Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«ПРАВДА ВОСТОКА» ГАЗЕТАСИ ТАҲРИРИЯТИНИНГ УСТАВИ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 5 сентябрдаги 255-сонли ««Правда востока» газетаси таҳририяти» давлат корхонасининг устави тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонунини амалга оширишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Правда Востока» газетаси таҳририятининг янги таҳрирдаги Устави тасдиқлансин (илова қилинади).
2. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Азизхўжаевга газета муассиси ҳамда таҳририят ўртасида шартнома тузиш топширилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 15 декабрдаги 606-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2003 йил 26 декабрь,
571-сон
Вазирлар Маҳкамасининг
2003йил 26 декабрдаги
571-сон
қарорига
ИЛОВА

«Правда Востока» газетаси

таҳририяти меҳнат жамоасининг

умумий йиғилиши томонидан

(2003 йил 1 декабрдаги

12-сонли баённома)
ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН

Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 26 декабрдаги

571-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН

«Правда Востока» газетаси таҳририятининг
УСТАВИ
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Ушбу Устав «Правда Востока» газетаси таҳририятининг (бундан кейин матнда «Таҳририят» деб юритилади) ҳуқуқий асосларини белгилайди.
2. Газетанинг муассиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (бундан кейин матнда «Муассис» деб юритилади) ҳисобланади.
3. «Правда Востока» газетаси ижтимоий-сиёсий ва оммавий нашр бўлиб, ҳафтада 5 марта, рус тилида чоп этилади.
4. Таҳририят билан Муассис ўртасидаги ўзаро муносабатлар мазкур Устав ва қонун ҳужжатлари асосида йўлга қўйилади.
5. Таҳририят Устави Таҳририят ходимларининг умумий йиғилишида қабул қилинади ва Муассис томонидан тасдиқланган вақтдан бошлаб кучга киради. Таҳририят белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин юридик шахс ҳуқуқига эга бўлади.
6. Таҳририят ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, мазкур Уставга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.
7. Таҳририят юридик шахс сифатида ўз номига, мустақил балансга, банк муассасаларида ҳисоб-китоб рақамига, валюта ҳисоб рақамига ва бошқа хил ҳисоб рақамларига, алоҳида мол-мулкка, ўз номи ёзилган гербли муҳр, штамп, рамз, нашр ва товар белгиларига, шунингдек, иш юритиш қоғозларига эга бўлади.
8. Таҳририят манзили: Тошкент шаҳри, Матбуотчилар кўчаси, 32-уй.
II. ТАҲРИРИЯТ ФАОЛИЯТИНИНГ МАҚСАДИ, АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ЙЎНАЛИШЛАРИ
9. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-ахлоқий жараёнларни холис ва беғараз ёритиш Таҳририятнинг асосий вазифаси ҳисобланади.
10. Таҳририят Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сессиялари, Вазирлар Маҳкамаси мажлислари материалларини, Ўзбекистон Республикаси қонунларини, Олий Мажлис қарорларини, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва фармойишларини, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларини чоп этади ҳамда Вазирлар Маҳкамасида ўтказиладиган бошқа тадбирларни ёритади.
Таҳририят Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган бошқа расмий материалларнинг чоп этилишини таъминлайди.
11. Таҳририят Ўзбекистон Республикасида ва хорижда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни ёритади, турли нуқтаи назар ва фикр-мулоҳазаларни изҳор этиш учун газета саҳифаларидан жой беради.
12. Таҳририят вазирликлар, идоралар, корпорациялар, концернлар, қўшма корхоналар, чет эл ваколатхоналари ва бошқа ташкилотлар, муассасалар билан келишув ва шартномаларга мувофиқ, турли фаолият йўналишларига оид ахборотларни, шунингдек, давлат, юридик ва жисмоний шахсларнинг реклама ҳамда эълонларини ҳақ олиш йўли билан босиб чиқаради.
13. Таҳририят газетани матбуотнинг ўзига хос хусусиятига мувофиқ белгиланган тартибда ва ўз вақтида чиқаришни таъминлайди.
14. Таҳририят ўз мақсадларини амалга ошириш учун:
чоп этилаётган материалларнинг юксак касб маҳорати даражасида бўлишини таъминлайди;
ходимлар меҳнатига уларнинг касб маҳоратлари даражаси, иш ва ижодий жиҳатдан қўшган ҳиссаси, ўз вазифасига масъулият билан ёндашишига мувофиқ ҳақ тўлайди;
ишлаб чиқариш ва меҳнат интизомини мустаҳкамлайди;
жамоада иш жараёнида ҳар бир ходимнинг касб салоҳиятини тўла намоён этишига имкон берадиган қулай вазиятни вужудга келтиради, хизмат вазифаларини бажариш учун зарур моддий-техник шарт-шароитни яратиб беради;
