Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЭТИЛ СПИРТИ ВА АЛКОГОЛЛИ МАҲСУЛОТЛАР ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ФАОЛИЯТИНИ ЛИЦЕНЗИЯЛАШ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзмевасабзавотузумсаноат-холдинг» холдинг компанияси ва «Ўзспиртсаноат» акциядорлик компанияси корхоналарининг молиявий ҳолатини соғломлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2005 йил 20 октябрдаги ПҚ–204-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар,
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 сентябрдаги 190-сон қарори билан ўз кучини йўқотган — Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 36-сон, 362-модда)
Этил спирти ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилаб қўйилсинки, этил спирти ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун лицензияга эга бўлган ҳар бир корхонада (узум ва меваларни дастлабки қайта ишловчи корхоналардан ташқари) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан бир нафар молия инспектори лавозими жорий этилади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига этил спирти ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун лицензия берилган, лицензиянинг амал қилиши тўхтатилган ёхуд лицензия бекор қилинган ҳолларда этил спирти ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналарда молия инспекторларининг белгиланган сонини кўпайтириш ёки камайтириш ҳуқуқи берилсин.
Этил спирти ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналарда раҳбарнинг режим бўйича ўринбосари лавозимига тайинлаш белгиланган тартибда, уларнинг таъминоти эса — этил спирти ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олган корхоналар (узум ва меваларни дастлабки қайта ишловчи корхоналардан ташқари) томонидан амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин, шунингдек уларнинг баъзилари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари В.А. Голишев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2005 йил 30 декабр,
285-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 сентябрдаги 190-сон қарори билан ўз кучини йўқотган — Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 36-сон, 362-модда)
Вазирлар Маҳкамасининг
2005 йил 30 декабрдаги 285-сон
қарорига
2-ИЛОВА
Этил спирти ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом этил спирти ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш тартибини белгилайди.
2. Қуйидагиларни:
а) озиқ-овқат спирти, тозаланган спирт, шу жумладан узум ва мева-резавор мевадан тайёрланган спирт;
б) узум ва мева-резавор мевадан тайёрланган спирт хом ашёси;
Олдинги таҳрирга қаранг.
в) коньяк ва кальвадос спирти, таркибида спирт бўлган ярим тайёр маҳсулотлардан (дон маҳсулотларидан) тайёрланган спирт;
(2-банднинг «в» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 мартдаги 89-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 12-13-сон, 120-модда)
г) узум ва мева-резавор мевадан тайёрланган виноматериаллар (тозаланган ва тозаланмаган), шунингдек ғалладан тайёрланган ярим тайёр спиртли маҳсулотлар;
Олдинги таҳрирга қаранг.
д) узум, мева-резавор махсус мевадан ва ярим тайёр спиртли маҳсулотлардан тайёрланган винолар;
(2-банд «д» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 мартдаги 89-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 12-13-сон, 120-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
д-1) табиий ачиган натурал вино (этил спирти қўшилмаган);
(д-1 кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 мартдаги 89-сонли қарорига асосан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 12-13-сон, 120-модда)
е) ароқ ва ликёр-ароқ маҳсулотлари, бальзамлар;
Олдинги таҳрирга қаранг.
ж) коньяклар (брендилар), коньяк ичимликлари ва кальвадослар, виски;
(2-банд «ж» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 мартдаги 89-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 12-13-сон, 120-модда)
з) шампан виноси, кўпикланадиган ва газли винолар;
и) даражаси паст (пиводан ташқари) ва ўткир спиртли ичимликлар, дамламалар ва ликёрлар;
к) вино ичимликлари: ўткирлиги 4 ҳажмли фоиздан 8 ҳажмли фоизгача бўлган паст даражали ичимликлар, ўткирлиги 9 ҳажмли фоиздан 28 ҳажмли фоизгача бўлган ўткир ичимликларни саноат асосида ишлаб чиқариш фаолияти лицензияланади.
3. Этил спирти ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолияти фақат юридик шахслар томонидан амалга оширилади.
4. Этил спирти ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига намунавий (оддий) лицензиялар берилади.
