PDF-файлидаги расмий манба
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини бериш, ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида» 2006 йил 2 августдаги 156-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 19 августдаги ПҚ-1392-сон қарори)
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 52-сон, 525-модда; 2013 й., 41-сон, 545-модда; 2015 й., 17-сон, 209-модда)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 19 августдаги ПҚ-1392-сон қарорини бажариш юзасидан ҳамда ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи таълим муассасалари фаолияти самарадорлигини ошириш, ҳайдовчилик гувоҳномалари бериш тизимини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини бериш, ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида» 2006 йил 2 августдаги 156-сон қарорига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Белгилаб қўйилсинки, автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш давлат таълим муассасалари, шунингдек Мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти, «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик компанияси, «Transkasb» уюшмаси ва Ўзбекистон Республикаси Автомотоҳаваскорлар кўнгилли жамияти, «Avtotest Report» МЧЖ ва устав фондида улушларнинг (акцияларнинг) камида 51 фоизи «Avtotest Report» МЧЖга тегишли бўлган ташкилотлар томонидан амалга оширилади.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 30 апрелдаги 106-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 17-сон, 209-модда)
3. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамда Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги Мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгаши, «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик компанияси, «Transkasb» уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Автомотоҳаваскорлар кўнгилли жамияти билан биргаликда барча тоифалардаги ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш учун ўқув режалари ва дастурларини қайта ишлаб чиқсинлар, бунда юк ва йўловчилар ташишда қатнашувчи ҳайдовчилар таркибини тайёрлашни такомиллаштиришга алоҳида эътибор берсинлар.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 9 октябрдаги ПҚ-2048-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 41-сон, 545-модда)
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Б.А. Матлюбов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2010 йил 31 декабрь,
325-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 31 декабрдаги 325-сон қарорига
ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини бериш, ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида» 2006 йил 2 августдаги 156-сон қарорига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
I. Қарорда:
1) қарорнинг номидаги «автомототранспорт воситаларини» сўзлари «автомототранспорт воситаларини ва шаҳар электр транспорти воситаларини» сўзлари билан алмаштирилсин;
2) 3-банд чиқариб ташлансин.
II. Ўзбекистон Республикасида автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи ўқув юртларини ҳисобга олиш, имтиҳонларга рухсат бериш ва уларни ўтказиш, ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисидаги низомда (1-илова):
1) Низомнинг номи қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Ўзбекистон Республикасида автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи таълим муассасаларини ҳисобга олиш, имтиҳонларга рухсат бериш ва уларни ўтказиш, ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисидаги низом»;
2) 1-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«1. Ушбу Низом автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи таълим муассасаларини ҳисобга олиш, имтиҳонларга рухсат бериш, шунингдек Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (кейинги ўринларда ДЙҲХХ деб аталади) бўлинмаларида имтиҳонларни ўтказиш ҳамда автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартибини белгилайди»;
3) 5-бандга қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:
«Агар тиркаманинг рухсат берилган энг кўп массаси «В» тоифага тегишли бўлган жиҳозланган автомобилнинг массасидан ортиқ бўлмаса, транспорт воситалари бундай таркибининг рухсат берилган энг кўп массаси эса 3500 килограммдан ортиқ бўлмаса, у ҳолда бундай воситани бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномасида «В» устунида рухсат берувчи белги қайд этилиши етарлидир»;
4) II бўлимнинг номи ва 6-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«II. Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи таълим муассасаларига қўйиладиган талаблар ва ушбу муассасаларни ҳисобга олиш
6. Давлат таълим муассасаси ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича ўз фаолияти бошлангунга қадар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси (кейинги ўринларда ЙҲХББ деб аталади)нинг хулосасини олади. Давлат таълим муассасаси ЙҲХББга ўзи қарашли бўлган давлат органи орқали белгиланган тартибда мурожаат қилади.
