Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
1994 ЙИЛ 1 ЯНВАРДАН БОШЛАБ МЕҲНАТГА ҲАҚ ТЎЛАШ, ПЕНСИЯЛАР ВА СТИПЕНДИЯЛАР МИҚДОРИНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1994 й., 1-сон, 36-модда)
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 26 февралдаги ПФ-771-сонли «1994 йилнинг 1 мартидан меҳнат ҳақи, пенсиялар ва стипендияларнинг миқдорини ошириш тўғрисида»ги Фармонининг қабул қилиниши сабабли ўз аҳамиятини йўқотган.
1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 1994 йил 1 январдан бошлаб:
иш ҳақининг энг кам миқдори ойига 30.000 сўм-купон қилиб белгилансин, иш ҳақи шунга мувофиқ равишда оширилсин;
фуқароларнинг солиқ ундирилмайдиган даромадининг энг кам миқдори ойига 30.000 сўм-купон қилиб белгилансин;
меҳнат пенсиясининг энг кам миқдори ойига 32.450 сўм-купон қилиб белгилансин, ҳозирги вақтда амалдаги барча пенсия турлари миқдори шунга мувофиқ равишда оширилсин.
2. Олий ўқув юртлари талабалари, техникумлар ва ҳунар-техника билим юртлари ўқувчиларининг стипендиялари ўртача 1,2 баравар кўпайтирилсин.
1994 йил 1 январдан бошлаб талабалар ошхоналари ва буфетларида тушлик овқат қийматидан 50 фоизлик чегирма ўрнига ҳар бир талаба (ўқувчи)га ойига 10.000 сўм-купон миқдорида пул компенсацияси белгилансин.
3. Вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари, бюджетдан пул билан таъминланадиган ташкилотлар ва муассасалар, Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий таъминот вазирлиги мазкур Фармонда белгиланган иш ҳақининг энг кам миқдорига асосланиб, меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф жадвали разрядларига мувофиқ равишда ходимларнинг мансаб маошларини, шунингдек, пенсиялар миқдорини ўз вақтида қайта ҳисоблаб чиқишни таъминласинлар.
4. Бюджет ҳисобидан пул билан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотлар ходимлари иш ҳақи, пенсиялар ва стипендиялар миқдорини ошириш билан боғлиқ харажатлар республика давлат бюджети ва ижтимоий суғурта жамғармаси маблағи ҳисобидан қоплансин.
5. Мулкчилик шаклидан қатъи назар, хўжалик ҳисобидаги корхоналарга ва ташкилотларга даромад манбаларини қидириб топишга қараб иш ҳақини мазкур Фармонга мувофиқ ошириш, даромадлар вақтинча етарли бўлмаган тақдирда эса, банк муассасалари томонидан шу мақсад учун бериладиган кредит ҳисобидан ошириш тавсия этилсин.
6. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1993 йил 31 декабрь,
ПФ-724-сон