Лицензия мазкур Низомнинг 2-бандида кўрсатилган ҳар бир маҳсулот турини ишлаб чиқаришга алоҳида берилади.
5. Этил спирти ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия 5 йил муддатга берилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
6. Лицензия бериш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, шунингдек уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш тўғрисидаги қарорлар Вазирлар Маҳкамасининг Этил спирти, алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, тамаки хом ашёсини ферментлаш ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) томонидан қабул қилинади.
(6-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 февралдаги 26-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 6-сон, 57-модда)
Комиссия фаолияти Комиссия томонидан тасдиқланадиган низомга мувофиқ ташкил этилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ҳужжатларни қабул қилиш, улар юзасидан эксперт хулосаси ва Комиссия қарорлари лойиҳаларини тайёрлаш, лицензияларни расмийлаштириш, қайта расмийлаштириш ва бериш, лицензиялар реестрини юритиш, лицензия битимини тузиш ва унинг бажарилишини назорат қилиш учун Комиссия ҳузурида «Ўзстандарт» агентлиги ҳузуридаги Алкоголли маҳсулотлар сифати бўйича давлат инспекцияси, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, «Ўзвиносаноат-холдинг» холдинг компанияси, «Ўзспиртсаноат» акциядорлик компанияси ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви бошқа органлари мутахассисларидан ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда ишчи гуруҳ деб аталади) тузилади. Ишчи гуруҳ фаолиятига Комиссиянинг масъул котиби раҳбарлик қилади. Ишчи гуруҳнинг шахсий таркиби Комиссия томонидан тасдиқланади.
(6-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 24 мартдаги 51-сон қарори таҳририда — Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 12-13-сон, 105-модда)
II. Лицензия талаблари
7. Этил спирти ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширишдаги лицензия талабларига қуйидагилар киради:
этил спирти ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳасидаги қонун ҳужжатларига мажбурий риоя этиш;
ишлаб чиқариш хавфсизлигини, техника хавфсизлигини, ёнғин хавфсизлиги, ишлаб чиқариш санитарияси ва экология талаблари ва нормаларини таъминлаш;
лицензияланадиган фаолиятни амалга ошириш учун амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган зарур гувоҳномалар, сертификатлар ва бошқа ҳужжатларнинг мавжуд бўлиши;
Олдинги таҳрирга қаранг.
маҳсулотнинг ҳар бир тури бўйича стандартлар талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган, «Ўзвиносаноат-холдинг» холдинг компанияси ёки «Ўзспиртсаноат» акциядорлик компанияси томонидан тасдиқланган технология йўриқномаларининг мавжуд бўлиши;
(7-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 24 мартдаги 51-сон қарори таҳририда — Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 12-13-сон, 105-модда)
спирт ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳасида тегишли малакага эга бўлган камида икки мутахассиснинг мавжуд бўлиши;
моддий-техника базаси ва технология асбоб-ускуналарининг белгиланган норматив-техник талабларга мувофиқ бўлиши;
спирт ва алкоголли маҳсулотларни лицензия олишда кўрсатилган ҳажмлар доирасида ишлаб чиқариш;
этил спирти ишлаб чиқариш ва алкоголли маҳсулотларни қуйиш фаолиятини амалга оширувчи корхоналарда раҳбарнинг режим бўйича ўринбосари лавозимининг мавжуд бўлиши;
этил спирти ишлаб чиқариш ва алкоголли маҳсулотларни қуйиш фаолиятини амалга оширувчи корхоналарда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг молия инспектори лавозимининг мавжуд бўлиши.
Олдинги таҳрирга қаранг.
алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича мавжуд йиллик қувватлардан камида 60 фоизга фойдаланилиши таъминланиши. Ушбу талаб фақат табиий ачиган натурал вино (этил спирти қўшилмаган) ишлаб чиқарувчи ихтисослаштирилган корхоналарга, шунингдек ишлаб чиқариш қувватлари лицензиатга боғлиқ бўлмаган вазиятларга кўра фойдаланилмаган ҳолларда татбиқ этилмайди;
халқаро стандартларга мувофиқ бўлган сифатни бошқариш ва ҳисобга олиш тизимини жорий этиш.