Хулоса чиқарилгунга қадар ЙҲХББ қарори асосида текширув комиссияси томонидан ҳайдовчилар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи таълим муассасасининг моддий-техника ва ўқув-методик базаси ҳар томонлама кўрикдан ўтказилади»;
5) 7-бандга:
«ҳокимликлар» сўзидан кейин «Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармалари» сўзлари қўшилсин;
қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:
«Комиссия ишига ҳайдовчилар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш соҳасидаги бошқа мутахассислар, шу жумладан бошқа таълим муассасаларининг ўқитувчилари, шунингдек тасарруфида таълим муассасаси бўлган вазирликлар ва идоралар вакиллари ҳам жалб қилиниши мумкин»;
6) 8 — 11-бандлар қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«8. Комиссия томонидан текширилаётган таълим муассасасининг қуйидаги талабларга жавоб бериши ўрганиб чиқилади:
камида 48 кв м майдонга эга бўлган ўқув хоналари мавжудлиги, қишда иситилиши ва ёритилганлиги;
ўқув транспорт воситаларини сақлаш учун майдонча ва уларни тузатиш учун алоҳида усти ёпиқ жой мавжудлиги;
ўқув хоналари моддий-техника базасининг Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ таъминланганлиги;
таълим муассасасининг иш режасига киритилган автомобилни бошқариш бўйича амалий машғулотларни тўлиқ ўтказиш учун етарли даражада ёнилғи-мойлаш материаллари билан таъминланганлиги;
муҳандис-педагоглар, инструкторлар ҳамда ишлаб чиқариш усталарининг маълумоти ва билим даражаси, шунингдек ўқув хоналарининг ҳайдовчилар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш дарсларини ўтказишга тайёрлиги;
ҳайдовчиликка номзодларга амалий бошқаришни ўргатиш учун белгиланган талабларга мувофиқ жиҳозланган ёпиқ майдонча, автодром мавжудлиги ёки ундан фойдаланиш тўғрисида шартнома борлиги;
ўқув транспорт воситаларининг техник ҳолати, уларнинг қўшимча тепки (педал)лари ҳамда таниқлик белгилари билан жиҳозланганлиги ва бошқа масалалар.
Таълим муассасасининг унга мулк ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ўқув хоналари, улардаги жиҳозлар ва машқ автомобилларидан фойдаланишга йўл қўйилади.
9. Таълим муассасасининг ушбу Низом талабларига мувофиқлиги ўрганиб чиқилиши якунлари бўйича далолатнома тузилади ва ҳудудий ЙҲХБ бошлиғи томонидан тасдиқланиб, ЙҲХББга тақдим этилади.
Далолатнома тўрт нусхада тузилади ва ҳудудий ЙҲХБда, рўйхатдан ўтказиш-имтиҳон бўлимида (кейинги ўринларда РИБ деб аталади) ёки ЙҲХББнинг туманлараро РИБларида (кейинги ўринларда ТРИБ деб аталади), Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаларида ҳамда таълим муассасасининг ўзида сақланади.
10. Комиссия қарори натижалари бўйича ЙҲХББ хулоса чиқаради. Ушбу хулоса икки нусхада тузилади.
ЙҲХББ томонидан давлат таълим муассасасига берилган ҳужжатнинг биринчи нусхаси ҳисобга қўйиш учун ҳудудий ЙҲХБга юборилади. Иккинчи нусхаси тасарруфида таълим муассасаси бўлган давлат органига юборилади.
Таълим муассасаларини ҳудудий ЙҲХБларда ҳисобга қўйиш таълим муассасасининг номи, манзили, банк реквизитлари, уставни тасдиқлаш (рўйхатдан ўтказиш) тўғрисида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори рақами, тайёрланадиган ҳайдовчиларнинг тоифалари кўрсатилган ҳолда алоҳида журналда юритилади.
Таълим муассасаларини ҳисобга олиш журнали Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши ва белгиланган муддатлар мобайнида ҳудудий ЙҲХБда сақланиши керак.