ходимларнинг ижодий ютуқларини маънавий ва моддий рағбатлантиради, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш ҳақида ғамхўрлик қилади;
Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатлардаги даврий нашрлар, ижодий уюшмалар ва жамоат бирлашмалари билан алоқалар ўрнатади.
III. МУАССИСНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ
15. Муассис қуйидаги ҳуқуқларга эга:
устав ва қонун ҳужжатларида, шунингдек, у билан таҳририят ўртасида тузилган шартномада белгиланган ваколатлари доирасида газетанинг ишларини бошқаришда иштирок этиш;
таҳририятдан қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини холисона ёритиш, Ўзбекистон Республикаси қонунларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишларини, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларини ҳамда матбуот учун мўлжалланган материалларни кўрсатилган вақтда эълон қилишни талаб қилиш;
газетани муассис ёки у томонидан кўрсатилган учинчи шахслар манфаатларини кўзлаб қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқарувни амалга ошириши лозим бўлган бошқа шахсга (ишончли бошқарувчига) мулкий мажмуа сифатида ишончли бошқарувга топшириш;
таҳририят фаолиятининг асосий йўналишларини белгилашда қатнашиш, Бош муҳаррирни лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш;
газета тугатилган ёки таҳририят фаолияти тугатилган тақдирда кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилинганидан кейин қолган мол-мулкнинг ёки унинг қийматини қўшган мулкий улушига мувофиқ қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда олиш.
16. Муассис қуйидагиларни бажариши шарт:
газетанинг уставини тасдиқлаш;
газета таҳририяти билан шартнома тузиш;
оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни таъминлаш;
зарур ҳолларда моддий, молиявий ва бошқа хил ёрдам кўрсатиш;
Таҳририятнинг молия-хўжалик фаолияти тафтиш қилинишини таъминлаш.
17. Қонун ҳужжатларига мувофиқ Муассис бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
IV. ТАҲРИРИЯТНИ БОШҚАРИШ
18. Таҳририят фаолиятининг жорий ва истиқболга мўлжалланган масалаларини ҳал этиш учун Бош муҳаррир, унинг ўринбосарлари, масъул котиб, етакчи бўлим муҳаррирлари, журналистлар, Муассис ва жамоатчилик вакилларидан иборат таҳрир ҳайъати тузилади. Таҳрир ҳайъатининг таркиби ва сони ҳамда унга киритиладиган ўзгартиришлар Бош муҳаррир таклифига биноан Муассис томонидан тасдиқланади.
19. Таҳрир ҳайъати ўз ишини Бош муҳаррир томонидан тасдиқланган жорий ва истиқболга мўлжалланган режалар асосида юритади.
20. Таҳрир ҳайъати ва меҳнат жамоаси ишига газета Бош муҳаррири бошчилик қилади.
21. Бош муҳаррир Муассис уни лавозимга тайинлаган вақтдан бошлаб ўз вазифасини бажаришга киришади.
22. Бош муҳаррир:
мазкур Уставнинг бажарилиши учун Муассис олдида жавоб беради;
Бош муҳаррир ўринбосарлари лавозимига номзодлар тўғрисида Муассисга ўз таклифларини тақдим этади;
кредитларни тасарруф этади;
қонун ҳужжатларига мувофиқ, Таҳририятнинг мансабдор шахсларини, журналистлар жамоаси аъзоларини, бошқа ходимларни ишга қабул қилиш тўғрисида меҳнат шартномалари тузади ҳамда улар билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилади;
ўз ваколати доирасида меҳнат жамоасининг ҳар бир аъзоси томонидан бажарилиши шарт бўлган буйруқлар, фармойишлар чиқаради;
меҳнат жамоаси аъзоларининг ойлик иш ҳақига қонун ҳужжатларига мувофиқ устама ҳақ тўлашни амалга оширади;
даромад ва харажатлар сметаси доирасида штат жадвалига ўзгартиришлар киритади;
таҳририят фаолиятига оид ўз ваколатига кирадиган бошқа масалаларни ҳал этади.
23. Бош муҳаррир вақтинча ишда бўлмаган пайтларда унинг вазифасини Бош муҳаррир ўринбосари бажаради.
24. Журналистлар жамоаси таҳририятнинг бутун меҳнат жамоаси асосини ташкил этиб, у ижодий ходимлардан: Бош муҳаррир, унинг ўринбосари, масъул котиб, адабий котиб, бўлим муҳаррирлари, шарҳловчилар, ўз махсус мухбирлари ва катта мухбирлар, мухбирлар, рассомлар, сураткаш-мухбир, таржимонлардан, реклама бўлими ходимлари, техник котибдан иборат бўлади. Бош муҳаррир таҳририят тузилмасидан келиб чиқиб, уни ўзгартириши мумкин.
V. ТАҲРИРИЯТНИНГ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ-ХЎЖАЛИК ВА МОЛИЯ ФАОЛИЯТИ
25. Таҳририят ишлаб чиқариш-хўжалик, молия фаолиятини хўжалик ҳисоби асосида амалга оширади, белгиланган шаклда тезкор ва бухгалтерия ҳисоб-китобини юритади.
26. Қуйидагилар:
газета обунасидан ва газетанинг чакана савдосидан тушадиган даромад;
қонун ҳужжатларига зид бўлмаган ноширлик, реклама ва тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромад;
банклар ва бошқа ташкилотларнинг кредитлари;
беғараз хайрия, ҳомийлик бадаллари, Ўзбекистон Республикаси корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари, шунингдек, фуқароларининг хайр-эҳсонлари;
зарурият туғилганда Муассиснинг молиявий ёрдами;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Таҳририят фаолиятини маблағ билан таъминлаш манбалари ҳисобланади.
27. Таҳририят мулк сифатидаги бино ва иншоотларга, ускуналарга, жиҳозларга, юк ва енгил автомобилларга, маданий-маърифий ва соғломлаштириш ишларига мўлжалланган мол-мулкка, техника воситаларига, компьютерларга, пул маблағлари, акция ва бошқа қимматли қоғозларга ҳамда ўз фаолиятини моддий-техник таъминлаш учун бошқа зарур мол-мулкка эга бўлиши мумкин.
28. Таҳририят қонун ҳужжатларига мувофиқ, юридик ва жисмоний шахслар билан молия-тижорат битимларини тузади, кредитлар олади, мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўлади ва улар юзасидан тегишлича жавобгар бўлади.
29. Таҳририят ўз мол-мулки ва қонуний асосда олинган мол-мулк билан бошқа хўжалик субъекти фаолиятида иштирок этиш, корхоналар барпо этиш ёки барпо этишда муассислардан бири бўлиш ҳуқуқига эга бўлади.
30. Таҳририят мазкур Уставда назарда тутилган ўз вазифаларини бажарар экан, қуйидагиларга ҳам ҳақлидир:
қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган ишлаб чиқариш, тижорат, молия фаолияти билан шуғулланиш;
ахборот, реклама, дизайн, матбаачилик соҳаларида хизмат кўрсатиш;
юридик ва жисмоний шахсларнинг маслаҳат хизматига оид эҳтиёжларини қондириш;
чет эл инвестицияларининг мамлакатимиз иқтисодиётига кириб келишига кўмаклашиш;
муайян тартибда ва доимий сарлавҳалар остида илова нашрлар чиқариш;
Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа фаолият турларини амалга ошириш.
31. Олинган фойда Таҳририят тасарруфида бўлади ва Таҳририят ундан ўз ривожи учун мустақил фойдаланади, бу фойда асоссиз равишда олиб қўйилиши мумкин эмас.
32. Таҳририят ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шакли, тизими, миқдори, шунингдек, қалам ҳақи миқдорлари қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
33. Таҳририят беғараз хайрия, ҳомийлик бадалларидан, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг беғараз хайрия, ҳомийлик бадалларидан, шунингдек, реклама ва тадбиркорлик фаолиятидан тушадиган даромадлардан ходимларни рағбатлантириш ва мукофотлаш, бадал тарзидаги тўловлар мақсадлари учун фойдаланиш ҳуқуқига эга.
34. Таҳририят газетанинг даврийлигини, ҳажмини, ўлчамини ва нархини, бошқа ишлар ва кўрсатиладиган хизматлар баҳосини белгиланган тартибда ўзгартириши мумкин.
35. Таҳририят ўз ишлаб чиқариш фаолиятини вақтли матбуот нашрларини етказиб берувчи, тарқатувчи корхоналар, ташкилотлар ва бошқа муассасалар билан шартномаларга мувофиқ режалаштиради.
36. Таҳририятнинг ташқи иқтисодий фаолияти қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
VI. ТАҲРИРИЯТ ВА ХОДИМЛАР ЎРТАСИДАГИ МУНОСАБАТЛАР. ТАҲРИРИЯТ УСТАВИ
37. Таҳририят жамоасидаги меҳнатга оид муносабатлар қонун ҳужжатлари, ушбу Устав, жамоа шартномаси, ички меҳнат тартиби қоидалари, лавозимга оид йўриқномалар ҳамда Таҳририятнинг бошқа ҳужжатлари билан тартибга солинади. Ходимларнинг лавозимлари рўйхати Бош муҳаррир томонидан тасдиқланади.
38. Таҳририят ходимларига, шу жумладан, ходимлар рўйхатидан ташқари ишга қабул қилинган ходимларга ягона намунадаги гувоҳнома берилади.
39. Таҳририят Устави Таҳририят ходимларининг камида учдан икки қисми иштирок этган умумий йиғилишда кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва Муассис томонидан тасдиқланади. Қабул қилинган Устав қоидалари Таҳририятнинг барча ходимлари учун, эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, мажбурийдир.
40. Уставга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш Уставни қабул қилиш ва тасдиқлашдаги сингари тартиб бўйича амалга оширилади.
VII. ТАҲРИРИЯТ ФАОЛИЯТИНИ ТЎХТАТИШ. ТАҲРИРИЯТНИ ТУГАТИШ
41. Таҳририят ўз фаолиятини:
Муассис қарорига биноан;
суд қарорига асосан тўхтатади.
42. Муассис таклифига мувофиқ Таҳририятнинг ноширлик фаолияти вақтинча тўхтатиб турилиши мумкин.
43. Таҳририятни тугатиш Муассис томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.