(7-банднинг ўн биринчи ва ўн иккинчи хатбошилари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 мартдаги 89-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 12-13-сон, 120-модда)
8. Лицензия беришда ва унинг амал қилиш муддатини узайтиришда шунингдек спирт ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга давлат монополиясини белгиловчи ҳамда мазкур Низомнинг III бўлимида назарда тутилган шартлар ҳам ҳисобга олинади.
III. Лицензия бериш (унинг амал қилиш муддатини узайтириш) учун зарур шартлар
9. Илгари тегишли маҳсулот турини ишлаб чиқаришга лицензия олмаган лицензия талабгорларига лицензия бериш қуйидаги шартларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади:
а) янги календарь йил учун Давлат бюджети лойиҳасини тайёрлашда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги томонидан манфаатдор тузилмалар билан биргаликда ҳар йили ишлаб чиқиладиган параметрларга ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган этил спирти ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда улардан фойдаланиш балансларига қатъий риоя қилишдан келиб чиққан ҳолда;
б) этил спирти ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича янги ишлаб чиқариш қувватларини қуриш ва ишга тушириш Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги билан келишган ҳолда амалга оширилади, Вазирлик этил спирти ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда улардан фойдаланиш балансидан келиб чиққан ҳолда этил спирти ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича таклиф этилаётган қувватларнинг иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради;
Олдинги таҳрирга қаранг.
в) ароқ, ликёр-ароқ маҳсулотлари ва вино лицензия талабгори томонидан лицензия олишда кўрсатилган, йиллар бўйича тақсимлангандан кам бўлмаган ҳажмда ишлаб чиқарилади. Бунда ишлаб чиқариш ҳажми лицензия талабгори томонидан ишлаб чиқариш қувватидан, ароқ ва ликёр-ароқ маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар учун — абсолют алкоголга қайта ҳисоблаганда йилига 60 минг декалитр ва ундан ортиқ, вино қуювчи ихтисослаштирилган корхоналар учун — йилига 60 минг декалитр ва ундан ортиқ вино оборотидан келиб чиққан ҳолда кўрсатилади. Ушбу шарт фақат табиий ачиган натурал вино (этил спирти қўшилмаган) ишлаб чиқарувчи ихтисослаштирилган корхоналарга татбиқ этилмайди;
(9-банднинг «в» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 мартдаги 89-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 12-13-сон, 120-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
г) технология ва технология линиялари, асбоб-ускуналар, ишлаб чиқариш лабораторияси ва унинг жиҳозланиши, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифати давлат стандартлари талабларига мувофиқ бўлиши. Технология линиялари ва асбоб-ускуналари замонавий, янги ва белгиланган тартибда сертификатланган бўлиши керак;
(9-банднинг «г» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 мартдаги 89-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 12-13-сон, 120-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
д) технология линиялари ва асбоб-ускуналарнинг санитария-эпидемиологик хулосасига эга бўлиши;
(9-банднинг «д» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 майдаги 392-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 28.05.2018 й., 10/18/392/1277-сон)
е) корхоналарнинг ишлаб чиқариш лабораториялари зарур асбоб-ускуналар, приборлар, кимёвий реактивлар билан жиҳозланган ва давлат стандартларида назарда тутилган барча зарур физик-кимёвий, микробиологик ва бошқа кўрсаткичларни анализ қилиш имконини берувчи синов усулларига доир норматив-техник ҳужжатлар билан таъминланган бўлиши керак. Ишлаб чиқариш лабораториялари «Ўзстандарт» агентлиги органлари томонидан аттестациядан ўтказилган бўлиши лозим;
Олдинги таҳрирга қаранг.
