Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЮНЕСКО ИШЛАРИ БЎЙИЧА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ КОМИССИЯСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Таълим, фан ва маданият соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, маданий ва илмий ахборотларни оммалаштириш ЮНЕСКО доирасида Ўзбекистоннинг маънавий алоқаларини кенгайтириш, шунингдек, ЮНЕСКО Уставига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси (бундан кейин Миллий комиссия деб аталади) 1-иловага* мувофиқ таркибида ташкил этилсин.
* Илова берилмайди.
2. Миллий комиссия тўғрисидаги Низом ва унинг тузилмаси тасдиқлансин (2 ва 3-иловалар).
3. Миллий комиссиясининг ижро этувчи органи сифатида Миллий комиссия котибияти ташкил этилсин.
Миллий комиссия котибияти ходимларининг чекланган сони 4 нафардан иборат этиб белгилансин, котибиятнинг штатлар жадвали Миллий комиссия раиси томонидан тасдиқланиши белгилаб қўйилсин.
4. Миллий комиссия котибияти Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети биносига жойлаштирилсин: Буюк Ипак йўли, 54а-уй.
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Миллий комиссия котибиятини маблағ таъминлаш учун республика бюджетидан зарур ажратмаларни назарда тутсин.
6. Алоқа вазирлиги белгиланган тартибда, Миллий комиссия котибиятининг буюртманомасига биноан, зарур телефон ва телеграф алоқа каналларини ажратсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.С. Саидқосимов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 29 декабрь,
629-сон
Вазирлар Маҳкамасининг
29 декабрдаги 629-сон
қарорига
2-ИЛОВА
ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси тўғрисида
НИЗОМ
ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси, бундан кейин Комиссия деб аталади, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этилган ҳукумат ташкилоти ҳисобланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Комиссия ўз ишларини ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО устав қоидалари, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва амалдаги қонунчилиги асосида ташкил этади.
(муқаддиманинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 12 октябрдаги 821-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.10.2017 й., 09/17/821/0106-сон)
Комиссия юридик шахс ҳисобланади, ўз муҳрига эга бўлади.
I. Комиссиясининг вазифалари ва функциялари
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Республика вазирликлари ва идораларининг Ўзбекистон Республикасида ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштириб бориш Комиссиянинг асосий вазифаси ҳисобланади.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 12 октябрдаги 821-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.10.2017 й., 09/17/821/0106-сон)
2. Қуйидагилар Комиссия фаолияти ва халқаро ҳамкорлигининг асосий соҳалари ҳисобланади:
таълим;
гуманитар, табиий фанлар;
маданият;
оммавий ахборот ва коммуникациялар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Комиссия зиммасига қуйидаги асосий функциялар юклатилади:
ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО тадбирларида ҳамда лойиҳаларида Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, идоралари, ташкилотлари ва мутахассисларининг қатнашиши тўғрисида ЮНЕСКОнинг котибиятига ҳамда минтақавий бўлинмаларига, АЙСЕСКО Бош дирекциясига таклифлар тайёрлаш ва киритиш;
таълим, фан, маданият ва ахборот соҳасида минтақавий, субминтақавий ва икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари бўйича ЮНЕСКО, АЙСЕСКО Бош дирекциясининг минтақавий бюроси ва марказлари билан мунтазам консультациялар ўтказиш;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО тадбирларини тайёрлаш ва ўтказишда қатнашиш;
ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО томонидан чақириладиган Бош конференция ҳамда бошқа ҳукуматлараро кенгашларни тайёрлашга ва ўтказишга кўмаклашиш;
ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО дастурларини ишлаб чиқиш ва бажаришда Ўзбекистон Республикасининг миллий, ҳукумат ва ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилотларининг иштирокини рағбатлаштириш;
ЮНЕСКО, АЙСЕСКО Бош дирекцияси котибиятида ва минтақавий бўлинмаларида ишлаш учун республика мутахассислари резервини шакллантириш.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 12 октябрдаги 821-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.10.2017 й., 09/17/821/0106-сон)
II. Комиссия таркиби
4. Комиссиянинг раиси, раис ўринбосари, масъул котиби ва аъзолари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадилар.
