Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
давлатлараро дарёлар ресурсларидан ва бошқа сув манбаларидан биргаликда фойдаланиш, сув масалаларини ҳал этишда иқтисодий тазйиқ ва тазйиқ кўрсатишнинг бошқа усулларини қўллашдан воз кечиш зарурлигини тасдиқлаб,
сув муаммоларининг ўзаро боғлиқлигини ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш учун жавобгарликни тан олиб,
ўзаро манфаатларни ҳурмат қилишни ва сув хўжалиги масалаларини келишув орқали тартибга солишни англаб,
Томонлар Туркманистон томонидан Ўзбекистон Республикасига сув хўжалиги объектлари сифатида берилган ер унинг мутлақ мулки эканлигини тан оладилар.
Томонлар Қарши ва Аму-Бухоро каналлари, Туямўйин сув омборининг Туркманистон ҳудудида жойлашган барча сув хўжалиги объектлари ва ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси мулки эканлигини тан оладилар.
Томонлар Қарши, Аму-Бухоро каналлари, Туямўйин гидроузели учун ерлар ҳамда амалда фойдаланилаётган бошқа сув хўжалиги объектлари ва давлатлараро сув тизимлари ҳақини тўлаб фойдаланиш шартларида берилганлигига келишдилар.
Ҳақини тўлаш тартиби ва шартлари Томонлар ҳукуматлари ўртасида тузиладиган битим асосида белгиланади, ушбу битим мазкур Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланади ва мазкур Битим имзолангандан сўнг бир ой давомида тузилади.
Томонлар ўз ҳудудларида жойлашган давлатлараро сув хўжалиги объектларидан нормал фойдаланишни таъминлаш юзасидан зарур саъй-ҳаракатларни амалга оширадилар.
Томонлар иккинчи Томон ҳудудида жойлашган корхоналар ва ташкилотлар, шу жумладан давлатлараро аҳамиятга эга бўлган сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган корхоналар ва ташкилотлар ўз фаолиятларини ўзлари ҳудудида жойлашган Томонларнинг халқаро нормалари ва қонунларига мувофиқ амалга оширишига келишдилар.
Томонлар (Керки сув ўлчаш пости створидаги оқимга тенглаштирилган) Амударё оқими сувини тақсимлашни тенг улушларда (эллик фоиздан) белгиладилар ҳамда ўз улушларидан пропорционал равишда Орол денгизига оқизишга, шунингдек ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, давлатлараро коллекторларни реконструкция қилиш ва улардан фойдаланиш, суғориш системаларидан фойдаланишнинг техник масалаларини ҳал этиш, сувни ажратиб олиш ва оқова сув трактлари қурилиши тадбирларини биргаликда амалга оширишга аҳдлашдилар.
Томонлар Аму-Бухоро, Қарши, Советеб, Тошҳовуз, Тошсоқа, Қиличбой, Шовот-Ғазавот сув системаларидан фойдаланиш туфайли келиб чиқадиган ўзаннинг бузилишига ва атрофдаги ҳудудларни сув босиб кетишига йўл қўймаслик чораларини амалга оширишга келишдилар.
Қирғоқни муҳофаза қилувчи доимий иншоотлар қурилиши тугаллангунга қадар томонларнинг келишуви бўйича ҳар йили сув олиш участкаларида ва юқорида айтиб ўтилган каналлар трассаларида сув ювиб кетишидан ва атрофдаги жойларни сув босишидан ҳимоя қилиш бўйича вақтинчалик ўзанни тўғрилаш ишлари олиб борилади.
Томонлар Туркманистон ҳудудидан ўтувчи Дарелиқ ва Озерний коллекторлари бўйлаб жойлашган ерларни сув босишига қарши, юқорида айтиб ўтилган коллекторларни дренаж оқимининг ҳажмига пропорционал харажатлар билан реконструкциялаш ва фойдаланишга оид зарур саъй-ҳаракатларни амалга оширадилар.
Томонлар илгари эришилган аҳдлашувларга мувофиқ Амударёнинг ҳар иккала қирғоғидан дренаж сувлар ташланишини 1999 йилдан бошлаб тўхтатишга, бундай зарурият пайдо бўлган тақдирда масалаларни томонларнинг алоҳида келишувига кўра ҳал этишга аҳдлашдилар.
Томонлар ўзаро келишувга мувофиқ мазкур Битимга зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритишлари мумкин, бу ўзгартириш ва қўшимчалар тегишли протоколлар билан расмийлаштирилади ҳамда мазкур Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланади.