Хўжалик судлари томонидан 2012 — 2014 йиллар давомида даъво муддатига оид қонун ҳужжатларини қўлланиши билан боғлиқ суд амалиётини умумлаштириш натижалари ҳақида
МАЪЛУМОТНОМА
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг 2015 йил иш режасига асосан хўжалик судлари томонидан 2012 — 2014 йиллар давомида даъво муддатига оид қонун ҳужжатларининг қўлланиши билан боғлиқ суд амалиётини умумлаштириш учун хўжалик ишлари ва ушбу масала бўйича хўжалик судларида ўтказилган умумлаштиришлар ўрганиб чиқилди.
1. Даъво муддатини қўллаш ҳақидаги ариза оғзаки ёки ёзма равишда тақдим этилиши мумкин.
Даъвогар «Тошкент электр тармоқлари» АЖ номидан Зангиота туман электр таъминоти корхонаси хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар Зангиота тиббиёт бирлашмасидан 9 958027 сўм асосий қарз, 101959 сўм пеня ҳамда 2007 йил май ойидан 2013 йил декабрь ойига қадар бўлган давр мобайнида шартномавий ҳажмлардан ортиқча истеъмол қилган электр энергияси учун 49 263668 сўм жарима ундиришни сўраган.
Суднинг ажрими билан Тошкент вилоят ғазначилик бошқармаси низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида ишга жалб қилинган.
Биринчи инстанция суднинг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, даъвогар фойдасига жавобгардан 9 958027 сўм асосий қарз, 101959 сўм пеня, 14 563325 сўм жарима ундирилган.
Биринчи инстанция суди даъвогар электр энергиясини шартномада белгиланганидан ортиқча истеъмол қилганлиги учун 49 263668 сўм жарима ундириш талабини муҳокама қилиб, жавобгарнинг даъво муддатини қўллаш ҳақидаги оғзаки аризасига асосан 2007 йил май ойидан 2011 март ойига қадар бўлган даврга даъво муддатини қўллаб, ушбу талабни 14 563325 сўмга қаноатлантирган.
Жавобгар даъво муддатини қўллаш ҳақидаги оғзаки ариза билан мурожаат қилганлиги суд мажлиси баённомасида қайд этилган.
Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Кассация инстанция суди ҳал қилув қарори ва апелляция инстанция суди қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборган. Кассация инстанцияси судининг бундай қарор қабул қилишига ишни биринчи инстанция судида кўриш жараёнида жавобгар томонидан судга даъво муддатини қўллаш тўғрисида ёзма равишда ариза тақдим қилинмаганлиги асос бўлган.
Бироқ, кассация инстанцияси суди ФКда даъво муддатини қўллаш ҳақида ариза ёзма равишда тақдим этилиши қатъий белгиланмаганлигига эътибор бермаган.
2. Даъво муддатини қўллаш ва даъво муддатини тиклаш тўғрисидаги аризани кўриш натижаси ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида кўрсатилади.
Даъвогар «Қурувчи Ёдгор» ХК тугатиш бошқарувчиси хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгар «Кафолат фарм сервис» ХКдан 3 000 000 сўм ундиришни сўраган.
Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, суднинг 2012 йил 14 февралдаги ҳал қилув қарори билан «Қурувчи Ёдгор» ХК банкрот деб топилиб тугатишга доир иш юритиш бошланган. Хусусий корхона тугатиш бошқарувчиси томонидан корхона молиявий аҳволи таҳлил қилинганда, 2005 йил 25 январда «Кафолат фарм сервис» ХКга қайтариш шарти билан устав фондини шакллантириш учун 3 000 000 сўм пул маблағлари ўтказиб берилганлиги аниқланган. Бироқ ушбу пул маблағлари «Кафолат фарм сервис» ХК томонидан қайтариб берилмаган. Шу сабабли «Қурувчи Ёдгор» ХК тугатиш бошқарувчиси 2012 йил 17 декабрда хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Даъво аризасига даъвони тиклаш тўғрисида ариза илова қилиниб, унда даъво муддатини ўтказиб юборилишига «Қурувчи Ёдгор» ХК банкрот деб топилиб, тугатишга доир иш юритиш бошлангандан кейингина корхонанинг молиявий аҳволи таҳлил қилиниб қарздорлик аниқланганлиги асос қилиб келтирилган.
Иш кўрилиши жараёнида «Кафолат фарм сервис» ХК судга ариза билан мурожаат қилиб, кредит уюшмасининг «Қурувчи Ёдгор» ХКдан қарзи мавжуд эмаслигини, шунингдек даъво талабида ундириш сўралаётган пул маблағи бўйича даъво муддати ҳам ўтиб кетганлигини маълум қилиб, даъво муддатини қўллаб, даъвони рад этишни сўраган.
Биринчи инстанция суди даъвогарнинг даъво муддатини тиклаш тўғрисидаги аризасини қаноатлантиришни рад этиб, жавобгарнинг даъво муддатини қўллаш ҳақидаги аризасини қаноатлантириб, даъвони рад этган.
Бироқ, ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида даъво муддатини тиклаш тўғрисидаги аризани қаноатлантириш рад этилганлиги ва даъво муддатини қўллаш тўғрисидаги ариза қаноатлантирганлиги кўрсатилмаган.
Ваҳоланки, Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги «Биринчи инстанция судида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши тўғрисида»ги қарори 34-бандида хўжалик судлари ХПК 129-моддасининг биринчи қисмида белгиланган, тарафларнинг аризалари ва илтимосномалари суд томонидан ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг фикрлари эшитиб бўлингач, ҳал қилиниши тўғрисидаги қоидага риоя этишлари, ХПК 129-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ аризалар ва илтимосномаларни кўриш натижалари бўйича хўжалик суди ажрим чиқариши лозимлиги, ажримнинг шакли илтимосноманинг мазмуни ва уни кўриб чиқиш натижаларига боғлиқлиги, ажримларга қўйиладиган умумий талаб — маълумотлар суд мажлиси баённомасига киритилишининг мажбурийлиги тушунтирилган.
Пленум қарорининг мазкур бандида берилган тушунтиришдан келиб чиқиб, даъво муддатини тиклаш ҳамда даъво муддатини қўллаш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш натижалари бўйича ҳам суд оғзаки ажрим чиқаради ва бу тўғрисида суд мажлисининг баённомасига тегишли ёзувлар киритилади. Шу билан бирга ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида даъво муддатини тиклаш ва даъво муддатини қўллаш тўғрисидаги аризаларни кўриш натижалари (қаноатлантирилганлиги ёки қаноатлантириш рад этилганлиги) акс эттирилиши лозим.
3. Даъво муддатини қўллаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилинганда, суд аризани қаноатлантириш ёки қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарганлиги ҳақидаги маълумотлар суд мажлиси баённомасида кўрсатилиши керак.
Даъвогар «Барқарор имконият» ХК тугатиш бошқарувчиси хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгар «Ласточка» кредит уюшмасидан 1 982 000 сўм ундиришни сўраган.
Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, Навоий вилоят хўжалик судининг 2011 йил 22 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан «Барқарор имконият» ХК банкрот деб топилиб тугатишга доир иш юритиш бошланган. Хусусий корхона тугатиш бошқарувчиси томонидан корхона молиявий аҳволи таҳлил қилинганда, 2007 йил 31 январда «Ласточка» кредит уюшмасига 1 982 000 сўм омонат учун пул маблағлари ўтказиб берилганлиги аниқланган. Бироқ ушбу пул маблағлари кредит уюшмаси томонидан қайтариб берилмаган.
Шу сабабли «Барқарор имконият» ХК тугатиш бошқарувчиси 2012 йил 25 августда хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Иш кўрилиши жараёнида «Ласточка» кредит уюшмаси судга ариза билан мурожаат қилиб, кредит уюшмасининг «Барқарор имконият» ХКдан қарзи мавжуд эмаслигини, шунингдек даъво талабида ундириш сўралаётган пул маблағи бўйича даъво муддати ҳам ўтиб кетганлигини маълум қилиб, даъво муддатини қўллаб, даъвони рад этишни сўраган.
Биринчи инстанция суди жавобгарнинг аризасига асосланиб талаб бўйича даъво муддатини ўтган деб ҳисоблаб, даъвони рад этишни лозим деб топган.
Бироқ, суднинг ҳал қилув қарори қабул қилинган кундаги, яъни 2012 йил 21 сентябрдаги баённомасида жавобгарнинг аризаси юзасидан суд ажрим чиқарганлиги тўғрисидаги маълумотлар мавжуд эмас.
