Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси фаолиятини ташкил этиш бўйича тадбирлар ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мустақил телерадио каналларини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2005 йил 8 ноябрдаги ПФ–3678-сонли Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (бундан буён матнда — Ўзбекистон МТРК)ни қайта ташкил этиш ва замон талабларига жавоб берадиган телерадиоэшиттириш (кўрсатув)ларни яратишга қаратилган самарали тадбирларни амалга ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон МТРК, телерадиоканаллар ижодий-ишлаб чиқариш жамоалари, «Ўзбектелефильм» давлат унитар корхонаси (ДУП) ва компания корхоналарининг уларнинг ташкилий таркиби ва ходимлар сони ҳақидаги таклифларига розилик берилсин.
Белгилаб қўйилсинки:
Ўзбекистон МТРК ходимлар сонини оптималлаштириш натижасида тежаб қолинадиган 791,3 миллион сўм миқдордаги бюджет маблағлари Ўзбекистон МТРК ижодий ва ишлаб чиқариш ходимларини рағбатлантириш ва мукофотлаш учун йўналтирилади;
ходимлар сонини оптималлаштириш телерадиоканалларга ажратиладиган бюджет маблағлари ҳажмининг камайишига олиб келмайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. «O’zbekiston» телерадиоканали, «Sport» телерадиоканали, «Toshkent» телерадиоканали, «Respublika teleradiomarkazi», «O’zbektelefilm» давлат унитар корхоналарининг хамда Ўзбекистон МТРКнинг ташкилий таркиби 1—5-иловаларга* мувофиқ тасдиқлансин.
(2-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 декабрдаги ПФ-4909-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 1-сон, 8-модда)
* 1-6-иловалар рус тилидаги матнда берилган.
Ўзбекистон МТРК Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддат ичида амалдаги тартиб бўйича Ўзбекистон МТРК ҳудудий бўлинмаларининг ходимлар сонини оптималлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг раисига, зарур ҳолларда, таркибий бўлинмаларнинг ташкилий тузилмасига Ўзбекистон МТРК тизимининг умумий штат бирлиги доирасида ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
(2-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 8 апрелдаги ПФ-4532-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 15-сон, 198-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. «Yoshlar» телерадиоканали АЖнинг ташкилий таркиби 7-иловага* мувофиқ маъқуллансин.
(3-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 декабрдаги ПФ-4909-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 1-сон, 8-модда)
* 7-илова рус тилидаги матнда берилган.
Олдинги таҳрирга қаранг.
«Yoshlar» телерадиоканали акциядорлик жамиятининг устав жамғармаси қуйидаги тартибда тақсимлансин:
давлат улуши — 50 %;
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи улуши — 50 %.
(3-банднинг иккинчи — еттинчи хатбошилари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 сентябрдаги ПФ-5191-сонли Фармонига асосан иккинчи — тўртинчи хатбошилар билан алмаштирилган — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 37-сон, 982-модда)
Ўзбекистон МТРКнинг телерадиодастурлар тайёрлаш учун зарур техника воситалари, идора жиҳозлари, интеллектуал мулк объектлари ва бошқа мулклари амалдаги тартиб бўйича қайта баҳолаш амалга оширилгандан сўнг «Yoshlar» телерадиоканали ЁАЖнинг устав жамғармасидаги давлат улуши сифатида тақдим этилади.
4. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясини ислоҳ қилиш бўйича ташкилий тадбирлар Дастури, шунингдек, Ўзбекистон МТРКни ислоҳ қилиш бўйича ишчи гуруҳи таркиби 8-9-иловаларга* биноан тасдиқлансин.
* 8–9-иловалар рус тилидаги матнда берилган.
Ишчи гуруҳ 2006 йил 1 апрелга қадар Ўзбекистон МТРКни қайта ташкил этиш бўйича ташкилий-техникавий тадбирларни якунлаш ва мустақил телерадиоканаллар ҳамда бошқа таркибий бўлинмаларнинг фаолият кўрсата бошлашини таъминласин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Ўзбекистон МТРК телерадиоканаллари ва ҳудудий бўлинмаларининг аналог форматдаги телевизион кўрсатувлари ва радио эшиттиришлари бир кеча-кундузлик ўртача ҳажми, давлат бюджети маблағлари ҳисобига телефильмлар ишлаб чиқариш йиллик ҳажми 10-иловага* .
(5-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 декабрдаги ПФ-4909-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 1-сон, 8-модда)
* 10-илова рус тилидаги матнда берилган.
Ўзбекистон МТРК Раисига телерадиоканалларнинг бир кеча-кундузлик ўртача эшиттиришлари (кўрсатувлари) ҳажмига мазкур қарорда тасдиқланган параметрлар доирасида ўзгартиришлар киритишга рухсат берилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
6. Ўзбекистон МТРК республика Молия вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддат ичида Ўзбекистон МТРК таркибига кирувчи давлат унитар корхоналари ва «Yoshlar» телерадиоканали АЖ фаолиятини маблағ билан таъминлаш ва кўрсатадиган хизматлари учун тариф — баҳоларни шакллантириш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
(6-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 декабрдаги ПФ-4909-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 1-сон, 8-модда)
Белгилаб қўйилсинки:
Олдинги таҳрирга қаранг.
