниқлик киритиш чоралари кўрилмаган. Ишга Ғазначиликни низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилиш масаласи ҳал этилмасдан даъвони қисман қаноатлантириш ҳақида барвақт хулосага келинган.
Шу боис, кассация инстанцияси суди ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборган.
8. Юридик шахс унга бошқа юридик шахсни қўшиб олиш шаклида қайта ташкил этилганида, бу юридик шахсга қўшиб олинган юридик шахснинг ҳуқуқ ва бурчлари топшириш ҳужжатига мувофиқ ўтади.
«Тошкент сув таъминоти» шўъба корхонаси (Таъминотчи) ва «Тошқишлоқмаш» ОАЖ (Абонент) ўртасида шартнома тузилган ва ўнга кўра Таъминотчи Абонентга маиший хўжалик ва технологик ишлаб чиқариш эхтиёжи учун ичимлик сувини етказиб бериш ҳамда оқова сувларни қабул қилиб олиш, Абонент эса истеъмол қилинган ичимлик суви ва оқова сувлар учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олган.
Ушбу шартномага асосан Таъминотчи томонидан ичимлик суви етказиб берилган ҳамда оқова сувлар қабул қилиб олинган. Бироқ, Абонент томонидан мажбуриятлар тегишли равишда бажарилмаганлиги сабабли 6 449 770 сўм қарз вужудга келган. Шу боис Таъминотчи хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, абонент ҳисобидан 6 449 770 сўм асосий қарз ҳамда 3 224 885 сўм пеня ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ажрими билан ХПК 88-моддасининг 4-бандига асосан иш юритиш тугатилган.
Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.
Биринчи инстанцияси судининг ажримида Тошкент шаҳар Хамза тумани ҳокимияти ҳузуридаги тадбиркорлар субъектларни рўйхатдан ўтказиш Инспекциясининг маълумотига кўра «Тошқишлоқмаш» ОАЖ тугатилганлиги ва бу ҳақда ёзув юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритилганлиги, ХПК 86-моддасининг 4-бандида ишда иштирок этувчи шахс бўлмиш ташкилот тугатилган бўлса, хўжалик суди иш юритишни тугатиши белгиланганлиги асос қилиб кўрсатилган.
Суд иш юритишнинг тугатилишида моддий ва процессуал хуқуқ нормаларини қўллашда хатоликка йўл қўйган.
Тошкент шаҳар Хамза тумани ҳокимияти ҳузуридаги тадбиркорлар субъектларини рўйхатдан ўтказиш Инспекциясининг маълумотидан кўринишича «Тошқишлоқмаш» ОАЖ Мирзо-Улуғбек туманидаги «Технолог» ОАЖга қўшиб юборилганлиги муносабати билан Хамза тумани корхона ва ташкилотлар давлат реестридан чиқарилиб, тегишли ёзув киритилган ва «Тошқишлоқмаш» ОАЖ рўйхатдан ўтказилишига асос бўлган бирламчи ҳужжатлар тўпламининг асл нусхаси Мирзо Улуғбек тумани ҳокимияти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш Инспекциясига тақдим этилган.
ФК 49-моддасининг биринчи қисмига кўра, юридик шахсни қайта ташкил этиш (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш) унинг муассислари (иштирокчилари) ёки таъсис ҳужжатларида шунга вакил қилинган юридик шахс органи қарорига мувофиқ амалга оширилиши мумкин.
Ушбу модданинг олтинчи қисмига биноан юридик шахс унга бошқа юридик шахсни қўшиб олиш шаклида қайта ташкил этилганида қўшиб олинган юридик шахснинг фаолияти тўхтатилгани ҳақидаги ёзув юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритилган пайтдан бошлаб юридик шахс қайта ташкил этилган ҳисобланади.
ФК 50-моддасининг иккинчи қисмига асосан юридик шахс бошқа юридик шахсга қўшилганида, бу юридик шахсга қўшилган юридик шахснинг ҳуқуқ ва бурчлари топшириш ҳужжатига мувофиқ ўтади.
ХПК 39-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ тарафлардан бири низоли ёки хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан аниқланган ҳуқуқий муносабатдан чиқиб кетган тақдирда (қайта ташкил этилиш, талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш, қарзнинг бошқа шахсга ўтказилиши, фуқаронинг ўлими ва бошқа ҳолларда) суд бу тарафни унинг ҳуқуқий вориси билан алмаштириб, бу ҳақда ўз ажрими, ҳал қилув қарори ёки қарорида кўрсатади. Ҳуқуқий ворислик процесснинг ҳар қандай босқичида амалга оширилиши мумкин.
