Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида
[Кўчирма]
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 50-сон, 590-модда; 2015 й., 33-сон, 440-модда, 52-сон, 646-модда)
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг «Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги Давлат бюджети, мақсадли давлат жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисида» 2014 йил 22 октябрдаги 991-II-сонли ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг «Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги Давлат бюджети, мақсадли давлат жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисида» 2014 йил 13 ноябрдаги СҚ-453-II-сонли қарорларини бажариш юзасидан:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг 2015 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози 1-иловага* мувофиқ;
Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги Давлат бюджети асосий параметрлари 2-иловага* мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг, Республика йўл жамғармасининг, бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасининг, Олий ўқув юртларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасининг, Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасининг 2015 йилги асосий параметрлари 3 — 7-иловаларга* мувофиқ тасдиқлансин.
*1 — 7-иловалар берилмайди.
2. 2015 йилги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тақчиллигининг чекланган миқдори ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан 1,0 фоиз миқдорида белгилансин.
Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш, қонун ҳужжатларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағларининг 2015 йил бошидаги бўш қолдиқлари ва бошқа қадрсизланмайдиган манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
3. 2015 йил учун:
қўшилган қиймат солиғи ставкалари 20 фоиз миқдорида;
юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкалари 8-иловага** мувофиқ;
жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкалари 9-иловага** мувофиқ;
ягона солиқ тўлови ставкалари 10-1, 10-2 ва 10-3-иловаларга** мувофиқ;
тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари бўйича юридик шахслардан ва якка тартибдаги тадбиркорлардан олинадиган қатъий белгиланган солиқ ставкалари 11-иловага** мувофиқ;
якка тартибдаги тадбиркорлардан олинадиган қатъий белгиланган солиқ ставкалари 12-иловага** мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси резидентларига дивидендлар ва фоизлар тарзида тўланадиган даромад солиғи ставкалари 10 фоиз миқдорида;
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган ва унинг ҳудудига четдан келтириладиган акциз солиғига тортиладиган товарларга акциз солиғи ставкалари 13-1 ва 13-2-иловаларда** келтирилган рўйхатга мувофиқ;
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 14-иловага** мувофиқ;
ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 15-иловага** мувофиқ;
имзоланадиган бонус ва тижоратбоп топилма бонуси ставкалари 16-1 ва16-2-иловаларга** мувофиқ;
айрим турдаги маҳсулотлар бўйича қўшимча фойда солиғи ставкалари 17-иловага** мувофиқ;
юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари 18 ва 19-иловаларга** мувофиқ;
юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи ставкалари 20-иловага** мувофиқ;
ягона ер солиғи ставкалари 21-иловага** мувофиқ;
маҳаллий солиқлар ва йиғимлар ставкалари 22-иловага** мувофиқ;
23-иловага** мувофиқ белгиланган солиққа тортиш объектларидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалар ставкалари 1,6 фоиз, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар ставкалари 1,4 фоиз ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Умум-таълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар ставкалари 0,5 фоиз миқдорида;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига йиғимлар ва ажратмалар ставкалари 24-иловага** мувофиқ;
маблағларни бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ўртасида тақсимлаган ҳолда ягона ижтимоий тўлов ставкалари 25-иловадаги** нормативларга мувофиқ;
фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий суғурта бадаллари ставкаси 7,0 фоиз миқдорида тасдиқлансин.
4. Белгилансинки, мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадларга солиқ солиш шартномада белгиланган ижара тўлови суммасидан келиб чиққан ҳолда, лекин:
юридик шахслар учун — давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкаларидан;
мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун — 26-иловага** мувофиқ белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкаларидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган суммадан кам бўлмаган миқдорда амалга оширилади.
5. 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб:
«Ўзтрансгаз» АК томонидан автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станцияларига (балансида автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари мавжуд юридик шахсларни ўз ичига олган ҳолда) сотадиган табиий газнинг улгуржи-сотиш нархига солиққа тортилмайдиган махсус инвестициявий қўшимча ҳақи бир кубометрига 400 сўм миқдорида;
мобил алоқа хизмати кўрсатувчи юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўлов ҳақи, маблағларни 27-иловага** мувофиқ тақсимлаган ҳолда, ойига 750 сўм миқдорида белгилансин.
6. Белгилаб қўйилсинки, ягона солиқ тўловидан тушумлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Республика йўл жамғармаси ҳамда бюджетдан ташқари Умумий таълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси ўртасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган миқдорларда тақсимланади.
7. Қарзни ундиришни солиқ тўловчилар мол-мулкига қаратиш учун солиқ бўйича қарзларнинг энг кам миқдорлари 28-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.
14. Минтақаларнинг ўзини-ўзи молиявий таъминлаш даражасини ошириш, давлат бошқаруви органларининг ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг маҳаллий бюджетлар даромадлари ва харажатларини шакллантиришдаги роли, мустақиллиги ва масъулиятини ошириш, маҳаллий бюджетларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидаги улушини кўпайтириш мақсадида қуйидаги умумдавлат солиқлари ва бошқа даромадлар бўйича тушумлар:
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;
11-иловада** назарда тутилган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг тадбиркорлик фаолияти айрим турлари бўйича қатъий белгиланган солиқ;
12-иловада** назарда тутилган якка тартибдаги тадбиркорлардан олинадиган қатъий белгиланган солиқ;
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган пиво ва ўсимлик ёғига акциз солиғи;
чакана савдо тармоқларида сотиладиган олтиндан ясалган заргарлик буюмларига акциз солиғи;
29-иловага** мувофиқ давлат божлари, йиғимлар ва жарималар тўлиқ ҳажмда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджетлари даромадларига ўтказилсин.
Белгилансинки, мобил алоқа хизматини кўрсатувчи юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўловнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига йўналтириладиган қисми, абонентнинг рўйхатга олинган жойига қараб Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ва вилоятларнинг маҳаллий бюджетларига ўтказилади.
15. 2015 йил учун:
Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг даромадлар ва харажатлар ҳажмлари, Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан бюджет субвенцияларининг чекланган миқдорлари 30-иловага* мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига умумдавлат солиқлари тушумларидан ажратмалар нормативлари 31-иловага* мувофиқ;
Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг нақд пул касса айланмасининг йўл қўйиладиган энг кам миқдорлари 32-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
16. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан келишилган ҳолда:
бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларининг субвенция олиш даражасини пасайтириш дастурларини киритсин;
2015 йилнинг 1-чораги якунлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг даромад келтирадиган базасини кўпайтириш, тушумларнинг қўшимча резервларини топиш ва тегишли ҳудудларда солиққа тортиладиган базани кенгайтириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
субвенция олиш даражасини қисқартириш дастурларини амалга оширишнинг бориши ва тегишли бюджетларнинг даромад келтирадиган базасини кўпайтириш чора-тадбирларининг натижалари тўғрисидаги маълумотларни ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиб турсин.
Белгилансинки, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг даромадига қўшиладиган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар тегишли бюджет параметрларида кўзда тутилмаган харажатларга йўналтирилиши мумкин эмас.
17. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига (даромадлар ва харажатлар ўртасидаги вақтинчалик касса тафовутларини қоплаш учун) тегишли маҳаллий бюджетларга бюджетдан субвенциялар ва ссудалар ажратишда уларнинг миқдорларини ҳудудлар бўйича барча солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўлиқ тушишидан, шунингдек иш ҳақи (ягона ижтимоий тўлов билан бирга), нафақалар ва уларга тенглаштирилган тўловлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг харажатларини биринчи навбатда сўзсиз молиялаштириш зарурлигидан келиб чиққан ҳолда аниқлаштириш ҳуқуқи берилсин.
Белгилансинки:
бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағларидан фойдаланувчиларнинг харажатлар сметаси тузилаётганда биринчи навбатда иш ҳақи (ягона ижтимоий тўлов билан бирга), нафақалар ва унга тенглаштирилган тўловларга сарфланадиган харажатлар тегишли бюджетларнинг тасдиқланган харажатлари параметри доирасида назарда тутилади;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети нақд айланма касса маблағлари ҳисобига бюджет ссудалари олиш учун сўровнома билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ёзма равишда мурожаат қилишганида, уларни қоплаш муддати ва манбалари тўғрисида тўлиқ ахборотни тақдим этадилар.
18. 2015 йил учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети захира жамғармалари миқдорлари 33-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
19. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг туман (шаҳар) марказий шифохоналарида хизмат кўрсатилаётган аҳоли сонини ҳисобга олган ҳолда, касалликлар йўналиши бўйича профиль ўринлар диапазонини белгилашни назарда тутувчи ўринлар фондини аниқлашнинг норматив усулига босқичма-босқич ўтиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2015 йилнинг 1 апрелидан бошлаб туман (шаҳар) марказий шифохоналарида ўринлар фондини аниқлашнинг норматив усулига босқичма-босқич ўтиш тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини бир ой муддатда ишлаб чиқиб, Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.
20. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази Молия вазирлиги билан биргаликда республикада замонавий ахборот- коммуникация технологияларининг ривожланишини ҳисобга олиб, умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг намунавий штатларини янада такомиллаштириш ишларини давом эттирсин, унда умумтаълим мактаблари ўқитувчиларига информатика хонаси мудирлиги учун энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида устама ҳақ белгилаш йўли билан моддий рағбатлантиришни кучайтиришни ҳамда дастурчи муҳандис лавозимини мақбуллаштиришни назарда тутсин.
21. Ота-оналардан олинадиган тўлов миқдорлари қуйидагича белгилансин:
Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган мактабгача таълим муассасаларида болалар таъминоти учун тўлов миқдорлари 34-иловага* мувофиқ;
* 30 — 34-иловалар берилмайди.
болаларни болалар мусиқа ва санъат мактабларида ўқитиш учун тўлов миқдорлари 35-иловага** мувофиқ.
**8 — 35-иловалар рус тилидаги матнда берилди.
22. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида» 2009 йил 22 декабрдаги ПҚ-1245-сонли қарори 24-бандининг амал қилиши 2016 йилнинг 1 январигача узайтирилсин.
23. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда тадбиркорлик субъектларидан Ўзбекистон товар-хомашё биржасининг махсус ахборот портали орқали электрон савдолар ёрдамида энг зарур товар (иш, хизмат)лар давлат ҳаридини амалга ошириш тартибини соддалаштириш бўйича 2015 йилнинг 1 мартигача Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
24. Ўзбекистон Республикасининг давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилган доимий муассасаларни ташкил этиб, фаолият юритаётган Ўзбекистон Республикаси норезидентларига тузилган шартномаларни амалга ошириш доирасида товарлар олиб кириш ҳуқуқи берилсин.
25. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2013 йилги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг асосий параметрларини ва Ўзбекистон Республикаси давлат мақсадли жамғармаларини қуйидаги ҳажмларда аниқлаштириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин:
бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан 0,2 фоиз бўлгани ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромадлари 31 405,1 млрд сўм, харажатлари 31 675,8 млрд сўм миқдорида;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг даромадлари 11 748,4 млрд сўм ва харажатлари 10 700,0 млрд сўм миқдорида;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасининг даромадлари 2 373,3 млрд сўм ва харажатлари 2 225,6 млрд сўм миқдорида.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Молия вазирлигининг Ғазначилик бўлинмалари Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан биргаликда 2015 йилнинг январь ойида, ўтказилган операцияларни 2014 йилги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирган ҳолда, 2014 йилги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ижроси бўйича, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, якуний операциялар ўтказсинлар.
