Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«ZIYONET» АХБОРОТ ТАРМОҒИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг жамоат таълим ахборот тармоғини ташкил этиш тўғрисида» 2005 йил 28 сентябрдаги ПҚ–191-сон қарорини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
«ZiyoNET» тармоғи ахборот ресурсларини яратиш, ривожлантириш ва жамлаш дастури 1-иловага* мувофиқ;
Мамлакат мактаблари, академик лицейлари, коллежлари, олий ўқув юртлари, ёшлар ташкилотлари, кутубхоналар, музейлар ва бошқа таълим, илмий ва маданий-маърифий муассасаларни «ZiyoNET» тармоғига улаш режа-жадвали 2-иловага* мувофиқ;
* 1-2-иловалар берилмайди.
Ахборот ресурсларини яратиш, экспертизадан ўтказиш ва «ZiyoNET» тармоғининг технологик майдончасида жойлаштириш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати билан биргаликда ушбу қарор билан тасдиқланаётган Дастур ва Режа-жадвалнинг ўз вақтида бажарилишини таъминласинлар.
3. Бюджет ташкилотларини Режа-жадвалга мувофиқ «ZiyoNET» тармоғига улаш ва алоқа хизматлари ҳақини тўлаш билан боғлиқ харажатларнинг 2006 йилда ушбу мақсадлар учун Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Маданият ва спорт ишлари вазирлигига ажратиладиган Давлат бюджетининг тасдиқланган параметрлари доирасида амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2007—2010 йилларда Давлат бюджети параметрларида бюджет муассасаларини Режа-жадвалга мувофиқ «ZiyoNET» тармоғига улаш ва алоқа хизматлари ҳақини тўлаш учун зарур маблағларни белгиланган тартибда назарда тутсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 10 июлдаги 198-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 28-сон, 362-модда)
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.Н. Арипов ва Р.С. Қосимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2005 йил 28 декабр,
282-сон
Вазирлар Маҳкамасининг
2005 йил 28 декабрдаги 282-сон
қарорига
3-ИЛОВА
Ахборот ресурсларини яратиш, экспертизадан ўтказиш ва «ZiyoNET» тармоғининг технологик майдончасида жойлаштириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида», «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг жамоат таълим ахборот тармоғини ташкил этиш тўғрисида» 2005 йил 28 сентябрдаги ПҚ–191-сон қарорига мувофиқ ахборот ресурсларини яратиш, экспертизадан ўтказиш ва «ZiyoNET» тармоғининг технологик майдончасида жойлаштириш тартибига қўйиладиган асосий талабларни белгилайди.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
«ZiyoNET» тармоғининг технологик майдончаси — Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Давлат ахборот тизимларини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интеграторининг «ZiyoNET» тармоғи Ресурс марказининг (кейинги ўринларда матнда «Ресурс маркази» деб юритилади) «ZiyoNET» тармоғида жойлаштирилган ахборотни тўплаш, сақлаш, ишлаш қайта излаш ва ундан фойдаланиш ва уни ҳимоя қилиш имконини берадиган ахборот ресурслари, ахборот технологиялари, алоқа ва дастурий таъминлаш воситалари жами;
(2-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 ноябрдаги 925-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.11.2017 й., 09/17/925/0299-сон)
Ресурс маркази бўлимлари — Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Ресурс маркази бўлимлари;
Олдинги таҳрирга қаранг.
«ZiyoNET» тармоғига қўйиладиган техник талаблар — Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Давлат ахборот тизимларини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратори томонидан белгиланган тартибда тасдиқланадиган яратилаётган ахборот ресурсларига қўйиладиган техник талабларнинг жами.
(2-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 ноябрдаги 925-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.11.2017 й., 09/17/925/0299-сон)
II. «ZiyoNET» тармоғининг ахборот ресурсларини яратиш
3. «ZiyoNET» тармоғининг ахборот ресурслари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлигининг ахборотларнинг, ахборот ресурсларининг бошқа мулкдорлари ва эгаларининг ахборот ресурслари негизида яратилади.
4. «ZiyoNET» тармоғининг миллий ахборот ресурсларини шакллантириш:
таълимнинг самарадорлигини оширишга ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга;
ўсиб келаётган ёш авлоднинг Ватанга муҳаббат туйғусини, Ўзбекистоннинг бой тарихи, халқнинг миллий анъаналари ва маънавий қадриятларини билишга асосланган юксак маънавий-ахлоқий фазилатларини мустаҳкамлашга;
фаол ҳаётий мавқега эга бўлган баркамол шахсни вояга етказишга;
ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, ҳар хил спорт турларини оммалаштиришга;
республика ўқувчилари ва ёшлари учун масофадан туриб ўқитиш усулларини, бошқа ахборот-коммуникация хизматларининг кенг комплексини таълим тизимига жорий этишга кўмаклашишга йўналтирилган бўлиши лозим.
