ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СОВЕТИНИНГ
Қарори
РЕСПУБЛИКАДА ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВАЗИЯТНИ БАРҚАРОРЛАШТИРИШГА ДОИР ЧОРАЛАР ТЎҒРИСИДА
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1989 й., 26-28-сон, 470-модда; 1991 й., 11-сон, 273-модда)
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон ССР конституцияси (асосий қонуни)га ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ мазкур қарорнинг номидаги ҳамда матнидаги «Ўзбекистон ССР» деган сўзлар тегишли келишикдаги «Ўзбекистон Республикаси» деган сўзлар билан алмаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Совети шуни қайд этадики, кейинги вақтларда республикада ижтимоий кескинлик анча кучайди, жиноятчилик кўпайди, жамоат, давлат ва меҳнат интизоми сусайиб кетди. Қотилликлар, гражданларнинг сиҳат-саломатлигига ва шахсий дахлсизлигига тажовузлар, қароқчиларча ҳужумлар, талончилик, социалистик мулк ва гражданларнинг шахсий мулкини ўғирлаш, порахўрлик, чайқовчилик каби хавфли жиноятлар, меҳнатсиз даромад олиш билан боғлиқ бошқа жиноятлар кенг ёйилганлиги айниқса ташвиш уйғотмоқда. Кооперативларнинг айрим турларини ташкил этиш чоғида ва уларнинг ишлаши жараёнида ғаразли суиистеъмол ҳоллари мавжуддир. Ҳар хил корчалонлар, экстремист кайфиятдаги шахслар бош кўтариб, республикадаги вазиятга фаол таъсир ўтказишга уринмоқдалар, улар кўпинча инсон ҳуқуқлари учун «курашувчилар» ниқоби остида республика халқлари номидан иш кўриш ҳуқуқини ўзлаштириб олишга ҳаракат қилмоқдалар. Ана шундай шахсларнинг ташаббуси билан рухсат этилмаган митинглар, намойиш ва йиғилишлар ўтказилмоқда, улар ана шу митинг, намойиш ва йиғилишларда жамиятга зид ғояларни тарғиб қилмоқдалар, партия ва ҳукуматга, совет қуролли кучларига қарши қўпол хуружларга йўл қўймоқдалар, аҳолининг айрим гуруҳларини, айниқса ёшларни антисоциал ножўя хатти-ҳаракатлар қилишга, совет қонунларини бузишга ундамоқдалар. Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисидаги қонун лойиҳаси эълон қилинганидан кейин вазият айниқса кескинлашди.
Бундай хатти-ҳаракатлар ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарор қилиб, одамларнинг давлат ҳокимияти органлари аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишга қодир эканлигига бўлган ишончига путур етказмоқда, турли миш-мишларни келтириб чиқармоқда, аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда.
Республика Олий Совети вужудга келган ниҳоятда кескин вазият кўп жиҳатдан давлат органларининг, жамоат ташкилотларининг, министрликлар ва идоралар, корхоналар, ташкилотлар, муассасалар, кооперативлар, колхозлар ва совхозлар, меҳнат коллективлари раҳбарларининг совет кишиларини қонунларга, белгиланган тартиб ва интизомга ҳурмат руҳида тарбиялаш, шаҳар ва қишлоқларда аҳволни издан чиқариш йўлидаги уринишларнинг пайини қирқиш борасидаги фаолиятидаги жиддий камчиликлар билан боғлиқдир, деб ҳисоблайди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қонунларга қатъий ва оғишмай риоя этилишини таъминламаяптилар, жамиятга зид кимсаларга нисбатан кўнгилчанлик ва асоссиз либерализмга йўл қўймоқдалар, уларга нисбатан қонунда кўзда тутилган чораларни қўлламаяптилар.
Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, тартиб-интизомни мустаҳкамлаш, гражданларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятларнинг ҳамда бошқа ҳуқуқбузарликларнинг пайини қирқиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Совети қарор қилади:
1. Республиканинг барча ички ишлар, прокуратура, адлия органлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш бошқа органларидан жиноят содир этаётган, жамоат тартибини бузаётган шахсларга нисбатан белгиланган таъсир чораларини ўз вақтида ва қонунга тўла мувофиқ равишда қўлланиш, экстремизм кўринишларининг миллий душманлик ва адоватни уйғотиш ҳамда авж олдиришга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатларнинг пайини қатъиян қирқиш талаб қилинсин.