«Yoshlar» телерадиоканали» АЖ ҳузуридаги «Bolajon» ва «Navo» телеканаллари, шунингдек Ўзбекистон МТРК таркибига кирувчи бошқа телерадиоканаллар ва ҳудудий бўлинмалар фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бюджетдан ташқари даромадлар ҳисобидан амалга оширилади;
(6-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 декабрдаги ПФ-4909-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 1-сон, 8-модда)
телерадиоканаллар ва «O’zbektelefilm» меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси конкрет (муайян) телекўрсатув, радиоэшиттириш ва фильмларни тайёрлаш учун ижодий ходимларни муддатли шартномалар бўйича жалб этишга йўналтириладиган харажатларни ҳисобга олган ҳолда белгиланади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон МТРК таркибига кирувчи корхоналар ва ташкилотлар учун сотиб олинадиган, шунингдек ҳукумат қарорларига мувофиқ олинган асосий воситаларнинг амортизация тўловлари (харажатлари) давлат унитар корхоналари кўрсатган хизмат учун тарифлар таркибига киритилмайди.
(6-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 декабрдаги ПФ-4909-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 1-сон, 8-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
7. Ўзбекистон МТРК ва «O’zbekiston» телерадиоканали, «Sport» телерадиоканали, «Toshkent» телерадиоканали давлат унитар корхоналари ва «Yoshlar» телерадиоканали АЖнинг телерадиокўрсатув ва эшиттиришларнинг юқори сифатини таъминлаган, янги, юксак бадиий-ғоявий телерадиодастурлар ва фильмлар тайёрлаш, телерадио кўрсатув ва эшиттиришларда замонавий ахборот, компьютер ва медиожараёнларни жорий қилишни таъминлаган ижодий жамоалар, студиялар ва алоҳида ходимларни моддий рағбатлантириш мақсадида улар ҳузурида рағбатлантириш жамғармаларини ташкил этиш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.
(7-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 декабрдаги ПФ-4909-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 1-сон, 8-модда)
Жамғармалар қуйидаги манбалардан шаклланиши белгилансин:
тежаб қолинган бюджет маблағлари, шу жумладан, ходимлар сонини оптималлаштириш эвазига эришилган маблағ;
реклама фаолияти, пуллик хизмат кўрсатиш, шартномалар бўйича бажарилган ишлардан тушган даромаднинг 25% гача бўлган қисми;
қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа манбалар.
Телерадиоканалларнинг рағбатлантириш жамғармаси ҳақидаги умумий низом 11-иловага* биноан тасдиқлансин.
* 11-илова рус тилидаги матнда берилган.
8. Ўзбекистон МТРК:
бир ой муддат ичида Давлат мулки қўмитаси билан биргаликда Ўзбекистон МТРКнинг ишлаб турган таркибларида мавжуд техника ва ишлаб чиқариш қувватларини инвентаризация қилишни якунласин. Шаклланаётган телерадиотаркибларнинг эшиттириш ва кўрсатувлари ҳажми ҳамда уларнинг олдига қўйилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда «Respublika teleradiomarkazi» билан телерадиоканаллар ўртасидаги топшириш далолатномалари (ҳужжатлари) ва ажратиш балансларини тайёрласин;
уч ой муддат ичида мамлакат бадиий телерадиомаҳсулотлари (телевизион, ҳужжатли, мультипликацион фильмлар ва бошқалар) ҳажми босқичма-босқич ошиб бориши назарда тутилган ҳолда, аҳолининг билим ва маданий савиясини кўтариш, миллий анъаналарни, тарихий ва маънавий меросни сақлаб қолиш, фуқаролар онгида демократик қадриятларни шакллантириш, ёшларни ва ўсиб келаётган авлодни ватанпарварлик, Ватанга муҳаббат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадларига йўналтирилган «Миллий сериал» ижодий-ишлаб чиқариш дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин;
янги ташкил этилаётган телерадиоканаллар ва таркибларни юқори малакали ижодий-ишлаб чиқариш ходимлари билан таъминласин.
9. Давлат мулки қўмитаси Ўзбекистон МТРК билан биргаликда:
икки ой муддат ичида «Yoshlar» телерадиоканали ЁАЖнинг таъсис ҳужжатларини ишлаб чиқиш, таъсис мажлисини ўтказиш, унинг низомини тасдиқлаш ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказишни таъминласин;
уч ой муддат ичида «Yoshlar» телерадиоканали ЁАЖнинг активларни баҳолаш ва таъсис ҳужжатларини, шунингдек, кейин чиқариладиган акциялар асосида устав жамғармасини шакллантиришни таъминласин;
Олдинги таҳрирга қаранг.
«Yoshlar» телерадиоканали АЖ акцияларни чиқариш лойиҳасини рўйхатдан ўтказганлиги учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджетига тўловлардан озод қилинсин.
(9-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 декабрдаги ПФ-4909-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 1-сон, 8-модда)
10. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги икки ой муддат ичида вазирлик таркибида Ўзбекистон МТРКдан ўтказиладиган бадиий жамоалар Ижодий бирлашмасини ташкил этсин;
Маданият ва спорт ишлари вазирлигида ташкил этилаётган Ижодий бирлашма билан Ўзбекистон МТРК ўртасидаги ҳамкорликнинг узоқ муддатга мўлжалланган дастурини ишлаб чиқишни таъминласин, унинг асосида Ижодий бирлашма бадиий жамоаларининг Ўзбекистон МТРК телерадиоканаллари кўрсатувлари ва эшиттиришларида қатнашуви ҳақида шартномалар тузсин.
11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Хоразм вилояти ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари икки ой муддат ичида амалдаги тартиб бўйича Ўзбекистон МТРКдан Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигига ўтказиладиган бадиий жамоаларни жойлаштириш учун бинолар ажратиб, уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун шароит яратиш бўйича тадбирларни амалга оширсинлар.
12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2005 йил 27 декабрь,
ПҚ-245-сон

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 52-сон, 387-модда; 2009 й., 14-сон, 156-модда; 2013 й., 15-сон, 198-модда; 2014 й., 3-сон, 33-модда, 29-сон, 356-модда; 2017 й., 1-сон, 8-модда, 37-сон, 982-модда)