12.03.2015 йилдаги 67-III-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қарори, 12.03.2015 йилдаги 67-III-сон
Кучга кириш санаси
12.03.2015
Дастурга киритилган ҳар бир тадбир (қонун лойиҳаси) бўйича махсус иш режалари ишлаб чиқилишини таъминласин;
ўз иши тўғрисида ҳар чораклик ҳисоботлар, шунингдек Дастурда назарда тутилган тадбирлар бажарилишининг бориши тўғрисида ахборот тайёрланишини таъминласин;
Дастурда назарда тутилган тадбирлар ўтказиладиган муддатлар ўзгариши эҳтимоли тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгашини ўз вақтида хабардор этсин;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати билан биргаликда Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг тайёрланиши, амалга оширилиши ва якунлари чиқарилиши жараёни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.
Т/рУстувор вазифаларТадбирларнинг номиБажариш муддатлариМасъул ижрочилар
1.

Қонунчилик палатасининг ҳуқуқни қўлланиш самарадорлигини, шунингдек қабул қилинаётган қонунларнинг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг боришига таъсирини оширишдаги роли ва аҳамиятини кучайтириш.

1.1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Конституция кунидаги, янги сайланган Олий Мажлис палаталари мажлисларидаги, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил якунлари бўйича маърузалари тўпламини нашр этиш ва маърузаларнинг депутатлар ва сенаторлар фаолияти тўғрисидаги қоидаларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда уларнинг моҳияти ва аҳамиятини ҳар бир депутатга етказиш.

2015 йил I чоракҚонунчилик палатаси

1.2. Қонун ҳужжатларини ҳар томонлама инвентаризациядан ўтказиш ва таҳлил этиш, унинг натижаларига кўра:
амалдаги қонунларнинг бугунги кун талабларига жавоб бермайдиган нормаларини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш;
ҳуқуқий камчиликлари мавжуд бўлган долзарб соҳалар ва тармоқларни аниқлаш ҳамда ушбу камчиликларни бартараф этишга қаратилган зарур қонунлар қабул қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда мазкур соҳалар ва тармоқларнинг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинишини таъминлаш;
нормалари «ишламаётган» ва «икки томонлама талқин қилинаётган» процессуал қонунларни таҳлил қилиб чиқиш ҳамда уларни такомиллаштириш юзасидан зарур чора-тадбирларни кўриш.

2015 йил II-III чоракларҚонунчилик палатаси қўмиталари

1.3. Қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий жараёнларга уларни тартибга солиш борасида кўрсатиши мумкин бўлган таъсири самарадорлигини баҳолашнинг замонавий усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, шу жумладан социал-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этишга қаратилган қонун лойиҳалари бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини яратиш ҳамда палата фаолияти амалиётига жорий этиш.

2015 йил II-III чоракларҚонунчилик палатаси қўмиталари

1.4. Қонунчилик палатасининг қонунчилик фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларига қабул қилинаётган қонунларнинг ижрочиларга етказилиши жараёнлари депутатлар, фракциялар томонидан албатта ўрганиб чиқилишини ҳамда бу соҳада юзага келадиган муаммоларга парламент эътиборини қаратишга доир чора-тадбирлар кўрилишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар тайёрлаш.

2015 йил II-III чоракларҚонунчилик палатаси қўмиталари

1.5. Қабул қилинган қонунларнинг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини чуқурлаштиришга таъсирини ўрганишга, шу жумладан Қонунчилик палатаси фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва тизимларидан фойдаланган ҳолда ўрганишга қаратилган икки томонлама алоқанинг ташкилий механизмларини яратиш.

2015 йил III чоракҚонунчилик палатаси қўмиталари, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

1.6. Парламент томонидан қабул қилинган қонунлар, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим дастурлари рўёбга чиқарилиши билан боғлиқ муаммоларни ёритишга ОАВни фаол жалб этиш бўйича ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирлар мажмуини амалга ошириш.

Доимий равишдаҚонунчилик палатаси қўмиталари, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги; МТРК, ЭОАВМА, ДБА, ТДЮУ
2.

Қабул қилинаётган қонунларнинг, киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг таъсирчанлигини уларни рўёбга чиқаришнинг аниқ механизмларини киритиш, қонунлардаги қоидалар қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ўз вақтида, ҳар томонлама қамраб олинишини таъминлаш орқали ошириш.


2.1. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ва уларни тайёрлашга доир талабларни белгиловчи қонунларга қабул қилинадиган қонунлар сифатини яхшилашга, уларнинг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлашга, қонуности ҳужжатларининг ўз вақтида қабул қилинишига, янгидан қабул қилинган қонунларнинг қоидалари тўлиқ амалга оширилишига, шунингдек уларни бузганлик учун жавобгарликнинг самарали механизмлари яратилишига қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш.

2015 йил III чоракҚонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги, АҚМИ

2.2. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари учун қонунчилик жараёнини такомиллаштиришнинг долзарб масалаларига, аввало, қонун ҳужжатларини кодификация қилиш, қонун ҳужжатларининг қарама-қаршиликлардан ҳоли бўлишини, тизимлилигини, умуман ҳуқуқий тартибга солиш тизимининг тўлиқлигини таъминлаш масалаларига бағишланган семинар-тренинглар туркумини ўтказиш, шунингдек қонун ҳужжатларининг мавжуд электрон базалари маълумотларидан фойдаланиш кўникмаларини яхшилаш.

2015 йил III-IV чоракларСиёсий партиялар фракциялари, Экоҳаракат депутатлар гуруҳи, Қонунчилик палатаси қўмиталари

2.3. Қонун ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш, ушбу соҳадаги халқаро тажрибани ва миллий амалиётни қиёсий таҳлил қилишнинг долзарб масалаларига бағишланган ҳамда қонунчилик жараёнидаги камчиликларни бартараф этиш, қонун ҳужжатларининг рўёбга чиқарилишини, ҳуқуқни қўлланиш амалиёти такомиллаштирилишини таъминлайдиган процессуал механизмларни кучайтириш бўйича тегишли тавсияларни ишлаб чиқишга қаратилган халқаро, республика илмий-амалий конференциялари ва давра суҳбатлари туркумини ўтказиш.

2015 йил II — IV чораклар (алоҳида режа бўйича)Қонунчилик палатаси, Адлия вазирлиги, ДБА, АҚМИ, ТДЮУ, ЖИДУ

2.4. Янгидан қабул қилинган қонунларнинг самарали рўёбга чиқарилишини таъминлайдиган қонуности ҳужжатлари ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқилиши ҳамда қабул қилиниши устидан тизимли парламент назоратининг самарали механизмини яратиш ва таъминлаш.

2015 йил II — IV чоракларҚонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги, АҚМИ
3.

Қонун лойиҳаларининг давлат бошқаруви, фуқаролик жамияти институтларининг турли даражаларида амалий жиҳатдан муҳокама қилинишини ташкил этиш.

3.1. Тегишли соҳалардаги етакчи мутахассислар, олимлар, амалиётчилар, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари жумласидан уларнинг иштирокида қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тизимли, мунтазам асосда муҳокама қилиш, назорат-таҳлил ишлари ўтказилишини ташкил этиш мақсадида Қонунчилик палатаси қўмиталари ҳузурида эксперт гуруҳларини тузиш.

2015 йил II чоракҚонунчилик палатаси қўмиталари

3.2. Қонун лойиҳалари муҳокамасига кенг жамоатчиликни, мутахассисларни жалб этишга, шунингдек қонун лойиҳаларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш, улар юзасидан таклиф ва фикр-мулоҳазалар олиш, қонун ҳужжатлари лойиҳаларини такомилига етказиш жараёнида улардан фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни назарда тутувчи палата томонидан Қонун ҳужжатларининг жамоатчилик экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш.

2015 йил III чоракҚонунчилик палатаси қўмиталари, ФЖШММИ, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, «Ижтимоий фикр» жамоатчилик маркази

3.3. Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолиятини такомиллаштиришга доир долзарб масалалар ОАВда тизимли асосда муҳокама қилинишини ташкил этиш.

Доимий равишдаҚонунчилик палатаси қўмиталари

3.4. Кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари, қабул қилинган қонун ҳужжатлари бўйича жамоатчилик фикрини тизимли, мунтазам асосда ўрганиш юзасидан «Ижтимоий фикр» жамоатчилик маркази, Омбудсман, ФЖШММИ фуқаролик жамиятининг ва бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорликни ташкил этиш. Палатанинг расмий веб-сайтига жойлаштириладиган ахборот материаллари рўйхатига «Қонун лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамаси» блокини ва назорат-таҳлил ишлари натижаларини киритиш.

Доимий равишдаҚонунчилик палатаси қўмиталари, Қонунчилик палатаси Девони
4.

Қонун лойиҳаларини ҳар томонлама, чет эл ҳуқуқий амалиётини чуқур қиёсий таҳлил этиш асосида ишлаб чиқиш бўйича ишларни тубдан яхшилаш.

4.1. Чет эл ва халқаро тажрибани ўрганишнинг ягона услубиётини ишлаб чиқиш.

2015 йил III чоракҚонунчилик палатаси қўмиталари, АҚМИ, Вазирлар Маҳкамаси, Сенат (келишув бўйича)

4.2. Қонун лойиҳаларининг тараққий этган чет мамлакатларда қабул қилинган ўхшаш қонунлар моделлари билан чуқур қиёсий таҳлил қилинишини таъминлаш масалалари бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қўмиталари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти ўртасида ўзаро самарали ҳамкорликни тизимли асосда ташкил этиш.

Доимий равишдаҚонунчилик палатаси қўмиталари, АҚМИ

4.3. Қонун ижодкорлиги ишида қиёсий таҳлил усулларидан фойдаланиш бўйича демократик мамлакатлар парламентларининг қонун ижодкорлиги тажрибасини ўрганишга бағишланган, 2015-2016 йилларга мўлжалланган халқаро семинарлар, давра суҳбатлари, тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш, қабул қилинаётган қонун лойиҳаларини таҳлил қилиш ва эксперт баҳосини олиш учун чет эллик экспертларни жалб этиш.

2015 йил II-III чоракларҚонунчилик палатаси, ТИВ, АҚМИ

4.4. Депутатларнинг профессионал савияси, хабардорлик даражасини, шунингдек Қонунчилик палатасида ўтказиладиган ахборот-таҳлил ишлари самарадорлигини оширишнинг доимий ишловчи тизимини яратиш ва ривожлантириш, бу ишни амалга оширишга мамлакатимиз тадқиқот ва таҳлил қилиш марказларининг етакчи мутахассисларини, экспертларини жалб этишга доир чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш.

2015 йил III чорак (алоҳида режа бўйича)Қонунчилик палатаси

4.5. Ҳуқуқ манбаларини кенгайтириш, шу жумладан чет эл, халқаро қонун ҳужжатларини (БМТ, Европа Иттифоқи ва бошқалар томонидан қабул қилинганларини) қамраб олиш, шунингдек замонавий излаш тизимларини жорий этиш орқали қонунларнинг мавжуд маҳаллий электрон базаларини такомиллаштириш.

2015 йил IV чорак (алоҳида режа бўйича)Қонунчилик палатаси Девони

4.6. Қонун лойиҳаларини тайёрлашда мазкур лойиҳаларнинг бугунги кун воқеликларига мувофиқлигини ва уларнинг ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилишини таъминлаш мақсадида чет мамлакатларнинг (Германия, Япония, Корея, Россия, АҚШ) худди шундай ҳужжатлари синчиклаб қиёслама таҳлил қилиш орқали ўрганилишини таъминлаш.

Доимий равишдаҚонунчилик палатаси
5.

Қонунчилик палатаси фаолиятида сиёсий партиялар фракцияларининг роли ва аҳамиятини барча чоралар билан ошириш, умуман кўппартиявийлик тизимини янада ривожлантириш.

5.1. Қонунчилик палатаси Регламентига палатанинг қонунчилик, назорат-таҳлил ишларида, шу жумладан парламент томонидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳаракат дастурини муҳокама этиш ва маъқуллаш, мамлакат социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ҳаётининг энг муҳим масалалари ҳамда Қонунчилик палатаси ваколатига кирувчи бошқа масалалар юзасидан ҳукумат аъзоларининг, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг маърузаларини мунтазам, тизимли асосда эшитиш масалаларига доир қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда сиёсий партиялар фракцияларининг фаол иштирок этиши механизмлари самарадорлиги оширилишини таъминлайдиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш.

2015 йил III чоракСиёсий партиялар фракциялари, Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси

5.2. Сиёсий партиялар фракциялари аъзолари томонидан ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ривожланишнинг энг муҳим, принципиал масалалари бўйича ўз партияларининг нуқтаи назарини, сайловчиларининг фикрларини инобатга олувчи муқобил қонун лойиҳаларини киритишнинг процессуал механизмларини янада такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, партиялараро рақобатнинг, парламентдаги фракциялараро баҳс-мунозараларнинг механизмларини янада ривожлантиришга, хусусан, парламентдаги мухолифат фаолиятининг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш.

2015 йил III-IV чоракларСиёсий партиялар фракциялари, Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси

5.3. У ёки бу қонунлар бўйича партияларнинг, улар фракцияларининг нуқтаи назарини, мамлакатни ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ривожлантиришнинг ҳаётий муҳим масалалари юзасидан фракциялараро баҳс-мунозаралар моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш. Сиёсий партиялар фракциялари томонидан Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари бўйича фракцияларнинг нуқтаи назарини кенг жамоатчиликка, сайловчиларга етказиш, шунингдек мамлакатни ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим масалалари бўйича тизимли асосда брифинглар ва матбуот конференцияларини, телекўрсатувлар, радиоэшиттиришлар ташкил этиш ва мақолалар тайёрлаш. Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати фаолиятини тубдан яхшилаш бўйича чора-тадбирлар мажмуини амалга ошириш, унинг ОАВ, шу жумладан партиялар матбуоти билан ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш.

Доимий равишдаСиёсий партиялар фракциялари, Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси
6.

Қонун лойиҳаларини киритиш ташаббуси билан чиқиш ва илгари суриш, палата назорат-таҳлил фаолиятининг таъсирчанлигини кучайтириш бўйича сиёсий партиялар фракциялари, уларнинг депутатлари фаолияти самарадорлигини ошириш.

6.1. Депутатлар ўз партияларининг дастурий вазифаларига, манфаатларига жавоб берадиган қонун лойиҳаларини киритиш ташаббуси билан чиқиш ва илгари суриш, назорат-таҳлил фаолиятини амалга ошириш бўйича ваколатларини самарали рўёбга чиқаришлари учун уларни ахборот-таҳлилий таъминлаш тизимини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни амалга ошириш.

Фракциялар-нинг иш режаларига мувофиқСиёсий партиялар фракциялари

6.2. Сиёсий партиялар фракцияларининг экспертлар жамоаси, илмий-текшириш муассасалари, ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан мамлакатни социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий жиҳатдан янада ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш борасидаги самарали алоқасини таъминлаш.

Доимий равишдаСиёсий партиялар фракциялари

6.3. Қонун лойиҳаларини уларни киритиш ташаббуси билан чиққан депутатлар, манфаатдор идоралар ва ташкилотлар билан келишиб олишнинг аниқ тартиб-тамойили бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

2015 йил III чоракҚонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси, Сиёсий партиялар фракциялари

6.4. Сиёсий партиялар ташаббуси билан ташкил этилган назорат-таҳлил тадбирларини ёритишга ОАВни фаол жалб этиш.

Доимий равишдаСиёсий партиялар фракциялари, Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати

6.5. Сиёсий партиялар фракциялари депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси асосида тайёрланган қонун лойиҳаларини қонун лойиҳаларини такомилига етказиш учун зарур бўлган ташкилий-техник, ахборот-коммуникация шароитларини яратишга доир таклифларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, шунингдек демократик ислоҳотларнинг қуйидаги муҳим устувор йўналишларини қонунчилик йўли билан, ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш бўйича фракциялараро мунозаралар ўтказиш:
давлат бошқаруви тизимини демократлаштириш;
демократик суд-ҳуқуқ ислоҳотларини чуқурлаштириш;
ҳозирги босқичда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш;
хусусий мулкни, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, мамлакат иқтисодиётида давлат иштироки даражасини стратегик ва иқтисодий жиҳатдан асосланган миқдорларгача камайтириш;
корпоратив бошқариш тизими принципларини ва ёндашувларини ўзгартириш, ишлаб чиқариш, ташқи иқтисодий ва инвестиция жараёнлари корпоратив менежментининг замонавий халқаро стандартларини жорий этиш;
ахборот-коммуникация тизимларини, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация қурилишини ривожлантириш ҳамда мамлакатни социал-иқтисодий ривожлантиришнинг бошқа масалалари.

2015 йил II-III чоракларСиёсий партиялар фракциялари, Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати

6.6. Депутатларнинг сайлов округларида ишлаш, қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолиятига доир долзарб таклифлар ишлаб чиқиш ва киритиш учун сайловчилар билан мустаҳкам алоқани йўлга қўйишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш бўйича чоралар кўриш.

2015 йил II-III чоракларСиёсий партиялар фракциялари
7.

Давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан, қабул қилинаётган қонунлар, энг муҳим социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ривожлантириш давлат дастурларининг сўзсиз бажарилиши устидан парламент назоратини тубдан яхшилаш.

7.1. Қонунчилик палатаси фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан палатанинг назорат ваколатларини аниқ мустаҳкамлаб қўйишга, уларнинг амалга оширилишини таъминлашга, шу жумладан Қонунчилик палатаси томонидан тегишли йил учун Бюджетномани, шунингдек Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқишнинг таъсирчан механизмларини яратишга, парламент назоратининг бошқа замонавий шакллари ва усулларини жорий этишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш.

2015 йил II чоракҚонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси, Сиёсий партиялар фракциялари

7.2. Қонунчилик палатаси қўмиталарининг бюджет-молия соҳасида парламент назоратини амалга оширишда Ҳисоб палатаси билан ўзаро ҳамкорлигининг норматив-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга доир таклифлар тайёрлаш.

2015 йил II чорак

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси, Сиёсий партиялар фракциялари

7.3. Ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан қонун ҳужжатлари талаблари бажарилишини таъминлаш, мамлакатни социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ривожлантириш вазифаларини амалга ошириш бўйича уларнинг масъулиятини ошириш юзасидан Қонунчилик палатасининг назорат тадбирлари натижалари тўғрисида мамлакатимиз аҳолисини кенг хабардор қилишга қаратилган «Парламент назоратининг натижалари», «Ҳукумат аъзоси парламент сўровига жавоб беради» деб номланган махсус рукнларни «Халқ сўзи», «Народное слово» газеталарида ташкил этиш.

Доимий равишдаҚонунчилик палатаси Кенгаши, «Халқ сўзи», «Народное слово», газеталари таҳририятлари, Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати

7.4. Қонунчилик палатасининг депутатлари учун парламент назоратини амалга оширишнинг долзарб масалаларига бағишланган семинар-тренинглар туркумини ўтказиш.

2015 йил III чоракСиёсий партиялар фракциялари, Қонунчилик палатаси қўмиталари

7.5. Парламент назоратини такомиллаштиришнинг долзарб масалаларига бағишланган, янги конституциявий шароитларда давлат бошқаруви органларининг фаолияти, қабул қилинаётган қонунларнинг, энг муҳим социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ривожлантириш давлат дастурларининг улар томонидан сўзсиз бажарилиши устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича Олий Мажлиснинг ва, аввало, сиёсий партиялар фракцияларининг ишини яхшилаш юзасидан илғор чет эл тажрибасини ҳисобга олган ҳолда тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилган халқаро конференция ўтказиш.