Айбдор шахсларга нисбатан ҳаракат қилмаслик ва қонунда белгиланган чораларни қўлланмаслик каби ҳар бир ҳол хизмат бурчини жуда қўпол равишда бузиш деб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида бундан буён ишлашга нолойиқ, деб қаралсин.
2. Жиноий унсурларнинг ва жамоат тартибини қўпол равишда бузаётган, транспортнинг ишини издан чиқараётган, гражданларнинг ҳамда мансабдор шахсларнинг шаъни, қадр-қиммати ва тан дахлсизлигига тажовуз қилаётган шахсларнинг хатти-ҳаракатларига чек қўйиш чоғида ички ишлар органларининг ходимларига фаол ҳимоя воситалари: резина таёқлар, кишанлар, жамиятга зид хатти-ҳаракатлар пайини қирқишнинг махсус усулларини қўллаш ҳуқуқи берилсин.
Мазкур воситалар ички ишлар органларининг ходими шахсни қонунларни бузишга йўл қўйиб бўлмаслиги тўғрисида огоҳлантирган, ана шу шахс эса ўзининг огоҳлантирилишига атайин эътибор бермаган ёки мансабдор шахснинг қонуний ҳаракатларига қаршилик қилган тақдирда қўлланилиши мумкин.
Ички ишлар органларининг ходимларига ҳужум қилинган тақдирда фаол ҳимоя воситалари огоҳлантирилмай қўлланилади.
Фаол ҳимоя воситасини қўлланиш тўғрисидаги қарорни милиция ходимининг ўзи белгиланган қонунга қатъий мувофиқ равишда қабул қилади.
Группавий безорилик, оммавий тартибсизликлар, қуролли жиноятларни қўлга тушириш вақтида бошқа махсус воситалар ҳам Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар министрлиги белгилаган тартибда қўлланилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Министрлар Совети Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар министрлигининг ушбу масалага доир таклифларини бир ой муддат ичида кўриб чиқсин.
3. Корхоналар, ташкилотлар, ўқув юртлари, бошқа муассасалар ва жамоат ташкилотлари раҳбарларининг ўзлари бошчилик қилаётган меҳнат коллективларида меҳнат ва ишлаб чиқариш интизомини, жамоат тартибини таъминлаш учун жавобгарлиги оширилсин.
Шу нарса белгилаб қўйилсинки, мазкур раҳбарлар ҳамда бошқа мансабдор шахслар рухсат берилмаган йиғилиш, митинг, кўча юриши ёки намойиш қатнашчиларига биноларни, давлат ёки жамоатнинг бошқа мулкини (алоқа воситалари, нусха кўпайтириш техникаси ҳамда бошқа техникани, ускуналарни, транспортни) бериб қўйишлари ёхуд шундай тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш учун ўзгача шарт-шароитларни вужудга келтирганликлари интизомий ҳамда маъмурий жавобгарликка— минг сўмгача миқдорда жарима тўлашларига олиб келади. Улар бир йилгача муддат билан мукофотлардан маҳрум этилишлари, юқори органларнинг қарорига биноан эса уларнинг лавозимлари худди шу муддатга пасайтирилиши мумкин. Айтиб ўтилган чоралар қўлланилишидан қатъи назар, уларнинг қонунга хилоф хатти-ҳаракатлари туфайли етказилган моддий зарар улардан суд йўли билан ундириб олиниши керак.
4. Гражданларнинг рухсат этилмаган митингларда, кўча юришлари ва намойишларда иш вақтида қатнашишлари узрли сабабларсиз прогул деб ҳисобланиши лозим ва республика меҳнат тўғрисидаги қонунларининг нормаларида кўзда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади. Бундай шахсларнинг уй-жой олиш навбати орқага сурилиши ҳам мумкин, улар мукофотлар ва бошқа имтиёзлардан маҳрум этилишлари мумкин, уларнинг меҳнат отпускаси неча кун прогул қилган бўлса шунча кўп қисқартирилади.
5. Рухсат этилмаган йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари, намойишларнинг ташкилотчилари қонунда кўзда тутилган бошқа таъсир чоралари билан бир қаторда ҳуқуққа зид хатти-ҳаракатлар натижасида корхоналар, муассасалар, ташкилотларга ҳамда гражданларга етказилган моддий зиённинг ўрнини суд йўли билан қоплайдилар. Улар ҳам бир йил муддатгача мукофотлардан ва бошқа қўшимча ҳақлардан маҳрум этиладилар, уларнинг уй-жой олиш навбати орқага сурилади, шунингдек неча кун прогул қилган бўлса, отпускаси ҳам шунча кун қисқартирилади.
6. Халқ депутатлари маҳаллий Советларининг ижроия комитетлари жиноятчиликнинг ва жамоат тартибини бузишнинг пайини қатъиян қирқиш борасида ички ишлар органларининг фаолияти устидан назоратни кучайтирсинлар. Тузилган муваққат комитетларнинг, ўртоқлик судларининг, кўнгилли халқ дружиналарининг ва бошқа ижтимоий уюшмаларининг иши фаоллаштирилсин. Меҳнат коллективларининг кенгашларига кўнгилли халқ дружинаси аъзоларини моддий ва маънавий рағбатлантириш тавсия этилсин. Республика прокуратураси, область ижроия комитетлари митинглар, йиғилишлар, юришлар ва намойишлар ўтказишга рухсатномалар бериш практикасини ўргансинлар, бу ишда тегишли тартиб ўрнатсинлар.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий суди йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ҳамда намойишларни ташкил этиш ва ўтказиш юзасидан белгиланган тартибни бузганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги қонунларни ижро этиш практикасини ўрганиб чиқиб, ушбу Қонуннинг тўғри ва бир хилда қўлланилиши юзасидан раҳбарий изоҳлар берсин.
8. Олий ва ўрта махсус ўқув юртларининг студентлари ҳамда ўқувчилари ўртасида тарбиявий иш савиясини ошириш масалаларида республика Халқ таълими министрлиги, унинг жойлардаги органлари ҳаракат қилмаётганликлари қайд этиб ўтилсин. Бу ишларнинг аҳволи учун конкрет, шахсий жавобгарлик министрликнинг ҳамда унга бўйсунувчи муассасалар ва ўқув юртларининг раҳбарлари зиммасига юклансин.
9. Республика Министрлар Совети Тошкент шаҳри ички ишлар органларининг моддий-техника таъминотини, улар ходимларининг меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш масалаларини бир ой муддат ичида кўриб чиқсин. Шу органлар учун бозор фондларидан автотранспорт ажратиб берилиши кўзда тутилсин.
Жамоат тартибини мустаҳкамлаш борасидаги ишда энг кўп ўрнак кўрсатган республика ички ишлар органлари ходимларини, биринчи навбатда оддий ва сержант составига мансуб ходимларини рағбатлантириш мақсадида 1989—1990 йилга республика ва область бюджетларидан 500 минг сўм маблағ ажратиш зарур, деб ҳисоблансин.
10. Оммавий-ахборот воситалари республикада ҳуқуқ-тартиботнинг аҳволини, жиноятчиликка қарши кураш чоралари қандай амалга ошираётганлигини чуқур ва ишонарли тарзда ёритсинлар; гражданлар қайси миллатга мансублигидан қатъи назар, уларнинг тенглиги тўғрисидаги қонунларнинг қоидаларини аниқ-равшан мисолларда тушунтириб берсинлар.
11. Ушбу қарор қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиуми Ўзбекистон Республикасининг Қонунига тегишли ўзгартишларни киритсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиумининг Раиси М. ИБРОҲИМОВ
Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиумининг Секретари Л. БЕКҚУЛБЕКОВА
Тошкент ш.,
1989 йил 21 октябрь,
3578-XI-сон