Ваҳоланки, Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги «Биринчи инстанция судида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши тўғрисида»ги қарори 34-бандининг иккинчи қисмига кўра ХПК 129-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ аризалар ва илтимосномаларни кўриш натижалари бўйича хўжалик суди ажрим чиқаради. Ажримнинг шакли илтимосноманинг мазмуни ва уни кўриб чиқиш натижаларига боғлиқ. Берилган илтимосномалар бўйича чиқариладиган ажримларга қўйиладиган умумий талаб — маълумотлар суд мажлиси баённомасига киритилишининг мажбурийлигидир.
4. Даъво муддатини қўллаш тўғрисидаги ариза (илтимоснома)ни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят (протест) қилинмайди.
Даъвогар Навоий кон металлургия комбинати ДУК хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар Марказий кон бошқармасидан 34 096 920 сўм жарима ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво аризаси қисман қаноатлантирилган.
Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, иш кўрилиши жараёнида Марказий кон бошқармаси даъво муддатини қўллаш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиб, 34 096 920 сўм жарима ундириш тўғрисидаги талаб бўйича даъво муддати ўтиб кетганлиги инобатга олиб, ФК 153-моддасига асосан даъвони рад этишни сўраган.
Биринчи инстанция суди Марказий кон бошқармасининг даъво муддатини қўллаш тўғрисидаги аризасида келтирилган важларни асоссиз деб ҳисоблаб, 2012 йил 26 сентябрда алоҳида ажрим чиқариб илтимосномани қаноатлантиришни рад этган.
Шунингдек, суд мазкур ажримнинг хулоса қисмида ажримдан норози тараф шикоят қилиши, прокурор протест келтириши мумкин деб кўрсатган.
Ваҳоланки, Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги «Биринчи инстанция судида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши тўғрисида»ги қарори 34-бандининг учинчи қисмида ариза, илтимосномаларни қаноатлантириш ёки рад қилиш тўғрисидаги ажримлар шикоят (протест) қилинмайди деб белгиланган.
Мазкур ҳолатда биринчи инстанция суди даъво муддатини қўллаш тўғрисидаги аризани кўриш натижалари бўйича алоҳида ажрим чиқарилмаслигига, шунингдек ариза, илтимосномаларни қаноатлантириш ёки рад қилиш тўғрисидаги ажримлар шикоят (протест) қилинмаслигига эътибор бермаган.
5. Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси томонидан меҳнатда майибланган фуқароларга тўлаб берилган пенсия тўловларини хўжалик юритувчи субъектлардан регресс тартибда ундириш тўғрисидаги низоларни ҳал этишда ФК 163-моддаси биринчи қисмининг 3-банди қўлланилмайди. Бундай низолар бўйича берилган даъво аризаларига нисбатан ФКнинг 150-моддасида белгиланган умумий даъво муддати қўлланади.
Даъвогар — Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Сурхондарё вилоят Жарқўрғон туман бўлими (Жамғарма) хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгар — «Ватанпарвар» ташкилоти Жарқўрғон туман ўқув-спорт техника клуби (Клуб)дан меҳнатда майибланган фуқаро Ю.Ишмуродовга тўланган 4 802 108 сўм пенсия пулини регресс тартибда ундириб беришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилган. Жавобгардан даъвогар фойдасига 3 566 813,78 сўм пенсия тўловлари ундирилган, даъвонинг қолган қисми рад этилган.
Кассация инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Аниқланишича, 1978 йилда Клубда ишлаган Ю.Ишмурадов мотокросс машғулотларини ўтказиш жараёнида бахтсиз ҳодиса оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотган. Ижтимоий таъминот бўлимининг 1980 йил 8 февралдаги қарори билан унга 3-гуруҳ ногиронлиги бўйича пенсия тайинланган.
Даъвогар томонидан фуқаро Ю.Ишмурадовга 2010 йил 1 январдан 2014 йил 1 майга қадар жами 4 802 108 сўм пенсия тўланган.
«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 66-моддасига мувофиқ, мулк шаклидан қатъи назар, корхоналар ва ташкилотлар корхонанинг айби билан меҳнатда майибланиш ёки касб касаллиги оқибатидаги ногиронлик учун тайинланган пенсияларни тўлаш, шунингдек ходим ушбу Қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган пенсия ёшига тўлгунга қадар ушбу Қонун 12-моддасининг «б» — «ж» бандларига мувофиқ тайинланган пенсияларни тўлаш учун иш ҳақи тўлашга мўлжалланган маблағлар ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига харажатларни қопловчи пул ўтказадилар.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 февралдаги 60-сонли Қарори билан тасдиқланган «Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш Қоидалари»га кўра иш берувчи унинг ҳудудида ва унинг ташқарисида, шунингдек иш берувчи берган транспортда ишга келиш ёки ишдан кетиш вақтида ходимнинг соғлиғига меҳнат жароҳати билан етказилган зарар учун иш берувчи моддий жавобгар бўлиши белгиланган.
Ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар жавобгар томонидан даъво муддатини қўллаш сўралган.
Биринчи инстанция суди томонидан даъво муддати қўлланилиб, даъво қисман қаноатлантирилган. Суд даъво талабининг даъво муддати ўтмаган даврда, яъни охирги уч йилда тўлаб берилган пенсия тўловларини ундириш ҳақида тўғри хулосага келган. Бироқ, суд ҳал қилув қарорини асослантиришда ФК 163-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига таяниб хатоликка йўл қўйган. ФКнинг 163-моддаси даъво муддати жорий қилинмайдиган талабларга нисбатан қўлланилади.
Мазкур ишдаги низога нисбатан ФКнинг 163-моддаси татбиқ қилинмайди, балки бундай низолар бўйича ФКнинг 150-моддасида назарда тутилган умумий даъво муддати қўлланилади.
6. ФК 152-моддасининг биринчи қисмига кўра даъво муддатлари ва уларни ҳисоблаш тартиби тарафларнинг келишуви билан ўзгартирилиши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг Тошкент вилоят ҳудудий бошқармаси ДАТ «Асака» банки Сирғали филиали манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, 2003 йил 23 январдаги кредит шартномасини бекор қилишни ва «Osiyo Trans Avto» МЧЖ, «Мадад» суғурта компанияси ва «Sergeli Avtotexservis» ОАЖдан 77 318 349 сўм кредит қарзи ҳамда 10 568 196 сўм фоизни ундиришни сўраган.
Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, 2003 йил 23 январда ДАТ «Асака» банки Сирғали филиали ва «Osiyo Trans Avto» МЧЖ ўртасида кредит шартномаси тузилган. Унга кўра банк қарздорга 36 ой муддатга 10 дона «Нексия» русумли автомашинани сотиб олиш учун йиллик 30 фоиз устама ҳақи тўлаш шарти билан 106 312 730 сўм кредит маблағи ажратган. Ажратилган кредит маблағини ўз вақтида қайтарилишини таъминлаш мақсадида банк, «Osiyo Trans Avto» МЧЖ ва «Мадад» суғурта компанияси ўртасида 2003 йил 3 январда «Гаров билан таъминланмаган кредитнинг қайтарилмаслик хатарини суғурталаш тўғрисида» суғурта шартномаси тузилган. Унга кўра суғурталовчи томонидан 53 156 365 сўм қийматдаги суғурта полиси тақдим қилинган. Шунингдек, кредит шартномаси бўйича «Osiyo Trans Avto» МЧЖ ўз мажбуриятининг бажарилишини таъминлаш учун банк, «Osiyo Trans Avto» МЧЖ ва «Sergeli Avtotexservis» ОАЖ ўртасида 2012 йил 5 декабрда кафиллик шартномаси тузилган. Унга асосан «Sergeli Avtotexservis» ОАЖ кафил сифатида 80 000 000 сўмга кафиллик тақдим қилган.
«Osiyo Trans Avto» МЧЖ ўз мажбуриятларини тегишли равишда бажармаган. Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг Тошкент вилоят ҳудудий бошқармаси банк манфаатида 2012 йил январь ойида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Иш кўрилиши жараёнида банк суғурталовчи — «Мадад» суғурта компаниясига нисбатан билдирилган талабдан воз кечган. Кафил — «Sergeli Avtotexservis» ОАЖ эса унга нисбатан талаб ФКнинг 298-моддасига биноан кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажариш муддати келган кундан бошлаб бир йил давомида тақдим қилиниши лозим бўлганлигини, аммо банк ушбу муддат давомида даъво билан судга мурожаат қилмаганлигини важ қилиб, даъво муддати ўтганлиги сабабли даъвони рад этишни сўраган.
Биринчи инстанция суди банкнинг суғурталовчига нисбатан даъводан воз кечишини қабул қилиб, унга нисбатан иш юритишни тугатган. «Osiyo Trans Avto» МЧЖ ва «Sergeli Avtotexservis» ОАЖдан 77 318 349 сўм кредит қарзи ҳамда 10 568 196 сўм устама фоизини ундириш қисми бўйича даъво муддатини қўллаб, даъвони рад этган.
Апелляция инстанцияси судининг қарори билан суднинг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъвони тўлиқ қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилинган. Кафилга билдирилган талабга нисбатан даъво муддати қўлланилмаслигига кафиллик шартномасининг 3.1-бандида шартноманинг амал қилиш муддати қарздорлик (кредит, комиссия, фоиз ва пеня) тўлиқ тўлаб берилгандан сўнг тугаши белгиланганлигини асос қилиб кўрсатган.
Апелляция инстанцияси суди моддий ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаган.
ФКнинг 149,150-моддаларига кўра, даъво муддати — шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддатдир. Умумий даъво муддати - уч йил.
Банк ва «Osiyo Trans Avto» МЧЖ ўртасида тузилган кредит шартномасининг 2.5-бандига биноан кредит суммаси график асосида 2006 йил 23 январга қадар қайтарилиши лозим. Яъни, кафиллик шартномасининг 3.1-бандида шартноманинг амал қилиш муддати қарздорлик (кредит, комиссия, фоиз ва пеня) тўлиқ тўлаб берилгандан сўнг тугаши белгиланган бўлсада, банк кафилга нисбатан 2006 йилнинг 23 январидан бошлаб уч йил давомида, яъни умумий уч йиллик даъво муддатида талаб билдириши лозим эди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги «Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги қарори 36-бандининг иккинчи қисмига кўра асосий мажбурият бўйича даъво муддатларининг ўтиши кафилни жавобгарликка тортишни истисно қилади.
Ваҳоланки, ФК 152-моддасининг биринчи қисмига кўра даъво муддатлари ва уларни ҳисоблаш тартиби тарафларнинг келишуви билан ўзгартирилиши мумкин эмас.
7. ФК 153-моддасининг иккинчи қисмига кўра даъво муддати суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ қўлланади.
Даъвогар «Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ Учқўрғон туман электр тармоқлари корхонаси 2014 йил 3 ноябрда хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар «Шалдирама» МФЙдан 148 975 200 сўм ундиришни сўраган.
Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, Учқўрғон туман электр тармоқлари корхонаси ва «Шалдирама» МФЙ электр энергияси таъминоти шартномаси тузилган. «Шалдирама» МФЙ электр энергиясидан фойдаланишда шартномада шартларини бузган ҳолда қоидабузарликка йўл қўйган. Натижада, даъвогар ходимлари томонидан 2011 йил 3 августда далолатнома расмийлаштирилган. Унда ҳисобга олинмаган электр энергияси қайта ҳисоб-китоб қилиниб, жавобгарга 148 975 200 сўм қарздорлик ҳисобланган. Бироқ, жавобгар ушбу қарздорликни ихтиёрий тўлаб бермаганлиги учун даъвогар судга мурожаат қилган.
Биринчи инстнация судининг ҳал қилув қарори билан даъво рад этилган ва бунга асос қилиб даъвогар ФКнинг 150-моддасида белгиланган умумий уч йиллик даъво муддатини ўтказиб юборилганлиги кўрсатилган.
Бироқ, жавобгар даъво муддатини қўллаш тўғрисида судга ариза бермаган ва бу ҳақда оғзаки мурожаат ҳам қилмаган.
Суд эса, ўз ташаббуси билан даъво муддатини қўллаб, даъвони рад этган.
Ваҳоланки, ФК 153-моддасининг иккинчи қисмига кўра даъво муддати суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ қўлланади.
Худди шундай хатоликка 16-1406/13272, 16-1406/13273, 16-1406/13274-сонли ишларни кўришда ҳам йўл қўйилган.
Яна бир мисол.
Даъвогар Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Учтепа туман бўлими хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар «Фотон» АЖ дан 13 800 662 сўм ундиришни сўраган.
Даъво аризасидан кўринишича, 1942 йилда туғилган фуқаро А. Усманов «Фотон» АЖда меҳнат фаолиятини олиб бораётган вақтда касб касаллигига чалинган. Тиббий меҳнат экспертиза комиссияси томонидан 1994 йил 23 февралда берилган маълумотномага асосан у 2-гуруҳ ногиронлик нафақасига чиқарилган. Шу боис, фуқаро А.Усманов Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳисобидан 1994 йилдан бошлаб ҳар ойда пенсия олиб келган. Унга Пенсия жамғармаси ҳисобидан 2010 йилнинг январь ойидан 2014 йилнинг октябрь ойига қадар жами 13 800 662 сўм тўланган.
Пенсия жамғармаси жавобгарга талабнома юбориб, унда фуқаро А.Усмановга тўлаб берилган суммани қоплаб беришни сўраган. Бироқ жавобгар томонидан талабнома оқибатсиз қолдирилган. Шу сабабли даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Ишни кўриш жараёнида жавобгар судга даъво аризаси юзасидан фикр-мулоҳаза тақдим этиб унда талаб асоссиз эканлигини, даъвогар бундай талаб билан биринчи марта 2014 йил 20 ноябрда мурожаат қилганлигини, даъво суммаси 2010 йилнинг январь ойидан 2014 йилнинг октябрь ойига қадар ҳисобланганлигини, аммо Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми 2003 йил 19 декабрдаги 18-сонли қарорининг 6-бандида меҳнат жароҳати туфайли касб лаёқати йўқотилгандан ёки боқувчининг вафотидан сўнг уч йилдан кейин келтирилган даъво талаблари, ариза берилган кунидан олдинги кўпи билан уч йил бўйича қондирилиши белгиланганлигини баён этган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 13 800 662 сўм ундирилган.
Ҳал қилув қароридан норози бўлиб, жавобгар томонидан апелляция шикояти берилган. Унда даъво муддати ўтказиб юборилганлиги ва даъвогар уни тиклашни сўрамаганлиги сабабли ҳал қилув қарори бекор қилиниши ва иш бўйича иш юритиш тугатилиши лозимлиги кўрсатилган.
Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгартирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 10 307 348 сўм ундирилган. Бундай хулосага келишда ФКнинг 149 ва 150-моддаларига кўра умумий даъво муддати уч йил эканлиги, биринчи инстанцияси суди томонидан жавобгарнинг даъво муддатини қўллаш ҳақидаги илтимосномаси асоссиз рад қилинганлиги, даъво аризасида 2010 йилнинг январь ойидан 2011 йилнинг декабрь ойига қадар ҳисобланган сумма даъво муддати ўтганлиги сабабли ундирилмаслиги лозимлиги асос қилиб кўрсатилган.
ФКнинг 153-моддасига кўра, бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилиш талаби даъво муддатининг ўтганлигидан қатъи назар судда кўриб чиқиш учун қабул қилинади. Даъво муддати суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ қўлланади. Қўлланиш тўғрисида низодаги тараф баён қилган даъво муддатининг ўтиши суднинг даъвони рад этиш ҳақида қарор чиқариши учун асос бўлади.
Бироқ иш ҳужжатларидан кўринишича, жавобгар судга даъво муддатини қўллаш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилмаган. Жавобгар томонидан тақдим қилинган фикр-мулоҳазадаги «даъво суммаси 2010 йилнинг январь ойидан 2014 йилнинг октябрь ойига қадар ҳисобланган, аммо Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми 2003 йил 19 декабрдаги 18-сонли қарорининг 6-бандида меҳнат жароҳати туфайли касб лаёқати йўқотилгандан ёки боқувчининг вафотидан сўнг уч йилдан кейин келтирилган даъво талаблари, ариза берилган кунидан олдинги, кўпи билан уч йил бўйича қондирилиши белгиланган» деган важларини даъво муддатини қўллаш ҳақидаги ариза деб баҳолаб бўлмайди,чунки ФК 153-моддасининг иккинчи қисмига асосан жавобгар суд қарор чиқаргунича суддан даъво муддатини қўллашни сўраши лозим.
8. Суд низони мазмунан ҳал қилишдан олдин даъво муддатини қўллаш ёки қўлламаслик масаласини ҳал этади. Агар суд даъво муддатини қўлласа, иш мазмунан кўрилмайди.
Даъвогар «Толмас Саман» ИЧСФнинг тугатиш бошқарувчиси хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар «Ласточка» кредит уюшмасидан 16 945 000 сўм ундиришни сўраган.
Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, суднинг 2012 йил 14 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан «Толмас Саман» ИЧСФ банкрот деб топилиб, тугатишга доир иш юритиш бошланган. ИЧСФнинг тугатиш бошқарувчиси томонидан корхонанинг молиявий аҳволи таҳлил қилинганда, «Ласточка» кредит уюшмасига 2008 йил 12 сентябрда 700 000 сўм, 2008 йил 25 октябрда 300 000 сўм, 2009 йил 2 июнда 15 945 000 сўм пул маблағлари депозитни кўпайтириш учун ўтказиб берилганлиги аниқланган. Бироқ ушбу пул маблағлари кредит уюшмаси томонидан қайтариб берилмаган. Шу сабабли «Толмас Саман» ИЧСФнинг тугатиш бошқарувчиси 2013 йил 28 февралда хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Иш кўрилиши жараёнида «Ласточка» кредит уюшмаси судга ариза билан мурожаат қилиб, кредит уюшмасининг «Толмас Саман» ИЧСФдан қарзи мавжуд эмаслиги, 2010 йил 9 февралда фирма кредит уюшмаси аъзолигидан чиқарилганлиги, шунингдек даъво муддати ҳам ўтиб кетганлигини маълум қилиб, уни қўллаб, даъвони рад этишни сўраган.
Биринчи инстанция суди томонидан иш мазмунан кўриб чиқилиб, кредит уюшмаси томонидан «Толмас Саман» ИЧСФ раҳбарининг мурожаатига асосан 16 945 000 сўмлик пул маблағлари тегишли шахсларга ўтказиб берилганлиги аниқланган. Кредит уюшмасининг «Толмас Саман» ИЧСФдан қарзи мавжуд эмаслиги сабабли даъво муддатини қўллаш тўғрисидаги аризани қаноатлантириш рад этилган. Шу билан бирга, даъво талабини қаноатлантириш ҳам рад этилган.
Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.
ФКнинг 153-моддасига кўра, бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилиш талаби даъво муддатининг ўтганлигидан қатъи назар, судда кўриб чиқиш учун қабул қилинади. Даъво муддати суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ қўлланади. Қўлланиш тўғрисида низодаги тараф баён қилган даъво муддатининг ўтиши суднинг даъвони рад этиш ҳақида қарор чиқариши учун асос бўлади.
Мазкур ҳолатда суд низони мазмунан ҳал қилишдан олдин даъво муддатини қўллаш ёки қўлламаслик масаласини ҳал этиб, агар даъво муддатини қўлласа иш мазмунан қўрилмаслиги керак.
Яна бир мисол.
Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси жавобгарлар — «Техноиндустрия» ШК ва «СМС» МЧЖга нисбатан даъво аризаси билан мурожаат қилиб, кўчмас мулкни сотиш ҳақида «Техноиндустрия» ШК ва «СМС» МЧЖўртасида 2007 йил 24 апрелда тузилган олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, Инвестор харажатларини қоплаш мақсадида давлат томонидан мулкдор сифатида «Техноиндустрия» ШКга кўчмас мулк топширилган. Кўчмас мулкни топшириш «ЎзПГС» АЖ акциядорларининг 1998 йил 4 сентябрдаги умумий йиғилиши қарори асосида Давлат мулк қўмитасининг 1998 йил 19 ноябрдаги 178к-пр-сонли буйруғига мувофиқ расмийлаштирилган.
Бироқ, инвесторнинг харажатлари ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топмаганлиги сабабли Тошкент шаҳар хўжалик судида 2011 йил 12 апрелда 10-1021/8326-сонли хўжалик иши бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорига асосан 1998 йил 4 сентябрдаги умумий йиғилиш қарори ҳақиқий эмас деб топилган.
Шунингдек, Тошкент шаҳар хўжалик судининг 2009 йил 16 сентябрдаги 10-0715/12379-сонли хўжалик иши бўйича чиқарилган ҳал қилув қарори билан «Ўзиталмотор», «Такфа», «Тошкент мотор заводи» ва «Ипак Йўли» АЖлари таъсисчиларининг 1998 йил 23-24 июндаги умумий йиғилиш қарори «Ўзиталмотор» АЖнинг устав фонди шакллантирилмаганлиги боис ҳақиқий эмас деб топилган.
Шу сабабли, Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси «Техноиндустрия» ШК ва «СМС» МЧЖга нисбатан даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Жавобгар «СМС» МЧЖ судга даъво муддатини қўллаш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилган.
Биринчи инстанция судининг 2014 йил 29 августдаги ҳал қилув қарори билан жавобгарнинг даъво муддатини қўллаш тўғрисидаги аризаси қаноатлантирилиб, талабга нисбатан даъво муддати қўлланилиб Қўмитанинг даъвоси рад этилган.
Низоли олди-сотди шартномасини тузишга акциядорлик жамиятлари таъсисчилари ва акциядорларининг 1998 йилдаги умумий йиғилиш қарорлари асос бўлиб, ушбу йиғилиш қарорлари хўжалик суди томонидан 2009 йил 16 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан Қўмитанинг даъвоси асосида ҳақиқий эмас деб топилган. Шу сабабли, суд Қўмита 2009 йилда низоли шартноманинг ноқонунийлиги ҳақида билган ва билиши лозим бўлган деб ҳисоблаб, даъво муддатини қўллаш ҳақида қонуний тўхтамга келган. Бироқ ишнинг мазмунига кириб, қўмита томонидан олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш учун даъвода келтирилган важларнинг нотўғрилигига ҳуқуқий баҳо бериб, суд хатоликка йўл қўйган. Чунки ФК 153-моддасининг учинчи қисмига кўра қўлланиш тўғрисида низодаги тараф баён қилган даъво муддатининг ўтиши суднинг даъвони рад этиш ҳақида қарор чиқариши учун асос бўлади.
Шу боис, кассация инстанциясининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгартирилган: унинг асослантирувчи қисмидан Қўмитанинг даъвоси асоссизлиги ҳақидаги сўзлар чиқариб ташланган.
9. Агар суд даъво муддатини қўллаш тўғрисидаги аризани қаноатлантирса, талабнинг даъво муддати ўтган қисмини қаноатлантириш рад этилади.
Даъвогар Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Наманган шаҳар бўлими 2014 йил 11 ноябрда хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгар «Наманганвино» АЖдан тўланган 12 253 455сўм пенсия тўловларини регресс тартибида ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 10 613 086 сўм ундирилган.
Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, фуқаро Х.Дедабаев 1984 йил 30 августда меҳнат вазифасини бажариш вақтида майибланган. Даъвогар фуқаро Х.Дедабаевга меҳнатда майибланганлиги учун Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2010 йил 1 январдан 2014 йил 1 ноябрь ҳолатига 12 253 455 сўм тўлаб берган.
«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуни 66-моддасининг иккинчи қисмига кўра мулк шаклидан қатъи назар, корхоналар ва ташкилотлар корхонанинг айби билан меҳнатда майибланиш ёки касб касаллиги оқибатидаги ногиронлик учун тайинланган пенсияларни тўлаш, шунингдек ходим ушбу Қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган пенсия ёшига тўлгунга қадар ушбу Қонун 12-моддасининг «б» — «ж» бандларига мувофиқ тайинланган пенсияларни тўлаш учун иш ҳақи тўлашга мўлжалланган маблағлар ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига харажатларни қопловчи пул ўтказадилар.
Бироқ, Жамғарма томонидан фуқаро Х.Дедабаевга тўлаб берилган пенсия тўловлари жавобгар томонидан қопланмаган. Шу сабабли, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Наманган шаҳар бўлими хўжалик судига мурожаат қилган.
Жавобгар даъво муддатини қўллаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилган.
Суд жавобгарнинг аризасини қаноатлантирган ва даъво муддатини қўллаган.
ФКнинг 150-моддасига асосан умумий даъво муддати – уч йил.
Бироқ, умумий даъво муддати уч йил бўлсада, суд талабнинг даъво аризаси берилгунга қадар тўланган уч йиллик пенсия тўловларини қоплаш қисмини қаноатлантирмасдан, балки уч йил ўн ойда (2011 йил январдан 2014 йил ноябрга қадар) тўланган қисмини қаноатлантирган.
Шу сабабли суд талабнинг даъво муддати ўтмаган қисмида, яъни Х.Дедабаевга 2011 йил ноябрдан 2014 йил ноябрга қадар тўлаб берилган 9 011 649 сўм пенсия тўловларини жавобгардан ундириши лозим эди.
