ўзбекистон республикаси олий советининг
Қарори
«ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ДАВЛАТ ТИЛИ ТЎҒРИСИДА»ГИ ҚОНУННИ КУЧГА КИРИТИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1989 й., 26-28-сон, 455-модда; 1991 й., 11-сон, 273-модда)
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон ССР Конституцияси (Асосий Қонуни)га ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ мазкур қарорнинг номидаги ҳамда матнидаги «Ўзбекистон ССР» деган сўзлар тегишли келишикдаги «Ўзбекистон Республикаси» деган сўзлар билан алмаштирилган.
«Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий Совети қарор қилади:
1. Қонуннинг қоидаларини жамият турмушининг ҳамма томонларига босқичма-босқич жорий этиш мақсадида белгилаб қўйилсинки, Қонуннинг 4, 7 ва 8-моддалари 8 йил давомида, 5 ва 24-моддалари — 3 йил давомида, 16-моддаси — 1991/1992 ўқув йилидан кучга киради, 22-моддаси 1991 йилдан амал қила бошлайди.
Қолган барча моддалар Қонун қабул қилинган кундан бошлаб кучга киради.
2. Ўзбекистон Республикаси Министрлар Совети олти ойлик муддат ичида «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш юзасидан давлат программасини қабул қилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Министрлар Советига Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг Қарорларини мазкур Қонун билан мувофиқлаштириб чиқиш топширилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиумининг Раиси М. ИБРОҲИМОВ
Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиумининг Секретари Л. БЕКҚУЛБЕКОВА
Тошкент ш.,
1989 йил 21 октябрь,
3563-XI-сон