2015 йил II чоракҚонунчилик палатаси, Адлия вазирлиги, ДБА, АҚМИ, ТДЮУ, ЖИДУ
8.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик самарадорлигини янада ошириш.

8.1. Олий Мажлис палаталарининг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолиятида ўзаро ҳамкорликни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани инвентаризация қилиш, уни янада такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш.

2015 йил II чоракҚонунчилик палатаси ва Сенат қўмиталари (келишувга кўра)

8.2. Олий Мажлис палаталарининг ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш бўйича Мувофиқлаштирувчи Кенгаш таркибини шакллантириш ва унинг биринчи мажлисини ўтказиш. Олий Мажлис палаталарининг ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш бўйича Мувофиқлаштирувчи Кенгаш тўғрисидаги Низомнинг янги ижтимоий-сиёсий шароитларда Олий Мажлис палаталари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик самарадорлиги янада оширилишини таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни белгилашга қаратилган янги таҳририни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

2015 йил II чоракҚонунчилик палатаси ва Сенат Кенгашлари (келишувга кўра)

8.3. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати қўмиталарининг назорат-таҳлил тадбирлари ва бошқа тадбирлар ўтказиш бўйича иш режаларини мувофиқлаштириш масалалари юзасидан бу соҳада такрорлашларни истисно этиш ва иш самарадорлигини ошириш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг қўшма қарорини тайёрлаш ҳамда қабул қилиш.

2015 йил I чоракЎзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш бўйича Мувофиқлаштирувчи Кенгаш

8.4. 2015-2016 йилларда Олий Мажлис палаталарининг парламентнинг мавжуд ахборот салоҳиятидан икки томонлама фойдаланиш мақсадида ахборот тизимлари ва мавжуд ахборот ресурсларини бирлаштирувчи ягона ахборот тизимини яратишга доир комплекс дастур лойиҳасини тайёрлаш.

2015 йил III чоракҚонунчилик палатаси ва Сенат қўмиталари (келишувга кўра), Қонунчилик палатаси ва Сенат Девонларининг тегишли бўлинмалари

8.5. Қабул қилинаётган қонунларнинг моҳияти ва аҳамияти, шунингдек назорат-таҳлил ишлари натижалари, Олий Мажлис палаталарининг фаолияти тўғрисида жамоатчиликни кенг хабардор қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари Ахборот хизматларининг 2015 йилга мўлжалланган ўзаро ҳамкорлиги режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

2015 йил II чоракҚонунчилик палатаси ва Сенат Кенгашлари (келишувга кўра)

8.6. Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси фаолиятининг самарадорлигини оширишга доир биргаликдаги чора-тадбирларни ишлаб чиқиш.

2015 йил II чоракҚонунчилик палатаси ва Сенат Кенгашлари (келишувга кўра)

8.7. Демократик, социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш масалаларини ҳал этишдаги ўзаро ҳамкорликнинг янги, замонавий шаклларини парламент палаталари фаолиятига жорий этиш бўйича таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқишни назарда тутувчи «Парламент палаталарининг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолиятидаги ўзаро ҳамкорлиги амалиётининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш» мавзусида давра суҳбати ўтказиш.

2015 йил II чорак

Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси Сенатнинг тегишли қўмитаси билан биргаликда (келишувга кўра)

Т/р

Қонун лойиҳасининг, назорат-таҳлил тадбирининг номи

Қонуннинг қабул қилинишидан мақсад, ўтказилаётган тадбирнинг мақсади

Бажариш муддати

Масъул ижрочилар

1-бўлим. Давлат бошқаруви ва жамият қурилиши соҳасидаги демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш — халқ ҳокимиятчилиги ва парламентаризм асосларини янада ривожлантириш

Қонун ижодкорлиги фаолияти

1.

«Парламент назорати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси.

Қонун лойиҳаси давлат бошқаруви органлари фаолияти ҳамда қабул қилинаётган қонунларнинг, мамлакатни социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ривожлантиришга доир энг муҳим давлат дастурларининг сўзсиз бажарилиши устидан Олий Мажлис палаталарининг назорат қилиш фаолияти самарадорлигини янада оширишга қаратилгандир. Қонун лойиҳаси парламент назоратининг шакллари, механизмлари, обьектлари (парламент эшитувлари, ҳукумат аъзоларининг, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг қонун ҳужжатлари талаблари ижро этилишига доир ишлар ҳолати тўғрисидаги мунтазам ҳисоботлари ва ҳоказо), ушбу соҳадаги ҳуқуқий муносабатлар субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек парламент назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий оқибатлари белгилаб қўйилади.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 25 июнда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига тузатишларни амалга ошириш бўйича қонун ижодкорлиги ишлари дастури тўғрисида»ги Ф-4305-сонли Фармойишида назарда тутилган.

2015 йил III чорак

Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси, Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси, АҚМИ

2.

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги ҳамда «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси.

Қонун лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ва уларни тайёрлашга доир, қабул қилинаётган қонунларнинг сифатини яхшилашга, уларнинг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлашга, қонуности ҳужжатларини ўз вақтида қабул қилишга, янги қабул қилинган қонунларнинг қоидаларини тўлиқ амалга оширишга, шунингдек уларни бузганлик учун жавобгарликнинг самарали механизмларини яратишга қаратилган талабларни белгиловчи нормаларни назарда тутади.
Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 23 январда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида қилган маърузасидан келиб чиқиб ишлаб чиқилади.

2015 йил III чорак

Қонунчилик палатаси депутатлари, Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси

3.

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси.

Қонун лойиҳаси:
қабул қилинаётган қонунларнинг ижрочиларга етказилиши жараёнлари депутатлар, сиёсий партиялар фракциялари томонидан албатта ўрганиб чиқилишини ва ушбу соҳада юзага келаётган муаммоларга парламент эътиборини қаратиш юзасидан чора-тадбирлар кўрилишини;
мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этишга қаратилган қонун лойиҳалари бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш механизмлари палата фаолияти амалиётига жорий этилишини;
палатанинг қонунчилик, назорат-таҳлил ишларида, шу жумладан парламент томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ҳаракат дастурини муҳокама этиш ва маъқуллаш, мамлакатнинг социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ҳаётининг энг муҳим масалалари ҳамда Қонунчилик палатаси ваколатларига кирувчи бошқа масалалар юзасидан ҳукумат аъзоларининг, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг маърузаларини мунтазам, тизимли асосда эшитиб бориш масалаларига доир қарорларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда сиёсий партиялар фракцияларининг фаол иштирок этиши механизмлари самарадорлиги оширилишини назарда тутади.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 23 январда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузасидан келиб чиқади.

2015 йил III чорак

Қонунчилик палатаси депутатлари, Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси

4.

«Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси.

Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддасига 2014 йилда киритилган тузатишларни амалга оширишга қаратилган бўлиб, у қуйидагиларни назарда тутади:
1. «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги конституциявий қонунларга, «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги
Қонунга, шунингдек бошқа бир қатор қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддасига киритилган тузатишларни амалга оширишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш.
Бунда хусусан, қуйидагилар назарда тутилади:
а) ҳукуматнинг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан ҳар йилги маьрузасини Олий Мажлисга киритиш учун тайёрлаш ҳамда тақдим этиш (ҳисобот йилидан кейинги йилнинг февраль ойидан кечиктирмай) тартиби ва муддатларини аниқлаш;
б) иқтисодий, ижтимоий, молиявий, пул-кредит сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш, иқтисодий ҳамда ижтимоий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва бажариш бўйича ваколатларни ҳукумат томонидан амалга оширишнинг аниқ механизми;
в) ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан парламент, жамоатчилик назоратини кучайтириш шароитларида қонун чиқарувчи ҳокимият органлари билан ҳукумат ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг самарали механизмлари ва бошқа қоидалар.

2015 йил III чорак

Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси, Сенат (келишувга кўра), Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги, ДБА, АҚМИ, вазирликлар ва идоралар

2. «Прокуратура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш. Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддасига киритилган тузатишни амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини яратишга, хусусан, прокуратура органларининг ўзлари аниқлаган давлат бошқаруви органлари ва ҳокимларнинг қонун ҳужжатлари нормаларига мувофиқ бўлмаган ҳужжатлари ҳақидаги ахборотни Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдим этиши тартиби ва механизмини белгилашга қаратилган.

Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси, Бош прокуратура

3. «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш. Қонун лойиҳаси Конституциянинг 32, 103-моддаларига киритилган тузатишларнинг амалга оширилишини таъминловчи ташкилий-ҳуқуқий механизмларни яратишга қаратилган бўлиб, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан жамоатчилик назоратини амалга оширувчи субъектларнинг ўзаро ҳамкорлиги тартибини; тегишли халқ депутатлари Кенгашларининг ҳоким ҳисоботини эшитиш (ҳисобот йилидан кейинги йилнинг февралидан кечиктирмай) бўйича мажлисларига тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш тартиби ва муддатларини; вилоят, туман, шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим долзарб масалалари юзасидан ҳокимларнинг ҳисоботларини ҳамда халқ депутатлари Кенгашларининг шу борада қабул қилган қарорларини ОАВда албатта эълон қилиш тартибини белгилайди.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 25 июнда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига тузатишларни амалга ошириш бўйича қонун ижодкорлиги ишлари дастури тўғрисида»ги Ф-4305-сонли Фармойишида назарда тутилган.

Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси, Сенат (келишувга кўра), Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, ФЖШММИ, АҚМИ, ДБА, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Марказий сайлов комиссияси

5.

«Электрон ҳукумат тўғрисида»ги қонун лойиҳаси.