Шу боис, мазкур ҳолатда суд «Тошқишлоқмаш» ОАЖни унинг ҳуқуқий вориси «Технолог» ОАЖ билан алмаштириб, низони мазмунан кўриб чиқиши лозим эди.
9. Истеъмолчидаги асосий газни ҳисобга олиш приборлари носоз бўлгандагина етказиб берилган газ миқдори пломбаланмаган ускуналарнинг лойиҳадаги қуввати ва газ сарфини ҳисобга олиш приборлари носоз бўлган вақтда энг юқори газ сарфи қувватида корхона ишлаган соатлар бўйича аниқланади.
«Ўзтрансгаз» АКнинг «Тошкентшаҳаргаз» филиали (Таъминотчи) ва «Абдураҳим Хожиакбар» хусусий корхонаси (Истеъмолчи) ўртасида табиий газ етказиб бериш ва қабул қилиш тўғрисида шартнома тузилган ва унга кўра Таъминотчи тармоқлар орқали табиий газ етказиб бериш, Истеъмолчи эса табиий газ ҳажмини қабул қилиб олиш ва белгиланган нархлар бўйича ҳақ тўлаш мажбуриятини олган.
Ушбу шартномага асосан Таъминотчи томонидан Истеъмолчига узлуксиз табиий газ узатиб турилган, Истеъмолчи томонидан ўз навбатида тўлов ўз вақтида амалга ошириб келинган.
2010 йил 11 февралда Истеъмолчида мавжуд бўлган «АГАТ-25» русумли газ ҳисоблагич бузилиб қолганлиги сабабли, у газтаъминот вакили юборилишини сўраб ариза билан Таъминотчига мурожаат қилган. Ушбу хатга асосан тумангаз устаси томонидан газ ҳисоблагич уни қайта кўрикдан ўтказиш ва созлаш учун ечилган ва бу ҳақда тегишли ҳужжатлар тузилган. Лекин, Истеъмолчи томонидан газ ҳисоблагичини таъмирлаш, қиёслашдан ўтказиш бўйича зарур бўлган ҳужжат, яъни сертификат «Электр газ ҳисоблагич» МЧЖдан олинмаган ва тумангазга тақдим қилинмаган.
Тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 2.13-бандида, агар Истеъмолчидаги газ ҳисоблагич мосламаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амал қилувчи газ ҳисоблаш қоидаларига мос келмаса, газни ҳисобга олиш приборлари носоз бўлганда ва улар газ етказиб берувчида мавжуд бўлмаганда газ таъминоти корхонаси томонидан етказиб берилган газ миқдори тамғаланмаган ускуналарнинг лойиҳадаги қуввати ва газ сарфини ҳисобга олиш приборлари носоз бўлган вақтда истеъмолчи томонидан фойдаланилган табиий газ учун ҳисоб-китоб таъминотчи томонидан тамғаланмаган барча газ истеъмол қилувчи қурилмаларининг энг юқори газ сарфи қувватида кунига 24 соат иш тартибида ҳисобланиши белгиланган. Шу боис, Таъминотчи томонидан 2010 йил 11 февралдан 2011 йил 1 мартгача бўлган даврда истеъмол қилинган газ ҳажми қайта ҳисоб-китоб қилиниб, Истеъмолчига 20 356 194 сўм тўлаши лозимлиги ҳақида талабнома юборилган.
Бироқ Истеъмолчи томонидан талабнома оқибатсиз қолдирилган ва шу боис Таъминотчи хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Истеъмолчидан 20 356 194 сўм ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво талабларини қаноатлантириш рад қилинган.
Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.
Иш ҳужжатларига кўра, 2010 йил 11 февраль куни тумангаз ходими томонидан техник тафтиш ўтказилган. Кўрик вақтида мавжуд бўлган «АГАТ-25» русумли газ ҳисоблагичнинг электрон таблосидаги кўрсатгичи 00000-рақамини кўрсатганлиги сабабли, тумангаз ходими газ ҳисоблагични носоз деган хулосага келган. Шундан сўнг Истеъмолчининг аризасига асосан газ ҳисоблагичи ечилиб, таъмирлаш учун «Узстандарт» агентлигига қарашли устахонасида текширилганда, газ ҳисоблагич ишлаётганлиги ва соз бўлганлиги аниқланган. 2010 йил 12 февраль куни газ ҳисоблагич жойига қайта ўрнатилиб, назорат тамға қўйилган ва бу ҳақда далолатнома тузилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 10 январдаги 8-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси истеъмолчиларига газ етказиб бериш қоидалари»нинг 5.3-бандига кўра истеъмолчидаги асосий газни ҳисобга олиш приборлари носоз бўлганда ва улар газ етказиб берувчида мавжуд бўлмаганда ҳудудий газ таъминоти корхонаси томонидан етказиб берилган газ миқдори пломбаланмаган ускуналарнинг лойиҳадаги қуввати ва газ сарфини ҳисобга олиш приборлари носоз бўлган вақтда корхона ишлаган соатлар бўйича ёки шартномада назарда тутилган бошқа усул билан аниқланади.
Тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 2.13-бандида, агар истеъмолчидаги газ ҳисоблагич мосламаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амал қилувчи газ ҳисоблаш қоидаларига мос келмаса, газни ҳисобга олиш приборлари носоз бўлганда ва улар газ етказиб берувчида мавжуд бўлмаганда газ таъминоти корхонаси томонидан етказиб берилган газ миқдори тамғаланмаган ускуналарнинг лойиҳадаги қуввати ва газ сарфини ҳисобга олиш приборлари носоз бўлган вақтда истеъмолчи томонидан фойдаланилган табиий газ учун ҳисоб-китоб таъминотчи томонидан тамғаланмаган барча газ истеъмол қилувчи қурилмаларининг энг юқори газ сарфи қувватида кунига 24 соат иш тартибида ҳисобланиши белгиланган.
Мазкур ҳолатда истеъмолчида ўрнатилган газ ҳисоблагичи 2009 йилнинг август ойида ўрнатилган ва унинг 2 йиллик мувофиқлик сертификати бўлган, уни ечиш ва жойига ўрнатиш вақтида завод ва тумангаз тамғалари бузилмаган бўлган. Газ ҳисоблагич жойига ўрнатилгандан сўнг таъминотчининг вакиллари томонидан 2010 йилнинг 16 март ва 28 ноябрдаги, 2011 йилнинг 28 январидаги далолатномаларида газ ҳисоблагич соз ҳолда бўлганлиги ва тамғалар бузилмаганлиги қайд этилган. 2010 йил 11 февралдан 2011 йил 1 мартгача бўлган даврда истеъмол қилинган газ учун истеъмолчи газ ҳисоблагич бўйича тўловларни амалга ошириб келган. 2011 йил 2 мартдаги «Узстандарт» агентлигининг сертификатига кўра газ ҳисоблагич соз ҳолда эканлиги қайд этилганлиги ва у яна 2 йилга, яъни 2013 йилгача узайтирилиб берилганлигини инобатга олиб суднинг ҳал қилув қарори билан даъвонинг қаноатлантирилиши асосли равишда рад этилган.
10. ФКнинг 468-моддасига кўра, абонент (истеъмолчи) ўзи фойдаланадиган энергия истеъмол қилувчи асбоб ва ускуналарининг созлигини таъминлашга мажбур.
«Андижон Эски шаҳар электр тармоқлари» корхонаси (Таъминотчи) ва «Андижон шаҳар Нур» бўлими (Истеъмолчи) ўртасида тузилган «Электр энергия таъминоти» тўғрисидаги шартнома ҳамда қўшимча келишувга асосан Таъминотчи электр энергияси етказиб бериш, Истеъмолчи эса истеъмол қилинган энергия ҳақини тўлаб бериш мажбуриятини олган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 22 августдаги 245-сонли қарори билан тасдиқланган «Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари» талабларини бажарилишини назорат қилиш мақсадида даъвогар томонидан 2011 йилнинг 23 ва 25 апрель кунлари жавобгар томонидан электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига риоя қилиниши юзасидан текшириш ўтказилган.
Текширишда Истеъмолчи томонидан «Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари»нинг 63-банди бузилган ҳолда носоз бўлган 21 та электр ҳисоблагичлардан фойдаланиб келаётганлиги аниқланган ва текшириш юзасидан тегишли далолатнома тузилиб, унда ноқонуний фойдаланилаётган электр энергияси миқдори қайта ҳисоб-китоб қилиш йўли билан аниқланиши, истеъмолчи 3 кун муддат ичида биргаликда ҳисоб-китобни амалга ошириш учун электр таъминоти корхонасига келиши шартлиги, акс ҳолда ноқонуний фойдаланилган электр энергияси хажмини ҳисоблаш бир томонлама амалга оширилиб, тўлов учун тақдим қилиниши белгиланган.
Ўтказилган текширишда аниқланган камчиликлар белгиланган муддатда жавобгар томонидан бартараф этилмаган.
Шу боис, вилоят прокуратураси «Андижон Эски шаҳар электр тармоқлари» корхонаси манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар «Андижон шаҳар Нур» бўлимидан 130 020 116 сўм ундиришни сўраган.
Суднинг ажрими билан «Андижон ҳудудий электр тармоқлари» ОАЖ ишга дахлдор даъвогар сифатида алмаштирилган ҳамда Андижон вилоят Ғазначилик бошқармаси низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида ишга жалб этилган.
Биринчи инстанция судининг ажрими билан текшириш натижаси юзасидан далолатномалардаги «Андижон шаҳар Нур» бўлими ходими З. Нурматов номидан қўйилган имзо юзасидан эътироз билдирилганлиги сабабли, ушбу имзо кимга тегишли эканлигини аниқлаш учун хатшунослик экспертизаси тайинланган.
Андижон вилояти ИИБ эксперт-криминалистика бўлимининг хулосасида, далолатномадаги имзо З. Нурматов томонидан имзоланганлиги эҳтимоли борлиги қайд этилган.
ФКнинг 468-моддасида энергия таъминоти шартномасига мувофиқ энергия билан таъминловчи ташкилот туташтирилган тармоқ орқали абонентга (истеъмолчига) энергия бериб туриш мажбуриятини олиши, абонент эса қабул қилинган энергия хақини тўлаш, шунингдек шартномада назарда тутилган энергия истеъмол қилиш тартибига риоя этиш, тасарруфидаги энергетика шаҳобчаларидан фойдаланиш хавфсизлигини ҳамда ўзи фойдаланадиган энергия истеъмол қилувчи асбоб ва ускуналарининг созлигини таъминлаш мажбуриятини олиши белгиланган.
Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2009 йил 22 августдаги 245-сонли Қарори билан тасдиқланган «Электр энергиясидан фойдаланиш Қоидалари»нинг 63-бандида ҳисобга олиш прибори истеъмолчининг айби билан бузилган (пломбаси бузилган, ойнаси синган ва шу кабилар), ҳисобга олиш приборини ишга тушириш схемаси ўзгарган, ҳисобга олиш приборидан ташқари электр қабул қилгичлар уланган ёки электр энергияси бошқача усулда ўғирланган ҳолларда, ҳудудий электр тармоқлари корхонаси истеъмолчини электр тармоғидан узиб қўйишга ҳақлилиги ва ҳисобга олиш приборлари охирги марта ўзгартирилган ёки уларни улаш схемаси текширилган кундан бошлаб бутун ўтган, аммо даъво муддатидан кўп бўлмаган давр учун электр қабул қилгичларнинг уланган қуввати ва истеъмолчининг электр таъминоти шартномасида кўрсатилган ишлаш соатлари бўйича энергия сарфини қайта ҳисоблаб чиқилиши шартлиги, бунда ҳисобга олиш прибори кўрсаткичини ёзиб олиш улаш схемасини текшириш деб ҳисобланмаслиги қайд этилган.
Аниқланган қоидабузарлик юзасидан электр энергия сарфи қайта ҳисоб-китоб қилинганда, унинг қиймати 125 435 028 сўмни (1500419 квт. соат х 83 сўм 60 тийин) ташкил этган. Бундан ташқари, жавобгарнинг 2011 йил 1 июнь ҳолатига истеъмол қилган электр энергиясидан 4 585 088 сўм қарздорлиги мавжуд бўлган.
Шу сабабли биринчи инстанция суди жавобгардан даъвогар фойдасига 130 020 116 сўм ундириш ҳақида асосли хулосага келган.
Яна бир мисол.
«Самарқанд электр тармоқлари» ОАЖ билан «Челак пахта тозалаш заводи» ОАЖ ўртасида тузилган шартномага асосан даъвогар электр энергияси етказиб бериш, жавобгар эса истеъмол қилинган электр энергия ҳақини тўлаб бериш мажбуриятини олган.
Даъвогар ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 22 августдаги 245-сонли қарори билан тасдиқланган «Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари» (бундан буён матнда «Қоидалар» деб юритилади) талабларини бажарилишини назорат қилиш мақсадида жавобгар томонидан электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига риоя қилиниши юзасидан текшириш ўтказилган.
Текширишда жавобгарга қарашли электр ҳисоблагичнинг вектор диаграммаси кўрсаткичлари схемаси нотўғри уланганлиги, ҳисоб бўйича 16 секундда 10 импульс берилиши керак бўлган ҳолда ҳақиқатда 26 секундда 10 импульс берилганлиги аниқланиб, схемалар тўғриланган, яъни А – С; В – А; С – В тартибда жойлари алмаштирилганда вектор диаграммаси ҳисоб бўйича 17 секундда импульс берилганлиги тўғрисида далолатнома тузилган.
Даъвогар текширишда аниқланган қоидабузилиш ҳолатлари юзасидан тузилган далолатномага асосан жавобгар томонидан 3 йил муддатда сарф қилинган электр энергия миқдорини қайта ҳисоб-китоб қилиб, Қоидаларнинг 63 ва 76-бандларига асосан 342 866 034 сўм зарарни ихтиёрий равишда тўлаб беришни сўраб, унга талабнома юборган.
Жавобгар томонидан ушбу зарар суммаси ихтиёрий равишда тўлаб берилмаганлиги боис, даъвогар хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 342 866 034 сўм зарарни ундиришни сўраган.
ФКнинг 468-моддасида энергия таъминоти шартномасига мувофиқ энергия билан таъминловчи ташкилот туташтирилган тармоқ орқали абонентга (истеъмолчига) энергия бериб туриш мажбуриятини олиши, абонент эса қабул қилинган энергия ҳақини тўлаш, шунингдек шартномада назарда тутилган энергия истеъмол қилиш тартибига риоя этиш, тасарруфидаги энергетика шоҳобчаларидан фойдаланиш хавфсизлигини ҳамда ўзи фойдаланадиган энергия истеъмол қилувчи асбоб ва ускуналарининг созлигини таъминлаш мажбуриятини олиши белгиланган.
Тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 3.5-бандига кўра, корхона ҳар ойнинг 25 санасигача истеъмолчи билан биргаликда ҳисобга олиш приборлари кўрсаткичларини ёзиб олиш билан бир вақтда, ҳисоблагичларнинг тартиб рақамларини ҳамда амалда истеъмол қилинган электр энергияси тўғрисидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда ҳисоботни расмийлаштириши, ҳисобот асосида корхонага тегишли ҳисоб-китобни амалга ошириши ва истеъмолчи ҳисоб-фактурани олиши белгиланган.
Қоидаларнинг 63-бандига кўра ҳисобга олиш прибори истеъмолчининг айби билан бузилган (пломбаси бузилган, ойнаси синган ва шу кабилар), ҳисобга олиш приборини ишга тушириш схемаси ўзгарган, ҳисобга олиш приборидан ташқари электр қабул қилгичлар уланган ёки электр энергияси бошқача усулда ўғирланган ҳолларда, ҳудудий электр тармоқлари корхонаси истеъмолчини электр тармоғидан узиб қўйишга ҳақлилиги ва ҳисобга олиш приборлари охирги марта ўзгартирилган ёки уларни улаш схемаси текширилган кундан бошлаб бутун ўтган аммо даъво муддатидан кўп бўлмаган давр учун электр қабул қилгичларнинг уланган қуввати ва истеъмолчининг электр таъминоти шартномасида кўрсатилган ишлаш соатлари бўйича энергия сарфини қайта ҳисоблаб чиқиши шартлиги, бунда ҳисобга олиш прибори кўрсаткичини ёзиб олиш улаш схемасини текшириш деб ҳисобланмаслиги қайд этилган.
Даъвогар томонидан аниқланган қоидабузарлик юзасидан электр энергия сарфи Қоидаларнинг 63-бандига асосан нотўғри ҳисоб-китоб қилинган.
Чунки, биринчи инстанция суди томонидан сайёр суд мажлисида жойига чиқиб кўрилганида, жавобгарга тегишли бўлган 2 дона завод рақами 044558791 бўлган «Меркурий-230» ва завод рақами 0056540 бўлган «Меркурий-230» русумли электр ҳисоблагич приборлари «Челак» нимстанциясида ўрнатилганлиги, ушбу нимстанция «Самарқанд электр тармоқлари» ОАЖ балансида эканлиги, нимстанция сим тўсиқ билан ўраб қўйилганлиги, унинг ҳудудига фақат жамият ходимлари билан биргаликда кириш мумкинлиги аниқланган.
Бундан ташқари, «Ўздавэнергоназорат» Самарқанд ҳудудий бўлимининг маълумотида, «Челак» нимстанцияси «Самарқанд электр тармоқлари» ОАЖ балансида эканлиги, унинг ҳудудига бегона шахслар кириши таъқиқланиши, жавобгарнинг ходимлари даъвогар ходимлари билан биргаликда кириши мумкинлиги, электр тармоқлари ходимлари томонидан Қоидаларнинг 63 ва 76-бандларига асосан қайта ҳисоб-китоб нотўғри қилинганлиги, ҳисоб-китоб Қоидаларнинг 65-бандига асосан қилиниши лозимлиги билдирилган.
Қоидаларнинг 65-бандида электр энергиясини ҳисобга олиш истеъмолчининг айбисиз вақтинчалик бузилганда етказиб берилган электр энергияси учун ҳисоб-китоб ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг қарори бўйича, ҳисобга олиш бузилишига қадар бўлган олдинги ҳисоб-китоб давридаги ёки ҳисобга олиш тиклангандан кейинги даврдаги ўртача суткалик сарф бўйича амалга оширилиши, электр энергиянинг ўртача суткалик сарфи бўйича ҳисоб-китоб қилиш даври бир ойдан ошмаслиги кераклиги, шу вақт ичида ҳисобга олиш тикланиши зарурлиги белгиланган.
