Ўзбекистон Республикасининг қонуни
ОЗИҚ-ОВҚАТ МАҲСУЛОТИНИНГ СИФАТИ ВА ХАВФСИЗЛИГИ ТЎҒРИСИДА
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 9-сон, 239-модда; 2003 й., 5-сон, 67-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 14-сон, 113-модда; 2016 й., 52-сон, 597-модда; 2017 й., 16-сон, 265-модда)
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонун аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулоти билан таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб беради.
Ушбу Қонуннинг талаблари атир-упа, пардоз-андоз моллари ва тамаки маҳсулотларига ҳам тааллуқлидир.
2-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
болаларбоп озиқ-овқат маҳсулотлари — болалар организмининг (уч ёшгача) физиологик хусусиятларига жавоб берадиган махсус озиқ-овқат маҳсулотлари;
Олдинги таҳрирга қаранг.
санитария-эпидемиологик хулоса — озиқ-овқат маҳсулотининг ва уни тайёрлаш ҳамда ундан фойдаланиш учун мўлжалланган ускуналарнинг санитария қоидаларига, нормаларига ва гигиена нормативларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжат;
(2-модданинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 18 апрелдаги ЎРҚ-429-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 16-сон, 265-модда)
овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар — озиқ-овқат хом ашёсини қайта ишлаш йўли билан ёки сунъий усулда ҳосил қилинган ҳамда бевосита овқат билан бирга истеъмол қилишга ёки озиқ-овқат маҳсулотлари таркибига қўшишга мўлжалланган табиий ёхуд табиийга айнан ўхшайдиган биологик фаол моддаларнинг концентратлари;
озиқ-овқатлар — озиқ-овқат хом ашёсидан тайёрланган ҳамда натурал ёки қайта ишланган ҳолида истеъмол қилинадиган маҳсулотлар;
озиқ-овқат маҳсулоти — озиқ-овқат хом ашёси, (шу жумладан этил спирти), озиқ-овқатлар (шу жумладан алкоголли ичимликлар) ва уларнинг таркибий қисмлари, озиқ-овқат хом ашёси ва озиқ-овқатларга тегиб турадиган моддалар, материаллар, ёрдамчи ва қадоқлаш материаллари ҳамда улардан тайёрланган буюмлар бирга;
озиқ-овқат маҳсулоти муомаласи — озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш, тайёрлаш, харид қилиш, қайта ишлаш, етказиб бериш, сақлаш, ташиш ва реализация қилиш билан боғлиқ фаолият;
озиқ-овқат маҳсулотини реализация қилиш — озиқ-овқат маҳсулотини маълум шартлар билан сотиш, етказиб бериш ва топширишнинг бошқа шакллари;
озиқ-овқат маҳсулотининг сифати — озиқ-овқат маҳсулотининг истеъмол хоссаларини белгилаб берадиган ва унинг одамлар ҳаёти ва соғлиғи учун хавфсизлигини таъминлайдиган мезонлар мажмуи;
Олдинги таҳрирга қаранг.
озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги — озиқ-овқат маҳсулотининг санитария, ветеринария, ветеринария-санитария, фитосанитария қоидалари ва нормаларига мослиги;
(2-модданинг ўнинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 26 декабрдаги ЎРҚ-416-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 52-сон, 597-модда)
озиқ-овқат хом ашёси — озиқ-овқатлар ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган ўсимлик, ҳайвонот, микробиология, шунингдек минераллар объектлари, сув;
озиқ-овқатларни ҳамда озиқ-овқат хом ашёсини таққослаш — озиқ-овқатлар ҳамда озиқ-овқат хом ашёси аниқ турдаги ва номдаги маҳсулотга доир норматив ва (ёки) техникавий ҳужжатда белгилаб қўйилган муҳим мезонларга мос келишини аниқлаш;
озиқ-овқат маҳсулотининг яроқлилик муддати (фойдаланиш муддати) — бу муддат давомида озиқ-овқат маҳсулотини сақлаш, ташиш, реализация қилиш чоғида хавфсизлик нормалари ва қоидалари талабларига риоя этилган тақдирда у фойдаланишга яроқли бўлиб туради, бу муддат тамом бўлганидан кейин эса маҳсулот одамлар ҳаёти ва саломатлиги учун хавфли бўлиб қолиши мумкин;
озиқ-овқат маҳсулотини қалбакилаштириш — озиқ-овқат хом ашёсининг ҳамда озиқ-овқатларнинг хоссалари ва мезонларини атайлаб ўзгартириш ёки уларни алмаштириб қўйиш;
озиқ-овқат қўшимчалари — озиқ-овқатларга белгиланган хоссаларни бахш этиш ва (ёки) уларни сақлаб қолиш мақсадида атайлаб қўшиладиган табиий ҳолдаги ёки синтез қилинган моддалар, бирикмалар;
токсикология-гигиена экспертизаси — озиқ-овқат маҳсулоти устида амалга ошириладиган бир туркум лаборатория тадқиқотлари бўлиб, улар мавжуд нормалар ва қоидалар билан қиёслашга мўлжалланган бўлади;
қадоқлаш материаллари, ёрдамчи материаллар ва улардан тайёрланган буюмлар — озиқ-овқат маҳсулотини муомала жараёнида ташқи таъсирлардан ҳимоялаш мақсадида ишлатиладиган воситалар.