Қонун лойиҳаси замонавий ахборот-коммуникация технологияларини давлат бошқаруви тизимига изчил жорий этишга, «электрон ҳукуматни» яратиш ва унинг фаолият кўрсатишини таъминлашга, давлат органлари фаолиятининг самарадорлиги ва ошкоралигини оширишга доир фаолиятни тўлақонли тартибга солишга қаратилган. Қонун лойиҳаси маъмурий тартиб-таомилларни электрон тарзда, шу жумладан давлат томонидан турли шаклда хизматлар кўрсатиш тарзида амалга оширишни автоматлаштиришда давлат органлари фаолиятининг асосий ташкилий-ҳуқуқий механизмларини белгилайди.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 25 июнда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига тузатишларни амалга ошириш бўйича қонун ижодкорлиги ишлари дастури тўғрисида»ги Ф-4305-сонли Фармойишида назарда тутилган.

2015 йил II чорак

Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси, Ахборот технологиялари ва коммуникациялари-ни ривожлантириш вазирлиги, Адлия вазирлиги, ДБА

6.

«Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси.

Қонун лойиҳаси жамоатчилик назоратини амалга ошириш субъектлари, объектлари, предметини, ҳуқуқий механизмларини ва тартибини, фуқароларнинг фуқаролик жамияти институтларини, шунингдек давлат органларининг ушбу соҳадаги ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини қонунчилик йўли билан белгилаб қўйишга қаратилган.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 25 июнда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига тузатишларни амалга ошириш бўйича қонун ижодкорлиги ишлари дастури тўғрисида»ги Ф-4305-сонли Фармойишида назарда тутилган.

2015 йил IV чорак

Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси, Адлия вазирлиги, ФЖШММИ, «Маҳалла» жамғармаси, АҚМИ

7.

«Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси.

Қонун лойиҳаси давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ваколатларини ҳамда фаолият кўрсатиш соҳаларини чегаралашга, мазкур органлар вазифаларини ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш принципларини, бу органларни ташкил этиш, тугатиш ва қайта ташкил этиш тартибини, шунингдек ҳукуматнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятини мувофиқлаштиришга ҳамда улар фаолияти устидан назорат қилишга доир замонавий талабларга жавоб берувчи иш шакллари ва усулларини белгилашга қаратилган.
Қонун лойиҳасини тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 25 июнда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига тузатишларни амалга ошириш бўйича қонун ижодкорлиги ишлари дастури тўғрисида»ги Ф-4305-сонли Фармойишида назарда тутилган.

2015 йил III чорак

Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси, ДБА, вазирликлар ва идоралар

8.

«Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси.

Қонун лойиҳаси ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг замонавий усулларни, ташкилий-ҳуқуқий шаклларини жорий этишга, ички идоравий назорат механизмини кучайтиришга қаратилган. Хусусан, турли маъмурий тартиб-таомилларнинг умумий принциплари ва уларга қўйиладиган талаблар (лицензиялаш, сертификатлаштириш, рўйхатдан ўтказиш), шунингдек уларни соддалаштириш чора-тадбирлари қонун йўли билан тартибга солинади. Қонуннинг қабул қилиниши давлат бошқаруви соҳасидаги расмиятчиликни, тўрачилик кўринишлари ва суиистеъмолликларни истисно этишга кўмаклашади.
Қонун лойиҳасини тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 25 июнда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига тузатишларни амалга ошириш бўйича қонун ижодкорлиги ишлари дастури тўғрисида»ги Ф-4305-сонли Фармойишида назарда тутилган.

2015 йил III чорак

Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси, АҚМИ, ДБА, вазирликлар ва идоралар

Назорат-таҳлил фаолияти

9.

«Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги ва давлат бошқаруви органлари фаолиятида ижро этилиши ҳолатини ўрганиш.

Тадбир Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, шунингдек Фарғона вилояти ҳокимлиги ва давлат ҳокимияти органларининг давлат органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш билан боғлиқ қонун ҳужжатлари талабларини бажариш, шу жумладан ўзлари қабул қилаётган қарорлар ҳамда фуқароларда алоҳида қизиқиш уйғотаётган долзарб ижтимоий муаммолар юзасидан қабул қилинаётган қарорларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказишга доир фаолиятини ўрганишни назарда тутади. Ўрганиш натижаларига кўра мазкур соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқилади.

2015 йил IV чорак

Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси, АҚМИ

10.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг «Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантиришнинг кенг кўламли дастурини амалга оширишнинг бориши тўғрисида»ги ахборотини эшитиш.

Тадбир давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш соҳасидаги ишларнинг ҳолатини ўрганишга, хўжалик бошқаруви органлари фаолиятида интерактив давлат хизматлари кўрсатиш, ахборот-коммуникация технологияларининг замонавий воситаларини қўллашга, шунингдек бу соҳадаги қонун ҳужжатларини ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилган.
Эшитув Ўзбекистон «Миллий тикланиш» ДП фракцияси ташаббуси билан ташкил этилади.

2015 йил IV чорак

Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси

2-бўлим. Суд-ҳуқуқ, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимини янада демократлаштириш ва либераллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда унинг самарадорлигини ошириш

Қонун ижодкорлиги фаолияти

1.

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси.

Қонун лойиҳаси қуйидагиларга қаратилган:
жиноят, маъмурий, суд ишларини юритишда ишларни кўриб чиқишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш; фуқаролик-ҳуқуқий ва маъмурий-ҳуқуқий низоларни ҳал этишнинг судгача бўлган, суддан ташқари тартибини янада такомиллаштириш; умумий юрисдикция судларининг қарорлари, ҳал қилув қарорлари устидан суд назоратини кучайтириш;
катта ижтимоий хавф туғдирмайдиган жиноятлар бўйича дастлабки тергов ва суд мажлисида жиноят ишини муҳокама қилишнинг соддалаштирилган тартиби механизмини жорий этиш.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 4 октябрда қабул қилинган «Туман ва шаҳар умумий юрисдикция судлари фаолиятини такомиллаштириш ва унинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4570-сонли Фармонида назарда тутилган.

2015 йил III чорак

Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси, Олий суд, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, ИИВ

2.

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси.

Қонун лойиҳаси фуқаролик тўғрисидаги қонун ҳужжатларида жисмоний ёки юридик шахсларнинг шахсига ёки мол-мулкига террорчиликка қарши операциялар ўтказиш натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплашнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлаш, «Терроризмга қарши кураш тўғрисида»ги Қонуннинг 23-моддасида назарда тутилган ҳавола нормаларни амалга оширишга қаратилган.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 15 июлдаги ПҚ-2003-сонли Қарори билан тасдиқланган Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунларнинг ҳавола нормаларини амалга ошириш учун зарур бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш режасида назарда тутилган.

2015 йил II чорак

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси

3.

«Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси.

Қонун лойиҳаси жамоат жойларида тамаки маҳсулотлари истеъмол қилганлик, шунингдек алкоголь ва тамаки маҳсулотларини тарғиб қилганлик учун маъмурий жазо чораларини белгилашга қаратилган.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 19 февралдаги ПҚ-2133-сонли Қарори билан тасдиқланган «Соғлом бола йили» Давлат дастурида назарда тутилган.

2015 йил II чорак

Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси

4.

«Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда суд органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва прокуратура органларининг роли оширилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси.

Қонун қуйидагиларга қаратилган чора-тадбирларни назарда тутади:
тадбиркорлик субъектларига берилган иқтисодий имтиёзлар ва преференцияларнинг сўзсиз амалга оширилишини, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашнинг самарали маъмурий-ҳуқуқий, жиноий-ҳуқуқий, суд-ҳуқуқий механизмларини яратиш;
кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда суд ва прокуратура органларининг ваколатлари ролини ошириш;
тадбиркорлик субъектларига берилган имтиёзлар ва преференцияларни ҳаётга татбиқ этиш учун суд назорати, прокурорлик назорати механизмларини такомиллаштириш;
тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун давлат ҳокимияти ва бошқаруви, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг жавобгарлигини кучайтириш.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йилда Қонун лойиҳалари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритишга доир дастурида назарда тутилган.

2015 йил II чорак

Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Олий суд, Олий хўжалик суди, ССП

5.

«Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси.

Қонун лойиҳасида тадбиркорлик тузилмаларининг фаолияти устидан назоратни амалга ошириш чоғида улар ишининг барқарорлигини таъминлаш, қонун ҳужжатларига ҳақиқий риоя этувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятига назорат қилувчи тузилмалар, бошқа давлат органларининг асоссиз аралашувига йўл қўймаслик, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширувдан ўтказиш учун асослар рўйхатини янада қисқартириш чора-тадбирлари назарда тутилади.
Қонун лойиҳаси назорат текширувларини амалга ошириш жараёнининг аниқ тартибга солиб қўйилишини таъминлашга, назорат қилувчи органларнинг текширув ишлари самарадорлиги мезонлари тизимини тартибга солишга даъват этилган.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 14 январдаги Ф-3557-сонли Фармойиши билан маъқулланган Демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни эркинлаштириш соҳасида Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари дастурида назарда тутилган.

2015 йил II чорак

Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси

6.

«Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги қонун лойиҳаси.

Қонун мамлакатимизда халқаро тижорат арбитражи фаолиятининг асосий принципларини белгилашни, хорижий шериклар ҳамда халқаро савдо-иқтисодий муносабатларнинг бошқа иштирокчилари билан юзага келадиган низоли масалаларни ҳал қилишни, арбитраж қарорларини тан олиш ва ижро этишнинг таъсирчан механизмини яратишни назарда тутади.
У хўжалик юритувчи субъектларнинг ортиқча харажатлари қисқартирилишига, ташқи иқтисодий битимлардан келиб чиқувчи низолар кўриб чиқилаётганда уларнинг манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишига, мамлакатнинг инвестиция жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 14 январдаги Ф-3557-сонли Фармойиши билан маъқулланган Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни эркинлаштириш соҳасида Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари дастурида назарда тутилган.

2016 йил I чорак

Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси, ССП, Олий хўжалик суди, ТИАИСВ, Иқтисодиёт вазирлиги, Адлия вазирлиги

7.

Қонунчилик палатасининг «Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий ҳаракат дастури тўғрисида»ги қарори лойиҳаси.