11. Таълим муассасалари раҳбарлари ҳудудий ЙҲХБ билан ўқув гуруҳларининг сонини, назарий ва амалий машғулотларнинг бошланишини ва ўқиш муддатини келишиб олади»;
7) 12-банддаги «30 кишидан» сўзлари «25 кишидан» сўзлари билан алмаштирилсин;
8) 13-банддаги «ҳудудий ЙҲХБ котибиятига» сўзлари «ҳудудий ЙҲХБга» сўзлари билан алмаштирилсин;
9) 14-банддаги «ўқув юртларининг», «ЙҲХБ РИБ (ТРИБ)ларида» ва «ўқув юртларига» сўзлари тегишли равишда «таълим муассасаларининг», «ҳудудий ЙҲХБга» ва «таълим муассасаларига» сўзлари билан алмаштирилсин;
10) 15-16-бандлар қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«15. Агар таълим муассасаси кўрсатмада кўрсатилган муддат мобайнида камчиликларни бартараф этмаса, ушбу таълим муассасаларининг янги ўқув гуруҳларини ЙҲХБ РИБ (ТРИБ)да рўйхатдан ўтказиш тўхтатилади.
16. Янги ўқув гуруҳларини рўйхатдан ўтказиш кўрсатмада кўрсатилган камчиликлар таълим муассасаси томонидан бартараф этилгандан кейин тикланади»;
11) 17-банддаги «ДЙҲХХ», «ўқув юртлари», «йўл» ва «ўқув гуруҳларида дарсларни» сўзлари тегишли равишда «ҳудудий ЙҲХБ», «таълим муассасалари», «йўналишли» ва «ўқув гуруҳларини» сўзлари билан алмаштирилсин;
12) 18-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«18. «А», «В» ва «С» тоифалардаги автомототранспорт воситаларини, шунингдек трамвайлар ва троллейбусларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани олишни истаган шахслар тайёргарликдан ўтишлари керак, «D» ва «Е» тоифали автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани олишни истаган шахслар эса ЙҲХББ билан келишилган ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрловчи таълим муассасаларида қайта тайёргарликдан ўтишлари шарт»;
13) 19, 21, 25, 27, 32, 36, 37, 40, 41, 50, 58, 74, 87-бандлардаги «ДЙҲХХ» қисқартмаси «ҳудудий ЙҲХБ» сўзлари билан алмаштирилсин;
14) 20-банддаги «ўқув юртлари» сўзлари «таълим муассасалари» сўзлари билан алмаштирилсин;
15) 22-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«22. «В» ёки «ВD» тоифали транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлган шахслардан «С» тоифали ҳайдовчиларни қайта тайёрлашда, «В», «С», «ВС» тоифали транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлган шахслардан «D» тоифасига ҳайдовчиларни қайта тайёрлашда назарий ва амалий имтиҳонлар топширилади. Ҳайдовчиларни «Е» тоифасига қайта тайёрлашда фақат амалий имтиҳон топширилади.
Шахс, агар транспорт воситасини охирги уч йил мобайнида бошқарган бўлса, «D» тоифасига қайта тайёрлашга ва имтиҳонлар топширишга қўйилади»;
16) 25-банднинг биринчи хатбошидаги ва 26-банддаги «ўқув юрти» ва «ўқув юртларини» сўзлари тегишли равишда «таълим муассасаси» ва «таълим муассасаларини» сўзлари билан алмаштирилсин;
17) 28-банднинг иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Тижорат асосида йўловчиларга транспорт хизмати кўрсатиш учун енгил автомобилларни бошқаришга рухсат транспорт воситаларини охирги уч йил мобайнида узлуксиз бошқарган шахсларга берилади. Уларнинг фаолияти муддатини белгилашда меҳнат дафтарчасидан кўчирма, автотранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома, ижара шартномаси ёки ишончнома асос бўлади»;
18) 30-31-бандлар қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«30. «СЕ» ва «DЕ» тоифалардаги транспорт воситалари таркибларини бошқариш ҳуқуқи охирги икки йил мобайнида тегишли тоифалардаги транспорт воситаларини бошқаришнинг узлуксиз ҳайдовчилик стажига эга бўлган ва таълим муассасасида қайта тайёргарликдан ўтган ҳамда ҳудудий ЙҲХБнинг РИБ (ТРИБ)да амалий имтиҳонни муваффақиятли топширган шахсларга берилади.
