Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
РЕСПУБЛИКА АҲОЛИСИГА ВА ХАЛҚ ХЎЖАЛИГИГА СОТИЛАДИГАН АВТОМОБИЛЬ БЕНЗИНИ НАРХИНИ ЎЗГАРТИРИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 3 апрелдаги 110-сонли «Аҳолига сотиладиган автомобиль ёқилғисига чакана нархларни ўзгартириш ҳақида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Нефть ва уни қайта ишлаш маҳсулотлари нархларининг ошиб бораётганлиги муносабати билан ҳамда улардан фойдаланишнинг самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. 1994 йилнинг 5 декабридан бошлаб аҳолига сотиладиган автомобиль бензинининг чакана нархи 1 литри учун 8 сўм миқдорида белгилансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий таъминот вазирлиги белгиланган рўйхатлар бўйича уруш қатнашчилари ва фахрийлари, уруш ва меҳнат ногиронларига ойига белгиланган 50 литр автобензинни чакана нархларнинг 50 фоизи даражасида имтиёзли нархларда сотиш нормаси сақлаб қолинсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бозор ва бозордан ташқари фондлар нархлари даражасини мувофиқлаштирган ҳолда бензиннинг янги чакана нархлари прейскурантини тасдиқласин ва уни барча манфаатдор вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотларга етказсин.
4. «Ўздавнефтмаҳсулот» давлат-акционерлик бирлашмаси, унинг жойлардаги органлари, автомобиль бензинини нақд пулга сотадиган автомобиль бензини қуйиш станцияларидаги автомобиль бензини қолдиқларини 1994 йил 5 декабрдаги ҳолатига кўра қайта баҳолаб чиқсинлар ҳамда қайта баҳолашдан тушган маблағларни ўзларининг айланма маблағларини кўпайтиришга йўналтирсинлар.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 14 октябрдаги 509-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. МУТАЛОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 2 декабрь,
579-сон