26. 2015 йилнинг 1 январидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 36-иловага мувофиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин.
27. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
Вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари илгари қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ҳафта муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
28. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2014 йил 4 декабрь,
ПҚ-2270-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 декабрдаги ПҚ-2270-сонли қарорига
36-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчалар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида» 2005 йил 1 декабрдаги ПҚ-229-сонли қарори 3-бандининг биринчи хатбошидаги «тиббиёт муассасасида» сўзларидан кейин «(Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизматининг тиббиёт муассасалари бундан мустасно)» сўзлари қўшиб қўйилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суғурта хизматлари бозорини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2007 йил 10 апрелдаги ПҚ-618-сонли қарорининг 6-бандида:
биринчи хатбошидаги «мол-мулкни ва» сўзлари чиқариб ташлансин;
иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тўқимачилик саноати корхоналарини жадал ривожлантиришни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2011 йил 28 мартдаги ПҚ-1512-сонли қарори 1-бандининг учинчи хатбошидаги «ушбу ярим тайёр маҳсулотлардан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг камида 80 фоизи экспортга йўналтирилиши назарда тутилсин» сўзлари чиқариб ташлансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тошкент шаҳрида Инха Университетини ташкил этиш тўғрисида» 2014 йил 24 мартдаги ПҚ-2155-сонли қарори 11-бандининг иккинчи хатбоши «ва мақсадли давлат жамғармаларига мажбурий ажратмалардан» сўзлари билан тўлдирилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика иқтисодиёти тармоқларини 2014/2015 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2014 йил 27 июндаги ПҚ-2194-сонли қарорининг 3-банди қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Белгилаб қўйилсинки, куз-қиш даврида ижтимоий соҳа объектларини барқарор ишлашга тайёрлаш бўйича минтақавий дастурларни молиялаштиришга, бошқа манбалар қаторида, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларида кўзда тутилган ижтимоий соҳа муассасалари таъминоти учун уларнинг харажатларини мақбуллаштириш натижасида бўшайдиган 5% гача бюджет маблағлари йўналтирилиши мумкин.».
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Бюджет ташкилотларини молиялаштириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1999 й., № 9, 51-модда) 1999 йил 3 сентябрдаги 414-сонли қарорининг 4-бандида:
биринчи хатбошидаги «2015» рақами «2018» рақамига алмаштирилсин;
иккинчи хатбошида «Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига, Республика йўл жамғармасига, бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига» сўзлари «мақсадли давлат жамғармаларига» сўзлари билан алмаштирилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 29 июндаги 245-сонли қарори билан тасдиқланган (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2000 й№ 6, 33-модда) Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотиш Тартибида:
а) 3-бандининг «е» кичик бандидаги «ва табиий газни транзит қилиш» сўзлари «товарларни рўйхат бўйича, 1-иловага мувофиқ» сўзлари билан алмаштирилсин;
б) 6-бандидаги «1-иловага мувофиқ» сўзлари «2-иловага мувофиқ» сўзлари билан алмаштирилсин;
в) 7-бандининг бешинчи хатбошидаги «2-иловага мувофиқ» сўзлари «3-иловага мувофиқ» сўзлари билан алмаштирилсин;
г) 15-бандининг биринчи хатбошидаги «3-иловага мувофиқ» сўзлари «4-иловага мувофиқ» сўзлари билан алмаштирилсин;
д) 16-бандининг биринчи ва иккинчи хатбошидаги «4-иловага мувофиқ» сўзлари «5-иловага мувофиқ» сўзлари билан алмаштирилсин;
е) қуйидаги мазмундаги 1-илова билан тўлдирилсин:
«1-ИЛОВА
Микрофирма ва кичик корхоналар томонидан экспорт қилишдан тушган хорижий валютани сотиш мажбурий бўлган товарлар
РЎЙХАТИ

