Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2016 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 1-сон, 2-модда)
Қонунчилик палатаси томонидан 2015 йил 27 ноябрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2015 йил 3 декабрда маъқулланган
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 25 декабрда қабул қилинган ЎРҚ-136-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, 12-сонга 1-илова; 2008 йил, № 12, 639-модда; 2009 йил, № 9, 330, 331-моддалар, № 12, 470, 472, 473-моддалар; 2010 йил, № 5, 178-модда, № 9, 334, 335, 336, 337-моддалар, № 10, 380-модда, № 12, 474-модда; 2011 йил, № 1, 1-модда, № 9, 248-модда, № 12/2, 364, 365-моддалар; 2012 йил, № 4, 106-модда, № 9/1, 238-модда, № 12, 334, 336-моддалар; 2013 йил, № 10, 263-модда, № 12, 349-модда; 2014 йил, № 1, 2-модда, № 9, 244-модда, № 12, 341, 343-моддалар; 2015 йил, № 8, 312-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:
1) 52-модданинг тўққизинчи қисмидаги «ва қатъий белгиланган солиқни» деган сўзлар «қатъий белгиланган солиқни ва фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
2) 59-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш чоралари жумласига қуйидагилар киради:
юридик шахслар, шунингдек тадбиркорлик фаолиятига доир қисм бўйича якка тартибдаги тадбиркорлар учун — солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш муддати тугаганидан кейин уч иш кунидан кечиктирмасдан давлат солиқ хизмати органи томонидан уларга юбориладиган солиқ қарзини тўлаш тўғрисидаги талабнома;
жисмоний шахслар учун, бундан тадбиркорлик фаолиятига доир қисм бўйича якка тартибдаги тадбиркорлар мустасно, — солиқ мажбуриятларини бажариш муддатлари тугаганидан кейин давлат солиқ хизмати органининг жисмоний шахсдан солиқ қарзини ундириш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши, бундан солиқ қарзининг суммаси ундирувни мол-мулкка қаратиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам миқдордан оз бўлган ҳоллар мустасно»;
3) 61-модданинг:
биринчи ва иккинчи қисмлари «юридик шахс» деган сўзлардан кейин «шунингдек тадбиркорлик фаолиятига доир қисм бўйича якка тартибдаги тадбиркор» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
учинчи қисми чиқариб ташлансин;
4) 62-модданинг:
иккинчи қисмидаги «Солиқ тўловчи» деган сўзлар «Юридик шахс, шунингдек тадбиркорлик фаолиятига доир қисм бўйича якка тартибдаги тадбиркор» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Солиқ қарзини мажбурий ундириш чоралари жисмоний шахсларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда суд ҳужжатлари асосида суд ижрочилари томонидан қўлланилади ва уларга ушбу Кодекс 63 — 65-моддаларининг қоидалари татбиқ этилмайди, бундан тадбиркорлик фаолиятига доир қисм бўйича якка тартибдаги тадбиркорлар мустасно»;
тўртинчи қисми чиқариб ташлансин;
бешинчи қисми тўртинчи қисм деб ҳисоблансин;
5) 84-модданинг тўққизинчи қисмидаги «депозитарийларда рўйхатга олинган» деган сўзлар «ўзи ва инвестиция воситачилари томонидан рўйхатга олинган» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
6) 96-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Давлат солиқ хизмати органи солиқ тўловчининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги ариза билан судга қуйидаги ҳолларда мурожаат қилишга ҳақли:
солиқ текширувини ўтказишга солиқ тўловчи томонидан тўсқинлик қилинганда ёки даромадлар олиш учун фойдаланилаётган ёхуд солиқ солиш объектини сақлаш билан боғлиқ ҳудудларни, биноларни, шу жумладан жойларни кўздан кечириш учун давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахсларини киритиш солиқ тўловчи томонидан рад этилганда;
солиқ тўловчи қайд этилган манзилда бўлмаганда;
солиқ тўловчи томонидан солиқ ҳисоботи ва (ёки) молиявий ҳисобот, камерал назорат натижалари бўйича тафовутларнинг асослари ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи белгиланган муддатда тақдим этилмаганда»;
7) 114-модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошисидаги «қиймати» деган сўз «қийматининг 20 фоизи» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
8) 143-модда 5-бандининг «ж» кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«ж) таътилга қўшимча ҳақлар ва ушбу Кодекснинг 173-моддасида назарда тутилган моддий ёрдам»;
9) 145-модданинг 19-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«19) банкнинг, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг ва қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг хизматларига ҳақ тўлаш»;
10) 147-модданинг 13-бандидаги «145-моддасида» деган сўзлар «143 ва 145-моддаларида» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
11) 152-модданинг 5 ва 7-бандлари чиқариб ташлансин;
12) 155-модда:
учинчи қисми 3-бандининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«юридик шахсларнинг — Ўзбекистон Республикаси резидентларининг устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялари (бундан фонд биржасида реализация қилинадиган акциялар мустасно), улушлари (пайлари)»;
тўққизинчи қисми чиқариб ташлансин;
ўнинчи — йигирма иккинчи қисмлари тегишинча тўққизинчи — йигирма биринчи қисмлар деб ҳисоблансин;
ўн саккизинчи қисми чиқариб ташлансин;
ўн тўққизинчи — йигирма биринчи қисмлари тегишинча ўн саккизинчи — йигирманчи қисмлар деб ҳисоблансин;
ўн саккизинчи қисмидаги «ўн иккинчи, ўн бешинчи, ўн олтинчи ва ўн саккизинчи қисмларида» деган сўзлар «ўн биринчи, ўн тўртинчи, ўн бешинчи ва ўн еттинчи қисмларида» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
13) 1551-модданинг ўн бешинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг даромадлари бўйича юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг ортиқча тўланган суммасини қайтариш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади»;
14) 158-модданинг иккинчи қисми қуйидаги мазмундаги 6-банд билан тўлдирилсин:
«6) фонд биржасида эмиссиявий қимматли қоғозларни реализация қилишдан олинган фойдаси»;
15) 165-модданинг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг суммаси тўлов манбаида ушлаб қолинмаган ёки Ўзбекистон Республикаси халқаро шартнома қоидаларининг ғайриқонуний тарзда қўлланилиши мазкур солиқ ушлаб қолинмаслигига ёхуд тўлиқ ушлаб қолинмаслигига сабаб бўлган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси резиденти ёки Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассаса орқали амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси норезиденти юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг ушлаб қолинмаган суммасини ва у билан боғлиқ пеня суммасини қонун ҳужжатларига мувофиқ бюджетга киритиши шарт»;
16) 173-модданинг 4-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«4) таътилга қўшимча ҳақлар ҳамда ушбу Кодекс 178-моддасининг 16-бандида назарда тутилмаган моддий ёрдам»;
17) 178-модда 16-бандининг бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«бола туғилиши, ходим ёки унинг фарзандлари никоҳдан ўтиши муносабати билан бериладиган тўловлар»;
18) 179-модда:
1-бандининг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«ушбу Кодекснинг 178-моддасида кўрсатилган бошқа ҳолларда, — солиқ даври учун энг кам иш ҳақининг ўн икки бараваригача миқдорда»;
11-бандининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«қимматли қоғозларни (бундан фонд биржасида реализация қилинадиган эмиссиявий қимматли қоғозлар мустасно), юридик шахсларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларини (пайларини)»;
30-бандининг учинчи хатбошиси «қурувчи шахслар» деган сўзлардан кейин «шунингдек уларнинг мазкур кредитлар бўйича биргаликдаги қарз олувчи бўлган оила аъзолари» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
19) 186-модда бешинчи қисмининг учинчи жумласидаги «Маълумотнома ёки идентификация рақами кейинчалик тақдим этилган тақдирда» деган сўзлар «Маълумотнома ва солиқ тўловчининг идентификация рақами тақдим этилган тақдирда» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
20) 187-модданинг 2-банди қуйидаги мазмундаги жумла билан тўлдирилсин:
«Йил якунлари бўйича ҳисобланган ва амалда тўланган даромадларнинг суммалари ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассаса орқали амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 25 мартига қадар тақдим этилади»;
21) 208-модданинг 14-бандидаги «чет эл» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
22) 209-модданинг 5-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«5) юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан инвестиция воситачиларининг қимматли қоғозлар депо-ҳисобварақларини очиш ҳамда юритиш»;
23) 220-модданинг биринчи қисми қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«иссиқ сув таъминоти (ҳисобга олиш асбоблари мавжуд бўлмаган тақдирда) ва марказий иситиш учун тасдиқланган истеъмол нормаларидан ортиқ миқдорда аҳолига етказиб бериладиган иссиқлик энергияси бўйича»;
24) 222-модда:
қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Ҳисобварақ-фактура қоғоздаги шаклда ёки электрон ҳужжат тарзида тузилиши мумкин»;
иккинчи — ўн тўртинчи қисмлари тегишинча учинчи — ўн бешинчи қисмлар деб ҳисоблансин;
тўртинчи қисмидаги «иккинчи» деган сўз «учинчи» деган сўз билан алмаштирилсин;
25) 227-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Солиқ тўловчининг бошқа солиқлар бўйича қарзи мавжуд бўлмаган тақдирда, қўшилган қиймат солиғининг ортиқча тўланган суммаси ушбу Кодекснинг 10-бобига мувофиқ солиқ тўловчига қайтарилади.