3-модда. Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонундан ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Қорақалпоғистон Республикасида озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан ҳам ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинади.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ушбу Қонунда назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгилаб қўйилган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
4-модда. Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги давлат бошқаруви
Олдинги таҳрирга қаранг.
Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Давлат санитария-эпидемиология хизмати, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Бош давлат ветеринария бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини бош давлат инспекцияси, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ҳамда қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган бошқа органлар (бундан кейин матнда давлат назорати органлари деб юритилади) томонидан амалга оширилади.
(4-модданинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 25 апрелдаги 482-II-сон Қонуни таҳририда, — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2003 й., 5-сон, 67-модда)
Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги давлат бошқаруви қуйидагиларни ўз ичига олади:
давлат томонидан нормалаш;
озиқ-овқат маҳсулотини ҳамда уни тайёрлашга мўлжалланган ва фойдаланганда озиқ-овқатга тегиб турадиган ускуналарни давлат рўйхатидан ўтказиш;
озиқ-овқат маҳсулотини сертификатлаш;
давлат назорати ва текшируви;
озиқ-овқат маҳсулотининг сифатини ва хавфсизлигини таъминлаш тадбирларини режалаштириш.
5-модда. Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш соҳасида давлат томонидан нормалаш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш соҳасида давлат томонидан нормалаш озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигига, уни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, харид қилиш, қайта ишлаш, етказиб бериш, сақлаш, ташиш ва реализация қилиш шарт-шароитларига қўйиладиган талабларни ўз ичига оладиган санитария, ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини, фитосанитария нормаларини, қоидаларини ва гигиена нормативларини, давлат стандартларини, техникавий шартларни (бундан кейин матнда нормалар ва қоидалар деб юритилади) белгилаш йўли билан амалга оширилади
(5-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 26 декабрдаги ЎРҚ-416-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 52-сон, 597-модда)
Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигига доир нормалар ва қоидалар давлат органлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланади ва улар озиқ-овқат маҳсулоти муомаласи соҳасида иш олиб бораётган юридик ҳамда жисмоний шахслар учун мажбурийдир.
6-модда. Озиқ-овқат маҳсулотини ҳамда уни тайёрлашга мўлжалланган ва фойдаланганда озиқ-овқатга тегиб турадиган ускуналарни давлат рўйхатидан ўтказиш
Озиқ-овқат маҳсулоти ҳамда уни тайёрлашга мўлжалланган ва фойдаланганда озиқ-овқатга тегиб турадиган ускуналар озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигига доир нормалар ва қоидалар талабларига мослиги баҳоланганидан ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин ишлаб чиқарилиши, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши, реализация қилиниши ва ишлатилиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилаётган ва унинг ҳудудига олиб кирилаётган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомалага рухсат берилган озиқ-овқат маҳсулотини ва ускуналарни давлат рўйхатидан ўтказиш санитария-эпидемиологик хулоса берилаётганда давлат санитария назорати органлари томонидан амалга оширилади.
(6-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 18 апрелдаги ЎРҚ-429-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 16-сон, 265-модда)
Қуйидагиларга йўл қўйилмайди:
озиқ-овқат маҳсулотининг ҳар хил турларини бир хил номда давлат рўйхатидан ўтказиш;
айни бир турдаги озиқ-овқат маҳсулотини бир хил ёки ҳар хил номлар билан қайта-қайта рўйхатдан ўтказиш;
таркибида гиёҳвандлик моддалари бўлган озиқ-овқатларни, овқатга қўшиладиган озиқ-овқат қўшимчалари, ембоп қўшимчалар ва биологик фаол қўшимчаларни рўйхатдан ўтказиш.
