Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН ТЕЛЕРАДИО КОМПАНИЯСИ ТИЗИМИ УЧУН ЖАЛБ ЭТИЛГАН ХОРИЖИЙ КРЕДИТЛАРНИНГ ТЎЛАНИШИНИ ТАЪМИНЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Телерадио компанияси тизимини техника билан қайта жиҳозлаш учун жалб этилган хорижий кредитларни тўлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси таркибий бўлинмалари Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Телерадио компанияси тизимини техника билан комплекс қайта жиҳозлаш тўғрисида» 1997 йил 25 августдаги 412-сон қарорига мувофиқ хорижий кредит ҳисобига сотиб олинган асбоб-ускуналар учун мулк солиғи тўлашдан мазкур асбоб-ускуналар бўйича мулк солиғи юзасидан илгари берилган солиқ имтиёзларининг амал қилиш муддати тугайдиган вақтдан бошлаб беш йил муддатга озод қилинсин.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 10 мартдаги 41-сонли қарори таҳририда— Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 11-сон, 83-модда)
2. Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 25 августдаги 412-сон қарорига қуйидаги ўзгартиришлар киритилсин:
а) 2-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Асосий қарзни, фоизларни, воситачилик ҳақини ва Ўзбекистон Телерадио компанияси тизимини техника билан комплекс қайта жиҳозлаш дастури бўйича жалб этиладиган хорижий кредитларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган бошқа харажатларни тўлаш қарз битимлари муддатлари ва шартларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади»;
б) 4-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги 1998 йил ва кейинги йиллар учун марказлаштирилган капитал қўйилмалар лимитларини шакллантиришда аванс тўловларини амалга ошириш ҳамда хорижий банклар кредитларини ва қарз битимлари муддатлари ва шартларида улар бўйича белгиланган фоизларни тўлаш учун Ўзбекистон Телерадио компаниясига маблағлар ажратишни назарда тутсинлар».
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2004 йил 28 декабрь,
611-сон