10. ФК 154-моддасининг биринчи қисмига асосан даъво муддати шахс ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан ўта бошланади. Бунда, шахс деганда фуқаролик муносабатларининг тарафлари тушунилади.
Даъвогар «Parma Servis» МЧЖ хўжалик судига 2014 йил август ойида даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар «Тоштрансмаҳсусқурилиш» МЧЖдан 40 000 000 сўм асосий қарз ва 12 000 000 сўм пеня ундиришни сўраган.
Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, 2011 йил 23 майда тарафлар ўртасида пудрат шартномаси тузилган. Ушбу шартнома шартларини бажариш мақсадида жавобгарга 2011 йил 23 майдаги 229-сонли тўлов топшириқномаси билан аванс сифатида 40 000 000 сўм ўтказиб берилган. Аммо жавобгар томонидан шартнома мажбуриятлари бузилган Шу сабабли, жавобгар томонидан мажбурият бажарилиши кечиктирилган ҳар бир кун учун 0,4 фоиз миқдорида, яъни 12 000 000 сўм пеня ҳисобланган.
Иш кўрилиши жараёнида жавобгар даъво муддатини қўллаб, даъвони рад этишни сўраган.
Даъвогар даъво муддати қўлланишига эътироз билдириб, корхонанинг бош бухгалтери тез-тез алмашиб турганлиги сабабли даъво муддати ўтказиб юборганлиги учун даъво муддатини ўтказиб юбориш сабабларини узрли деб ҳисоблаб, уни тиклашни сўраган.
Биринчи инстанция суди даъво муддатини тиклаш ҳақидаги аризани қаноатлантиришни рад этиб, даъво муддатини қўллаш тўғрисидаги аризани қаноатлантирган ва даъво муддатини қўллаб, даъвони рад этган.
Суднинг ҳал қилув қарорида ФК 154-моддасининг биринчи қисмига асосан даъво муддати шахс ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан ўта бошлаши, корхона бош бухгалтерини алмашиб туриши ўтказиб юборилган даъво муддатини узрли деб ҳисоблашга сабаб бўлмаслиги асос қилиб кўрсатилган.
Биринчи инстанция суди моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаганлиги сабабли аппеляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.
Яна бир мисол.
Даъвогар «Umid-Axror Fayz» ХК хўжалик судига 2014 йил январь ойида даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар ОАТБ «Агробанк»дан 20 000 000 сўм асоссиз ечиб олинган пул маблағларини ва 2 998 410 сўм жаримани ундиришни сўраган.
Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, 2011 йил 28 мартда ДСИ томонидан «Umid-Axror Fayz» ХК ва «UzGazOil» МЧЖ ўртасида амалга оширилган тўловлар бўйича текшириш ўтказилган. Текширишда ОАТБ «Агробанк» томонидан 2008 йил 30 ноябрда даъвогарнинг ҳисобварағидан асоссиз «UzGazOil» МЧЖнинг ҳисобварағига 1 000 000 000 сўм пул маблағлари ўтказилганлиги ва банк ўз фойдасига 20 000 000 сўм кўрсатилган хизматлар учун пул маблағи ечиб олган, кейинчалик эса, «UzGazOil» МЧЖ томонидан 1 000 000 000 сўм ХКга қайтариб берилган. Шу сабабли, ХК судга мурожаат қилиб, банкдан асоссиз ечиб олинган 20 000 000 сўмни қайтаришни ҳамда Марказий банк томонидан тасдиқланган 2001 йил 30 июнда 1044-сон билан Адлия вазирлигида рўйхатга олинган Низомга асосан 2 998 410 сўм жарима ундиришни сўраган.
Жавобгар судга даъво муддати ўтганлиги сабабли даъвони рад этиш ҳақида ариза берган. Даъвогар жавобгарнинг даъво муддатини қўллаш ҳақидаги аризасига эътироз билдириб, банк томонидан асоссиз амалга оширилган 1 000 000 000 сўмлик операция учун 20 000 000 сўм пул маблағи ечиб олганлигини 2011 йил 28 мартда ДСИ томонидан ўтказилган текшириш вақтида билганлигини баён қилган.
Ҳал қилув қарори билан даъво муддати ўтганлиги сабабли даъвони қаноатлантириш рад этилган.
Иш апелляция ва кассация инстанцияси судларида кўрилмаган.
ФК 154-моддасининг биринчи қисмига биноан даъво муддати шахс ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан ўта бошлайди.
Суднинг ҳал қилув қарорига кўра, даъвогар ва «UzGazOil» МЧЖ ўртасида шартнома мавжуд бўлмасада, банк томонидан 1 000 000 000 сўм даъвогарнинг ҳисобварағидан «UzGazOil» МЧЖга ўтказиб берилган. Бу операция учун банк ўз фойдасига 20 000 000 сўм пул маблағларини ечиб олган, ушбу ҳолат юзасидан даъвогарнинг собиқ раҳбари А.Рихсиев банк бошқарувчиси Ш. Бўтаевга арз қилган. Бундан кўринадики, даъвогар банк томонидан унинг ҳисобварағидан 20 000 000 сўм пул маблағи ечиб олганлигидан 2008 йилнинг декабрь ойида хабардор бўлган.
Шу боис, суд даъвогарнинг даъво муддатини қўллаш ҳақидаги аризасини қаноатлантирган.
11. Даъво муддатининг ўта бошлаши шартнома тарафи бўлган шахс банкрот деб топилиб, суд бошқарувчиси тайинланган кундан эмас, балки шартноманинг ушбу тарафи ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан ўта бошлайди.
«Тошкент тўқимачи комбинати» АЖ тугатиш бошқарувчиси хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Тошкент тўқимачи комбинати» АЖ, ТИФ Миллий банки ва «Tosh Ross Textil» МЧЖ ўртасида 2007 йил 31 мартда тузилган битимни ҳақиқий эмас деб топишни ва битимни ҳақиқий эмаслиги оқибатини қўллашни сўраган.
Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, 2007 йил 31 мартда ТИФ Миллий банки, «Тошкент тўқимачи комбинати» АЖ ва «Tosh Ross Textil» МЧЖ ўртасида келишув тузилган. Унга кўра «Tosh Ross Textil» МЧЖ даъвогар томонидан кредит маблағларига сотиб олинган ускуналарни ўзига қабул қилиб олиши ва бунинг эвазига «Тошкент тўқимачи комбинати» АЖнинг банк олдидаги кредит қарзларини тўлаб бериш мажбуриятини олган.
Хўжалик судининг 2010 йил 22 июндаги ҳал қилув қарори билан даъвогар банкрот деб топилиб, тугатишга доир иш юритиш бошланган ва тугатиш бошқарувчиси тайинланган.
2013 йилнинг февраль ойида тугатиш бошқарувчиси хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, юқорида қайд қилинган уч томонлама битимни ҳақиқий эмас деб топишни ва битимни ҳақиқий эмаслиги оқибатини қўллашни сўраган.
Иш кўрилиши жараёнида банк ва «Tosh Ross Textil» МЧЖ даъво муддати ўтганлиги сабабли даъвони рад этишни сўраган.
Суд бошқарувчиси даъво муддати қўлланишига эътироз билдириб, ФКнинг 154-моддасига биноан даъво муддати шахс ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан ўта бошлаши, «Тошкент тўқимачи комбинати» АЖ банкрот деб топилгандан кейин у тайинланганлигини, шундан кейингина у бундай битим тузилганлигидан хабардор бўлганлигини маълум қилиб, даъво муддатини ўтказиб юбориш сабабларини узрли деб топиб, уни тиклашни ва даъвони қаноатлантиришни сўраган.
Биринчи инстанция суди даъво муддатини тиклаш ҳақидаги аризани қаноатлантиришни рад этиб, даъво муддатини қўллаш тўғрисидаги аризани қаноатлантирган ва даъво муддатини қўллаб, даъвони рад этган.
Суд бундай хулосага келишига ФК 154-моддасининг биринчи қисмига асосан даъво муддати шахс ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан ўта бошлашини, шахс деганда фуқаролик муносабатларининг тарафлари тушунилишини, мазкур ҳолатда бундай тараф суд бошқарувчиси эмас, балки «Тошкент тўқимачи комбинати» АЖ ҳисобланилишини, битим тузилган пайтдан судга даъво билан мурожаат қилгунга қадар 6 йил ўтганлигини асос қилиб келтирган.
Биринчи инстанцияси суди моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаганлиги сабабли аппеляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.
12. Агар даъво аризаси суд томонидан қайтарилган бўлса, даъво қўзғатилгунга қадар ўта бошлаган даъво муддати умумий тартибда давом этади.