Дастур инсон ҳуқуқларининг ишончли ҳимоя қилиниши, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданияти шакллантирилиши билан боғлиқ масалаларни кенг кўламда ҳал этишга қаратилгандир. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида қонунийликни таъминлаш соҳасида фуқаролик жамияти институтлари томонидан жамоатчилик назорати механизмларини янада такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини ошириш чора-тадбирларини назарда тутади.
Дастур лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 14 январдаги Ф-3562-сонли Фармойиши билан маъқулланган Фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантириш соҳасида Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари дастурида назарда тутилган.

2016 йил IV чорак

Олий Мажлис палаталари (келишувга кўра), ИҲММ, Омбудсман, Адлия вазирлиги, ФЖШММИ, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси

8.

Қонунчилик палатасининг «Жамиятда ҳуқуқий маданиятни ошириш миллий дастури тўғрисида»ги (янги таҳрири) қарори лойиҳаси.

Дастур аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий, тарғибот-ташвиқот, таълим чора-тадбирларини, шунингдек ушбу тадбирларни амалга оширишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтиришни назарда тутади. Юридик таълим сифатини ошириш, юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини тубдан яхшилаш Дастурнинг энг муҳим йўналиши ҳисобланади.
Дастур лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 14 январдаги Ф-3559-сонли Фармойиши билан маъқулланган суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасида Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари дастурида назарда тутилган.

2016 йил IV чорак

Олий Мажлис палаталари (келишувга кўра), Адлия вазирлиги, ИҲММ, ДБА, ТДЮУ, МТРК, Ўзбекистон Электрон ОАВ миллий ассоциацияси, Босма ОАВ фонди

Назорат-таҳлил фаолияти

9.

Адлия вазирининг «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талаблари бажарилишининг ҳолати ҳақидаги ахборотини эшитиш.

Тадбир мазкур Қонун нормаларининг амалга оширилиши ҳолатини ўрганишга, шу жумладан давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар билан ўзаро муносабатларда тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишининг таъминланиши ҳолатини баҳолашга қаратилган. Кўриб чиқилаётган соҳада аниқ таклифлар ишлаб чиқиш.

2015 йил II чорак

Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси

10.

Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига риоя этилиши ҳолати ҳақидаги ахборотини эшитиш.

Тадбир ушбу Қонун нормаларининг амалга оширилиши ҳолатини ўрганишга, шу жумладан Қонуннинг давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнида юзага келадиган хусусий мулк дахлсиз эканлиги, хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмаслиги ва бекор қилинмаслиги тўғрисидаги талабларининг таъминланиши ҳолатини баҳолашга қаратилгандир. Кўриб чиқилаётган соҳада аниқ таклифлар ишлаб чиқиш.

2015 йил III чорак

Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси

11.

«Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижро этилиши ҳолатини Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигида ҳамда Қашқадарё вилоятида ўрганиш.

Тадбир ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганишга, жисмоний ва юридик шахсларнинг ахборотга бўлган ҳуқуқларини тўлиқ қаноатлантиришга, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш муддатларига риоя этишга, мурожаатларни йўллашнинг электрон шаклларидан фойдаланиш имкониятларига, ушбу соҳадаги, шу жумладан минтақавий даражадаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишга қаратилган.

2016 йил I чорак

Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси

3-бўлим. Иқтисодий, ижтимоий соҳадаги демократик ислоҳотлар — иқтисодий фаолият эркинлигини таъминлаш, мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш, иқтисодиётни барқарор мувозий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш

Қонун ижодкорлиги фаолияти

1.

«Иқтисодий фаолият, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорлик эркинлиги таъминланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси.

Қонун лойиҳаси хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни тўлиқ эркин ривожлантириш ва мустаҳкамлашни таъминлашнинг самарали ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлашни, хусусий, давлат, аралаш мулк шаклларини бўлишнинг аниқ ҳуқуқий мезонларини мустаҳкамлашни назарда тутади. Хусусан, қонун хусусий тадбиркорларнинг хомашё ресурсларидан фойдаланиш механизмларини анча соддалаштириш, янада такомиллаштириш ҳамда шаффофлигини ва бошқа ташкилий-ҳуқуқий механизмларини таъминлашга даъват этилгандир. Хусусий мулкнинг эркин ривожланишини, унинг ишончли ҳимоя қилинишини, ҳуқуқий кафолатларини, мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини жиддий равишда мустаҳкамлайди.
Мазкур Қонунни ишлаб чиқиш зарурати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримов сўзлаган маьрузасида назарда тутилган.
Шунингдек қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 4 апрелдаги 82-сонли Қарори билан тасдиқланган 2014 йилда Қонун лойиҳаларини ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш бўйича дастурида назарда тутилган.

2015 йил II чорак

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси

2.

Иқтисодиёт янада эркинлаштирилиши муносабати билан «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси.

Қонун лойиҳасида бир қатор қонун ҳужжатларига иқтисодиёт тармоқларида хусусий шуъбанинг улушини анча кўпайтириш ва давлатнинг иштирокини қисқартириш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни белгилаш назарда тутилмоқда. Хусусан, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунга тадбиркорлик субъектлари учун ҳуқуқ ва кафолатларни қонун йўли билан ҳимоя қилишни кучайтирувчи нормалар киритилади.
Бу соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш зарурлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган 2015 йил 16 январдаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маърузасида кўрсатиб ўтилган эди.

2015 йил II чорак

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси

3.

«Ҳарбий хизматни, ички ишлар органларида, божхона органларида хизматни ўтаган шахслар ва улар оила аъзоларининг пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси.

Қонун лойиҳасида ҳарбий хизматни, ички ишлар органларида, божхона органларида хизматни ўтаган шахсларнинг пенсия таъминоти асослари ва механизмлари назарда тутилади.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 18 февралдаги ПҚ-2302-сонли Қарори билан тасдиқланган «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурида назарда тутилган.

2015 йил II чорак

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси

4.

«Қариялар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси.

Қонун лойиҳасида қуйидагиларни белгилаш назарда тутилади:
қариялар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа тоифалари учун ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг асосий принциплари ва механизмлари, шунингдек ҳуқуқий, ташкилий ва иқтисодий асослари;
аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини оширишга қаратилган ижтимоий хизматлар кўрсатиш турлари ва шакллари;
давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда ижтимоий хизматлар соҳасидаги бошқа масъул идоралар ва хизматларнинг ваколатлари ва мажбуриятлари.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 18 февралдаги ПҚ-2302-сонли Қарори билан тасдиқланган «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурида назарда тутилган.

2015 йил II чорак

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси

5.

«Хўжалик юритувчи субъектларнинг эркин фаолият юритиши кафолатлари кучайтирилиши муносабати билан «Табиий монополиялар тўғрисида»ги Қонунга ва «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси.

Қонун лойиҳаси текширилаётган хўжалик юритувчи субъект томонидан судга шикоят берилган тақдирда назорат қилувчи органларнин? ҳаракатлари ёки қарорлари ижро этилишини тўхтатиш имкониятини бериш орқали хўжалик юритувчи субъектларга қўшимча кафолатлар яратилишини назарда тутади. «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддасини қўллашнинг ҳуқуқий механизмини таъминлайди. Мазкур моддада судга шикоят бериш, яъни устидан шикоят қилинаётган ҳаракатлар ёки қарорларнинг ижро этилишини суднинг қарори қонуний кучга киргунга қадар тўхтатиб туриш белгиланган, бундан фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига бошқа ҳақиқий хавфлар юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳаракатлар ёки қарорлар мустасно.
Ушбу Қонунни ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йилда Қонун лойиҳаларини ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбкистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш дастурида назарда тутилган.

2015 йил IV чорак

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси

6.

«Корпоратив бошқарув соҳасидаги қонун ҳужжатларининг янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси.

Қонун лойиҳасида қонунчиликнинг жиноят, жиноят-процессуал, маъмурий ва бошқа тармоқларида «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун нормаларининг ижро этилишини таъминлашга қаратилган маъмурий-ҳуқуқий, суд-ҳуқуқ механизмларини мустаҳкамлаш, шунингдек ишлаб чиқариш, ташқи иқтисодий ва инвестицион жараёнларни корпоратив бошқаришнинг замонавий халқаро стандартларини жорий этиш назарда тутилмоқда. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга акциядорларнинг, шу жумладан қимматли қоғозлар миноритар эгаларининг ҳуқуқларини бузганлик учун мансабдор шахсларнинг маъмурий жавобгарлигини назарда тутувчи норма киритилмоқда.
Ушбу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш зарурати Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис палаталарининг 2015 йил 23 январдаги қўшма мажлисидаги маърузасида назарда тутилган.

2015 йил I-II чораклар

Қонунчилик палатаси депутатлари –ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси, Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси

7.

«Электрон тижорат тўғрисида»ги қонун лойиҳаси (янги таҳрири).

Қонун лойиҳасида электрон тижоратда битимлар тузиш ва бошқа ҳаракатларни амалга оширишда электрон ҳужжатлардан ва хабарлардан фойдаланганда юзага келадиган муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишни такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар назарда тутилмоқда. Электрон ҳужжатлардан (хабарлардан) фойдаланиб шартномалар тузиш механизмлари, тартиби ҳамда электрон тижорат иштирокчиларига, шу жумладан, электрон воситачиларга қўйиладиган талаблар шартнома муносабатларининг турлари ҳисобга олинган ҳолда белгилаб қўйилмокда.
Ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устуворликларига бағишланган мажлисидаги маърузасида назарда тутилган.

2015 йил II чорак

Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси

8.

«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси.

Қонун бухгалтерия ҳисоби тизимини янада ривожлантириш учун халқаро принциплар ва стандартларга мувофиқ зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратишга, бухгалтерия ҳисобининг шаффофлигини оширишга, бухгалтерия ҳужжатларини сақлаш муддатини аниқлаштиришга, бухгалтерия ҳисоби субъектлари раҳбарларининг ва бухгалтерия хизматлари раҳбарларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ ажратиш орқали уларнинг жавобгарлигини оширишга, бухгалтерлар жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш орқали бухгалтерия ҳисобини тартибга солиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган.
Ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йилда қонун лойиҳалари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш Дастурида назарда тутилган.