Даъвогарнинг 342 866 034 сўм зарар ундириш талаби асослантирилмаганлиги сабабли, биринчи инстанция суди даъво талабини рад этган. Апелляция инстанцияси суди эса ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида тўғри хулосага келган.
Шу сабабли кассация инстанцияси суди суд қарорларини ўзгаришсиз қолдирган.
11. ФК 477-моддасига кўра энергия таъминоти шартномаси бўйича мажбуриятлар бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган ҳолларда, энергия билан таъминловчи ташкилот шу туфайли етказилган зарарнинг, абонент эса етказилган ҳақиқий зарарнинг ўрнини қоплаши шарт.
«Ғарбгазтаъминот» унитар корхонаси (Таъминотчи) хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Қоровулбозор туманидаги 10-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактабидан (Истеъмолчи) 6 554 183 сўм зарар ундиришни сўраган.
Тарафлар ўртасида шартнома тузилган. Шартноманинг 1.1-бандига мувофиқ даъвогар жавобгарнинг буюртмасига асосан туташтирилган тармоқ орқали табиий газ етказиб бериш, жавобгар эса мазкур шартноманинг 1.3-бандида белгиланган табиий газ ҳажмини қабул қилиб олиш ва белгиланган нархлар бўйича ҳақ тўлаш мажбуриятини олган.
Шартноманинг 2.4-бандига мувофиқ жавобгарга берилган газ ҳажми Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амал қилувчи газ ҳисоблаш қоидаларига мувофиқ равишда ўрнатилган назорат-ўлчов асбоблари, соз ҳолатдаги ҳисоблагичлар ва газ сарфини ўлчовчи мосламалар кўрсаткичлари бўйича ҳисобланиши, шунингдек, жавобгар газ ҳисоблагичларнинг соз ҳолатда бўлиши ҳамда уларни ўз вақтида таъмирланиши ва даврий текширувдан ўтказилиши учун жавоб бериши белгиланган.
Таъминотчи томонидан Истеъмолчининг фаолиятида газдан фойдаланиш ҳолати ўрганилганда, «РГ40 0651» русумли газ ҳисоблагич асбоби ишламай турганлиги аниқланган ва фойдаланилган табиий газ сарфи лойиҳа қуввати асосида ҳисобланиши уқтирилган. Бу ҳақда жавобгар иштирокида далолатнома тузилган.
2012 йил 1 март ҳолатига жавобгарнинг фойдаланилган табиий газдан қарзи 7 084 344 сўмни ташкил этганлиги сабабли, табиий газ тармоғидан узилиб, бу ҳақда жавобгар иштирокида далолатнома расмийлаштирилган.
Шартноманинг 2.11-бандида газ истеъмол қилувчи жиҳозлар ГТП ва газ ҳисоблагичларнинг созлиги ва талаб даражасида сақланиши ҳамда уларни ўз вақтида текширувдан ўтказилиши учун «Истеъмолчи»нинг жавобгарлиги белгиланган.
Шартноманинг 2.23-бандида ушбу банднинг а) кичик бандига мувофиқ, газ ҳисоблаш асбоблари носоз бўлса, ж) кичик бандида даъвогар вакили охирги келган пайтдан бошлаб даъвогар томонидан газ истеъмол қилувчи агрегатларга, газ ҳисоблагич приборларга ўрнатилган тамғалар узилганда, жавобгар томонидан фойдаланилган табиий газ учун ҳисоб-китоб даъвогар вакилининг охирги келган пайтидан бошлаб, тамғаланмаган барча газ истеъмол қилувчи газ ускуналарининг лойиҳавий юқори қувватидан келиб чиқиб, шартноманинг 2.11 бандига асосан амалга оширилиши белгиланган. Шартноманинг 2.11-бандига мувофиқ, даъвогар томонидан тамғаланмаган барча газ истеъмол қилувчи қурилмаларнинг энг юқори сарфи қувватида, кунига 24 соат иш тартибида ҳисобланади.
Шартноманинг қайд этилган бандларига мувофиқ, жавобгарнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари натижасида сарф этилган газ ҳажмининг қиймати 6 554 183 сўмни ташкил этган.
Ушбу сарф этилган 6 554 183 сўм зарарни тўлаш юзасидан юборилган даъвогарнинг талабномалари жавобгар томонидан оқибатсиз қолдирилган.
ФК 477-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, энергия таъминоти шартномаси бўйича мажбуриятлар бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган ҳолларда, энергия билан таъминловчи ташкилот шу туфайли етказилган зарарнинг, абонент эса етказилган ҳақиқий зарарнинг ўрнини қоплаши шарт.
