Ўзбекистон Совет Социалистик Жумҳурияти Президентининг
Фармони
ЎЗБЕКИСТОН ССЖ ДАВЛАТ РЕЖА ҚЎМИТАСИНИ ЎЗБЕКИСТОН ССЖ ИҚТИСОДИЁТ ҚЎМИТАСИГА АЙЛАНТИРИШ ТЎҒРИСИДА
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1991 й., 1-2-сон, 20-модда)
Ўзбекистон ССЖ Мустақиллиги тўғрисида эълон қилинган Декларация асосида давлат ижтимоий-иқтисодий ва илмий-техникавий сиёсатини шакллантириш, жамоат ишлаб чиқаришини ўстириш ресурслари ва манбаларидан самарали фойдаланиш ҳамда аҳоли фаровонлигини яхшилаш йўналишларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, кўрсатма асосидаги режалаштиришдан халқ хўжалигини ривожлантиришни бошқаришнинг иқтисодий шаклларига изчил ўтишни таъминлаш мақсадида ҳамда бошқариладиган бозор иқтисодиётига ўтиш шароитида замонавий бошқарув ва ишлаб чиқариш тузилмаларини ташкил этишнинг ўсиб бораётган аҳамиятини эътиборга олиб:
1. Ўзбекистон ССЖ Давлат режа қўмитаси негизида Ўзбекистон ССЖ Иқтисодиёт қўмитаси ташкил этилсин.
2. Ўзбекистон ССЖ Иқтисодиёт қўмитаси зиммасига:
— жумҳуриятнинг табиий ва меҳнат ресурсларини, илмий-техникавий ҳамда ишлаб чиқариш имкониятини ҳисобга олиб, уни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган тахминларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий кўрсаткичларини белгилаш;
— жумҳуриятнинг бозор муносабатларига ўтиш сиёсатини шакллантириш ва унинг дастурлари рўёбга чиқарилишини назорат қилиш;
— асосий хўжалик, табиий-моддий, молиявий ва бошқа балансларни тузиш, катта хўжалик, ижтимоий ва илмий-техникавий муаммоларни ҳал этишга оид умумжумҳурият дастурларини тайёрлаш;
— бошқа жумҳуриятлар ва минтақалар билан ўзаро самарали ишлаб-чиқариш-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш;
— хўжалик механизмини, халқ хўжалигини ривожлантириш жараёнига иқтисодий таъсир воситалари ва усулларини такомиллаштириш вазифалари юклатилсин.
3. Ўзбекистон ССЖ Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари, умумиқтисодий комплекс раҳбари ўртоқ Б.С. Ҳамидов бир ой муддат ичида Ўзбекистон ССЖ Иқтисодиёт қўмитасини малакали кадрлар билан муттасил бутласин ва унинг самарали ишлашини таъминласин; Ўзбекистон ССЖ Иқтисодиёт қўмитаси қарамоғидаги ташкилотларни ҳисобга олиб, унинг тўғрисидаги низом лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон ССЖ Вазирлар Маҳкамасининг тасдиқлаши учун тақдим этсин.
Ўзбекистон Совет Социалистик Жумҳуриятининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1990 йил 8 декабрь,
ПФ-108-сон