Даъвогар «Навоий кон-металлургия комбинати» ДУК хўжалик судига 2012 йил март ойида даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар «Ўзбекистон темир йўллари» ДАТКдан 3 391 960 сўм жаримани ундиришни сўраган.
Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, «Ўзбекистон темир йўллари» ДАТКнинг «Тинчлик» бекатидаги 090979 ва 290987-сонли вагонларни топшириш ва қайта қабул қилиш тўғрисидаги қайдномасига асосан 2011 йилнинг сентябрь ойида «Тинчлик» бекатида туриб қолган вагонлар учун 3 391 960 сўм жарима ҳисобланиб, «Навоий кон-металлургия комбинати» ДУКнинг ҳисоб рақамидан ечиб олинган.
Жавобгар даъвогарнинг ҳаракатидан норози бўлиб 2011 йилнинг 17 ноябрида талабнома юбориб пул маблағларини қайтаришни сўраган. Жавобгар талабномага 2011 йил 31 декабрдаги хат билан рад жавоби берган. Ушбу хат даъвогар томонидан 2012 йил 10 январда қабул қилиб олинган.
Шу сабабли, даъвогар хўжалик судига 2012 йил 6 февралда даъво аризаси билан мурожаат қилган. Хўжалик судининг 2012 йил 10 февралдаги ажрими билан даъво аризаси қайтарилган.
Даъвогар 2012 йил 16 мартда қайтадан даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унга ўтказиб юборилган даъво муддатини узрли деб топиш ва даъво муддатини тиклаш ҳақидаги аризани илова қилган. Аризада даъво аризаси аввалроқ берилганлиги, аммо суд (почта) харажати бошқа ҳисоб рақамига ўтказилганлиги сабабли ХПК 118-моддасининг 5-бандига асосан қайтарганлиги, ҳозирда камчилик бартараф этилиб қайтадан мурожаат қилинганлиги важ қилиб келтирилган.
Иш кўрилиши жараёнида жавобгар даъво муддати ўтганлиги сабабли даъво муддатини қўллаб, даъвони рад этишни сўраган.
Биринчи инстанция суди даъво муддатини тиклаш ҳақидаги аризани қаноатлантиришни рад этиб, даъво муддатини қўллаш тўғрисидаги аризани қаноатлантирган ва даъвони рад этган.
Суд даъво муддатини қўллашга ФКнинг 150 ва 151-моддаларига кўра умумий даъво муддати уч йил, айрим турдаги талаблар учун қонунларда умумий даъво муддатига қараганда қисқартирилган ёки узайтирилган махсус даъво муддатлари белгиланиши мумкинлигини, Ўзбекистон Республикаси Темир йўл уставининг 115-моддасига биноан темир йўлга нисбатан даъвогар фақат эътирозни қаноатлантиришни тўлиқ ёки қисман рад этиш тўғрисидаги жавоб олингандан сўнг икки ой давомида ваколатли судга бериши мумкинлигини, ФК 158-моддасининг биринчи қисмида, агар даъво суд томонидан кўрилмасдан қолдирилган бўлса, даъво қўзғатилгунга қадар ўта бошлаган даъво муддати умумий тартибда давом этиши белгиланганлигини асос қилиб келтирган.
13. Даъво муддатининг ўтиши мажбур шахс қарзни тан олганлигини кўрсатувчи ҳаракатларни қилиши билан узилади.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг Тошкент вилоят ҳудудий бошқармаси «Hermest Plast» МЧЖ манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетидан 17 889 807 сўм ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция суднинг ҳал қилув қарори билан даъвони қаноатлантириш рад этилган.
Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.
Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, МЧЖ ва университет ўртасида 2009 йил 12 ноябрда пудрат шартномаси тузилган. Унга кўра МЧЖ ўз зиммасига 23 323 083 сўмлик қурилиш ишларини бажариш мажбуриятини олган.
2009 йил 20 ноябрда тарафлар ўртасида шартномага қўшимча келишув имзоланиб, унда бажариладиган ишларнинг қиймати 38 300 000 сўм миқдорида белгиланган.
Бажарилган ишларни топшириш қабул-қилиш далолатномаларида МЧЖ томонидан 38 266 323 сўмлик ишлар амалга оширилганлиги қайд этилган.
Тошкент шаҳар Яккасарой туман прокуратурасининг топшириқ хати асосида ОАТБ «Ўзсаноатқурилишбанк» томонидан ўтказилган назорат ўлчови хулосасига кўра Ф-2 далолатномаларидаги бажарилган иш ҳажми билан ҳақиқий ўлчов ҳажми таққосланганда 20 375 516 сўм бажарилган иш ҳажми чиқариб ташланган. Натижада ҳақиқий бажарилган ишлар қиймати 17 889 807 сўм миқдорида белгиланган.
Жавобгар томонидан бажарилган ишлар ҳақи тўлаб берилмаганлиги сабабли даъвогар 2014 йилнинг февраль ойида судга даъво билан мурожаат қилган.
Иш кўрилиши жараёнида жавобгар судга ариза тақдим этиб, даъво муддати ўтганлиги сабабли даъвони рад этишни сўраган. Суд ушбу аризани қаноатлантириб, даъвони рад этиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилган.
Шартноманинг 2-бандида бажарилган ишларнинг қиймати бажарилган ишларни топшириш қабул-қилиш далолатномалари асосида тўлаб берилиши белгиланган.
Тарафлар томонидан бажарилган ишларни топшириш қабул-қилиш далолатномалари 2009 йилнинг ноябрь ойида расмийлаштирилган.
Шу боис, суд даъво муддатини бошланиш вақтини 2009 йилнинг декабрь ойидан ҳисоблаган ва уч йиллик даъво муддати ўтганлиги сабабли даъвони қаноатлантиришни рад этган.
Бироқ биринчи инстанция суди МЧЖ ва университет ўртасида 2012 йил 24 апрель ва 24 декабрда таққослаш далолатномаси имзоланганлигига эътибор бермаган.
Ваҳоланки, ФКнинг 157-моддасига кўра даъво муддатининг ўтиши белгиланган тартибда даъво қўзғатилиши билан, шунингдек мажбур шахс қарзни тан олганлигини кўрсатувчи ҳаракатларни қилиши билан узилади. Узилишдан кейин даъво муддатининг ўтиши янгидан бошланади, узилишгача ўтган вақт эса - янги муддатга қўшилмайди.
Шу боис, кассация инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш кўриб чиқилган ва тарафлар ўртасида тузилган пудрат шартномаси ҳамда қўшимча келишув белгиланган тартибда Ғазначиликда рўйхатга олинмаганлиги асос қилиниб даъвони рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилинган.
14. Ходимлар масъулиятсизлиги натижасида даъво муддатининг ўтиб кетганлиги узрли сабаб ҳисобланмайди ва даъво муддатини тиклашга асос бўлмайди.
Даъвогар Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Наманган шаҳар бўлими (Жамғарма) 2013 йил 3 июлда хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар «Нотўқимачи» АЖдан тўланган16 006790сўм пенсия пулини регресс тартибида ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2014 йил 22 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 10 613 086 сўм ундирилган.
Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, «Нотўқимачи» АЖда содир бўлган бахтсиз ходиса туфайли жамият ходимлари М.Рахмонов, М.Исаков, Т.Хашимов, А.Исамиддинов ва М.Тошпўлатовлар ногирон бўлиб қолганлар. Мазкур шахсларга Жамғарма маблағлари ҳисобидан пенсия пуллари тўланган. 2010 йил январь ойидан 2013 йилнинг май ойига қадар тўлаб берилган 16 006 790 сўм пенсия пуллари «Нотўқимачи» АЖ томонидан Жамғармага ўтказилмаган.
«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуни 66-моддасининг иккинчи қисмига кўра мулк шаклидан қатъи назар, корхоналар ва ташкилотлар корхонанинг айби билан меҳнатда майибланиш ёки касб касаллиги оқибатидаги ногиронлик учун тайинланган пенсияларни тўлаш, шунингдек ходим ушбу Қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган пенсия ёшига тўлгунга қадар ушбу Қонун 12-моддасининг «б» — «ж»-бандларига мувофиқ тайинланган пенсияларни тўлаш учун иш ҳақи тўлашга мўлжалланган маблағлар ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига харажатларни қопловчи пул ўтказадилар.
Шу сабабли Жамғарма хўжалик судига мурожаат қилган.
Жавобгар даъво муддатини қўллаб, даъвони рад этиш тўғрисида ариза билан, даъвогар эса ўтказиб юборилган даъво муддатини тиклаш тўғрисидаги илтимоснома билан мурожаат қилган.
