Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«ЎЗОЛМОНХОТЕЛЗ» ЎЗБЕКИСТОН-ГЕРМАНИЯ ҚЎШМА КОРХОНАСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикасининг халқаро туризм инфратузилмасини ривожлантиришга хорижий инвестицияларни жалб этиш дастурини амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Ўзбектуризм» миллий компаниясининг Германиянинг «Инпро ГМБХ индустриал асбоб-ускуналари» компанияси билан биргаликда Самарқанд шаҳрида «Президент-Отель» меҳмонхонасини қуриш, Урганч шаҳридаги мавжуд «Хоразм» меҳмонхонасини реконструкция қилиш ва кейинчалик улардан фойдаланиш мақсадида «Ўзолмонхотелз» корхонасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
а) «Ўзолмонхотелз» қўшма корхонаси бошланғич устав фонди 11,65 млн АҚШ доллари бўлган ҳолда ташкил этилиши, бунда ўзбекистонлик муассиснинг ҳиссаси мол-мулк сифатида 6,7 млн АҚШ долларини (57,51%) ва германиялик муассиснинг ҳиссаси пул маблағлари сифатида 4,95 млн АҚШ долларини (42,49%) ташкил этиши;
б) қўшма корхона устав фондини шакллантириш муассислар томонидан икки йиллик инвестиция даврида амалга оширилиши;
в) умумий қиймати 33 млн АҚШ доллари бўлган меҳмонхоналарни қуришни ва реконструкция қилишни маблағ билан таъминлаш:
қўшма корхонанинг 4,95 млн АҚШ доллари миқдоридаги ўз маблағлари;
Германия банкининг «Ўзолмонхотелз» қўшма корхонасига берадиган 28,05 млн АҚШ доллари миқдоридаги кредити ҳисобига амалга оширилиши;
г) Хипо Ферейнс Банк (Германия) объектларни қуриш ва реконструкция қилиш даврида фоизлар тўловини капиталлаштиришини тасдиқлаганлиги;
д) кредит бўйича фоизларни ва инвестиция давридаги чиқимларни тўлаш «Инпро ГМБХ индустриал асбоб-ускуналари» фирмасининг «Ўзолмонхотелз» қўшма корхонасига берадиган 492,3 минг АҚШ доллари миқдоридаги фоизсиз ссудаси ҳисобига амалга оширилиши;
е) кредитни ва фоизсиз ссудани тўлаш «Ўзолмонхотелз» қўшма корхонасининг ўз маблағлари ҳисобига иловага мувофиқ амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги «Президент-Отель» меҳмонхонасини қуриш ва «Хоразм» меҳмонхонасини реконструкция қилиш лойиҳасини белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси инвестиция дастурига киритсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг «Гермес» жамияти суғурта қопламаси остида Хипо Ферейнс Банк (Германия) олдидаги тўлов мажбуриятлари бўйича ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига «Ўзолмонхотелз» қўшма корхонасининг тўлов мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан белгиланган тартибда кафолатлар берсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки бир ой муддатда кредит битими тузсин ва Германия банкининг «Гермес» жамияти суғурта қопламаси остидаги маблағлари «Ўзолмонхотелз» қўшма корхонаси учун қайта молиялаштирилишини таъминласин.
8. Қўшма корхона масалалари бўйича ишлаш учун келаётган хорижий мутахассисларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаганлик, транспортнинг барча турларида юрганлик учун Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун назарда тутилган тарифлар бўйича сўмларда ҳақ тўлаш ҳуқуқи берилсин.
9. Самарқанд вилояти ҳокимлиги «Ўзбектуризм» миллий компаниясига Дорилфунун майдони ва Шоҳрух кўчаси кесишган жойдан иморатларни бузган ҳолда 2,2 гектар ер участкаси берсин.
10. «Ўзолмонхотелз» қўшма корхонасига лойиҳа-смета ҳужжатлари тўлиқ тайёр бўлгунга қадар, бироқ бир йилдан ортиқ бўлмаган муддатга, Самарқанд шаҳрида «Президент-Отель» меҳмонхона комплекси қурилишини ва Урганч шаҳрида меҳмонхона реконструкция қилинишини ишчи чизмалар бўйича амалга оширишга рухсат берилсин.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т. Султонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1999 йил 31 декабрь,
549-сон
Вазирлар Маҳкамасининг
1999 йил 31 декабрдаги 549-сон
қарорига
ИЛОВА
Кредит ва ссудани қайтаришнинг
ПРОГНОЗ ЖАДВАЛИ
Кредит суммаси ‎ 28,05 млн АҚШ доллари‎
Қурилиш даврида фоизларни капиталлаштиришни ҳисобга олган ҳолда:‎
кредит суммаси ‎ 28,9 млн АҚШ доллари‎
Кредитни қайтариш муддати, ‎ 9,5 йил‎
шу жумладан, имтиёзли давр ‎ 2 йил‎
Фоиз ставкаси ‎ 8,50%‎

Қайтариш даври ‎

Асосий қарзни тўлаш ‎

Фоизларни тўлаш ‎

Ссудаларни тўлаш ‎

Ҳамма тўловлар ‎

2000-2001 йиллар (Инвестициялаш даври) ‎ 268 228‎ 268 228‎
2002 йил‎ 3 399 454‎ 2 383 867‎ 57 918‎ 5 841 239‎
2003 йил‎ 3 399 454‎ 2 094 914‎ 57 918‎ 5 552 286‎
2004 йил‎ 3 399 454‎ 1 805 960‎ 57 918‎ 5 263 332‎
2005 йил‎ 3 399 454‎ 1 517 006‎ 57 918‎ 4 974 378‎
2006 йил‎ 3 399 454‎ 1 228 053‎ 57 918‎ 4 685 425‎
2007 йил‎ 3 399 454‎ 939 099‎ 57 918‎ 4 396 471‎
2008 йил‎ 3 399 454‎ 650 146‎ 57 918‎ 4 107 518‎
2009 йил‎ 3 399 454‎ 361 192‎ 57 918‎ 3 818 564‎
2010 йил‎ 1 699 728‎ 72 238‎ 28 956‎ 1 800 922‎

Ҳаммаси‎

28 895 360‎ 11 320 703‎ 492 300‎ 40 708 363‎
Изоҳ: асосий қарз ва фоизларни тўлаш санаси ва суммаси кредит битими имзоланаётганда аниқлаштирилади.