Хўжалик судлари томонидан 2013-2014 йиллар давомида қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш, ҳал қилув қарорини тушунтириш, ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатолар ва ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатиш бўйича суд амалиётини умумлаштириш натижалари ҳақида
МАЪЛУМОТ
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг 2015 йил иш режасига асосан хўжалик судлари томонидан 2013-2014 йиллар давомида қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш, ҳал қилув қарорини тушунтириш, ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатолар ва ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатиш бўйича суд амалиётини умумлаштириш учун хўжалик ишлари ва ушбу масала бўйича хўжалик судларида ўтказилган умумлаштиришлар ўрганиб чиқилди.
1. Қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш масаласи суд мажлисида ҳал қилинади. Ишда иштирок этувчи шахслар мажлис вақти ва жойи тўғрисида ХПКнинг 124-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилинади.
Даъвогар «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонаси хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгарлар «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси ва «Навоий» халқаро аэропортидан 221 526 240 сўм асосий қарз ва11 076 312 сўм пеня, жами 232 602 552 сўм ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция суди даъво аризасини иш юритишга қабул қилиб, ишни 2014 йил 12 декабрда видеоконференцалоқа режимида мазмунан кўриб чиққан.
Суднинг ҳал қилув қарори билан даъвони қаноатлантириш рад этилган ва даъвогар томонидан давлат божи олдиндан тўланганлиги инобатга олинган. Бироқ суд муҳокамаси видеоконференцалоқа режимида ўтказилганлиги учун харажатлар ундирилмаган.
Суд ундирилмаган ушбу харажатларини ундириш учун қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилиш масаласини ҳал қилиш мақсадида 2014 йил 17 декабрда ажрим чиқариб, ишни кўришни 2014 йил 22 декабрга тайинлаган.
ХПК 149-моддасининг учинчи қисмига асосан қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш масаласи суд мажлисида ҳал қилинади. Ишда иштирок этувчи шахслар мажлис вақти ва жойи тўғрисида ушбу Кодекснинг 124-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилинади. Тегишли равишда хабардор қилинган ишда иштирок этувчи шахсларнинг келмаганлиги масалани кўришга тўсқинлик қилмайди.
ХПК 124-моддасининг биринчи қисмига кўра, ишда иштирок этувчи шахслар суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида суд ажрими орқали хабардор қилинади, ажрим топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади ёки ушбу шахсларга тилхат олиб топширилади ёхуд хабардор қилинганлиги факти қайд этилишини таъминлайдиган алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда хабардор қилинади.
Бироқ, хўжалик ишида ажримни ишда иштирок этувчи шахсларга юборилганлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд эмас.
Суд 2014 йил 22 декабрдаги суд мажлисида даъвогар ва жавобгар вакиллари иштирокисиз суд харажатлари тўғрисидаги масалани кўриб чиқиб, қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилган.
2. Ҳал қилув қарорида давлат божини ундириш масаласи ҳал этилмаган бўлса, суд давлат божини ундириш бўйича ёзувдаги хатони тузатиш тўғрисида ажрим чиқармайди, балки қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилади.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси «Қишлоқ қурилиш инвест» ихтисослаштирилган шўъба компанияси Навоий вилоят филиали манфаатида хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгар «Навоий тож қурилиш сервис» хусусий корхонасидан 11 089 816 сўм зарар ва 12 795 954 сўм пеня ундиришни сўраган.
Суднинг ажрими билан «Қишлоқ қурилиш инвест» ихтисослаштирилган шўъба компанияси ишга жавобгар сифатида жалб қилинган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 11 089 816 сўм етказилган зарар ва тўланган 7 000 сўм почта харажати жами 11 096 763 сўм ундирилган. Даъвонинг пеня ундириш қисми бўйича иш юритиш тугатилган.
Бироқ, суд ўзининг ҳал қилув қарорида ишни кўриш натижалари бўйича давлат божи ундириш масаласини ҳал этмаган.
Шу сабабли, суд 2013 йил 25 июлда ёзувдаги хатони тузатиш тўғрисида ажрим чиқарган. Мазкур ажримда ҳал қилув қарорининг хулоса қисми «жавобгар ҳисобидан 238 756 сўм давлат божи Республика бюджетига ҳамда Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармасига ундирилсин деган жумла билан тўлдирилсин» деб кўрсатилган. Яъни, ушбу ажрим билан жавобгардан даъвогар фойдасига давлат божи ундирилган.
Ваҳоланки, ХПК 149-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига мувофиқ суд харажатлари тўғрисидаги масала ҳал қилинмаган бўлса, ҳал қилув қарорини қабул қилган хўжалик суди қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилади.
Шу боис, мазкур ҳолатда суд давлат божини ундириш масаласини ёзувдаги хатони тузатиш тўғрисида ажрим чиқариш йўли билан ҳал этмасдан, балки ХПКнинг 149-моддасида белгиланган талабларга риоя қилган ҳолда қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилиши лозим эди.
3. ХПК 149-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига кўра суд ишда иштирок этувчи шахслар далиллар тақдим этган бирон-бир талаб бўйича ҳал қилув қарори қабул қилмаган бўлса, қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилади.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Наманган вилоят ҳудудий бошқармаси ОАТБ «Қишлоқ қурилиш банк» Наманган минтақавий филиали манфаатида (бундан буён матнда банк деб юритилади) «Такси» МЧЖ (бундан буён матнда МЧЖ деб юритилади)га нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, МЧЖ ва банк ўртасида тузилган кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилишни ва 1 569 939 899,9 сўм кредит қарзини ундиришни ҳамда ундирувни гаров (ипотека) нарсасига қаратишни сўраган. Шунингдек, даъвони таъминлаш мақсадида гаровга қўйилган ва кредит ҳисобига сотиб олинган автомашиналарни жарима майдончасига тортиш ҳақида ажрим чиқаришни сўраган.