2015 йил III чорак

Қонунчилик палатаси депутатлари – Ўзбекистон «Миллий тикланиш» ДП фракцияси аъзолари, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси

9.

«Энергиянинг қайта тикланадиган манбалари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси.

Қонун лойиҳаси энергиянинг қайта тикланадиган манбаларини жорий этиш бўйича самарали инфратузилмани яратиш тизимини ва ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга, шу жумладан муқобил энергетикани ривожлантириш бўйича махсус жамғармани шакллантиришга, энергиянинг қайта тикланадиган манбаларидан олинадиган электр энергиясини мамлакатимизнинг умумий энергетика балансига жалб қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий шартларини тартибга солишга, аҳолининг, айниқса, олис жойларда яшаётган аҳолининг энергиянинг қайта тикланадиган муқобил манбаларидан фойдаланишини таъминлашга қаратилган.

Ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 1 мартда қабул қилинган «Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4512-сонли Фармонида назарда тутилган.

2015 йил III чорак

Қонунчилик палатаси депутатлари (Экоҳаракат депутатлар гуруҳи, «Адолат» СДП фракцияси), Вазирлар Маҳкамаси

10.

«Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси.

Қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча турдаги транспортларда ташилаётган йўловчиларнинг ҳаётига ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш ҳисобидан қоплаш тартиби белгилаб қўйилмокда.
Ушбу қонунни ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 ноябрда қабул қилинган ПҚ-1438-сонли Қарорида назарда тутилган.

2015 йил II чорак

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси

11.

«Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси (янги таҳрири).

Қонун лойиҳаси «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни нормаларини бозор иқтисодиётининг замонавий талабларига ҳамда иқтисодиётни янада либераллаштириш, давлат ва хусусий сектор шерикчилигини мустаҳкамлаш, мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ва меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга мувофиқлаштиришга қаратилган.
Қонун лойиҳасида меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоат назоратини кучайтириш, меҳнат соҳасидаги муносабатларни тартибга солишда давлат органларининг ваколатларини белгилаш, иш ўринларининг аттестациядан ўтказилишини, меҳнат шароитлари аудити ташкил этилишини давлат экспертизасидан ўтказиш соҳасидаги талабларни кучайтириш юзасидан чора-тадбирлар назарда тутилмоқда. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги талаблар бузилганлиги аниқланган тақдирда ташкилотларнинг фаолиятини ва ишлаб чиқариш воситаларининг (асбоб-ускуналарнинг) ишлашини тўхтатиб туриш тартиби белгиланмоқда, иш берувчилар ва ходимларнинг ушбу соҳадаги жавобгарлиги кучайтирилмоқда.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 27 майда қабул қилинган 132-сонли қарори билан тасдиқланган Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенцияларини 2014 — 2016 йилларда рўёбга чиқаришга доир қўшимча чора-тадбирлар мажмуида назарда тутилган.

2015 йил IV чорак

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси

12.

«Чиқиндилар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси.

Қонун лойиҳаси атроф муҳитни юридик шахсларнинг ишлаб чиқариш фаолияти натижасида ҳосил бўладиган чиқиндиларнинг зарарли уюмлари, шунингдек жисмоний шахслар ҳаётий фаолиятида ишлатиладиган маҳсулотларнинг зарарли таьсиридан ишончли ҳимоя қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини кучайтиришга қаратилган ҳамда қуйидагиларни назарда тутади: мазкур чиқиндиларнинг тоифаларини, уларни утилизация қилиш ва зарарсизлантириш талабларини белгилаш; маиший чиқиндилар тўпланиши, ташилиши ва утилизация қилинишини, шунингдек уларнинг қайта ишланишини, бир қатор бошқа янгиликларни ташкил этувчи юридик ва жисмоний шахсларга зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда имтиёзлар бериш.

2015 йил IV чорак

Қонунчилик палатаси депутатлари – Экоҳаракат депутатлар гуруҳи аъзолари, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси, Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси

13.

«Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси.

Қонун лойиҳасида техник жиҳатдан тартибга солиш мақсадлари ва объектларини аниқлаштириш, шунингдек техник тартибларда маҳсулотлар, ишлар ва хизматларнинг мувофиқлигини баҳолаш учун зарур маҳсулотни саралаб олишга ва синовдан ўтказишга, ўлчаш қоидаларининг мазмун-моҳиятига доир талабларни чиқариб ташлаш назарда тутилган бўлиб, бу синовдан ўтказиш ва ўлчаш усулларини белгилайдиган, янги қабул қилинаётган халқаро стандартларни ҳамда талабларни самаралироқ қўллаш имкониятини беради.
Ушбу қонунни ишлаб чиқиш Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йилда қонун лойиҳаларини ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш дастурида назарда тутилган.

2015 йил IV чорак

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси

14.

«Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида»ги Қонунга ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси.

Қонун лойиҳасида импорт қилинадиган ва республикада ишлаб чиқариладиган ош тузини йод билан мажбурий равишда бойитиш тўғрисидаги нормаларнинг жорий этилиши назарда тутилади.
Ушбу қонунни ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 19 февралда қабул қилинган ПҚ-2133-сонли Қарори билан тасдиқланган «Соғлом бола йили» Давлат дастурида назарда тутилган.

2015 йил I чорак

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси

15.

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси.

Қонун лойиҳаси нодавлат таълим фаолиятини лицензиялаш тартибини такомиллаштиришни назарда тутади.
Ушбу қонунни ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 19 февралда қабул қилинган ПҚ-2133-сонли Қарори билан тасдиқланган «Соғлом бола йили» Давлат дастурида назарда тутилган.

2015 йил I чорак

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси

16.

«Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси.

Қонун лойиҳасида «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддасига тегишли ўзгартишлар киритиш назарда тутилади. Ушбу ўзгартишлар фермер хўжаликларининг эҳтимол тутилган фаолият соҳаларини кенгайтиришга, фермер хўжалигининг эҳтимол тутилган фаолият турлари рўйхатига ижрага берилган ер участкаларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқаришини юритиш билан бир қаторда, кенг тадбиркорлик фаолияти турларини ҳам киритиш назарда тутилади.
Қонун лойиҳаси ЎзЛиДеП фракцияси ташаббуси билан ишлаб чиқилмоқда.

2015 йил III чорак

Қонунчилик палатаси депутатлари – ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари, Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси

17.

«Касаначилик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси.

Қонун лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилади:
касаначиликни ҳуқуқий жиҳатдан белгилаш;
касаначилик шаклида амалга оширилиши мумкин бўлган меҳнат фаолияти турлари;
касаначилик тўғрисидаги шартномаларни тузиш тартиби, ижтимоий суғуртани амалга ошириш, меҳнат ҳақи тўлаш, меҳнат муҳофазасини таъминлаш, таътиллар бериш, меҳнат стажини ҳисобга олиш, меҳнат дафтарчаларини расмийлаштириш ва ҳоказолар;
иш берувчи корхоналарнинг мажбуриятлари;
ногиронлар ва 3 ёшгача бўлган болаларни тарбиялаётган аёллар учун касаначилик иш ўринларини квоталаш тартиби;
ёшга кўра пенсияга чиққан пенсионерларнинг касаначилик фаолиятини тартибга солиш хусусиятлари;
иш берувчи корхоналарни қайта ташкил этишда касаначилик иш ўринларини сақлаб қолиш кафолатлари;
меҳнатни ташкил этишнинг касаначилик турларида аҳолини банд қилишни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг бошқа масалалари.
Қонун лойиҳаси ЎзХДП фракцияси ташаббуси билан ишлаб чиқилмоқда.

2016 йил II чорак

Қонунчилик палатаси депутатлари – ЎзХДП фракцияси аъзолари, Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси

18.

«Болалар ўйинчоқларининг хавфсизлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси.

Қонун лойиҳасининг асосий мақсади боланинг ҳаётига, унинг жисмоний, психологик ва маънавий-ахлоқий соғлиғига ҳамда боланинг ривожланишига зарар етказиши мумкин бўлган болалар ўйинчоқларини ишлаб чиқаришга ва унинг муомаласига йўл қўймаслик мақсадида болалар ўйинчоқларининг хавфсизлигига нисбатан қонунчилик талабларини белгилашдан, шунингдек болалар ўйинчоқларини ишлаб чиқариш, унинг муомаласи ва ундан фойдаланиш соҳасидаги энг аҳамиятга молик муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тўлдиришдан иборатдир.
Қонун лойиҳаси Ўзбекистон «Миллий тикланиш» ДП фракцияси ташаббуси билан ишлаб чиқилмоқда.

2016 йил I чорак

Қонунчилик палатаси депутатлари – Ўзбекистон «Миллий тикланиш» ДП фракцияси аъзолари, Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси

Назорат-таҳлил фаолияти

19.

«Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижро этилиши ҳолатини ўрганиш.

Тадбир «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун талабларининг амалда рўёбга чиқарилишини ўрганишга, Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш марказида ҳуқуқни қўллаш фаолиятидаги камчиликларни аниқлашга қаратилган. Ўрганиш натижалари бўйича корпоратив бошқарув соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш.
Тадбирни ўтказиш ЎзЛиДеП фракцияси томонидан таклиф этилмоқда

2015 йил II чорак

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси

20.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 2015 йилнинг биринчи ярим йиллигида «2015 йилда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури» параметрларининг бажарилиши тўғрисидаги ахборотини эшитиш.

Иш ўринларини ташкил этиш дастурининг касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларининг битирувчиларини ишга жойлаштиришга тааллуқли параметрлари бажарилиши устидан парламент назоратини амалга ошириш назарда тутилмоқда.
Тадбирни ўтказиш ЎзХДП фракцияси томонидан таклиф этилмоқда.

2015 йил III чорак

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси

21.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг Ўзбекистонда сувни тежовчи технологиялардан фойдаланиш ҳолати ва унинг самарадорлигини ошириш истиқболлари, қишлоқ хўжалиги корхоналарига замонавий техника ва технологияларни жорий этиш тўғрисидаги ахборотини эшитиш.

Тадбир сувни тежовчи технологиялардан фойдаланиш самарадорлиги, мамлакатимиздаги аграр соҳанинг замонавий техника ва технологиялар билан таъминланганлиги ҳолатини ўрганишга, ушбу соҳадаги ҳуқуқий тартибга солиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ва тавсияларни ишлаб чиқишга йўналтирилган.
Тадбирни ўтказиш Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси томонидан таклиф этилмоқда.

2015 йил III-IV чораклар

Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси

22.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарининг «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурида назарда тутилган тадбирлар амалга оширилишининг бориши ҳақида»ги ахборотини эшитиш.

Парламент эшитуви кекса инсонларга, энг аввало 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларига муносиб эътибор бериш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш, муҳтожларни реабилитация қилишнинг қўшимча ва техник воситалари билан таъминлаш, улар учун туман ва маҳаллаларда мулоқот марказларини, уларнинг қизиқишлари бўйича клублар ташкил этиш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун шарт-шароитлар яратиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларни ўрганишга қаратилган.
Тадбирни ўтказиш ЎзХДП фракцияси томонидан таклиф этилмоқда.

2015 йил IV чорак

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси, Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси, Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси

23.

Иқтисодиёт вазирининг замонавий қурилиш ва пардозлаш материалларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳолати ва истиқболлари тўғрисидаги ахборотини эшитиш.

Тадбир 2015 — 2019 йилларда тайёр маҳсулотни, бутловчи буюмлар ва материалларни маҳаллийлаштириш ҳамда ишлаб чиқариш дастурининг амалга оширилишини, шунингдек замонавий қурилиш ва пардозлаш материалларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳолати ҳамда унинг истиқболларини ўрганишга, ишлаб чиқариш фаолиятининг ушбу соҳасини ривожлантиришга доир норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга йўналтирилган таклифлар ишлаб чиқишга қаратилган.
Тадбирни ўтказиш Ўзбекистон «Миллий тикланиш» ДП фракцияси томонидан таклиф этилмоқда.

2015 йил II чорак

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси

24.

Хусусий мулкдорларнинг эркин ривожланишини таъминлашга, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонун ҳужжатлари талабларининг Сурхондарё ҳамда Андижон вилоятларининг давлат бошқаруви органлари томонидан бажарилишини ўрганиш.

Тадбир Сурхондарё ва Андижон вилоятларидаги давлат органларининг норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг, қонунлар, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг хусусий мулк масалаларига доир нормалари ва қоидалари амалга оширилишини ўрганишга, уни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишга қаратилган.
Тадбирни ўтказиш ЎзЛиДеП фракцияси томонидан таклиф этилмокда.

2015 йил II чорак

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси, АҚМИ

25.

Сирдарё вилоятида «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонуннинг ижро этилиши ҳолатини ўрганиш.

Тадбир Сирдарё вилоятида фермер хўжаликларини юритиш учун ер участкалари бериш шартларини, ердан фойдаланиш, сув истеъмоли тартибини белгилаб берадиган қонун ҳужжатлари талабларининг ижро этилиш ҳолатини ўрганишга қаратилган.
Ўрганиш натижалари бўйича ушбу соҳадаги давлат органлари, хўжалик юритувчи субъектларининг ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини оширишга доир таклифлар ишлаб чиқиш.
Тадбирни ўтказиш ЎзЛиДеП фракцияси томонидан таклиф этилмоқда.

2015 йил II чорак

Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси

26.

«Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги Қонуннинг Самарқанд вилоятида ижро этилишини ўрганиш.

Тадбир ушбу Қонуннинг ёшларни жисмоний тарбия ва спорт масалаларига кенг жалб этишга доир нормалари самарадорлигини ўрганиш, шунингдек қонун ҳужжатларидаги камчиликларни бартараф этиш ҳамда қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида ўтказилади.

2015 йил II чорак

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси

27.

Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича Давлат дастурининг Бухоро вилоятида бажарилиши ҳолатини ўрганиш.

Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад 2013 — 2017 йиллардаги даврда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича Давлат дастурининг бажарилиши ва самарали амалга оширилиши устидан парламент назоратини таъминлашдан иборатдир.
Мазкур назорат-таҳлил ишига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш билан боғлиқ масалаларни ҳар томонлама таҳлилий ишлаб чиқиш заруратидан келиб чиқади.

2015 йил III чорак

Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси

4-бўлим. Фуқаролик жамияти институтларини, мустақил оммавий ахборот воситаларини изчил ривожлантириш, уларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришдаги ролини ошириш.

Қонун ижодкорлиги фаолияти

1.

«Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг иқтисодий асослари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси.

Қонун лойиҳаси ОАВ эркинлиги, иқтисодий мустақиллиги кафолатларини янада мустаҳкамлашга, ахборот соҳасига бозор механизмларини жорий этишга, ахборот соҳасидаги рақобат, ахборот бозори иштирокчиларининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, муаллифлик ҳуқуқлари ва интеллектуал мулкнинг ишончли ҳимоясини таъминлашга доир ҳуқуқий кафолатлар ҳамда механизмларни кучайтиришга қаратилган.
Қонун лойиҳасини тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 14 январда қабул қилинган Ф-3560-сонли Фармойиши билан тасдиқланган ахборот соҳасини ислоҳ қилиш ҳамда сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш соҳасидаги Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини рўёбга чиқаришга доир чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган.

2015 йил III чорак

Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси

2.

«Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кафолатлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси.

Қонун лойиҳаси ОАВда тақдим этилган ахборотнинг сиёсий, ғоявий ва маданий турфа хиллигини таъминлашни давом эттириш мақсадида бозор муносабатлари шароитларида миллий масс-медиани тизимли равишда қўллаб-қувватлашнинг, уларнинг моддий-техника базасини, иқтисодий ҳолатини мустаҳкамлашда давлат иштирокининг ҳуқуқий механизмларини белгилаб олишга қаратилган.
Қонун лойиҳасини тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 14 январда қабул қилинган Ф-3560-сонли Фармойиши билан тасдиқланган ахборот соҳасини ислоҳ қилиш ҳамда сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш соҳасидаги Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини рўёбга чиқаришга доир чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган.

2015 йил III чорак

Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси

3.

«Телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси.

Қонун лойиҳаси электрон оммавий ахборот воситалари тизимини янада демократлаштиришга ва либераллаштиришга, уларни мамлакатни демократик жиҳатдан янгилаш жараёнларини ёритиб беришга кенг жалб қилишга, шунингдек телерадио дастурларни яратиш ва тарқатиш, мобиль ва рақамли телевидение каби ёритишнинг янги истиқболли технологияларини жорий этиш, телесаноатнинг янги истиқболли секторларини яратиш соҳасида рақобатни изчиллик билан ривожлантириш учун шарт-шароит яратиб беришга қаратилган.
Қонун лойиҳасини тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 14 январда қабул қилинган Ф-3560-сонли Фармойиши билан тасдиқланган ахборот соҳасини ислоҳ қилиш ҳамда сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш соҳасидаги Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини рўёбга чиқаришга доир чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган.

2015 йил IV чорак

Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари кўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси

Назорат-таҳлил фаолияти

4.

«Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг Жиззах вилоятида ва Тошкент шаҳрида ижро этилиши ҳолатини ўрганиш.

Тадбир қонунлар нормаларини амалда рўёбга чиқариш ҳолатини ўрганишга, ҳуқуқни қўллаш самарадорлигини баҳолашга, шунингдек шу асосда фуқаролик институтларини, нодавлат нотижорат ташкилотларини ривожлантириш, уларни мамлакатимизни социал-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга доир энг муҳим вазифаларни ҳал қилишда, инсонларнинг ижтимоий фаоллигини оширишда, жамиятда манфаатлар мутаносиблигини таъминлашда фаол иштирок этишининг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ҳамда тавсиялар ишлаб чиқишга, шунингдек қонун ҳужжатларининг мувофиқлигини, тизимлилигини, ушбу соҳадаги ҳуқуқий тартибга солиш тизимининг тўлиқлигини таъминлашга қаратилган.
Тадбир ЎзЛиДеП фракцияси томонидан таклиф этилмоқда.

2016 йил II чорак

Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кўмитаси

5.

«Телекоммуникациялар тўғрисида»ги, Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Қорақалпоғистон Республикасида ва Тошкент вилоятида ижро этилиши ҳолатини ўрганиш.

Тадбир қонун ҳужжатлари талабларининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Тошкент вилояти давлат бошқаруви органлари томонидан ижро этилиши самарадорлигини ўрганишга, шунингдек ахборот-коммуникация тизимларини ривожлантириш, Интернет тармоғига уланиш бўйича техник имкониятларни, кенг доирали фойдаланиш оптик тармоқларини кенгайтириш, шунингдек бошқарув фаолиятига ахборот технологияларини жорий этишнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилган.
Тадбирни ўтказиш Ўзбекистон «Миллий тикланиш» ДП фракцияси томонидан таклиф этилмоқда.

2015 йил III чорак

Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси

5-бўлим. Ўзбекистон Республикаси хавфсизлигини таъминлашнинг, ташқи сиёсий фаолиятининг норматив-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш

Қонун ижодкорлиги фаолияти

1.

«Болаларни уларнинг жисмоний ва маънавий-ахлоқий камолотига зарар етказадиган ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси.

Қонунда ахборот маҳсулотининг ёш таснифининг замонавий стандартлари инобатга олинган ҳолда муайян ёшдаги болалар учун ахборотнинг муайян турлари тарқатилишига доир чеклашлар белгиланган, болалар ва ёшларни зарарли ахборот таъсиридан, шу жумладан Интернет глобал тармоғидан фойдаланган ҳолда олинадиган зарарли ахборот таъсиридан, «оммавий маданият» белгилари таъсиридан ҳамда жамоатчилик онгига таъсир кўрсатадиган бошқа ахборот таҳдидларидан ҳимоя қилиш механизмлари очиб берилган.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 19 февралдаги ПҚ-2133-сонли Қарори билан тасдиқланган «Соғлом бола йили» Давлат дастурида назарда тутилган.