5. Ижтимоий-сиёсий, илмий-маърифий ва ижтимоий-сиёсий ахборот ва у билан боғлиқ маълумотнома-таҳлилий материаллар мавжуд бўлган «ZiyoNET» тармоғи ахборот ресурсларини яратиш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
6. Болалар ва ёшлар учун ахборот, маданий-маърифий ва спорт ахборотлари ҳамда улар билан боғлиқ маълумотнома-таҳлилий материаллар мавжуд бўлган «ZiyoNET» тармоғининг ахборот ресурсларини яратиш Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
7. «ZiyoNET» тармоғининг ахборот ресурсларини яратиш «ZiyoNET» тармоғининг техник талабларига мувофиқ амалга оширилади.
III. «ZiyoNET» тармоғида жойлаштириладиган ахборот ресурсларини экспертизадан ўтказиш
8. «ZiyoNET» тармоғига жойлаштириладиган ахборот ресурслари экспертизадан ўтказилиши керак. Ахборот ресурсларини экспертизадан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги томонидан:
Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган талаблар мазмунига;
таълим стандартлари талабларига;
«ZiyoNET» тармоғининг техник талабларига мувофиқлик юзасидан амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
9. «ZiyoNET» тармоғининг ўзгарадиган ахборот ресурслари (янгиликлар, форумлар, интерактив ташкил этиладиган веб-сайтлар) экспертизадан ўтказилмайди, уларни кўриб чиқиш эса Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг Оммавий коммуникациялар соҳасида мониторинг маркази (кейинги ўринларда «Мониторинг маркази» деб юритилади) томонидан амалга оширилади.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 апрелдаги 297-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.04.2018 й., 09/18/297/1096-сон)
IV. «ZiyoNET» тармоғининг технологик майдончасида ахборот ресурсларини жойлаштириш
10. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигида экспертизадан ўтган ахборот ресурслари уларни кейинчалик «ZiyoNET» тармоғининг технологик майдончасига жойлаштириш учун Ресурс маркази бўлимига юборилади.
11. Ресурс маркази бўлими тармоқда жойлаштириш мўлжалланаётган ахборот ресурсларини «ZiyoNET» тармоғи техник талабларига мувофиқлик юзасидан олдиндан ўрганиб чиқади.
12. Ахборот ресурслари «ZiyoNET» тармоғининг техник талабларига мувофиқ бўлмаган тақдирда Ресурс маркази бўлими Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигига ахборот ресурсларини қайта ишлаш зарурлигини маълум қилади.
13. Ресурс маркази бўлими тақдим этилган ахборот ресурсларини «ZiyoNET» тармоғига ахборот ресурслари тақдим этилган кундан бошлаб бир ойдан кўп бўлмаган муддатда жойлаштиради.
14. «ZiyoNET» тармоғининг технологик майдончасини яратиш, қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш ишларини ташкил этиш Ресурс маркази томонидан амалга оширилади.
15. Ахборотларнинг, ахборот ресурсларининг бошқа эгалари ва мулкдорларининг ахборот ресурларини «ZiyoNET» тармоғининг технологик майдончасида жойлаштириш, сақлаш ва қўллаб-қувватлаш шартномалар асосида амалга оширилади.
V. «ZiyoNET» тармоғи ахборот ресурслари мониторинги
16. «ZiyoNET» тармоғининг ахборот ресурслари мониторинги Мониторинг маркази томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олиб борилади.
17. Мониторинг маркази:
«ZiyoNET» тармоғи ахборот ресурсларининг мунтазам тизимли мониторингини ташкил этади ва олиб боради;
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги ва Ресурс марказига аниқланган камчиликлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари талаблари бузилиши юзасидан тавсиялар ва огоҳлантиришлар беради;
«ZiyoNET» тармоғи фойдаланувчиларининг халқаро ахборот тармоқларининг ахборот ресурсларига, шу жумладан интернет тармоғига уланишини ташкил этиш учун ахборот ресурсларининг рейтинг кўрсаткичларини аниқлайди.
18. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги бир кунлик муддатда Ресурс марказини Мониторинг маркази томонидан аниқланган камчиликлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари талаблари бузилиши юзасидан кўрилган чора-тадбирлар бўйича хабардор қилади.
19. Мониторинг маркази ва Ресурс марказининг ўзаро ҳамкорлиги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
VI. Якуний қоидалар
20. Ахборот ресурсларининг ҳимоя қилиниши ва сақланиши таъминланиши учун «ZiyoNET» тармоғининг Ресурс маркази жавоб беради.
21. «ZiyoNET» тармоғи ахборот ресурслари яратилиши ва экспертизадан ўтказилиши учун Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги жавоб беради.
22. «ZiyoNET» тармоғи ахборот ресурслари мониторинги учун Мониторинг маркази жавоб беради.

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 389-сон, 389-модда; 2013 й., 28-сон, 362-модда, 34-сон, 458-модда; 2015 й., 26-сон, 338-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.11.2017 й., 09/17/925/0299-сон, 23.04.2018 й., 09/18/297/1096-сон)