«DЕ» тоифасидаги транспорт воситалари таркибини бошқариш ҳуқуқини олиш учун «D» тоифасига эга бўлган ҳайдовчилардан амалий имтиҳонлар бўғимли автобусларда олинади.
31. «D» тоифасидаги транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи охирги уч йил мобайнида «В» ёки «С» тоифасидаги транспорт воситаларини бошқаришнинг узлуксиз ҳайдовчилик стажига эга бўлган, таълим муассасаларида қайта тайёргарликдан ўтган ҳамда ҳудудий ЙҲХБнинг РИБ (ТРИБ)да назарий ва амалий имтиҳонларни муваффақиятли топширган шахсларга берилади»;
19) қуйидаги мазмундаги 311-банд қўшилсин:
«311. Тижорат асосида йўловчилар ташиш бўйича транспорт хизматлари кўрсатадиган, ҳайдовчининг ўрнидан ташқари тўрттадан ортиқ ўтириш ўринларига эга бўлган, бироқ «D» тоифасига тегишли бўлмаган енгил автомобилларни бошқаришга охирги беш йил мобайнида тегишли тоифали автотранспорт воситаларини узлуксиз бошқарган ҳайдовчилар қўйиладилар.
Шаҳарлараро ва халқаро йўналишда йўловчилар ташийдиган автобуслар ва микроавтобусларни бошқаришга охирги беш йил мобайнида «D» тоифали автотранспорт воситаларини узлуксиз бошқарган ҳайдовчилар қўйилади»;
20) 34-банддаги «ҳайдовчилик тажрибасига эга бўлган ҳайдовчилар учун — 30 соат, ҳайдовчилик тажрибасига эга бўлмаган ҳайдовчилар учун — 60 соат» сўзлари «D» тоифали транспорт воситаларида ҳайдовчилик тажрибасига эга бўлган ҳайдовчилар учун — 60 соат, ҳайдовчилик тажрибасига эга бўлмаган ҳайдовчилар учун — 224 соат» сўзлари билан алмаштирилсин;
21) 42-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«42. Ҳудудий ЙҲХБнинг РИБ (ТРИБ) комиссияси таркиби камида уч кишидан иборат бўлиши керак.
Комиссия таркибига:
ҳудудий ЙҲХБнинг РИБ (ТРИБ) бошлиғи (комиссия раиси);
таълим муассасаларининг ҳайдовчилар тайёрлаш билан шуғулланувчи ўқитувчилари (имтиҳон топшираётган ўқув гуруҳи ўқитувчиси, шунингдек таълим муассасасидан бир нафардан ортиқ ўқитувчи жалб этилмаслиги керак), автотранспорт корхонаси, мудофаа ишлари бўлими ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари киритилади»;
22) 44-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«44. Ўқув гуруҳлари машғулотлари тугагандан сўнг ҳайдовчиликка номзодларнинг ўқув жараёнида дастурда кўрсатилган барча фанларни ўзлаштирганликлари тўғрисидаги маълумотлар ҳудудий ЙҲХБ РИБ (ТРИБ) ходими томонидан текширилади ва уларнинг рўйхати олдин тақдим этилган рўйхат билан солиштирилади, шундан кейин ўша ходимнинг имзоси билан тасдиқланади»;
23) 45-бандда:
биринчи хатбошидаги «ДЙҲХХ РИБ (ТРИБ)» сўзлари «ҳудудий ЙҲХБ РИБ (ТРИБ)» сўзлари билан алмаштирилсин;
иккинчи хатбошидан «18-бандининг иккинчи хатбошида» сўзлари чиқариб ташлансин;
учинчи хатбошидаги «ўлчами 3,5 х 4,5 см» сўзлари «3 х 4 см (ҳайдовчиликка номзод фуқаро кийимида суратга туширилган бўлиши керак)» сўзлари билан алмаштирилсин;
еттинчи хатбошидаги «ўқув юрти» сўзлари «таълим муассасаси» сўзлари билан алмаштирилсин;
24) 47-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«47. Ҳайдовчиликка номзодлар, шунингдек ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш ва автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш муддати тамом бўлгандан кейин ҳайдовчилик гувоҳномаси дубликатини олиш учун имтиҳонларга юборилган ҳайдовчилар учун такрорий имтиҳонлар олдинги имтиҳондан сўнг камида ўн кун ўтгандан кейин ўтказилади.