ж) корхонанинг устав фонди лицензия бериш тўғрисида ариза берилган кунда белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 10000 бараварини ташкил этиши керак (узум ва меваларни дастлабки қайта ишлайдиган корхоналар бундан мустасно), шунингдек фақат табиий ачиган натурал вино (этил спирти қўшилмаган) ишлаб чиқарувчи ихтисослаштирилган корхоналар;
(9-банднинг «ж» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 мартдаги 89-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 12-13-сон, 120-модда)
з) алкоголли маҳсулотларни қуйиш линияларида ҳисобга олиш маълумотлари кўрсаткичларини тегишли ҳимоялаш воситасига эга бўлган тайёр маҳсулотларни электрон ҳисоблагичларнинг мавжуд бўлиши.
10. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтиришда мазкур Низомнинг 9-бандида назарда тутилган шартлар билан бир қаторда қуйидаги шартлар ҳам ҳисобга олинади:
а) илгари берилган лицензиянинг амал қилиш даврида лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартлари, шу жумладан Низомнинг ушбу бўлимида назарда тутилган талаблар ва шартлар бузилмаган бўлиши керак;
б) корхоналардаги мавжуд ишлаб чиқариш цехлари, участкалари ва филиаллари белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши, технология йўриқномаларига, давлат стандартларига ва бошқа норматив ҳужжатларга эга бўлиши керак;
в) ишлаб чиқарилаётган маҳсулот «Ўзстандарт» агентлигининг аккредитация қилинган органлари томонидан берилган мувофиқлик сертификатига эга бўлиши керак;
Олдинги таҳрирга қаранг.
г) алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича мавжуд йиллик қувватлардан камида 60 фоизга фойдаланилишини таъминлаш (фақат табиий ачиган натурал вино (этил спирти қўшилмаган) ишлаб чиқарувчи ихтисослаштирилган корхоналар учун, ишлаб чиқариш қувватларининг даражаси мониторинг натижаларига кўра белгиланади). Ушбу шарт ишлаб чиқариш қувватлари лицензиатга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра фойдаланилмаган ҳолларга татбиқ этилмайди;
(10-банднинг «г» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 мартдаги 89-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 12-13-сон, 120-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
д) ишлаб чиқарилаётган маҳсулот намуналари ҳар чоракда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг стандартлар талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса олиш учун «Ўзвиносаноат-холдинг» холдинг компаниясининг Республика марказий дегустация комиссиясига тақдим этилиши керак;
(10-банднинг «д» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 24 мартдаги 51-сон қарори таҳририда — Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 12-13-сон, 105-модда)
е) лицензиатнинг илгари берилган лицензиянинг амал қилиши даврида бюджетга ва давлат мақсадли фондларига тўловлар бўйича қарзлари бўлмаслиги керак;
ж) фаолият даврида лицензиат маънавий ва жисмоний эскирган асбоб-ускуналарни модернизация қилинган, янги, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатини яхшиловчи асбоб-ускуналарга босқичма-босқич алмаштирилишини таъминлаган бўлиши керак.
IV. Лицензия олиш учун зарур ҳужжатлар
11. Лицензия олиш учун лицензия талабгори қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
лицензия бериш тўғрисидаги ариза, унда қуйидагилар кўрсатилади: юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банкдаги ҳисоб рақами, лицензияланаётган фаолият тури (ёхуд унинг бир қисми);
(11-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 22 майдаги 92-сон қарори таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 20-21-сон, 181-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;
(11-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 февралдаги 26-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 6-сон, 57-модда)
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг этил спирти ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича таклиф этилаётган қувватларни фойдаланишга топширишнинг иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси;
Олдинги таҳрирга қаранг.
белгиланган талабларга мувофиқ ишлаб чиқариш учун зарур шарт-шароитларнинг мавжудлиги тўғрисида «Ўзстандарт» агентлиги (унинг ҳудудий бошқармалари)нинг «Ўзвиносаноат-холдинг» холдинг компанияси билан биргаликда берилган хулосаси;
(11-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 24 мартдаги 51-сон қарори таҳририда — Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 12-13-сон, 105-модда)
лицензия талабгорининг аризаси кўриб чиқилганлиги учун лицензия талабгорининг йиғимни тўлаганини тасдиқловчи ҳужжат;
Олдинги таҳрирга қаранг.