Суднинг ажрими билан ОАТБ «Қишлоқ қурилиш банк» даъвогар сифатида ишга жалб этилган. Шунингдек, суднинг ажрими билан даъвони таъминлаш тўғрисидаги ариза қаноатлантирилган.
Биринчи инстанция судининг 2014 йил 4 апрелдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, МЧЖ ҳисобидан банк фойдасига 1 472 960 947,26 сўм асосий қарз ва 5 000 сўм почта харажатлари ундирилган ҳамда ундирув гаров (ипотека) нарсасига қаратилган. Шунингдек, МЧЖ ҳисобидан республика бюджети ва Судлар ҳамда адлия органларини ривожлантириш жамғармасига 16 660 438 сўм давлат божи ундирилган.
Биринчи инстанция суди тарафлар вакиллари иштирокида 2014 йил 28 апрелда қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилган. Унга кўра даъво талабининг кредит шартномаси муддатидан олдин бекор қилиш қисми суд мажлисида муҳокама қилиниб, ҳал қилув қарорининг баён қисми ва асослантирувчи қисмида кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш ва шартнома бекор қилинганлиги сабабли давлат божи ундириш лозимлиги ҳамда ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ушбу даъво талаби бўйича 961 050 сўм давлат божи ундирилиши белгиланган бўлсада, бироқ мазкур талаб қаноатлантирилганлиги ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида кўрсатилмаган.
ХПК 149-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига кўра, ишда иштирок этувчи шахслар далиллар тақдим этган бирон-бир талаб бўйича ҳал қилув қарори қабул қилинмаган бўлса, қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилиши лозимлиги белгиланган.
Шу сабабли, суд қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилиб, даъво талабининг кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш ҳақида тўғри хулосага келган.
Яна бир мисол.
Даъвогар Ўзбекистон Республикаси ТИФ «Миллий банки» хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгарлар «МСХ Агроснаб» МЧЖ ва «Қораозек» МТПдан 117 923 095 сўм кредит қарзини ундиришни ва ундирувни гаровга қўйилган «Кейс-2166» русумли, двигатель рақами 45253899, давлат белгиси 3799 ЖФ бўлган комбайн ва «Кейс-2166» русумли, двигатель рақами 45322902, давлат белгиси 3797 ЖФ бўлган комбайнларга қаратишни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган. Жавобгардан даъвогар фойдасига 117 923 095 сўм кредит қарзи ундирилиб, ундирув «Кейс-2166» русумли, двигатель рақами 45322902, давлат белгиси 3797 ЖФ бўлган комбайнига қаратилган.
Бироқ, суд томонидан ундирувни гаров шартномасига асосан гаровга қўйилган «Кейс-2166» русумли, двигатель рақами 45253899, давлат белгиси 3799 ЖФ бўлган комбайнига қаратиш масаласи муҳокама қилинмаган.
Шу сабабли, суд даъвогарнинг аризасига биноан асосли равишда қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилиб, «МСХ Агроснаб» МЧЖнинг 117 923 095 сўм кредит қарзини ундириш бўйича ундирувни гаровга қўйилган «Кейс-2166» русумли, двигатель рақами 45253899, давлат белгиси 3799 ЖФ бўлган комбайн ва «Кейс-2166» русумли, двигатель рақами 45322902, давлат белгиси 3797 ЖФ бўлган комбайнларга қаратган.
ХПК 149-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига кўра, ҳал қилув қарорини қабул қилган хўжалик суди ишда иштирок этувчи шахслар далиллар тақдим этган бирон-бир талаб бўйича ҳал қилув қарори қабул қилмаган бўлса, қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилади.
4. Ҳал қилув қарорини қабул қилган хўжалик суди томонидан почта харажатлари тўғрисидаги масала ҳал қилинмаган бўлса, қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилиниши лозим.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилоят бошқармаси «Дон халқ ризқи» АЖ манфаатида хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгар «Элмурод ота ўғли Баходир» фермер хўжалигидан 3 388 450сўм жарима ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан «Дон халқ ризқи» АЖ фойдасига 406 614 сўм жарима ва республика бюджети ҳамда Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармасига 91 530 сўм давлат божи ундирилган.
Бироқ, суднинг ҳал қилув қарорида почта харажатларини ундириш масаласи ҳал этилмаган.
Шу сабабли, суд 2013 йил 29 ноябрда ёзувдаги хатони тузатиш тўғрисида ажрим чиқариб, ҳал қилув қарорининг хулоса қисмидаги «Дон халқ ризқи» АЖ фойдасига 406 614 сўм жарима ундирилсин» жумласи «Дон халқ ризқи» АЖ фойдасига 406 614 сўм жарима, 4 500 сўм почта харажати ундирилсин» жумласига тузатилган.
Ваҳоланки, ХПК 149-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига мувофиқ суд харажатлари тўғрисидаги масала ҳал қилинмаган бўлса,ҳал қилув қарорини қабул қилган хўжалик суди қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилади.
ХПК 90-моддасининг биринчи қисмига кўра, суд харажатлари давлат божидан ва ишни кўриш билан боғлиқ чиқимлардан: суд ҳужжатларини юбориш билан боғлиқ почта харажатларидан, хўжалик суди тайинлаган экспертизани ўтказиш, гувоҳни чақириш, далилларни ўз жойида кўздан кечириш учун тўланиши керак бўлган сумма, суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажатлар, шунингдек ишни кўриш билан боғлиқ бошқа харажатлардан ташкил топади.
ХПК 90-моддаси биринчи қисмининг мазмунидан кўриниб турибдики, почта харажатлари ҳам суд харажатларининг таркибий қисми ҳисобланади.
Шу боис, мазкур ҳолатда суд почта харажатларини ундириш масаласини ёзувдаги хатони тузатиш тўғрисида ажрим чиқариш йўли билан ҳал этмасдан, балки ХПК 149-моддасида белгиланган талабларга риоя қилган ҳолда қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилиши лозим эди.
Худди шундай хатоликка 18-1306/23477-сонли ишни кўришда ҳам йўл қўйилган.
5. Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида кўрсатилиши шарт бўлган маълумотларнинг мавжуд эмаслигини ҳал қилув қарорини тушунтириш йўли билан бартараф этилишига йўл қўйилмайди.
2014 йил 5 мартда» GANJBAYJAN» ЁАЖ акциядорлари ўртасида низони судгача келишув йўли билан ҳал этиш ҳақида келишув имзоланган. Унга кўра жамиятнинг чет эл акциядори «Can Gida Sanayi ve Dis Ticaret A.S.» компанияси (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) ўзига тегишли бўлган 10 752 дона акцияларни корхонанинг акциядори А.Исроиловга, 11 000 дона акцияларини корхонанинг акциядори Т.Кузиевга ва 10 000 дона акцияларини корхонанинг акциядори М.Хидоятовга расмийлаштириб бериш мажбуриятини олган.
Бироқ жавобгар томонидан мажбурият бажарилмаган. Шу боис, акциядор А.Исроилов (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар зиммасига тарафлар ўртасида тузилган келишувни бажариш мажбуриятини юклашни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилиб, жавобгар зиммасига тарафлар ўртасида 2014 йил 5 мартда тузилган келишувни бажариш мажбурияти ва суд харажатлари юкланган.
Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.
Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач суд томонидан ижро варақаси берилган.
Даъвогар судга ариза билан мурожаат қилиб, суд ҳужжатини ХПК 150-моддасига асосан тушунтириб беришни сўраган. Бунга асос қилиб жавобгар вакили Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эмаслиги, ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида акцияларни жамиятнинг ўзбек акциядорлари ўртасида тақсимланиши кўрсатилмаганлиги, бу эса суд ҳужжатини ижро этишда қийинчиликка олиб келишини кўрсатган. Шунингдек, «Қимматли қоғозлар марказий депозитарияси» давлат корхонасига тегишли кўрсатма беришни сўраган.
Даъвогарнинг ушбу аризаси суд томонидан кўриб чиқилган ва натижаси бўйича ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисида 2014 йил 17 ноябрда ажрим чиқарилган. Суднинг ажримида даъвогар ўз даъво аризасида ўтказилиши лозим бўлган акциялар сонини аниқлаш ёки акцияларни жамиятнинг ўзбек акциядорлари ўртасида тақсимланиш тартибини белгилаш талаби қўйилмаганлиги сабабли, шунингдек акцияларнинг сони ва уни тақсимлаш тартиби тарафлар ўртасида 2014 йил 5 мартда тузилган келишувда белгиланганлиги боис, мазкур ҳолатда жавобгар томонидан ушбу келишув ихтиёрий ёки мажбурий тарзда бажарилганидан сўнг акцияларга бўлган ҳуқуқ қайта расмийлаштирилиши мумкинлиги даъвогарга тушунтирилган.
ХПК 150-моддасининг биринчи қисмига кўра ҳал қилув қарори ноаниқ бўлган тақдирда, низони ҳал қилган хўжалик суди ишда иштирок этувчи шахснинг ёки суд ижрочисининг аризасига кўра, ҳал қилув қарорини унинг мазмунини ўзгартирмаган ҳолда тушунтириб беришга ҳақлидир.
Мазкур ҳолатда, ҳал қилув қарорида ноаниқлик эмас, балки процессуал ҳуқуқ нормаларини қўллашда хатолик мавжуд.
ХПК 142-моддасининг биринчи қисмига биноан жавобгар зиммасига мол-мулкни бериш ёки пул суммасини ундириш билан боғлиқ бўлмаган муайян ҳаракатларни бажариш мажбуриятини юклайдиган ҳал қилув қарори қабул қилинганида хўжалик суди унинг хулоса қисмида шу ҳаракатларни ким, қаерда, қачон ёки қайси давр мобайнида бажариши шартлигини кўрсатади.
Ушбу ҳолатда, суд жавобгар зиммасига мажбурият юклаган бўлсада, бироқ ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ким, қаерда, қачон ёки қайси давр мобайнида қайси ҳаракатларни бажариши шартлигини кўрсатмаган. Бу эса, ўз навбатида суд ҳужжатини ижро этишда қийинчиликка олиб келган. Шу боис, даъвогар судга ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлган.
6. Ҳал қилув қарорини тушунтириш, ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатолар ва ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатиш тўғрисидаги ажрим ХПКнинг 151-моддаси талабларига жавоб бериши лозим.
Зангиота туман ДСИ хўжалик судига мурожаат қилиб, «Салиев Шухрат Бизнес» МЧЖнинг бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармалардан бўлган 7 748 189 сўм солиқ қарзи ундирувини МЧЖнинг мол-мулкига қаратишни сўраган.
Иш судда кўрилгунга қадар МЧЖ томонидан солиқ қарзи тўлаб берилган. Шу боис, биринчи инстанция судининг 2014 йил 4 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъвони қаноатлантириш рад этилган.
Бироқ, ҳал қилув қарорининг баён қисмида даъвогар сифатида Зангиота туман ДСИ кўрсатилган бўлсада, ҳал қилув қарорининг қолган қисмларида даъвогар сифатида Паркент туман ДСИ кўрсатилган.
Шу боис, суд ўз ташаббуси билан 2014 йил 9 декабрда ёзувдаги хатони тузатиш тўғрисида ажрим чиқариб, ҳал қилув қароридаги «Паркент тумани» сўзларини «Зангиота тумани» сўзлари билан алмаштирган.
Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.
ХПК 151-моддасининг биринчи қисмига кўра хўжалик суди иш кўришни кейинга қолдирганда, иш юритишни тўхтатиб турганда, тугатганда, даъвони кўрмасдан қолдирганда, шунингдек ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳолларда алоҳида ҳужжат тариқасида ажрим чиқаради.
Ушбу модданинг иккинчи қисмига биноан алоҳида ҳужжат тариқасида чиқариладиган ажримда қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) хўжалик судининг номи, ишнинг тартиб рақами, ажрим чиқарилган сана, суд таркиби, суд мажлиси котиби, низо предмети;
2) ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи;
3) ажрим чиқарилаётган масала;
4) хўжалик суди ўз хулосаларини чиқаришга олиб келган сабаблар, бунда таянилган қонун ҳужжатлари;
5) кўриб чиқилаётган масала бўйича хулоса.
Мазкур ҳолатда, суд ёзувдаги хатони тузатиш тўғрисидаги ажрим чиқаришда ХПКнинг ушбу талабларига риоя қилмаган. Ажримнинг кириш қисмида «судья вилоят хўжалик судининг 11-1405/15273-сонли иши юзасидан 2014 йил 14 июлда қабул қилинган ҳал қилув қарорини ўрганиб чиққанлигини», баён қисмида «ҳал қилув қароридаги «Зангиота тумани» сўзлари ўрнига техник хатолик туфайли «Паркент тумани» сўзлари ёзилганлиги», асослантирувчи қисмида эса ХПК 150-моддасининг биринчи қисмининг матни келтирилиб, «техник хатоликни тузатиш лозимлиги», хулоса қисмида «ҳал қилув қароридаги «Паркент тумани» сўзлари «Зангиота тумани» сўзларига тузатилиши» кўрсатилган.
7. Ёзувдаги хатони тузатиш тўғрисидаги ажрим билан ҳал қилув қарорининг санаси ва тартиб рақамига тузатиш киритилганда, суд мажлиси баённомасининг санаси ва унда қайд этилган ишнинг тартиб рақами ҳам тузатилиши керак.
Тошкент шаҳар Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича тўловларни кафолатлаш жамғармаси хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгар «АС Қашқадарё-Сервис» шўъба корхонасидан 1 828 869 сўм ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2014 йил 29 августдаги ажрими билан даъво аризаси иш юритишга қабул қилиниб, ишни кўриш 2014 йил 25 сентябрга тайинланган. 2014 йил 25 сентябрдан ишни кўриш 2 октябрга қолдирилган.
2014 йил 2 октябрда иш кўрилиб, даъвони қисман қаноатлантириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинган.
Бироқ, ҳал қилув қарорининг кириш қисмида ишнинг тартиб рақами ва санасини ёзишда техник хатоликка йўл қўйилган. Ишнинг тартиб рақами «18-1405/21852» ўрнига «18-1405/21652» ёзилган ва иш кўрилган сана «02.10.2014 йил» ўрнига «29.09.2014 йил» ёзилган. Шунингдек, ҳал қилув қарори қабул қилинган суд мажлисида юритилган суд мажлиси баённомасининг санаси ва ишнинг тартиб рақамини ёзишда хатоликка йўл қўйилган. Яъни баённоманинг санаси 29.09.2014 йил ва ишнинг тартиб рақами «18-1405/21652» деб кўрсатилган.
Шу сабабли, суд 2014 йил 7 ноябрда ёзувдаги хатони тузатиш тўғрисида ажрим чиқариб, ҳал қилув қарорининг кириш қисмидаги иш кўрилган сана, яъни «29.09.2014 йил» «02.10.2014 йил»га ва ишнинг тартиб рақами «18-1405/21652» «18-1405/21852»га тузатилсин деб кўрсатилган.
Бироқ, суд ушбу ажримда суд мажлиси баённомасидаги сана ва ишнинг тартиб рақамига тузатиш киритмаган. Ваҳоланки, ҳал қилув қарори ва суд мажлиси баённомасининг санаси ва ишнинг тартиб рақамида фарқ юзага келиб қолган.
Шунинг учун суд ажримда ҳал қилув қарори билан бирга суд мажлиси баённомасининг санаси ва унда қайд этилган ишнинг тартиб рақамига ҳам тузатиш киритиши лозим.
Яна бир мисол.
Хўжайли туман ДСИ хўжалик судига мурожаат қилиб, «Жана омир» МЧЖдан Солиқ кодекси 119-моддасининг биринчи қисмига асосан 4 805 250 сўм молиявий жарима қўллашни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2014 йил 16 июндаги ажрими билан даъво аризаси иш юритишга қабул қилиниб, ишни кўриш 2014 йил 1 июлга тайинланган. 2014 йил 1 июлдаги суд мажлисида ишни кўриш 11 июлга қолдирилган. 2014 йил 11 июлда иш кўриб чиқилиб, даъво қисман қаноатлантирилган.
Бироқ, суднинг ҳал қилув қарорида ишни кўриш санаси 2014 йил 11 июль эмас, балки 2014 йил 9 июль деб кўрсатилган.
Шу сабабли, суд 2014 йил 15 июлда ёзувдаги хатони тузатиш тўғрисида ажрим чиқариб, унда ҳал қилув қарорининг кириш қисмидаги иш кўрилган санани «09.07.2014 йил» «11.07.2014 йил»га тузатилсин деб кўрсатилган.
Бироқ, суд ушбу ажримда суд мажлиси баённомасидаги санага тузатиш киритмаган. Ваҳоланки, ҳал қилув қарори ва суд мажлиси баённомасининг санасида фарқ юзага келиб қолган. Шу сабабли, суд мажлиси баённомасига ручка ёрдамида тузатиш киритиб қўйган.
Мазкур ҳолатда, суд ўзининг ажримида ҳал қилув қарори билан бирга суд мажлиси баённомасининг санасига ҳам тузатиш киритиши лозим эди.
8. Ажрим билан ундирилиши кўрсатилган пул маблағи миқдорига тузатиш киритишга фақат бу ноаниқлик ҳисоблашдаги тасодифий хатолик ёки ҳарфий хатолик, ёзувдаги хатолик натижаси бўлган ҳолда йўл қўйилади.
Навбаҳор туман ДСИ хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгар «Тошкент»фермер хўжалигидан 71 873 500сўм солиқ қарзини унинг мол-мулки ҳисобидан ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилган. Мазкур ҳал қилув қарорининг кириш, баён, асослантирувчи қисмларида жавобгарнинг солиқ қарзи 718 735 000 сўмни ташкил этиши кўрсатилган.
Суд ўзининг ҳал қилув қарорида жавобгар солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан бўлган қарздорликни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда тўламаганлиги натижасида 718 735 000 сўм қарздорликка йўл қўйганлиги ҳолати иш ҳужжатлари билан ўз тасдиғини топганлигини қайд этган.
Шу боис, суд даъвони тўлиқ қаноатлантириб,718 735 000 сўм солиқ қарзи ва 7 187 350 сўм давлат божи ундиришни лозим топган.
Бироқ, суд томонидан 2013 йил 22 октябрда ёзувдаги хатони тузатиш тўғрисида ажрим чиқарилиб, ҳал қилув қарорининг хулосасининг «718 735 000 сўм солиқ қарзи ва 7 187 350 сўм давлат божи ундирилсин» қисми «71 873 500 сўм солиқ қарзи ва 718 735 сўм давлат божи ундирилсин» деб тузатилган.
Ваҳоланки, иш мазмунан кўрилаётганда суд 718 735 000 сўм солиқ қарзи тўланган ёки тўланмаганлигини муҳокама қилиб, ушбу қарз тўлаб берилмаган деган хулосага келиб, ундирилаётган сумма миқдоридан келиб чиқиб 7 187 350 сўм давлат божи ундиришни лозим топган. Бундай ҳолатни техник хато деб ҳисоблаб бўлмайди. Шу сабабли, суд ушбу ҳолатда солиқ қарзи ва давлат божи суммаларини ёзувдаги хатони тузатиш тўғрисидаги ажрим билан тузатиши мумкин эмас.
Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги «Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида»ги қарори 14-бандининг еттинчи қисмига кўра, ундирилиши кўрсатилган пул маблағи миқдори, сана, мулкни ундириш чораларига тузатиш киритишга фақат, агар бу ноаниқлик ҳисоблашдаги тасодифий хатолик ёки ҳарфий хатолик, ёзувдаги хатолик натижаси бўлган ҳолда йўл қўйилади.
Мазкур ҳолатда, ҳал қилув қарорида йўл қўйилган хатолик фақатгина ишни қайта кўриш йўли билан тузатилиши мумкин.
9. Ҳал қилув қарорида йўл қўйилган ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатолар ва ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатишлар ҳал қилув қарорининг моҳиятини ўзгартирмаслиги лозим.
Бухоро вилоят адлия бошқармаси хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар «Luxe Furniture max» МЧЖдан 18 042 818 сўм пеня ундиришни ва маҳсулот етказиб бериш мажбуриятини юклашни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2013 йил 18 июндаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан 3 608 564 сўм пеня ундирилган ва жавобгарга 40 та стеллажларни етказиб бериш мажбуриятини юклаган.
Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, тарафлар ўртасида 2012 йил 20 ноябрда ФХДЁ бўлимлари учун 60 та ва 2012 йил 20 декабрда давлат нотариал идоралари учун 100 та темир стеллажлар етказиб бериш тўғрисида шартномалар имзоланган. Ушбу шартномалар бўйича даъвогар томонидан шартнома суммасининг 15 фоизи миқдоридаги маблағ олдиндан тўлаб берилган.
Бироқ, жавобгар томонидан шартномаларга кўра 41 та стеллаж етказиб берилган, 119 та стеллаж эса етказиб берилмаган.
Биринчи инстанция суди 40 та стеллажлар етказиб берилмаганлигини исботланган деб топиб, ҳал қилув қарорида 3 608 564 сўм пеня ундириш билан бирга жавобгар зиммасига 40 та стеллажларни етказиб бериш мажбуриятини юклаган.
Хўжалик суди 2013 йил 27 июнда ажрим чиқариб, унда «ҳал қилув қарорининг баён қисми «160 дона нотариал идоралари ва ФҲДЁ бўлимларига темир стеллажлар ўрнатиб бериш» ва хулоса қисми «жавобгар Фарғона вилоятидаги «Luxe Furniture max»МЧЖга нотариал идоралари ва ФҲДЁ бўлимлари учун 119 та темир стеллажлар ўрнатиб бериш мажбурияти юклатилсин» деб ўқилсин» деган мазмундаги ўзгартириш киритган.
ХПК 150-моддасининг биринчи қисмига кўра ҳал қилув қарори ноаниқ бўлган тақдирда, низони ҳал қилган хўжалик суди ишда иштирок этувчи шахснинг ёки суд ижрочисининг аризасига кўра, ҳал қилув қарорини унинг мазмунини ўзгартирмаган ҳолда тушунтириб беришга, шунингдек ишда иштирок этувчи шахснинг аризасига кўра ёки ўз ташаббуси билан йўл қўйилган ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатолар ва ҳисоб-китобдаги янглишишларни, ҳал қилув қарорининг моҳиятига тегмаган ҳолда, тузатишга ҳақлидир.
Мазкур ҳолатда, суднинг ажрими билан ҳал қилув қарорининг моҳияти ўзгартирилган. Ваҳоланки, ҳал қилув қарори қабул қилишда йўл қўйилган хатолик фақат суд ҳужжатини қайта кўриб чиқиш йўли билан бартараф этилиши лозим эди.
10. Гаровга қўйилган мол-мулкнинг бошланғич баҳоси ҳал қилув қарорида муҳокама қилинмаган ва кўрсатилмаган бўлса, йўл қўйилган хатолик суд ҳужжатини қайта кўриш йўли билан тўғриланади.
Даъвогар «Ипотека банк» АТИБ номидан унинг Навоий вилоят филиали (бундан буён матнда банк деб юритилади) хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгар «Элбек Элёр камоли» МЧЖ ва қўшимча жавобгар «Элбек Элёр Кармана» хусусий корхонасидан кредит ва унга ҳисобланган фоизларни муддатидан олдин гаровга олинган мулк ҳисобидан ундириш ва кредит шартномасини бекор қилишни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилган.
Апелляция инстанцияси судининг ажрими билан апелляция шикояти бўйича иш юритиш тугатилган.
Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, банк томонидан «Элбек Элёр камоли» МЧЖга 2 йил муддатга 30 000 000 сўм кредит берилган. Кредит қайтарилишини таъминлаш мақсадида МЧЖга тегишли Навоий кўчасида жойлашган савдо дўкони гаровга қўйилган. Бундан ташқари, «банк, «Элбек Элёр камоли» МЧЖ ва «Элбек Элёр Кармана» хусусий корхонаси ўртасида кафиллик шартномаси ҳам тузилган.
МЧЖ томонидан банкка 23 998 000 сўм кредит қарзи ва 916 707 сўм унга ҳисобланган фоизлар шартномада белгиланган муддатларда тўлаб берилмаган. Шу сабабли, банк хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Суд даъвони тўлиқ қаноатлантирган. Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида «Ипотека банк» АТИБ фойдасига «Элбек Элёр камоли» МЧЖ ва «Элбек Элёр Кармана» ХКдан солидар тартибда 23 998 000 сўм кредит қарзи ва 916 707 сўм унга ҳисобланган фоизлар гаровга қўйилган мол-мулк ҳисобидан ундирилсин» деб кўрсатилган. Бироқ, суд гаровга қўйилган мол-мулкнинг бошланғич баҳосини белгилаб бермаган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленумининг «Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги қарорининг 23-бандининг биринчи қисмига кўра ундирувни гаров нарсасига суд тартибида қаратишда суднинг қарорида гаровдаги мол-мулкнинг номи, жойлашган жойи, гаров шартномасида кўрсатилган миқдордаги бошланғич сотув баҳоси кўрсатилиши лозим.
Шу сабабли, суд 2013 йил 3 октябрда ёзувдаги хатони тузатиш тўғрисида ажрим чиқариб, ҳал қилув қарорининг хулоса қисми «Элбек Элёр камоли» МЧЖга тегишли бўлган умумий майдони 268,82 квадрат метр бўлган Навоий кўчасида жойлашган савдо дўконининг бошланғич баҳоси 32 500 000 сўм қилиб белгилансин» жумласи билан тўлдирилсин деб тузатилган.
Гаровдаги мол-мулкнинг бошланғич баҳоси суд муҳокамаси жараёнида муҳокама қилинмаганлиги ва унинг баҳоси юзасидан маълум бир тўхтамга келинмаганлиги сабабли, суд бу хатоликни ёзувдаги хатони тузатиш тўғрисидаги ажрим билан тузата олмайди.
Чунки, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленумининг «Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги қарорининг 23-бандининг иккинчи қисмига кўра гаровга қўйилган мол-мулкнинг қиймати юзасидан низо вужудга келган ҳолларда, у тарафларнинг илтимосномаси бўйича тайинланган мутахассис (эксперт)нинг хулосасига кўра белгиланади. Бунда мутахассис (эксперт) сифатида баҳолаш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган ҳам жисмоний, ҳам юридик шахс қатнашиши мумкин.
Қайд этилган Пленум қарорининг иккинчи қисми мазмунидан кўриниб турибдики, гаровга қўйилган мол-мулкнинг бошланғич баҳоси тарафлар ўртасида муҳокама қилиниши керак. Агар унинг қиймати юзасидан низо келиб чиқса, тарафларнинг илтимосномаси бўйича экспертиза тайинланиши мумкин.
Шу сабабли, гаровга қўйилган мол-мулкнинг бошланғич баҳоси ҳал қилув қарорида муҳокама қилинмаганлиги ва кўрсатилмаганлиги суд ҳужжатини қайта кўриш йўли билан тўғриланади.
11. Ёзувдаги хатони тузатиш тўғрисида ажрим у чиқарилганидан кейин беш кунлик муддатда ишда иштирок этувчи шахсларга топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади ёки тилхат олиб топширилади, уларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса, ажрим ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.
Даъвогар «Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари» АЖ хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгар «Қамаши фазоси» фермер хўжалигидан 45 320 695 сўм асосий қарз ва 6 730 761 сўм пеня ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилган. Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида «Жавобгар – «Барноев Жахонгир» ФХдан «Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари» АЖ фойдасига 45 320 761 сўм асосий қарз,673 076 сўм пеня ундирилсин» ва «Жавобгар – «Барноев Жахонгир ФХ» ҳисобидан республика бюджети ҳамда Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармасига 520 514 сўм давлат божи ундирилсин» деб кўрсатилган.
Шу сабабли, суд томонидан 2014 йил 17 октябрда ёзувдаги хатони тузатиш тўғрисида ажрим чиқарилиб, ҳал қилув қарорининг хулоса қисмидаги «Жавобгар – «Барноев Жахонгир ФХ» сўзлари «Жавобгар – «Қамаши фазоси» ФХ» сўзларига тузатилган.
Аммо, ушбу ажрим ишда иштирок этувчи шахсларга юборилмаган.
Ваҳоланки, ХПКнинг 153-моддасига кўра, хўжалик суди алоҳида ҳужжат тариқасида ажрим чиқарган ҳолларда, ажрим чиқарилганидан кейин беш кунлик муддатда ишда иштирок этувчи шахсларга ва ажрим дахлдор бўлган бошқа шахсларга юборилади ёки тилхат олиб топширилади, уларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса, ажрим ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.
Ушбу Кодексга мувофиқ, устидан шикоят қилиниши мумкин бўлган ажримлар ишда иштирок этувчи шахсларга ва ажримлар дахлдор бўлган бошқа шахсларга топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади, уларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса, ажримлар ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.
Бироқ, хўжалик ишида ёзувдаги хатони тузатиш тўғрисидаги ажримни ишда иштирок этувчи шахсларга юборилганлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд эмас.
12. ХПК 150-моддасининг учинчи қисмига асосан ҳал қилув қарорини тушунтириб бериш ва ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатоларни ёки ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиш (протест келтириш) мумкин.
«Мusaffo obi hayot» МЧЖ хўжалик судига мурожаат қилиб, «МПМК-1» МЧЖдан 154 526 сўм асосий қарз ва 58 791 сўм неустойка ундиришни сўраган.
Иш кўрилиши жараёнида даъвогар даъво аризасидан воз кечиш ҳақидаги судга ариза билан мурожаат қилган.
Биринчи инстанция судининг 2014 йил 27 августдаги ажрими билан даъвогарнинг даъводан воз кечиши қабул қилиниб, иш бўйича иш юритиш тугатилган.
2014 йил 5 сентябрда суд ўз ташаббуси билан ёзувдаги хатони тузатиш тўғрисида ажрим чиқариб, ажрим чиқарилган сана «2014 йил 27 август» ўрнига «2014 йил 3 сентябрь» деб ҳисобланиши белгиланган.
Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.
ХПК 150-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларига биноан ҳал қилув қарорини тушунтириб бериш ва ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатоларни ёки ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатиш тўғрисида ажрим чиқарилади ва бундай ажрим устидан шикоят қилиш (протест келтириш) мумкин.
Бироқ суд 2014 йил 5 сентябрдаги ёзувдаги хатони тузатиш тўғрисидаги ажримда унинг устидан шикоят қилиш (протест келтириш) мумкинлигини кўрсатмаган.
Худди шундай хатоликка 11-1436/12458 ва 11-1406/3909-сонли ишларда ҳам йўл қўйилган.
13. ХПК нормаларининг талабларига мувофиқ бўлмаган ҳал қилув қарорини ХПКнинг 150-моддасига асосан тузатишга йўл қўйилмайди.
Даъвогар Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси «ULKAN QURILISH MAXSUS SERVIS»МЧЖ манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «CONTACT INFORM GROUP» МЧЖдан 3 240 420 сўм асосий қарз ва 518 467 сўм пеня ундиришни сўраган.
Ушбу иш бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорининг кириш, баён қилиш, асослантирувчи қисмларида даъво предмети 10 060 200 сўм асосий қарз ва 1 609 632 сўм пеня ундиришдан иборат эканлиги кўрсатилган. Шунингдек, ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида даъво талаби қисман қаноатлантирилиши, яъни 10 060 200 сўм асосий қарз ва 482 889 сўм пеня ундирилиши лозимлиги ҳақида фикр билдирилиб, хулоса қисмига келганда, унда даъво қисман қаноатлантирилганлиги кўрсатилган, лекин ундирилаётган сумма умуман кўрсатилмай, очиқ қолган. Жавобгардан фақат 116 698 сўм давлат божи ундирилган.
2014 йил 10 ноябрда суд ўз ташаббуси билан ХПКнинг 150-моддасига асосан йўл қўйилган ҳарфий хатоларни тузатиш тўғрисида ажрим чиқариб, ушбу ҳолатни техник хато сифатида баҳолаб, ҳал қилув қарорининг фақатгина хулоса қисмига тузатиш киритган. Яъни, ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида кўрсатилмай қолган 3 240 420 сўм асосий қарз ва 518 467 сўм пеня суммалари киритилган ва давлат божини ундириш қисми 107 635 сўмга тузатилган. Ҳал қилув қарорининг кириш, баён ва асослантирувчи қисмларида нотўғри ёзилган даъво суммаларига тузатиш киритилмаган.
Яъни, ҳал қилув қарорининг баён ва асослантирувчи қисмларида хатога йўл қўйилиб, даъво предмети 10 060 200 сўм асосий қарз ва 1 609 632 сўм пенядан иборат эканлиги баён этилган бўлсада, ажрим билан фақатгина ҳал қилув қарорининг хулоса қисмидаги тушириб қолдирилган суммалар киритилиб, ҳал қилув қарори билан ажрим ўртасида номутаносиблик вужудга келган. Ваҳоланки, ҳал қилув қарорида йўл қўйилган хатоликларни ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатолар ва ҳисоб-китобдаги янглишишлар деб баҳолаб бўлмайди ва ушбу хатоликлар фақат апелляция (кассация) шикоят (протест)и бериш ва ишни қайта кўриш йўли билан тузатилиши мумкин эди.
14. Суд томонидан чиқарилган ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатиш тўғрисидаги ажрим ҳал қилув қарорининг мазмунини ўзгартириши мумкин эмас.
Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси «Муборак пахта тозалаш» АЖ манфаатида хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгар «Гулистон порлоқ замини»фермер хўжалигидан 2014 йилда тузилган пахта хом ашёси ва уруғлик пахта харид қилиш бўйича контрактация шартномасига кўра топширилмай қолган маҳсулот қийматининг 25 фоизи миқдорида 25 254 500 сўм жарима ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан «Муборак пахта тозалаш» АЖ фойдасига 12 700 000 сўм жарима ундирилган.
Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, жавобгар 2014 йилда тузилган пахта хом ашёси ва уруғлик пахта харид қилиш бўйича контрактация шартномаси шартларини лозим даражада бажармасдан 106,7 тонна 101 018 000 сўмлик пахта хом ашёсини топширмаган. Ишдаги ҳужжатлар билан ушбу ҳолат ўз тасдиғини топган.
Шу сабабли, Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 25 254 500 сўм жарима ундиришни сўраган. Суд ФКнинг 326-моддасига асосланган ҳолда, жавобгарнинг мулкий аҳволини ҳисобга олиб жаримани 12 700 000 сўмгача камайтиришини лозим топган.
Аммо суд томонидан 2014 йил 25ноябрда ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатиш тўғрисида ажрим чиқарилиб, ҳал қилув қарорининг асослантирувчи ва хулоса қисмларидаги «12 700 000 сўм жарима ундирилсин» сўзлари «14 364 200 сўм жарима ундирилсин» сўзларига тузатилган.
Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги «Биринчи инстанция судида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши тўғрисида»ги қарори 41-бандининг иккинчи қисмига кўра, йўл қўйилган ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатолар ва ҳисоб-китобдаги янглишишларни суд ишда иштирок этувчи шахснинг аризаси бўйича ёки ўзининг ташаббуси билан тузатишга ҳақли. Бунда назарда тутиш керакки, ҳал қилув қарорининг мазмунини, далилларни текшириш, ҳолатларни аниқлаш ва қонунни қўллаш натижасида келинган хулосаларни ўзгартиришга йўл қўйилмайди.
Мазкур ҳолатда жарима миқдорини ўзгартириш тўғрисида ҳал қилув қарорига тузатиш киритилиб нотўғри тўхтамга келинган, чунки суд жарима миқдорини ФКнинг 326-моддасига асосланган ҳолда 12 700 000 сўмгача камайтирган. Суд ажрим чиқариши билан ҳал қилув қарорининг мазмунини ўзгартирган.
Яна бир мисол.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Наманган вилоят бошқармаси «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси Наманган вилоят филиали манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Кушон инвест қурилиш» МЧЖдан 26 602 204 сўм зарар ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 26 602 204 сўм зарар ва 5 000 сўм почта харажатлари ундирилган.
Суднинг ажрими билан ёзувдаги хатоларга тузатиш киритилиб, ҳал қилув қарорининг хулоса қисмининг 1 ва 2-бандларидаги «даъво қаноатлантирилсин» сўзлари ўрнига «даъво қисман қаноатлантирилсин» деб, «Кушон инвест қурилиш инвест» МЧЖ ҳисобидан «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси фойдасига 26 602 204 сўм зарар ундирилсин» ўрнига «Кушон инвест қурилиш инвест» МЧЖ ҳисобидан «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси фойдасига 25 262 028 сўм зарар ундирилсин» деб ўзгартирилган.
Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Хўжалик суди Пленумининг «Биринчи инстанция судида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши тўғрисида»ги 2007 йил 15 июндаги 162-сонли қарори 41-бандининг иккинчи хатбошисига кўра йўл қўйилган ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатолар ва ҳисоб-китобдаги янглишишларни суд ишда иштирок этувчи шахснинг аризаси бўйича ёки ўзининг ташаббуси билан тузатишга ҳақли. Бунда назарда тутиш керакки, ҳал қилув қарорининг мазмунини, далилларни текшириш, ҳолатларни аниқлаш ва қонунни қўллаш натижасида келинган хулосаларни ўзгартиришга йўл қўйилмайди.
Биринчи инстанция суди ёзувдаги хатоларни тузатиш тўғрисидаги ажрим чиқариш ҳақида нотўғри хулосага келган. Яъни, суд ажрим билан ҳал қилув қарорининг мазмунига таъсир этган.
Бундай ҳолатда, суд ёзувдаги хатони тузатиш тўғрисида ажрим чиқаришга ҳақли эмас, балки хатолик ишни қайта кўриш йўли билан тўғриланиши мумкин.
Олий хўжалик суди Пленумининг «Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида»ги қарорининг 13-банди бешинчи хатбошисига кўра, суднинг хатоси даъвонинг мазмуни бўйича суднинг хулосасига мувофиқ келмаган ҳолда суд қўшимча қарор чиқаришга ҳақли эмас. Бундай ҳолда суднинг хатосини тузатиш қарорни ХПКда белгиланган тартибда қайта кўриш йўли билан амалга оширилади.
Бироқ, апелляция инстанция суди томонидан ҳам юқорида келтирилган Пленум қарори талабларига риоя қилмасдан ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида нотўғри хулосага келган.
Худди шундай хатоликка 18-1404/26162, 18-1404/26184, 18-1404/26181-сонли ишларни кўришда ҳам йўл қўйилган.
15. Ижро варақасини беришда ёзувдаги хатони тузатиш тўғрисидаги ажрим билан ҳал қилув қарорининг хулоса қисмига киритилган тузатишлар инобатга олиниши лозим.
Шаҳрисабз туман ДСИ хўжалик судига мурожаат қилиб, «Умиров Акобир Зафарович» фермер хўжалигидан 2 298 238 сўм миқдордаги солиқ қарзи ундирувини унинг мол-мулкига қаратишни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган. Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида жавобгар «Умиров Акобир» ФХнинг 2 298 238 сўм солиқ қарзи ундируви унинг мол-мулкига қаратилсин» ва жавобгар «Умиров Акобир» ФХдан республика бюджети ҳамда Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармасига 45 964 сўм давлат божи ундирилсин» деб кўрсатилган.
Шу сабабли, суд 2014 йил 3 апрелда ёзувдаги хатони тузатиш тўғрисида ажрим чиқариб, ҳал қилув қарорининг хулоса қисмидаги «Умиров Акобир» сўзлари «Умиров Акобир Зафарович» сўзларига тузатилган.
Аммо, суд томонидан 2014 йил 24 апрелда берилган ижро варақаларида жавобгар номи «Умиров Акобир» ФХ деб кўрсатилган. Яъни, ҳал қилув қарорида хато ёзилган фермер хўжалигининг номи кўрсатилган.
Ваҳоланки, ёзувдаги хатони тузатиш тўғрисидаги ажрим билан ҳал қилув қарорининг хулоса қисмига киритилган тузатишлар ижро варақасини беришда ҳисобга олиниши лозим эди.
2014 йил 31 декабрь.