Иккинчи марта имтиҳон синовларидан ўтмаган шахслар камида беш соатдан иборат қўшимча машғулотлардан ўтганларидан сўнг (бу ҳақда таълим муассасаси томонидан тегишли маълумотнома берилади) имтиҳон топширишга қўйиладилар.
Олти ой мобайнида имтиҳон синовларидан ўтмаган шахслар белгиланган тартибда яна таълим муассасаларида тайёрлаш ва қайта тайёрлашдан ўтишлари керак, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш ва автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш муддати тамом бўлгандан кейин ҳайдовчилик гувоҳномаси дубликатини олиш учун имтиҳонларга юборилган ҳайдовчилар бундан мустасно»;
25) 49-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
26) 52-банднинг иккинчи хатбошидаги «ўқув юртини» сўзлари «таълим муассасасини» сўзлари билан алмаштирилсин;
27) 56-банднинг биринчи хатбошидаги «ДЙҲХХ» қисқартмаси «ҳудудий ЙҲХБ» сўзлари билан алмаштирилсин;
28) 69-банддаги «ўқишни тамомлаганлиги ҳақидаги ўқув юртининг гувоҳномаси ёки ДЙҲХХ РИБ (ТРИБ)ларининг тасдиқномаси» сўзлари «ўқишни тамомлаганлиги ҳақидаги таълим муассасасининг гувоҳномаси ёки ҳудудий ЙҲХБ РИБ (ТРИБ)ларининг тасдиқномаси» сўзлари билан алмаштирилсин;
29) 71-банддаги «ДЙҲХХ бўлинмалари ёки РИБ (ТРИБ)лар» сўзлари «ҳудудий ЙҲХБнинг РИБ (ТРИБ)лари» сўзлари билан алмаштирилсин;
30) 76-банддаги «ўқув юртларидан» сўзлари «таълим муассасаларидан» сўзлари билан алмаштирилсин;
31) 77-банддаги «1968 йилдаги Йўл ҳаракати ҳақидаги Вена конвенцияси» сўзлари «Йўл ҳаракати тўғрисидаги конвенция (Вена, 1968 йил 8 ноябрь)» сўзлари билан алмаштирилсин;
32) 78-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«78. Хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ҳамда халқаро, ҳукуматлараро ташкилотлар ваколатхоналари ва хорижий давлатларнинг ҳукумат ташкилотлари бошлиқлари ва бошқа ходимларининг (дипломатик ва маъмурий-техник ходимларнинг), шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида аккредитация қилинган хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларининг Йўл ҳаракати тўғрисидаги конвенция (Вена, 1968 йил 8 ноябрь) талабларига жавоб бермайдиган миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ЙҲХББга мурожаат қилиш шарти билан алмаштирилади. Хорижий фуқароларнинг ушбу тоифаси ҳайдовчилик гувоҳномалари имтиҳонлар топширилмасдан алмаштирилади.
Тегишли битим мавжуд бўлган тақдирда нодавлат нотижорат ташкилотларининг хорижий ходимларига миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги орқали Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг ЙҲХББга мурожаат қилиш ва тиббий кўрикдан ўтиш шарти билан Ўзбекистон Республикасининг ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштирилиши мумкин. Хорижий фуқароларнинг ушбу тоифаси ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириш имтиҳонлар топширилгандан кейин амалга оширилади»;
III. Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низомда (2-илова):
1) Низом ҳамда II бўлим номига «Автотранспорт воситалари» сўзларидан кейин «ва шаҳар электр транспорти воситалари» сўзлари қўшилсин;
2) 1-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича барча (янги очилаётган) таълим муассасалари (кейинги ўринларда таълим муассасалари деб аталади) учун ягона ва риоя этилиши мажбурий ҳисобланади»;
3) 2-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«2. Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш қуйидаги таълим тизимидан иборат:
а) «А», «В», «С» тоифаларидаги автомототранспорт воситаларини ва шаҳар электр транспорти воситаларини бошқариш учун шахсларни тайёрлаш, «С», «D» ва «Е» тоифаларидаги автотранспорт воситаларини бошқариш учун шахсларни қайта тайёрлаш ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ олиб борилади.
Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш:
соғлиғининг ҳолати бўйича махсус тиббий талабларга жавоб берадиган;
маълумоти умумий ўрта маълумотдан кам бўлмаган;
ўқув муддати якунида «А» тоифасидаги автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлиш учун — 16 ёшга, «В» ва «С» тоифалари учун — 18 ёшга, «D» тоифаси ҳамда трамвай ва троллейбусларни бошқариш учун — 21 ёшга тўлган шахслар билан олиб борилади.
б) «В», «С», «ВС», «ВD» ва «ВСД» тоифасидаги, бошқа тоифадаги автотранспорт воситаларини бошқарувчи ҳайдовчиларни қайта тайёрлаш тегишли ўқув режаси ва дастурига мувофиқ ташкил қилинади.»;
4) 6-бандда:
биринчи хатбошидаги «Ўқув юртларида автомототранспорт воситалари» сўзлари «Таълим муассасаларида автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари» сўзлари билан алмаштирилсин;
иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш муддатлари тасдиқланган режалар ва ўқув дастурларига мувофиқ белгиланади.»;
5) 7-банддаги «ўқув юртларида» сўзлари «таълим муассасаларида» сўзлари билан алмаштирилсин;
6) 8-банддаги «Автомототранспорт воситалари» сўзларидан кейин «ва шаҳар электр транспорти воситалари» сўзлари қўшилсин;
7) 9 — 11-бандлар қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«9. «А», «В», «С» тоифаларидаги автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда «С», «D» ва «Е» тоифаларидаги автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини қайта тайёрлаш учун номзодларни таълим муассасаларига қабул қилиш қуйидаги ҳужжатлар асосида амалга оширилади:
а) ташкилотлар йўлланмаси (улар томонидан ўқишга юборилган шахслар учун);
б) соғлиғи ва тегишли тоифалардаги транспорт воситаларини бошқаришга яроқлилиги тўғрисидаги тиббий маълумотнома;
в) 3 х 4 сантиметрли 3 дона фотосурат (ҳайдовчиликка номзод фуқаро кийимида суратга тушган бўлиши керак);
г) маълумоти тўғрисидаги ҳужжатнинг нусхаси;
д) паспорт ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат».
10. Ҳайдовчиларни «С» ёки «Е» тоифаларидаги автотранспорт воситаларини бошқариш учун қайта тайёрлашда, улар томонидан ушбу Низомнинг 9-бандида кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари, тегишли равишда «В», «ВC», «ВD» ёки «ВDЕ» тоифаларидаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам тақдим этилади.
Ҳайдовчиларни «D» тоифасидаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига қайта тайёрлашда 9-бандда кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари, «В», «ВС» ёки «ВСЕ» тоифаларидаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳамда узлуксиз уч йиллик стажи мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳам тақдим этилади.
Ҳайдовчиликка номзодларни ўқишга қабул қилиш, гуруҳдан гуруҳга ўтказиш, рўйхатдан чиқариш ва ўқишни тугатганлик таълим муассасаси раҳбарининг буйруғи билан расмийлаштирилади.
11. Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича таълим муассасалари гуруҳларидаги ҳайдовчиликка номзодлар сони 25 кишидан ошмаслиги керак. Таълим муассасаларининг раҳбарлари гуруҳларда машғулотлар бошлангунгача ўқувчилар рўйхатини тузишлари ва ҳудудий ЙҲХБга тақдим этишлари лозим.»;
8) 12-13-бандлардаги «автомототранспорт воситаларини» ва «автомототранспорт воситалари» сўзларидан кейин тегишли келишикда «ва шаҳар электр транспорти воситалари» сўзлари қўшилсин;
9) 14-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«14. Назарий тайёргарлик бўйича машғулотлар ўқув журналларида қайд этилади, автомототранспорт воситаларини ва шаҳар электр транспорти воситаларини бошқариш бўйича амалий машғулотлар эса — йўл варақаларида қайд этилади. Автомототранспорт воситаларини ва шаҳар электр транспорти воситаларини бошқариш бўйича амалий машғулотлар, автотренажёрларда ўтказилган машқлар ҳайдовчиликка номзоднинг машғулотларни ҳисобга олиш шахсий китобчасида ҳам қайд этилади.»;
10) III бўлимнинг номи қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«III. Таълим муассасаларининг автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича ишларини ташкил этиш ва фаолиятини назорат қилиш»;
11) 15, 16, 20, 21-бандлардаги, IV, V бўлимлар номидаги ва 24-банддаги «ўқув юртларининг», «автомоторанспорт воситалари» ва «ўқув юртларида» сўзлари тегишли равишда «таълим муассасаларининг», «автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари» ҳамда «таълим муассасаларида» сўзлари билан алмаштирилсин;
12) 19-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«19. Автомототранспорт воситасини ёки шаҳар электр транспортини бошқариш бўйича амалий машғулотлар инструктори лавозимига билими ўрта маълумотдан кам бўлмаган, тегишли тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш бўйича узлуксиз беш йил («D» тоифасидаги транспорт воситаси бўйича — узлуксиз етти йил) стажга, шунингдек автомототранспорт воситасини ёки шаҳар электр транспорти воситасини бошқаришни ўргатиш услуби бўйича курсларни тугатганлиги ҳақидаги гувоҳномага эга бўлган шахслар тайинланади.»;
13) 22-23-бандлар қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«22. Мулкчилик шаклларидан қатъи назар, йўловчилар ташиш билан шуғулланувчи транспорт воситалари ҳайдовчилари бир йилда бир марта, юк ташиш билан шуғулланувчи ҳайдовчилар эса — ҳар икки йилда бир марта 30 соатлик дастур асосида машғулот ўтишлари шарт.
23. Транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрловчи ва қайта тайёрловчи таълим муассасалари назарий ва амалий машғулотлар учун мулкий ҳуқуқ билан жиҳозланган ўқув кабинетларига, ўқув-техник ускуналарга, кўргазмали ўқув қўлланмаларига, транспорт воситаларини бошқариш машқларини ўтказиш учун ўқув автодромига ёки ёпиқ майдонга, ўқув транспорт воситаларига эга бўлишлари керак. Таълим муассасасининг унга мулк ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ўқув хоналари, улардаги жиҳозлар ва машқ автомобилларидан фойдаланишга йўл қўйилади.»;
14) 25-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«25. Таълим муассасалари моддий-техника базасининг намунавий нормативлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан белгиланади.»;
15) 26, 27, 28, 31, 32 ва 35-бандлардаги «автомоторанспорт воситалари» ва «ўқув юртлари», сўзлари тегишли келишикдаги «автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари» ҳамда «таълим муассасалари» сўзлари билан алмаштирилсин;
16) 33-34-бандлар қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«33. Таълим муассасасининг имтиҳон ва синовларидан муваффақиятли ўтган номзодларга имтиҳон комиссияси протоколига асосан ўқишни битирганлик ҳақида ягона намунадаги гувоҳнома берилади.
Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамда Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқилган ва тасдиқланган ягона намунадаги гувоҳнома босмахона усулида тайёрланган бўлиши, ҳудудий кодга, серия ва тартиб рақамига эга бўлиши керак. Ўқишни тугатганлик тўғрисидаги гувоҳномалар бланкалари Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги томонидан таълим муассасалари буюртманомаларига биноан тарқатилади ҳамда қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланади.
34. Автомототранспорт воситалари ҳамда шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш дастури бўйича ўқишни тугатганлик ҳақидаги гувоҳнома автомототранспорт воситаларини ва шаҳар электр транспорти воситаларини бошқариш ҳуқуқини бермайди.».