2015 йил II чорак

Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси

2.

«Радиочастота спектри тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси.

Қонун лойиҳаси радиочастота спектридан фойдаланишни назорат қилиш тизимини янада такомиллаштиришга, телерадио эфирда ахборот хавфсизлигини, шунингдек радиоэлектрон воситаларининг барқарор фаолиятини таъминлашга қаратилган. Радиочастота спектри доираларининг самарали тақсимланишини таъминлайдиган нормаларни ҳамда ушбу вазифаларни ҳал қилишга йўналтирилган бошқа қоидаларни киритиш назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 22 октябрда қабул қилинган «Радиочастота спектрини бошқариш ва ундан фойдаланишни такомиллаштириш тўғрисида»ги ПҚ-2053-сонли Қарорида назарда тутилган.

2015 йил II чорак

Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси

3.

«Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси.

Қонунни қабул қилишдан кўзланган мақсад замонавий босқичда аҳолининг санитария-эпидемиологик жиҳатидан фаровонлигини ва хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаб олишдан иборат. Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ушбу соҳадаги ҳуқуқлари, мажбуриятлари ҳамда жавобгарлиги белгилаб қўйилмоқда.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 19 февралдаги ПҚ-2133-сонли Қарори билан тасдиқланган «Соғлом бола йили» Давлат дастурида назарда тутилган.

2015 йил II чорак

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси

4.

«Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси (янги таҳрири).

Янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси ёввойи ҳолда ўсадиган организмлар томонидан ҳосил қилинадиган табиий ўсимликлар ва комплекслар, улар ўсадиган табиий муҳит сақланишини таъминлаш, ёввойи ўсимликлар турларининг популяциясини сақлаш ва тиклаш, ўсимлик дунёси объектлари турлари қисқариши ёки йўқолиши сабабларининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга қаратилган.
Янги таҳрирдаги «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонун нормаларини атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги халқаро ҳуқуқий нормалар талабларига мувофиқлаштириш кўзда тутилмоқда.
Қонун лойиҳаси Экоҳаракат депутатлар гуруҳи томонидан таклиф этилмоқда.

2015 йил III чорак

Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси, Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси

5.

«Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси (янги таҳрири).

Янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси ҳайвонот дунёси объектларини муҳофаза қилиш, улардан фойдаланиш, уларни тиклаш, уларнинг яшаш ва кўпайиш жойларини, шунингдек миграция йўлларини сақлаш, ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш ҳамда ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича иқтисодий механизмни қўллаш соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга қаратилган.
Қонун лойиҳаси Экоҳаракат депутатлар гуруҳи томонидан таклиф этилмокда.

2015 йил III-IV чораклар

Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси, Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси

6.

«Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси.

Қонун лойиҳаси атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ва иқтисодий механизмларни ҳамда воситаларни такомиллаштиришга йўналтирилган ва:
атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар натижасида иқтисодий чора-тадбирларни қўллаш тизими ривожлантирилишини;
жисмоний ва юридик шахсларнинг иқтисодий ҳуқуқлари, шунингдек манфаатлари ҳимоясини таъминловчи ҳуқуқий механизмлар яратилишини назарда тутади.
Қонун лойиҳаси Экоҳаракат депутатлар гуруҳи томонидан таклиф этилмоқда.

2015 йил IV чорак

Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси

7.

«Автомобиль транспорти тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси.

Қонун лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилмокда:
автомобиль транспортининг умумий фойдаланиладиган ва махсус фойдаланиладиган автотранспортга ажратиб таснифланишини аниқлаштириш, ушбу Қонун таъсир ўтказмайдиган автомобилда ташиш турлари рўйхатини белгилаш (махсус тайинланган транспорт воситаларида амалга ошириладиган автомобиль ташувлари; ҳарбий автомобиль ташувлари; жисмоний шахслар томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ўз маиший, оилавий ва бошқа шахсий эҳтиёжлари учун амалга ошириладиган автомобиль ташувлар);
автомобиль транспортининг хавфсизлигини, эксплуатация ва утилизация қилинишини таъминлаш, автомобиль ташувларини амалга ошириш соҳасидаги давлат сиёсатини шакллантириш ҳамда ўтказиш бўйича марказда ва жойларда давлат томонидан тартибга солиш вазифаларини кенгайтириш;
ташувчилар томонидан шаҳарлараро (халқаро) ташувларни амалга оширишда, мунтазам йўловчилар йўналишлари танловида иштирок этишда уларнинг жавобгарлигини оширишга доир чора-тадбирлар.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йилда қонун лойиҳаларини ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш дастурида назарда тутилган.

2015 йил IV чорак

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси

8.

«Ўзбекистон Республикаси ва ГФР ўртасида даромад ва мол-мулк солиқлари юзасидан икки ёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисида 1999 йил 7 сентябрдаги Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Баённомани (Берлин, 2014 йил 14 октябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси.

Ўзбекистон Республикаси ва ГФР ўртасида даромад ва мол-мулк солиқлари юзасидан икки ёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисида 1999 йил 7 сентябрдаги Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Баённомани (Берлин, 2014 йил 14 октябрь) кучга киритиш мақсадида ишлаб чиқилди.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши иқтисодий, инвестиция соҳасида иккала мамлакат ваколатли органлари ўзаро ҳамкорлигининг ҳуқуқий механизмлари яратилишига кўмаклашади, солиқлар тўлашда суиистеъмол қилиш эҳтимолларига самарали қарши курашиш ҳамда давлатларнинг тегишли бюджетларига келиб тушадиган тушумларнинг қўшимча манбаларини аниқлаш имконини беради.

2015 йил I чорак

Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси

9.

«Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» ги қонун лойиҳаси.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. А. Каримовнинг 2014 йил 6 июнда «Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг энг муҳим захиралари тўғрисида»ги халқаро конференциянинг очилиш маросимида сўзлаган нутқида генларни модификациялаштирувчи технологияларни яратиш ва улардан фойдаланишни дунёдаги энг долзарб муаммолардан бири сифатида айтиб ўтилган эди.
Ўзбекистон Республикасининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги давлат иқтисодий сиёсати аграр комплексни узлуксиз ривожлантириш орқали мамлакатимиз аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан ишончли таъминлашга, озиқ-овқат бозорининг барқарорлигига нисбатан ички ва ташқи хавфларга зудлик билан муносабат билдиришга, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги халқаро ҳамкорликда самарали иштирок этишга қаратилгандир.
Қонун лойиҳаси генлари модификациялаштирилган организмларни ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш, шунингдек генлари модификациялаштирилган организмлардан фойдаланилган ҳолда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг республикамизга олиб кирилиши соҳасидаги муносабатларни тартибга солишни назарда тутади.

2015 йил IV чорак

Қонунчилик палатаси депутатлари – ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари, Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси

Назорат-таҳлил фаолияти

10.

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг «2013 — 2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси атроф муҳитини муҳофаза қилишга доир ҳаракат дастури бажарилишининг бориши тўғрисида»ги ахборотини эшитиш.

Қабул қилинган қонун ҳужжатларини барқарор ривожлантириш, шунингдек самарадорлиги ва натижадорлигини таъминлаш мақсадида атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш, экологик таълим бериш соҳасидаги қонун ҳужжатларини ва норматив-услубий базани ривожлантириш бўйича ушбу Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг ижро этилиши устидан парламент назоратини таъминлаш, шунингдек мазкур тадбирларнинг бажарилишини таъминлаш юзасидан таклифлар ҳамда тавсиялар ишлаб чиқиш.
Эшитув Экоҳаракат депутатлар гуруҳи томонидан таклиф этилмокда.

2015 йил III чорак

Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси

11.

1972 йилда қабул қилинган «Бутунжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенция»нинг Сурхондарё вилоятида ижро этилишининг боришини ўрганиш.

Маданий ва табиий мерос намуналарига шикаст етказилишига, уларнинг йўқотилишига йўл қўймаслик мақсадида Конвенциянинг жойларда ижро этилишини ўрганиш. Ўрганиш якунлари бўйича мамлакатимизнинг тарихий, маданий қадриятлари ва меросини тиклашни давом эттириш, сақлаш, оммалаштириш бўйича ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш.
Тадбирни ўтказиш Ўзбекистон «Миллий тикланиш» ДП фракцияси томонидан таклиф этилмокда.

2015 йил II чорак

Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси

12.

Наманган вилоятида «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижро этилишининг ҳолатини ўрганиш.

Наманган вилоятида ушбу Қонуннинг (12-моддаси) ижро этилиши ҳолатини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини, жумладан чорвачилик эҳтиёжлари учун ёввойи ҳолда ўсадиган ўсимликлардан ем-ҳашак тайёрлаш, шунингдек юридик ва жисмоний шахслар томонидан уларга ушбу мақсадлар учун махсус тақдим этилган табиий озуқа маҳсулотлари ўсадиган майдонларда (ўрмон фонди, қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари ер-мулк ҳудудида ҳамда ғарам тўпланган ерларда) мол ўтлатиш бўйича қўйилган талабларга риоя этилишини ўрганиш. Тегишли тавсияларни ишлаб чиқиш.
Тадбирни ўтказиш Экоҳаракат депутатлар гуруҳи томонидан таклиф этилмоқда.

2015 йил II чорак

Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси

13.

Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижро этилишининг ҳолатини ўрганиш.

Мазкур Қонуннинг ушбу моддаси доирасида ҳуқуқни қўллаш ҳолатини ўрганиш, ушбу Қонунни такомиллаштириш ҳамда «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрири лойиҳасини ишлаб чиқиш билан боғлиқ масалаларни маромига етказиш, тегишли тавсиялар ишлаб чиқиш.
Тадбирни ўтказиш Экоҳаракат депутатлар гуруҳи томонидан таклиф этилмокда.

2015 йил III чорак

Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси