Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
РЕСПУБЛИКА «МУСАВВИР» ФИРМАСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ
ҲАҚИДА
Халқ манзарали-амалий санъатини ривожлантириш ва юксак бадиийлик билан яратилган оригинал муаллифлик буюмларини, халқ истеъмоли молларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳамда уларни республика ичида ва ташқи бозорда сотишни кенгайтириш мақсадларида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Мусаввир» илмий-ишлаб чиқариш халқ санъати маркази негизида тўла хўжалик ҳисоби асосларида ишлайдиган, ҳуқуқий шахс ҳисобланувчи республика «Мусаввир» фирмаси тузилсин, унга Ўзбекистон Республикаси саноат-қурилиш банки ва ташқи иқтисодиёт банкининг маҳаллий бўлимларида тегишли счётларни очиш ҳуқуқи берилсин.
2. Республика «Мусаввир» фирмасининг Устави иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Ўзбекистон Рассомлар уюшмасининг А. Навоий кўчасининг Шайхонтоҳур тор кўчасида жойлашган ўз қарамоғидаги «Юнусхон» меъморий ёдгорлигини, Қорасарой кўчасидаги 70-уй ҳамда Қ. Исоқов кўчасидаги 3-уйларни ҳунармандчилик устахоналарини жойлаштириш учун республика «Мусаввир» фирмаси ихтиёрига ҳақ олмасдан бериш ҳақидаги таклифлари қабул қилинсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги республика «Мусаввир» фирмаси билан биргаликда Шайхонтоҳур меъморий комплексида савдо-ҳунармандчилик растаси мажмуини яратиш масаласини кўриб чиқсин ва бир ой муддат ичида аниқ таклиф киритсин.
Ўзбекистон Республикаси Вице-Президенти Ш. МИРСАИДОВ
Тошкент ш.,
1991 йил 30 декабрь,
317-сон
Вазирлар Маҳкамасининг
1991 йил 30 декабрдаги
317-сон
қарори билан
ТАСДИҚЛАНГАН
Республика «Мусаввир» фирмасининг
УСТАВИ
I. Умумий қоидалар
1. Республика «Мусаввир» фирмаси ҳуқуқий шахс ҳисобланади, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирланган ва ўз номи ўзбек ва рус тилларида ёзилган муҳрга, Ўзбекистон саноат-қурилиш банки ва Ўзбекистон Ташқи иқтисодиёт банки муассасаларида ҳисоб-китоб счётларига эга бўлади, тўла хўжалик ҳисоби, ўз-ўзини молиявий таъминлаш ва ўз харажатларини, шу жумладан, валюта харажатларини ўзи қоплаш асосларида ишлайди, алоҳида мол-мулкка эгалик қилади, мазкур Уставга мувофиқ ўзига юклатилган вазифаларни бажаради ҳамда шу фаолият билан боғлиқ ҳуқуқлардан фойдаланади, ўз номидан мол-мулк ва шахсий мол-мулкка дахлсиз ҳуқуқларни сотиб олиши ҳамда жавоб бериши мумкин, судда, ҳакамликда ёки воситачилик судида даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.
2. Республика «Мусаввир» фирмаси ўз фаолиятида республика қонунларига, Олий Кенгашнинг бошқа қарорларига, Президент фармонларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, бошқа норматив актларга ва мазкур уставга риоя қилади.
3. Республика «Мусаввир» фирмасининг жойлашган ўрни — Тошкент шаҳри, Халқлар дўстлиги майдони, Абулқосим мадрасаси.
II. Республика «Мусаввир» фирмасининг асосий
вазифалари ва функциялари
4. Қуйидагилар республика «Мусаввир» фирмасининг асосий вазифалари ҳисобланади:
халқ манзарали-амалий санъатининг анъанавий турларини тиклаш ва ривожлантириш, юксак маҳорат билан яратилган халқ санъатининг оригинал муаллифлик буюмларини ва халқ истеъмоли молларини ишлаб чиқариш ва улар билан савдо-сотиқ қилиш;
замонавий дизайннинг, халқ ва монументал санъатининг барча турларидан фойдаланган ҳолда биноларнинг ички қисмини миллий услубда безатиш;
халқ истеъмоли молларини, халқ усталари ва рассомларининг маҳсулотларини республика ичкарисида ва ташқи бозорда маҳсулотларни магазинларга, бадиий салонларга, хорижий фирмаларга етказиб бериш, кўргазма-ярмаркалар ва кимошди савдоси ўтказиш йўли билан реализация қилиш.