ФК 478-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, агар қонун ҳужжатларида, шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ёки у мажбурият моҳиятидан келиб чиқмаса, туташтирилган тармоқ орқали газ, нефть ва нефть маҳсулотлари, сув ва бошқа товарлар билан таъминлаш муносабатларига нисбатан ушбу параграф қоидалари қўлланади.
Шу сабабли, апелляция инстанцияси суди моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаган ҳолда биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида асосли хулосага келган.
12. Ноқонуний равишда газ тармоғига уланиб ундан фойдаланиб келинганда истеъмолчига нисбатан шартномада белгиланган шартлар асосида фойдаланилган газ учун ҳақ ундирилади.
«SHIMOLGAZTA`MINOT» унитар корхонаси ва «Саодат офис» кўп тармоқли хусусий фирмаси ўртасида табиий газ етказиб бериш ва қабул қилиш тўғрисидаги шартнома тузилган ва ўнга кўра даъвогар тармоқлар орқали табиий газ етказиб бериш, жавобгар эса табиий газ ҳажмини қабул қилиб олиш ва белгиланган нархлар бўйича ҳақ тўлаш мажбуриятини олган.
Даъвогар томонидан жавобгарнинг табиий газдан фойдаланиш аҳволи текширилганда, жавобгар томонидан «Габой Ж-25» русумли электрон газ ҳисоблаш ускунасининг олдидан газ тармоғига ноқонуний равишда алоҳида диаметри 25 мм бўлган қувур уланиб, ундан фойдаланиб келинганлиги аниқланган ва бу тўғрисида жавобгар вакили иштирокида далолатнома тузилган.
Даъвогар ва жавобгар ўртасида тузилган шартноманинг 6.4-бандига кўра жавобгар қурилмаларни даъвогар билан келишмаган ҳолда газ тармоғига улаб олган бўлса, унга нисбатан газ асбобларининг 24 соатлик иш тартибида ишлайдиган тўлиқ қувватининг икки баравар ҳисобида фойдаланилган газ учун ҳақни даъвогарга тўлаши лозим.
Аниқланган ҳолат бўйича даъвогар хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар ҳисобидан газ асбобининг 24 соатлик иш тартибида ишлайдиган тўлиқ қувватининг икки баравар ҳисобида — 25 447 401 сўм ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция суди даъвони тўлиқ қаноатлантирган, апелляция ва кассация инстанцияси судларининг қарорлари билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
13. Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси заҳира манбаини автоматик улаш, автоматик қайта улаш ва автоматик давр тезликни ўчиришларнинг ишлаш вақтида электр энергиясини етказиб беришдаги танаффуслар учун истеъмолчи олдида моддий жавобгар бўлмайди.
«Кургантекс» МЧЖ (Абонент) хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Андижон ҳудудий электр тармоқлари» ОАЖ дан (Таъминотчи) 1 028 832 857 сўм зарар ва етказиб берилмаган электр энергияси учун 16 353 231 сўм пеня ундиришни сўраган.
МЧЖ ва ОАЖ ўртасида электр энергияси таъминоти бўйича шартнома тузилган. Мазкур шартномага асосан ОАЖ МЧЖга туташтирилган тармоқ орқали электр энергияси етказиб бериш, МЧЖ эса қабул қилинган электр энергияси учун тўловларни амалга ошириш мажбуриятини олган.
ОАЖ томонидан шартнома шартлари бажарилмаганлиги, 2011 йилнинг октябрь ойидан 2012 йилнинг апрель ойига қадар МЧЖни огоҳлантирмаган ҳолда электр энергияси 135 соат давомида етказиб берилмаганлиги, натижада МЧЖ ишлаб чиқаришда 1885 иш соатини йўқотиб, ишлаб чиқариш миқдори кескин камайиб кетганлиги, электр энергиясини етказиб бериш дастгоҳлар ишдан чиққанлиги натижасида узилганлиги, ишчилар бекор туриб қолган вақтга ишчиларга жами 256 641 733,14 сўм иш ҳақи тўланганлиги, «Узпроммашимпекс» ДАК томонидан етказиб берилган пахта толасини ишлаб чиқариш муддатлари чўзилиб кетиши оқибатида пахта толаси ҳақи тўлови кечиктирилганлиги учун МЧЖга 49 120 351,40 сўм пеня қўлланилганлиги, асосий воситаларга ҳисобланган 709 191 672,90 сўм амортизация ажратмаси харажати ҳисобланганлиги, электр энергияси узилишлари натижасида яроқсиз ҳолга келган эҳтиёт қисмларни янгилаш учун 13 879 100 сўм харажат қилинганлиги важи билан МЧЖ хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, ОАЖдан жами 1 028 832 857 сўм зарар ва етказиб берилмаган электр энергияси учун 16 353 231 сўм пеня ундиришни сўраган.