санитария-эпидемиология назорати органларининг маҳсулотлар, ишлаб чиқариш шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг санитария-гигиена талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси;
Олдинги таҳрирга қаранг.
технология асбоб-ускунасига санитария-эпидемиологик хулосаларнинг нусхалари;
(11-банднинг саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 майдаги 392-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 28.05.2018 й., 10/18/392/1277-сон)
ишлаб чиқаришнинг меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳудудий органларининг хулосаси;
ишлаб чиқаришнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги тўғрисида ёнғин назорати органларининг хулосаси;
(11-банднинг еттинчи — ўн иккинчи хатбошилари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 31 декабрдаги 377-сонли қарорига асосан еттинчи — ўнинчи хатбошилар билан алмаштирилган — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 1-сон, 9-модда)
корхонанинг Комиссия томонидан белгиланадиган шакл бўйича паспорти;
шакллантирилган устав фондининг миқдорини тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Лицензияловчи орган лицензия бериш учун бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатлар ва ахборотларни белгиланган тартибда ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан, шу жумладан электрон тарзда мустақил равишда олади, ушбу бандда назарда тутилган ҳужжатлар ва ахборотлар бундан мустасно.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 31 декабрдаги 377-сонли қарорига асосан хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 1-сон, 9-модда)
12. Лицензия талабгоридан ушбу Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.
13. Ҳужжатлар лицензияловчи органга лицензия талабгори томонидан бевосита ёхуд уларнинг олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқа воситаси орқали етказиб берилади.
Ҳужжатлар ишчи гуруҳ раҳбари томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхатнинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).
14. Ишончли бўлмаган ёки бузилган маълумотлар тақдим этилганлиги учун лицензия талабгори қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
V. Аризани кўриб чиқиш ва лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
15. Лицензия талабгорининг аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўлов кунида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади.
(15-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 44-сон, 507-модда)
Аризани кўриб чиққанлик учун йиғим суммаси лицензияловчи органнинг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади. Лицензия талабгори берилган аризадан воз кечган тақдирда тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.
16. Этил спирти ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш мазкур Низомга илова қилинаётган схемага мувофиқ амалга оширилади.
Лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия талабгорининг аризаси олинган кундан бошлаб ўттиз кундан ортиқ бўлмаган муддатда қабул қилинади.
Ишчи гуруҳ ариза олинган кундан бошлаб ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда ҳужжатларни кўриб чиқади ва улар юзасидан эксперт хулосаси тайёрлайди ҳамда лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги таклифни тасдиқлаш учун Комиссияга тегишли қарор протоколи лойиҳаси билан бирга тақдим этади. Бунда ишчи гуруҳ, зарурият бўлганда, жойларга бориб ёки давлат тегишли органлари мутахассисларини жалб этиб ишлаб чиқариш шарт-шароитларининг тақдим этилган ҳужжатларга мувофиқлигини текширишга ҳақлидир.
Комиссия ишчи гуруҳнинг таклифи олинган кундан кейин ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда уни кўриб чиқади ва қабул қилинган қарор протоколини тасдиқлайди. Комиссия томонидан қабул қилинган қарор протоколи Комиссия раиси томонидан имзоланади. Зарур ҳолларда Комиссия қарори сўров йўли билан қабул қилиниши мумкин.
17. Комиссия этил спирти ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензия бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш ҳамда лицензия беришда этил спирти ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш балансининг ҳар йили тасдиқланадиган параметрларига қатъий амал қилиши шарт.
18. Ишчи гуруҳ лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида тегишли қарор қабул қилингандан кейин уч кун мобайнида хабардор қилади.
Лицензия беришга қарор қилинганлиги тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига банк ҳисоб рақами реквизитлари, давлат божи тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади).
Лицензия бериш ҳақида қарор қилингани тўғрисидаги билдиришнома билан бир вақтда лицензия талабгорига имзолаш учун лицензия шартномаси юборилади.