5. Республика «Мусаввир» фирмаси ўз олдида турган вазифаларни бажариш учун:
давлат, жамоат, кооператив корхоналари, муассасалар ва ташкилотлардан, шунингдек, хусусий шахслардан ва хорижий фирмалардан зарур материалларни, хом ашёларни, асбобларни, ускуналарни ва бошқа мол-мулкни сотиб олади;
иккиламчи ресурслар ва чиқиндиларни йиғишни ва қайта ишлашни, асбоб-ускуналарни созлашни ва жиҳозлашни ташкил этади, ностандарт асбоблар, ускуналар, оспайкаларни тайёрлайди;
давлат, кооператив ва бошқа жамоат корхоналари, муассасалари ва фуқаролардан фойдаланилмайдиган биноларни, иншоотларни, хоналарни, машиналарни, ускуналарни, транспорт воситаларини, хом ашё ва материалларни сотиб олади, айирбошлайди, ижарага олади;
биноларни, иншоотларни, ускуналарни, транспорт воситаларини, жиҳозларни ва бошқа моддий бойликларни бошқа корхоналарга, муассасаларга ва ташкилотларга, шунингдек, фуқароларга сотади ва топширади, айирбошлайди, ижарага топширади, қарз беради ва вақтинчалик ҳақ олмасдан фойдаланишга топширади, балансдан асосий фондларни белгиланган тартибда чиқариб ташлайди;
ўз таркибида ва бошқа корхоналар, муассасалар билан биргаликда вақтинчалик меҳнат, шунингдек, вақтинчалик ижодий ва илмий-техникавий жамоалар тузади, шартнома асосларида уларнинг ишига ҳақ тўлайди;
ўз маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган қўшма корхоналар, бадиий салонлар, шунингдек, чет мамлакатларда эркин алмаштириладиган валютага ўз ишлаб чиқарган товарларини сотувчи магазинлар очади, ўзаро келишувга кўра хом ашё, материаллар, ускуналар ва халқ истеъмоли молларини бартер айирбошлашни амалга оширади;
бошқарув тузилишини, лавозимлар жадвалини мустақил белгилайди, ишлаб чиқаришни ташкил этиш шаклини танлайди, илмий ишлаб чиқариш фаолияти режаларини, ишлаб чиқариш буюмларига эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда ривожланиш истиқболларини ишлаб чиқади, фирма бадиий кенгаши белгилайдиган нархлар бўйича ёки буюмларнинг бадиий ва техникавий сифатини ҳисобга олиб шартнома асосида ўз маҳсулотини сотади.
III. Республика «Мусаввир» фирмасининг мол-мулки
6. Республика «Мусаввир» фирмасининг мол-мулки устав жамғармаси (усталар бадали), ишлаб чиқарилган маҳсулотни сотишдан ва бошқа хўжалик фаолиятидан олинадиган даромадлардан ҳосил бўлади.
Республика «Мусаввир» фирмасининг мол-мулкини шакллантиришда корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, шунингдек, меҳнат битими (шартномаси) бўйича ишловчи фуқаролар пул ва моддий бадаллар ўтказиш йўли билан қатнашишлари мумкин.
7. Ишлаб чиқариш воситалари ва ўзига тегишли бошқа мол-мулклар республика «Мусаввир» фирмасининг мулки ҳисобланади.
8. Республика «Мусаввир» фирмасининг молиявий ресурслари маҳсулотларни, ишларни, хизматларни реализация қилишдан, «амортизация ажратмаларидан, бошқа корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг бадалидан тушган пуллар, шунингдек, бошқа тушумлар ҳисобига вужудга келади.
9. Молия-хўжалик фаолиятини хўжалик ҳисоби асосида амалга оширувчи республика «Мусаввир» фирмаси Ўзбекистон Республикасининг солиқ солиш тўғрисидаги қонунида белгиланган тартибда бюджетга тўловлар ўтказади.
10. Барча белгиланган ва ўзига қабул қилган молиявий мажбуриятларни тўлагандан, резерв фондини, фан-техника ва ижтимоий ривожлантириш фондини шакллантиргандан, ишчиларга ёзиладиган барча тўловларни тўлагандан (бадиий кенгаш баҳоси, пудрат шартномаси, меҳнат битими, маошлар, ставкалар, тарифлар бўйича иш ҳақи) кейин республика «Мусаввир» фирмасининг ихтиёрида қоладиган даромад халқ усталари кенгашининг қарори бўйича ишлатилади.