5. Комиссия таркибига вазирликлар, идоралар, ташкилотлар ва муассасалар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, шунингдек, атоқли фан, маданият ва таълим арбоблари киритилади.
III. Комиссия ишларини ташкил этиш
6. Комиссиянинг умумий мажлиси йилига 1 марта ўтказилади, бунда Комиссия раисининг ва масъул котибининг Комиссия ишчи гуруҳлари ва котибиятининг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари тингланади, Комиссиянинг истиқболидаги фаолияти муҳокама қилинади ҳамда котибиятнинг ва Комиссиянинг келгуси даврдаги иш режалари тасдиқланади.
7. Комиссиянинг умумий мажлислари ўртасидаги даврда барча ишларга ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссия раёсати раҳбарлик қилади.
8. Раёсат йилнинг ҳар чорагида камида бир марта мажлис ўтказади.
9. Раёсат таркиби Комиссиянинг биринчи умумий ташкилий мажлисида сайланади.
10. Масъул котиб бошқарадиган котибият Комиссиянинг доимий ишлайдиган ижро этувчи органи ҳисобланади.
IV. Комиссия котибиятининг функциялари
Олдинги таҳрирга қаранг.
11. Комиссия котибияти зиммасига қуйидаги функциялар юклатилади:
ЮНЕСКО котибияти ва АЙСЕСКО Бош дирекцияси, ЮНЕСКО ҳузуридаги консультатив мақомга эга бўлган комиссиялар ва ЮНЕСКО ҳамда АЙСЕСКОга аъзо давлатларнинг Миллий комиссиялари билан ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштириб бориш;
Комиссиянинг, унинг ишчи органларининг иш режаларини тайёрлашни ва уларнинг бажарилишини назорат қилишни таъминлаш;
ЮНЕСКО ва АЙСЕСКОнинг вақтли нашрларида республика фуқаролари, ташкилотлари, муассасаларининг фан, таълим ва маданият масалалари бўйича асарлари ва бошқа материалларини чоп этишга кўмаклашиш;
ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО ҳомийлигида ўтказиладиган халқаро тадбирни тайёрлаш ва амалга оширишда ташкилотларга ёрдам кўрсатиш;
республика ташкилотларининг таклифлари асосида Фан, маданият ва таълим бўйича дастурларни тайёрлаш ва уларни Комиссиясига кўриб чиқиш учун киритиш;
ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО тадбирларида иштирок этиш учун Ўзбекистон Республикаси вакилларини танлаш бўйича таклифлар тайёрлаш;
ЮНЕСКО котибиятида ва унинг минтақавий бўлинмаларида шунингдек АЙСЕСКО Бош дирекциясида ишлаш учун экспертлар сифатида республика мутахассисларини танлаш бўйича таклифлар тайёрлаш.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 12 октябрдаги 821-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.10.2017 й., 09/17/821/0106-сон)
V. Комиссиянинг молиявий маблағлари
12. Комиссиянинг молиявий маблағлари қуйидагилар ҳисобига шаклланади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО Бош дирекцияси котибиятининг маблағлари;
(12-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 12 октябрдаги 821-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.10.2017 й., 09/17/821/0106-сон)
Комиссия котибиятини таъминлашга ажратиладиган бюджет маблағлари;
корхоналар, банк ташкилотлари, тижорат тузилмалари ва шу кабилардан тушумлар;
Олдинги таҳрирга қаранг.
ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО йўли билан ўтказиладиган тадбирларни ташкил этиш натижасида олинадиган тушумлар.
(12-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 12 октябрдаги 821-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.10.2017 й., 09/17/821/0106-сон)
13. Комиссиянинг пул маблағларини унинг раиси тасарруф этади.
Вазирлар Маҳкамасининг
29 декабрдаги 629-сон
қарорига
3-ИЛОВА
ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссиясининг
тузилмаси