Суд жавобгарнинг аризасини қаноатлантиришни рад этиб, даъвогарнинг илтимосномасини қаноатлантирган.
ФКнинг 159-моддасига кўра башарти, суд даъво муддатининг ўтказиб юборилганлиги сабабини узрли деб топса, бузилган ҳуқуқ ҳимоя қилиниши керак. Даъво муддатини ўтказиб юбориш сабаблари даъво муддатининг охирги олти ойида, бу муддат олти ойга тенг ёки олти ойдан кам бўлса, даъво муддатида юз берган бўлса, улар узрли деб ҳисобланиши мумкин.
Мазкур ҳолатда суд ўтказиб юборилган муддатни узрли деб топиш учун жавобгар томонидан пул маблағларини ўз вақтида ўтказиб берилмаганлиги ҳолати Жамғарма директорининг буйруғига асосан ўтказилган текширишда аниқланганлиги ва Жамғарманинг ходимлари томонидан тегишли тўловларни даъво муддати даврида жавобгардан ундириш чораларини кўришда масъулиятсизликка йўл қўйилганлигини асос қилиб кўрсатган. Ваҳоланки, ходимларнинг масъулиятсизлиги даъво муддатини ўтказиб юборилганлиги учун узрли сабаб ҳисобланмайди.
15. Суд томонидан даъво муддати тикланиши учун, унинг сабаблари даъво муддатининг охирги олти ойида, бу муддат олти ойга тенг ёки ундан кам бўлса, даъво муддатида юз берган бўлиши ва ушбу ҳолат суд томонидан узрли деб топилган бўлиши лозим.
Даъвогар «Agromaks invest plus» МЧЖ тугатиш бошқарувчиси 2012 йил 8 февралда хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар «Ўрта Бўз ЯНА» ФХдан 2 000 000 сўм асосий қарз ва 2 000 000 сўм пеня ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2012 йил 6 мартдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилган.
Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, «Agromaks invest plus» МЧЖ ва «Ўрта Бўз ЯНА» ФХ ўртасида 2008 йил 25 майда олди-сотди шартномаси тузилган. Унга кўра, МЧЖ ФХга 1 дона 34 000 000 сўмлик «МТЗ-80Х» русумли тракторини 2008 йил 25 июндаги топшириш-қабул қилиш далолатномасига асосан топширган. Бироқ, фермер хўжалиги олинган трактор ҳақининг 2 000 000 сўмини тўламаган ва шартнома мажбуриятларини лозим даражада бажармаган. ФХнинг МЧЖдан қарздорлиги тарафлар ўртасида тузилган шартнома, ҳисобварақ-фактура, ишончнома, далолатнома ва ишдаги ҳужжатлар билан ўз исботини топган.
Даъво аризасига ўтказиб юборилган даъво муддатини тиклаш тўғрисида илтимоснома илова қилинган. Унда Тошкент вилоят хўжалик судининг 2011 йил 21 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан «Agromaks invest plus» МЧЖ банкрот деб топилиб, тугатишга доир иш юритиш бошланганлиги сабабли ўз вақтида судга мурожаат қилиш имконияти бўлмаганлиги важ қилиб келтирилган. Ушбу ҳолат суд томонидан узрли сабаб сифатида баҳоланиб, даъво муддати тикланган.
Бироқ биринчи инстанция суди тарафлар ўртасида шартнома 2008 йил 25 майда тузилганлигига, мулк 2008 йил 25 июнда далолатнома асосида топширилганлигига, МЧЖ эса 2011 йил 21 ноябрда банкрот деб топилганлигига эътибор бермаган.
ФКнинг 159-моддасига мувофиқ, башарти, суд даъво муддатининг ўтказиб юборилганлиги сабабини узрли деб топса, бузилган ҳуқуқ ҳимоя қилиниши керак. Даъво муддатини ўтказиб юбориш сабаблари даъво муддатининг охирги олти ойида, бу муддат олти ойга тенг ёки олти ойдан кам бўлса, даъво муддатида юз берган бўлса, улар узрли деб ҳисобланиши мумкин.
Бундан ташқари, МЧЖнинг банкрот деб топилганлиги ва тугатишга доир иш юритиш бошлангандан сўнг тугатиш бошқарувчиси томонидан қарздорлик аниқланганлиги важи даъво муддатини тиклаш учун асос бўлмайди.
16. Даъвогарнинг даъво муддатини тиклаш тўғрисидаги аризаси, агар жавобгар томонидан даъво муддатини қўллаш тўғрисида ариза берилган бўлса, ушбу ариза билан бирга муҳокама қилинади. Даъвогар даъво муддатини тиклаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилмаса, суд ўз ташаббуси билан бу масалани кўриб чиқишга ҳақли эмас. Апелляция, кассация ва назорат инстанцияларида даъво муддатини тиклаш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилмайди.
Тошкент шаҳар адлия бошқармаси «Zangiotaagrotex» МЧЖ манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Gem Group» МЧЖдан 104 000 000 сўм асосий қарз ва 52 000 000 сўм пеня ундиришни сўраган.
Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, 2009 йил 16 мартда МЧЖ ва жавобгар ўртасида шартнома тузилган. Унга кўра «Zangiotaagrotex» МЧЖ 2009 йил 17 мартда «Gem Group» МЧЖга 20 дона қиймати 104 000 000 сўм бўлган «КХУ4Б» — русумли культиваторларни етказиб берган. Шартноманинг 4.2-бандида тўлов кечиктирилган ҳар бир кун учун 0,5 фоиз, аммо амалга оширилмаган тўловнинг 50 фоизидан ошмаган ҳолда пеня тўланиши назарда тутилган. Жавобгар томонидан қабул қилиб олинган маҳсулот учун тўлов амалга оширилмаган. Шу сабабли Тошкент шаҳар адлия бошқармаси «Zangiotaagrotex» МЧЖ манфаатида хўжалик судига 2013 йил май ойида даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Иш кўрилиши жараёнида жавобгар даъво муддати ўтганлиги сабабли даъвони рад этиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилган.
Биринчи инстанция суди даъво муддатини қўллаб даъвони қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилган.
Даъвогар ҳал қилув қароридан норози бўлиб, судга апелляция шикояти билан мурожаат қилган. Унда ФКнинг 159-моддасида суд даъво муддатининг ўтказиб юборилганлиги сабабини узрли деб топса, бузилган ҳуқуқ ҳимоя қилиниши кераклиги белгиланганлигини, аммо суд даъво муддатини ўтказиб юбориш сабабларини ўрганмаганлигини важ қилиб келтирган. Шунингдек, даъво аризаси билан ўз вақтида мурожаат қилмаганлигига МЧЖнинг ҳисобварағида пул маблағлари бўлмаганлигини ва жавобгарнинг манзилини билмаганлигини, МЧЖ 2010 йилнинг март, август, октябрь ойларида ва 2013 йилнинг февраль ойида жавобгарга талабнома билан мурожаат қилганлигини, аммо ушбу талабномалар оқибатсиз қолдирилганлигини маълум қилиб, даъво муддатини тиклаб, ишни кўриб чиқишни сўраган.
Апелляция инстанцияси судининг қарори билан суднинг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Апелляция инстанцияси суди даъвогар судга ўтказиб юборилган даъво муддатини тиклаш ҳақида арз қилмаганлигини, апелляция инстанцияси судида эса бундай арз қабул қилинмаслигини, чунки ўтказиб юборилган даъво муддатини тиклаш масаласи жавобгарнинг даъво муддатини қўллаш ҳақидаги аризаси билан бирга муҳокама қилиниши лозимлигини қарорда кўрсатган.
17. Ўзбекистон Республикаси Темир йўл уставининг 156-бандига кўра юк жўнатувчи ва юкни олувчиларга нисбатан ушбу уставдан келиб чиққан даъво аризалари хўжалик судига 6 ой ичида тақдим этилиши мумкин. 6 ойлик муддат юк ташиш режасини бажармаганлик учун жарима ундириш белгиланганда – жаримани тўлаш учун белгиланган 5 кунлик муддат ўтгандан сўнг ҳисобланади.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси Бухоро минтақавий темир йўл узели манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Қизиқумцемент» АЖдан 173 446 650 сўм ундиришни сўраган.
Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, «Қизиқумцемент» АЖ 2013 йилнинг июнь ва август ойларида Бухоро минтақавий темир йўл узелига қарашли Бинокор темир йўл бекати орқали «Клинкер» маҳсулотини вагонларда ташиш режасини тасдиқлаб берган. Бироқ АЖ томонидан ташиш режаси бажарилмаган.
