LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 мартдаги 202-сонли «Автомобилда юк ва йўловчиларни халқаро ташишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Тақиқланган товарлар ва юкларнинг Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудуди орқали ноқонуний олиб келинишини ва транзит қилинишини бартараф этиш, юк транспорт воситаларининг кириб келиши ва чиқиб кетишини, транзити ва ҳаракат қилишини тартибга солиш, йўл, маиший хизмат ва сервис хизмати кўрсатиш тизимини ташкил қилиш, шунингдек автотранспорт воситалари ҳаракати устидан назоратни амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Белгилансинки, Тожикистон Республикасининг юк автотранспорт воситаларини Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали ўтказиш Бекобод, Андархон, Панжикент, Узун, Ғишткўприк, Олот, Хўжайли, Хўжаобод назорат-ўтказиш пунктлари орқали амалга оширилади.
2. Тўлов бевосита божхона постларидаги банк бўлимлари томонидан ундирилади ва олинган маблағлар АҚШ долларида Ўзбекистон Республикаси йўл жамғармасининг валюта счётига ўтказилади.
(2-банднинг биринчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 15 сентябрдаги 429-сонли қарори билан чиқарилган)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Белгилансинки, Тожикистон Республикаси автотранспорт воситаларидан йиғимлар тўловчилар томонидан бевосита божхона постларидаги тижорат банклари бўлимлари орқали эркин муомаладаги валютада тўланади, олинган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасининг валюта ҳисоб рақамига ўтказилади.
(2-банднинг иккинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 28 декабрдаги 610-сонли қарори таҳририда— ЎР ҚҲТ, 2004 й., 52-сон, 523-модда)
3. Тожикистон Республикасининг юк автотранспорт воситалари Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудуди орқали транзит билан ўтаётганда бир автотранспорт воситаси учун 200 ЭКЮ миқдорида ёхуд тўлов кунидаги эквивалентдаги эркин алмаштириладиган валютада божхона йиғимлари ундирилган ҳолда акциз солиғи солинадиган товарларнинг мажбурий божхона кузатуви жорий этилсин.
Божхона кузатуви учун йиғимлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тўлов кунидаги курси бўйича сўмларда ундирилади, бунда эркин алмаштириладиган валюта банк бўлимларида алмаштирилганлиги тўғрисидаги тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилади. Олинган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг махсус жамғармасига ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит билан юкларни халқаро ташиш тўғрисидаги божхона конвенциясининг 4-моддасига мувофиқ МДП дафтарчаси (МДП конвенцияси)ни қўллаган ҳолда ўтиб кетаётган автотранспорт воситаларига нисбатан божхона кузатуви йиғимлар ундирилмасдан қўлланилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (Алматов) республика ҳудуди орқали келаётган транзит транспорт воситалари кириб келган кундан бошлаб кўпи билан уч сутка мобайнида уларнинг чиқиб кетиши устидан назорат ўрнатсин.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида божхона жиҳатидан расмийлаштирилмаган юкли автотранспорт воситалари аниқланган ҳолларда улар божхона қонун ҳужжатларига мувофиқ чора-тадбирлар кўриш учун энг яқин орадаги божхона органига топширилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги (Комилов) Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали Тожикистон Республикаси юк транспорт воситаларининг кириб келиши, чиқиб кетиши ва транзити ҳамда ҳаракат қилишининг қабул қилинган тартиби тўғрисида дипломатик йўллар билан Тожикистон Республикаси элчихонасига хабар берсин.