7-модда. Озиқ-овқат маҳсулотини, уни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ва у билан савдо қилишга мўлжалланган технологиялар, ускуналар, буюмлар ва воситаларни сертификатлаш
Озиқ-овқат маҳсулоти, уни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ва у билан савдо қилишга мўлжалланган технологиялар, ускуналар, буюмлар ва воситалар уларнинг нормалар ва қоидаларга мослигини тасдиқлаш мақсадида сертификатланиши лозим.
Мажбурий сертификатланадиган маҳсулотлар рўйхати ҳамда сертификатлашдан ўтказиш тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
Маълумот учун қаралсин: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 6 июлдаги 318-сонли қарори билан тасдиқланган «Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиби тўғрисида»ги низом, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 28 апрелдаги 122-сонли қарори билан тасдиқланган «Мажбурий тартибда сертификатланадиган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқариладиган ва унга олиб кириладиган маҳсулотлар турлари рўйхати».
8-модда. Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигини назорат қилиш ва текшириш
Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги ушбу Қонуннинг 4-моддасида кўрсатилган давлат назорати органлари томонидан уларнинг ваколатлари доирасида назорат қилинади ва текширилади.
Озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш, тайёрлаш, харид қилиш, қайта ишлаш, етказиб бериш, сақлаш, ташиш ва реализация қилиш билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслар белгиланган нормалар ва қоидаларга риоя этилиши устидан ишлаб чиқариш назоратини таъминлайдилар. Ишлаб чиқариш назоратини амалга ошириш тартиби озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигига доир нормалар ва қоидаларга, норматив ҳамда технология ҳужжатлари талабларига мувофиқ юридик ва жисмоний шахслар бажарадиган ишлар ва хизматларнинг хусусиятларини ва шарт-шароитларини ҳисобга олган ҳолда белгиланади ҳамда тегишли давлат назорати органлари билан келишилади.
Ишлаб чиқариш назоратини амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар нормалар ва қоидаларнинг талаблари бузилганлиги аниқланган тақдирда ишларни амалга оширишни ва хизматлар кўрсатишни аниқланган камчиликлар бартараф этилгунга қадар тўхтатиб қўйишлари шарт.
Жамоат бирлашмалари қонун ҳужжатларига мувофиқ озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигини таъминлашга доир нормалар ва қоидалар бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга ҳақли.
9-модда. Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш тадбирларини режалаштириш
Озиқ-овқат маҳсулоти ишлаб чиқаришни, озиқ-овқат моллари билан савдо қилишни, умумий овқатланиш тизимини ривожлантиришнинг республика ва минтақавий мақсадли дастурларини ишлаб чиқиш чоғида озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш тадбирлари назарда тутилмоғи керак.
10-модда. Янги озиқ-овқат маҳсулотини яратиш ва ишлаб чиқариш
Юридик ва жисмоний шахслар янги озиқ-овқат маҳсулотини яратиш ва ишлаб чиқариш ёки уни такомиллаштириш чоғида, шунингдек ишлаб чиқариш технологиясини ишлаб чиқиш чоғида озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлигини, яроқлилик муддатини, сифат кўрсаткичларини ва назорат қилиш усулларини асослаб беришлари шарт.
Озиқ-овқат маҳсулотининг сифат кўрсаткичлари, унинг хавфсизлигига қўйиладиган талаблар мажбурий бўлиб, ушбу маҳсулотнинг норматив ҳужжатларига киритилади.
Сифати ва хавфсизлиги муайян вақт ўтганидан кейин ўзгариши ҳамда одамларнинг ҳаёти ва саломатлигига хавф туғдириши мумкин бўладиган озиқ-овқат маҳсулотига яроқлилик муддати белгиланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Янги озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқаришга, янги технология жараёнларини, ускуналарни жорий этишга улар токсикология-гигиена экспертизасидан, ҳайвонлардан олинадиган озиқ-овқат хом ашёси эса давлат ветеринария хизмати томонидан ўтказиладиган ветеринария ва ветеринария-санитария экспертизасидан кейин ва (ёки) маҳсулот белгиланган қоидалар ва нормаларга мослиги ҳақида давлат санитария назоратини амалга оширувчи органларнинг санитария-эпидемиологик хулосаси, давлат ветеринария хизматининг ветеринария хулосаси олинганидан ҳамда озиқ-овқат маҳсулоти давлат реестрига киритилганидан кейин йўл қўйилади.
(10-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 26 декабрдаги ЎРҚ-416-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 52-сон, 597-модда)
11-модда. Озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш
Озиқ-овқат маҳсулотини юридик ва жисмоний шахслар нормалар ва қоидалар талабларига мувофиқ ишлаб чиқарадилар.
Озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқаришда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган озиқ-овқат хом ашёсидан, озиқ-овқат қўшимчалардан, қадоқлаш ва ёрдамчи материаллардан ва улардан ишланган буюмлардан, ускуналардан фойдаланишга йўл қўйилади.
Таркибида гиёҳвандлик моддалари бўлган озиқ-овқат қўшимчалари, ембоп қўшимчалар ва биологик фаол қўшимчаларни ишлатиш тақиқланади.
Ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотининг сифати белгиланган нормалар ва қоидалар талабларига мос бўлиши ушбу Қонун 7-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган маҳсулотларнинг сифати эса сертификат билан ҳам тасдиқланиши керак.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ҳайвонлардан олинадиган озиқ-овқат хом ашёсини етиштириш чоғида ветеринария дори воситаларини ва озуқабоп қўшимчаларни қўллашга улар белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин йўл қўйилади.
(11-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 26 декабрдаги ЎРҚ-416-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 52-сон, 597-модда)
Ўсимликлардан олинадиган озиқ-овқат хом ашёсини етиштириш чоғида заҳарли кимёвий моддалар ва минерал ўғитларни қўлланишига улар токсикология-гигиена экспертизасидан ўтказилганидан кейин йўл қўйилади.
12-модда. Озиқ-овқатларни қадоқлаш, ўраш ва тамғалаш
Озиқ-овқатлар ишлаб чиқарувчи юридик ва жисмоний шахслар уларни қадоқланган, ўралган (барча муомала босқичларида сифати ва озиқлик қиммати сақланиб қолишини таъминлайдиган) ва қонун ҳужжатларига мувофиқ тамғаланган ҳолда чиқаришлари шарт.
Қадоқланган ва ўралган озиқ-овқатлар, овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар, озиқ-овқат қўшимчалари ёриқларга (суқма варақаларга) эга бўлиши, уларда қуйидагилар кўрсатилиши керак:
озиқ-овқатнинг номи;
озиқ-овқатни нимага мўлжалланганлиги (болаларга махсус мўлжалланган маҳсулотлар ва парҳез таомлар учун);
тайёрловчининг номи;
товар белгиси (белгига эга ташкилотлар учун);
озиқ-овқат таркибига кирган нарсалар, шу жумладан озиқ-овқат қўшимчаларининг номи;
озиқлик қиммати, нави;
сақлаш шарт-шароитлари;
тайёрланган санаси, яроқлилик муддати;
тайёрлаш усули (масаллиқлар ҳамда махсус болаларбоп ва парҳез озиқ-овқат маҳсулотлари учун);
оғирлиги;
фойдаланиш усули (биологик фаол қўшимчалар: озиқ-овқат қўшимчалари, махсус болаларбоп ва парҳез озиқ-овқат маҳсулотлари учун);
мувофиқлик белгиси (маҳсулотини мувофиқлик белгиси билан тамғалаш ҳуқуқини берадиган лицензияси бор корхоналар учун);
норматив ёки техникавий ҳужжатларнинг номерлари.
13-модда. Озиқ-овқатларни сақлаш ва ташиш
Озиқ-овқатларни сақлайдиган ва ташийдиган юридик ва жисмоний шахслар нормалар ва қоидаларга риоя этишлари, озиқ-овқат сифати сақланишини ва хавфсизлигини таъминлашлари шарт.
14-модда. Озиқ-овқат маҳсулотини реализация қилиш
Мажбурий сертификатланадиган озиқ-овқат маҳсулоти юридик ва жисмоний шахслар томонидан озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигини тасдиқлайдиган мослик сертификати ёки мувофиқлик белгиси бўлган тақдирда реализация қилинади.
Озиқ-овқат маҳсулотини чакана сотиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларини ҳамда Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 75-сонли қарори.
Озиқ-овқат маҳсулоти билан савдо қилишга маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан шу мақсадлар учун ажратилган жойларда йўл қўйилади.
Қуйидаги ҳолларда озиқ-овқат маҳсулотини реализация қилишга йўл қўйилмайди:
маҳсулот сифати белгиланган нормалар ва қоидалар талабларига мувофиқ бўлмаса, мажбурий сертификатланадиган маҳсулотлар учун эса мослик сертификати бўлмаса;
сақлаш ва реализация қилиш учун тегишли шароит бўлмаса;
яроқлилик муддати тугаган бўлса;
маҳсулот қалбакилаштирилган бўлса;
маҳсулотларни таққослаш мумкин бўлмаса.
15-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига озиқ-овқат маҳсулотини олиб кириш
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган озиқ-овқат маҳсулоти ушбу Қонунда кўрсатилган нормалар ва қоидаларнинг талабларига мувофиқ бўлиши шарт.