Т/р

Товарлар номи

ТН ТИФ коди

1.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва ёввойи ўсимликлар*

07,08,0904,12

2.

Табиий газ

2711 21 **

3.

Мис штейни, цементациои мис (чўкинди мис)

7401

4.

Мис таёқчалар ва профиллар

7407

5.

Мис симлар

7804

* қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва ёввойи ўсимликлар экспортидан келадиган валюта тушумларининг 25% сотилиши мажбурий;
** шу жумладан транзит.»;
ж) 1, 2, 3 ва 4-иловалар тегишли равишда 2, 3, 4 ва 5-иловалар деб ҳисоблансин.
8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 21 ноябрдаги 456-сонли қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2000 й.5 № 11, 72-модда) билан тасдиқланган Хом ашё, материаллар, бутловчи буюмлар ва асбоб-ускуналар харид қилиш бўйича тендер савдоларини ўтказиш тўғрисидаги низомнинг 51-бандида:
8-кичик бандидаги «талаб-эҳтиёжлари» сўзларидан олдин «бюджет ташкилотларининг» сўзлари қўшиб қўйилсин;
9-кичик банди «эътироф этиш» сўзларидан олдин «бюджет ташкилотлари томонидан ўтказилганлигини» сўзлари билан тўлдирилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «2001/2002 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида» 2001 йил 12 июндаги 250-сонли қарорининг 9-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«9. Тўлов-контракт асосида кадрларни тайёрлаш учун тушадиган маблағлардан олий таълим муассасаларини солиқ ҳамда мақсадли давлат жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан, истисно тариқасида, 2018 йилнинг 1 январигача озод қилинсин, бўшайдиган маблағлар олий ўқув юртларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга, ўқув жараёнини замонавий таълим воситалари билан таъминлашга, олий таълим муассасалари ходимларини моддий рағбатлантиришга мақсадли тарзда йўналтирилсин.».
10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг 2002 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида» 2001 йил 31 декабрдаги 490-сонли қарорининг 20-банди, шунингдек унинг 29-иловаси ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекенгилсаноат» давлат-акциядорлик компаниясининг ташкилий тузилмасини такомиллаштириш ва республика енгил саноатини янада ривожлантиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» (Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., № 12, 145-модда) 2004 йил 25 мартдаги 141-сонли қарори 5-бандидаги «ушбу ярим тайёр маҳсулотлардан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг камида 80 фоизи экспортга йўналтирилиши назарда тутилсин» сўзлари чиқариб ташлансин.
12. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Товар-хом ашё биржалари фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора- тадбирлар тўғрисида» 2004 йил 31 майдаги 251-сонли қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2004 й., № 5, 50-модда) 8-бандининг тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Белгилансинки, «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» ОАЖнинг биржа битишувларидан ундириладиган воситачилик йиғимларининг чекланган миқдорларини декларация қилиш чоғида «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» ОАЖ томонидан юқори ликвидли турдаги товарларни сотиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун 0,1% миқдордаги воситачилик йиғимлари ҳисобга олинади, улар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаларига тенг улушларда ўтказилади.».
13. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 19 февралдаги 30-сонли қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2010 й., № 2, 11-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Низоми 26-бандининг ўнинчи хатбошидаги «пенсиялар ва ижтимоий нафақалар» сўзлари «пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсация ва бошқа тўловлар» сўзлари билан алмаштирилсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 2 апрелдаги 62-сонли қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2010 й., № 4, 14-модда) билан тасдиқланган, Вазирликлар ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига йўналтирилаётган давлат божлари, йиғимлар ва солиқ бўлмаган тўловлардан, маъмурий ва молиявий жазолардан ажратмалар миқдорлари рўйхатининг 11-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

11.

Молия вазирлиги

Бюджет ташкилотларини ва бюджет маблағларидан фойдаланувчиларни тафтиш қилиш ва текширишлар натижалари бўйича Назорат-тафтиш Бош бошқармаси ва ҳудудий бошқармаларидан бюджет ва мақсадли давлат фондлари даромадига ундирилган растраталар, талон-торож, камомад, ноқонуний харажатлар суммалари, шунингдек тафтиш ва текширишлар натижалари бўйича «Ўзпахтасаноат» уюшмаси корхоналаридан ундирилган растраталар, талон-торож ва камомад суммалари

8

Акцияларнинг давлат улушидан дивидендлар ўз вақтида бюджетга ўтказилмаганлиги учун жарималар суммаси

15. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголли маҳсулотлар сотиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2012 йил 28 мартдаги 89-сонли қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2012 й., № 14, 151-модда):
а) 1-бандининг учинчи хатбошидаги «ойига энг кам иш ҳақининг 5 баробари миқдорида» сўзлари «қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда» сўзлари билан алмаштирилсин;
б) 3-бандининг учинчи хатбошидаги «ойига энг кам иш ҳақининг 5 баробари миқдорида» сўзлари «қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда» сўзлари билан алмаштирилсин.
16. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш масалалари тўғрисида» 2012 йил 1 июндаги 158-сонли қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2012 й., № 22, 252-модда) 1-бандининг биринчи хатбошидаги «уч йил муддатга» сўзлари «2018 йилнинг 1 январигача» сўзлари билан алмаштирилсин.