Лицензия битими лицензияловчи орган ва лицензиат ўртасида тузилади, унда қуйидагилар бўлиши керак:
битимни имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими;
томонларнинг реквизитлари;
амалга оширилишига лицензия берилаётган аниқ фаолият турининг номи;
лицензиянинг амал қилиш муддати;
лицензиатга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари;
лицензия битими талаблари ва шартлари бузилганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;
лицензиат томонидан лицензия битими талаблари ва шартлари бажарилишини ишчи гуруҳ томонидан назорат қилиш тартиби;
амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа зарур маълумотлар.
Лицензия битими икки нусхада — лицензиат ва лицензияловчи орган учун бир нусхадан тузилади. Лицензия битимини лицензияловчи орган номидан ишчи гуруҳ раҳбари имзолайди.
19. Лицензиялар ишчи гуруҳ томонидан белгиланган намунадаги бланкаларда расмийлаштирилади ва Комиссия раиси томонидан имзоланади.
Лицензия бланкалари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади.
Лицензия бланкаларини тайёрлаш, уларни ҳисобга олиш, сақлаш ва расмийлаштириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 2 майдаги 200-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади.
20. Лицензия лицензия талабгори томонидан давлат божи тўланганини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан ва у лицензия битимини имзолагандан кейин уч кун муддатда берилади.
21. Агар лицензиат лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган (топширилган) вақтдан бошлаб уч ой мобайнида лицензияловчи органга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаса ёхуд лицензия битимини имзоламаса, Комиссия лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.
22. Лицензия бериш «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида назарда тутилган асослар бўйича рад этилиши мумкин.
Лицензия талабгори лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор, шунингдек ишчи гуруҳнинг мансабдор шахси хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.
Олдинги таҳрирга қаранг.
23. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда рад этиш тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб ҳужжатларни такроран кўриб чиқишга тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади). Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.
(23-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 февралдаги 26-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 6-сон, 57-модда)
24. Лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар лицензия талабгори томонидан бартараф этилган тақдирда, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш лицензия талабгорининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда олинган кундан бошлаб ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади.
Бунда ишчи гуруҳ ҳужжатлар қайта тақдим этилгандан кейин уч кун мобайнида улар юзасидан Комиссия мажлисида кўриб чиқиш учун эксперт хулосаси тайёрлайди.
Комиссия ишчи гуруҳнинг таклифи олингандан кейин етти кун муддатда уни кўриб чиқади ва қабул қилинган қарор протоколини тасдиқлайди. Комиссия томонидан қабул қилинган қарор протоколи Комиссия раиси томонидан имзоланади.
Лицензия талабгорлари аризалари такроран кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Лицензия талабгорининг аризасини қайта кўриб чиқишда илгари лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди;
(24-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сонли қарорига асосан бешинчи хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 44-сон, 507-модда)
Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.
VI. Лицензияни қайта расмийлаштириш, унинг амал қилиш муддатини узайтириш, дубликат бериш
Олдинги таҳрирга қаранг.
25. Лицензиат қайта ташкил этилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ой муддатда лицензияловчи органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.
(25-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 февралдаги 26-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 6-сон, 57-модда)
26. Лицензиат лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар унда кўрсатилган фаолиятни илгари берилган лицензия асосида амалга оширади.
27. Лицензияни қайта расмийлаштиришда ишчи гуруҳ лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади. Лицензияни қайта расмийлаштириш ишчи гуруҳ томонидан тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза олинган кундан бошлаб беш кун мобайнида амалга оширилади.
Лицензияларни қайта расмийлаштиришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси лицензияловчи органнинг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади.
28. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш лицензиатнинг аризасига кўра амалга оширилади.
Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза лицензияловчи органга лицензиянинг амал қилиш муддати ўтгунга қадар икки ойдан кечикмай берилиши керак.
Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш ёки узайтиришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия бериш учун назарда тутилган тартибда қабул қилинади.
29. Амал қилиш муддати ўтмаган йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган лицензия ўрнига лицензиатнинг аризасига кўра дубликат берилиши мумкин. Бунда лицензиат оммавий ахборот воситаларида йўқолган лицензиянинг ҳақиқий эмаслиги тўғрисида хабар бериши, шунингдек хабарни лицензияловчи органга тақдим этиши керак.
Лицензия дубликатини беришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси лицензияловчи органнинг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади.
VII. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш
30. Лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат ишчи гуруҳ томонидан, қонун ҳужжатларида ва лицензия битимида белгиланган тартибда амалга оширилади.
31. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишда ишчи гуруҳ ўз ваколатлари доирасида:
лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда режали текшириш;
лицензия талаблари ва шартлари лицензиат томонидан бузилганлигидан далолат берувчи ҳоллар мавжуд бўлган тақдирда лицензиатнинг уларга риоя этишини қонунда белгиланган тартибда режадан ташқари текшириш;
лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида пайдо бўладиган масалалар юзасидан лицензиатдан зарур ахборотни сўраш ва олиш;
текширишлар натижалари асосида, лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларининг аниқ бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;
лицензиатга аниқланган бузилишларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай бузилишларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;
лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ёки лицензияни бекор қилиш тўғрисида Комиссияга кўриб чиқиш учун таклиф киритиш;
хўжалик юритувчи субъектлар томонидан этил спирти ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиясиз амалга оширишнинг аниқланган ҳоллари тўғрисидаги материалларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган чоралар кўриш учун белгиланган тартибда солиқ органларига юбориш ҳуқуқига эга.
32. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида ишчи гуруҳ томонидан икки нусхада далолатнома тузилади, унинг бир нусхаси лицензиатга берилади, иккинчи нусхаси лицензияловчи органда қолади.
Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш учун Комиссия ёки ишчи гуруҳ қарорига биноан «Ўзстандарт» агентлиги ҳузуридаги Алкоголли маҳсулотлар сифати бўйича давлат инспекцияси инспекторлари ва давлат бошқа органлари вакиллари жалб этилиши мумкин.
VIII. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш, лицензияни бекор қилиш
33. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ва лицензияни бекор қилиш «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22—24-моддаларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда Комиссия қарорига кўра амалга оширилади.
Комиссия:
этил спирти ва алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш миқдорини лицензия олиш вақтида кўрсатилган ҳажмларда таъминламаганда ҳамда у ушбу Низомнинг 9-банди «в» кичик бандида назарда тутилган миқдордан паст бўлганда, шунингдек мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан 10-банд «г» кичик бандида белгилангандан кам ҳажмда фойдаланилганда — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги хулосасига биноан;
уч ой ва ундан кўп вақт мобайнида бюджетга ва давлат мақсадли фондларига муддати ўтиб кетган тўловлар мавжуд бўлганда, шунингдек лицензиатнинг акциз маркаларисиз ёки сохта акциз маркали алкоголли маҳсулотларни сотганлиги, этил спирти ва алкоголли маҳсулотларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган лицензия (рухсатнома)ларга эга бўлмаган ташкилотларга етказиб берганлиги ҳоллари аниқланганда — Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлиги хулосасига биноан;
сифатсиз спирт ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқарилгани ёки сотилгани, шунингдек уларнинг давлат стандартларига мувофиқ эмаслиги аниқланганда — «Ўзстандарт» агентлиги хулосасига биноан лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилади.
34. Комиссиянинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш, лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиниши мумкин. Лицензияловчи орган қарорининг асоссиз эканлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда, Комиссия лицензиат олдида лицензиат кўрган зарар миқдорида жавоб беради.
IX. Лицензиялар реестри
35. Ишчи гуруҳ лицензиялар реестрини юритади.
Лицензиялар реестрида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
юридик шахснинг номи, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, телефони;
банкдаги ҳисоб рақами ва солиқ тўловчининг идентификация рақами;
лицензияларнинг берилган санаси ва тартиб рақами;
лицензияларнинг амал қилиш муддати;
ишлаб чиқарилишига лицензия берилаётган маҳсулот номи;
лицензияларни қайта расмийлаштириш, уларнинг амал қилиш муддатини узайтириш, тўхтатиб туриш ва тиклашнинг асослари ва санаси;
лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиш асослари ва санаси;
лицензияларни бекор қилишнинг асослари ва санаси;
дубликат бериш асослари ва санаси.