11. Республика «Мусаввир» фирмаси ишловчиларга ҳақ тўлаш шаклини, системасини ва миқдорларини, хазинада доимий турувчи жорий сарф-харажатлар учун нақд пул маблағларининг энг кўп миқдорини мустақил равишда белгиланади.
IV. Республика «Мусаввир» фирмасини бошқариш
12. Республика «Мусаввир» фирмаси фаолиятига раҳбарликни бош директор амалга оширади, у меҳнат жамоасининг умумий йиғилишида сайланади.
Уставга мувофиқ, меҳнат жамоасини ўз-ўзини бошқариш ва якка бошчилик принципларини қўшиб олиб бориш асосида бош директор меҳнат жамоаси олдида иш натижалари учун жавоб беради, ишонч қоғозисиз республика «Мусаввир» фирмаси номидан иш тутади, барча корхоналарда, муассасалар ва ташкилотларда, хорижий фирмаларда унинг манфаатларини ифодалайди, мол-мулкни тасарруф этади, шартномалар тузади, ишонч қоғозлари беради, республика «Мусаввир» фирмасининг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради, кўрсатмалар беради.
13. Республика «Мусаввир» фирмасининг фаолияти билан боғлиқ масалаларни зудлик билан ҳал қилиш мақсадларида бош директор, унинг ўринбосарлари ҳамда унга бўйсунувчи корхоналарнинг раҳбарлари кирувчи юқори маслаҳат органи — директорлар кенгаши тузилади. Кенгаш ўз ишини бош директор тасдиқлайдиган йиллик, истиқбол ва квартал режаларига мувофиқ, амалга оширади.
14. Умумий йиғилиши республика «Мусаввир» фирмаси меҳнат жамоаси ваколатларини амалга оширишнинг асосий шакли бўлиб ҳисобланади, у ҳар йили бош директорнинг ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларини эшитади, иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш режаларини, шунингдек, республика «Мусаввир» фирмаси ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолиятининг муҳим масалаларини кўриб чиқади ва тасдиқлайди.
15. Республика «Мусаввир» фирмасининг кенгаши ҳар ойда камида бир марта, меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши эса ҳар кварталда бир марта чақирилади
V. Республика «Мусаввир» фирмасининг ҳуқуқлари
16. Республика «Мусаввир» фирмаси Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
республика «Мусаввир» фирмасининг ваколатларига кирувчи масалалар бўйича республикада ва чет элларда амалий алоқаларни бажариш, хорижий муассасалар, ташкилотлар ва фирмалар, шунингдек, уларнинг вакиллари билан, хорижий фуқаролар билан алоқа қилиш;
совет ва чет эл корхоналари, муассасалари, ташкилотлари ва фирмалари билан ҳам республикада, ҳам чет элда битимлар ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан, ташқи савдо ва вексел ҳужжатлари тузиш;
ҳам республикада, ҳам унинг ташқарисида турли хил ҳаракатдаги ва ҳаракатсиз мол-мулкни қуриш ва сотиб олиш, ажратиб бериш, ижарага олиш ва топшириш;
республикада ўз филиалларини таъсис этиш, кичик корхоналар тузиш, фаолияти ўзининг мақсад ва вазифаларига мувофиқ қолувчи акционерлик жамиятларида ва бошқа ташкилотларда иштирок этиш;
ярмаркалар ва кўргазмаларда қатнашиш, ихтисослаштирилган кўргазмалар, семинарлар ташкил этиш, республика «Мусаввир» фирмасининг фаолияти билан боғлиқ халқ санъати тўғрисида реклама маҳсулотларини чиқариш;
штатга кирмайдиган жалб қилинган мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва миқдорини белгилаш;
республика «Мусаввир» фирмасининг фаолияти билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш учун совет ва чет эл мутахассисларини хорижга сафарга юбориш ва республикада қабул қилиш;
халқаро телефон ва телеграф алоқасини амалга ошириш.
VI. Республика «Мусаввир» фирмасини тугатиш ва қайта
ташкил этиш
17. Республика «Мусаввир» фирмасини тугатиш ва қайта ташкил этиш (ажратиш, бирлаштириш) қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.