Ҳисобга олинадиган қўшилган қиймат солиғи суммасининг ҳисобот даври учун ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммасидан ортган суммаси, агар ушбу моддада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, қўшилган қиймат солиғи бўйича келгуси тўловлар ҳисобига ўтказилади.
Ҳисобга олинадиган қўшилган қиймат солиғи суммасининг солиқ даври якунларига кўра ҳисобланган солиқ суммасидан ортиқчалиги сақланиб қолган тақдирда, ушбу ортиқча сумма кейинги солиқ даврига ўтказилади ва қўшилган қиймат солиғи бўйича келгуси тўловлар ҳисобига ўтказилади.
Ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадиган оборот ҳисобидан ҳосил бўлган қўшилган қиймат солиғининг ортиқча суммаси қуйидаги кетма-кетликда қайтарилади:
ушбу Кодекснинг 207-моддасига мувофиқ тўланиши лозим бўлган қўшилган қиймат солиғининг суммаси қопланади;
солиқ тўловчининг бошқа солиқлар бўйича мавжуд солиқ қарзи қопланади;
солиқ тўловчининг банк ҳисобварағига пул маблағлари ўтказилади.
Ушбу Кодекснинг 207-моддасига мувофиқ тўланиши лозим бўлган қўшилган қиймат солиғи суммасини қоплаш ёки солиқ тўловчининг бошқа солиқлар бўйича мавжуд солиқ қарзини қоплаш ушбу Кодекснинг 56-моддасида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Мазкур модданинг бешинчи қисмига мувофиқ қайтарилгандан кейин сақланиб қолган ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадиган оборот ҳисобидан ҳосил бўлган қўшилган қиймат солиғининг ортиқча суммаси солиқ тўловчининг ёзма аризаси асосида унинг банк ҳисобварағига, агар мазкур ариза ортиқча сумма ҳосил бўлган ҳисобот даври тугаганидан кейин ўн икки ойдан кечиктирилмаган муддатда тақдим этилган бўлса, ушбу Кодекснинг 228-моддасида белгиланган тартибда қайтарилиши мумкин»;
26) 228-модда:
учинчи қисмининг 4-бандидаги «газ таъминоти» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтариш тўғрисидаги ёзма аризани кўриб чиқиш, қайтарилиши лозим бўлган ортиқча суммани аниқлаш ва маблағларни солиқ тўловчининг ҳисобварағига ушбу моддага мувофиқ ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланади»;
27) 238-модданинг матнидаги «чораги» деган сўз «ойи» деган сўз билан алмаштирилсин;
28) 239-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Акциз солиғининг ҳисоб-китоби солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органларига ҳар ойда, солиқ давридан кейинги ойнинг 10-кунидан кечиктирмай тақдим этилади»;
29) 240-модданинг:
биринчи — тўртинчи қисмлари чиқариб ташлансин;
бешинчи — еттинчи қисмлари тегишинча биринчи — учинчи қисмлар деб ҳисоблансин;
30) 277-модданинг ўнинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлаш тўғрисидаги тўлов хабарномаси давлат солиқ хизмати органи томонидан солиқ тўловчиларга имзо қўйдирилган ҳолда ёки тўлов хабарномаси олинганлигини ва олинган санани тасдиқловчи бошқа усулда ҳар йили 1 майдан кечиктирмай топширилади»;
31) 291-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиладиган ер участкалари учун ёхуд уйлар, дала ҳовли иморатлари, якка тартибдаги гаражлар ва бошқа иморатлар, иншоотлар, жойлар юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берилганда, шунингдек жисмоний шахсларнинг мулкида бўлган, яшаш учун мўлжалланмаган жойлар эгаллаган ер участкалари учун жисмоний шахслардан ер солиғи юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлаш учун белгиланган ставкалар бўйича ундирилади ҳамда ушбу Кодекснинг 290-моддасида кўрсатилган имтиёзлар уларга нисбатан татбиқ этилмайди, бундан ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно»;
32) 293-модданинг тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ер солиғи суммаси ва уни тўлаш муддатлари кўрсатилган тўлов хабарномаси давлат солиқ хизмати органлари томонидан жисмоний шахсларга имзо қўйдирилган ҳолда ёки тўлов хабарномаси олинганлигини ва олинган санани тасдиқловчи бошқа усулда ҳар йили 1 майдан кечиктирмай топширилади»;