Олдинги таҳрирга қаранг.
36. Лицензияларнинг реестрларида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг веб-сайтида жойлаштирилади ва танишиш учун очиқ бўлади.
(36-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 февралдаги 26-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 6-сон, 57-модда)
Х. Давлат божини тўлаш тартиби
Олдинги таҳрирга қаранг.
37. Этил спирти ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензия берганлик ва унинг амал қилиш муддатини узайтирганлик учун қуйидаги миқдорларда давлат божи ундирилади:
а) қуйидагилар саноат асосида ишлаб чиқарилганда энг кам ойлик иш ҳақининг 1000 баравари миқдорида:
ароқ ва ликёр-ароқ маҳсулотлари;
даражаси паст (пиводан ташқари) ва ўткир спиртли ичимликлар, дамламалар ва ликёрлар;
вино ичимликлари: ўткирлиги 4 ҳажмли фоиздан 8 ҳажмли фоизгача бўлган паст даражали ичимликлар, ўткирлиги 9 ҳажмли фоиздан 28 ҳажмли фоизгача бўлган ўткир ичимликлар;
б) қуйидагилар саноат асосида ишлаб чиқарилганда энг кам ойлик иш ҳақининг 200 баравари миқдорида:
озиқ-овқат спирти, тозаланган спирт, шу жумладан узум ва мева-резавор мевадан тайёрланган спирт;
коньяк ва кальвадос спирти, таркибида спирт бўлган ярим тайёр маҳсулотлардан (дон маҳсулотларидан) тайёрланган спирт;
коньяк (бренди), коньяк ичимликлари ва кальвадослар, бальзамлар, виски;
узум ва мева-резавор махсус мевадан ҳамда таркибида спирт бўлган ярим тайёр маҳсулотлардан тайёрланган винолар;
в) қуйидагилар саноат асосида ишлаб чиқарилганда энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдорида:
шампан виноси, кўпикланадиган ва газли винолар;
узум ва мева-резавор мевадан тайёрланган спирт хом ашёси;
г) қуйидагилар саноат асосида ишлаб чиқарилганда энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида:
узумдан (тозаланган ва тозаланмаган) ва мева-резавор мевадан, шунингдек таркибида спирт бўлган ярим тайёр маҳсулотлардан (дон маҳсулотларидан) тайёрланган виноматериаллар;
табиий ачиган вино (этил спирти қўшилмаган).
Лицензиялар берганлик учун давлат божи маблағлари республика бюджетига ўтказилади.
(37-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 мартдаги 89-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 12-13-сон, 120-модда)
Этил спирти ва алкоголли маҳсулотлар
ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш
тўғрисидаги
низомга ИЛОВА
Этил спирти ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш схемаси
Вазирлар Маҳкамасининг
2005 йил 30 декабрдаги 285-сон
қарорига
3-ИЛОВА
Олдинги таҳрирга қаранг.
(I бўлим Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 октябрдаги 870-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.10.2017 й., 09/17/870/0175-сон)
II. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган қарорлари:
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Спирт ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларнинг айланиши устидан давлат назоратини мустаҳкамлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 1999 йил 5 январдаги 2-сон қарорининг (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1999 й., 1-сон, 2-модда) 7-банди ва қарорга 4-илова.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Спирт ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва сотиш устидан давлат назоратини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2004 йил 15 январдаги 24-сон қарорининг (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2004 й., 1-сон, 4-модда) 2, 4, 8-бандлари ва қарорга 1—3-иловалар.

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 52-сон, 391-модда; 2006 й., 12-13-сон, 105-модда, 20-21-сон, 181-модда, 27-сон, 250-модда, 36-сон, 362-модда, 51-52-сон, 512-модда; 2011 й., 12-13-сон, 120-модда; 2012 й., 6-сон, 57-модда, 44-сон, 507-модда; 2015 й., 1-сон, 9-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.10.2017 й., 09/17/870/0175-сон, 28.05.2018 й., 10/18/392/1277-сон)