Четдан олиб кирилаётган озиқ-овқат маҳсулотини етказиб берувчи уни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ишлаб чиқарувчининг ва экспорт қилувчи мамлакат махсус вакил қилган органнинг ушбу маҳсулот хавфсиз эканлигини тасдиқловчи ҳужжатларини, тегишли экспертиза ўтказиш зарур бўлганида эса озиқ-овқат маҳсулотининг намуналарини тақдим этади.
Четдан олиб кирилаётган озиқ-овқат маҳсулоти, технологиялар ва ускуналар қонун ҳужжатларига мувофиқ мажбурий сертификатланиши лозим.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 28 апрелдаги 122-сонли «Сертификатлаштириш тартиботларини ва сифат менежменти тизимларини жорий этишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори.
Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётган озиқ-овқат маҳсулоти сифати ва хавфсизлигининг нормалар ва қоидаларига мослиги давлат назорати органлари томонидан божхона органлари билан биргаликда белгиланган тартибда аниқланади.
16-модда. Озиқ-овқат маҳсулотини олиб қўйиш
Одамлар ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган озиқ-овқат маҳсулоти тегишли давлат назорати органларининг қарорига мувофиқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олиб қўйилиши керак.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги 200-сон қарори билан тасдиқланган «Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида»ги Низом.
Олдинги таҳрирга қаранг.
17-модда. Қоидалар ва нормаларга мос келмайдиган озиқ-овқат маҳсулотидан фойдаланиш ҳамда уни йўқ қилиб ташлаш
(17-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 26 декабрдаги ЎРҚ-416-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 52-сон, 597-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Яроқлилик муддати ўтган, сифатсизлиги белги бериб турган, таққослаш ва ишлаб чиқарувчисини аниқлаш мумкин бўлмаган, шунингдек санитария-гигиена экспертизаси, лаборатория текширувлари ва (ёки) ветеринария, ветеринария-санитария экспертизаси ва сертификатлаштириш синовлари натижаларига кўра давлат санитария назорати ва (ёки) давлат ветеринария хизмати органлари томонидан овқатга ишлатиш учун яроқсиз деб топилган озиқ-овқат маҳсулоти ишлаб чиқарилиш ва реализация қилинишдан олиб ташланади, у белгиланган мақсадда ишлатилмаслиги ҳамда қайта ишланиши ёки йўқ қилиб ташланиши керак.
(17-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 26 декабрдаги ЎРҚ-416-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 52-сон, 597-модда)
Озиқ-овқат маҳсулотини қайта ишлаш ёки йўқ қилиб ташлаш усуллари ва шартлари учун эгаси томонидан тегишли давлат назорати органлари билан келишиб олинади.
Озиқ-овқат маҳсулотидан фойдаланиш (уни қайта ишлаш) ёки йўқ қилиб ташлаш унинг эгаси томонидан ёки маҳсулот эгаси шу ишларни бажаришни шартнома бўйича топширадиган ташкилотлар томонидан комиссия иштирокида амалга оширилади. Комиссия таркибига давлат ҳокимияти маҳаллий органларининг, давлат назорати органларининг, солиқ органларининг ва жамоатчиликнинг вакиллари киради.
Озиқ-овқат маҳсулоти ҳайвонларга ем сифатида ишлатилгунича ёки йўқ қилиб ташлагунича алоҳида жойда (резервуарда), алоҳида ҳисобда, миқдорини, ишлатиш (қайта ишлаш) ёки йўқ қилиб ташлаш усуллари ва шартлари аниқ кўрсатилган ҳолда сақланиши керак. Бундай маҳсулотнинг бут сақланиши учун унинг эгаси жавобгар бўлади.
Озиқ-овқат маҳсулотини экспертиза қилиш, йўқ қилиб ташлаш усуллари ва шартларини белгилаш, қайта ишлаш, сақлаш, ташиш ва йўқ қилиб ташлаш билан боғлиқ харажатларни унинг эгаси тўлайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Озиқ-овқат маҳсулотининг эгаси давлат санитария назорати ва (ёки) давлат ветеринария хизмати органларига ушбу маҳсулотдан фойдаланилганлиги ёки у йўқ қилиб ташланганлиги тўғрисидаги далолатномани тақдим этади.
(17-модданинг олтинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 26 декабрдаги ЎРҚ-416-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 52-сон, 597-модда)
18-модда. Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишда айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 53, 166, 169 ва 214-моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 186-моддаси.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 30 август,
483-I-сон