33) 300-модданинг бешинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ҳисобот даврида солиқ солинадиган базаси энг кам иш ҳақининг икки юз бараваригача миқдорда бўлган солиқ тўловчилар жорий тўловларни тўламайди»;
34) 309-модданинг иккинчи қисмидаги «чораги» деган сўз «ойи» деган сўз билан алмаштирилсин;
35) 310-модданинг:
учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадалларининг ҳисоб-китоби солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органларига солиқ тўловчи томонидан ортиб борувчи якун билан ҳар ойда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этилади. Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассаса орқали амалга ошираётган Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари томонидан йил якунлари бўйича ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадалларига доир ҳисоб-китоб ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 25 мартига қадар тақдим этилади»;
тўртинчи қисмидаги «кейинги ойнинг 10-кунидан кечиктирмай» деган сўзлар «ҳисоб-китобларни тақдим этиш муддатларидан кечиктирмай» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
36) 311-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжаликларининг аъзолари суғурта бадалларини йилига энг кам иш ҳақининг тўрт ярим бараваридан кам бўлмаган миқдорда тўлайди. Бунда деҳқон хўжалигининг бошлиғи суғурта бадалларини мажбурий тартибда, бошқа аъзолари эса, ихтиёрийлик асосида тўлайди. Белгиланган миқдордаги суғурта бадалларининг тўланиши деҳқон хўжалиги аъзосининг меҳнат стажини ҳисоблаб чиқаришда бир йил деб ҳисобга олинади»;
37) 329-модда:
28-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«28) қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи — инвесторларнинг, қимматли қоғозлар эгаларининг ҳамда давлатнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадидаги даъволар юзасидан»;
қуйидаги мазмундаги 38 ва 39-бандлар билан тўлдирилсин:
«38) якка тартибдаги қурувчи билан тузилган шартномага кўра қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуриш чоғида буюртмачининг вазифаси қонун ҳужжатларига мувофиқ қайси юридик шахснинг зиммасига юклатилган бўлса, ўша юридик шахс — қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуриш масалалари юзасидан якка тартибдаги қурувчилар билан низоларни ҳал этиш тўғрисидаги даъволар бўйича;
39) қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуриш учун имтиёзли кредитлар бериш қонун ҳужжатларига мувофиқ қайси тижорат банкларининг зиммасига юклатилган бўлса, ўша тижорат банклари — қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуриш учун берилган имтиёзли ипотека кредитлари юзасидан қарз олувчиларнинг кредиторлик қарзларини ундириш тўғрисидаги даъволар бўйича»;
38) 330-модданинг 20-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«20) қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи — инвесторларнинг, қимматли қоғозлар эгаларининг ҳамда давлатнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадидаги даъволар бўйича»;
39) 354-модда:
қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Ушбу Кодекс 352-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган юридик шахслар солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органига ёзма билдириш тақдим этмаган ҳолда қўшилган қиймат солиғини ихтиёрий асосда тўлашга ўтишга ҳисобот йили бошланишидан эътиборан ҳақлидир»;
бешинчи — еттинчи қисмлари тегишинча олтинчи — саккизинчи қисмлар деб ҳисоблансин.
2-модда. Ушбу Қонун 2016 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2015 йил 31 декабрь,
ЎРҚ-398-сон