АЖ томонидан ташиш режаси бажарилмаганлиги учун 2013 йилнинг июнь ойи учун 164 751 300 сўм ва август ойи учун 8 695 350 сўм, жами 173 446 650 сўм жарима ҳисобланган.
Шу сабабли Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси Бухоро минтақавий темир йўл узели манфаатида 2014 йил 8 январда хўжалик судига даъво аризаси берган.
Иш кўрилиши жараёнида «Қизиқумцемент» АЖ судга даъво муддатини қўллаш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилган.
Биринчи инстанция суди даъво муддатини қўллаб, даъво талабининг 164 751 300 сўм қисмини қаноатлантиришни рад этиб, 8 695 350 қисмини қаноатлантирган.
Суд бундай хулосага келишда Ўзбекистон Республикаси Темир йўл уставининг 156-бандига таянган. Унга кўра темир йўлнинг ушбу уставидан келиб чиққан юк жўнатувчи ва юкни олувчиларга нисбатан даъво аризалари белгиланган судловга тегишлилик асосида хўжалик судига 6 ой ичида тақдим этилиши мумкин. Ушбу 6 ойлик муддат юк ташиш режасини бажармаганлик учун жарима ундириш белгиланганда – жаримани тўлаш учун белгиланган 5 кунлик муддат ўтгандан сўнг ҳисобланади.
ФК 151-моддасининг биринчи қисмига асосан айрим турдаги талаблар учун қонунларда умумий даъво муддатига қараганда қисқартирилган ёки узайтирилган махсус даъво муддатлари белгиланиши мумкин.
Биринчи инстанция суди юқорида қайд этилган Уставнинг 156-бандидан келиб чиқиб, даъво муддатини ўта бошлашини 2013 йил июль ойидан ҳисоблаган. Шу сабабли, даъво муддати июнь ойида юк ташиш режаси бажарилмаганлиги натижасида ҳисобланган жарима суммасига нисбатан қўлланилган.
18. Жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги аризалар учун икки ойлик махсус даъво муддати қўлланилади.
Даъвогар — Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси судга мурожаат қилиб, жавобгарлар — «Асака диёр» МЧЖ ва «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг Бунёдкор филиалига нисбатан 2010 йил 2 декабрдаги ва 2011йил 5 майдаги умумий йиғилиш қарорларини ҳамда 2011 йил 24 мартдаги кредит шартномасини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Жавобгар — банк вакиллари даъво муддатини қўллашни сўраган.
Суд томонидан даъво муддати қўлланилган ва даъво рад этилган.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, 2010 йил 2 декабрь ва 2011 йил 5 май кунлари жамиятнинг умумий йиғилиши ўтказилиб, унда банкдан 150 000 000 ва 100 000 000 сўм кредит олиш ва жамият таъсис ҳужжатларига ўзгартириш киритиш масаласи муҳокама қилиниб, қарор қабул қилинган.
Жамият ва банк ўртасида 2011 йил 24 мартда кредит шартномаси тузилиб, жамиятга 100 000 000 сўм кредит ажратилган.
Даъвогар суд мажлисида жамият устав фондининг 34,86 фоизи давлат улушидан иборатлиги, жамиятнинг умумий йиғилишларида даъвогар вакиллари иштирок этмаганлиги, умумий йиғилишларнинг ўтказилганлиги ва кредит шартномаси тузилганлиги ҳақида 2014 йил май ойида хабардор бўлганлиги тўғрисида важлар келтириб, ўтказиб юборилган муддатни тиклашни сўраган.
«Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 41-моддасига мувофиқ, жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг ушбу қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари, жамиятни устави талаблари бузилган ҳолда қабул қилинган ҳамда жамият иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган қарори овоз беришда иштирок этмаган ёки баҳсли қарорга қарши овоз берган жамият иштирокчисининг аризасига кўра суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Бундай ариза жамият иштирокчиси қабул қилинган қарор тўғрисида билган ёки билиши лозим бўлган кундан эътиборан икки ой ичида берилиши мумкин. Агар жамият иштирокчиси шикоятга сабаб бўлган қарорни қабул қилган жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишида иштирок этган бўлса, мазкур ариза шундай қарор қабул қилинган кундан эътиборан икки ой ичида берилиши мумкин.
Даъвогарнинг юқорида кўрсатилган важлари суд томонидан инобатга олинмаган, чунки хўжалик жамиятлари устав жамғармасидаги давлат активлари пакетлари (улушлари)ни бошқариш бўйича фаолиятни амалга ошириш тартиби ҳақидаги низомга ҳамда даъвогарнинг 2007 йил 13 сентябрдаги буйруғига асосан, жамиятга ишончли вакил бириктирилган ва турли буйруқлар билан ишончли вакил янгиланиб келган. Мазкур ишончли вакилларга ҳар ойда ҳисоботларни ўз вақтида тақдим этиб бориш ва белгиланган тартибда юқори турувчи идорага ҳисобот тақдим этиш вазифалари юклатилган. Ушбу шахсларнинг ўз вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги ва натижада даъво муддатининг ўтиб кетганлиги даъво муддатини тиклаш учун асос бўла олмайди.
Шу сабабли, суд томонидан асосли равишда даъво муддати қўлланилиб, даъво муддатини тиклаш тўғрисидаги ариза қаноатлантирилмасдан қолдирилган ва даъво рад этилган.
19. ФКнинг 2-моддасига кўра, бир тарафнинг иккинчи тарафга маъмурий бўйсунишига асосланган мулкий муносабатларга, шу жумладан солиқ, молиявий ва бошқа маъмурий муносабатларга нисбатан фуқаролик қонун ҳужжатлари қўлланилмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Андижон вилоят Стандартлаштириш ва метрология бошқармаси хўжалик судига 2013 йилнинг май ойида ариза билан мурожаат қилиб, «Метан Моторс» МЧЖга нисбатан 1 010 413 206 сўм молиявий жарима қўллашни сўраган.
Биринчи инстанция суднинг ҳал қилув қарори билан арз қилинган талаб қисман қаноатлантирилиб, МЧЖга нисбатан 999 700 152 сўм молиявий жарима қўлланилган.
Иш апелляция инстанция суди томонидан кўрилмаган.
Кассация инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, жиноят иши бўйича тергов органининг 2012 йил 12 ноябрда чиқарилган қарорига асосан «Ўзтрансгаз» АКга қарашли «Автогазтаъминот» ШКнинг молия-хўжалик фаолияти юзасидан МЧЖнинг автомобилларга газ тақсимлаш компрессор шахобчасида текшириш ўтказилган.
Текширишда МЧЖ томонидан 2009 йил 11 майдан 2009 йил 23 декабрга қадар ҳамда 2012 йил 24 декабрдан 2013 йил февралга қадар мажбурий тарзда сертификатлаштириш лозим бўлсада, сертификатлаштирилмаган ҳолда 1 021 413 209 сўмлик сиқилган табиий газ сотилганлиги аниқланиб, бу ҳақда 2013 йил 2 майда далолатнома тузилган.
Андижон вилоят стандартлаштириш ва метрология бошқармаси томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик учун 1 021 413 209 сўм молиявий жарима ҳисобланган ва ушбу суммани ихтиёрий тўлаш учун МЧЖга 2013 йил 17 майда талабнома юборилган.
Бироқ, ҳисоблаган молиявий жарима МЧЖ томонидан ихтиёрий тўланмаганлиги сабабли, Андижон вилоят Стандартлаштириш ва метрология бошқармаси хўжалик судига ариза билан мурожаат қилган.
«Метан Моторс» МЧЖ ишни биринчи инстанция судида кўриш жараёнида судга ариза билан мурожаат қилиб, текширишда аниқланган 2009 йил 11 майдан 2009 йил 23 декабрга қадар бўлган давр учун ҳисобланган молиявий жаримани қўллаш учун ФКда белгиланган уч йиллик даъво муддати ўтганлигини маълум қилиб, ушбу давр учун ҳисобланган молиявий жарима ундириш қисмини рад этишни сўраган.
Суд МЧЖнинг ФКда белгиланган уч йиллик даъво муддати ўтганлиги сабабли, даъво муддатини қўллаш ҳақида берган аризасини қаноатлантиришни рад этган. Чунки ФК 2-моддасининг олтинчи қисмида бир тарафнинг иккинчи тарафга маъмурий бўйсунишига асосланган мулкий муносабатларга, шу жумладан солиқ, молиявий ва бошқа маъмурий муносабатларга нисбатан фуқаролик қонун ҳужжатлари қўлланилмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно эканлиги белгиланган.
2014 йил 31 декабрь.