ФКнинг 477-моддасида «Энергия таъминоти шартномаси бўйича мажбуриятлар бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган ҳолларда, энергия билан таъминловчи ташкилот ёки абонент шу туфайли етказилган ҳақиқий зарарни қоплаши шарт» лиги қайд этилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 22 августдаги 245-сонли қарори билан тасдиқланган «Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари»нинг 130-бандида ҳудудий электр тармоқлари корхонаси заҳира манбаини автоматик улаш, автоматик қайта улаш ва автоматик давр тезликни ўчиришларнинг ишлаш вақтида электр энергиясини етказиб беришдаги танаффуслар учун истеъмолчи олдида моддий жавобгар бўлмайди деб белгиланган.
Бироқ, биринчи инстанция суди томонидан электр энергиясининг ўчирилиш сабаблари, ОАЖнинг электр энергия билан таъминлашдаги узилишларда айби бор-йўқлигини ҳамда айнан техникалар электр энергияси узилиши натижасида ишчилар қанча соат бекор туриб қолганлиги ҳолати аниқланмаган.
Бундан ташқари, ОАЖ томонидан етказиб берилмаган электр энергияси учун 16 353 231,60 сўм пеня ундириш талаби 2 358 267 сўмга қаноатлантирилган бўлсада, ОАЖ томонидан қанча миқдорда электр энергияси етказиб берилмаганлиги ҳолати аниқланмаган. Шунингдек, «Уздавэнергоназорат» инспекцияси Андижон вилоят ҳудудий бўлими мутахассисининг хулосаси иш учун қандай аҳамиятга эга эканлиги ҳолати муҳокама қилинмаган.
Ваҳоланки, ХПКнинг 11-моддасига кўра хўжалик суди ишни кўришда иш бўйича барча далилларни бевосита текшириши шартлиги, 54-моддасига асосан хўжалик суди далиллар асосида ишда иштирок этувчи шахсларнинг талаблари ва эътирозларини асословчи ҳолатлар, шунингдек низони тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатлар бор ёки йўқлигини аниқлаши керак.
Шу боис, кассация инстанцияси суди ҳал қилув қарорини бекор қилишни, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топган.
14. Давлат божини тўлашдан озод қилинган даъвогар ўз талабларини даъво берилганидан кейин қарздорлик жавобгар томонидан ихтиёрий равишда тўлиқ тўланганлиги сабабли қўллаб-қувватламаган ҳолларда давлат божи жавобгардан ундирилади.
«Сувсоз» ДУК (Таъминотчи) ва «Фуқароларга хизмат кўрсатиш бошқармаси» давлат корхонаси (Абонент) ўртасида шартнома тузилган ва ўнга кўра Таъминотчи абонентга маиший хўжалик ва технологик ишлаб чиқариш эхтиёжи учун ичимлик сувини етказиб бериш ҳамда оқова сувларни қабул қилиб олиш, абонент эса истеъмол қилинган ичимлик суви ва оқова сувлар учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олган.
Ушбу шартномага асосан Таъминотчи томонидан ичимлик суви етказиб берилган ҳамда оқова сувлар қабул қилиб олинган. Бироқ, Абонент томонидан ўз мажбурияти тегишли равишда бажарилмаганлиги сабабли 4 775 458 сўм қарз вужудга келган. Шу сабабли Таъминотчи хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Абонентдан 4 775 458 сўм қарзни ундиришни сўраган.
Иш кўриш жараёнида даъвогар судга ариза билан мурожаат қилиб, унда жавобгар томонидан қарз суммаси тўлиқ тўланганлиги сабабли даъво талабларидан воз кечганлигини билдирган.
Биринчи инстанцияси судининг ажрими билан даъвогарнинг даъводан воз кечиши қабул қилинган ва ХПК 86-моддасининг 3-бандига асосан иш юритиш тугатилган. Даъвогар Солиқ кодекси 330-моддасининг 8-бандига асосан давлат божи тўлашдан озод қилинганлиги сабабли, суд ишни кўриш натижаси бўйича давлат божини ундирмаган.
Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.
Солиқ кодекси 337-моддасининг ўн бешинчи қисмига кўра, давлат божини тўлашдан озод қилинган даъвогар ўз талабларини даъво берилганидан кейин улар жавобгар томонидан ихтиёрий равишда тўлиқ ёки қисман қаноатлантирилганлиги туфайли қўллаб-қувватламаган ҳолларда давлат божининг суммаси жавобгардан суд ажрими бўйича бюджетга ундирилиши лозим. Шу боис, биринчи инстанция суди жавобгардан давлат божини ундириши лозим эди.
2013 йил 31 декабрь.